скачать книгу бесплатно
Моҳбиби унинг қўлидан чиқишга уриниб, юлқинди, бошини кўтариб ғазаб билан тикилди. Карим ҳам ундан кўз узмай, елкаларини қаттиқроқ чангаллади.
Китоб полга тушди.
Моҳбиби бирдан:
– Қўй-йи… Қўй, деяпман сенга, – деб чинқириб юборди.
Шу онда ёввойи ғазаб Каримнинг бўғзига чангал солди, ҳаво йўлларини тўсиб қўйди.
Карим Моҳбибининг елкаларини қўйиб юборди, кейин… бирдан қулочини керди-да, Моҳбибининг юзига шапалоқ тортиб юборди. Яна нимадир бўлди шекилли, Карим зарбани Моҳбиби эмас, ўзи егандек қалқиб кетди.
Моҳбиби каравотга ағанаб тушган, кўйлаги юқорига сирилиб, оёқлари очилиб қолган эди.
Хона чир-р айланиб, Каримга эшикни рўпара қилди.
Узун коридор… Ортидан таъқиб этиб, елкасига пайдарпай гурсиллаб қоқилаётган қадамлар – ўзининг қадамлари; чўчинқираш, қизиқсиниш, ҳадик билан четланиб, липиллаб қолаётган юзлар, қизғиш-қорамтир йўлак, дарахтларнинг ғадир-будур таналари – Карим ўзига келиб қараса, шусиз ҳам кимсасиз паркнинг хилват бурчагига, кўзёшлари томоғига тиқилиб, ҳирқираганча ёмон, жуда ёмон сўкиниб боряпти.
У таққа тўхтаб, атрофга олазарак аланглади.
Кўз олдига Моҳбибининг қўрқувдан каттариб кетган кўзлари келди.
У яқиндагина бўялган ўриндиққа беҳол чўкди.
Ўриндиқдан сал наридаги ҳалқобчага бир тўп чумчуқ қўнди; бири қанотларини кериб чириллади.
Моҳбибини урганда жимжилоғи унинг оғзига кириб, тишларидан сийралиб ўтган эди, Карим бирдан шуни эслаб, жимжилоғини, гўё ўшандан бери ҳўлдек, кафтига артди. Кўз ўнгига Моҳбибининг каравотда ағанаб ётгани, семиз сонларининг жуда аянчли тарзда очилиб қолгани, кўйлак тагидан пистоқи ичкўйлагининг титила бошлаган оқиш тўр ҳошияси чиқиб тургани келиб, инграниб юборди-да, қўлларини асабий силтади.
Чумчуқлар гур-р кўтарилиб, нарироққа тушди. Уч-тўртта – ботирроқлари, чанқови босилмаган чоғи, дик-дик чўпчиб, ҳалқобчага яна яқинлаша бошлади.
Оҳ, шу иш бўлмаганда эди! Карим ёмон туш кўраётгандек, ҳозир бирдан сачраб уйғониб кетганда эди!
Карим сакраб турди.
Чумчуқлар бирдан кўтарилди.
Ижарахонанинг эшиги ланг очиқ эди. Тамаки тутатиб ўтирган Адҳамни кўриб, Каримнинг юраги орқага тортиб кетди.
– Қаерларда юрибсиз! –деди Адҳам.
Ёнига борса, Адҳам уни уриб юборадигандек, Карим тўхтаб қолди, бўйнини елкаларига тошбақа сингари тортди, қунишиб олди.
– Эшшак экансиз-ку! – дедн Адҳам ўқрайиб. Карим ҳақиқатан ҳам «эшшак» эканлигига бирдан кўнди.
– Сиз тўнкани икки соатдан бери пойлаб ўтирибман-а!
Карим тўнкаликка ҳам рози бўлди. Фақат ҳозир Адҳам уни аямай сўкаверса, сўкаверса… Ёки ҳовлига судраб чиқиб, лойга думалатиб, биғиллатиб тепса…
Лекин Адҳам бирдан юмшади:
– Ўтсангиз-чи. Нега қоққан қозиқдай туриб қолдингиз?
Карим ўтди.
– Нима бўлди ўзи? – деди Адҳам. – Нима қилдингиз?
Карим индамай ерга боқди, кейин Адҳамга мўлтиради, яна ерга қаради.
– Гапирсангиз-чи, – деб бетоқат бўлди Адҳам, – Сизга айтяпман, гапирсангиз-чи!
Карим бошини буриб, деразага тикилиб олди. Нима деб гапиришни ҳам билмади.
– Бунга бир гап бўлганми ўзи? – деди Адҳам қўлларини керганча ёнбошга ўгирилиб – худди ҳужрада учинчи бир киши ҳам бордек. – Қиз болани уриб, яна…
Пичоқ Каримнинг кўксига қадалди.
