
Полная версия:
Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Аллоҳ таоло жаннат тўла нарсаларни Одам ота ва Момо Ҳавога неъмат қилиб берди, лекин биргина дарахтга яқинлашишни тақиқлади. Аммо бу тақиқ одам учун зарур, унга керак эди. Зеро, тақиқ бўлмаса, одам чегара нима эканини билмай, ҳайвонга ўхшаб, кўнгли тусаган нарсани қиладиган, оқибатда у дунёни эмас, дунё уни бошқарадиган бўлиб қоларди. Тақиқ инсон иродасини мустаҳкамлайди, уни шаҳватидан ғолиб келишга ўргатади, ҳар бир нарсанинг меъёри, чегараси борлигини англатади. Ушбу нарсаларни фаҳмлаш ва уларга амал қилиш билан инсон ҳайвондан тубдан фарқ қилади. Аллоҳ таоло одамга ақлу ирода бергани, уни ўзининг ер юзидаги халифаси этиб тайинлагани учун ҳам унга ушбу тақиқни жорий қилиб, доимо иродасини чиниқтириб туришини хоҳлаган.
Шайтон Одам билан Ҳавони Аллоҳ таолонинг амридан чиқишга чорлай бошлади. «Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: „Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди“, деди». (Аъроф 20 оят). Шайтон, асосан, инсонни шарманда қилиш, унинг айбини—авратини очиш учун жиддий жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Шайтон ўз васвасасини ҳақиқат деб кўрсатиш учун: «Уларга: „Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман“, деб қасам ичди». (Аъроф 21 оят). Яъни, шайтон Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, ўз иғвосини насиҳат, деб атади.
Шайтон ўзининг ушбу иғвоси ила: «Бас, уларни алдов ила паст (ҳолат) га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: „Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!“ деди». (Аъроф 22 оят). Шайтон мақсадига етди. Одам ота ва Момо Ҳавони алдаб, ўз йўлига солди ва ниҳоят уларни гуноҳкор қилиб, мартабасини пастлатди.
Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавога тақиқланган ишни қилиб, гуноҳор бўлганларини айтиб, эътироз билдирди. Одам билан Ҳаво ўзларини Иблис алайҳи лаъна каби тутмадилар, икковлари дарҳол гуноҳларига иқрор бўлдилар ва: Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар (Аъроф 23 оят) ва тавба қилдилар.
ХУДОНИ ЖАННАТДАН ТУШИШГА АМРИ. Шайтон алайҳи лаъна ҳам, инсон ҳам даставвал хатога йўл қўйдилар. Аммо оқибат натижа икки хил бўлиб чиқди. Шайтон лаънатга гирифтор бўлди. Инсон раҳматга эришди. Уларнинг бу мартабаларига гуноҳдан кейинги ҳолатлари сабаб бўлди. Гуноҳкор шайтон кейин ҳам кибру ҳавони тарк этмади. Гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмади. Боз устига, ўз қилмишини тўғри деб даъво қилди. Одам эса, дарҳол тавба қилди ва Аллоҳ таолодан мадад истади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб: У Зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди. У Зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди». (Аъроф 24—25 оят). Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисни жаннатдан ер юзига тушишга амр қилди. Одам билан шайтон ер юзига бир-бирларига душман бўлган ҳолларида тушдилар ва қиёматгача бир-бирларига душман бўлиб қолдилар. Шайтон одам туфайли саждадан бош тортиб, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди ва қиёматгача уни иғво қилишга аҳд қилди. Унинг табиати ёмонлик қилишдан иборат.
Одам шайтоннинг васвасасига учиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлди. Сўнгра тавба қилиб, Аллоҳга илтижо этди. Демак, Одамнинг асл табиатида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Яхшилик йўлини тутса, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, шайтондан юз ўгиради. Ёмонликни ишга солса, шайтоннинг айтганини қилади. Қайта тирилтириладиган кунгача (қиёматгача) шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ уларга шуни раво кўрган.
Улар қиёматгача ер юзида яшаб, ундаги бор неъматлардан ризқланиб турадилар. Аллоҳ таоло Одам болаларининг ер юзида истиқомат қилиб, умри тугагач ўлиб, қайта тирилишларига ишора этаркан: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар, деди». Шундай бўлмоғи муқаррар. Қайта тирилганларида ер юзида қилган амаллари эвазига мукофот ёхуд жазо оладилар, жаннат ёки дўзахга тушадилар.
ХУДО ОДАМНИНГ ТАВБАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ. Аллоҳ таоло Одам билан Ҳавони ер юзида хоҳлаганларингча кунларингни кўраверинглар деб ўзларини ҳолларига ташлаб қўйган эмас, балки уларга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур калималарни ҳам Ўзи ўргатган: «Бас, Одам Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин (У Зот) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир». (Бақара 37 оят). Аллоҳ шу пайтда Одамга илҳом орқали маълум сўзларни берди, у эса уларни қабул қилиб олиб айтди, шундан кейин Аллоҳ унинг гуноҳидан кечди. Момо Ҳавони гуноҳи Одамга эргашганлигидан Одамнинг зикри билан кифояланилиб, кечирилди. Уламоларимиз, Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган калималар кейинроқ келадиган: «Роббана заламнаа анфусана», дея бошланувчи ёлвориш калималари эди, деганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таолонинг тавбани қабул қилувчилик сифати: «Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир», деб зикр қилинишидан ўша сўзларда тавба ўз аксини топганлиги билиниб турибди.
«Ундан ҳаммангиз тушинг, Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», дедик». (Бақара 38 оят). Аллоҳдан бандаларига келадиган ҳидоят Пайғамбар ва илоҳий китоблардан иборат бўлади. Демак, Аллоҳ ҳидоятга йўллашини, Пайғамбар ва китобларини юбориб туришини аввал бошданоқ айтиб қўйган. Ким Аллоҳнинг ҳидоятига – Пайғамбарига ва Китобига эргашса, уларга келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар аввал бўлиб ўтган ишлардан хафа ҳам бўлмайдилар.
ОДАМ ОТА БИРИНЧИ ПАЙҒАМБАР. Ер юзига тушганларидан кейин Одам ота ва Момо Ҳаво кўплаб ўғил ва қиз фарзандлар кўрдилар. Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша давр тақозасига кўра, биринчи жуфтликдаги ўғил қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қурар эдилар. Шундай тарзда вақт ўтиши билан одам зоти кўпайиб борди ва оталари Одам ота уларга пайғамбар бўлдилар.
Одам отанинг пайғамбар бўлганларига Қуръони Каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди». (Оли Имрон 33 оят). Тоҳо сурасида эса: «Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади», деган. (Тоҳо 122 оят) Яъни, тавбада бардавом бўлишни кўнглига солди.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в): «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг сайидидирман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки; Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», деганлар. Ушбу далиллар Одам отани ҳам Набий ҳам Расул Пайғамбар бўлганларини кўрсатади.
ОДАМНИНГ ИККИ ЎҒЛИ ҚИССАСИ. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (с.а.в.) га хитобан ушбу қиссани кишиларга тиловат қилиб беришни амр қилди: «Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Албатта, мен, оламларнинг Робби-Аллоҳдан қўрқаман. Албатта, мен, ўзимнинг гуноҳимни ҳам, сенинг гуноҳингни ҳам олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди. (Моида 27—29 оятлар). Аммо бу гаплар иккинчисига таъсир қилмади. «Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди». (Моида 30 оят).
У бу дунёда насиҳат қилувчисидан, яхшилик қилувчисидан ва ёрдам берувчисидан айрилиб зиён кўрди. Охиратда эса биродарини ўлдиргани учун дўзахга тушади. Қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин, бу ер юзидаги биринчи ўлик бўлганлигидан нима қилишни билмай қолди. Шунда: «Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: „Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!“ деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида сураси 31 оят).
Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг устига учиб келганларида, фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум сабабдан, қарғалардан бири ерга қулаб тушиб, ўлган. Сўнгра иккинчи қарға ўлган қарғани ерни ковлаб кўмган. Қарға қарғанинг ўлигини кўмганини кўрган қотил ўзидан нафратланди, ғурурга кетганидан ҳасад қилиб, бегуноҳ биродарини ўлдирган бу жоҳил, вақти келганда бир қарғачалик бўла олмай қолган.
2.НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. 4—3 минг йилликда яшаганлар. Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган, ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлганлар, пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар ва ул Зот алайҳиссалом улул-азм беш пайғамбарнинг (Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад) биридирлар.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 5- бобида келтирилган Одам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодлари энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Одам, Шит, Энўш, Қенан, Маҳолалил, Ёред, Ҳанўх, Матушалоҳ, Ламак. Демак, Нуҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ламак, энг катта боболари – Одам ота бўлган. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган.
ОДАМЗОТНИНГ БУЗИЛИШИ. Худо Одам ота билан момо Ҳавони жаннатдан ерга туширгач, уларнинг зурриётлари тезда кўпайиб, касбу-кор ўрганиб, хайрли ишлар қилиб яшай бошладилар. Улар отамиз Одам алайҳиссаломнинг динига эътиқод қилиб, ягона Худога ибодат қилишар эди. Одам отанинг авлодлари ичида Худодан қўрқадиган, тақводор, атрофдагилар ҳурмат қиладиган, солиҳ кишилар ҳам бўлган эди. Улар куни битиб ўлганларидан кейин, шайтон ҳийла ишлатиб қолган кишиларга: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз уларни суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди. Одамларга бу гап маъқул бўлиб, уларнинг суратларини чиздириб осиб қўйишди. Кишилар аввалига суратларга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар ясаб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Ҳар бир солиҳ киши вафот этгандан сўнг, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди, ҳайкалларни буту-санамларга айлантириб олишди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар. Ҳар бир қавм ўз Худосига эга бўлди. Ягона Худодан кўп Худоликка сиғиниш ва ер юзида инсонларга зарурий маҳсулотларни (ресурсларни) бир текис жойланмаганлиги ҳамда уларни чекланганлигидан қавмлар орасида қарама қаршиликлар вужудга келди. Зодагонларнинг ўз шахсий манфаатларини қавм манфаатларидан устун қўйиши, Худодан қўрқмасдан ҳаром-харишдан бойлик ортириши ҳамда фоҳишабозлик қилиб гуноҳ орттириши, охир-оқибат одамларнинг бирдамлигини йўқолишига ва жамиятни бузилишига олиб келди. Бундай ҳолат Худони ғазабини келтирди.
ЯНГИ ПАЙҒАМБАРЛАР ЮБОРИШ ЗАРУРАТИ. Одамларни Яратганга эмас ўзлари ясаб олган ҳайкалларга сиғиниши, бир томондан, қавмлар задогонлари ва ҳукмдорларининг ўз манфаатларини қавм аҳли манфаатларидан устун қўйиши, ўзларидан кетиб, Худодан қўрқмасдан ҳаром-ҳаришдан турмуш кечириши, ва бу етмагандек бу ишлари билан фахрланиб мақтаниши, иккинчи томондан, кўпчилик одамларнинг аранг тирикчиликни ўтказишлари ва ночор кун кечиришларига Худо раҳм қилиб, адашган бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш, яратган Тангрига ширк келтирмасдан ёлғиз унинг ўзигагина ибодат қилишлари ҳамда қавм аҳлини ижтимоий муҳофаза қилиш учун янги Пайғамбар юборишни ирода қилди.
Парвардигор бу Пайғамбар одамларнинг ўзларидан, ўзларига ўхшаш бир одам бўлишини хоҳлади. Шунда Пайғамбарга ҳам одамларга ҳам осон бўлади. Чунки, Пайғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, яшаш тарзини, шароитларни ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Бандалари ҳам Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Ундан ташқари Пайғамбар Худонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб одамларга ўрнак бўлиши ҳам зарур эди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮБОРИЛИШЛАРИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломга бориб тақалади. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари бут-санамларга ибодат қилиб уларга сиғинар эдилар. Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, задогонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий тушириб, ўз қавмини ягона Аллоҳга ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариишга юборди ва қавмини динга чақиришга буюрди.
Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга пайғамбар бўлдим, деб ўз қавмларига мурожаат қилганларида, баъзилар «Бу қачондан бери Пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» дейишди.
Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.
Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади. Лекин фақат саноқли кишилар иймонга келдилар, холос. Бу мўминлар ҳалол касблари билан ҳаёт кечирувчи кишилар эдилар. Бойлар эса: «Ялангоёқ, мискинларга ошно бўлмаймиз», дейишди.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади: «Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб расул қилиб, юбордик». (Нуҳ сураси 1 оят). Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим оролига Пайғамбар этиб юборилган. У қавмга: «Эй қавмим! Албатта, мен сизларга юборилган аниқ огоҳлантирувчидирман (Нуҳ 2- оят) деди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТЛАРИ ВА ХАСРАТЛАРИ. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини динга чақириш бўйича Алоҳу таолони буйруғини бажаришга киришдилар. У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир», деди. (Нуҳ 2—4 оятлар).
Нуҳ алайҳиссалом Алоҳга мурожаат қилиб ўз қавмларидан саркашлари билан олиб борган даъват ишларини қуйидагича баён қилади. У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади. Ва албатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар. Сўнгра албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим. Сўнгра албатта, мен уларга ошкора ва яширин (даъват) қилдим.», деди. (Нуҳ 5—9).
Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир» (Нуҳ 10 оят), деди. Агар бу оятга амал қилсангиз… «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир», дедилар. (Нуҳ 11—12).
Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан «Аъроф» сурасида: «Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик» (Аъроф 96 оят), дейилади. Бундан Аллоҳ таоладан қўрққан, яхши амалларни қилган, адолат ва омонликни жорий қилган халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда, унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, тақво эса уни фаравон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлик бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.
Нуҳ сурасидаги кейинги оятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига Аллоҳнинг азаматини ўйлаши лозимлиги хитоб қилинади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар? Ҳолбуки, сизларни ҳолатма-ҳолат яратди. Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини (кўрмадингизми)?» (Нуҳ 13—16). Одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши, етти осмоннинг табақама-табақа халқ қилиниши, ойнинг нур ва қуёшнинг чироқ қилиб қўйилиши ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.
Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ тамонидан унга берилган неъматларни шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади. Ҳар бир жонзод, шу жумладан, одамзот ҳам набототларга ва уларга боғлиқ бўлган нарсалардан озиқланиб яшайди, шу сабабдан кейинги оятда: «Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир». (Нуҳ 17), дейиляпти. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки, «Сўнгра сизларни унга қайтарадир ва яна чиқарадир». (Нуҳ 18).
Сизни ердан ўстирган Зот сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим. Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.
Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган балки, бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган. «Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтди». (Нуҳ 19—20). Аллоҳ таоло ерда ҳамма шароитларни яратиб, одамлар бу дунёда бекаму куст-яшашлари ва ҳаёт кечиришларини таъминлаб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.
Шунда Нуҳ алайҳиссалом исёнкор қавм билан қилаётган ишлари ва дардларидан ҳасратландилар. «Нуҳ деди: «Роббим, албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар». Яъни, бойларга эргашдилар. «Ва ниҳоятда улкан макр қилдилар». (Нуҳ 21—22). Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари ҳамда шайтон васвасаси туфайли кишиларнинг Худо деб эътиқод қилган ва ибодат қилган ҳайкалларга сиғиниши қуйида келадиган оятда баён қилинади. «Ва: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманглар», дедилар». (Нуҳ 23).
НУҲНИ ҚАВМИ ИЛА ТОРТИШУВИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг мақсади – қиёмат кунининг азобига бандаларнинг гирифтор бўлмаслиги. Ўшал кун азобига дучор бўлмаслик учун Аллоҳга ибодат қилиш, Унга иймон келтириб, бу дунёда Унинг ҳукмларини адо этиб яшаш керак. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Унинг айтганларини қилиш, қисқаси, Унинг ҳақ динига мукаммал амал қилиш банданинг бирламчи вазифаси. Чунки бу дунёнинг мутлақ ҳокими—Унинг Ўзи. «Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», (Аъроф 60) дедилар. Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган, мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар.
Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан ношойиста жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун: «Эй қавмим, менда залолат йўқ…», дедилар. Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларидан ботил туҳматларни даф этдилар ва тўрт сифатга эга эканликларини таъкидлаб ўтдилар:
1. «Балки мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган Пайғамбарман!», яъни, менда залолат ёки адашиш йўқ, мен оламлар Раббиси томонидан сизларни Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Ундан ўзгага сиғинишдан қайтариш учун юборилганман.
2. «Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман», Яъни, амр-буйруқ, қайтариқ, панд-насиҳатлардан иборат бўлган ва мен Аллоҳ томонидан қилинган ваҳийни етказаман.
3. «Сизларга насиҳат қилурман», яъни, сизларни камол топтирадиган, бахт-саодатга етказадиган насиҳатларни таълим бераман.
4. «Мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман», яъни, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан менга сизлар билмайдиган нарсаларни билдирди ва мен ўша илм билан сизларни огоҳлантираман.
Барча оламларнинг Робби мени сизларга Пайғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб мен: «Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман». Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришишингиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб сизларга кўрсатмалар—амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Юборилган бу кўрсатмаларни сизга мен етказяпман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан: «насиҳат қиламан». Чунки мен: «Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан». (Аъроф 61—62). Кейин, оятнинг давомида Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларининг у кишининг Пайғамбар бўлиб келганларидан ажабланганликлари ноўрин эканини ҳамда Пайғамбарликнинг асл мақсадини баён қилдилар: «Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди». (Аъроф 63).
Нуҳ алайҳиссаломдан бу гапларни эшитган кофир қавм ақлий тортишувда енгилиб, ўз одатларича, дўқ қилишга ўтдилар: " Эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилинганлардан бўласан», дедилар. (Шуаро сураси 116).
Нуҳ алайҳиссалом уларга куюниб тушунтиришларига қарамай: Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Ҳамда бу ноқулай ҳолат мисли кўрилмаган даражада узоқ давом этди. «Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди» (Анкабут 14) Аллоҳнинг Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина одамдан бошқа ҳеч ким иймонга келмади.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ. «Дарҳақиқат улар кўпларини адаштирдилар. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 24) Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга: сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас, деб хабар берганидан сўнг, уларнинг иймонларидан ноумид бўлиб туриб қилганлар.
Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади: « (Улар) хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар». (Нуҳ 25).Уламоларимиз ушбу оятни қабр азобига далилдир, деганлар.
Шундай бўлса ҳам, Нуҳ алайҳиссалом яна бир марта даъват қилдилар. Саркаш қавм эса, «Биз билан кўп тортишдинг, гапинг рост бўлса, ваъда қилаётган азобни келтир», деди. Нуҳ алайҳиссаломнинг умидлари узилди, ғазаблари келди ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар». (Нуҳ 26—27).
Нуҳ алайҳиссалом энди келадиган оятда мўминларни дуои хайр қиладилар. «Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 28). Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмининг ўта кетган саркашлигини ҳамда залолатга маҳкам ёпишиб олганини, уларга ваъз—насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етдилар. Шунча йиллар ўтса ҳам, кофирлар иймонга келмадилар. Уларнинг иймонга келишига ҳеч қанай умид қолмагандан сўнг Нуҳ алайҳиссалом охирги дуоибадни қилишга мажбур бўлдилар. Шунинг учун илтижо ила Аллоҳ таолога нидо айлаб: (У) «Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар. Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (Шуаро сураси 117—118 оятлар), деб дуо қилдилар.
ДУО ҚАБУЛ ВА КЕМА ЯСАШГА АМР. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди. «Ва Нуҳга: „Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир“, деб ваҳий қилдик». (Ҳуд сураси 36—37 оятлар). Керагича даъват қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Ўзинг эса: «Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин». Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз. Қиссамизни шу жойидан Тавротни биринчи китоби Ибтидо китобининг 6 бобидан давом эттирамиз.

