banner banner banner
Ўзим билан ўзим
Ўзим билан ўзим
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ўзим билан ўзим

скачать книгу бесплатно


Мен индамадим.

– Энди қуён бўлай деб турганда хитлар кеп қолган. Номарднинг ёнида қизи ҳам бор экан, шу дод солибди-да. Ҳаким, Шерзод қўлга тушган. Зокир қутулган.

– Ҳакимнинг отаси қутқариб қололмадими?

– Э, нимасини айтасан! Роса югурди, бўлмади-да. Уч йил ўтириб чиқди. Алишер бир йил. Ўзлари аҳмоқ – одам кўп жойда уришадими? Четроққа олиб чиқ, кейин дабдала қил-да, жўна – қани, ким топиб олар экан! Нима дединг!

Қуёш ботди. Осмоннинг ранги синиқиб, ҳаммаёқни кулранг парда қоплаб олди. Йўлдан машиналар шувиллаб ўтмоқда эди. Бирдан кўнглим сиқилди. Кечаси билан дафтар текширишим кераклиги эсимга тушди.

– Бугун пиво йўқ экан-да, – деди у. – Майли, вақтинг бўлса, чиқиб тур. Қуйиб бераман. Азим деб сўра мени. Ҳаммаси билади.

У бурилиб кетди. Кўкрагини шишириб, бошини баланд кўтарганча тор кўчага кириб кетди. Бирон марта ҳам орқасига ўгирилиб қарамади.

Унга анқайиб йўлка четидаги темир бетон тўсиққа қоқилдим. Чиқиб қолган қайқи сими оёғимга жуда ёмон урилди. Шимимнинг почасини шимарсам, оёғимнинг бир энлик жойи қип-қизил шилинибди. Хайрият, шим йиртилмабди.

Уйга атиги бир бекат қолган бўлса-да, итар-итар билан трамвайга илиниб олдим. Трамвай ғала-ғовур, дим экан, нафасим қайтиб, бир зумда терга ботдим. Тер кўзимни ачиштирди. Қимдир оёғимни эзғилаб босди.

Оқсоқлана-оқсоқлана кета туриб чўнтагимни кавласам, рўмолча йўқ. Бефаросат хотин, нуқул овқатни ўйлайди. Гумбаз бўлиб семириб кетган. Ҳўй, сон тегмаган, ўқувчиларимнинг кўз ўнгида юзимни қоғозга артаманми! Бурним-пурним қонаб кетса нима бўлади! Қачон ақл битади сенга? Доим: гўшг, картошка, пиёз… Лағмонга чўзилган хамир олиб келишим керак эмиш! Ана, гапни қаранг: эркак бошим билан шаҳарнинг ўртасида хамир кўтариб юрай! Э, ўргилдим сендақа хотиндан! Битта болани эплаб боқолмайди, доим чирқиллатгани-чирқиллатган. Яна бола тарбиясини ўргатадиган консультацияларга қатнайдилар!

То эшикка етгунча хотинимга дағдаға қилдим. Ичимда.

Уйга киргач, ечина солиб, тўғри ваннахонага ўтдим. Узоқ ювиндим. Сал енгил тортиб чиқдим.

Овқатланиб ўтириб, йўлдаги воқеани хотинимга айтиб бермоқчи бўлдим.

– Ҳозир келаётиб бир йигит билан ким тез юришдан баҳслашиб қолсак бўладими!

Хотиним пиқ этиб кулиб юборди. Жаҳлим чиқиб кетди.

– Нега куласан?

– Пиёда юришданми?

– Самолётдами бўлмаса? – дедим жаҳлимга ҳай бериб. – Қарасам, мендан ўтиб кетмоқчи. Эҳ-ҳе, йўл бўлсин, дедим-да… – Хотинимнинг ҳали ҳам илжайиб турганини кўриб, бирдан гапиргим келмай қол-ди. – Чойдан қуй! .

– Кейин-чи!

– Кейинми? Кейин ҳеч гап бўлгани йўқ… Нега бу кайвони кампирларга ўхшаб саллаи дастор қилиб қолдинг?

Энди жаҳлимни босолмай қолдим.

– Боя бош ювгандим. Қуримаяпти, – деб минғирлади хотиним.

– Кир сочиқдан бошқа нарса йўқ эканми?! Яна дастурхон тепасида! Тур, кўзимдан йўқот! Қачон сон киради сенга?

Хотиним йиғламсираб, индамай ўрнидан қўзғалди.

Негадир сира ўзимни босиб ололмадим, бақиравердим:

– Қачон тартиб киради бу уйга! Нега супургини тикка қилиб қўйдинг? Ўн кун бўлди полга сув тегмаганига. Шифоньернинг чангини қара, отингни ёзса бўлади…

Ўғлим нариги уйда ухлаб ётган эди, чириллаб йиғлаб юборди.

