Читать книгу Етти буюк пайғамбарлар қиссалари (Раҳматулла Асадуллаевич Усманов) онлайн бесплатно на Bookz (4-ая страница книги)
Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Оценить:

5

Полная версия:

Етти буюк пайғамбарлар қиссалари

Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у киши билан баҳслашишни бошладилар. «Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?» деди». (Анъом 80 оят) «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?» деди. Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? Менга У Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса, сизлар Уни борми-йўқми деб мен билан гап талашасизларми? «Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман». Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз худо деб Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар бировга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир. «Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин». Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ. «Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган». Аллоҳнинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ. «Эсласангиз бўлмасми?» Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳга ибодат келтирган бўлар эдингиз. «Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?! (Анъом 81 оят) Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?! «Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!» Ким ўзини эмин санашга ҳақлироқ? Айтинг! Агар сиз айтмасангиз, мен айтай: «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир. (Анъом 82 оят) Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу ояти каримадаги зулмдан мурод—ширкдир.

Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса, доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўлади. «Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». (Анъом 83 оят) Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши қандай ҳужжат-далиллар келтиришини ўргатиб турди. Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди. «Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАРКАМОЛ СИФАТЛАРИ БАЁНИ. Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмларига фақат Аллоҳ таолонинг борлигини айтиб кифояланмадилар. Балки уларга Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини ҳам батафсил баён қилиб бердилар. Мушрикларни санамларга ибодатлари сабабини пардали қилиб баён этдилар: «Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар». (Шуаро 74 оят) Яъни, йўқ, санамлар бизнинг илтижоларимизни эшитмайдилар, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдилар. Аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай ибодат қилаётганларини кўрдик ва биз ҳам уларга ўхшатиб ибодат этмоқдамиз, дедилар. Бунинг отини кўр-кўрона тақлид дейилади. Ўз ақлини ишлатмай, бировга тақлид қилавериш оқилона тасарруфли одамнинг иши эмас. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач, уларга ўйиб-ўйиб оладиган гапларни айтдилар. «У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! (Шуаро 75—76 оятлар) Яъни, нимага ибодат қилаётганингизни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи? «Албатта, оламлар Роббидан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди». (Шуаро 77 оят) Иброҳим алайҳиссалом санамлар ҳеч бир ишга қодир эмаслигини мушрикларга билдириб қўйиш учун улар ўзларига душман эканлигини кўпчилик олдида ошкора эълон этдилар.

Сўнгра уларга Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга ўтдилар: «У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 78 оят) Мени йўқдан бор қилган зот ўша Роббул Оламийндир. Энди мени тўғри йўлга ҳам Ўша зотнинг Ўзи бошлайди. «Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 79 оят) Менинг ризқимни Унинг Ўзи беради. Ўша Роббул Оламийннинг Ўзи мени едириб, ичиради. «Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 80 оят). «Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 81 оят) Бу дунёда жонимни олиб ўлдирадиган ҳам, у дунёда қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. «Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 82 оят) Чунки у кунда Роббул Оламийндан ўзга ҳукмдор бўлмайди. Фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни мағфират қилиш ҳам фақат унинг ихтиёрида бўлади. Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ Роббул Оламийн ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа нарсаларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга солади, таомлантиради, сув беради, даволайди, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни мағфират қилади. Шунинг учун санамлардан воз кечиб, Роббул Оламийнга ибодат қилиш керак. Фақат Унинг Ўзига илтижо этиш лозим.

МУШРИК ПОДШОҲ ИБРОҲИМНИ МУНОЗАРАГА ЧОРЛАШИ. Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтдаги худолик даъвосини қилган подшоҳига етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорлади. Ана шу машҳур мунозара «Бақара» сурасида қуйидагича васф қилинади: «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: „Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради“, деганда, у: „Мен тирилтираман ва ўлдираман“, деди. Иброҳим: „Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинчи“, деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас». (Бақара 258 оят) Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади.

