banner banner banner
Ўзим билан ўзим
Ўзим билан ўзим
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ўзим билан ўзим

скачать книгу бесплатно


– Қизиқ экан! – деди Адҳам.

– Қизиқ, – деди Карим ҳам. – Бу Бурҳон…

Бурҳон ҳақида гапиришгани сайин Карим очилиб борарди. У негадир шу чоққача Бурҳонни шу қадар ёмон кўришини билмаган, ўйлаб ҳам кўрмаган экан, энди эса уни иштиёқ билан ёмонлай кетди. Ёмонлагани сайин кўнгли ёришиб, ўзини яхши одам ҳисобларди. «Мен Бурҳондан қанчалар яхшиман», деб ўйларди.

Адҳам шу ерда тунаб қолди. У Бурҳоннинг кир кўрпасига ижирғаниб қараган эди, Карим унга тоза кўрпасини берди.

Карим узоқ вақт ухлай олмади, кўрпадан Бурҳоннинг иси келар, гўё кўрпа ҳам эгасига ўхшаб хасислик қилар, Каримдан иссиғини қизғанаётгандек бўларди.

Ой чиқди, деразадан кўринди, Адҳамнинг юзини ёритди: Адҳам ухлаб ётганида пиш-пиш нафас олар, юзи ҳам мулойим тортиб, ҳимояга муҳтож ёш боланинг худди ўзи бўлиб қолар экан.

Карим ҳозир ўрнидан туриб, Адҳамнинг ёнига ўтиргиси, ҳеч бўлмаганда устидаги кўрпани тўғрилаб қўйгиси келди, лекин Адҳамнинг уйғониб кети-шини, уйғоқ пайтларда ўзи билан қандай гаплашишини кўз олдига келтириб, юраги бетламади.

Лекин, бари бир, Адҳамнинг шу ётишида ҳимояга муҳтож ёш гўдакни эслатадиган нимадир бир нарса бор эди…

Карим кўзини юмди:

«Эртага эрталаб, албатта, Адҳам кетганидан сўнг, Моҳбиби келса… «Каримжон, мени кечиринг…» Карим қувониб кетади-ю, лекин сир бой бермайди. Моҳбиби гўё ярашмоқчидек, унинг пинжига тиқилади, қўлларини силайди. Карим уни итариб юбормайди, аммо юзини тескари буриб олади. Моҳбиби унинг муштумини ёзмоққа уринади, «Қўллларингиз мунча қаттиқ!», дейди. Шунда Карим эриб кетади-да, ёлғондакам пўписа қилади, шу билан бугунги қилмиши учун кечирим сўрайди: «Мана, шу қўлми? Сизга кўтарилган мана шу қўлни каравотнинг тутқичига бир уриб синдириб ташлайми?» Карим қўлини силтаб тутқичга урмоққа чоғланади. Моҳбиби эса ростдан ҳам қўрқиб кетади. «Йўқ, йўқ, – дейди у йиғламсираб. – Нега? Ахир, шу қўлингиз менинг ақлимни киритиб қўйди-ку!» Моҳбиби унинг қўлини ўпиб қўяди…»

Карим шу пайт беихтиёр ўзининг қўлини ғалати бир ташналик билан ўпди ва бирдан ўзига келди; ҳозирги аҳмоқона орзунинг ҳеч қачон амалга ошмаслигини ўйлаб ғижиниб кетди, қўлини қаттиқ тишлади…

    1982-1983 йй.

ОДАМНИНГ ОЛАСИ

Лоф эмас, Яламада Шерқўзидек мулойим, ундан ҳалимроқ кишини топиш мушкул. Мана, ёши қирқдан ҳам ошибдики, биров билан сан-манга борганини ёки, ақалли номига бўлса-да, кимсага дўқ урганини ҳеч ким кўрмаган-эшитмаган. Лекин Яламанинг ман-ман деган бўйни йўғони ҳам унинг қаршисида қўл қовуштириб айтадиган гапини орқа-олдига қараб, ўйлаб гапиради: Шерқўзи «жоним-жоним»лаб ҳар қандай одамнинг жонини кекирдагидан суғуриб олади.

