banner banner banner
Ўзим билан ўзим
Ўзим билан ўзим
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ўзим билан ўзим

скачать книгу бесплатно


«Масковдаги беш йиллигидан ҳам катта ўқишда домуллоликка ўқиётган Мусоқулбой» акасининг пишиб ўтиб кетган шафтолидек тап-туп тўкилаётган саволларига сиполик билан хушламайгина ҳа-ҳу деб ўтирди. «Машқи паст – пул сўраб келган-ов», деб қўйди ўзича Шерқўзи.

Ака-ука қуйруқ ёғига қилинган хушхўр паловни тушириб, сўнгра хўжабилмас қовунни ҳузур қилиб ейишди, устидан аччиқ кўк чойни босиб-босиб ичишди. Шерқўзи «Ҳа, кўрсатган кунингга, етказган мартабангга шукур!» деб ёнбошлади, нос отди. Мусо ҳам чўнтагидан тилла қоғозли қутичани чиқариб, сигатера тутатди.

– Мусоқулбой, бошга бир ташвиш тушиб турибди, ука, – деб гап бошлади Шерқўзи носини тупириб, оғзини чой билан чайиб олгач. – Шу уканг, жиян бўлса ҳам уканг-да энди… Кампир, ўғлинг қаёққа даф бўлди?

– Мансур жўрасининг туғилган куни экан. Ўзингиздан сўраб кетди-ку, – деди Каромат.

– Хаҳ, тирмизаклар-эй! Туғилиб нима каромат кўрсатибдиларки, уни нишонласа! – деди Шерқўзи. – Майли, бориб келақолсин. Ишқилиб, ичкиликка ўрганиб кетмаса бўлди… Мусақулбой, шу уканг еган-ичганимни бурнимдан булоқ қилиб оқизмоқчига ўхшайди-да.

Мусақул акасига ҳайрон қараб қўйди.

– Кампир, бор, сен у-бу ишларинга қара. Қозон-товоғингни ювасанми ё ҳамсояларникига ўтиб гап сотасанми, ишқилиб бизни холи қўй, гапимиз бор, – деди Шерқўзи.

Афтидан Каромат уларни ҳеч холи қолдиргиси йўқ эди, шекилли, синини бузмай:

– Ўтирибман-да, – деди.

Шерқўзи шу пайтгача гапини икки қилмаган хотинига ўқрайиб қаради, аммо ҳеч нарса демай укасига ўгирилди:

– Тоза чарчадим, ука. Бир ўзим бўлсам, ҳали у деб югур, ҳали бу деб. Бир ёқда колхознинг иши, бир ёқда рўзғор ташвиши. Аҳволимни кўриб турибсан – битта хотинга гапим ўтмайди. Али десанг, бали деб туради. Она-бола тоза бошимга чиқиб олди. Мана, бир ойки, ҳар куни ғалва: Султонбойга хотин олиб бериш керак эмиш! Оқшомлари ухламай, кўкрагини захга бериб ётади. Бир-бирларига кўнгил қўйибдилар! Шу Аширқулда бир қиз бор – худонинг балоси. Агар шу жаложинчани олиб бермасам, она-бола мени ташлаб, чўлга қочиб кетар эмиш, чўлга!

Каромат анграйиб қолди. «Ёлғон гапиргунча ёрилиб ўлсангиз яхши-е», дегандек ёқасини ушлади. Мусо акасининг гапларига чиппа-чин ишониб, янгасига қаради: «Шунақами?» Каромат нимадир демоқчи эди, Шерқўзи имкон бермади:

– Ўтир-э! Мен гапиряпман. Эрманми сенга! Ана шунақа, ука, бир оғиз гапириш учун булардан рухсат сўраш керак. Айт, деса – айтаман, йўқса, тилимни тишлаб ўтиравераман.

Мусо жуда ташвишланди:

– Масала шу қадар жиддийми?

– Нима, қулоғингга танбур чертаяпманми? Жиддий бўлмаса, шунча куйиб-пишаманми?

