
Полная версия:
Ибройим Юсупов
Уларнинг вақт ҳали тушга бормай, эрта кундан кафега боришининг сабаби бор эди. Қонли уруш даври салгина нафас ростлаб тинчгина дам олишга имкон туғилганида кўк қаламининг учини тупуги билан ҳўллаб, дуч келган қоғозга шеър ёзиб юрадиган шоир Сейтжонов ҳандақда ётиб, туш кўради. Тушида билаклари тўқмоқдай бир немис унинг қўлини қайиради, бошига гурзидай мушти бир уриб, ҳушидан кетгизади. У кўп вақтдан кейин ўзига кела бошлайди. Негадир бир қўлини қимирлатолмайди, бетига томчилаган қон қотиб қолган. Бошини кўтаролмайди. Аста-секин ҳушига келганида нима бўлганини билмайди. Ўрнидан турмоқчи бўлади, ҳоли етмайди. Кейин ҳалиги жангчилар билан тўқнашишдан аввал ҳандақда ётгани эсига тушади. Ингранг-синграб қийналса ҳам секин ён томонга қарайди. Одам йўқ, жимжитлик. Бошининг устида икки букилиб ётган аскарни элас-элас кўради. Ўшанда ўзининг ярадор бўлганини, ҳалиги кўргани туш эканини билади. Хаёлида узоқ ётгандай туюлади. Атрофда ундан хабар оладиган тирик жон йўқ. Навқирон йигит ваҳимага тушиб, ўлим хавфини сезади. Қўрққанидан “Ким бор? Ёрдам беринг!” деб бақира бошлайди. Бироқ товуши жуда заиф чиқади, ўзига зўрға эшитилади. Яна ҳушидан кетади. Орадан бир кун ўтиб, госпиталда ўзига келади. Суриштириб билса, булар ётган ерга снаряд тушиб портлаган, ўнг қанотда турган жангчиларнинг уч-тўрттаси жон таслим қилган. Унинг қўлига, бошига осколка тегиб, ҳушидан кетган экан…
Тажетдин ўша кунни ўзининг иккинчи марта туғилган куни, деб ҳисоблайди. “Снаряд бир қадам яқинроқ портлаганида, мен бу ёруғ дунёда тирик бўлмас эдим”, деб кўзига ёш олади. Уч дўст ўша кунни нишонлаш баҳонаси билан кафега келишаётган эди. Унинг:
Тунлари қолганман қишнинг ойидаҚонсираб Белорус тўқайларида, –каби қаҳратон қиш азобларини ёдга солувчи хотираларини,
Неларни кўрмадим, замондошларим,Номма-ном айтишга тил бормас барин, –деб юракларни эзадиган қайғу-ҳасратларини,
Бугун шу урушдан қайтган қаҳрамон,Бир дўстимни кўрдим икки оёқсиз.Кетиб бораётганда тратуарданУни туртиб кетди бир маст, уятсиз.У кетди қайрилмай ўз йўли билан,Дўстим тол тубига йиқилиб қолди.Шоирнинг ўқ теккан ўнг қўлим биланЮгуриб бордим-да, кўтариб олдим, –деган ўкинчларини эшитиб, дардларини енгиллатишга келишмоқда.
Ўша кунги ўтириш узоқ чўзилди. Шоирлар йиғилган жойда дастлаб адабиётнинг “миннатли” бир вакили ўтдан олиниб, сувга ташланади. Гап қизий борган сари ундайларнинг сафи кўпая бошлайди. Сўнг бирови: “Мен бундайларга мана бундай сатрлар билан жавоб берганман”, – дейди-да, шеър ўқий бошлайди. Ана энди гапнинг янги босқичи бошланади. Кундалик воқеалар унут бўлади. Шеър ўқиш авж олади. Бош тобора қизиб, бир-бирини тингламай, икков-учов бирйўла шеър ўқий бошлайди. Шу жойга келганда ўтиришни эплаб якунлайсан, ё бўлмаса эсингни билмай даврани ҳам, ақлу ҳушингни ҳам тарк этасан…
Тажетдин улардан тўрт-беш ёш катта, ҳали шеърлар тўплами чиқмагани билан ўзини тажрибалироқ санаб, ора-орада ёши катталигини эслатиб, тартибга чақириб қўяди. Булар ҳам қулоқ солгандай бўлиб, гоҳо: “Оға, гапингиз тўғри”, дегани билан ўзларини тенгдош сезарди. Шоқолларнинг: “Қани, бир улушиб олайлик, овулдаги кўппакларнинг тинчи бузилсин”, деганларидай улар ҳам бир яйрашди.
Орадан бир кун ўтиб, яна учрашиб қолишди.
– Кечаги ўтириш ўтириш бўлмади, – деди Тажетдин, – ёш, ёш дегани билан бўғини қотиб кетган, қорақалпоқнинг ягона институтини манаман, деган муаллимисиз. Миянгизни адабиёт билан шеър еб кетганми дейман, билмайман, шунча вақт ўтирсак ҳам, аёл зотидан асло сўз очмадингиз.
Бабош, Тажетдиннинг бир кўзи қисилиб, мийиқ тортганда юзидаги кулдиргичи ўйилиб, хотин-қиз ўтса сузилиб қарамай туролмайдиган кўзларига қаради. Ўзи ҳам ўша “халқ”нинг назаридан четда қолмайдиган кўркам йигит. Ҳаттоки, уруш азоби ҳақидаги шеърларидан ҳам: “Ўчоқда ўт қолди лов-лов ёнмаган, Қучоқда дард қолди меҳри қонмаган”, деган ажойиб сатрларни топадиган шоир.
– Бу ерга шу камчиликни тўлдиргани келдингми?
Бабошнинг бу ҳазилида жон бордай туюлди. “Бу бекорга юрмайди”, деб қўйди ичидан. Тўғрисини айтганда, кафеда гапни кўпайтирган ҳам шу Тажетдиннинг ўзи.
– Сен тунов куни Давқораевнинг “Бердақ шоир” китоби бўйича ўтказилган йиғилишда катта қаҳрамонлик кўрсатдинг, – деди Ибройимга. – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” достонини роман, деб атадинг. Унинг яратилган вақти чамаси 1875–1880 йилларга тўғри келади, дединг. Ўша йиллари Чор Россияси бутун Ўзбекистонни, Хоразм воҳасини қорақалпоқлар билан қўшиб, босиб олган эди. Асарда Россиянинг мустамлакачилик сиёсатининг оқибати ифодаланган, деб қўрқмасдан айтдинг…
Адабиётнинг тараннуми ана ўшандан бошланган эди. Ёш шоир Ибройим Юсупов ўша мажлисда сўзга чиқди, ғамхўр ва меҳрибон устози Нажим Давқораевнинг илмий тадқиқотини баҳолаб, унинг қадрини кўтаришни ният қилиб юрган эди. Ўз баёнотида: “Бизнинг замонамизга қадар қорақалпоқ адабиётида… Бадиий жиҳатдан юксак бир асар бор. У – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” романи. Хива ва оқ подшо ҳукумати амалдорларининг зулмига қарши кўтарилган халқ қўзғолонини ифодалаган бу роман 1800 мисра шеърдан иборат бўлиб… қорақалпоқ халқининг XIX асрдаги юз йиллиги ҳаёти манзарасини беради. Шу нуқтаи назардан, асарни тарихий роман деб атаймиз”, деган кескин фикрни айтди. Унинг воқеаларини шарҳлаб: “Романда шундай улкан кўламда бўлишига қарамасдан, дин таъсирининг унчалик кўринмаслиги асарнинг реалистик хусусиятини, севимли шоиримизнинг демократик дунёқараши кучли бўлганини исботлайди”, – деб хулоса қилди.
Айни ҳозирги даврларга келиб Бердақ шоирнинг асарларига ишончсизлик билан қараш, уни олим Давқораев бўрттириб юборгани йўқми, кейинги пайтларда у Бердақ асарлари орқали ўз миллатини кўтаришга, бошқалардан ажратиб қарашга ҳаракат қилаётгани сезилмайдими, дегандек гумонсирашлар пайдо бўлди. Айниқса, “Аҳмоқ подшо” деган образли ифоданинг ўзи икки хил маънони билдириб тургандек, коса тагида нимкоса бугунги кунга ҳам тегиб кетадигандек туюла бошлаган эди.
Совет даврининг янгидан ёзилган тарихида қорақалпоқ халқининг ёзма адабиёти, ёзма тарихи ҳам бўлмаган, бу эл тарихи фақат октябрь революциясидан кейингина ёзила бошланган, унгача аҳолининг ноль бутун юздан икки фоизигина ҳарф таниган, деб мактабларда ўқитилаётган вақтда Давқораев қорақалпоқ адабиёти тарихини ўрта асрларга қарата чуқурлаштириб, уни ёзма адабиёти бўлган халқ эканини исботлагани шўро даври “ҳақиқати”га қарама-қарши бўлди. Бунинг устига бир қатор ёшлар бош кўтариб келаётир. Ўша вақтдаги обкомнинг матбуот бўйича котиби Давлатмуратовни юқорига чақириб:
– Бу Ибройим Юсупов деган ёш шоир қаёқдан пайдо бўла қолди? Ёзган шеърлари бир ғалати, бошқаларга ўхшамайди. Ўқиб кўрсанг, яхшига ҳам, ёмонга ҳам йўйишни билмайсан. Бердақнинг “Аҳмоқ подшо”сини роман дебди, шу сўзнинг маънисига ўзи тушунармикин? Роман Ўрта Осиёда нима қилиб юрибди, ахир? “Йўлдош муаллим” деган достон ёзди деб, ичини ўқиб кўрмай, кўтар-кўтар қилиб юрганингиз йўқми? – деб кўп гапларни айтгани бир дамда ҳамма ёққа тарқалиб кетди.
– Давқораев, Давқораев деб ёшларни қутуртириб юборманг! – деган қаттиқ топшириқ бўлди.
Шу орада ёш шоир Ибройим Юсуповнинг ўша йиғилишда сўзлаган нутқи “Адабиёт ёдгорлиги” сарлавҳаси билан ёшлар газетасининг 1951 йил 10 январь санасида чиқиб кетгани сабабли, партия саройининг ичидаги баъзи зотларнинг “сочи сувланмай олинган”…
* * *“Қиличини қайраб” қиш келди. Бу фаслда ер юзини оппоқ қор қоплаб, яхши-ёмон ҳамма нарсаларнинг устини оқ кўрпаси билан ёпади. Дунёни кўз қамаштирадиган оппоқ нурга белайди. Қор устида қунишиб ўтирган қора тўрғай қиз лабининг четида ярашиб турган холдай бўлиб кўринадиган бўлади. Инсон кўнглининг кири ҳам кампир қуёшнинг меҳрида эриган қор сувларига ювилиб, ҳамма ширин умидлар билан янги йилни кутади…
Бу йил ўнинчи синфда ўқиётганлар олти ойдан кейин мактабни битказади. Шу билан “фаришталар” ҳаётидаги ёшлик даврининг дастлабки қисмини якунлайди. Энди маълум даражада эркин қушдай учиб, кокиллари селкиллаб, кўзлари ой нурида ялтираб, юлдузларнинг ердаги шуъласидай яшнаб, боғ оралаб эсган шўх шамолнинг тортқилашидан этаклари ҳилпираб, оқшомги сайрга чиқади.
Ҳозирги фаришталар анча эркин. Улар ойли оқшомни кутиб ўтирмасдан тол тушда сайрга чиқиб, боғнинг қуюқ япроқлари орасида бир-бирининг қучоқларига кириб, бўса оладиган “гулистонга” эришди. Унинг фариштасини тарбияси бошқа, у ҳаттоки, қоронғи тунларда ҳам оқ юзини олиб қочиб яширгиси келади, ҳаё билан юзингга тик қарамайди. Бу фаришта дастлабки кунлари катта киши деб юрган Ибройимга ҳам тун маъқул. Шоирлар ҳам укки, япалоққушдай ўлжасини тунда пойлаб ўтиради. Авваллари: “Худойим шоирлар шеър ёзиши учун тунни яратган”, – деб юрган ёш шоир йигитнинг илҳом фариштасига энди оқшомлари кундош топилди. Зимдан қараса, иккинчисининг дарди кундан-кунга ортиб бораяпти. Бир яхши томони бу дардлар қўша-қўша туғилиб, қўша-қўша кўпайиб борар экан. Ҳали тажрибасиз бўлган дастлабки кунлари япроқларини тўкаётган дарахтларни паналаб, тун ярмидан ошгунча интизор кутиб қайтган шоир:
Уйингнинг олдида бир туп қора толКузда салма ичига япроқ тўлатар.Дарвозанг олдида турдим анқайиб,Мисли тўпни кутган анқов воратарь, –деган шеърини деразадан ташласа ҳам жавоб бўлмай, йўқ “соқолини сийпаб” қайтар эди. Муҳаббат қўрғонини забт этолмай, енгилиб чекинганини оқлаш учун:
Уйингнинг олдида учта туп дарахт,Ҳеч бири қалбимдан эмасдир йироқ.Мендан ўпкалама, жонгинам, фақат,Ёмон кўраман сенинг итингни бироқ.Итдан қўрққан севги севгими, ахир!Қўрқмасам ҳам, куйдим Қутлиоёқдан.Эшигингга етдим деганда охирВов-вов этиб, тишлаб олар балоқдан, –дея яна шеър ёзиб, ўзини овутган кунларини эслади.
Йигит бўлса ҳам, қиз бўлса ҳам муҳаббатда одамни энг ўкинтирадигани, ҳаттоки, ғазабингни қўзитадиган нарса – бегонага сирингни айтиш. Бироқ минг бора эҳтиёт бўлсанг ҳам, ушбу фронтда эришган ғалабаларинг шодлиги юрагингга сиғмай, кўрган азобларинг билан орттирган дардларинг жигар-бағрингни ўртаган вақтда “энг яқин” дўстларинг кўпайиб, уларга чин кўнглингдан очилганингни билмай қоласан. Ўшанда уларнинг баъзилари ҳамдардлик билдириб, баъзилари маслаҳат берса, устингдан мазах қилиб куладиганлар ҳам топилади.
Оқсоқолнинг уйидаги товуши юракни ёрадиган қашқир итдан кўриб юрган азобларини айтганида Ибройимга ана шундай маслаҳат берувчилар топилди.
– Сен ўша итни ўзингга ўргатиб олишинг керак, – деди Ўразоқ.
– Милицияни қандай ўргатаман?
– Мен ўша уйда бўлганман, – деди Ўсарбой, – улар итга ишонади, ит уларнинг олдига ҳуриб бормайди.
– Сен итнинг олдига Холмуратни ташла, – деди ҳазиллашиб Эломон. – Уни еб бўламан дегунча, кўп ишинг битади…
Институтнинг қуйи курсида Сапаров Холмурат деган бир бола бор, халқнинг тили билан айтганда, бўйи бир қарич. “Болаликдан етим қолиб, бўйим ўсмай қолган”, – дейди ўзи ҳам. Кириш имтиҳонида қорақалпоқ тилидан етарли жавоб бера олмай, ўзининг етимликда улғайиб, кўрган қийинчиликлари тўғрисида муаллимга ўша ерда шеър ёзиб бериб, ўқишга кирган. Шоир бўламан деб, Бабош билан Ибройимнинг изидан етим қўзидай эргашиб юради. Эломоннинг гапи туртки бўлиб, ўша кундан бошлаб Ибройим бемаҳал юришларида Холмуратни эргаштириб юрадиган бўлди.
У қишда ҳали ёғмаган қорни эслади. Ўзини гоҳ қировли қиш сурат солган деразага, гоҳ ёниб турган шамга қараб учадиган парвонага ўхшатар эди. Кечаю кундуз ёғиб, тонг олдидан тинган қорга биринчи из солганни халқимиз “шар бузув” дейди. Унинг ўша вақтдаги кўринишини айтмайсанми? Осмондаги қудратли тегирмон оппоқ гавҳарлардан ун янчиб сепгандай, ҳар зарраси ўзгача шуъла сочиб туради. Ҳар босган қадамингда эриган сув қолдириб, узоқ-узоқларга из солиб бораётганингда сендан ҳам эрта уйғониб, изига тушган ёвларни адаштириш учун узоқ-узоқларга сакраб яна изига қайтган, яна олға югурган ҳаракати билан ҳийла қилган қуённинг излари рўпарангдан чиқади. Унинг хаёлига “Қишнинг куни қор гуллар, ёрим, сен юрган ерда” деган сатрлар келди. Дарров қаламни олиб: “Ифор исин сочар еллар, ёрим, сен юрган ерда”, деб қўшиб қўйди. Мухаммас. Бизнинг адабиётимизда, бахшичилик санъатимизда кенг тарқалган шеър тури. Ажиниёз бобомиз ўзининг “Уйғон” номли мухаммасида:
Субҳи шаб келдим қошинга, нозли жононим, уйғон,Шамчироқ ёқдим бошингга, нури анварим, уйғон, –деб кучли тўлғанишни тараннум этади-да:
Ошиғинг маҳтал бўлиб, бошингдадур, ёрим, уйғон, –деб якунлайди. “Бери кел” сарлавҳали мухаммасида бундай дейди:
Ай – алифдек ноз этиб, ҳайкални таққан, бери кел,Бе – буралиб, соз этиб, қошини қоққан, бери кел…Алишер Навоий замонидан “Мухаммас” аталиб, ҳар банди беш мисрадан иборат ғазаллардан улгу олиб ёзилган шеърларни қорақалпоқда “мухаллас” деб атайди. Бахшилар уларни созга солиб, тўрт-беш турини яратган. “Мен ҳам севимли фариштамга бир мухаммас бағишлаш вазифам борга ўхшайди”, деб ўйлаб, юқоридаги икки мисрани давом эттириб, қайтадан ўқиди:
Қишнинг куни қор гуллар, ёрим, сен юрган ерда,Ифор исин сочар еллар, ёрим, сен юрган ерда,Бўстонга дўнар чўллар, ёрим, сен юрган ерда,Ўзгача сайрар булбуллар, ёрим, сен юрган ерда,Қадамингга қойил ер, ёрим, сен юрган ерда.Шеърнинг сатрлари бир текис униб чиққан ғўзалардай қаторма-қатор, изма-из келаверди. Одам бировга ихтиёрсиз берилиб, бутун дунёни фақат шу орқали кўриб, жон-жонидан севса, қандай гўзал сўзлар, аввал сира хаёлига келмаган ўхшатишлар туғилишини айни ҳозир билгандай, ич-ичидан ҳайратланди. У фаришта тўлқинланиб оқаётган Амуни ёқалаб бораётир. Тўлиб оққан тўлқинли дарёнинг соҳилида ҳар ер-ҳар ерда “гумм” этиб жар ўпирилиб турибди.
Жар остида жайин кўриб сени мабодо,Янги ошиқ бўлгандай ўрдан иққа чопади…Яна:
Қадам боссанг хаймиғиб, қор эрир сув бўлгали,Баҳор навосин чалиб, шаррос сойга тўлгали…Ё бўлмаса:
“Кўрсанг, таърифин айт” деб тунлар ялиниб тонгга,“Гул юзига қўнма” деб шабнам ўтинар чангга…Ёш шоир тўлғанди. Сўзлар мунчоқдай тизилиб, янги сатрлар келаверди, янги ташбеҳлар туғилаверди. Насиб бўлса, муҳаббатни улуғлаган бу қўшиқ ҳар бир ошиқнинг дардли дамларига дармон, севишганлар кўнглини бирлаштириб ивитадиган кўнарги9 бўлажак. Шеърнинг якуни Ажиниёз бобосининг “Бери кел” мухаммасига ўхшаб кетди.
Баҳор айёми сенсан, хумор кўзим, кел бери,Гулғунчалар уйғонар сен қадам қўйган сари,Сен десам яйраб жоним, тарқалгай кўнгил чери,Ўрик гулларин сочиб қорақалпоқнинг ери,Шодлик баҳори кулар, ёрим, сен юрган ерда!Муҳаббат тошқини оппоқ қор қоплаган қиш қаҳрини юмшатиб, ўрик гуллари қордай тўшалиб ётадиган баҳорга олиб келди.
ЧИН СЕВГИ АЗОБЛАРИ
III БЎЛИМ
“Севган – айб эмас, севилмоқ – иқбол, Қизғаниш ништари тирнайди гулни. Менинг сўзларимга, жоним, қулоқ сол, Балким, овутарман хафа кўнглингни” , Деб шамол ёқимли сийпалаб эсар, Табиат меҳридан қуруқ қолмаймиз. “Инсон – табиатнинг фарзанди” дерлар, Нега биз шамолдек бўла олмаймиз?“Туни билан қирғовуллар чақирди”.Ибройим Юсупов1
У сирқи эшикни сал қия очиб:
– Эл оғасининг уйига биздек фақир фуқаролар кира олармикин? – деб товуш берди. Ичкаридан фуражкасини шошилиб кийиб, ёқалари тугмаларини қадай-қадай милиция ходими чиқди.
– Йўл бўлсин, қандай масалада келдингиз? – деб сўралди.
Худо ёрлақаб, иш ҳужжат кўрсатишга бориб тақалмасдан, ходим уйга қайтиб кириб кетди. Бироз вақтдан кейин ичкарига таклиф қилди. Эшикнинг олдида турган аёл мана бу мўйсафид кишининг сўзидан қайтадиган одамга ўхшамаслигини пайқаб, уйга бошлаб кирди. Меҳмон даҳлизда пойабзалини ечиб, меҳмонхонага ўтгандан кейин тўладан келган, юз кўриниши жайдари, хатти-ҳаракатидан ўзига ишонган улуғ ёшли аёл уни кутиб олиб саломлашди. Меҳмон тўрдаги кўрпачага жойлашиб, фотиҳага қўл кўтарди. Омон-эсонлик сўрашди. “Болзода-ку, – деб ўйлади у. – Кўп вақт ўтиб кетибди-ей. Оқсоқолнинг турмуш ўртоғи бўлибди. Менинг соқолимга ўхшаб бунинг ҳам сочига оқ оралаганмикин?” – деб қараган эди, кўпгина шаҳарлик аёллардай зулфакларини гажак қилиб кўрсатмай, олти нақшли рўмолини рисоладагидек ўрагани учун сочининг бир толаси ҳам кўринмас эди. Қисқагина сўрашувдан кейин у ён томондаги хонага кириб кетди. Унчалик рўйхушлик бермади. Меҳмон ҳалиги милициядан ўтгандан кейин овулдаги Жуманиёз чўлоқнинг гапини эслаб, ҳазиллашмоқчи бўлиб келаётган эди. Унинг бахтига уйнинг бекаси эмас, хизматкори кутиб олган бўлса керак, оддий кийинган, бу уйга “ўн қайнаганда ҳам шўрваси қўшилмас”лиги аниқ аёлни кўриб, ўзини тийгани яхши бўлган экан… Чамалаши бўйича, Оқсоқолнинг аёли Болзода ҳам мана шу туришида у ҳазилни кўтара олмаган бўлар эди. Айтмоқчи бўлган ҳазили ҳам ўринли эмас. Беш-олти йил бурун Жуманиёз чўлоқнинг колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган ўғли ишидан хато топилиб, қамаладиган бўлганда ёшлигида бирга ўйнаб ўсган дўсти Матеке Жуманазаровни излаб келган. Куппа-кундуз куни уйига киришга рухсат йўқ, “Верховный Совет” (келинлари унга “Верховный Совет қайноға” деб лақаб қўйган) дўстининг уйига кира олмай, қоровул милициянинг ёнида бирпас ўтириб, овулига қайтиб кетганида:
– Матеке нега овулга келолмайди десак, у Нукусда қамоқда яшар экан, – деб борган.
Дастурхон ёзилиб, чой келтирилди. Меҳмон Болзода-ку, деб тусмоллаб турган кайвони аёл ҳам келиб ўтирди. “Кимлигимни эслаш учун бошқа хонага кириб кетган бўлса керак, танир-ов”, деб ўйлаган меҳмон унга бир қиялаб қаради-да, чойини ҳўплаб ичаверди.
– Меҳмон, айбга буюрманг, танимайроқ турибман.
Аёл ўзининг сўзидан хижолат бўлганини билдирди. Меҳмон пиёласини аста дастурхонга қўйди-да, унга тикилиб қаради.
– Бир чойнак чой ичамиз деб, таржимаи ҳолимизни гапириб бериш ниятимиз йўқ.
Меҳмоннинг бу гапи аёлга оғир ботгандай бўлди. У ҳам: “Ўзи феъли шундаймикин ёки танимаганимга хафа бўлдимикин?” дегандай тикилиб қаради. Сўнг яна меҳмонхонадан чиқиб кетди. Тўрдаги айвондаги телефоннинг гўшагини кўтариб, тўғри эри билан боғланди, уйга келган меҳмоннинг ҳолатини тушунтирди. Ўрта бўйли, тўладан келган, нигоҳи ўткир кишининг кўринишини таърифлаган бўлди. Хотинининг сўзларини эшитган оқсоқол шундай деди:
– Ўша одамни ҳеч кимга ўхшатмадингми?
– Эслай олмай турибман.
– Айтишингга қараганда, бешинчи овулдаги Ўтарбоев Тажен бўлиши керак.
– Ҳа, топдингиз, отаси. Худди шунинг ўзи. Кўзи ўзгармапти.
– Сени қара-ю, ҳали Таженни танимадингми?
– Илгари соқол-мурти йўқ, ўттиз яшар қирчиллаган йигит энди кайвони, соқоли селкиллаган отахон бўлибди.
– Сенинг унга тўламаган кўп қарзинг бор, унутибсан-да.
– Қанақа қарз?
– Сенинг қалинингга тўланган бир ботмон жўхорини шу Тажен берган эди-ку!
– Берган бўлса, у сизнинг қарзингиз бўлади, меники эмас.
– Мендай йигитга текканинг учун ўзинг тўлаб юборсанг ҳам бўлар эди…
Улар бироз кулишиб олишди.
– Мен бир соатга қолмай бораман. Кетиб қолмасин. Яхшимни чақириб, қўй сўйдир. Нукусда ўзи билан тенгдош бир-иккита ошналари бор, ўшаларни ҳам чақиртираман. Унинг телпагини бир селкиллатиб юборайлик…
Бу Тажен дегани бошқаларга ўхшамайдиган, ўзгача одам. Ҳали 1925 йиллари уларни Матеке иккаласини ўша вақтдаги ҳукумат Кегайлидан Тўрткўлга ўқишга юборган. Боришса, у ерга овулида бир йил ўқиб, ҳарф таниганларни қабул қилар экан.
– Сизлар биринчи синфга ҳам ярамайсиз, келган ерларингга қайтаверинглар, – дейишибди.
Ўшанда Тажен мактаб раҳбарига кириб:
– Бизнинг уйга қайтиш учун йўлкирамиз йўқ. Кегайлини топиб боролмаймиз. Ҳеч бўлмаса, ярминчи синфга қабул қилинг, – деб туриб олган экан.
Шундай қилиб, ярминчи синфни битказиб, келаси ёзда овулига келишса, янги очилган дўконга сотувчи топилмай турган экан. Колхоз раиси Таженни чақириб, дўкончи қилиб юборган. Савдонинг тийин-фойдасига аралашиб, ўқишдан қолиб кетган. Шунда ҳам саводсизликни тугатиш дарсларига қатнаб, бошланғич мактабни битказган. Матеке шу кетишда ўқишни давом эттираверган, бировини битказиб, иккинчисига кирган. Овулга катта амалдор бўлиб келганидан кейин Тошкентга бориб ўқиган, охир-оқибат мана шундай “Верховный Совет қайноға” даражасига кўтарилган.
Овулда қолгани билан Тажен ҳам ҳеч кимдан кам бўлгани йўқ. Тўрткўлда ўқиб юрган вақтида Гулимбой деган деҳқоннинг эшигида хизматкорлик қилди. Баҳорда токларни очиб, кўтарди, қовун экишга ёрдамлашди, ёзда узумларни хомток қилиш, қовун полизига кетмон билан ишлов бериш сирларини ўрганди. Шундай ишларни пухта ўрганиб, овулига келганидан кейин Тажен узоқ йиллар давомида Кегайли аймоғида қиши билан узум, қовун сақлайдиган деҳқонга айланди. Эл орасида: “Тажен бултурги қовунини бу йилги май ойида еб, ўшанинг уруғини экади”, – деган гап тарқалган. Район марказидан, Нукусдан кўп раҳбарлар, ора-сира Матеке Жуманазаровнинг ўзи ҳам, қишда Тошкент, Москвага Таженнинг узуми билан қовунидан сотиб олиб кетишади. Оқсоқолнинг уйига ҳам ошна-оғайнилар “Кегайлининг узуми”дан жўнатиб туришган. Бироқ уйдаги бойбичалар “Узумини енгу, боғини суриштирманг” дегандек, қиш кунида ёз неъматларининг қаердан келганига унча эътибор бераверишмайди. Уларнинг фикрича, ёши катта оқсоқолларнинг ҳаммасини уйига ана шундай етказиб бериш одатий ҳолдек, беминнат туҳфаларга кўникиб кетишган. Хотини Болзода ҳам ора-сира “Бешинчи овулдаги Таженнинг узуми” деган гапларни қулоғига чалинганини эслаб, манави ўтирган меҳмонга ҳурмат-эътиборни кучайтириш кераклигини сезди…
Тажен ўз овулида донгдор бригадир, бўлим бошлиғи, ҳосилот лавозимларида ишлаб, эл ичида обрў топди. Фарзандлар ўстириб тарбиялади. Келжакдаги нияти ўғли Ўрозбойни катта шаҳарларда ўқитиб, Матекенинг болалари билан таништириш, ўзи эришмаган нарсаларга боласини эриштиришни мақсад қилиб юрибди. Бироқ бугун бу уйга келиши сабаби бошқа нарса, умуман олганда, тинчлик. У бировдан таъма қилиб, юзига солавермайдиган орли одам…
Ўша куни Матеке оқсоқол уйига ҳар кунгидан эртароқ келди. Эртароқ деганимизда ҳам, кун ботиб, қош қорайган эди. Катта раҳбарларнинг иши тунга томон авж оладиган замон. У кўпинча тун ярмида келиб, болалари донг қотиб ухлаётган пайт совиб қолган кечки овқатни иситиб, бир пиёла чойини апил-тапил ича сола, уйқуга кетади.