Шерқўзи бир одамдан, у ҳам бўлса отасидан бир оз чўчийди. Лекин ҳовли-жойи, рўзғори бошқа, шундай экан, қариб қолган бобойдан чўчиди нима, чўчимади нима! Уч синглиси, «мусофирликда юрган» укаси ва онасига Шерқўзи аяброқ гапиради, аммо улар ҳам Шерқўзидан негадир ҳайиқишади. Айниқса, хотини Кароматга худо юракдан берган: елкасидан ҳам келмайдиган (тақдир экан-да!), увоққина эри олдида қалтираб туради. Шерқўзи жаҳли чиққан пайтларда бақирмайди, сўкмайди, «Хоним!» деб сизлайди, «Кароматхон!», дейди – узиб олади. Унинг эшикдан: «Каром, чой-пойинг борми? Ўзбекнинг рўзғори қурсин, бирин битирсанг, бири тайёр туради-я», деб ҳорғин кириб келишига, оҳ, Каромат жони-жаҳонини беришга тайёр – Шерқўзининг эркалатгани шу-да!

Аслида-ку, Шерқўзи рўзғори, хўжалигидан нолимаса ҳам бўлади – жойида. Эшик олди бир текис ваиш, ҳусайни, кейин яна бир қатор қора кишмиш, мускат… энг охири – эртаги даройи. Ундан сўнг худди шундай тартиб билан помидор, бодринг, картошка, ловия, булғори қалампир, аччиқ жайдари қалампир экилган. Уйнинг орқасида эса беда, маккажўхори, пиёз, озгина саримсоқпиёз, сабзи, яна уруғини Шерқўзи қайдандир топиб келган «суданка» деган емиш ўт. Ён томонда чоғроққина боғ, у ерда мевали дарахтнинг ёнғоқ билан шафтолидан бошқа қарийб ҳаммаси бор. Шерқўзи бу иккала дарахтнинг мевасини яхши кўрса ҳам, ўзини хушламайди: ёнғоқ кўп жойни эгаллайди, томорқанинг анча жойига соя ташлаб, бошқа экинларни сиқиб қўяди, шафтоли эса уч-тўрт йилдан сўнг қариб қолади. Ҳовлининг чор-атрофи бир текис бўй тортган мирзатераклар билан ўралган. Ҳар биридан иккита болор чиқади. Агар қирқ сўмдан (Шерқўзи ошиқча сўрамайди – инсофи бор) пулласа, ўзича ўсадиган, ош-нон сўрамайдиган шу теракларнинг ўзи икки ярим-уч минг туради. Бу ҳам бир давлат-да, пул топиш осон эмас, лекин йўлини билиш керак.

Шерқўзи пулга муҳтож эмас. Уч говмиш сигири (биттаси яқинда туғиб беради), икки зотли бузоғи, бир новвоси бор; буқаси эса боқувда, бурнига ўтказилган халқани силкитиб, пишқириб ётибди. Беш-олтита қўйи даштда – чўпонда. Ҳар йили ё биронтаси йўқолади, ё ҳаром ўлади, бироқ Шерқўзи қўли очиқ, бағри кенг одам – куйиниб ўтирмайди, «Садақа-да, келган бало-қазо шунга урсин», деб қўя қолади. Негаки, Шерқўзи пулнинг изидан қувган одам эмас, аксинча, пулнинг ўзи уни қувлаб юради. Тўғри, Шерқўзи тинмайди, эртаю кеч меҳнат қилади, кўпинча тез-тез мол алмаштириб сотади. Ҳар биридан икки юз-уч юз ёнга қолади, лекин ҳеч ким буни айб санамайди – бозор-да, йўлини билган одамники ҳалол.