Мусо галстугини бўшатди, яна битта сигарета тутатди, ростдан ҳам акасининг бошига жуда катта фалокат тушгану бунда фақат ўзи халаскор бўлиши мумкиндек, ўйчан қиёфада сўз бошлади:

– Унда масалага бунақа тарзда бир ёқлама ёндашиб бўлмайди. Тўғри, Султон сал ёшроқ албатта. Лекин кечалари ухламай… Умуман, бу қадар қаттиқ севиб қолган бўлса, кўнглини синдирмаслик керак. Кейин унинг шаклланишига ёмон таъсир этиши мумкин. Масала жуда жиддий. Чуқурроқ ўйлаш керак.

Шерқўзининг энсаси қотди.

– Масала-пасалангни қўйиб тур, ука. Ундан кўра Султонга ўзинг икки оғиз насиҳат қилсанг-чи. Сени «акам-акам»лаб, соянгга саккиз қават кўрпача тўшаб юради – гапингни икки қилмас.

Мусо «жиддий масала»ни ҳал этишнинг бунақа осон йўли борлигига ҳайрон бўлди:

– Мен-ку насиҳат қиларман, бироқ у…Севги деган нарса…

– Хўш? – деди Шерқўзи укасининг чайналишига ғаши келиб.

– Болага жавр бўладими, дейман…

– Мен ҳам шуни айтаман-да, – деди Каромат қайнисининг далдасидан умиди учқунлаб.

– Унда нима қил дейсан? – деди Шерқўзи.

Мусо яна дудмал гапирди:

– Ҳар ҳолда кўнгил масаласи…

– Уйлантириб қўяйми? – деди Шерқўзи қизишиб. – Нонни нанна деб юрган болани-я?

Мусо кифтини учирди:

– Билмасам.

Шерқўзи давом этди:

– Уйлантириб қўйсам-да, ҳафта ўтмай: «Ота, буниси ёқмади, оёғи ингичка экан, бошқасини олиб берасиз», деса, ё: «Кулиши бизга тўғри келмади, яхши куладиганини топдим», деб қолса, унда нима қиламан? Менинг қиз фабрикам йўқки, бу она-боланинг кўнглига тўғри келадиган, андазасига тушадиганидан чиқариб бераверсам!

Мусонинг бирдан ўжарлиги тутди:

– Демайди! Мен кафилман – демайди. Муҳаббат – сизга ўйинчоқ эмас. Бу… Ўзингизнинг ўғлингиз бўлса ҳам, туйғуларини оёқости қилишга ҳаққингиз йўқ!

«Ие, бу бало қайдан чиқди?», деб қўйди Шерқўзи кўнглида.

– Эй, менга қара, калланг жойидами ўзи? – деди у ич-ичидан хуруж қилиб келаётган жаҳлини босишга тиришиб.

Бу гап Мусога аччиқ қамчи бўлиб тегди ва у шу пайтгача қамчи кўрмаган асов арғумоқдек кўтарилиб кетди:

– Каллам жойида, жуда жойида! Қани…

– Каллангиз жойида бўлса, ўзингиз уйлантириб қўя қолинг! – деб Шерқўзи бирдан сизлашга ўтди.

Мусога акасининг кинояси жуда оғир ботди, шунча вақт унинг гапларидан ранги чиқмай юрган одам, бирдан исён қилди:

– Бўпти! Ўзим уйлантириб қўяман! Нима, қўлидан келмайди, деб ўйлаяпсизми? Келади! Тўй-пўй деб ўтирмай иккаласини ҳам Москвага олиб кетаман, ўқитаман. Степендиямни шуларга бериб, ўзим вокзалда юк туширсам ҳам, кунимни кўраман.

Шерқўзининг заҳраси учди: «Э, бу қипқизил тентак экан-ку!». Лекин, бари-бир тилининг қичиғини босолмади:

– Ҳм… майли уйлантириг. Сизга ҳам фарз – укангиз. Мен ўлиб, нетиб қолсам, албатта унинг бошини силашингизга тўғри келади. Лекин ҳозир қайси пулчаларига уйлантирадилар? Муллажирингни қайдан топадилар, муллажирингни?

– Топаман! – деб турсайди Мусо.

– Олдин ўзларига хотин топсинлар! Олти йилдан берики, одамларнинг ичидаги гапларни топиш тўғрисида китоб – дастуриламал ёзяптилар… (Диссертациясининг мавзуини Мусо ҳар келганида акасига деҳқонча қилиб қайта-қайта тушунтириб қўйган эди.) Бирон бир қизнинг ҳам кўнглини текширсалар бўлармиди, зора, ўзларига майл билдиргани чиқар…

Мусо қандай гувлаб кўтарилган бўлса, шундай шувиллаб тушди:

– Менинг уйланишим билан ишингиз бўлмасин! Уйланарман ҳам. Оғирлиги сизга тушмайди. – У лаблари титраб, акасига ёвқараш қилди; Шерқўзи ҳаддидан ошганини сезди, бундан ўзи эзилди. – Ака бўлатуруб сиздан шу гап чиқдими… бўпти! Бопладингиз! Энди ўғил уйлантирасизми ё ўзингизга яна битта чўри оласизми, аралашмайман. Бундан кейин… – Мусо гапини охиригача айтмай қўл силтади-да, сапчиб жойидан турди.

– Илоё, ўғил туғмай мен ўлай! – дея Каромат ҳўнгиллаганча йиғлаб юборди.

Шерқўзи индамай ерга қараб қолди; укаси эшикни қарс уриб чиқиб кетгач эса, жуда-жуда хўрлиги келди: шу китобхўр, савдойи укам ҳам одам бўлсин, пешонасига офтоб тегсин, деб топган-тутганини аямайди; жўнаганида доим машинасига ўтқазиб, шаҳардаги вокзалгача чиқариб қўяди; шу йил кўкламда кийимларининг унниқиб қолганини кўриб, бегона юртда – дўсту душманнинг ичида кўнгли чўкмасин, деб, жигари-да, юз эллик сўмга (шунча пулни қайси мард еб кетарга беради!) устидаги костюмни олиб берди; мана оқибати – итдай қилиб кетди! Хотинини чўрига тенг қилди. Бир оғиз гапига!

– Ўчир унингни! – деб ўшқирди у ҳамон ўксиб-ўксиб йиғлаётган хотинига. Ўчир, деяпман!

Каромат унини ўчириб, пиқиллашга ўтди. Шерқўзи укасининг ҳамон ўчмай, ликопчада тутаб ётган сигаретасига термулиб, ўзини бу оламдаги энг бахтиқаро одамдек ҳис этди, чуқур хурсинди:

– Сўровдингми, бу боди неча кунга келган экан?

Каромат елкасини қисди.

– Қанақа меров хотинсан? Сўраб олмайсанми, ахир? – дея Шерқўзи дўпписини қийшайтириб, гарданини қашлади. – Бугун буқага ем бердингларми?

Каромат бош ирғаб, «Ҳи-ий» деган товуш чиқарди, бу «Ҳа», дегани эди.

Шу тунни Шерқўзи қуш уйқусида ўтказди. Ўғлининг ярим кечаси гандираклаб келганини, ётгандан сўнг ҳам кўнгли айниб, уч марта ташқарига отилиб чиққанини кўрса ҳам, индамади. Ўйлаган ўйларининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб, эрталаб дили равшан тортиб турди. Икки чақиримча наридаги участкадан хабар олди. Кеча таралган сув ҳали этакка етмабди. Текис ер-да, сув юриши қийин, лекин ғўзалар қониб ичади. Шерқўзи у ер-бу ердаги ювилаёзган қулоқларга чим босиб тўғрилади-да, уйга қайтди. Келса, кўзлари қизариб, ранги олиниб қолган Султон қатиқни қошиқ билан кавлаб ўтирган экан, отасини кўриб бошини ҳам қилди; кеча ичгани учун ундан аччиқ-тизиқ дашном кутди. Аммо Шерқўзи буни ўғлининг юзига солмади – у бошқа фикрлар билан банд эди.

– Бўлдингми? – деди у. – Қани, болтани ол.

Ота-бола ҳовлига чиқишди. Шерқўзи қайси теракларни йиқитиш кераклигини бир бошдан кўрсатиб турди. Султон эса болта билан кафтдек пўстлоғини учириб белги қилиб бораверди.

– Йигирмата, – деди Шерқўзи. – Етади. Йиқитиб, бутайсан-да, пўстлоғини шиласан. Кўзингга қара, электр симига ёнбошлатиб қўйма тағин. Дарахт болта урган тарафга қулайди, эсингдан чиқмасин. Айлантириб ғажиб ташлама, бир томонидан чоп. Бунга икки кун кетади. Кейин мана бу эски оғилни бузиб, ўрнини текислайсан. Биронта шопир билан тоғдан беш-олти мошин тош ташийсан. Бирон тонна семон, уч мингта ғишт қуясан. Оғилнинг ўрнига, кейин ташиб қийналмайсан-да. Теришига, майли, ўзим қарашаман, аммо бошқа ҳамма ишни ўзинг қиламан, ўргатаман. Уч уй, биттаси мана бунақасига тушади. Бу ёғи айвон. Иморатни қулинг ўргилсин қилиб битирасан, ана ундан кейин – тўй. Келинни янги уйга туширмасак уят бўлади, ҳамма шундай қиляпти. Сенинг бошқалардан кам жойинг йўқ. Ўзинг қара, шу чолдеворга келин обкелиб бўладими? – У пойдевори ердан бир қулоч кўтарилган, деразалари уч тавақали, томи шифер билан қопланган, оқланган беш хонали иморатга ишора қилди. – Сенга янги уй керак. Бир чолу кампирга шу чолдевор ҳам бўлаверади. Сўғин… пул топишнинг ҳам йўлини ўйла. Токайгача сени боқаман? Энди бизни боқадиган вақтинг ҳам келди… Майли, сени кўчага ташлаб қўймайман – минг сўм бераман. Иморат учун. Ана, бор-э, новвосни ҳам тўйингга атадим. Бозордан биронта мол олиб бераман. Боқиб семиртирсанг – фойдаси сеники, зарар қилсанг – тўлайсан. Лекин қолганини ўзинг топасан. Тўйга ҳам беш-олти минг керак. Нима қиласан? Ишлайсан-да. Бригадирдан сўраб кўрай-чи, аравани берармикан. Кейин, пахта тугагач, Пиримнинг қаватига кириб тракторчиликни ҳам ўргансанг… Ҳозир тракторчи ҳам ойда икки юздан ошириб туширади. Ола хуржунни елкалаш осон эмас. Жамийки нарса пулга боғлиқ бўлиб қолди. Ҳозир қизлар то тўйгача, то шип этиб оёқ-қўлингни боғлагунча илжайиб: «Султон акажон, сизсиз менга дунё қоронғу», деб юради, кейин хат олиб, хат беришлар қаёқда? Пул олиб, пул беришади.

Султоннинг қўлидан болта тушиб кетай дерди.

– Бунақада… уч йилда ҳам… – дея олди у.

– Ҳа? Уйланиш – олма пиш, оғзимга туш эмас. Агар бу ишларни эртароқ битираман, пулни бир ойда топаман, десанг ҳам – ихтиёринг. Мен чўзиб ўтирмайман. Ёки, шунча вақт мени кутиб ўтирмайди, деб қўрқаяпсанми? Кутади, яхши кўрса – кутади. Сен янги уйга тушириб оламан десанг, обрўйи-да, қайтанга боши осмонга етади. Ё яхши кўрмайдими?

Султон ерга қараганча қизариниб ғулдиради:

– М-м, нега энди…

– Бўпти-да, – деди Шерқўзи.

Бироқ Султоннинг саволи бор эди:

– А, келаси йил ўқишга борасан, деган эдингиз-ку?

Шерқўзи бунақа анқов болани энди кўраётгандек, жуда «ҳайратланганини» билдириб:

– Ана холос! – деди. – Қанақа ўқиш? Эсингни еб қўйдингми, ўғлим? Бўйнингга ола хуржун тушаяпти-ю, сен ўқиш дейсан. Хотинингни ким боқади? Сенга ким ҳар ойда етмиш-саксон сўм жўнатиб туради? Буларни ўйлайсанми?

Султон бўзариб кетди.

