
Полная версия:
АСАРЛАР (III жилд)
НИГИНА ВА АФСОНА
Балки олти ёшдир, балки етти ёш,Бир-бирини кўрса – кўзларида ёш.Ўтар олти ойми, ёки етти ой,Бир-бирин қўйишга тополмагай жой.Бири учиб юрар мисли капалак,Бири – шириндан ҳам ширин ҳандалак.Ширмой кулчадайин икки қизалоқ,Икки бойчечакдир, икки қизғалдоқ.Бири Истанбулдан келар соғиниб,Буниси Тошкентда кутар орзиқиб.Оллоҳ кўнгилларга сеҳр бермишдир,Шу мурғак жонларга меҳр бермишдир.Тириклик боғининг мўъжизалари,Янгроқ қўнғироғи, куй, жилғалари.Ҳаёт китобидан гўзал фасона,Бири Нигинадир, бири – Афсона.Булар сўйлашсалар – ғунча кулгандай,Худди фаришталар суҳбат қилгандай.Дунё ишларининг бари – бир тараф,Буларнинг соғинчли бағри – бир тараф.Бир-бирини қўмсаб, интилиб яшар,Шулардан ўргансин дўстликни башар.2007МУТАРЖИМ
Н.Комиловга
Ҳижрон бўлди менинг ошу ғизом, ака,Дил биландир доим баҳсу низом, ака.Мен қалб десам – қирқ чайқалиб, қирқ қалқдингиз,Ўз қалбидан ризою норизом, ака.Ою йиллар доим шундоқ айқаш-уйқаш,Бу дунёда ўзи йўқ интизом, ака.Не бўлса ҳам юз ёшгача соғ бўлгайсиз,Кўнгилларнинг таржимони, Низом ака.2007«Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз…»
Она, тўплаб чиқса – бардошларингиз,Шунча йиллар тўккан кўзёшларингиз,Еру осмон селу ёмғир, дўл бўларди.Бир воҳани кўмарди сув,Бир воҳани ғарқ этгувчи кўл бўларди.Ажинларингизни ўйласам агар,Бир-бирига улаб, бойласам агар –Сурхондан то Тошкентгача,Тошкентдан то Сурхонга қадарСоғинч тўла, армон тўла йўл бўларди.2007«Маҳмуд деган ошиқ келар…»
Маҳмуд Тоирга
Маҳмуд деган ошиқ келар,Изларидан қўшиқ келар.Лекин баъзи шоирларнингОртидан ош, қошиқ келар.Маҳмуд деган ошиқ келар,Изларидан қўшиқ келар.Қўшиқлари қалбингизнингБоласига бешик бўлар.2006САҲАР ТУРИБ…
Саҳар туриб, кўкка қараб керишдим мен,Ювиндим, сўнг ўзим билан кўришдим мен.Ўз олдимга ўтирғизиб мен ўзимни,Сўроқ қилдим, ўзим билан суришдим мен.Ўзим билан – бекор кетган саҳарларим,Бекор ўтган умрим учун уришдим мен.Ўзим билан шундай тонгги урушлардаРостин айтсам, бир ҳикматга эришдим мен.Сиз ҳам агар саҳар туриб керишасиз,Шак-шубҳасиз бир нимага эришасиз.2007МАКТАБГА БОРАМАН
Мен мактабга бораман,Қолар энди эртаклар.Отам етаклар мени,Қуёш мени етаклар.Мен мактабга бораман,Ойналарда ўйнар нур.Қўзичоғим, хайр энди,Энди ўзинг ўйнаб юр.Учиб чиқайин дейдиЖилдимдаги дафтарлар.Мактаб ҳовлиси тўлаБиринчи синф каптарлар.Қувнаб қадам босгайман,Кўнгилларим жўш уриб.Шу оппоқ каптарларгаКетгум мен ҳам қўшилиб.Димоғимда бор ҳалиЎт-ўлан, гиёҳ иси.Қўшилгай бу исларгаОқ дафтар, сиёҳ иси.Ҳаммамиз битта боғнингНиҳоллари, баргидай.Оқ, ёруғ синфхоналарОнамизнинг бағридай.Биринчи синф каптарлар,Жимирлайди жон ва тан.Чарх урар бизлар биланКабутардай оқ Ватан.2007МУЛТФИЛМ
Болаларга