Нукусда бўлган кунлари шундай. Умуман айтганда, эрта баҳордан бошлаб, то янги йилга қадар умри далада ўтади. Баҳорда сув тошиб, қирғоқ бўйларидаги катта-катта ерларнинг ўпирилиши – дегиш бошланади. Катта каналлар билан дарё бўйидаги ерларни сув юта бошлаганида халқнинг кучи етмай қолади. Ернинг сувга тушиб кетишини тўхтатиб қолиш учун машиналар, тракторлар, қамиш бўйралар, мол фермаларида йиғилган пичан ғарамлари, юлғунлар, қоратолнинг ходаларига ўхшаган кўп нарса керак бўлади. Бу нарсаларни ўпирилиш бошланган соҳилларга келтириш, сув балосига тўғон қўйиш учун халқни сафарбар этиш зарур. “Мана шундай оғир йилларда Матеке Жуманазаров етиб келиб, дегишни тўхтатишга чиққан одамларга бошчилик қилар эди. Кегайлидаги Давуткўлда яшайдиган Далжон деган шоир йигит бу кишининг хизматларига бағишлаб:
Матеке дегиш жиловдори,Ёнида минглаб мард навкари,Шу киши келгандан бери –Кўп офатдан қутулдик биз, –деб ёзган шеъри бутун Қорақалпоғистонга тарқалган. Баҳор келишидан бошлабоқ Матеке оға оқ пашшахонасини отига ориб, Шўртанбойнинг соҳилидан топилар эди. Оқсоқол йил ўн икки ойда алмашиб келадиган беш мавсум, яъни: сув тошқини, канал қазиш, экин экиш, баҳорги ўтоқ, кузги терим давомида доимо халқ билан бирга бўлар эди. Матеке оға бу ишларнинг биронтасини бир-биридан кам ҳисобламаган”10.
Бугун ишдан эртароқ қайтганидан мақсади кўп вақтдан буён бойловда турган отини кўриш учун қўрага борган эди. Ҳовлининг чор атрофидан қуршалган қўрғоннинг кунботиш тарафида икки кишининг қораси кўринди. Бу одамлар ким бўлди экан, дея улар томонга бир-икки қадам ташлаган эди, кун бўйи инида ётган ит эгасига садоқатини кўрсатмоқчи бўлгандай ҳуриб, уларга қараб югурди. Улар икки ёққа айрилиб қочди. Номозшомнинг қуюқлаша бошлаган қоронғисида жуда ингичка кўринган узун йигит девордан сакраб ўтиш учун саксовул ғарами устига интилганида у босган шохчалар пастга юмалаб тушди, иккинчи ҳаракати ҳам беҳуда кетди. Бу пайт ит яқинлашиб қолган эди. Йигит энди ит унинг оёғидан олишига кўзи етиб, жонҳолатда саксовулнинг тепасига чиқди, бироқ чап оёғининг кенг пойчасидан ит тишлаб улгурган эди.
– Қўй,Қутлиоёқ, ёт дейман! – деган ўктам товушдан сўнг ит оғзидаги ўлжасини бўшатиб, букчайиб изига қайтди. Оқсоқол энди отга ҳам қарамасдан уйига кириб бораётганида бу воқеаларни кузатиб турган Болзода бойбича ҳам унга эргашди…
* * *Тергов ўша куни меҳмонлар кетган ондаёқ бошланган эди. Оқсоқол болаларининг онасини тўрдаги уйнинг пойгоҳидаги юмшоқ ўриндиққа ўтирғизиб, эшикни ёпди.
– Ҳалиги, от қўрани айланиб қочган Шойданми?
У тўнғич қизи Бибизодани эркалатиб, шундай чақирар эди. Қизи эсайганида папам (дастлаб “оға” дер эди, уйида русча ўқиган укаларига қўшилиб у ҳам “папа” дейишга мажбур бўлган) нега мени “Шойдан” деб чақиради, дея онасидан сўраган.
– Сенинг юришингга қараб, шундай деган.
– Менинг юришим қанақа экан?
– Бувингнинг ёнида қолганингда овулдан шаҳарга келиб кетган вақтларинг чалқайинқираб, катта қадам ташлаб юрганингни эркалатиб, сени шундай айтар эди, шу сўзни яхши кўриб қолдими, доим шу номни айтадиган бўлди.
– Энди-чи, ҳозир қандай юраман?
– Ҳозир жуда чиройли юрадиган бўлдинг. Одамлар: “Қизингиз кийикдай, қадамини жуда чиройли босади”, деб мақташади, – деди онаси.