Читать книгу Ибройим Юсупов (Шарап Уснатдинов) онлайн бесплатно на Bookz (6-ая страница книги)
bannerbanner
Ибройим Юсупов
Ибройим Юсупов
Оценить:
Ибройим Юсупов

4

Полная версия:

Ибройим Юсупов

У ҳам аста-секин ювош тортди. Дастлабки учрашувларида салом-аликни Ибройим бошлаб, гапни қовуштириб юборадиган эди. Бора-бора қизнинг ўзи салом берадиган, аввалгидай ўқрайиб эмас, сал ҳайиқиб, мийиқ тортиб, уялиб қарайдиган бўлди…

* * *

Қиз мактабни битираётган йили ёзги таътил кунларининг бирида Нукуснинг қоқ ўртасидаги “Ғалаба боғи”нинг бир чеккасида турган эди. Ибройим унинг орқасидан билдирмай келиб: “Бибизода!”деди. Қиз илкис қайрилиб қаради. Ибройимни кўриб, товушини эшитганданоқ бу қадар тез “жавоб қайтарганига” уялиб кетди…

Бир пайтлари қўшни овулда Бозорбой деган одамнинг ўғли даладан югуриб келиб:

– Ота, ота, “Сассиқкўл”дан лаққа чиқибди! – деган экан.

– Ё пирим-ай!!! – деб нохосдан бошини шартта орқага бурган балиқчининг бўйни чиқиб кетган экан.

Бибизоданинг ҳам шартта орқага қарагани соғинч, дийдорга интизорнинг аломати эканини йигит ҳам сезган эди…

Деразадан “ярқ” этиб оппоқ нур тушди-да, ўчди. Осмонни қоқ иккига бўлиб узун қизил чизиқ учди. Чақмоқ чақди. Бундай пайтда бироз ўтмай момақалдироқнинг кучли гумбурлаши эшитилади, худди осмонда баҳайбат тоғлар тўқнашиб, ўрин алмашаётгандай, ўша тоғлар тошидан олов чиқаётгандай бўлар эди. Ҳозир негадир ҳеч қандай товуш йўқ, ярқ этиб ўтли чақмоқ чақди-да, кетди. Ўз хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирган Ибройим вақт ярим оқшомдан оғиб кетганини энди пайқади.

“Ғалаба боғи”да ўша куни “чақмоқ чаққан” эди. У “Бибизода” деган отни дадил айтди. Бу исм биринчи марта товуш чиқариб айтилгани учун эриш туюлмади. Агар бир-бири билан қучоқлашиб, ҳозиргидай яқин бўлиб кетганида номини тўлиқ айтса, ёши каттароқ аёлларга айтилгандай кўринар, ҳали “Биби” ёки “Зода” дегандек эркалашларга ҳадди сиғмай турган пайтлар эди.

Ўша куни ҳадди сиғди. Боғнинг дарахтлар тиғиз ўсган жойига бориб тўхташди.

– Неча кундан буён кутаман, кўзларим тўрт бўлиб кетти!

Қиз “ростданми?” дегандек кулимсираб, кўзларини бир чарақлатиб қўйди.

– Бунчалар меҳрсиз бўлмасанг…

У “тошбағир” демоқчи эди, лекин тилини тийди. Барибир “меҳрсиз” деганига кўнгли тўлмади. Муҳаббатда меҳрдан кўра кўпроқ севиш маъносидаги сўз айтилади. Қиз ҳам меҳр сўзи ошиқ-маъшуқлар ўртасида эмас, кўпроқ ота-она билан фарзанд ўртасида бўлишини пайқагандай.

– Эшигида қопағон қашқир ити, дарвозасининг олдида милиция пости бор уйнинг қизи бўлиб кўрмаганингиздан кейин билмайсиз-да…

У Қорақалпоғистон Жуқорғи Кенгеси Президиуми раисининг қизи. Отаси Матеке (Мамбетирза) Жуманазаров 1942 йилдан буён шу лавозимда ишлайди. Республикани бошқариб турган обком, совнаркомдан кейинги учинчи раҳбар бўлгани билан, ўзининг одиллиги, халққа аралашиб юраверадиган, камтарлиги ва сўзга чечанлиги туфайли элга танилган, ҳаммага тенг кайвони. Кейинги вақтларда “Қорақалпоқнинг Охунбобоеви”, деб номи чиққан инсон. Шу лавозимга кўтарилганидан буён эшигининг олдига кечаю кундуз милиция пости қўйилган. Ҳовлисида вовуллагани шаҳарнинг ярмигача эшитиладиган қашқир ити бор. Уйига кирган-чиққаннинг ҳаммасининг ҳисоби олинади. Ибройим неча марта ўша кўчага бориб, баланд деворларга бўйнини чўза-чўза, қизнинг қорасини ҳам кўра олмай, охири тун ярмида уйига қайтган.

Совнарком бошлиғининг ўринбосари, ёзувчи Амет Шомурадов бу ҳолатдан хабардор бўлгандан кейин Ибройимни уйига тез-тез чақириб, унинг бу ниятини маъқуллар, “Шу қиз сен учун туғилган, иним. У фақат яхши шоиргагина муносиб”, – деб уни рағбатлантирар эди. Хотини, халқ артисти Айимхонга эса: “Сен шу болага янгалик қил, оқсоқолнинг қизини унга олиб беришимиз керак. Бу йигит ҳали қорақалпоқда биринчи шоир бўлади”, деб тайинлаган.

* * *

Ўша куни Ибройимнинг хаёлида бу боғ фақат иккиси учун яратилгандай, йўлакларда ёниб турган чироқларнинг бош узра таралган шуълалари ҳам сезилмас, одам зотидан асар йўқ, ҳаммаёқ жимжит, гўё табиат иккаласининг висолига халал бермаслик учун бошқаларнинг ҳаракатини тўхтатгандай эди. Ўшанда илк бора нозик бармоқлар кучли бармоқларга қовушди, “чақмоқ чақилиб, олов чиқиб кетди”. Чўғдай бармоқлар орқали ўтган учқунлар, руҳий ҳарорат алангадай лов этиб, юракларни ёндирди.

Қизнинг ўпкаси ҳавога тўлиб, кўкраги бир силкиниб тушгандай бўлди. Уялиб кетди. “Сезиб қолмадими” дегандай кўз остидан қаради. Шу пайтгача “катта киши”дай кўриб юрган йигити билан ораларидаги фарқ негадир билинмай қолди. Ориқ бўлгани билан Ибройимнинг бармоқлари жуда узун, кафтлари кенг, панжаси катта эди. Қизнинг нозик қўли унинг панжаси ичига ғарқ бўлиб, энди ундан чиқиши амримаҳол бўлиб қолди. Қизнинг ўзи ҳам “шер” панжасидан чиққиси келмаётгандек, қўлини юлқиб, тортиб олмади. Кейин ҳис этгани йигитнинг энтикиб олаётган нафаслари эди. “Ё тавба, одамнинг ичидан ҳам иссиқ гармсел эсар экан-ей”, – деб ўйлади қиз.

Синфдош болалар ҳазиллашиб, қўлидан тортганда, дарҳол гавдасини орқага ташлаб, ўзини ҳимоя қилган таранг бўғинлари бу йигитнинг қўлида бўшашган эди. Қиз мана бу “катта киши”дек йигитнинг панжаларигина эмас, қучоғи ҳам кенг эканини, узун қўллари елкасини чирмаб олганини сезди. Қиз ҳам йигитга ўхшаб қайси маконда, қайси замонда эканини унутди. Шу пайтга қадар уни кўрганда ҳуркиб, кийикнинг улоғидай тоғ-тошга сакраганлари, ёшлигидан давлат ишларига аралашиб, бўйи-бастин, юриш-туришин эрта тузатган йигитни ёши улуғ одамдай кўриб юрганлари ҳаммаси ҳозир бир дамда унут бўлди. Йигитнинг томоғини қириб чиққан йўғон товуши айнан ҳозир ошиқмай-шошилмай, ҳар гапни мойлаб, учқур сўз, тимсоллар билан айтиши қизга хушомаддай кўрингани билан ёқимли, ишончли эди…

Йигит ҳам қонига сингган сипойилик билан ўзини анча босиқ кўрсатганини айтмаса, мана бу воқеалар ривожи аввалдан ўйлаб қўйгани ва кутганидан олдинга кетиб, ундан кейин мана бундай “мўъжиза”ни намоён қиламан, деган режалари бузилган эди. Бу кунга етиш осон бўлмади. Ўтган ойлар, йиллар давомида бир илоҳий нур билан учрашиш учун унга олиб борадиган йўл солиб, икки атрофини ўт-ўланлардан тозалаб, учрашган пайтида нур шуъласининг ҳайиқиб, чўчиб кетмай, фақат ўзига қараб таралиши учун барча чораларни кўриб қўйган саёҳатчи ошиқдай, қанчадан-қанча тайёргарликлар кўрмади, дейсиз. Энг аввало, ювош қилиб, ёнига яқинлаштирди, эшитиладиган масофада туриб сўз йўллади, жавобини кутди, қулоқлар бир-бирининг сасига, товуш тўлқинларига мослашди. Тиллардан сочилган дурлардан юрак сирини, кўнгил поклигини, ростгўйлигини икки томон ҳам ўлчаб, синади. Асосан, ҳуркак, содда ва гумондор тарафда ишончни орттириш орқали муҳаббат туйғуларини уйғотиш керак эди. Худойимнинг берган шоирлик илҳоми, донишмандлардан саралаган ҳикматли сўзлар ва мисолларни теран англаб, маъносини етказиб айтишлари ҳар учрашувда қиз болада ҳам ҳайрон бўлиш, ҳам ҳавас туйғуларини тобора орттирар эди.