Ўтган йили Шерқўзи ўғли ухлагандан сўнг хотинига аччиқ чой дамлатиб, ўзича хомчўт қилиб кўрса, жамғармаси битта енгил машинага бемалол етиб, ҳатто ошиб ҳам қолибди. Кейин ўйлаб қараса, Яламанинг энг олд одамларида машина бор. Шерқўзининг улардан ҳеч бир камчилик жойи йўқ. Шерқўзи эртаси куни яқин-яқин оғайниларидан шунчаки номига икки минг қарз кўтарди; қишлоқда ҳар хил одам бор, ўзи сувчи, топгани мунча, шунча пулни қайдан олди, деб устингдан ёзишдан ҳам тоймайди булар. У пулни костюмининг астарига тикди-да, тўғри марказга – райижроқўм раисининг қабулига жўнади. Гапни қисқа қилди: «Бизни, мана, яқин ўн йилдан бери яхши биласиз. Пахтани кечалари қулоқ бошида қолиб суғориш ташаббусига қўшилганимиз учун раҳматномани ўз қўлингиз билан топширгансиз. Аммо шу патгача уним кам, буним кам, деб сизни безовта қилганим йўқ. Энди бир илтимос бор. Тўғрисини айтганда, сиз учун оғзингизнинг бир четидан чиқадиган гап, биз учун эса… ўзингиз биласиз». Райижроком раиси: «Нима илтимос экан? Агар қўлимиздан келса, сиздек илғор сувчидан ёрдамимизни аяймизми?», деб қўйгач, Шерқўзи темирни қизиғида босди: лўнда қилиб шу киши шу лавозимга кўтарилгандан бери район хўжалиги гуриллаб ривож топганини, ҳали худо хоҳласа, бундан ҳам зўр бўлажагини, одамларнинг фаровончилиги ошиб; кўпчилик машина олганини ва шулар қаторида ғариб Шерқўзига ҳам битта «аравача» кераклигини (агар иложи топилса, албатта; йўқса, нима, машинасиз одамнинг куни ўтмаяптими!) баён этди; «Кел-э, шу калбағалнинг ҳам елкасига бир офтоб тегсин, дейсиз-да энди», деди охирида. Хуллас, марказга ими-жимида, ҳеч кимга билдирмай жўнаган Шерқўзи қайтишда ҳаммага кўз-кўз қилиб, говмиш сигирининг қаймоғидек товланиб турган «Жигули»ни ҳайдаб келди. Қурғур, ўзи ҳам кийикдек бўлар экан, сал тизгинни бўшатсанг – учади-я, учади! Айниқса, Шерқўзининг бунга қадар керакли қоғозларигача тўғрилаб қўйиб, машина ҳайдашни ҳам ўрганиб олганини айтмайсизми!

Яламаликлар: «Шерқўзининг ҳозир беш-олти минг пули бор», деб гап қилишади, балки, ростдир. Лекин бунинг учун ҳеч ким Шерқўзини айбламайди: ишлаб топади – ҳалоли бўлсин! Ҳа энди, ҳамма жойдагидек, Яламада ҳам бир-икки оғзига кучи етмаган топилади. Бултурдан бери мактабда рус тилидан дарс бераётган малла, сепкилдор Сарвар (у ўқишдан дипломга қўшиб «Саврасик» деган лақаб ҳам олиб қайтган) Шерқўзини «мешчан» дебди. Шерқўзи буни эшитиб кулиб қўя қолди. Ўзи тенги бўлганда-ку, онасини кўзига кўрсатар эди-я! Қўлидан бир иш келиши даргумон, чўнтагида ҳемири йўқ бу мирқуруқ ёшлар ўзлари етишолмаган нарса борки, ёмонлашади. Кейин Шерқўзи ҳеч ҳам мечкай эмас, овқатни танига қараб танлаб ейди. Бу болалар оғзидан чиққан гапнинг маънисини билмайди-ю, яна бировларни наҳ уришига ўласанми! Аввал Шерқўзидек бўл, қора меҳнатнинг мазасини татиб кўр, ҳа, унда гапирсанг ярашади. Тўй-маракангга бош-қош, қувончингга шерик, дардингга дардкаш бўлса, бошингга ташвиш тушганда, «Жон ака, ёрдам беринг», деб олдига югуриб келсанг-у, яна ўзи еб бировни қуруқ қўйгандек, тўртта ғилдирак олганига Шерқўзи пуф сассиққа чиқса!