Бургани бурга еди,Куркани курка еди.Бўрини ғажир бўри,Ўлжани еди зўри.Чўққилар биқинида,Бургутларнинг инида –Жўжа чўқир ўзинингУкасининг кўзини.Қувлаб юрар гиначиНиначини ниначи.Кўринг-да бу қилиқни:Балиқ еди балиқни.Қуённи қувлар қуён,Тулки қочмоқда қаён?Қочиб юрар ҳўкизлар,Изларидан – тўнғизлар.Кенгуруни кенгуруСакраб-сакраб, кенг юриб,Тармашади кетига,Чанг солар сўнг бетига.Маймунни миниб маймунТимдалар уни мамнун.Қоплон босиб панжасинЕб қўйди қоплончасин.Илонлару чаёнларСудралмоқда қаёнлар?Буларнинг ҳаммасини,Каклигу саъвасини –Келиб қолар-да беғам,Еб қўяр битта одам.Бу ёғи қизиқ бўлди,Бир катта чизиқ бўлди.Сиз булардан фарқ қилинг,Даврасини тарк қилинг.Китоб ўқинг, болалар,Китоб ўқинг, болалар.Бу шеърни айтди дилим,Дунёда энг зўр – билим.Ана сизга мултфилм,Мана сизга мултфилм.2007«Тушмиш қайси дарахтлардан болалар…»
Тушмиш қайси дарахтлардан болалар,Қуёш каби чарақлаган болалар?Ёрқин, порлоқ юлдузларнинг остидаТолелари ярақлаган болалар.Юраклари бойчечакни ўпмаган,Чўнтаклари жарақлаган болалар.Навоийни бир варақлаб кўрмаган,Пулни яхши варақлаган болалар.2007ИЛК ОҒРИҚ
Болаликдан, ёронлар,Ҳар ишга моҳир бўлдим.Булутларга чўпонуШамолга шофир бўлдим.Осмонларни хушладим,Чақмоқларни ушладимВа тоғларга улашдим,Бир кенжа ботир бўлдим.Гулдираклар гулдираб,Дилга кирди ғўлдираб,Кўкрагимни тўлдириб,Гоҳ дарё, гоҳ қир бўлдим.Қайга қадам қўйдим сўнг?Бир лолани суйдим сўнг.Майса янглиғ куйдим сўнг,Ё сеҳр, ё сир бўлдим.Менга болиш – тоғ, саҳро,Хаёлимда – гул Узро.У – ердаги бир Зуҳро,Мен эса Тоҳир бўлдим.Ойлар тўлиб айланди,Тақдирларим бойланди.Дўстим унга уйланди,Мен озроқ оғир бўлдим.Севгим чала қолди-да.Ўзим ўсган ҳовлида,Ўз кўнглимнинг олдида,Дўстлар, мусофир бўлдим.Бургутларни “сен” дердим,Чўққиларга тенг эдим,Самолардай кенг эдим,Тупроқ билан бир бўлдим.Билмадим бу савдодаОлдми ё охир бўлдим.Дўстим хотинли бўлди,Мен – катта шоир бўлдим.2007КЕЛИШМАДИК
Биз ҳам бошқа ошиқларданҚолишмадик, санам.Дилдан суйиб, дилдан куйиб,Кулишмадик, санам.Менинг бир кўнглиму сенингБир холинг бор эди.Бир севгини бизлар негаБўлишмадик, санам?Муҳаббат – бир қошу кўздир,Киприклари – нам.Бизлар нечун бир қошу кўзКелишмадик, санам?Ою қуёш энди бизданЙироқлардадир.Олис тушган икки ёлғизБолишмидик, санам?Сўлди умид айвонидаРайҳонларимиз.Бизлар нечун райҳонлардайСўлишмадик, санам?Осмонимиз ерда эди,Еримиз – осмон,Нечун ерни биз осмонгаАлишмадик, санам?Алишмадик, тўғри қилдик,Гулни – кўнгилга.Алишмадик, ахир бизларКалишмидик, санам?2007«Ярқираган тоғларимни…»
Ярқираган тоғларимниОқ туманлар қуршаб кетди.Кўкка қараб чопган йўлларЭнди бари нишаб кетди.Дарахтларим ҳоригандай,Бир-бирини ушлаб кетди.Дил боғига кирди кузак,Кеча хазон тўшаб кетди.Кўзларимнинг атрофлариАриқларга ўхшаб кетди.Бош гоҳида таътил сўрар,Соч ҳам ишдан бўшаб кетди.2007УКАДЎСТ
А.Э.