Матеке Жуманазаров оқсоқол ҳар тарафлама (“Худой берган” деган гапни замон кўтармайди) табиат ёрлақаган инсон эди. Шундай катта лавозимда (мана, ўн йил бўлиб қолди) ишласа ҳам, устидан ёмон гап тарқалмаган, ўзининг камтарлиги, халқчиллиги билан элда афсонага айланган. Юмушнинг энг оғири – жон бериб, жон оладиган пахта терими мавсуми ҳисобланади. Ўша йиллари планни бажариш кечиккан маҳал эмизикли аёллар ҳам болаларининг оёғидан қора уйнинг керагасига бойлаб, қопи7га қулф уриб, теримга чиқади. Ўшандай кунларда биров куппа-кундузи тандирга нон ёпаётган аёлларни кўриб қолса, хамир товоғини улоқтириб, қамашгача бориб етган. Жуманазаров бўлса, машинасини тандирга қараб буриб олиб борган. Аёллар қанча ҳайиқса ҳам, элнинг одати бўйича салом бериб, бир жуфт чўрак олиб, “Нон енг”, деб олдига чиққан. Оқсоқол уларнинг саломига алик олиб, “Раҳмат, илоҳим, қучоққа сиғмайдиган келин бўлгайсиз”, деб фотиҳа берган. Уларга ҳолатни тушунтириб, иссиқ чўракни машинада еб кетавергани элга тарқалиб кетган.

Ҳақиқатан ҳам, Худо берган бу одамнинг тўрт ўғил, тўрт қизи бор эди. Шундай катта амалдор бўлса ҳам, ўз фарзандларининг отини Айназар, Пирназар, Бекназар, Эрназар деб атагани билан, қизларининг каттасидан бошқасига замонавий от қўйган. “Ошининг олди, сувининг тиниғи” бўлган Бибизодаси туғилган 1934 йиллари ҳали ундай ўрусча от қўйиш удуми бошлангани йўқ эди. Халқимизнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган урф-одати бўйича тўнғич фарзанд ўзингники эмас, ота-онангники.

Мана шу одат бўйича Бибизодани туққан онаси Болзода эмас, Матекенинг онаси Хонтибека кампир боқди.

Оқсоқол 1939 йили Қорақалпоғистон Республикаси Молия министри бўлиб сайлангандан кейин Нукус шаҳрига кўчиб кетганида Бибизода беш ёшда эди. Уни Хонтибека онаси ўзи билан Кегайлидаги уйида олиб қолди. Шу зайлда қизнинг ота-онаси нукуслик бўлиб кетди. Биби қиз Кегайлидаги мактабга борди. Ёзги таътил кунлари Нукусга қидириб борган бўлмаса, бувижонисини ташлаб, туғишганларига қўшилишга унчалик рўйхушлик берган эмас.

Нима деганда ҳам ёш бола, дастлабки йиллари пойтахт Нукус шаҳрида туғишганларига қўшилиб, катта шаҳарда ўйнаб-кулиб юргиси келди. Бироқ бунга, биринчидан, катта энаси кўнмади. “Чолимнинг чиққан ери, болаларимнинг туғилган маконини ташлаб кетмайман”, деб туриб олди. Иккинчидан, Бибизоданинг ўзидан кичкина укалари, сингиллари бари Нукусда рус мактабда ўқиб, кийинишидан, фикрлаши, дунёқараши мутлақо ўзгариб кетган. Ҳар сафар келганида Болзода болаларига Бибизодани кўрсатиб: “Бу сизларнинг опангиз, менинг тўнғич қизим”, деб тушунтиргани билан, улар бунга овулдан адашиб келган, тараққиётдан орқада қолган, ўзларига асло ўхшамайдиган бегонанинг қизидай қараб, ҳеч яқинлашишмайди. Бу ҳам момонинг эркалатиб тарбиялаган оқкўнгил қизи эмасми, улардан жаҳли чиқиб: “Ҳе, ўрус бўлиб кетган янтоқлар” деб аямай чимчиб оладиган эди.