Шерқўзи чорпоядаги икки қават кўрпачада ёнбошлаганча, қўлидаги шингил райҳон билан елпиниб, гоҳ хушнуд, гоҳ дилгир кайфиятда (одам ҳеч нарсани ўйламаса шунақа бўлади) «Бизни ташлаб қайга кетди ул қаро кўзим мани», дея минғирлаб хиргойи қилиб ётган эди, қай гўрдан олашақшақ пайдо бўлиб, нақ тепасида шаққиллаб қолди. Шерқўзи чўчиб тушди, қўлидаги райҳонни дастурхонга ташлаб юборди.

– Кишт-э, нафасинг ўчсин! Ҳой Каромат, ҳайда буни, ҳозир чакки халтангни тешиб кетади.

Кечки овқат ташвишида ғимирсиб юрган Каромат ошхонадан чиққунча олашақшақ бир нарсани уқтирмоқчи бўлгандек аввалгидан қаттиқроқ, жон-жаҳди билан шақиллади-да, учиб кетди, қўшнининг тепа шохи қуриб қолган толига қўнди.

Ўҳ-ў, – деди Шерқўзи хавотирга тушиб. – Яна аччиқ ҳам қиладилар! Сенга чакки халтани қўшқўллаб тутқазиш керак экан-да?

«Шу қушнинг моякни оғзидан туғиши росмикан? – деб ўйлади у, хаёлига келган нохуш гапларни қувишга уриниб. – Тавба, ҳамма парранда тухумни бир томони билан туғса, бу тентак тескарисини қилади-я! Сабил жуда бехосият қуш-да, айтгани доим тўғри келади».

Каромат уйдан яна иккита ёстиқ кўтариб чиқди.

– Мана, бор-ку? – деди Шерқўзи ажабланиб. – Ё ўзинг ҳам ёнбошламоқчимисан?

Каромат ҳу ўша келинчаклик пайтларидагидек ички бир ҳаяжон билан, юзлари ёришиб табассум қилди:

– Сизнинг соянгизда ёнбошласам арзимабдими?

Шерқўзининг ҳайрати ошди: «Бугун жуда нозу фироқлар ўзгача – бирон гапи бор-ов. Бекорга ишва қилмайди бу».

– Ҳм… ёнбошла, – деди у бошқа гап тополмай.

Каромат ёстиқларни эрининг ёнбошига қўйиб, чойнакка қўл чўзди:

– Чойингиз совиб қолибди, янгилаб келайми?

– Кераги йўқ.

Каромат эрининг ёнига чиқди, индамай унинг оёқларига суяниб ўтирди. Шерқўзининг кўнгли ғалати бўлиб кетди.

– Э-э, суйкалмай ўтир. Чарчаб келганман.

Каромат эрининг совиб қолган чойини ичди-да:

– Бугун ўхшатиб қуйруқ ёғига палов қилиб бераман, – деди, кейин эрининг кийимларига қараб, қўшиб қўйди: – Алмаштириб олмайсизми, устингиздагини ювиб берардим.

Шерқўзи томоқ қирди-да, чордана қуриб ўтирди.

– Менга қара, бирон бундайроқ кийимлик–пийимлик олдингми? Олган бўлсанг, кўп айланиб-ўргилавермай айт-да қўй!

Каромат маъсум илжайди-ю, индамади, дастурхонга тикилиб ўтираверди. Шерқўзининг сабри чидамади:

– Гапирсанг-чи!

Каромат яна индамади.

Шерқўзи қараса, хотини ҳали-вери оғиз очмоқчи эмас, шунинг учун жўрттага эснаб, ёлғонлади:

– Айтгандай, Ҳаким бечора: «Хотинини касалхонага олиб бориб ташласангиз», деган эди-я. Сал бўлмаса, эсимдан чиқай дебди. Тур, бошқа кўйлак олиб чиқ, бунингнинг ёқаси тўзиб кетибди.