Ярим соатдан кейин хотинимга ҳасрат қилдим.

– Ке, қўй, ҳадеб тумшуқ қилаверма. Кайфиятим ёмон эди. Шунақа пайтда… биласан-ку, сени қистоққа оламан-да. Хўш, сендан бошқа кимга бақирай? «Эру хотин – қўш ҳўкиз» деб қадимгилар бекорга айтишмаган. Турмушнинг оғирлигини назарда тутишган. Омочнинг бир томонини сен тортмасанг…

Ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетдим: болалигим қачон қолади? Кап-катта одам, ота бўлатуриб, кўчада юрган кимқаёқдаги безори билан ўзишиб юрибман-а. Яхши ҳамки, ўзи пасайиб қолди. Муштлашиб, биқин-миқинимга пичоқ тортиб юборса, ҳолим не кечарди?

Ўзим шу ҳақда ўйлаяпман-у, хотинимга менинг ҳам асабим темирдан эмаслиги ҳақида куйиниб уқтиряпман…

    1984 й.

КИЧИК ИЛМИЙ ХОДИМ ҲАМДАМОВ

Кичик илмий ходим Ҳамдамов симёғочга суянганча сигарет тутатаётган икки ўсмирга лоқайд нигоҳ ташлаб ўтиб кетдию тўрт-беш одим юрмасданоқ қулоғига уларнинг гапи чалиниб қолди.

– Маҳаллангдаги истаган одамингни чалпак қиламан.

Униси нимадир деб ҳиринглади. Ҳамдамов қулоғини динг қилди, аммо эшитмади. Ҳалиги ўсмир овозини баландлатди:

– Қани, айт-чи, ким мен билан чиқади? Биттаси анавими?

«Анави» Ҳамдамов эди. Ҳозир қайтиб бориб, бу мишиқини бир солса, чаппа ағдарилиб тушади-ю, бироқ катта кўчада ҳаммага шарманда бўлади-да ёш болага қўл кўтаргани учун. Лекин қўрқитиб қўйиши ҳам керак, бўлмаса ҳар ўтганида майна қилавериб жонига тегади. Буларга бир ён бердингми – тамом, кейин томошангни кўраверасан.

Ҳамдамов бир қарорга келгунча яна тўрт-беш одим юриб, ўсмирлардан узоқлашиб қолган эди.

У шаҳд билан ортига қайрилди-ю, нима дейишини билмай, ўсмирларга тикилганча тек туриб қолди. Жин урсин, нима қиларди, қайрилиб! Тўғри йўлдан кетавермайдими, шуларга бас келиб қанча обрў топарди.

Ҳамдамовга тегизиб гапиргани тикроғи эди, унинг ўгирилишини кутиб турганди шекилли, бирдан ўшқирди:

– Ҳа, акам, нимага қарайсиз? Бирон нарса демоқчимисиз менга?

Ҳамдамов яна бир зум гарангсиб турди-да;

– Қани, буёққа кел-чи! –деди.

Овози сал титраб чиққани учун кўнгли ғаш тортди. Дағалроқ гапириш, дўқ уриш керак эди.

Ўсмир жойидан жилмагач, Ҳамдамовнинг ўзи у томонга юрди. Шундан сўнг ўсмир ҳам Ҳамдамовга қараб хезланиб келаверди.

Ё ўнинчида ўқийди, ё шу йил битирган. Урсамикин, а? Ҳеч портфель кўтармаган одам келиб-келиб шу бугун…

Ҳамдамов бир қўли бандлигидан жуда афсуслан-ди.

Ўсмир икки қўлини белига тираб Ҳамдамовнинг қаршисида ғоз турди.

Қўрқмайди ҳам. Вой, сенинг қоракуя суртилган мўйлабчаларингга…

– Мени танийсанми ўзи? –Ҳамдамовнинг тилига келган гап шу бўлди.

Ўсмир ишшайди:

– Йўқ!

Ростдан ҳам. Ўзи яқинда кўчиб келган бўлса, бу бола уни қайдан танисин. Шунақа ҳам бўлмағур савол бўладими?!

Ҳамдамовнинг кўнгли хижил бўлди.

– Қаерда ишлашимни ҳам билмайсанми?

Ўсмир яна ишшайди:

– Йўқ!

У-уҳ, сурбет! Башарасига тушириб қолсами!.. Лекин одамлар нимага урдинг, дейишса, бнронта жиддийроқ сабабни рўкач қилиш керак-да.

Ҳамдамов, хуноби ошиб, бошқа гап эсига келмаганидан яна ўша саволини такрорлади:

– Билмайсанми!