Бу дунё нимадир –Бир амри маъруф.Укамнинг уйлари –Келсам эшик қулф.Нурмуҳаммад қани, эй Абдурауф?Нурмуҳаммад қани, эй Эшимқулов?Тақдир дурадгори чекмас таассуф,Бир толдан ҳам тобут,Ҳам бешик қилиб.Гулдай укам сўлди, эй Абдурауф,Ўзинг укам бўлдинг, эй Эшимқулов.Муҳаммаджон қани,Муҳаммад Юсуф?Қай дилга бош урсам –Унда эшик қулф.Энди дўстим ҳам йўқ, эй Абдурауф,Энди дўст ҳам ўзинг, эй Эшимқулов.Икки Муҳаммадим –Икки тоза руҳ,Бурчин бажаргайсан ўз ишинг қолиб.Сенга қийинмасми, эй Абдурауф?Сенга оғирмасми, эй Эшимқулов?2007КОБУЛДА БАҲОР
“Сабзаю гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор…”
Заҳириддин Муҳаммад БобурНа елда қарору на селда қарор,На булбулда ором, на гулда қарор,Эй дил, қачон топдинг ой-йилда қарор?На дилда қарору на элда қарор –Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.Найсон, суйинг билан ювиб суй мени,Майса, кипригингга суяб қўй мени.Ўзинг тирилтиргин, ўзинг сўй мени,Мен каби дунёда борми интизор?Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.Фалак, мадрасангда дарс қилолмадим,Қиличларинг кесди, арз қилолмадим.Мен шу қиличларга бас келолмадим,Қайда йигитлигу завқу ихтиёр?Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.Қолдим кўклам аро хор, сарғариброқ,Ҳар зору ғарибдан мен зор, ғариброқ.У қирғоқ йироқдир, бу қирғоқ – фироқ,Сиз қайда қолдингиз, эй ёру диёр?Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.Кобулда баҳору ғамим ортади,Ҳасрат умрим аро черик тортади.Мусофир савдолар мени ўртади,Бу гулшан ичра мен бир тирик мозор,Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.Лоланинг жомига тегиб синди жом,Кўксимдан лолага бориб инди жон.Гўёки жон эмас – томди Андижон,Шунчалар кўпми шоҳ Бобурга озор?Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.2007СИЗЛАР ВА БИЗЛАР
Сизларда таомни ҳурмат қилишмас,Чўнқайиб, тик туриб ё юриб ейди.Бизда лўлаболишларга ёнбошлаб олибЁки кўрпачада ўтириб ейди.Сизларда олма ё нок тилимигаСанчқими ва ёки чўп уриб ейди.Бизларда бир қовун сўйилса – байрам,Одамлар осмонга тўп уриб ейди.Сизларда қўйишмас ҳашаротларни,Чигирткаларни ҳам супуриб ейди.Пати билан пиширилган бир ғозни бўлиб,Юз киши олқишлаб, кўпириб ейди.Оддий гуручни-ку минг кўйга солиб,Гоҳи буғдойни ҳам совуриб ейди.Сизларда овқатга гул қўшиб берар,Бизда булбулларни қовуриб ейди.2007САЙР
Матназар Абдулҳакимга
Хоразмни сайр этдим Огаҳий бобо билан.Кўҳна мозий ичра кетдим Огаҳий бобо билан.Ҳам ичондин, ҳам дишондин оҳанг эркан Хоразм,Мен унинг фаҳмига етдим Огаҳий бобо билан.2007«Менинг тўртликларим…»
Менинг тўртликларим –Менинг шўрликларим.Гоҳи мўртликларим,Гоҳи ғўрликларим.Пасту баландларим,Сўқмоқ, кенгликларим,Гоҳи қирликларим,Гоҳи ўрликларим.Сиз ғамгин умримнинг саналарисиз,Юрагимнинг синиқ ойналарисиз.Аламларим янглиғ турлик-турликларим,Бир шеър ҳижронида тортган хўрликларим,Менинг тўртликларим.Сиз – қалб осмонининг маҳзун шомлари,Қурмаган уйимнинг мунглуғ ромлари.Гоҳи рост сўзларим,Гоҳи ўтрикларим,Кўнгил кўчасида қилган кўрликларим,Зорлик, хорликларим –Менинг тўртликларим.Сиз менинг бардошим,Менинг сабрларим,Бу дилсиз дунёда дилдан хабарларим,Ўтган ёшликларим,Кетган шўхликларим,Гоҳи сўникларим,Гоҳи нурликларим –Менинг тўртликларим.Сарғайган баргдайсиз,Баргда – шабнамдай,Кексайган дарахтим – ёлғиз онамдай.Сўзга тутқун бўлиб топган ҳурликларим,Фироқ куйларига умрий жўрликларим –Менинг тўртликларим,Менинг тўртликларим.2007МАҚОЛ
Бозорга борганлар охир қайтишган,Умр – ипи тўзғиб кетгувчи ғалтак.Боболар ҳар сўзни билиб айтишган:Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.Кўза синдирганлар, сув келтирганларҲамма замонларда яшаган бешак.Боболар сўз айтиб, жим ўлтирганлар,Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.Емирилиб кетди қанча бинолар,Нодонлар ўриклар ейишди қантак.Сўйлаб қолаверди не-не донолар:Оқилга – ишорат, нодонга – калтак.Олам равнақидан кўзлар қамашди,Инсон ҳам ўзгариб бормоқда андак.Энди бу зотлар ҳам ўрин алмашди:Нодонга – ишорат, оқилга – калтак.2007МАЙЛИ
Энди нима деймиз? Ўзинг қол, майли,Агарчи нондан ҳам Сўз ҳалол, майли.Сендан баланд бўлса, юксакроқ бўлса,Симёғочни кесиб, ўтга сол, майли.Қирққил теракларнинг учларини ҳам,Қурит томирлари – кучларини ҳам.Баланд осмонларнинг қушларини ҳамАйлагил пойингда поймол, майли.Телеминорага ўрнат уйингни,Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингданОқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.Лутфий боболардан ёд Адабиёт,Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.Мангуликка қадар дод Адабиёт,Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,Ўтдилар Сўз узра музтариб, ғариб.Бориб Навоийни тахтдан ағдариб,Унинг ўрнига ҳам чиқиб ол, майли.2007«Бу орзулар юлдузларга…»
Бу орзулар юлдузларга, осмонларга айланар,Шабнамдай сўнг Ерга тушиб, райҳонларга айланар.Эшик бўлар, ром бўлар ҳам кўркам-кўркам сандиқлар,Бу чинорлар гўзал китоб жавонларга айланар.Ҳеч қайда йўқ бундайин оқ баданлару қоматлар,Бу тераклар устун бўлиб, айвонларга айланар.Жилғалардай бу қизчалар қувнаб ўсгай сиз билан,Кейин бир кун тутқич бермас жайронларга айланар.Бу болалар азоб чекиб, зўр шоирлар бўлурлар,Шоир бўлиб, кейин ҳар хил ҳайвонларга айланар.2007ҚАРЗ
Яратгандан олар жонлар қарзим бор.
(Халқ мулки)Устоз чинорлардан қанча дарс олдим,Улар токи борлар –Мен ҳам ўлмайман.Ёзувчилар боғидан кўп қарз бўлдим,Сиз хижолат бўлманг,Ўзим тўлайман.Кўклам чоғларида оқ тунлар аро,Оппоқ ўрик янглиғ ичдан гуллайман.Мен ўз тоғларимдан қарзман бир дарё,Сиз хижолат бўлманг,Ўзим тўлайман.Ҳануз ёд айласам – бағрим бўлар хун,Ҳинд ё Кобул десам – жунжикар бадан.Эй, сен дунёйи дун,Эй, сен даҳри дун,Ҳазрати Бобурдан қарзсан бир Ватан.Сен ҳам барчамизга юз йиллик дарссан,Шу миллат ҳурмати,Сўзнинг хотири,ХХ аср, сен биздан қарзсанБир Чўлпон, бир Фитрат ва бир Қодирий.Ҳар бир яхшиликни дилдан қўллайман,Осмон, варақларинг бунчалар мовий.Шоирлик қарзимни ўзим тўлайман,Пушкин тўламайди ва ё Навоий.2007, 2010ДИЛ ФАРРОШЛАРИ
Сиз яшайсиз – ҳар кун тўю байрамлар,Тилим сўзда, қўлим созда бўлсин деб.Биз ишлаймиз – бу Ватан, бу одамлар,Бу кўнгиллар озроқ тоза бўлсин деб.2007КАПАЛАК
“Мен-ку шошар эдим, сенҚайга шошдинг жонҳалак?..”Мошинамга урилибЖон берди бир капалак.Ҳеч нарса ўзгармадиЗамин сайёрасида.Жонсиз қанотчалари –Мошинам ойнасида.Капалакни ўлдирдим,Довоним “Чак-чак” бўлди6.Мошин зиён кўрмади,Юрагим пачақ бўлди.2008 й. 25.03.“САРОЙ ШОИРИ.” ИЗОҲ
Мен саройнинг шоириман,Тоғу сойнинг шоириман.Шу юртдаги ҳар бир шоҳуҲар гадойнинг шоириман.Оллоҳ дилимга солмиш сўз,Сўз ёнида – минг бир юлдуз.Сўндиргум деб уринманг сиз,Мен Худойнинг шоириман.Буғдойимни фалак эккан,Хокисор эл заҳмат чеккан.Фақир деманг, Кўнгил деганКатта бойнинг шоириман.Хазон тўлиб оқар ариқ,Соғинчларим яшил, сариқ.Онамнинг ранглари янглиғСариқ чойнинг шоириман.Олам бори юкин ортган,Оҳи осмонларни йиртган,Заҳириддин Бобур тортганКамон-ёйнинг шоириман.Ҳазрат Навоийлар меъморБоғ-саройнинг шоириман.Темур боболардан ёдгорОқсаройнинг шоириман.2008БОБОЖОНИМНИНГ ВАТАНИ
Бобожонимнинг Ватани,Отажонимнинг Ватани,Болажонимнинг Ватани,Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,Болталар кесмаган муртим-ей.Онажонимсан сен ўзинг,Қошу кўзимсан, юртим-ей.Ой десам, ойларинг синглимдай,Кун десам, кунларинг кўнглимдай.Номингни айтсам – олам ароТоғ топилмагай кўксимдай.Бургутлар мисоли учдим-ей,Осмонларингни қучдим-ей.Тупроғингга топиндим мен,Шундадир етти пуштим-ей.Нур олган сендан Ер юзи,Оқшомларингдир қирмизий.Ер юзига ҳикмат экканБухорий бобо, Термизий.Дилдаги меҳр ила шафқатим,Қуёшли қўрғоним, давлатим.Сўнмаган ғурурим сен ўзинг,Сен ўзинг шон ила шавкатим.Бобожонимнинг юрти-ей,Отажонимнинг юрти-ей,Болажонимнинг юрти-ей,Кўксимни тоғ қилиб юрдим-ей,Болталар кесмаган муртим-ей.Онажонимсан сен ўзинг,Қошу кўзимсан, юртим-ей.2008ТОЛИБ ЙЎЛДОШ ҲАНГОМАСИ
Бу ҳангомани “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрган кезларимизда Толиб аканинг ўзи айтиб берган. Оллоҳ раҳмат қилсин ва рози бўлсин.
Кўп шоирлар бугун эски,Кўп гаплар ҳам кечаги.Ном чиқармиш бир замонларТолиб Йўлдош эшаги.Одам зоти риёзатуЗаҳмат учун яралган.Эшаклар ҳам аслида иш,Меҳнат учун яралган.Бу дунёда рўзғор отлиғАроба ҳам бор гапдир.Бут бўлмаса – кўнгил деганХароба ҳам бор гапдир.Турмуш бўлгач – рўй бергайдирҲар хил иш, ҳар жиҳатлик.Одамзотга энг аввалоТинчлик керак, сиҳатлик.Ҳар кимсага турли қисмат,Турлидир чархи даврон.Замон у пайт оғир эди,Қийин эди у замон.Тирикчилик одамларгаБор юкини ортарди.Шоиримиз эшак биланАравасин тортарди.Беш лаҳзалик бу дунёдаИнсон кўзу олам қош.Бир ажойиб эшак эдиЮвошу ҳам қаламқош.Бор эди бу жонвор учунИкки эҳтиром пайти:Ем ер эди – туш чоғию,Иш тугагач – шом пайти.Ҳаёт бўлгач, ҳар калладаМинг хил ташвиш, ўй бордир.Одамзотга ҳовли-жоюМаҳалла ҳам кўй бордир.Ортда қолиб кетмайлик дебКўпчил тортган карвондан.Чиқиб кетар эди иковҲар кун саҳар мардондан.Инсон фикру ёди мислиЧувалашган калава.Рўзғорини ўйлар шоир,Ғичирлайди арава.Ҳар ташвишнинг совуғиюБўлгай иссиқ-илиғи.Бу жафокаш эшакнинг ҳамБор эди бир қилиғи.Ошиқарди балки яйраб,Ўйлаб ем ва хашакни.Бир ғаройиб орзиқишларЧулғар эди эшакни.Яъни пешин, қайтар вақти,Ҳар кун такрор ва такрор,Маҳаллага бурилган чоғҲанграр эди жонивор.Бу садога муштоқ эдиКосиблару хаттотлар.Атрофдаги меҳнаткаш эл,Фабрикаю заводлар.Боис эди бу ҳол доимУмум вақтихушликка.Вақт бўлди деб, барча мамнунЧиқар эди тушликка.Оқшом чоғ ҳам муюлишданҲанграб бурилгач эшак,Иш кунининг тугашиданДарак берарди бешак.Қадамлари оҳанг қўшибТирикликнинг куйига.Барча хушҳол кетар эдиТарқалиб уй-уйига.Кўп шоирлар бугун эски,Кўп гаплар ҳам кечаги.Ўз вақтида ҳанграр эдиТолиб Йўлдош эшаги.Умр – ташвиш, ғалваларданЧувалашган калава.Шоир ўй суриб боради,Ғичирлайди арава.Инсон гарчи олам гули,Бу ҳаётнинг нақшидир.Аммо мингта нокасдан гоҳБитта эшак яхшидир.Жом айлабон қалбларини,Дил қонини – чоғирлар,Ўз вақтида кулсинлар ҳамЙиғласинлар шоирлар.Ўз вақтида ўтиб кетдиҚанча зотлар раҳматли.Тугамайди лекин аслоШеъру қалам заҳмати.Сўз мулкида кимлар кулба,Кимлар қурмиш қасрлар.Адабиёт аравасиҒичирлар минг асрлар.Бунда баъзан тонглар шомдир,Бунда баъзан шомлар – тонг.Халқ бўлгай эл, шоирлариЎз вақтида урса бонг.Эл кўнгли-чи, гоҳи баҳор,Гоҳида қиш бўлгайдир.Элдан бурун кулса шоирБу уят иш бўлгайдир.Даврон чархи айланади,Ўтар йиллар, кун ва ой.Маъюс бўлманг – аравадаБарчамизга етар жой.Ҳар соҳанинг ўз пирлариЎтгандир бу дунёда.Кимлар оту уловдаюКимлар – пойи пиёда.Зор дилларга ўз вақтидаГулшан бўлинг, гул бўлинг.Ўз вақтида бўлинг кўприк,Ўз вақтида йўл бўлинг.Шеъру ғазал олам ароДоим баланд янграсин.Шоирларнинг эшаклариЎз вақтида ҳанграсин.2008“ОЛТИН ҚАЛАМ” МАНЗУМАСИ
Ҳаёт мангу этар давом, Сўнмагай ҳеч меҳру карам.Ёруғликка шиор бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Халқу Ватан, халқу Ватан, Олтин даштим, олтин далам.Сен элга дастиёр бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Тошқин солсин ҳар бир сухан, Мисли ёмғир, селу жалам.Дилларга навбаҳор бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Ватан – дуогўйим онам, Ватан – бешикдаги болам,Номус бўлгил, сен ор бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Гоҳи титраб кетар дунё, Гоҳи қалқиб турар олам,Сен огоҳ бўл, ҳушёр бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Рўйи замин, рўйи замин, Унсин доим гулу лолам.Эзгуликка сен ёр бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.Она юртим, она юртим, Олтин қуёш, олтин далам.Сен нурли ифтихор бўлгил, “Олтин қалам”, “Олтин қалам”.2009«Яхшию ёмондан – эркакми, аёл…»
Яхшию ёмондан – эркакми, аёл,Уҳ чекиб, аста кўз юмдигу кетдик.Бу дунё мисоли туш билан хаёл,Бир лаҳза хаёлга чўмдигу кетдик.Узоқ яшаш мумкин имонсиз, дилсиз,Лекин не қилардик Ватансиз, элсиз?Қанча зўр шоирлар бор эди, эсиз,Барини бирма-бир кўмдигу кетдик.2009ГЎЗАЛ
Эй қади шамшоду кўзлари жаллод,Бир боқсанг, қиличлар сингусимидир?Оғзини ғунчалар туққан паризод,Лабларинг асалнинг синглисимидир?Камон қошларингга қондошу ёндошФақат камон билан ёй бўлса керак.Ҳусну жамолингга бериб бўлмас дош,Отанг – қуёш, онанг ой бўлса керак.2009“SMS”
Ўзимизга ўзимизЙўллаймиз биз SMS:Улғайибди қизимиз,Қачон кирар эсимиз?Нафсимиз – тўнғизимизБўғзин қачон кесамиз?Ҳасад – юрак безимиз,Қолурми ном, изимиз?“Сен мени севасанми?Мен сени севаманми?”Бу – минг йиллик SMS,Сарсон бўлди севгимиз.Озғинмизми ё семиз,Очми ё тўқ кезимиз –Нечун ош-нон, тузимизШувит қилмас юзимиз?Бир кун тугар қиссамиз,Қиссамиздан ҳиссамиз:Худойимдан ҳаммамизОлгаймиз бир SMS.Билайлик-да ўзимиз:Бу – энг сўнгги SMS.Очилурми кўзимиз?Қачон кирар эсимиз?2009ГУМБУЛОҚ
Қайга кетиб қолдинг, маъсум Гумбулоқ?Қолмиш тоғу тошу чўлу қум, булоқ.Биздан бир ёмонлик кўрдингми ё, айт?Ёки қуритдими сени ҳам ҳасад?Токи бино бўлмиш рўзи азалдан,Одамзод қутулмас риё, ғараздан.Кўксимиз ичра бир қуроқлар бордир,Гум бўлиб кетган не булоқлар бордир.Нечун сен ногаҳон юз буриб кетдинг?Балки кир дунёнинг фаҳмига етдинг.Бизнинг ҳам покликка етгимиз келгай,Лек баъзан гум бўлиб кетгимиз келгай.Энг олий, инсоний гўзал туйғуларКетиб қолмасми, деб қочар уйқулар.Хас-хазон кўммасми қумлоқлариниМеҳру муҳаббатнинг булоқларини?..2009ТОШКЕНТ МАНЗУМАСИ
Йиллардан йилларга эврилар йиллар,Орзулар ястаниб чаман бўлгайлар.Меҳрингдан сув ичиб ўсган кўнгилларУлғайиб эл бўлгай, Ватан бўлгайлар.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Асрлар қумлару саҳролар кечдим,Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.Қанчалар уммону дарёлар кечдим,Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Олис диёрлардан қўмсаб шошганим,Ҳар бир ҳовлинг менга кўзу қошлардай.Дилимни оламга сочсам, Тошканим,Сенга қайтиб келар қалдирғочлардай.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Жоним жимирлатган куйларинг, шаҳрим,Сен – меҳр навоси, ҳаёт қўшиғи.Бешикларга тўлсин уйларинг, шаҳрим,Эй улуғ зотларнинг мангу бешиги.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,Гуллардан ранг олиб хиноларига.Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,Айланар истиқбол биноларига.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Устувор қўрғонсан – чин дўстларингуКексаю ёшларнинг тилакларида.Эзгулик аркасин устунлариюТурналари билан лайлакларида.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.Доим юраклардан таралсин ёлқин,Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг,Оламга остонам – пойтахтим менинг.2009«Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака…»
Отлар кечиб ўтар дарёдан, ака,Олис эсдаликлар мисоли отлар.Ҳасрат юган солар тунлар юракка,Осиғлиқ қамчилар кимларни ёдлар?Йиллар соғинч уйин чалдивор этмиш,Изғир яйдоқ отдай қирларда шамол.Кўкларда ғарибу зор қолиб кетмишСиниқ узангидай музтариб ҳилол.Дунё найранглари – сулувларидайАввал кўзимизни қамаштирмишлар.Сўнг ҳаёт дарёсин кечувларидаБиз минган отларни алмаштирмишлар.Тун-кун айланар чарх бесўз, беовоз,Асл рафторини ким ҳам кўргайдир.Тун-кун фалак узра Буюк чавандозМинг-минг тулпорларга эгар ургайдир.Сутдай оқ тунларнинг сомонзорида,Сомон йўлларининг ғубори аро,Ойдин адирлардан оқ тулпоридаКетиб бораётган отаммиди ё?Дилларда – умрнинг зарбу занглари,Юлдузлар санчилар ҳар кеч куракка.Болалик, ўсмирлик, ёшлик сингариОтлар кечиб ўтар дарёдан, ака…1980, 2009ЎЛМАС УМАРБЕКОВ КЎЧАСИ
Ҳар кимнинг ҳам тўлар паймона, жоми,Умр қуёши ҳам кетар ботиблар.Жисми ўтар, аммо ўчмас каломи,Дилларда яшайди асл адиблар.Турфадир ҳаётнинг субҳу шомлари,Чиндан одам бўлиш дунёда қийин.7Асл адибларнинг Ўлмас номлариЎлмас кўчаларга айланар кейин.2009АСРАГИЛ
Яралгандан буён олам, дашту саҳролар –Мангуликдан мангуликка оққан дарёлар.Азал Оллоҳ юртим деган зотларга ёрдир,Бу мулкларнинг чин эгаси Парвардигордир.Бу мулкларга келиб кетди не-не карвонлар,Номсиз кетди не сарвару, не-не сарбонлар.Бирларига бош бердингу, тараф бермадинг,Бирларига тож бердингу, шараф бермадинг.Одам бўлиб олам билан сирлашолмаган,Бир-бирига кеклар сақлаб бирлашолмаган.Қўйиб берсанг шамолдан ҳам ўлпон олгайлар,Инсонийлик дарёсига тўғон солгайлар.Не деб сўйлар оналарнинг оҳ-аллалари,Помирлару Олойларнинг оқ саллалари?Мен бир кўчат ўтқизмаган жонлардан айтай,Оллоҳ мулкин бозор қилган хонлардан айтай.Улар бугун тоғлардаги қорни сотгайлар,Диёнат ҳам номус билан орни сотгайлар.Сув бердингу, лек дилларин сен соф бермадинг,Нечун имон бермадингу инсоф бермадинг?Ер қаъридан келаверар абадий саслар,Инсон нечун табиатдан олмагай дарслар?Қаттол қайси, қурбон қайси – Ўзинг асрагил!Шайтон киму раҳмон қайси – Ўзинг асрагил!Ўтди даврон деганларнинг қанча-қанчаси,Қолмиш Темур боболарнинг мушти, панжаси.Қўрғонлари, айвонлари қуёш диёрим,Сайхунлари, Жайҳунлари талош диёрим.Ён қўшним, деб гоҳ бағрингни қонлар айладинг,Бир жонингни қирқ мингларга бўлиб тайладинг.Билармиди буни сенга жон бўлмаганлар,Ўз юртига шаън бўлмаган, шон бўлмаганлар?Азал олтин конларидан олтинлар чиққай,Мард зотларнинг ҳар сўзидан ёлқинлар чиққай.Бошинг узра Оллоҳ бўлсин ҳар дам паноҳинг,Олам сенга Ҳумо бўлсин, Олам – паноҳинг.2010ДОМЛА
Балки бўлмас молу қўй тўла қўра,Эҳтимол фақирсан ва ёким тўра.Оламда энг улуғ таомдир сабр,Бир кун ҳалво бўлиб етилгай ғўра.Инсоннинг кўркидир илму маърифат,Билимсиз одамзод – шумғия, шўра.Билим саодатдир, билим – зўр қудрат(Амир Темур бобо фикрига кўра).Бир умр ёруғлик таратмоқ учунДилни Адабиёт нури-ла ўра.Фурсат ўтар-кетар, дамлар ғанимат,Андак фикр қилиб, ўйлагил, жўра.Яна кўп гапларни билмоқ истасанг,Ҳомиджон Ҳомидий домладан сўра.2010ИККИ АСР – БИР ҲАЁТ
Андрей Вознесенский (1933-2010) хотирасигаТан билан руҳ бўлинди,Булутларга беланди.Ҳаёт-ку этар давом,Умр яшаб бўлинди.Бандалар ҳимояси –Худойимнинг сояси.Жон ҳилолга илинди,Умр яшаб бўлинди.Наф йўқ давру замондан,Қолдим энди забондан.Шудринг ҳам сўз тиланди,Умр яшаб бўлинди.Алвидо, эй капалак!Учдинг бунча жонҳалак.Лаҳза ўтди, ўл энди,Умр яшаб бўлинди.Бор-йўғим – икки етти,Етти еттига етди.Фалак, қил қабул энди,Умр яшаб бўлинди.Дарду ғамдан иборатЕмрилди бу иморат.Дарз кетганим билинди –Умр яшаб бўлинди.Икки аср – бир ҳаёт,Сабру бардошу саботТенг иккига бўлинди,Умр яшаб бўлинди.Дўконингдан, ё Раббим,Энди қолмади ҳаққим.Бор тўловлар тўланди,Умр яшаб бўлинди.2010 й, 1.09.ИНТИЗОРЛИК
(Андрей Вознесенскийдан)
Ўн йил ўтиб кетди интизорликда,Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.Етиб келмоғинг-чун етарми кучинг?Йўлинг ёруғ бўлмоғи учунШамни деразада қолдирдим ёқиб.Йигирма йил ўтди интизорликда,Сен йўлда. Тобора келяпсан яқин.Дунё разолатин енггайдир кучинг.Жангда сенга ёруғ бўлмоғи учунШамни деразада қолдиргум ёқиб.Ўттиз йилим ўтди интизорликда,Сен йўлда. Сен менга тобора яқин.Мен адо бўламан, кетгайман ўчиб.Менсиз сенга ёруғ бўлмоғи учунШамни деразада қолдирдим ёқиб.2010