скачать книгу бесплатно
Бизга яқин бўлди юлдуз дунёси,
Ақл риштасидан уладик нарвон.
Бир лаҳза тўхтамас ҳаёт киноси,
Йўлда давом этар тинчимас карвон.
Биз уруғ сочамиз, кутиб самарин
Гоҳи шошқалоқмиз, гоҳ сабрдамиз.
Белимиздан ечмай меҳнат камарин,
Бахт излаймиз, зотан биз – қадрдамиз.
Бахтлимиз ё бахтсиз – қай ҳолатдамиз,
Кўринамиз кино камерасида.
Оқилмиз ва ёхуд жаҳолатдамиз,
Эҳтимол, шодлик ва ғам орасида.
Қайси дилда қолди биздан жароҳат,
Қайда иккиландик, қайда қалқдик биз,
Олам ҳар дақиқа қилар назорат,
Она халқимизу ва ўз қалбимиз.
Ободми уйимиз, софми эҳтирос,
Ҳалолми тузимиз, нони бурдамиз.
Биз рост яшадикми, курашдикми рост, —
Бор умримиз билан биз – қадрдамиз.
Лента айланади, ўтиб боради
Доно алломалар, жоҳил фотиҳлар.
Тинчлик китобидан сўз ахтаради
Даврон минабарида бийрон нотиқлар.
Олам байроғида эрк сўзи ёнар,
Ошиқлар тилида муҳаббат байти.
Бахтимнинг созида бир куй айланар,
Илҳом сонияси, муҳаббат пайти.
Шундай келиб кетар одамзод насли,
Ҳаёт гулшанига солиб ўчмас из.
Тарих тиним билмас сураткаш асли,
Тарих киносида биз – қадрдамиз.
БОБОЛАР ВА НАБИРАЛАР
Ўтган боболарга набира – бизлар,
Муқаррар кимгадир бўлурмиз бобо.
Дунёда йўқолиб кетмайди излар,
Бобо-набирасиз қолмайди дунё.
Боболар, сиз ҳориб етган бу манзил,
Сиздан бизга қутлуғ меросдир бу кун.
Умрингиз мазмуни вазмин, жуда зил,
Ҳар гал бир нимага бошланиш – якун.
Олис йўллар ётмиш сиздан-бизгача,
Биздан яна кетар келажакка йўл.
Уфқимизда ёнган оқ юлдузгача
Эҳтимол, бир умр йўл босармиз мўл.
Сиз сочган уруғдан тўлиб самарга,
Биздан ўз тақдирин сўрайди олам.
Биз эса шошамиз олис сафарга,
Сафар халтасида нон билан қалам.
Бобо Алишернинг сирли қалами
Битган байтлар билан мурғак зеҳним банд —
Қалам йўнмоқдаман: хаёл олами
Ҳали йўқ набирам меҳри-ла пайванд.
Авлодлар – узилмас олтин ҳалқалар,
Барқарор этурлар Вақт занжирини.
Янги боболардан зурёд тарқалар —
Қайтадан англовчи яшаш сирини.
Ажаб дунё экан, боғ мевасини
Тотганлар раҳмат дер бобо деҳқонга.
Яна мўл бўлсин деб Боғнинг ҳосили,
Дон сепиб кетарлар она маконга.
Қалбимдан сиз томон шошар нидолар,
Дунё ишларини ўйлаган сарим:
– Бу мен – набирангиз, ўтган боболар,
Бу – мен, туғилмаган набираларим.
ГУЛЛАР
Қалбим, ҳар қайда сен одил гапни айт.
Биз овлаган диллар, биз топган йўллар,
Ё зарра яхшилик, бир самимий байт —
Одамлар қалбига биз эккан гуллар.
Биз одамни хурсанд этиш йўлида
Олам-олам имконларга эгамиз.
Дўстлар орттирамиз бизлар, аслида
Одамлар қалбига гуллар экамиз.
Кел, рафиқим, созни қўлга олайлик,
Илҳом чолғувчида бир куй гувиллар.
Айтган қўшиғимиз – тиниқ, оловли —
Одамлар қалбига биз эккан гуллар.
Порлоқ бу гулларнинг жонбахшдир иси,
Боғбонмиз шу боис бизлар, эҳтимол.
