скачать книгу бесплатно
Ҳушёр этади-ю, ғафлат бўлур бас.
Мен ҳам ўз галида ним карахт ётган
Сўзларни ўрнидан зуд турғизаман.
Ухлолмай беором тўлғонаётган
Дунё суратини дардли чизаман.
* * *
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Биласиз ўрин йўқдир чучмал навозишларга.
Кун-кеча хабар келди: биргина Боннда ёлғиз
Уч юз минг исёнкор жон чиқмиш намойишларга.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Қўшилинг ахир букун шу шавкатли сафларга.
Беҳадик, қомати тик аскар бўлиб борингиз,
Сизларни узатгайман мен жанговар сафарга.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Дунёда яхшиларга мунис бўлинг, қадрдон,
Сиз – ёп-ёруғ чароғим, йўлчи юлдузларимсиз,
Шўълангиздан манзилим уфқлари чароғон.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Ғафлат жодугарининг кўзини ўйинг буткул.
Тириклик гулларини уйғотиб елдай тинсиз,
Ўлим яроғларини ухлатиб қўйинг буткул.
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз…
* * *
Туннинг осмонидан мўлтирайди жим
Биз ғазалга солган ой – моҳитабон.
Нимадир дегиси келадир балким,
Куйлагиси келар, бироқ безабон.
Тушунади ахир ўзича ҳар ким
Дарча ортидаги булбул ноласин.
Бу оддий бир эрмак эмасдир балким —
Шодликка кўмгувчи инсон боласин.
Вақт чопар бизларни қолдириб доғда —
Учгану нишонга етмайдиган ўқ.
Ўчмас чақин бўлиб ёнар қароғда,
Ҳали бир калима деганича йўқ.
Ўтлар ловасида балким – илтижо,
Бизларга ноаён бир айюҳаннос:
Тинчлик машъалидан ёрисин дунё,
Лек, хилқат оловда қолмасин гуррос.
Не бахтки, на фақат қўшиқ айтгали,
Ўзни санагали на фақат якто,
Шунчаки, кўрганда саломлашгали
Бизларга бийрон тил этилган ато.
Не бахтки, на фақат севгидан кўркам
Сўзлар сўзлагани оташин, равон,
Муқаддас нафратни англатгали ҳам
Биз – бани башарга берилган забон.
“Қизил китоб очган ҳушёр одамлар,
Асраб – суямаса, бири-бирини,
Шу комил тил билан тушунмаса гар,
Не наф васф этмакдан забон сирини.
Десангки, офатлар тушмасин бошга,
Қулоқ эшитмаган ва кўрмаган кўз —
Заволлар етмасин десанг қуёшга,
Энг соҳир қуратга айлангил, эй Сўз!
ПАРВОНА
Тили йўқ парвона – шу фидойи жон
Безовта парпирар ўт теграсида.
Балким бу фалокат – унга ноаён,
Бу борада балким у – норасида.
Нурга тегинсин деб кўзимда қароғ,
Тўлсин дея хонам ёғду ва қутга,
Мен қаро кечалар ёқаман чароғ,
У эса ўзини уради… ўтга!
УЙҚУСИЗ ТУНДА
Ажаб дақиқалар бўлади рости:
Фароғат ёғдуси ёғилар ойдан.
Қисматлар дунёси бу осмон ости,
Сурнайлар навоси келадир қайдан?
Қай дилни, қай дилни босадир ғафлат,
Қай бир дил, қай бир дил бесабаб ҳушёр.
Қайдандир кутгандай туганмас давлат,
Эрта отар тонгда умидларим бор.
Ажабтовур ҳолат балки бўлар фош,
Бироқ, сен бу сирни англай олмайсан,
Кимдир уйқулардан кўтаролмас бош,
Сен эса тун бўйи кўз юмолмайсан.
КЎЗГУ
Бахтли онлари бор кўзгунинг:
Фаришта юзларни акс эттирганда,
Донишманд кексалар оқ соқолларин
Кўзгу қаршисида сипо тарашлаганда.
Ўсма қўйган чоғи гулчеҳра қизлар
Ва маъсум гўдаклар илк бор ўзларин
Ойинада кўриб ширин қиқирлаганда,
Кўзгунинг нурланиб кетиши ростдир....
Бахтсиз онлари ҳам йўқ эмас унинг:
Ниқобга ўраниб риёкор зотлар
Ўзларини кўзгуга солганларида,
Совуқ турқ кимсалар бадрўйликларин
Ундан кўриб, бурнин жийирганида
Хира тортиши рост соф ойнанинг…
Сен ахир Кўзгусан: одил ва холис,
Ҳар қалай, кўп бўлсин бахтли онларинг.
СИЗ БОРСИЗ, ДЎСТЛАРИМ, АХИР ДУНЁДА
Тўлқинга
Соғинч чолғусида маҳзун бир оҳанг,
Мени энтиктирса сиз ўтган йўллар,
Таслим бўлиб хазон фасли олдида,
Япроқ тўкса бир кун сиз эккан гуллар,
Бу ранглар, туйғулар, энтикишларга
Тополмасман ҳамки лойиқ ифода,
Дейман мен ўзимга бериб тасалли —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
Менсиз ўтсин, майли, мушоиралар,
Шараф сўқмоқлари – мендан нарида.
Сўзим бир нафасга ярқираса бас
Дўстлик офтобининг шуълаларида.
Шоирлар баҳсида доно ва мумтоз.
Шеър айта олгувчи мендан зиёда,
Ва дилни этгувчи ажаб сарафроз
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
Мени ташлаб кетган шўх маккоралар
Ўзгалар базмида бўлса жамулжам,
Вужуд титраб ҳижрон зилзиласидан,
Танҳолик чоғида кўзга қалқса нам,
Ва кўнгил қаърига чўкса ҳам зил тош,
Хиёнат ярқ этса ўшал риёда,
Олисдами-яқин, мунис ва сирдош —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
Сийрак кўришамиз, ҳолимиз нечук, —
Гоҳо хабардормиз, гоҳо бехабар,
Ғанимат оламда азиз ва буюк
Севинч борми дўстни кўрмоқлик қадар.
Базмингизда кимлар бўлмасин ҳозир,
Дўстсиз тўй ўтарми деган маънода,
Менга кўз тутгувчи интиқ, мунтазир
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
Кашф этолмай замин меҳварин, ҳайҳот,
О, не-не олимлар лолу жим нега?
Севги меҳваридан айланур ҳаёт,
Дўстлик деб ёзилган ҳаёт гимнига.
Ҳасад майин ичар қайдадир ғаним,
Қайдадир қай бир дўст кезар афтода.
Менинг истаганим ва излаганим —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
ИСТИҚБОЛНИ ЎЙЛАГАНИМ
Янги йил арафаси, фараҳли оқшом эди,
Қорбобо совғасини кутган болакай тахлит,
Мен Музадан шеър дея мўъжиза тилаб худди
Ўйларимни қоғозга тўкким келди бетақлид.
Унча олис бўлмаган истиқбол тонготари
Негадир ушбу чоғда шууримни этди банд.
У пайт кўпайишиб сулоламиз қатори
Қўшилур набиралар, ҳар бири шакару қанд.
Барг узра милтираган шабнамлар кўзгусида
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера: