banner banner banner
Ўзим билан ўзим
Ўзим билан ўзим
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ўзим билан ўзим

скачать книгу бесплатно


***

– Бормай қўя қол, шунча йўлга бир ўзинг борасанми, ўзи келади отанг, – деб уни йўлдан қайтармоқчи бўлади онаси.

– Қари одам-а! Қоронғида туртиниб юрадими Ахир, чарчаб қоладилар.

– Чарчамайди, ҳали отдай. Қаридим, деб қўрқитади-да. Эҳ-ҳе, ҳали отанг…

Унинг жаҳли чиқиб онасига бақиради:

– Бўлди-е! Ҳамма ишга аралашаверасизми!

– Ёпирим-эй, бу кишининг оталарига ўхшаб зуғум қилишларини. Аччиқчалари бурунларининг учида туради. Яна ярим йўлдан йиғлаб қайтмагин.

– Патинкам қани, деяпман сизга!

– Ана турибди-ку, бурнингнинг тагида.

У шундай оёғи тагида ётган ботинкасини кўрмаганига изза тортади, лекин сир бой бермай пишиллаб кийина бошлайди.

– Бир бурда нон олгин йўлга.

У энсаси қотиб онасига ўшқириб бермоқчи бўлди-ю, лекин уч чақиримлик йўлни, борадиган жойи қабристон ёнида эканини ўйлаб, бир бурда нонни қўйнига солади.

Юлдузлар хира ялтирайди.

Йўл олачалпоқ ойдин. Эшак бир текисда йўрғалаб бормоқда.

У ортига ўгирилиб, эшак дупуридан кўтарилган чангнинг ҳавода эринчоқ туриб қолишини кузатади.

«Чанг тупроқ орасида сиқилганидан оқариб кетган ҳавоми ёки тупроқнинг майдасими? Чангда қолганингдан сўнг тупурсанг, бурнингни қоқсанг, лой тушади – тупроқнинг майдаси бўлса керак-да.

Қоронғида ҳамма нарса жимиб қолади-я. Қизиқ, одам ҳам қоронғида қўрқади. Ахир оқшом ҳам қуёши йўқ кундуз-ку, фақат қуёшнинг ўрнига ой чиқади.

Ойнинг нури нимадан, майда оқиш чангга ўхшаган бўёқми? Ҳавони, йўлни шу рангга бўяган. Соялар қора, чунки уларни ойдан дарахтлар тўсган. Нега ой дарахтларни ҳам оқиш рангга бўямаган? Уларнинг яшил туси ой бўёғи остида қолиб кетмайдими? Худди суюқ ранг суртилгандек ялтирайди. Сояси билан қўшилиб усти ялтироқ, таги чириган, қорамтир пичан ғарамига ўхшайди. Кундузи қуёш сочган нурлар оқшом қайга йўқолади? Борди-ю, кечаси ҳам кундузгидек ёруғ бўлса-да, қуёшнинг ўрнига ой чиқиб турса. Ёки ҳеч ҳам кун ботмаса. Жуда аломат бўлса керак».

Эшак тўсатдан бурилди. У эшакдан ағанаб тушай деди. Эгарининг қошини маҳкам чангаллаб, қўрқув билан йўлга тикилди. «Нимадан ҳурккан экан, илонми?»

Думалоқ соя йўл четидаги ўтларга томон ғимирларди: «Э, типратикан экан-ку».

Боланинг кулгиси қистади.

«Ойнинг соясига ўхшайди-я… Ой Ер билан Қуёш орасига кирганда сояси ерга тушади. Муаллим айтгани тўғри-ю, лекин сояси бунча баҳайбат? Ойнинг сояси типратикандан сал каттароқ бўлмайдими?»

Бир марта қуёш тутилгани унинг зсига тушди. Ҳаммаёқни қизғиш қоронғилик босганди ўшанда. Онаси унинг қўлига чўп тутқазиб, «тоғорани данғиллат», деган эди.

«Ойим қўрққан эди, Абдуалим ҳам. Ўшанда ҳамма қўрққандай эди. Ойнинг соясидан ҳам одам қўрқадими?»

Чорраҳага келганда эшак секинлади, қулоқларини саланглатиб, хирт этиб қўйди.

«Ҳа, жонивор-эй, қаёққа бурилай, деб сўраяпти».

У халачўпни кўтарди-ю, лекин эшакнинг бўйнига урмади, тўғрига деган маънода нўхтанинг ипини силтади. Эшак яна ўша маромда йўрғасини бошлади.

Боланинг хаёллари бояги изидан чиқиб кетди.

«Эшакка бунча катта қулоқнинг нима кераги бор, а? Одамларга ўхшаб шивирлаб сўзлашмаса. Ҳанграшини қулоқсиз ҳам эшитиш мумкин. Одам шунча товушларни эшитади-ю, лекин қулоғи кичкина. Эҳ-ҳе, ўйлаб қараса, бир-бирининг гаплари, қушлар сайраши, машиналар гуриллаши, тракторлар тариллаши, шамол шувиллаши, араванинг ғийқиллаши, эшикиинг-ғижирлаши, радио, қўшиқ… Вой-бў!»

У дафъатан уйдан чиққандан бери ҳеч нарса эшитмаётганини сезиб қолди. Ҳатто эшакнинг дупурини ҳам эшитмай келаверибди. Буни ўйлаши биланоқ атрофдаги барча овозлар шиддат билан унинг қулоғига ёпирилди: чигирткалар чириллаши, итлар ҳуриши, трактор товуши, кимдир варанглатиб қўйган ашула, узоқдаги Булунғур ариғи бандининг шовуллаши, ҳатто остидаги эгарнинг зорланиб ғичирлаши – ҳамма-ҳаммасини бирдан аниқ эшита бошлади. Бутун борлиқ шатур-шутур қилиб нафас олаётгандек.

У сокин туюлган сут ойдинда бунча кўп товуш борлигига шунчалар ажабландики… маълум муддат шу товушлар босими остида, оғзини ярим очганча, ҳеч нарсани ўйламасдан, барча овозлар билан бирга; ўзининг хам пишиллаб нафас олишини тинглаган| кўйи эгарда қотиб кетаверди.

Ўзи сезмаган ҳолда аста-секин хаёлга берилди.

«Ер нафас олса керак, чопиб кетаётган одамдек ҳансираб нафас олса керак. Бу товушларнинг барчаси шундан. Ҳамма нарса нафас олади. Дарахтлар ҳам зарарли газларни ютиб, кислородга айлантириб чиқаради, деган эди Турғунов муаллим. Айтгандай, шамол ернинг нафас чиқариши, жимлик ютиши эмасми? Ҳа, шамол – ернинг нафаси. Ой-чи, нафас оладими? Ёки куйлармикин?»

У тузукроқ жавоб топа олмади. Ойдан кумушранг унсиз садолар йўл ёқалаб кетган дарахтлар чодири узра ялтироқ из қолдирганча қуйилиб тушишини ғира-шира тасаввур қилди-ю, аниқроқ фикрлашга чоғи келмади.

«Қанақа куй? Радиокарнайдан чиқадиган куйми? Унақага ўхшамайди. Ана, ойнинг ўзи радиокарнайга ўхшар экан. Нега «ой юзингни» дейишади? Ой қизларнинг юзига ҳеч ҳам ўхшамайди-ку… Мисол учун Маҳбубанинг афти ойга эмас, тўрлаган қовунга ўхшайди. Саодатнинг бети тўла сепкил. Ойда эса сепкил йўқ.

Ҳозир бирдан шу радиокарнай – ойдан «ой юзингнинг шеваси…» деб қўшиқ бошланиб кетса-я! Ёки қўшиқ ўрнига «ҳей бола, ҳадеб анграяверма!», бақириқ эшитилса.

Буни ўйладию юрагини ваҳм босди. Дарров их-ихлаб, эшагини ниқтади. Эшак жадаллади. Ой ростдан ҳам бақириб юборадигандек, унга қарашга боланинг юрагит дов бермади. Бироқ сал ўтмай қўрқа-писа бошини кўтариб яна ойга қаради.

Шунда… тонг қотди – дарахтлар оралаб уни таъқиб этиб келаётган ой очиққа чиқиб муаллақ турар, туманли теграсида эса… каттакон, маҳобатли доира ярақлар эди.

Қанчалар чиройли!

Эх-ҳе! Худди жуда катта циркуль билан, учини ойнинг қоқ ўртасига қўйиб чизилгандек. Нега шу пайтгача кўрмади?

У ҳамма нарсани унутди.

Ой пастга эниб, жуда-жуда яқин келган, бола унга ёнма-ён ҳолда, айлана гардишнинг ўртасида чайқалиб-чайқалиб сузиб кетаётгандек эди. Дунёда ой ва боладан бошқа ҳеч кимса йўқ эди.

Бола ойга қўшилиб кетган эди…

Тўсатдан ой мушукдек бағиллаб унга ташлангандек бўлди. У қичқиришга ҳам улгурмай, эгардан учиб кетди – эшак шахт билан ўзини ёнбошга отган эди. Икки мушук пихиллашиб йўлни ўқдай кесиб ўтди. Чанг-тўзон ичида қолган бола бир муддат нафаси ичига тушиб, ўзига келолмаи турди. Сўнгра энтикиб-энтикиб йиғлаб юборди.

«Мов бўлган мушуклар экан-ку, шунга қўрқаманми. Аҳмоқ эшак ҳуркиб…»

У ўзига таскин берди. Қўзғалган эди, ўнг бўксасида санчиқ турди: «Халачўп кириб кетмадимикан?» Халачўп бир қадамча нарида ётарди. У ўтирганча халачўпга интилганида гавдасида ҳам алланечук оғирлик туйди. Секин ўрнидан турди, оёқларини силади, бўксасини авайлаб ушлаб кўрди. Оғриқ аъзои баданига тарқалди.

Хайрият, ҳеч жойи синмабди, чиқмабди. Фақат тирсаги ачишяпти – шилинган. Одам йиқилганда туя ўркачини, от ёлини, эшак эса туёғини ташлайди унинг остига. Шунинг учун туядан, отдан паст бўлган зшакдан ёмон йиқилади.

Эшак нарироқда турарди.

«Миниб олай, кейин кунини кўрсатаман. Ҳозир урсам қочиб кетади, тутқич бермайди».

У «иш-иш», деб эшакка яқинлашди. Эшак қочмади. У инқиллаб ўзини эгарга олдию халачўп билан эшакни савалай кетди. Эшак халачўпдан ҳимояланиб калласини оёқлари орасига тиққанча, турган жойида гир айланди. Унинг эгардан ағнаб тушишига сал қолди, ўзини ўнглаб нўхтанинг ипини силтади. Эшак тез юриб кетди.

… Ҳамма нарса йўқолди. Ой ҳам, боланинг хаёллари ҳам. Йўлнинг икки чети тут аралаш қатор толлар билан қуршалди, яна очилди.

Қаршидан қабристон ваҳимали, босиқ бир сукутда бостириб кела бошлади. Унинг танига титроқ кирди. Отасига: «Қўрқмайман, эшакни ўзим олиб бориб, сизни олиб келаман», деганига пушаймон еди.

«Ашула айтсаммикан? Лекин бу ерда, мозоратнинг олдида бақириб бўладими? Ўликлар эшитиб… Арвоҳларни безовта қилмаслик керак».

У қабристонга қарамасликка тиришиб, оёқлари билан эшакнинг биқинига ниқтади. Бултур, йўқолган қўйини ахтариб юрганда, ўпирилиб тушган эски қабрда бир қора нарсани кўргани эсига тушиб, юраги увишди. Ўшанда урра қочиб қолганди.

«Соч чиримасмикан?.. Эски жой-да. Қирқ гектар-а! Кундузи унча қўрқинчли эмас-у, лекин ҳозир… Нега оқшомда ваҳимали бўлади,а? Жин-ажиналар чиқадими? Ажина одамнинг отини айтиб чақиради. Менинг отимни қаёқдан билар экан?.. Мен уни учратмаган бўлсам. Ё у мени кўрганмикан?.. Отингни эшитсанг «Ҳа», демаслик керак. «Ҳа», десанг чалиб кетади. Мени чалмаса керак. Менга тегмайди. Чунки отамнинг бобосининг отаси тегирмон тоши устида сариқ сочларини тараб ўтирган ажинани қўрқмай ушлаб олган. Ажина роса ялинганда ҳам қўйиб юбормаган. Сочини бураб қийнайверган. Охири, «етти пуштингга тегмайман», деб қасам ичгандан кейин қўйиб юборган. Ажина шу заҳоти турган жойида йўқ бўлиб қолган. Мен бешинчи пуштман. Мени ажина чалмайди. Лекин ҳазиллашиб чақириши ҳам мумкин-да, бу болани бир қўрқитиб қўяй, деб».

Қабристон ёнидаги қишлоқчага кирилганда эшак бирдан ҳанграб юборди. Бола нафасини ичига ютиб, эгарга қапишиб қолди. Ён томондаги дарвоза тагидан бир кучук вакиллаганча пилдираб чиқди. Кучук бола юрагидаги қўрқувни ҳам ҳуриб ташлади

Симёғочга осилган лампочкадан тушаётган нурнинг сарғиш доирасига кирганда, у қабристонга қаради. Қабристон осойишта, ваҳимаси ортга чекинган эди. Кучук ҳам бир-икки ғингшиб орқада қолди.

У тирсаги ҳали ҳам ачишаётганини сезди.

«Боя йиқилганимда уст-бошим тупроққа роса беланган бўлса керак».

… У Маҳмуд аканинг дарвозаси олдида эшакдан тушмай қичқира бошлади:

– Ҳусниддин, ў Ҳусниддин!

Унинг овози чийиллаб чиқди. Буни ўзи ҳам сезиб, катталарнинг товушига ўхшатиб йўғонроқ овозда яна чақирди.

Ичкаридан Шакар холанинг: «Ҳу-ув… Ит боғлиқ, киравер!», дегани эшитилгач, бола эшакдан тушиб, кийимларини қоқишга тутинди.

У эшикни очиб, ичкаридагиларга «Ассалом», деб кираётганида, айвонда идиш-товоқ юваётган Шакар холанинг Робия пучуққа: «Муштдай боланинг шунча йўлдан қўрқмай келганини қара», дегани қулоғига чалиниб, ғурурланиб қўйди.

– Э… Малла чўпон, келсинлар, келсинлар, – дея уни кўрган заҳоти Хайрулла амакиси одатдаги ҳазилини бошлади.

Отаси ҳаммадан юқорида, уйнинг тўрида ёнбошлаб ётарди; у кирган пайтда бир мулойим нигоҳ ташладию гапида давом этди:

– Яна ривоят қилурларким, агар сизнинг ҳамсоянгизки бўлса, унинг томига ғўзапоя босилган бўлса, айтайлик, шамол турдию бир боғ ғўзапоя сизнинг ҳовлингизга тушди…

«Биламан, бу ёғи: «Сизнинг шу ғўзапояни ёқиб пиширган овқатингиз – макруҳ».

– Акрам ака, шу ўғирликка кирадими, кирмайди? – деб сўради Мамат меш; у ҳам ёнбошлаб ётган эди.

«Ўзи отамдан катта-ю, ака, дейди».

– Албатта киради. Яъни, масалан, бориб, майдондан йиғиб, ўзингиз орқалаб келмагансиз. Унга меҳнатингиз сингмаган. Меҳнатсиз топилган бир игна бўлсинки, у – ҳаром.

У амакисининг ёнига чўкди. Амакиси унга эгилиб шивирлади;

– Эй, менга қара, йўлда роса қўрқдингми?

– Нимадан қўрқаман?

– Ҳар кўзлари пиёладай-пиёладай келадиган ажина сочларини ёйиб, олдингдан чиқмадими?

– Э-э, нима қиласиз ёлғон гапириб.

Ёлғонми, бўлмаса, нега додладинг?

«Эшитибди йиғлаганимни!»

– Қачон?

– Боя.

– Йўғ-э, бошқа бировдир.

– Сенинг товушингни танимайманми! Отанг изза бўлмасин деб, индамай ўтирибман-да. Бешинчида ўқиб, ажинадан қўрқасанми?

– Ажина эмас, иккита мов мушук биғиллашиб қолди.

– Ана, қўрқибсан-ку!

«Алдаяпти. Эшитмаган, шунча жойдак йиғлаганимни эшитадими! Синаб кўряпти»

– Э-э, сиз ўзингизнинг Раҳмонингизни билинг, сал қоронғи тушгандан кейин далага чиқишга қўрқадию.

Амакиси бир зум гап тополмай қолди-да, кейин кўрсаткич ва ўртанча бармоқларини жуфтлаб унга чўзди:

– Бир-бирига ёпишиб қолиб жуда азоб беряпти-да. Қани, зўр бўлсанг, шуларни очиб қўй-чи!

У амакисининг бармоқларини ажратиб қўймоқчи бўлиб қўл узатди-ю роса чиранганидан кейин амакиси нима қилиши эсига тушиб, қўлини тортиб олди.

– Мени уялтирмоқчисиз-а!?

– Ҳа, шум-э, биласан-а!?

Маҳмуд аканинг эсига бола тушиб отасидан сўради:

– Эшон бобо, Мақсудга ош олиб келишсин?

– Э-э, қорним тўқ, уйдан шўрва ичиб келдим.

– Шўрванг йўлда тушиб қолган-да.

– Майли, зўрламанг, бу ўзи кам овқат ейди, – деди отаси.

Амакасига бу ҳам бир баҳона бўлди:

– Бу овқатнинг ўрнига ҳам китоб еса керак-да, кейин отасига ўгирилиб давом этди. – Тунов куни қарасам, бунингиз эшакнинг устида ҳам китоб ўқиб келяпти. – Унга қараб қув жилмайди.

«Жуда ёпишиб олди-да бугун. Ўзи ҳам игнадай гапни туядай қилади-я. Ўқишимнинг унга нима оғирлиги тушибди. Отамнинг гапи етмагандай, энди бу ҳам…»

– Бекор айтибсиз, – деганини ўзи ҳам сезмай қолди у.