
Полная версия:
Ибройим Юсупов
деган сатрларга кўзи тушди. Бу нима, шаҳар раҳбарларига теккизиб ёзганми? – деб ўйлаб қўйди. Яна бир-икки бет ағдариб ўқиди.
Мис қозондай бошдан ўтганОсиёнинг саратони.Бугун ерни бир суғорсанг,Эртан яна сўратади.Кундуз тандирга ўт қўйган,Ёнар қуёш манглайидай.Саҳрода адашиб куйган,Йўловчининг танглайидай.Бу сатрларни ўқиб, анчагача ўйланиб ўтирди. Қаёқдаги бир сўзларни топади. Жазирама кунни адашган йўловчининг куйган танглайидай деб ёзиш учун одамнинг хаёли қаёқларни айланиб келиши керак? Қўй, бу сидирғи5 бола эмас. Отамизнинг, унинг халқни оғзига қаратган ота-боболарининг валийлиги бунга ўтган бўлса керак. Мана бу сўзларни бир илоҳий куч кўнглига солмаса, қаердан топади? Буни туққан она мени ҳам туққан, менда унинг қобилиятининг бирови ҳам йўқ…
Юмалаган олтин тўпдайБош кўтарди қумдан қуёш…… Ёлғиз ёнган шамга ўхшабТонг Чўлпони кўкка ўрлади.Учар тонгда чарх уришиб,Тинчликнинг кабутарлари.Мийиғида кулди-да, яна қўлёзмаларни авайлаб тинта бошлади. Тинтув деганимиз тўғри бўлмас, у ҳар саҳифани варақлаганда ёки бошқа қоғозларни ўқиб кўрганида, уларга бошқа одамнинг қўли теккани билинмаслиги учун авайлабгина ўрнига қўяди.
… Ёдингдами “Басув сув”нинг бўйидаЯкшанбада гуллар териб келганинг?У ушбу сатрларни ўқиганида ўзини худди ўғирликка тушаётган одамдай сезиб, аланглаб эшик томонга қаради. Унинг излагани аслида шундай шеърлар эди. Сабаби, шоирлар маъшуқаларига шеър ёзмасдан туролмайди. Бу шеърларни кимга бағишлаган экан? Онаси Айимхон келин келиб-кетганини Маденга айтган эди. Шунинг учун ака бўлмишнинг ҳам боши қотиб қолди. Институтга борса, анов бўтакўз қиз хумор бўлиб юрганини кўради. Шунинг учун Маден бу сафар шоир инисининг қоғозларини кавлаштириб ўтирганидан мақсадини энди ўзидан ҳам яширмай, ўқишда давом эди.
“Соғиндим”, деб хат ёзибсан яқинда,Эсдаликка юборибсан қўлрўмол.Хат ёзибсан: “Гулистонни соғинсанг,Бориб янги қурилишдан хабар ол”.Йўқ, бу сиёсат учун ёзилганга ўхшайди. Менинг излаганим бу эмас, дегандай яна қоғозларни титкилашда давом этди. Насрий сўз билан тўлган мана бу саҳифага “Адабиётнинг эсдалиги” деб сарлавҳа қўйилибди. “Бизнинг замонамизга қадар қорақалпоқ адабиётида ранглар-бўёқлар билан тасвирлаш бўйича ажойиб бир бадиий мисол бор. Бу – Бердақнинг “Аҳмоқ подшо” романи…” деб бошланган жумлаларни ўқиди.
Ёзув столининг бир четида “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг 1950 йил 30 сентябрдаги сони турибди. Унинг биринчи саҳифасида Қорақалпоғистон обкомининг биринчи секретари Пиржон Сейтовнинг “Кўп асрлик армон ушалди” деган мақоласини қайта-қайта остига чизиб, бир жумлаларга ундов белгиси, бошқа жойларига сўроқ белгиси қўйиб ўқиган. Қайта-қайта қўл билан ушлангани учунми, газета титилиб кетгудай бўлибди. Маден мақоланинг нима ҳақида эканини дарҳол тушунди-да, жойига қўйди…
* * *Пиржон Сейтовнинг мақоласи Совет ҳукуматининг сентябрь ойида қабул қилган қарори асосида (Сталин вафот этгандан кейин бекор қилинган) Бош туркман канали деган ном билан улкан қурилишнинг бошланиши, бу иш амалга оширилгандан кейин халқнинг кўрадиган фойдаси ҳақида эди. Амударё – Красноводск Бош туркман каналини барпо этиш, Амударёнинг қуйи ҳудудларида, Қорақум чўлининг ғарбий томонидаги ерларни суғориш, сув билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар режалаштирилган.
Бу қарор эълон қилинганидан кейин кўп ёзувчиларни Хўжайли бандаргоҳининг нариги қирғоғига ўтказиб, ҳозирги Тахиатош шаҳри жойлашган ерга олиб бориб кўрсатган эди. Ёзувчилар, шоирларга бу қурилиш қаҳрамонлари ҳақида йирик асарлар битиш ҳақида қатъий топшириқ берилди. Маденнинг ҳалиги ёлқинли ҳовур, саратон ва йўловчининг қизиган тандирдай танглайи ҳақида ўқиган шеърлари Ибройимнинг кейинчалик эълон этилган “Акация гуллаган ерда” достонининг дастлабки чизгилари қўлёзмаси эди…
Ёш шоирнинг Маден ўйлагандай бўтакўз қизларга бағишланган шеърлар ёзишга вақти йўқ. Бунга сабаб, ўша қизларнинг шоир юрагини жимирлатадиган туйғу уйғота олмаётгани ва бир томондан баланд дорга осилиб, оёғи ерга тегмай турганидан эди. Йигит шунга алағда эди. Тўғри, унга бир шеър ёзди. Қиз унинг ёзган хатини олмади. Бу дарҳол унга руҳий таъсир қилган эди. Шуни шеър қилиб ёзди. Жуда кулгили, ўринли ҳазил бўлиб чиқди. Уни ҳали кейинроқ, мавриди келганда ўқиймиз.
7
Газета-журналларда чиққан, радиода ўқиган шеърлари бўйича бир-бирини сиртдан билиб, машқларини ичдан маъқуллаб юрган ёшлар “Қоратов”нинг таҳририятида учрашиб, танишиш одатга айланган.
– Тиловберган дўстим, шу пайтгача Мўйноққа қандай сиғиб юрибсан?
Тахтакўпирда чиқадиган район газетасининг муҳаррири Хўжамурот Туримбетов унинг қўлини қўйиб юбормай, сўрашиб турибди.
– Тунов куни бир йиғилишда сўзлаб, роса ичагимизни узган эдинг. Чиққанингдан кейин танишарман десам, улгурмай қолдим.
– Тиловберган оға Мўйноққа сиғмай, нукуслик бўлгани қачонлар эди, – деди Ибройим.
Тажетдин уларнинг сўзини бўлди.
– Фронтовикларнинг бир хосияти бор, ўзимдан биламан. Урушга бормаганларнинг барини ўзидан кичкина ёки тенг кўради.
– Тиловберган фронтовик эмасми?
Хўжамурат ўзининг хатосини сезгандай Тажетдинга қаради.
– Оёғини силтаб босганнинг бари урушда қатнашган бўлавермайди…
Тиловберган шоир энди йигит бўлиб бошини кўтарган вақтда оёғидан майрилиб, узоқ йиллар тўшакда ётиб қолган. Бир оёғи қийшиқ битган. Бундан бехабар одамларнинг кўпчилиги уруш ногирони, деб ҳисоблар эди. Унинг тахаллусини суриштириб билган Сейтжонов ҳозир гапни тенглаштиргиси келмади.
– Ибройимнинг бир ўзи узун бўйлининг озғини бўлиб юравермасин деб, биз ҳам нукуслик бўлдик, – деди Тиловберган.
Икки йил бурун пединститутнинг ташвиқотчилар гуруҳи билан Ибройим Қозоқдарёда бўлиб қайтган эди. Аввал кўрмаган ерлари, Шақамандан ўтиб анча юрилар экан. Қозоқдарё дегандан Ҳакимниёз телпакчининг “эрка қиз Алийма”си ёдига тушди. Биринчи муҳаббат, илк айрилиқ. Тенгдош бўлгани билан ўғил боладан аввал бўй етиб кетадиган қиз тақдири. Ўгай отанинг ўжарлигига кўникиб кета олмай, урф-одат тазйиқида қурбон бўлган қиз кўз олдига келган эди.
Қозоқдарёга борди ҳам, бир-икки кун юргандек бўлди ҳам. “Чимбойдан шу ёқларга келин бўлиб тушган Алийма деган аёл борми?” – деб бир-икки кишидан пинҳона сўраган бўлди. Алийма ҳақида биладиган, сўрайдиган бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Афсуски, Нукусга қайтганидан кейин унинг чимбойлик эмас, онасига эргашиб Қозоқдарёдан боргани ёдига тушиб, воҳ, Жамила опанинг отини айтиб сўрашим керак эди, деб ўкинди.