– Билмайман. Ўзингиз айта қолинг, – деб эриклади ўсмир, – одамни кўп қийнаманг. Қаерда ишлайсиз?

Ҳамдамов индамади. Билдики, айтса баттар калака қилади. Кичик илмий ходимлигию академияда ишлаши буларга бир пул. Шунақа ҳам аҳмоқона савол бўладими?! Кўнглида бошқа гап-у, тилида… Бунақа ади-бади айтишиб ўтиргандан кўра, келибоқ солиб қолиши керак эди. Дўқ уришни эплолмагандан кейин… Энди кеч-да.

– Милицияда ишлайсизми, а? – дея ижикилашда давом этди ўсмир. – Мени қамаб қўясизми? Вой, қаманг!

Билади-да, милицияда ишламаслигини. Шунинг учун ҳаддидан ошяпти.

– Йўғ-э, – деб чайналди Ҳамдамов. – Сени қаматмоқчи эмасман, сал… мундоқ, ўзннгни… Қаерда туришимни ҳам билмайсанми?

Оббо, яна шунақа савол берадими, а?

У шоша-пиша саволига ўзи жавоб берди:

– Мен ҳу анави яшил дарвозали уйда тураман. Тўртинчи. Истаган пайтда боришларинг мумкин.

– Ароқ ҳам қуйиб берасизми? –деди ўсмир жуда эшилиб кетгандай.

Ҳамдамов кейинги гапини кўплашиб боришса ҳам муштлашишга тайёр эканлигини писанда қилиб айтган эди, ўсмир бутунлай бошқа нағмага ўтгандан сўнг сал довдираб, гапини йўқотиб қўйди.

– Боринг, ака, йўлингиздан қолманг! –деди ўсмир дабдурустдан, сиз ҳам одамми, дегандай.

– Э-э, сен жуда аҳмоқ бола экансан-ку! –деди Ҳамдамов бош чайқаб.

Ўсмирнинг кўзлари чақчайиб кетди!

– Ким аҳмоқ?

– Бор-э, сен билан пачакилашиб…

Ҳамдамов гўё қаттиқ афсуслангандай бир қўл силтадию ортига ўгирилди.

– Вой, ака, қамаб қўймадингиз-ку, уни! – деб қичқирди шу пайт уларнинг баҳсига аралашмай бир четда турган иккинчиси.

Ўсмирлар шарақлаб кулишди.

Ҳамдамов тишини тишига босди. Энди ортига қайтса ёмон бўлади.

Агар қайтса…

Ҳамдамов ўсмирларга қарамай, яна бир марта «Бор-э!» –дея қўл силтаб йўлига равона бўлди.

Дарвозанинг эски, занглаган қулфи ҳадеганда очилавермагач Ҳамдамовнинг ўбдон ғазаби ошди. Уйда ўтириб устларидан дарвозани қулфлаб олишади-я. Ўғри уриб кетармиди!

У шарақ-шуруқ қилиб дарвозани очгунча бўғилиб кетди, калитни синдиришига оз қолди.

Она сути оғзидан кетмаган мишиқилар! Бир урсанг етти юмалаб турадию бодиланишини айтмайсанми! Ҳе ўша…

Хуррам келибди. Семириб кетганини қара! Ўттизга чиқмасданоқ қорин қўйиб… Йигит деган сал уёқ-бу-ёғига қараб юрмайдими. Тиқмачоқ! Дўмбоқ! Ўл-е!

Хуррам қучоғини ёзиб пешвоз чиқди.

Ҳозир лабини чўччайтиради – ўпишиб кўришмоқчи. Ҳамдамов ўзини орқага тортиб қўлини чўзди

– Яхшимисиз? Қалай энди?

Шундан сўнг Хуррам ҳам қуруққина: «Юрибмиз-да», деб қўя қолди, Ҳамдамовиинг ёзғиришидан ранжиб.

Ҳамдамов шахмат тахтасига энкайган ҳамхоналари олдига келди.

– Келдингизми? – деди Турсун бош кўтармасдан.

– Келдим. И-и, ундай юрманг, чатоқ бўлади.

Исмоил ҳайрон бўлиб қўлини тортди:

– Нега?

– Фарзинингизни олиб қўяди бир юришдан кейин, – деди Ҳамдамов.

– Қанақасига?

– От билан шоҳ беради, фарзинга ҳам тушади.

Бу юриш Турсуннинг ҳам хаёлида йўқ эди чоғи, ўйланиб қолди. Исмоил пиёдани сурди.

– Боринг, аралашманг. Нуқул шунақа қилиб одамни чалғитиб юрасиз, – деди Турсун,