Каромат унга ташвиш билан қараб қўйди-ю, лекин ҳадеганда қўзғалавермади. Шерқўзи баттар қистовга олди:

– Тур, мунча инмиллайсан?

Каромат бошини кўтарди, хотин бўлиб эрига биринчи марта тик боқиб гапирди:

– Султонингиз, уйланаман, деяпти!

Шерқўзи дуруст англамади:

– Нима?

– Хотин олиб берасиз, деяпти.

Шерқўзининг кўзлари чақчайиб кетди:

– Қанақа хотин?!

Кароматнинг бояги табассумлари, бу гапни айтишдан олдин ўйлаб қўйган режалари ҳаммаси бир зумда учди-кетди. Эрининг кўнглидаги гаплар ҳошиясига майдалаб ёзиб қўйилгандек дастурхонга термилиб қўрқа-писа минғирлади:

– Бир-бирига кўнгил берган экан.

– Кимга? Анави Карим чаккининг жинқарчансигами?

– Йўқ, бошқа Аширқул аканинг қизи.

Шерқўзи тутоқди:

– Эй, менга қара, эсинг жойидами ўзи? Оғзингдан чиққан гапни билиб гапиряпсанми?

Каромат эрига аламли қаради:

– Билганим учун гапираяпман. Ҳали жуда аҳмоқ бўлиб қолганим йўқ… Чўлга кетаман деяпти…

Шерқўзининг бир қоши кўтарилди: «Эҳ-э, гап жиддийга ўхшайди. Бу касофат олашақшақ бекорга шаққилламаган».

– Эй, менга қара, галдирама. Дам хотин олмоқчи, дам чўлга кетмоқчи дейсан. Нима, уйланиб, чўлга хотини билан кетмоқчими?

– Сизга бир гапни уқтиргунча ўлиб бўлади одам.

– Агар Манзурани олиб бермасанглар, бошимни олиб чўлга кетаман, деяпти. – Кароматнинг кўзларига жиқ-жиқ ёш тўлди.

Шерқўзи эса негадир ўз-ўзидан бир оз енгил тортди: «Кетиб бўпти! Кетса ҳам икки кунда мулла бўлиб қайтади. Лекин манавит ақли калтани қандай қилиб тинчитиш керак?»

– Ҳм, бошини олиб кетади, де. Бу ерда ишламаган бош уёқда иш берар экан-да, а? Сенга ташлаб кетса бўлмасмикан – ақлингга ақл қўшилармиди! Иккита бош билан тузукроқ ўйлармидинг…

Кароматнинг киприклари пир-пир учди:

– Сизга шунақа майна қилиш бўлса! Телевизордаги Эргашдан камингиз йўқ.

Шерқўзининг қоши жойига тушди, бироқ шу он яна қайта, бу гал атай кўтарилди.

– Тинчгина ўтирган эдим-а! Қай гўрдан шу гапни топдинг? Ўғлингда калла бўлмаса сенда бордир? Сен эсингни еб қўймагандирсан? – Шерқўзи қўллари титраб чой қуйди, бир кўтаришда ичиб юборди. – Э, тавба! Ўқишдан-ку биринчи имтиҳондаёқ оёғи осмондан бўлиб қайтди. Энди бу нағмани ўйлаб топдими? Ноябрда лип этиб армияга олиб кетса… Э, ҳали хотиннинг маънисини қайдан билади бу!

– Биттаю битта ўғлингиз… – деди Каромат иягини тиззасига қадаганча.

Шерқўзи бўғилди:

– Йўқ, у менинг ўғлим эмас, мўлтонининг тўрвасидан тушиб қолган, бегона! Бу мол-давлатни нариги дунёга орқалаб кетаман, деб ўзим учун тўпладимми! Ўпкам оғзимга тиқилиб эртадан қора кечгача ким учун чопаман? Биттаю-битта фарзандим, шуни одам сонига қўшай, деб юрибман-ку, ахир!