Қозоқдарёда уруш йиллари халқ оғзаки ижоди намуналарини суриштирди, бирозгина қўшиқлар ёзиб олди. Ўша сафар таассуротлари билан “Қозоқдарё” деган шеър ёзди. Бироқ шеърдаги:
Белжекини, Мойчи тумшуқ,Оққаласи Оқтам қумшақ,Ғоз ғанқиллаб, оққу сингсиб,Шарқираган Қозоқдарё.Белгисидай номус-орнинг,Ўрни бор қонли қамалнинг,Ботир бобом ЭрназарнингҚони томган Қозоқдарё, –деган сатрларидан қўрқиб, “халқ душмани”нинг боласи одамларнинг онгини уйғотмоқчи, деб айблашмасин деган ҳадик билан бу шеърни ўқимай, беркитиб қўйди. Ана ўша борганида Ерғалий деган ёши катта одам “Тиловберган шоир билан Умбетали оқиннинг айтишуви” деган шеърни ёздирган эди. Уни тинглаб ўтириб, бу кекса кишининг айтаётгани Мўйноқ райони газетаси муҳаррири, ёзганлари ҳажвга мойил ўзимизнинг Тиловберган оғамизми, бўлмаса яна шундай бошқа киши бормикин, деб кўп иккиланди. Сабаби, бу кишининг таърифлаши бўйича Умбетали оқиндан кўп бўлса, бир мучал кичикдай кўринган. Бироқ шеърнинг биринчи қатори “Тиловберган қароғим, ёш боласан” деб бошланганига қараганда, ўзимизнинг Тиловберган-ку, деган аниқ хулосага келган эди.
Айтишувни Ерғалий оқсоқол тўлиқ айтиб бера олмади. Асосан, Умбетали оқиннинг Тиловберганга:
Туркистонга борганда кўражакмизХўжа Аҳмад Яссавийнинг мақбарасин.Шунда қарғиш олибди қараканг деб,Душманлари чиқарган масхарасин.Шундан кейин озайиб қолган экан,Деб сиртиндан айтади, эл-юрт ростин,Оқин бўлсанг, шу тарихга жавоб қайтар,Чевар сўзинг шамол каби елиб учсин, –деган сатрлари ёд бўлиб қолган экан.
Воқеанинг келиб чиқишига қараганда, XVII асрда қорақалпоқлар Сирдарё бўйларида, Туркистон томонларда яшаган замонда Абулхайрхон уруш очиб, элни қувиш ва уларнинг ерини эгаллаб олиш учун: “Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасининг устига ёпилиб турган ипак ёпинчиқни қорақалпоқлар ўғирлаган”, деган катта баҳона билан уруш очган. (Ёпинчиқнинг ўғирлангани рост эди, бироқ у XX асрнинг ўрталарида Париждаги музейдан чиққан). Икки шоирнинг айтишуви ўша воқеа мавзусида бўлган экан. Унга ёш шоир Тиловберганнинг:
Кўп салом Умбетали оғамизга,Изласак, Сиздай оға топамизма?!Сиз жуда кўп мақталган бўлсангиз ҳам,Осилиб турибсиз бугун ёқамизга! –деб бошланадиган узоқ ўқиладиган шеър билан ёзилган жавоби бор экан. Ерғалий чол ўша жавобнинг ҳам кўп жойларини тушириб айтиб берган эди. Ўша вақтда Ибройимнинг яккаю ягона суянган тоғи, валинеъмати бўлган Нажим Давқораев билан Қалли Аймбетовлар Нукусда йўқ эди. Илм излаб, юртдан ташқарида юрган эди. Улардан кейин одил, қайтмай тўғрисини айтадиган ёши катта устоз Амет Шомурадовга ўша воқеани айтиб беради: У кишининг қўлида амали бор, дарҳол Мўйноққа “от йўллаб”, айтишувнинг тўлиқ қўлёзма нусхасини топдириб келтиради. Тиловберган шоир қари оқин бобога жуда дадил, довюраклик билан қайтарган жавобида мана бундай сатрлар бор экан:
… Ҳозирча унча қизиб, жўшганим йўқ,Ўйлансак, чамали сўз топамиз-да…Сиз бир буюк Асқартов, мен тепача,Чопилган тарлонсиз-ку орамизда…Икки йил туғишгандай эмраниб,Бундан кейин қасд душман бўламизма?Туркистондан ёпинчиқ ўғирлаган деб,Туҳмат қибсиз бизларнинг бобомизга?!Ўғирлаганга сизлардай гувоҳ турса,Бобомизнинг айбини ёпамизма?Ёпинчиқни ўғрилар олган чиқар,Бу гаплар тўғри ёки ёлғон чиқар?!Бир ёпинчиқ бир халққа мулк бўлмайди,Кўп бўлса, тўрт-беш ўғри бўлган чиқар.Ҳар элда ундай ўғри бўлмасмикан,Қозоқда ҳам ўғрилар бўлган чиқар?!Овулдан арқон-тушов ўғирлайдиганЎзингнинг орқангдаги чорванг чиқар!Нағашили-жиянлар ўғирлаб бўлиб,Жазоси қорақалпоққа қолган чиқар?!Бу айтишув 1932 йили бўлган экан. Ўшанда Тиловберган шоир нақ ўн етти ёшда. “Ёши улкан кўпир, ёши кичик копир”, дегандай, одамнинг ўз-ўзидан номи чиқадими, кўпни кўрган қария шоир ёш бола Тиловберганни синаб кўриш учун уни ўчакиштириб ёзган шеърининг жавобига кўнгли тўлиб:
Хат ёзаман бағишлабТиловберган қароғим.Бахтинг чопиб бу кунда,Ҳар кимдан ортиқ талабинг!Сен бўлмасанг қизмайди“Оққум”да менинг бозорим.Қай вақтда хат ёзсам,Менлибек эди чопарим.Мўйноққа сени кетди деб,Хабарингни сўрадим.Омон-эсон келдингми,Ори баланд араним!Айтишувга чама йўқ,Кучингни пайқаб қарадим.Айланайин қароғим,Пойингга бош ураман! –деб жавоб қайтарган экан. Амет оғаси бу айтишувни ўқиб ўтириб: “Мана шеъриятнинг кучи. Орадан йигирма йил ўтса ҳам унутилишнинг ўрнига, халқ оғзаки ижодиётининг асл асарига айланибди. Ёшлигида, ҳаётлигида шеърининг халқ оғзаки ижодига айланиб, авлоддан-авлодга ўтишини кўриш қандай бахт”, – деган эди.
– Бундай бахт бўладиган бўлса, Сиз ҳам бахтли одамсиз. Сизнинг “Қалқасан, севгилим, жўшиб қалқасан, Помир тоғларидан бизга сув қуйиб”, деб бошланадиган “Амударё”, уруш йилларидаги “Қирон бўлиб, туман бўлиб, сувни сузиб, булутни бузиб” деган шеърларингизни ҳамма ёддан айтади. “Эски мактабда”, “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” каби шеърларингиз сўзсиз шу адабиёт тургунча туради…
Ўша пайт иккаласи узоқ гурунглашди. Амет оға: “Ҳозир адабиётимизга сенга ўхшаган, эски қолип, эски сўқмоқни бузиб, баландпарвоз, мадҳиябозлик оҳангида, “урдим-сурдим”, деб кўпиртириб ёзадиганларга ўхшамаган янги куч кириб келаётир. Менинг назаримда, мўйноқлик Тиловберган, тахтакўпирлик Хўжамурод, жўранг Бабош, сал сиёсатга мойиллигини айтмаса, яхши шоир бўладиган Тажетдинга ўхшаган йигитларнинг бошини бириктириш керак. Сизлар бирлашиб, бир-бирингизни қўллаб-қувватлаб, бир-бирингиз билан ижодий баҳслашиб, синаб, керак бўлса ким сусткашлик қилаётган бўлса, ўртага олиб танқид қилиб, бир янги куч бўлиб чиқинглар. Бошқалар, айниқса, Жўлмирза, Асан бошчилигидаги катта авлод ҳам бир мўъжиза туғилиб келаётганини сезсин, ўйлансин. Чинакам шеърият қандай бўлади, унга қандай талаблар қўйилишини сизлардан ўргансин”, – деган эди.
Чиндан ҳам, ўша йигитлар бир ёқадан бош чиқариб ижод қилишмоқда. Уларнинг бу норасмий, аммо мустаҳкам ижодий бирлашмасидан Амет оғанинг хабари бор эди. “Ўзим сизлар билан бир учрашаман”, – деган эди. У кишининг ҳукумат ишлари билан Тошкентга кетганини бугун билишди.
Шоирлар нега йиғилишганини аниқ билмаса ҳам, илгаридан келишиб олган одамлардай сўзга киришиб кетишди.
Адабиёт йўлларининг биридан кириб, биридан чиқиб, бу изланишда топилган мисоллар, исбот ва далиллар билан фикр билдириш авж олди. Гап Аббаз шоирга келиб тақалганда, Ибройим бу халқ шоирининг яқинда янги йилга бағишлаб ёзган шеърини ўқиди.
Янги йилнинг бахтига биз тилакдош,Товоқда бармоқдош, ишда билакдош,Томирдош туғишган, жангда юракдош,Ғам-шодликни баҳам кўрган элимсан.Шеър ўқиб бўлингач, давра сув сепгандай жимжит бўлиб қолди. Ҳамманинг нафас олиши эшитилгудек сокинлик давом этди. Сўнгра улар бошларини кўтариб, бир-бирига қарашди.
– Ҳаммамиз лол бўлиб қолдик-ку, қайтадан ўқи, – деди Бабош.
Шеър қайтадан ўқилди.
– “Товоқда бармоқдош, ишда билакдош”, – деб қайта такрорлади Бабош.
– “Томирдош туғишган, жангда юракдош”. Вой, топган экан-эй. – Хожимурод ҳайрон қолиб, бошини чайқаб ўтирди.
– Шунинг учун ҳам халқ шоири-да, тилига қара, руҳига қара. Сўз – шеърнинг гултожи. Бундай гапни ҳақиқий шоиргина айта олади.
Тиловберган шу сўзларни айтиб, Аббаз шоирнинг бошқа қанотли сўзларини эслади. Сўнгра фикр алмашув ҳавойи сўзли, бир-биридан ўтказаман деб, ошиғич мақтовлардан тузилган шеърлар мавзусига кўчди. Ибройим олдиндан тайёрлаб қўйганми, йўқса, ҳозир эсига тушдими, гапни Жўлмирза Оймирзаевнинг “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида 1950 йили 12 апрель куни эълон қилинган “Турмушдан тиш қўшиқлар” номли мақоласига бурди.
Мақолада бир ёши катта шоирнинг “Севингиз” номли тўпламидаги шеърларга танқидий фикр билдирилган:
“Шўъла бериб жарқираб, осмонда кун таранған” (Кун таранади деб ҳеч ким айтмайди).
“Сайрар қушлар қавачақнинг гулидан”,
“Етилиб қиз бўлиб ўсдингиз гулдан”,
“Пиширган гулларинг душманни кесган”,
“Урса кетмон Равия қалтирайди дужаҳон”,
“Ғайратингдан ларза олиб кунгирайди бу жаҳон”…
Шунга ўхшаган ўнлаб сатрлар келтирилган. “Латифа билан Раҳима ҳамда Жиянгул талашган, Социализм ариғига хизмат қилиб ярашган” деган сатрлар айтилганда “Буни қўяйлик, шеър қиладиган жойи йўқ. Бундай шеърлар бошқа шоирларда ҳам тўлиб-тошиб ётибди”, деган фикр билдирилиб, гап шу жойда тўхтади.
– Жўлмирза оғанинг жонига тегиб кетган экан-да…
Тажетдиннинг сўзи гумонли эди.
– У кишининг ўзи ҳам учрашиб турмайдими? – деб Хўжамурод савол ташлади.
– Келинг, ундан кўра Аббаз шоирнинг шеърлари билан кўнгилни кўтариб, олдинги завқли кайфиятимизга қайтайлик, – Тиловберган шундай деди-да, шеър ўқий кетди.
Ўкчангни кўтар деб, қишги тўқсонга,Энди навбат бер деб, эркин бўстонга,Нур сочаман деган жаҳон осмонга,Қулоққа келмоқда уни баҳорнинг.– Нима камчилиги бор? Ортиқча сўз борми? “Кет, чиқ. Сендан безор бўлдик” демайди, “Ўкчангни кўтар, эркин бўстонга навбат бер”, дейди. Ёнимизда Аббаз шоир турганда, бизнинг ёмон шеър ёзишга ҳаққимиз борми?! Энди Хўжабек жўрамнинг “Ур кетмонни” деганига ўхшаган нарсаларни бас қилишимиз керак.
Тажетдин Тиловберган шоирга қараб узоқ тикилиб турди.
– Жўлмирза оғанинг “Ербай ботир” достонида худди ўшаларга ўхшаган ҳавойи сўзларнинг кўплиги ҳақида бир мақола ёзган эдингиз. “Парвозий” тахаллусли биров “Фотиҳасиз танқид” деб сизга қарши бир нарса ёзди. Буни қандай қабул қилдингиз?
– Ўзинг қандай тушуниб, қандай қабул қилдинг?
– У бир буюртма билан ёзилган асоссиз гап-ку.
– Тушунганингга раҳмат. Унга қарши бир нарса дейишни ўзимга раво кўрмадим, – деди Тиловберган.
– Сизнинг ўрнингизга Бабош жавоб қайтарди-ку, “Танқидчилигимизнинг камчиликлари” деган мақоласида. Асарларингга танқидий фикр айтган одамга аччиқ-ғазабни тўплаб, қарши жавоб ёзиш яхши эмас. Тўғри гапни тан олиш керак, деб ёзганинг йўқми?