Мана, шундай қилиб икки ёққа қатнаб юриб, Бибизода тўртинчи синфни ҳам битказиб қолибди. Хонтибека ўғли Матеке билан келини Болзодани чақириб:

– Мана, қизингиз ўн иккини тўлдириб, ўн учга қараб кетди. Бундан буёғига уни ўзингиз тарбияланг, энди унга менинг кучим етмайди, – деб Бибизодани қайтариб берган эди.

Ўшангача кампир халқнинг удуми, урф-одатини қизнинг қалбига жойлаштириб тарбиялаган эди.

Қиз болага хос бўлган ибо-ҳаё, меҳрибонлик, сабр-тоқат, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби хислатлар, миллий қадриятлар қонига сингган Бибизоданинг устига-устак билим эгаллагани ҳам Ибройимни лол қилган эди. Ҳеч ўхшаши йўқ бу гўзалга, осмондан тушган фариштадай бу илоҳий мўъжизага биратўла берилиб, китобларда ўқиб юрган, бироқ бирови бировига ўхшамайдиган муҳаббат деган тубсиз гирдобга тушиб қолганини тан олди. Кўзлари оҳунинг кўзидек катта-катта, елка сочи бир қучоқ бўлиб тақимига тушадиган, агар ёйиб юборса, бутун танасини яширадиган, момиқдан ҳам оппоқ мана шу бадан ичида асл қорақалпоқ ҳамда замонавий билим билан тарбия уйғунлашиб кетган бошқа бир инсонни учратиш мушкул эди…

Ибройимнинг бугунги оқшоми тонгга уланиб кетди. Сергак хўрозларнинг чақирган товушлари эшитила бошлади. Муҳаббатнинг узоқ кутган тотли дамларини, ошиқлик деб аталган туйғунинг аҳду паймони изҳор этилиб, бир жон-бир тан бўлиб бирга яшашга қарор қилингани масрурлигини ҳис этиб, севгилисининг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракатини эслаб, ўринда мастона-мастона чўзилиб ётди. Илгарилари хотин-қизларнинг ҳеч қандай эрки йўқ бўлган замонларда, уларнинг кучи икки кўзида бўлади, фақат йиғлашни билади, деганларидай шоирнинг ҳам бутун кучи шеърларида бўлди. Унинг хаёлига шеърий мисралар кела бошлади.

Ёз оқшоми иккаламиз боғ ичинда,Хилват ўриндиқда ўтирдик ёлғиз.Биллур қадаҳ билан сен ўша тунда,Ишқ шаробин менга ичирдинг, ёш қиз.Юракда янгради ишқ ашуласи,Оппоқ томоғингдан искадим сармаст.Титраб сувга тушган ойнинг шуъласи“Севаман”, деб менга сўйлагани рост…

Шеър мисраларини тезлик билан оқ қоғозга ёза бошлади. Ўша куни истироҳат боғида мусиқа чалиб турган духовой оркестр, япроқларни шитирлатиб эсган шамол, барча қушларнинг овозини жим қилиб қўйиб, фақат ўзи ярим кечагача сайрайдиган булбуллар, чуғурлашган чумчуқларгача “севаман, севаман” деб тургандек туюлса ҳам:

Сен айтмадинг ўша сеҳрли сўзни,“Севаман” демадинг фақатгина сен.Бироқ сенга кўзим тушганда кўзниКиприк билан тўсдинг астагина сен…

Ушбу қисқагина шеърга нуқта қўйди-да, сатрлар тагига санани ёзди: “1950 йил”.

2

У одатдагидек шошилмасдан институтга етиб келганида илмий кенгаш мажлиси аллақачон бошланиб кетган экан. Адабиёт назарияси бўйича билимдон, етук мақолалар ёзадиган, саводли “икки муаллимнинг бири” ҳисоблана бошлаганидан буён мана шундай мажлисларга таклиф этадиган, нутқ сўзловчилар рўйхатига ёзиб қўядиган бўлишди. Бугун муҳокама қилинаётган масала бўйича сўз беришмаса, ўзи сўз сўраб, гапириши керак. Бунга анча вақтдан буён тайёргарлик кўрган.