– Ҳе, содда болам! Хотин деб ўлиб-тирилиб пул йиғасан, тушириб ҳам оласан. Тўйдан кейин уч-тўрт ҳафта чилланг чиққунча яшинмачоқ ўйнаб, қувлашиб ҳам юрасан. Кейин… бошланади – рўзғорнинг униси кам, буниси кам. Бир вақт қарабсанки, севги дегани донга қўнган чумчуқдек пир-р этиб учиб кетиб, унинг ўрнига эса хотининг тўрт-бешта чурвақани қаторлаштириб туғиб ташлабди. Шундан кейин дод сол, бақир, қайда – ёшлик қайтмайди, яшинмачоқ ҳам йўқ. Болаларинг катта бўлади, қўлини ҳалоллаш керак, уйлантириш керак. Улар-ку ҳеч нарсанинг ташвишини тортмай униб-ўсаверади, аммо сенинг бўйнингда – бир умрлик бўйинтуруқ!

Шерқўзи ўғлига зимдан разм солди: Султоннинг ранги ўчиб, шалвираб қолган эди.

– Қанақа қилиб ўқийсан? Уларни қишлоқда қолдириб, ўзим кетаман десанг, болаларинг: «Отажон, бизни ташлаб қайга борасиз», деб биғиллаб этагингга тармашади, хотин ёқангдан ушлайди, сен қайда бўлсанг, мен ҳам ўша ерда, сенсин бир кун кам яшамайман, дейди. Яхши кўргандан кейин шунақа-да. Сени еру кўкка ишонмайди. Шаҳардан бирортасини топиб олади, деб қўрқади. Жўраларинг ўқийди, битириб келиб ёғлиқ-ёғлиқ жойларни эгаллайди. Яна ўқийман дегани Мусо амакингга ўхшаб Масков, Ленинград, Киев деган юртларга боради, дунё кезади. Сен эса биримни икки қилай, чирқиллаб ётган болаларимнинг оғзига бирон егулик тиқай, деб, хотиннинг этагидан чиқолмай, шаҳар нима, саёҳат нима, томоша нима – билмай ўйин-кулгидан, дунёнинг гаштидан бебаҳра ўтиб кетасан. Доим шу қишлоғинг, вағ-вуғ йиғлаётган болаларинг, шу қора кетмон… Майли, нима қиласан энди, уйланаман, деб сўз бериб қўйгансан, устидан чиқ. Чидайсан-да энди, – дея Шерқўзи, гўё ўғли аллақачон уйлангану ҳозир отасига кун кечиришнинг оғирлигидан зорланаётгандек тасалли берарди.

Шерқўзи уйланишнинг «қора» манзарасини ўғлига аниқ-равшан чиқиб берди, мисоллар билан тушунтирди, куйиниб уқтирди, унга жуда ачинди, бундай мушкул аҳволига ўзи мадад бўлолмаслиги учун таассуф билдирди: уйлангандан сўнг ҳар ким ҳам, агар у эркак бўлса ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўзи эса бошқа нарсаларни ўйлади: оғилни йиқитиб, ўрнини текислашга вақтии йўқ эди – айни муддао; лекин теракларга жабр бўладиган бўлди-да. Ҳай майли, йиқитиб, арчиб, яхшилаб тахлаб қўйилса, биронтаси сўраб қолар. Анна, Соҳибназар ака бу йил иморатини бошламоқчи, болор излаб юрадими, келади-да. Бўлмаса, устига қора қоғоз ёпса, нам ўтмайди, қуриб ётади. Ўзи ҳам вақти келди – яна бир йил қирқилмаса, ўзаги чириб қолади.