Бабош жавоб қайтармай, жим ўтираверди.
– Инимизга раҳмат, – деди Тиловберган, – шундай мардлик қилибди, одил гапни биров айтиши керак-ку, ахир…
Кун ботиб, тун қоронғиси тушмаганда шаҳар симёғочларидаги чироқлар милт-милт этиб, гоҳ ёниб, гоҳ ўчавермаганда уларнинг гурунги тугамас эди. Кўчада шоирлар бир-бири билан қучоқлашиб, хайрлашишди.
Катта умид, катта мақсадлар билан элнинг пойтахти, адабиётнинг олтин ўрдаси бўлган мана бу ёш шаҳарда турли овуллардаги кичкина ўтовлардан чиққан йигитлар миллий адабиётнинг улкан ғилдиракли аравасини тортишга кучлари етилганини, уни нақадар машаққатли йўллардан олиб ўтиши кераклигини аниқ сезмаса ҳам, кўкраклари тўлиб-тошиб, янги орзу-ҳаваслар билан олға қадам ташлайверишди.
ПАРВОНА
II БЎЛИМ
Арғумоқ пишқирган Аму жўшиб оқади, Тонг шамолин ёндириб сен борасан ёқада, Жар остида жайин кўрса сени мабода Янги ошиқ бўлгандай ўрдан иқ 6 қа чопади, Сенга ҳамма ошиқ бўлар, ёрим, сен юрган ерда.Ибройим Юсупов, “Мухаммас”, 1950 йил.1
Тун. Ярим кеча. Икки кундан буён ҳаво булут. Ёмғир ёққиси келади, сепалайди, шаррос ёға қолмайди. Бугун кечга томон кун бир очилди. Шимолий шарқдан “Ҳазрат Алининг қиличи” кўринди. Ибройим ўйланиб қолди: “Нега бундай номлашган экан? Руслар “радуга”, яъни турли рангдаги “дуга” – ёй дейишади, туркий халқларда эса “камалак” – ўқ-ёйдай эгилган дегани. Гўзалларнинг қошларини ҳам камонга ўхшатишади. Бизнинг тилимизда шуни бир сўз билан айтиладиган ифодаси йўқми?” Кўп вақт бўлди, унинг бошқа халқлар тилидан кирган, қорақалпоқча таржимаси йўқ атамалар билан сўзларни ёзиб юрган дафтари бор. Уларнинг бир чеккадан қорақалпоқчасини топиб ёки таржима қилиб юриш одатга айланган. Нега шунча кўп – уста сўз билан номлаган? Нима бўлганда ҳам буни Ислом динининг тарихини билган киши қўйган. Исломда “тўғри йўлдан юрадиган халифалар” ёки “Чориёр”ларнинг тўртинчиси бўлган Муҳаммад Али халифанинг саркардалиги, динни жорий этишдаги жасорати назарда тутилган бўлса керак. Э, қайдам, бўлганда бир бора қулоққа чалинар эди. Бунга бир сўз билан ном қўйиш керак…
Чалқанчасига ётиб, юмуқ кўзлари билан дунёдаги шунга ўхшаш нарсалар ҳақида хаёл сурди. Қиличдан бошқа эгилган яна қандай нарса бор? Кўп рангли қиличлар бўлганми? Ўхшатишлар шуурига аста-секин тақала бошлади. Эгилган нарса топилар-ку-я, турфа рангларини нима қиламиз? Сачрашга, шафаққа тўғри келмайди, эгилган жойи йўқ. Қулоқ-чи? Кунда қулоқ бўлмайди. Ойда-чи? Ойда қулоқ бўлганида – ойқулоқ бўладими? Ўйлари бирдан тўхтади. Тўртинчи курсда ўқиётган пайтимиди, Генжабой Убайдуллаев билан Дўстжон Носиров қорақалпоқча-русча луғат тузиш бўйича тадқиқот бошлашди, деган гапнинг устида бўлган бир фикрлашувда ойқулоқ деган сўз айтилгандай бўлган эди. Унчалик эътибор бермаган экан. “Ойқулоқ” эшитилиши яхши. Ойда бўлгандан кейин, обрўйи ҳам яхши. Ранг-чи? Ой шуъласи ранг таратади, сўнг уни айириб ташлаб кетади. Ота хўроз қирғовулнинг бўйнидай турли рангда товланиб, ёмғирдан кейин чиқади. Топилди! Атама деган нарсани биров бошлаб берса, танланган нарсасига ўхшаса, бир сўз билан осон талаффуз қилиниб, қулоққа ёқимли эшитилса, тилга сингишиб кетаверади. Мен бошлайман…
Нега буни эслади? Энди ёдига тушди, унинг ҳам қошлари камон, ёйдек эгилган. Хонасига зўрға сиғиб турган ола, йўқ, ола эмас, хумор кўзларининг устига тўнкарилиб, қалин чизиқ бўлиб турган қошлари қиличдек. Кулимсираб, одамга мулойим қарайдиган тип-тиниқ кўзларига кўзинг тушганда, барча ўй-хаёлларинг осмонга учиб кетади. Ўша қовоқ остида ярқираб турган мўъжизадан лол бўлиб қоласан.