– Шундай-ку-я – деди Каромат кўзларини енги билан артиб.

Шерқўзи бирдан ҳовуридан тушди:

– Каром, менга қара, эсингни йиғ. Мунда-ай танагга ўйлаб кўр. Ҳали мурти чиқмаган болага хотин олиб бериб, маломатга қолмайлик. Оёқ тираб туриб олса, насиҳат қил, авра. Бугун кўнгил қўйса, эртага эсидан чиқади. Жуда кўкрагини захга бериб ётиб қолмас. Отам хотинни қўйнимга солиб қўйса, ҳар куни биттадан муччи олардим, деган калтаўй бола-да. Ё бирон шумлик қилиб қўйганми ўғлинг?

Каромат қўрқиб кетди:

– Йўғ-э, худо сақласин! Фақат хат олиб, хат беришармиш.

– Унда, ҳовлиқма. Болангнинг сал суяги қотсин, бирон ишнинг бошини тутсин, кейин бир гап бўлар.

– Отамга айтинг, деб ҳол-жонимга қўймаяпти-да, нима қилай?

Шерқўзи бир зум ўйланиб турди-да, деди:

– Ҳа, гаранг қилаверса, отанг розига ўхшайди, деб қўявер.

Кароматнинг юзи ёришди:

– Ростданми?

Шерқўзининг энди жаҳли чиқди:

– Э-ҳа, гап бу ёқда экан-ку Ўғилдан олдин ўзлари чопавул чопган кўринадилар? Фаросат улашганда қаёқда эдилар? Қайнона бўлгилари келиб қолдими? А, бу Аширқулнинг хотини бузуқ, эркакларни йўлдан урадиган эди-ку? Уни кўрарга қўзлари йўқ эди. Энди у билан қуда-анда бўлмоқчимилар?

Бу гап Кароматга ёмон ботди.

– Мусалламни ёмон кўрсам… – дея тутилиб қолди у. – Унга ҳам ўзингиз айбдорсиз. Бечорани ўзингиз… йўлдан оздиргансиз. Шуни оламан, деб…

– Ҳа-а, ана шунақа бўлади, – деб Шерқўзи хотинининг гапини шартта кесди. – Бир вақтлар пуф сассиқ эдик, калтабақай, яна нима балолар эдик. Биз билан роса бир йил юриб, тегишга келганда, «Бўйи бир қарич бўлмай ўлсин, шу читтакка тегаманми! Тагига тўртта ғишт қўйса ҳам менга етмайди», деб бурунларини жийирган эдилар, – Шерқўзи қўлларини белига қўйиб, овозини чийиллатиб, бошини сарак-сарак қилганча хотинини ижиклади. – Айтавермайми? Мусаллам менга битай деганда, ҳар куни йўлимни пойлаб, бунинг ҳам иложи бўлмагач, «Агар мени ташлаб, Мусалламни олса, устимга керосин сепиб ўт қўяман», деб опасини югуртирган ҳам ўзлари. Шундайми? Яна айтайми? «Куёвимга кўз қисдинг», деб шўрлик бева Шарофатни юлганингизни ҳа гапирайми? «Мусалламни иссиқ-совуқ қилиб беринг»», деб чизмакаш ойимга ялинганингиздан ҳам мандат берайми? Йўқ, денг! Ҳа, нега индамайдилар?

Каромат бошлаган гапининг ўз зарарига бундай чаппа айланиб кетишини кутмаган эди, шошиб қолди, чор-ночор илжайганча, қизариб-бўзариб ён берди:

– Ўлинг, сиз ўшанда ҳам кичкинагина бўлиб, бир йўла беш-олтитамиз билан юрар эдингиз. Билмасмидим, ҳали ҳам мен…

Бу гап Шерқўзига анча ёқиб тушди, шундай бўлсада, ўдағайлаб қўйди:

– Ким кичкина? – Кейин ростдан ҳам худо ўзини бўйдан жиндай қисгани эсига тушиб, хотинини гап билан секингина чимдиб олди: – Шунча гапдан кейин кичкина ҳам қиладилар!