– Қип-қизил аҳмоқ экан-ку бу, – деди шафқатсиз Адҳам. – Бечоранинг жағи шишиб кетибди-я! Ўғил боламидики, шундай урса… Ё Мабийи билан муштлашишга борувдингизми?
Пичоқ қир-рт этиб Қаримнинг юрагини тешиб ўтди. Лекин Карим ўлмади, аксинча, миясида ярқ этиб нажот – ҳаммасидан биратўла қутулиш йўли очилиб кетди:
– Кетаман!
– Қаёққа? – Адҳам истеҳзоли кулимсиради.
– Ўқимайман! Э, ҳаммасини!.. – Бирдан Каримнинг кўзига ёш қалқиб, томоғи ҳирқираб қолди. – Кетаман.
Адҳам унга тикилганча анграйди:
– Чинингизми?
– Э, ўқишини ҳам, қизларни ҳам… – Карим баттар жазавага тушди, кўзёшлари тирқираб кетди. – Ҳозироқ кетаман!
– Эсингизни еб қўйибсиз, – деб такрорлади Адҳам. – Эсингизни еб қўйибсиз.
Карим Адҳамга алам билан қаради, кетса, ўзидан, ўзидан ҳам кўра Адҳамдан боплаб ўч оладигандек, баттар хуруж қилди:
– Керак эмас. Ҳеч нарса керак эмас, Бориб трактор ҳайдайман, арава қўшаман, гўнг ташийман, гўнг! Ҳаммага бунақа шарманда бўлгандан кўра… Қишлоқда булардан минг марта яхши қизлар бор.
Адҳам тўсатдан кулиб юборди.
– Вой тентак! Мажнунвойни қара! – Адҳам кулишдан таққа тўхтади, кўзлари қисилиб, бераҳм тус олди. – Бўпти, йиғиштиринг нарсаларингизни! Жўнанг! – Кейин Каримга томон эгилиб, унинг елкасига шап этиб тушириб қолди. – Туринг. Кран тагига бир нарса ташлаб қўйганман. Кетар жафосига тортасиз. Э, калла!
Карим «Кетаман» деган гапни ҳадеб қайтараверишдан қутулганига бир оз енгил тортди.
«Ҳа, шум-эй! –деб ўйлади Карим, шишага илашган лойни водопровод жўмрагида ювар экан. – Бари бир яхши бола-да. Совуқ бўлса ҳам, одамнинг кўнглини оғритса ҳам яхши!»
Адҳам уларнинг ижарахонасига бунгача сира келмаган эди.
– Карим, – деди Адҳам сигарет тутатиб олишгандан кейин. – Бир гапнинг тўғрисини айтайми?
«Ҳозир йиғлаганимни айтади!», деб ўйлади Карим юраги ивишиб.
– Нимани?
– Хафа бўлмайсизми?
«Кўзёш тўкиш хотинларнинг иши, дейди. Майли, деса депти-да!» – Карим ўзига ҳам нотаниш хотиржамлик туйди.
– Йўқ, хафа бўлмайман. Сиздан хафа бўлмайман.
– Шу бугунги ишни… – Адҳам гапидан тўхтаб, Каримга тикилди.
Каримга Адҳамнинг нигоҳи уни тешиб ўтиб, ортидаги бир нарсага қаттиқ ботаётгандек туюлди.
– Шуни, – деди Адҳам ҳамон Қаримдан кўз узмай, – мен уюштирдим.
Каримнинг оёғи олтидаги тахта пол қаёққадир сурилиб кетаётгандек бўлди.
– Қанақасига?
– Шунақасига-да, – деди Адҳам. – Шу бола арзимаган қиз учун хор бўлиб юрадими, кел, шартта орасини узиб ташлайман, дедим.
Карим илон авраган қурбақадек, оғзини каппа-каппа очди, яна тили айланмай, ичидан ҳирқироқ товуш келди.
– Нега?
– Негалигини бугун кўрдингиз, – деди Адҳам ниҳоят ундан кўзларини олиб. – Мабийи сизни ёмон кўради. Қизлар ўзлари суймаган йигитларни ёмон кўришади. Сиз буни билмасдингиз. Бугун билдингиз. Билишингиз керак эди. Буёғи яхши бўлади.
Лекин ҳозир Каримга яхши эмасди. Сира яхши эмасди. Унинг кўксини яна нимадир куйдириб ўтди, ўтган жойи ёмон из қолдирди:
– Қуйинг, – деди Адҳам. – Ҳозир тушунтираман. Менга ишонаверинг. Ёмон ниятда қилмадим. То битиргунча унга илакишиб юраверар эдингиз, аммо бирон иш чиқмасди.
Карим пиёлани чангаллади.
– Қани! –деди Адҳам. – Сизнинг бугунги кундан озодлигингиз… Нега бунақа қарайсиз?
Карим Адҳамдан кўзини олиб, қўлидаги пиёлага тикилди, пиёла титраётган эди.