Устози Давқораев 1946 йили XIX аср қорақалпоқ адабиёти тарихи бўйича номзодлик диссертациясини ёқлагандан кейин кейинги икки йил давомида докторантурага кетиб, “Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” деган мавзудаги илмий-тадқиқотини битказди. Илмий иш уч бўлимдан иборат бўлиб, биринчи, энг катта бўлими “Фольклор” деб аталади. Олимнинг ушбу монографияси институтда дарслик сифатида ўқитила бошлаган эди. Биринчи бўлиб достонларнинг мазмунига, воқеалар содир бўлган даврга қараб, яратилиш тарихи бўйича ўзгачаликларни фарқлаб берди. Ибройим буларнинг ҳаммасини ўрганиб, талқин қилиб, тайёрланиб юрибди. Бунинг яна бир сабаби Давқораев Москвага ўқишга кетгандан буён айрим замондошлари унинг илмий янгиликлари ва изоҳларининг ҳар ёқлама талқин қилса бўладиган жойларини излаб, ҳар ер-ҳар ерда бош кўтара бошлаган эди. Уларнинг ичидаги амали катталари “Давқораевнинг издошимисан?” дегандай буларга ҳам кўз олайтириб юрганлари сезилаётганди.

Нажим Давқораев 1950 йилнинг августида Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Саримсоқовга: “Менинг диссертациям ўн босма табоқ ҳажмида бўлиши керак эди, бироқ уни ёзиш борасида қорақалпоқ халқининг фольклор бойлигини тадқиқ этмай, қорақалпоқ адабиёти тарихини ёзиш мумкин эмаслигини тушундим. Бу масалани тўлдириш зарурлигини англадим. Шу сабабли, диссертациянинг ҳажми уч баробар кўпайди. Ишимнинг барча ортиқча чиқими ўзимнинг меҳнат маошимни ҳисобидан тўланади”, деб ариза ёзган эди.

Сўзга чиққанларнинг баъзилари бундан хабарсизми, айтганлари, топган камчиликлари асоссиз эди. Йиғилишга тайёргарликсиз келиб, Давқораевнинг меҳнатига гумон туғдириш орқали илмий ишнинг баҳосини туширишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш мақсадида Қалли Айимбетов унинг Қорақалпоғистон Министрлар Кенгесининг Раиси Н. Жапақовга ёзган ҳисоботини ўқиб эшиттирди.

“Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” мавзусидаги докторлик диссертациям машинкада 931 бет бўлди, у уч китобдан иборат”, деб бошланган хатда диссертацияга қўшимча 500 бетлик адабиёт хрестоматиясини тузганини билдирган эди.

– Ҳаммаси бўлиб икки-икки ярим йил ичида уч жилддан иборат диссертацияга хрестоматияни қўшиб тайёрлаш бир неча ходими бор илмий-тадқиқот институтининг ҳам қўлидан келмайдиган иш…

Қ.Айимбетов “Фольклор” бўлимида “Алпомиш”, “Қоблан” достонлари бошқа халқларнинг шу номдаги достонларига қиёслаб ўргангани, “Қирқ қиз” достони бошқа халқларда йўқ, фақат қорақалпоқларда бор эканини, бундай янгиликларни Давқораев биринчи бўлиб илмий тадқиқ этганига тўхталди. Ушбу нутқ Ибройимга анча дадиллик бағишлади. У ҳам ўзининг тайёрлаган баёнотини айнан шу мавзуга бағишлаган эди.

Нажим Давқораев бўй-бастига қараганда салобатли кўринадиган, ўртача йирикликдаги, қуюқ қора қошлари остидаги икки кўзи у қизишиб сўзлаганида ёниб турадиган, илк қарашда қаҳри қаттиқ кўрингани билан кулимсираб юрадиган одам эди. Кенг манглайидан тушавериш жойида ўртаси ботиқроқ бурни юзида кичикроқ кўринар, ундайларни халқда пучуқ эмас, “тампиш бурун” деб атайдиган, сўзни секин бошлагани билан бора-бора қизиб, чин кўнгилдан кулганда гуручдай оппоқ тишлари чиройига чирой қўшадиган эди. У дарҳол бийликни қўлга олиб кетадиган фаол, дипломатиядан хабардор, ҳар кимнинг ўрни, феъл-атворига қараб адашмай муомала қиладиган, одамгарчиликни, ўзаро ҳурмат-иззатни жой-жойига қўядиган инсон. Москвага борса, атоқли тарихчилар Иванов, Толстов, Баскаков, Бертельс, Тошкентда Ғафур Ғулом, Иззат Султон, қозоқлардан Мухтор Авезовлар билан қадрдон бўлиб юрадиган обрўга эга эди.