Тортишув Парвардигори олам ҳақида бўлган. У кофир подшоҳ, гапига қараганда, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шубҳа қилади. Аммо уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада ноқобул бўлиб, Аллоҳнинг улул азим Пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори олам ҳақида тортишди экан? «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан…» Аслини олганда, Аллоҳ унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин кофирлик ёмон нарса, шунинг учун кофирга султон, ҳукм, подшоҳлик берилса, ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига, ношукрлик қилади. Аллоҳ берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифат. Бу сифатига ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом ушбу сифатларни айнан кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда зикр қилдилар. Бу гапни эшитган кофир подшоҳ: «…мен тирилтираман ва ўлдираман», деди». Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғёнга кетади. Ўзининг айтгани бўлиб турганини кўргандан кейин, ҳаддидан ошади. Фуқароларга маош беришга амр қилиб, мен ризқ беряпман, деб ўйлайди. Бировга мусибатида кўмак берса, уни мен балодан сақлаб қолдим, дейди. Унинг кофирлиги борган сари туғёнга олиб бораверади. Охири, ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда, дейишгача етиб боради. Худонинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғёнга кетганлари сабабидан оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар. Улар фақат пешоналари тўқиллаб қаттиқроқ нарсага урилгандагина бир оз ўзларига келадилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нимаю ўлим нима эканини майдалаб тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри пешонасига тўқиллатиб: «…албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргинчи?» деди». Қуёшнинг машриқдан чиқиб мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараёндир. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳнинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи. Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи. Ҳолбуки: «Бас, куфр келтирган лол қолди». Чунки, таклиф қилинган нарсани амалга ошириш қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. У набокор очиқ-ойдин ишни тушуниб етмади. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига, куфр келтириб, талашиб-тортишишди.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ БУТЛАРНИ ПАРЧАЛАШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми байрамларида боғларга, сайлгоҳларга, ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар эди. Чиқишдан олдин эса, сохта худолари ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишар эди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан кейин келиб, ўша таомларни муборак таом сифатида қайтариб олишар эди. Нобакор қавмнинг тўғри йўлга юришидан умиди узилганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўзларича бир режа тузиб, мазкур байрам кунини кутди. Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у кишини ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда У: «Албатта, мен беморман», деди». (Соффаат 89) Юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди. «Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар». (Соффаат 90 оят) Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом дарҳол мушрикларнинг ибодатхонасидаги бут ва санамларига қараб, уларнинг олдидаги, одамлар қўйган таомларни кўрсатиб: «Қани, емайсизларми?! Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди. (Соффаат 91—92 оятлар). “ Эй худолар! Сизга нима бўлди ўзи?! Жим турибсиз?! Савол берса ҳам жавоб бермайсизлар?» Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади. (Соффаат 93 оят) Яъни, Иброҳим алайҳиссалом бут ва санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлидаги болта билан уриб синдира бошлади. «Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Анбиё сураси 58 оят) Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар. Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутларини парчаланган ҳолда кўриб, даҳшатга тушди ва: Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар. (Анбиё сураси 59 оят) Ва бу саволга жавоб излай бошладилар. Худоларимизни ёмонлик ила эслаб юрган бир йигит ҳақида эшитган эдик. Унинг исми Иброҳим эди. Эҳтимол, бу ишни ўша Иброҳим қилгандир, дейишди. «Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар. (Анбиё 60—61 оят) Мушриклар худоларини синдирган шахснинг адабини бериб қўйишга қарор қилдилар. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамлар кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шоядки бошқалар кўриб, ибрат олиб, бундан кейин ҳеч ким худоларимизга қўл текизмаса, деб ўйладилар. Ва ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломни одамлар қошига келтириб, сўроқ қила бошладилар. «Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар. (Анбиё 62) Уларнинг бу саволига жавобан: У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди. (Анбиё 63). Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди. Ақли кирганда ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бутларни «худо» деб юрганлари нотўғри эканлигини тан олсалар-да, ақли кетиб, яна эски ҳолларига қайтдилар ва Иброҳим алайҳиссаломга ҳужумни давом эттирдилар: «Сен худоларимизнинг гапирмаслигини олдиндан билар эдинг. Яна нимага бизларга, агар улар гапирадиган бўлсалар, ўзларидан сўранглар, деяпсан», деб дўқ уришди. Шунда, Иброҳим алайҳиссалом ҳам очиқчасига ўтдилар: «У: «Сиз, Аллоҳни қўйиб, ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?! Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди. (Анбиё 66—67) Яъни, ўйлаб кўрмайсизларми? Буларнинг нимасига сиғиняпсиз ўзи?! Булар сизга фойда ҳам бермаса, зиён ҳам етказа олмаса, нима учун фойда берадиган, зиён етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, буларга топинмоқдасизлар?! Сизга ҳам суф! Аллоҳни қўйиб ибодатини қилаётган «худо»ларингизга ҳам суф! Ақл юритиб кўрмайсизларми?! Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм, одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар. «Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар». (Анбиё 68) Яъни, мушриклар бир-бирларига, Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади, дедилар. Лекин улар гапларида катта нуқсон борлигини, бу талаблари худоларининг сохта эканини исбот этишини ўйлаб кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож худо қандай қилиб худо бўлиши мумкинлиги устида фикр юритишмас эди.

ОЛОВНИ ИБРОҲИМГА САЛҚИН ВА САЛОМАТЛИК БЎЛИШИ. Нобакор қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги гапларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатлари бўйича, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганларидан кейин куч ишлатишга ўтишди. «Улар: „Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!“ дедилар». (Соффаат 97 оят) Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига, Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинглар, дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отдилар. «Биз: „Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!“ дедик». (Анбиё 69) Олов Иброҳим алайҳиссаломга салқин бўлди, саломатлик бўлди ва унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.

Лекин оловга ёндириш хусусиятини берган зот унга: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» деб амр этди. Шунда оловнинг куйдириш хусусияти йўқолиб, ўрнига салқинлик хусусияти келди. Олов Иброҳим алайҳиссалом учун нафақат салқинлик, балки саломатлик ҳам бўлди.

Мушрикларни эса, зиёнга учратдик. Уларни мислсиз азобга дучор қилдик.

ИБРОҲИМНИ ҲИЖРАТГА КЕТИШИ. Аллоҳнинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавимга ҳам таъсир қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмни кучайтирдилар. Даъватчига турли ёмонликлар қилдилар. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлдилар. Охир-оқибат бориб уни жисмонан йўқ қилишга уриндилар. Чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқардилар. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман», (Соффаат 99) деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрди. Соф ниятини тушунмаган нобакор қавмдан, эски, ўзлари ўрганиб қолган одатларни Аллоҳ учун ватанини, аҳлини, яқинларини, манфаатларини бутунлай ташлаб кетишга қарор қилди. тарк этишни хоҳламаётган золим шахслардан воз кечишни хоҳлади. Фақат Аллоҳ билан қолиш, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш ва фақат Аллоҳ айтганидек яшашни ихтиёр қилди. Шунинг учун ҳам ишонч билан: «У мени ҳидоят қилур». Аллоҳ Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди, деди. Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом халойиқлардан биринчи бўлиб Биби Сора билан Шом ерларига ҳижрат қилган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат юзага келди. Бир ҳолатдан иккинчи бошқа бир ҳолатга ажраб чиқилди. Турли-туман алоқалар ва боғланишлар бутунлай тарк этилиб, улардан ажраб, фақат битта алоқа, битта боғланиш, яъни, Аллоҳ таоло билан алоқа ва боғланиш қолди.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЧТА «ЁЛҒОНИ». Иброҳим алайҳиссалом Биби Сора билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерга золим бир шахс подшоҳлик қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат учта ёлғони бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида; «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида», деган гапларидан зинҳор ва зинҳор Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»да сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.

Эсимизда бўлса, Иброҳим алайҳиссалом «Мен беморман», деган гапни мушриклар у кишини байрамга бирга боришга таклиф қилганларида айтган ва сиртда жисмоний беморлик тушинилса ҳам аслида руҳий қийин ҳолатни кўзда тутилган эди. «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди» деган гапни эса, парчаланиб ётган бутларни кўрган бутпараст қавм, бизнинг олиҳаларимизни ким бундоқ қилди, деганларида айтган эдилар. Унда агар буларни худо деган гапингиз тўғри бўлса, «буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган маъно бор эди. Албатта, бу ёмон, гуноҳ маънодаги ёлғон доирасига кирмаслиги ҳаммага маълум. Сора ҳақидаги «ёлғон»нинг нима эканлиги ушбу ривоятнинг ўзида баён қилиб берилмоқда. «Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Албатта, манабу жаббор сени менинг хотиним эканингни билса сен учун мендан устун бўлади. Шунинг учун агар сендан сўраб қолса менинг синглим эканингни айтган. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди». Демак, бу ерда сиртдан насаб бўйича сингиллик бўлиб кўринса ҳам аслда дин қордошлиги кўзда тутилган. Бу ҳам, албатта, ёлғонга кирмайди.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ХУДОДАН ФАРЗАНД СЎРАШЛАРИ.

Биби Сора золим подшоҳ ўзларига совға қилган чўри Ҳожарни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. У киши ўзларининг туғмасликларини бир оз бўлса ҳам эсдан чиқариш учун эрлари бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар ажаб эрмас.

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эди. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўради. «Роббим, менга солиҳлардан ато эт» деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик». (Саффот 100—101). Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун жуда буюк бир хушхабар эди бу. Биби Ҳожар ҳомиладор бўлиб ўғил туғдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эканлар.

Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди! Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Биби Соранинг рашклари қўзиди. Иш охири бориб Биби Ҳожарни гўдаги билан бошқа томонга олиб бориб қўйишга келишилди.

БАЙТУЛ ҲАРОМНИНГ ЁНИГА ЗУРРИЁТНИ ЖОЙЛАШТИРИШ. Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Биби Ҳожар билан гўдак Исмоилни қолдириб ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, У киши она болани кўрадиган улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим 37 оят)

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнию аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди. Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб, улғайиб борди.

АЛЛОҲНИНГ СИНОВИ ВА МУКОФОТИ. «Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: „Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?“ деди. У: „Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан“, деди». (Соффаат 102 оят).

Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки Пайғамбарларнинг туши ваҳийдир. Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди. Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган шахсга яна бир бор улкан синов рўбарў бўлди. Мўмин, мухлис банда Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, қандай бўлар экан, деб ўйлаб ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора изламади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик ҳам одам эди. Жони бор, қони бор, эси-ҳуши, ақли бор эди.

Ҳа, бу нафақат отанинг ўзига, балки боласига ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса, энди биринчи бор жиддий синовга рўбарў бўлаётган эди. Шу билан бирга, ўғил Аллоҳ таоло у туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек ҳалим ўғил эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам, Исмоил отасига: «Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй; болажонимни сўйсам, у нима қилар экан, деб ўйлаб ўтирма; мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан», деди. Нақадар буюк жасорат! Нақадар улкан одоб! Нақадар Аллоҳнинг амрига ажойиб итоат! «Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз». (Соффаат 103—105 оятлар).

Ота-бола қуруқ гап билангина кифояланмадилар фидокорликларини оғзидагина бажармадилар. Амалга ўтдилар. Ота-бола: «Икковлари таслим бўлиб…» Аллоҳнинг амрига бўйсиниб, итоат қилиб, амрни адо этишга тайёр эканликларини тилда айтганларидан сўнг, уни амалга оширишга ўтдилар ва ота: «уни пешонасича ётқизганида…» Сўйиш вақтида кўз кўзга тушмасин деб болажонини ерга қаратиб ётқизиб, уни сўйишга шайланиб, бўйнига пичоқ тортаётган бир пайтда: «Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг!» Сен тушингда кўрган амрни тасдиқлаб амалга оширдинг. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, болангни сўйишга жазм қилдинг. Амрдан кўзланган мақсад ҳосил бўлди. У ҳам бўлса, бандаларнинг тамомила Аллоҳга таслим бўлишлари эди.

Ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, фақат Унинг розилигини кўзлаб иш қилишлари эди. Ана ўша мақсад амалга ошди. Аллоҳга бандаларнинг жони керак эмас. Аллоҳга бандаларнинг қони ҳам керак эмас. «Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб унга нидосини давом этдирди Аллоҳ. Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофотлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофотдир. Чунки шу синовлар орқали улар ажр-савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофот борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофотдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди. «Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир». (Соффаат 106 оят).

Яъни, Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у яхши ўтди. Унинг ўғли саломат қолди. «Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». (Соффаат 107 оят). Яъни, биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни фидо қилдик. Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди. Бу ишлар Минода-ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди. Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди.

bannerbanner