У жилмайиб, доимо хушвақт юради. Чиройи очиқ, кўнгли беғубор, кўрганнинг кўнглини жўштириб юборадигандек ёқимли, ҳаммага бирдек севимли. Ибройим эса, негадир унинг ҳаммага севимли бўлишини ёқтирмайди. Қиз бола то турмушга чиққунича… дейди-да, “қандай бўлиши керак, хўмрайиб юрсинми?” деб ўзига савол беради, кўнглида бир қизғанчиқлик пайдо бўлаётганини сезади. “Бундай одамлар бошқаларнинг кўнглини қайтариб ташлай олмайди. Биров сўзласа, диққат қилиб, очиқ чеҳра билан жавоб қайтаради. Айрим йигитлар ундан умидвор бўлиб, сир олгиси келади. Яхши одам ўзига маъқул бўлмаган одамга ҳам сипойи жавоб қайтаради. Буни етарлича тушуниб етмаганлар қизнинг яхши муомаласини суиистеъмол қиладигандек туюлаверади Ибройимга…
Унақа деса, ўзининг илк бора сўзлашган куни аҳволи мутлақо бошқача бўлган эди. Институтни битирувчи курсининг тўрт ойлик амалиёти. Ибройимни тўққизинчи синфнинг тил-адабиёт муаллимига бириктиришди. Синфхонага кириб боргандан сўнг кўзининг олдидан “чақмоқ чиқиб кетди”. У бирдан лол бўлиб, қаерда турганини унутди-да, устоз муаллимнинг “ўтиринглар” деганидан кейин ўзига келди. Бу бир мўъжиза эди. Ундан таралиб турган нур оқ тумандай, бошқаларни юпқа парда билан қоплаб, фақат ўзи ярқираб тургандек эди. У ҳушидан айрилди-да, дарҳол ўзини тутиб олишга ҳаракат қилди. Кўнгил нималарни хоҳламайди, қўл етмайдиган жойдаги асл гавҳарга ҳавас қилганидан не наф. Шундай ўй унинг сезимларига дарҳол сув сепди, ўзига келтирди. Шундай бўлса ҳам, синфхонадан чиқиб бораётганида худди қамчисини қолдириб кетган меҳмондай бир тикилиб қаради, сирини билдириб кетгиси келди.
Кейин бир неча маротаба кўзлар кўзга тушди. Дастлаб кўнглида ҳеч нарса йўқ боладай кўринган қиз кўзларини олиб қочадиган одат чиқарди. Бу Ибройимни умидлантира бошлади. Энди унинг йўли қиз ўқийдиган Пушкин номидаги мактабнинг ёнидан ўтадиган бўлди. Унинг дарс жадвалини ёдлаб олди. Ҳозир уларда жисмоний тарбия дарси эканини билгандан кейин, мактабнинг айланиб орқасига ўтди. Ўғил болалар тўп ўйнашаётган, қизлар эса бир чеккада тўпланишиб туришган экан. У яқинлашган пайтда уларнинг бирови:
– Қизлар, узун ичак келаяпти, – дегани эшитилди.
Қизларнинг ҳаммаси Ибройимга қараб кулишганидан кейин “узун ичак”нинг ким эканини билиб олди.
Ўзига лақаб қўйилганини биринчи марта эшитиши. “Тўғри топишибди”, деб ўйламади. Бўйининг узунлиги, ниҳоятда озғинлиги ҳар доим гап-сўз бўлади. Озғин бўлгани билан суягининг йириклиги йигитга кўркамлик бағишлашига, “тани соғлом ориққа гўшт билан жир бирмайди” деган нақлга ишонса ҳам, икки қўлини тенг силтаб юришни қойиллатадиган бўлса ҳам, ёзда “ингичкалашиб” кетишидан ўзини бироз ноқулай ҳис этар эди.
Қизлар лақаб қўйиб, мазах қилишаётганидан уялиб, тезгина кўздан ғойиб бўлмади. Қайтанга тўғри ўзи танлаган қизнинг кўзига тикилиб қаради. “У”нинг фикрини билгиси келди. Кўнгли бироз бўлса-да, таскин топди. Унинг нигоҳларидан, қизларнинг кесатувчи кулгиларига унча қўшилмаганга ўхшаб кўринди. Ибройим бу лақаб унга қаратилмагандай, бу гапни эшитмагандай, гоҳ болаларнинг копток ўйинига, гоҳ қизларга бирпас қараб турди-да, мактаб ҳовлисидан кетгиси келмагандай секин қўзғалди.
Орадан кўп вақт ўтмай, улар синфи билан радиокомитетга экскурсияга боришди. Таниқли сухандон Марқа Кожурова радиоэшиттиришларни тайёрлаш ва эфирга узатиш ишлари билан таништирди.
– Мана бу бизнинг сухандонимиз Юсупов Ибройим деган шоир йигит бўлади. Бу йил институтни битказди…
Марқа Кожурова ёш йигитга ҳурмати бўлакча эканини сездириб гапирди:
– Радиодан ҳар куни жировдай йўғон овоз билан томоғини қириб сўзлайдиган ғоз товушли сухандонимиз мана шу бўлади.
Ўшанда қоши камон, оҳу кўзли қиз кўз остидан унга бир боқиб, биров кўриб қолмадимикин, дегандай ҳадик билан дарҳол тенгдошларига олазарак қараб қўйган эди. Ана, энди орқасидан излаб бораман, йўлини тўсиб чиқиб тўхтатаман, деб бел боғлаган эди Ибройим ўшанда.
Икки кун давомида гоҳ ўчириб, гоҳ кўчириб хат ёзди. “Сўзлаганимни тинглаб ўтирмайди, биламан, йигитни ёқтирмаса-да, қўлига тушган хатни ўқимайдиган қиз бўлмайди”. У шундай қарорга келган эди. Тўғри ўйлаган экан. Қиз хатга қўлини чўзмади. “Мен хат ёзишиб кўрганим йўқ”, – деди. Йигит довдиради. Қиздан тўрт-беш ёш катталиги, амалиётчи ўқитувчилиги, ёш шоир деган номи бор. Сўз топмай, чора топмай, ёшгина қиздан, ўқувчисидан ютилиш ўлимдай кўринди. Ана ўшанда юракка қуйилиб, қулоққа садо берадиган мавридлар келди…
* * *Ўшандан буён орадан бир йилча вақт ўтди. Кўнгил кўнгил билан топиша бошлади. Ҳалиги тилга келган сўз, дилни изҳор этишнинг топилган чорасини қофияга солиб, қизнинг ўзига шеър қилиб тақдим этди. Ҳозир ўйланиб турибди, буни дўстларининг ичидан Бабошдан бошқа кимга кўрсатган эди? Эсида йўқ. Институтдаги анави амалдор йигит бу шеърни кимдан эшитган экан? У менга шунчалик зуғум қилиб, дарғазаб бўлди…
Воқеа бундай бўлган эди. Ибройим ростдан ҳам қизнинг йўлини тўсиб, қўлига хат берганида олмагандан кейин, унга ҳийла қилиб олдиртирди. Ўша ҳолатни бундай шеърга солди.
Оҳу кўзинг ҳурккан эгиз қўзидайЧопқиллади пастдан қирга югуриб.–Почтачиман, қўрқма, қариндошим, ҳай, –Деб хат бердим чўнтагимдан суғуриб.–Почтадан хат келмас муҳр-маркасиз,Бизнинг почтачимиз сенмас, нетаман?–Агар ҳозир олиб қолмасанг сен қиз,Шу мактубни йўлга ташлаб кетаман…Худо билсин хатда не ёзилганин…Ҳамма ўқиб, сени гап қилмасми бир:Ерда одам, кўкда юлдузнинг бари,Ҳатто қўшниларнинг итига довур…Ёзувчи Амет Шомуродовнинг “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” номли ҳикоялар туркумида бўлса керак, йўлбарс буқанинг орқасидан келиб панжа уради. Ҳуркиб кетган буқа йўлбарсни орқалаб чопади. Йиртқичнинг икки орқа оёғи ерга тегмай кетаверади. Бир пайт буқа чуқурга тушганда йўлбарснинг оёқлари ерга тиралиб, буқани ён томонга улоқтириб юборади. Шоир ҳам қизни эплаб сўзга тортса, айниқса, шеър билан ёзилган хатини олдирса бўлди, ҳар қандай қиз ҳам ойга сапчиганини қўйиб, ювош тортади.