Шунга қарамай, эллигинчи йилга келиб, рақиблари кўпайиб кетди. Бердақ шоир вафот этганининг 50 йиллигига бағишлаб тайёрлаган баёнотидан кейин ҳар ер-ҳар ердан дастлаб ёқимсиз, бора-бора заҳарли сўзлар тарқалиб, матбуотга ҳам чиқа бошлади. Кутилмаганда бирдан “буржуазия-миллатчилик дунёқарашидаги одам” деган ёрлиқ тақалиб қолди. Бу – яқинлашиб келаётган олақуюн довул бошланиши олдидаги изғиринли шамол эди. Ўз халқи адабиёти тарихини XVIII асрдан бошлаб тирилтирган олим, бу хавфли шамолнинг кейин тез авж олиб, унинг ҳаёт гулини юлиб олиш учун ҳамла қилажагини, атрофида “қалдирғочдек тумшуғи билан сув ташиб”, унинг улуғлигини халққа етказиб юрган олимлар Қалли Айимбетов, Жумек Ўринбоев, Исмоил Сағитов, Янгибой Досумов, Ўринбек Кожуров, ёзувчилардан Жўлмирза Оймирзаев, Асан Бегимов сингари дўстларининг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмай қолишидан ҳали бехабар эди.

Давқораевнинг ўша 1950 йили китобча бўлиб чиққан, сўнг Тошкентда “Шарқ юлдузи” журналида ўзбекча, “Звезда Востока”да русча эълон қилинган “Бердақ шоир” монографияси бўйича И.Ефимов деганнинг идеологик бузғунчи брошюра деган мақоласи шов-шув бўлиб кетди. Улар кўп вақтдан буён оғиз бириктириб, тайёргарлик кўриб юрган экан, ҳадемай Савицкий, Бектемиров, Соничев, Некрасовларнинг мақолалари ҳам “Советская Каракалпакия” газетасида кетма-кет босила бошлади. Маҳаллий олимлар ўзаро йиғилишларда: “Ундай эмас-ку, бу иш нотўғри бўлаяпти”, деб ғўлдирашгани билан, матбуотда фикр билдиришмади…

* * *

Кузнинг илк ойи бошланган эди. Тонг пайтлари ҳаво совиб кетди. Дарахтларнинг япроқларини шитирлатган шамоллар эсди. Ёзи билан етарли сув ичмаган дарахтларнинг япроқлари эрта қуврай бошлади. Манави елвизак шамол тўкилаётган япроқларни учириб, анча масофага элтиб ташлайди. Сепалаб ёғадиган ёмғирдан олдин худди шундай шамол елпиб ўтар эди. Тонг ёришаётганда уйғонган одамлар осмонга қараб туради-да ҳовучини очиб, томчи кутади. Тажрибалилари шамолнинг бундай эсишидан ёмғир ёғмаслигини, осмонни ҳар томондан кўланка қисиб келганидан кейин ёғадиганини билиб, булутларнинг ҳаракатини кузатади.

Бугун ҳам худди шундай бўлди. Япроқларнинг шитирлаши тўхтаб, жимжитлик чўкди. Фақатгина чумчуқлар гала-гала бўлиб, ўзларини улкан дарахтларга уриб, бир жойга қўнмай, галаси билан гоҳ қиялаб, гоҳ ёйилиб, яна тўпланиб, безовталик билан шитоб учарди. Улар ҳадемай ёмғир ёғишидан хабардор қилиб юргандек эди. Чошгоҳга қараб дастлаб сепалай бошлаган ёмғир осмондаги қопнинг оғзини биров ечиб юборгандек бирдан кишмишдек катталикда қуя кетди. Одамлар “Манави нима қилгани-ей”, дегандек осмонга қараб, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, пана-панага югуришади, иложи борича тез чопишади.

Уч киши ёнма-ён юра олмайдиган тор сўқмоқдан келаётган Ибройим ҳамроҳларининг олдига ўтиб, Бабош пастроқ қоратолга тенглашган пайтда “Ёғин бир марта ёғса, дарахт икки марта ёғади” деган нақлни синаб кўрмоқчи бўлгандай толнинг шохини силкиб юборди. Япроқларнинг кафтларида ҳовучдаги сувдек тўлиб турган томчилар Бабошнинг устига дувва тўкилди. Унинг орқасидан келаётган Тажетдин буни кўриб: “Вой, астағфуруллоҳ! – дея ҳайратланди. – Охуннинг ўғли ҳам шундай шўхлик қилармикин!” – деди.