– Ҳа, пешанангдагини кўрасан-да, ўғлим. Қўлга туфлаб олиб, бисмилло, де, ишни бошла. Болтани теракнинг тубидан ур, тўнкаси ер баравар қолсин. Мен онанг билан маслаҳат қилай-чи, келинига кийим-кечак тўғрилаганмикин. Бу ҳам катта ғалва – қирқта кўйлак қўйиш керак. Ҳар бири юз сўмдан кам эмас. Тавба, яхши кўрганингдан кейин жанда-жунда ҳам бўлавермайдими? Йўқ, бу замоннинг қизларига камида пошшонинг маликаси киядиганидан топиш керак. Илгари одамлар бир қоп жухори, уч газ читми, бўзми, шу билан хотин тушириб олган. Э-э…

Султон ҳар бири қучоқни тўлдирадиган теракларнинг аввал тубига, сўнгра учига мунғайиб қаради, назарида, улар булутларга туташиб кетгандек эди. Шерқўзи эса ўғлининг уйланишига рухсат бериб, оталик бурчини ўтаган, аммо унинг бошига тушган фожиадан гангиб қолган одамдек елкасидан босиб турган юкни базўр кўтариб, оғир-оғир қадам ташлаганча жўнади, йўл-йўлакай кафтини тўлдириб нос отди.

– Сўраб келдим, – деди Каромат эрини кўрган заҳоти. – Бугун кечқурун кетар экан.

– Хафами?

– Ҳа, хийлагина, – дея Каромат эрининг оғзига термилди.

– Пулдан ўнта ўн сўмлмк олиб чиқ. Яп-янги, шалдираб турганидан! – деб буюрди Шерқўзи.

Мусо акасини кўриб қовоғини уюб олди, кўришмади ҳам. Шерқўзи эса ўзини жуда ғариб тутди, укаси саломлашмаслигини билса ҳам қўлини чўзди.

– Отам қани? – деб сўради.

– Хатмга кетди, – деб тўнғиллади Мусо.

– Бийим-чи?

Мусо тескари ўгирилиб олди:

– Билмайман!

– Қаёққа кетди экан, а? – деди Шерқўзи кампир онасида жуда зарур иши бордек.

– Келин ахтариб кетган. Менга! – деди Мусо.

Шерқўзи йўталиб қўйди, томоқ қирди, «Эҳ-э, кеча тоза тегиб кетган кўринади. Пулингиз керак эмас, деб бойваччалик ҳам қилса керак», деб ўйлади.

– Ҳа, ука, менинг ҳам куним битганга ўхшайди, – деди Шерқўзи дабдурустдан йиғламсираб. Атай бурнини ҳам тортиб қўйди. – Мазам йўқ, ука, мазам йўқ. Шу йил қишда ўпкани олдириб қўйганга ўхшайман.

Мусо акасига ишонқирамай қаради, индамади.

– Кўкламда, ренгин келувди… – Шерқўзи гапининг давомини айтмай, худди ҳозир, айни дамда бу дунё билан хайрлашаётган одамдек «олис-олислар»га – шифтнинг бурчагидаги ўргимчак уясига чексиз қайғу билан термилди: «Тавба, минг хил жонзот бор-а, шу ҳам кун кўрса керак-да энди».

Мусо лаққа тушди.

– Хўш-хўш?

– Отамга айтолмай юрибман. Доғимни кўтара олмайди, деб қўрқаман. Илиниб турган бобой нарса, йиқитиб қўяманми, дейман-да. Мендан олдин қайга борасан, сендан олдин мен кетишим керак, деб… Эй худо, сенга нима ёзиғим бор эдики, отамдан илгари мени олсанг! Сен Масковда, муштипар сингилларим ўз рўзғори билан… Мен бунақа қия бўлиб кетсам, бобойнинг оғзига ким сув томизади? Ким ҳасса ушлаб, «вой, отам»лаб туради? Ҳаммангнинг йўлингга термилиб кўзи очиқ кетадиган бўлди-да отам бечора… – Шерқўзи буни аниқ тасаввур қилдию гапига ўзи ҳам ишониб, бирдан ўпкаси тўлди, кўзларидан тирқираб ёш келди. Мусоқулбойнинг ҳам ияклари қалтираб қолди.

– Ҳа, шурлик отам! Етмишдан ошганда бу кўргиликлар ҳам кутиб турганмиди! – Шерқўзи кафти билан кўзларини артди. – Ука, бу гапни оғзингдан чиқара кўрма лекин. Зинҳор базинҳор! Айниқса, бобойга.

Энди Мусонинг кўзлари ёшланди:

– Нима, докторлар аниқ касалга чиқардими?

Шерқўзи чўчиб кетди-да, ёлғонини андавалашга ўтди: