Читать книгу Етти буюк пайғамбарлар қиссалари (Раҳматулла Асадуллаевич Усманов) онлайн бесплатно на Bookz (5-ая страница книги)
Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Етти буюк пайғамбарлар қиссалари
Оценить:

5

Полная версия:

Етти буюк пайғамбарлар қиссалари

Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Бу ҳаракатлари билан иймон байроғини янада юқори кўтарадилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. Аллоҳга таслим бўлишни тажрибаларидан ўтказадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло яна айтадики: «Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик». (Соффаат 108 оят). Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик. «Иброҳимга салом бўлсин!» (Соффаат 109 оят). Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръонни Карим орқали эълон қилмоқда! Бу ҳол зот алайҳиссаломнинг қадрлари нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатади.

ХУДО БИЛАН АҲДЛАШУВ БЕЛГИСИ – ХАТНА. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 17- бобида Худованди Карим билан Иброҳим алайҳиссаломнинг мазкур аҳди қуйидагича ҳикоя қилинади: Аврам тўқсон тўққиз ёшга кирган эди. Худованд унга зоҳир бўлиб деди: «Мен Қодир Тангриман. Менинг олдимда покдил бўлиб юргин. Мен сен билан аҳд-паймон қиламан, сени жуда ҳам кўпайтираман». Аврам юз тубан ерга йиқилди. Худо у билан гаплашиб деди: «Мен сен билан аҳд қилиб, сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қиламан. Сенинг исминг энди Аврам эмас, балки Авраам бўлади; зеро сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим. Сени жуда ҳам баракали қилиб, сендан эл-халқлар вужудга келтираман. Сенинг уруғингдан подшоҳлар келиб чиқадилар. Мен сен билан ва сендан кейинги авлодларинг билан наслдан-наслга ўтиб барқарор бўладиган абадий аҳдимни тузаман. Сенинг ва сендан кейинги авлодларингнинг Худоси Мен бўламан. Сен ҳозир мусофирларча яшаётган мамлакатни – бутун Канъон ерини сенга ва сендан кейинги авлодларингга абадий мулк қилиб бераман. Уларнинг Худоси Мен бўламан».

Худо Авраамга яна деди: «Энди сен ва сендан кейин туғиладиган барча авлодларинг ҳам Менинг аҳдимга риоя қилиб юринглар. Сенга ва сендан кейинги авлодларингга қуйидаги аҳдга риоя қилишингизни буюраман: орангиздаги ҳар бир эркак хатна қилинсин. Сизлар аъзонгиз учидаги терини кестириб, суннат бўлинглар. Ана шу Мен билан сизларнинг орангиздаги аҳднинг белгиси бўлади. Бундан буён наслингиздан туғиладиган ҳар бир ўғил болангиз, шу жумладан уйда туғилган ва бегона уруғдан бўлиб, сотиб олинган барча ўғил болалар ҳам саккиз кунлигида хатна қилинсинлар.

Хоҳ уйингизда туғилсин, хоҳ сотиб олинсин, сўзсиз хатна қилинсинлар. Менинг аҳдим ўз танангизда муҳрланган абадий аҳд бўлади. Аъзосини кестирмай, суннатсиз тураверган эркак эса ўз қавми орасидан йўқ қилинсин. Бундай киши Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади».

Худо Авраамга яна: – Хотининг Сорайни энди Сорай деб чақирма; унинг исми Соро (яъни Бека) бўлсин. Мен уни баракали қилиб, ундан сенга ўғил ҳам бераман. Уни шундай баракали қиламанки, у эл-халқларнинг онаси бўлади. Ундан ҳатто халқларнинг подшоҳлари туғиладилар, – деди. Авраам буни эшитиб, юз тубан ерга йиқилди. «Наҳотки юз ёшга кирган эркакдан бола бўлса? Наҳотки тўқсон яшар Соро бола туғса?» – деб кўнглидан ўтказди ва кулиб юборди.

Сўнг Авраам Худога: – Кошки Измаил Сенинг лутфу караминг остида яшаса эди! – деди. Худо деди: – Хотининг Соро сенга ўғил туғиб бериши муқаррар. Унга Исаак деб исм қўясан. Ундан кейинги авлод учун ҳам абадий аҳд бўлсин, деб Мен у билан аҳдлашмоқчиман. Бироқ, Измаил ҳақида айтган сўзингга ҳам қулоқ бердим. Мен уни баракали қиламан ва жуда ҳам кўпайтираман. Ундан ўн икки қабила йўлбошчиси келиб чиқади. Мен ундан буюк халқ вужудга келтираман. Аммо Ўз аҳдимни эса келаси йил шу вақтнинг ўзида Соро сенга туғиб берадиган Исаак орқали амалга ошираман. Худо Авраам билан гапини тамомлаб, унинг олдидан юқорига кўтарилди. Авраам эса, Худо унга буюрганидек, ўша куннинг ўзида ўғли Измаилни ва унинг хонадонида туғилган ҳамда сотиб олинган бутун эркакларни хатна қилди. Авраам ўзи хатна қилинганида тўқсон тўққиз ёшда эди. Унинг ўғли Измаил хатна қилинганида ўн уч ёшда эди. Улар иккаласи ўша куннинг ўзида суннат қилиндилар. Шунингдек, Авраам билан бирга унинг хонадонидаги барча эркаклар – уйда туғилганлар билан бегона уруғдан сотиб олинганлар ҳам барчаси хатна қилиндилар.

ИБРОҲИМ ВА ИСМОИЛ АЛАЙҲИСАЛОМЛАРНИНГ БАЙТУЛЛОҲНИ ҚУРИШИ. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қиссада, жумладан шундай дейилган: «Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди. Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди. «Сен ёрдам берасанми?» деди. «Ёрдам бераман», деди. «Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар». «Бақара» сурасида бу жараён қуйидагича ёритилади: «Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.

«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (Бақара 127—129 оятлар). Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Ота-бола Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар.

Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар: «Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил…» Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар шу билан бирга ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан, зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар: «…ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти: «Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат—зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар. «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор». «Ҳикмат»нинг маъноси—ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод—Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири—уларни поклашдир. Яъни, ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам. Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос.

ИБРОҲИМНИ ҲАЖ ИБОДАТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди.

Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг Ўзининг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган. «Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб…» Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма…» Яъни, Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ. «…Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин». (Ҳаж 26) Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга мусулмонлар ҳақлидирлар. «Одамларни ҳажга чақир…». Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. «…улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар». (Ҳаж 27). Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, бировнинг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ. «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар». Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. «Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда). Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар». Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади. «Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар». (Ҳаж 28) Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.

«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда «…ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» дейишдан мақсад шу. «…ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар». (Ҳаж 29) «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.

Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қариган чоғларида ато этган ҳалим ўғил Исмоилга боғлиқ ҳодисалар ана шулардан иборат.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МЕҲМОНЛАРИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоилдан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарини ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Заарийаат» сурасидаги оятлар очиқлаб беради: «Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?» (Заарийаат 24 оят). Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йигитлар сувратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурларида мукаррам эдилар. Иброҳим алайҳисаломнинг бундан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар кириб у зотга салом берганларида алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилдилар. «Улар унинг ҳузурига кириб, „Салом“ деганларида, у „Салом, нотаниш қавмлар“, деди». (Заарийаат 25 оят) Сўнгра: «Аҳлига бориб, семиз бузоқни (пишириб) келтирди». (Заарийаат 26 оят). Меҳмонлар олдиларига қўйилган гўштни емай ўтираверганларидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бузоқ гўштини уларга яқинроқ суриб, «Емайсизларми?» дедилар. (Заарийаат 27 оят). Фаришталар овқат емайдилар, шунинг учун улар яна овқатни емай ўтиравердилар. Одатда, меҳмон мезбондан норози бўлса, унга ёмонликни раво кўрса, овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом: «Улардан хавфсиради. Улар „қўрқма“, дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар». (Заарийаат 28 оят). Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган эканлар. «Бас, хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб, „қари, туғмас хотин-а?!“ деди». (Заарийаат 29 оят). «Улар: „Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ҳаким ва олимдир“, дедилар». (Заарийаат 30 оят). Яъни, фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига: «Бунақа даҳшатга тушма, ажабланма ҳам, бу гапларни сенинг Парвардигоринг айтди, у ҳамма нарсага қодир-хоҳласа, туғмасга ҳам, қари кампирга ҳам фарзанд бераверади», деган маънодаги гапни айтдилар. Дарҳақиқат шундай ҳам бўлди. Аллоҳ катта ёшдаги икки қари бандасига илмли, кейинчалик Пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзанд берди. Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага кишилар шунчалик ўрганиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ эканини унутиб, иш фақат эру хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам борадилар. Бандалар Аллоҳни эсдан чиқармасликлари учун яратганнинг Ўзи баъзи ҳолларда юқоридаги қоидани «бузиб» туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга зор бўлишади. Баъзиларга ўғил қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, эр-хотиннинг қўшилиши асосий омил эмас, Аллоҳнинг иродаси асос эканини мазкур ҳолатлар доимо эсимизга солиб турмоғи лозим.

Лекин улуғ Пайғамбар бўлган у зот бу фаришталарни бошқа ишлари борлигини сезиб турган бўлсалар керак. Улардан, «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир?» деб сўрадилар. «Улар: „Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз“. (Заарийаат 32 оят). „Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун. Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни“, дедилар». (Заарийаат 33—34 оятлар). Оятдаги «жиноятчи қавм» дан мурод Лут қавмидир. Ўша жиноятчи қавмга Аллоҳ таоло ирода қилган азобни етказиш ушбу, Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашиб турган фаришталарга топширилган эди. Шу билан бирга уларга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга илмли ўғил башоратини бериб ўтиш ҳам топширилган эди.

ИБРОҲИМГА ЎҒИЛ ХАБАРИНИ БЕРГАН ФАРИШТАЛАР. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 18- бобида фаришталарнинг Авраамга меҳмон бўлиши ва ўғил хабарини бериши қуйидагича тасвирланган: Куннинг жазирама иссиқ вақтида Авраам чодирининг эшиги олдида ўтирган эди. Бирданига Худованд Мамре болутзори ичидан унга зоҳир бўлди. Авраам бир қараб, рўпарада уч киши турганини кўрди. Авраам уларни кўриши биланоқ чодир эшигидан туриб, уларни кутиб олгани чопди-да, ергача эгилганча таъзим қилди. – Ҳазратим, – деди, – Агар мендан рози бўлсанг, бандангдан юз ўгириб кетма. Бир оз сув келтирсин, оёқларингизни ювинглар, шу дарахт тагида ёнбошлаб дам олинглар. Мен бир луқма нон олиб келай. Дилингизга қувват киритиб, яна сафарни давом эттирасизлар. Бандангиз томон йўлингиз тушибди, ахир. – Хўп, худди айтганингдек қилавер! – деди улар.

Авраам чодирга, Соранинг ёнига шошилиб кирди-да: – Тез бўл, уч тоғора майда ун олиб, хамир қил ва патир ёп, – деди. Сўнг Авраам пода томон чопди-ю, битта яхши, ёш бузоқни олиб, хизматчи йигитга берди. Йигит эса дарҳол бузоқни сўйиб пиширишга қўл урди. Шу орада Авраам сариёғ билан сут келтирди. Бузоқ пишгач, уни ҳам меҳмонлар олдига қўйди.

Улар овқатланар эканлар, Авраам дарахтнинг тагида ҳозир бўлиб турарди. Улар Авраамдан сўрашди: – Хотининг Соро қаерда? – Шу ерда, чодирда, – деди Авраам. Улардан Бири: – Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соронинг бир ўғли бўлади, – деди. Соро эса Унинг орқа томонида, чодирнинг эшиги олдида гапни тинглаб турарди. У бу гапни эшитиб, ич-ичидан кулиб юборди. Чунки Авраам билан Соро энди жуда қариб қолишган, умрлари охирлаб қолган, Сорода хотинларга хос хусусият ҳам тугаган эди. «Қариганимдан кейин мен яна гаштимни сурар эканман-да! Жанобим ҳам қариб қолганлар-ку, ахир», – деб кўнглидан кечирди. Худованд Авраамга деди: – Нима учун Соро кулиб, «Мен қариганимда яна бола туғсам бўлармикин», деб айтди? Худованд учун имконсиз нарса борми? Келгуси йил белгиланган вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, Соронинг бир ўғли бўлади, – деди.

ИБРОҲИМГА ИСҲОҚНИНГ БЕРИЛИШИ. Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (Соффаат 112 оят). Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди. Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди: «Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (Соффаат 113 оят).

Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 35 бобида Исҳоқнинг ўғли Яқуб (Исроил) алайҳиссалом, унинг ўғли эса Юсуф алайҳиссалом эканлиги келтирилган.

ХУДОНИНГ АВРААМГА ИСААКНИ ҚУРБОН ҚИЛ ДЕБ СИНАШИ. Таврот китобининг Ибтидо қисми 22 бобида бу ҳодиса қуйидагича ҳикоя қилинади: Худо Авраамни синаб, унга: – Авраам! – деди. – Лаббай! – деди у. Худо: – Ўзинг севадиган ягона ўғлинг Исаакни олиб Мўриё ерига кет. У ерда Мен сенга айтадиган тоққа чиқиб, ўғлингни қурбон қил, – деди. Авраам эрта билан туриб, эшагини эгарлаб, қурбонлик куйдириш учун ўтин ҳам майдалади-да, қулваччалардан иккитасини ва ўғли Исаакни ўзи билан олди, Худо унга айтган жойга қараб равона бўлди. Уч кун юришгандан кейин Авраам нарига бир кўз ташлади, ўша жойни узоқдан кўрди. У йигитларига: – Сизлар эшак билан бу ерда ўтириб кутиб туринглар. Мен ўсмир билан у ёққа бориб сажда қилиб, яна ёнингизга қайтиб келамиз, – деди. Авраам қурбон куйдиришга ярайдиган ўтинни ўғли Исаакнинг елкасига ортди. Ўт ва пичоқни эса ўзи қўлига олиб, икковлари бирга жўнаб кетдилар. Шу орада Исаак отаси Авраамга: – Отажон! – деди. – Лаббай, ўғлим, – деди у. – Мана, ўт бор, ўтин бор, лекин қурбон қўзиси қани? – деб сўради. Авраам: – Ўғлим, қурбон қўзисини Худо Ўзи беради, – деди. Шундай қилиб, икковлари йўлда давом этдилар. Худо Авраамга айтган жойга келганларида, у қурбонгоҳ тиклаб, ўтинни қалади. Сўнг ўғли Исаакни боғлаб, уни қурбонгоҳ устига, ўтинларнинг устига ётқизди. Авраам пичоққа қўл солиб, ўғли Исаакни бўғизламоқчи бўлган ҳам эдики, бирданига осмондан Худованднинг фариштаси унга хитоб қилди: – Авраам! Авраам! – Лаббай, – деди у. Фаришта: – Ўсмирга қарши қўл кўтарма, унга ҳеч ёмонлик қилма. Мен энди биламанки, сен Худодан қўрқасан, яккаю ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг, – деди. Авраам бир орқасига бурилиб қараса, чакалакда шохлари ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Авраам, қўчқорни олиб келди ва уни ўғли ўрнига сўйиб куйдирди. Худованднинг фариштаси иккинчи гал осмондан Авраамга хитоб қилди: – Мен Зотим ҳақи қасамёд қиламанки, Худованд гапирмоқда: сен бу ишни қилиб, ягона ўғлингни аямаганинг учун, Мен сенга қут-барака бераман. Насл-насабингни кўкдаги юлдузлардай ва денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтириб юбораман. Сенинг ўғил- набираларинг ўз душманларининг шаҳарларини оладилар. Сен гапимга қулоқ солганинг учун, ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар, – деди.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Вы ознакомились с фрагментом книги.

Для бесплатного чтения открыта только часть текста.

Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:


Полная версия книги

Всего 10 форматов

1...345
bannerbanner