Бабош Тажетдинга ялт этиб қаради. Сўнг ҳеч ким эшитиб қолмадимикин, дегандай атрофга эҳтиёткорона разм солиб боқди. Унинг бу ҳаракати Тажетдинга “Бундай ҳазил қила кўрма”, дегани эди. Ибройим ҳам афти ўзгариб, кўзининг остидан хўмрайиб қаради. Бабош бирдан аэропортда бўлган бир воқеани эслади. Дўсти Нурмуҳаммедов Маратни тенгдош йигитлар билан Москвага аспирантурага кузатгани чиқишганида Эломон ҳаммага қарата: “Мана нақадар омон-омон замонга етишдик, “халқ душмани”нинг боласи эмин-эркин ўқиш учун Москвага бораётир”, деб қолса бўладими. Маратнинг ўша вақтдаги аҳволи ўла-ўлгунимча кўз ўнгимдан кетмаса керак, деб ўйлаган эди Бабош.

Эломон ҳазилкаш, ёнғоқдек шақиллаган, оқкўнгил йигит. Кўпчилик бу гапни ёмон ният билан айтмаганини билса-да, анча вақтдан буён айтилмай келаётган бу сўз Марат тугул, бошқа ҳамма йигитнинг жон-жонидан ўтиб кетгандек бўлди. Ўсарбойнинг топқирлик билан: “Вой, ҳазилинг қурсин, сен падарлаънатининг”, деган сўзларидан кейин йигитларга жон кирди. Тажетдиннинг ҳозирги ҳазили ҳам Эломоннинг қовун туширганига ўхшар эди. Ибройим сира ҳовлиқмас, ўзини бекдек салобатли тутадиган, шеърий сатрларида ботир кўрингани билан ниҳоятда таъсирчан, юрагида қандайдир қўрқувми ёки огоҳлик бордай, арзимаган нарсага титраб кетишини Бабош яхши билади. “Отаси охун, “халқ душмани” деган гапни эшитса, эсидан тонадигандек эди. Замон ҳам Эломон айтгандай “омон-омон” эмас, кундан-кунга қаттол бўлиб бораётганини ҳамма сезади. Шундай бўлгани билан, булар ҳаёт завқига тўла ёш йигитлар, бир-бири билан ҳазиллашмаса ўлади, гап-сўзларида ҳеч қандай ғаразли ният бўлмаса ҳам, оғзидан бехосдан чиқиб кетади.

Ибройим ўртоқларининг мум тишлаб қолгандек жимжитлигини бузиб, сенинг ҳазиллашмоқчи бўлганингни тушундим, дегандай сўз бошлади:

– Ўн тўрт ёшида ўқишни битказиб, овулдаги масжидга мулла бўлиб келган ёш бола (ҳазрати Хўжа Аҳмад Яссавий демоқчи эди, қўрқди) дарсдан кейин овулдаги болалар билан томнинг бўғотидан чумчуқ ушлаб, ўйнаб юрса, масжиднинг имоми кўриб қолиб: “Сиз ўзингизни мана шу шогирдларингизга дарс берадиган мулла эканингизни унутдингизми?” – дебди.

– Унутмадим, тақсир. Ўзимнинг ҳам ҳали бола эканимни, вақтида ўйнаб қолишим керак эканини сиз ҳам унутманг, – деб жавоб берган экан.

Бу мисолни Бабошнинг устига дарахтдан ёмғир томчиларини қуйдирганини оқламоқчи бўлиб айтса ҳам, ҳазил-ҳузул авжга чиққанида ҳам қаттиқ кулмайдиган, кулганда ҳам қандайдир сипойилик белгилари сезилиб турадиган Ибройимнинг бу ҳазили янгиликми, юпатишми, ҳар ҳолда ёнидагиларига эркалангани эди.

Ҳалиги олдинги сафдаги ўрнини бермай, дўстлари билан гаплашиб келаётганида бир оёғи ёмғир суви тўпланган кўлмакка тушиб кетди. Ҳали тарқалмаган ноқулай вазият унутилгандай, ҳамма бирдан кулиб юборди.

Бабош Тажетдиннинг оёғига қаради.

– Биз ҳам сендан ўрганишимиз керак-эй.

Ибройим унга қарши чиқди.

– Тажет, сен оёғингдаги ковушингни ташла. Уни бошқа кийма. Боядан бери айтаман деб юрган эдим. Этикнинг сиртидан ковуш кийсанг, худди шаддод кампири бор чолларга (қўрққанидан киядиган демоқчи эди) ўхшайсан.

– Қўнжингга сув киргандан кейин мени кўра олмай турган бўлма, ма, кийиб ол, ечиб бераман.