Ўзимизга Ҳаёт асалариси
Бир кун шу гуллардан йиғиб келар бол.
ҚЎШНИМ
Не-не гўзал касблар бордир дунёда,
Не-не мартабаси олий зотлар ҳам.
Қўшним дер: менга бахт ёрдир дунёда,
Бахти шу: трамвай бошқарар ўктам.
Ахир, шеър ҳам – ўша ишчи трамвай,
Манзиллар сари байт, қанча бекат бор.
Мақтаниш нелигин билмай, чиранмай,
Трамвай юргизар қўшним ҳокисор.
Севги байтларини ғазал сўнгида
Ният манзилига етказсам омон.
Хушчақчақ ва ҳорғин – кўзим ўнгида
Трамвайчи қўшним бўлар намоён.
Манзилга элтгач, у шўх болалар
Ва чоллар ортидан силкиб қолар қўл.
У – йўлда, қалб шундан ҳаловат олар,
Охири йўқ каби тугамас бу йўл.
О умр йўлидан бизлар шошамиз,
Олисларни яқин этмак пайида.
Қўшним ва мен бирга бекат ошамиз
Тиним билмас Вақт трамвайида.
* * *
Соат ичра мурват бузилса бирор,
Ўрнига қўйилар эҳтиёт қисми.
Эҳтиёт ҳисларга не атама бор,
Эҳтиёт туйғунинг нимадир исми?
Қизиқдир бизларнинг табиатимиз,
Нимадир сақлаймиз эҳтиёт учун.
Дейлик, кемтик қолса ишқий байтимиз,
Юраксиз эҳтиёт сатрлар нечун?
Қинғир йўл кўрсатар олисдан баъзан
Бизни имлагувчи шараф ва омад.
Самимийлик кўнгил узганда биздан
Эҳтиёти шартдир тайёр хушомад.
Омонат жасурлик лат еса, эвоҳ,
Эҳтиёт қўрқоқлик туради тайёр.
Эҳтиёт баҳона қидирамиз гоҳ,
Айб устида лозим бўлганда иқрор.
Нима дейиш мумкин чин сўз бобида,
Ростгўйликнинг қалқиб тургани ёмон.
Ёмондир, гоҳ ногоҳ рост ниқобида
Тил учига чиқса эҳтиёт ёлғон.
Гоҳ бахтимиз кулмас, гоҳ ишимиз ўнг,
Гоҳ сохта куй чиқар биз чалган найдан.
Бадном этиб қўйиб қалбимизни сўнг,
Эҳтиёт номусни топамиз қайдан?!
СУҲБАТ
– Айт, кўҳна бағрингда нима бор, нима?
– Портламасдан қолган мина бор, мина.
Ўзинг айт, бағрингда қандай манзара?
– Бағримда кўп чуқур яра бор, яра.
Қўлимда муқаддас ҳокинг бор бир кафт,
Уни кўзга суртар сафарда ҳар жон.
Кўкка олиб кетар уни космонавт,
Бу – рамзи Ватандир бизга бегумон.
Шу жаннат Ватаннинг ёш эгалари —
Гўдаклар кўкламни қутлашар, қара.
Фароғат гимнидир, ахир, бу бари —
Қўшиқлар ичида асл ва сара.
– Қара, кўклам қизнинг дўпписи зардўз,
Ёнмиш бинафшалар – гули беғубор.
Мени қанча гулга кўммасин наврўз,
Менинг ҳам бекилмас яраларим бор.
– Кун ўтар, кеч бўлар, янги тонг отар,
Умидлар уфқини этиб яқинроқ.
Гоҳ-ногоҳ ташвишлар бонги уйғотар:
Дўстнинг хиёнати, хасталик, фироқ…
– Жанг шарпаси ўтган ҳар уй ёнидан,
Жасорат йўллари кетмиш югурик.
Кўплар қайтгани йўқ жанг майдонидан,
Йўл бошида қолган оналар тирик.
– Ҳа, қўққис бузилган ширин туш каби
Уруш тақиллатди бахт эшигини.
Оналар қотдилар шол, беҳуш каби,
Хомуш тебратганча бахт бешигини.