Каромат шўрлик қора булутлар ёғмай, бошидан шув ўтиб кетганига ишонч ҳосил қилиб енгил тин олди, ўзини уялганга солиб эрига ер остидан сузилиб боқди. Шерқўзи ҳам лабини йиғиштиролмай кулиб юбормаслик учун чойдан ҳўплади. «Ҳе, ноз қилмай ўл-э», деб ичида хотинини сўкди.

– Ҳа энди, худо бировни узун, бировни қисқа, бировни катта, бировни кичик қилиб яратади-да. Анави теракларни қара, экканимда ҳаммаси бирдай эди. Суви бир хил, ери бир хил, лекин иккита бараварини топиб бер, қани? Ҳамма бир текис бўлса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Мана, сенинг бўйинг кетган… Бизники шу, сал… Лекин олмага етмасак ҳам, шафтолини узамиз, ҳа! Яратганнинг қудратини қара – икковимизни қўшиб қўйибди. Ё норозимисан? Норози бўлсанг, айт. Мана, Суннат салангни қара – бўйи том баравар. Ақли-чи? Элликка кирди, ҳали ҳам валасапид минади. Э-э, кампир, дунёнинг ишлари шунақа…

Шерқўзи шу тариқа бир муддат ваъз ўқиди, бутунлай тор-мор бўлган «кампири» ҳам ора-сира ҳангомага мой қуйиб, эрининг оёқларини уқалаб ўтирди.

Эр-хотин ораларидан ҳеч гап ўтмагандек, яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди-ю, бироқ Шерқўзининг ҳаловати йўқолди. Қолаверса, хотинининг гап маъқуллаб, оёқларини уқалаб ўтиришида ҳам маъни кўп. Муштипар аёлда, ҳам эрнинг, ҳам фарзанднинг кунглини олмоқчи. Бу савдонинг ўрта бир йўлини топиш керак – сих ҳам куймасин, кабоб ҳам. Лекин эркатой ўғилни аҳдидан қайтариб бўлармикан?

Кечқурун укаси галстукларини ярақлатиб, осмондан тушдими, ердан чиқдими, бир-бир босиб эшикдан кириб келганда Шерқўзи бир кўза тилла топгандек суюниб кетди: Султон ҳеч кимнинг гапини олмаса ҳам, амакисиникини олади.

– Кел-э! Қайларда юрибсан? Одамни соғинтириб юбординг-ку! Ука деган ҳам шундай бўладими? Уч ойдан бери на хат, на хабар! Мундоқ акам бор эди ҳам демайсан. Ишларинг қалай? Рангинг олиниб қолибди. Чарчадингми? Имтиҳонларинигдан қутулдингми? Қачон битирасан бу ишингни? Ҳеч ёқлай деяпсанми? Ёқла-е тезроқ. Бизнинг кўкракка ҳам шамол тегсин! Укамиз олим бўлди, деб кариллаб юрайлик. Энди уйлансанг ҳам эрта эмас, Мусақулбой. Турғун сен билан ўқиганмиди? Яқинда яна ўғилли бўлди. Ўзи магазинчи, тўрт ўғилнинг отаси, бурнига хода етмайди. Бу ёқда, мана, Султон уканг ҳам уйланаман, акам йўлимни очсин, деб турибди. Келин ҳам тайёр эмиш, ҳа. Тоза ошиқ-маъшуқ. Қўй-э шу ишингни, қийналиб кетдинг. Ё домлангнинг қиз-пизига кўз тикиб юрибсанми? Майли, сеники тўғри. Катта одамлар билан қариндош бўлган яхши. Мана, биз ўқимадик. Лекин янганг билан қозон-товоқ, уй-рўзғон институтини гуллатиб ётибмиз. Энди қайнота-қайнаналикни имтиҳон топширарканмиз…