– Ботинкамнинг ултон8и тушиб қолса ҳам киймайман.

– Нечанчи курсда ўқирдинг, ёдимда йўқ, бир сафар оқ этикнинг сиртидан сен ҳам кийиб юрганинг эсимда.

– У кигиз этик эди. Сеники булғари, хиром этик. Бойлар шундай пухта, зиқна бўлади.

– Қаёқда адашиб юрган экан бойлиги. Бу совет офицерининг парадний пойабзали.

Гапга Бабош аралашди.

– Эй, Тажет, сен йўқ ердаги парадни айтма, ўзинг эмасми ҳар сафар: “Урушдан битлаб-қуртлаб элга зўрға етдим”, деяверадиган. Буни шинелнинг астарига тикиб олиб келган пулингга олгансан.

– Қандай пулни айтаяпсан?

– Бизнинг овулда бир язнамиз урушдан кўп пул олиб келган. Йўлда ҳеч кимга билдирмаслик учун шинелининг астарини сўтиб, ичкарига яшириб тиккан. Зил-замбил бўлиб кетган шинелни киймай олиб келган, овулда ҳам ҳеч кимнинг қўлини шинелга теккиздирмаган.

Йўл лой, сирпанчиқ. Тор сўқмоқда “томоқларига сув пуркаб” келаётган бу уч ошнанинг ёнидан айланиб ўтиб бораётган ёш йигит билан қиз “пиқ” этиб кулишди. Уларга гавдаси тўлиқ иккаласи эмас, уларнинг тепасидан қараб келаётган Ибройимнинг юзигина кўринди.

– Вой-бўй, топган гапини қара. Уруш қирғинида қон кечиб юрган одамда ундай пул қандай номаъқулни есин. Пулни 1945 йил япон урушига борганлар олиб келиши мумкин, сабаби, японларни енгиб бўлишгандан кейин хавфсизлик учун уларни олти ой, бир йилга қадар Тинч океанида кемаларда ушлаб туришган. Бари бўрсиқдай семириб, пачка-пачка пул билан қайтишган…

Гап тугаган вақтда Ибройим уларни тўхтатди.

– Мана бу ерни бир айланиб, зиёрат қилишимиз керак.

Тажетдин унинг кўрсатган ерига қараб, зиёрат қилгудек жой топмади. Ибройим изоҳ берди.

– Бу ерда айрим одамлар қучоғидаги жуфтини (бир жуфт деган сўзни бузиб айтди) тушириб, шу ерга кўмган.

– Вой, бопладинг-эй, – деб Бабошнинг ҳайрон қолганига Тажетдин тушунмади. Ўтган йили декабрнинг қаҳратон совуғида ёзувчи Хўжабек Сейтовнинг топшириғи билан икки куви шиша ароқни қўлтиғига солиб келаётганида ерга тушириб синдирганини Тажетдин эшитмаган эди.

– Қучоққа эмас, қўлтиққа, – деди Бабош.

– Қўлтиққа деб, кийимнинг сиртидан қисилганни айтади. Сен плашнинг ичидан қучоққа қисгансан…

Улар шу юриши билан “Нукус” кафесига етиб келишди. Кафенинг булар келаётган томонидан ўнг ёнида жуни ҳурпайган ориқ ит, унинг рўпарасида катта қари мушук бир-бирига қараб чўзилиб ётган эди. Ўзаро келишмай, доим жанжаллашиб юрадиган эр-хотинларни одамлар “ит-мушук” дейишади, мана бу ерда эса бир-бирига душман икки жонивор одамларга ўрнак бўлмоқчидай ёнма-ён чўзилиб ётибди. Кафенинг ичидан чиқиб келаётганларнинг ғала-ғовури эшитилди. Қулоғига таниш товуш эшитилган Ибройим дарҳол эшик томонга қаради. Бир-бирига суйкалишган уч кишининг ўртадагиси Маден эди. У ёнидагиларга қараганда чарчаганроқ. Шу ҳолатда одамни таниши гумон. Ибройим Тажетдинни паналаб, кўринмасликка ҳаракат қилди. Унга кўринганнинг ҳам фойдаси йўқ. Хавотирга ҳам ўрин йўқ, ҳали ёп-ёруғ кундуз бўлса. Нукусга кўчиб келгандан кейин тунлари излаб, тополмай қайтганида, тонготарда қийшайиб омон-эсон уйга кириб келишига ўрганиб қолган. Ёнидаги дўстлари ҳам ўзини уларни кўрмаганга олишди.

1...45678...11
bannerbanner