– Ҳали ҳам тушунмаяпсизми?
– Йўқ, очиғи тушунмаяпман, – деди Карим ғўлдираб. – Шуни олдин тўғри ўзимга айтсангиз бўлмасмиди?
– Майли, кейин… Айтсам ҳам бўларди, – деди Адҳам. – Бундан осони борми! Лекин менга ишонмас эдингиз, ишонсангиз ҳам…
Карим ўзини камситилган ҳис қилиб, хўрлиги келди.
– Нега, ахир? Мен шунақа…
Адҳам бош чайқади.
– Негалигини билмайман-у, лекин менга ишонсангиз ҳам… Бунақа масалада бировнинг айтгани, аралашгани билан иш битмайди. Айтганим билан, бари бир, кўнгил узмай яхши кўриб юраверар эдингиз. Бировнинг гапи билан ажралиб кетадиган бўлганингизда… Сиз уни севасиз-ку. – Адҳам яна битта сигарет тутатиб олди. – Лекин, шу қиз севишга арзимайди.
– Нега унақа дейсиз? –деди Карим бу гапдаи енгил тортган бўлса ҳам.
Адҳам қўл силтади.
– Майли, ҳовурингиз босилгандан кейин ўзингиз билиб оларсиз. Ҳали уни унутасиз, унутганингиздан кейин ҳаммаси ойдин бўлади.
Адҳам пиёланинг тепасидан чангаллади, пайлари ўйнаб кетди. Кейин бирдан Каримга қараб:
– Сизга ҳавасим келади, – деди. – Нега менга бунақа қарайсиз?
– Нимага? Бугунги аҳволимгами? – деди Карим, гарчи Адҳам бу ўйда эмаслигини, жуда муҳим гап айтмоқчилигини сезиб, бирдан ҳушёр тортган бўлса-да.
Унинг ичида тошга ўхшаган бир қаттиқ нарса эриётгандек бўлди.
– Рост, – деди Адҳам, – шундай бўлмаганда сизни ахтариб келмасдим.
Карим тўлқинланди, томоғига алланарса тиқилди.
– Тирик одамсиз-да, – деди Адҳам. – Менга ўхшамайсиз – сиз яхши кўрасиз. Майли, шу Мабийичани бўлса ҳам, яхши кўрасиз. Яшаяпсиз!
– Сиз-чи! –деди Карим. – Қайси қиз сизга…
– Йўқ, буни сизга тушунтиролмайман, – деди Адҳам бирдан тундланиб. – Умуман, севмай яшаш ёмон, демоқчиман. Одамнинг кўнгли ўлади. Ўлик кўнгил билан яшаш қийин.
Адҳам ҳозир жуда чиройли кўринарди: оқаринқираган, чўзинчоқ юзи, пешанасига тушган, салгина йилтираб турган сочи, маъюс чақнаётган кўзлари, қирра бурни, текис бичимли лаблари, ўртаси салгина пучуқ ияги, узун бўйни, кулранг, оҳорли кўйлаги – бор кўриниши жонли ҳайкалдек, Каримни сеҳрлаб, олам-жаҳон ҳавас, қандайдир илиқ ҳасад уйғотар эди.
– Баъзан йиғлагим келади, – деди Адҳам рўбарўсидаги битта Каримга эмас, балки юзлаб содда бахтли каримларга қараб. – Аммо йиғлолмайман – дийдам қотиб кетган. Ҳатто йиғлашни ҳам одам соғинар экан…
Адҳам кўп гапирди, лекин Карим ҳеч балони тушунмади: «Тавба, бунга нима етишмайди? Бўйдан, чиройдан, гапдан берган бўлса? Юраги сўққабошлиги нимаси?..»
Қоронғи тушди. Деразадан салқин елвизак кирди. Карим деразадан бошини чиқариб тепага қаради: осмонда юлдузлар бодроқдай сочилиб кетган, жуда кўп эди. Карим кўп йиллардан бери биринчи марта осмонга орзу қилмай қаради.
– Бурҳон келмади. Ётоқда қолди, – деди.
– Кеп қолар, – деди Адхам.
– Йўқ, келмайди, – деди Карим. – Кечаси юришдан қўрқади.
– Нега? Ёш боламидики?
– Ким билади? – Карим кифтини учирди. – Бу ерда ҳам бир ўзи ётолмайди. Қўрқишини мендан яширмоқчи бўлади, лекин мен биламан. Шу учун уни ёлғиз қолдирмайман. – Карим кулди. – Қизиғ-эй, ўлгудай хасис, пул сўрасам, кундуз куни бермайди. Лекин оқшом сўрасам, беради.
Адҳам жуда ажабланди.
– Ростданми?
– Рост, – деди Карим. – Лекин эрталабоқ кеча берганимни қачон қайтарасиз, деб сўраб олади.