Читать книгу Ибройим Юсупов (Шарап Уснатдинов) онлайн бесплатно на Bookz (8-ая страница книги)
bannerbanner
Ибройим Юсупов
Ибройим Юсупов
Оценить:
Ибройим Юсупов

4

Полная версия:

Ибройим Юсупов

Оқсоқол саволни яна қайтарди. “Билмайман ёки биламан” деёлмай иккиланиб турган Болзода анча вақтдан кейин ерга қараб “ҳа”, деди.

– Бугун кўришишдими ёки аввалдан учрашиб юришадими?

– Бироз вақтдан буён.

– Мен эса бу қизга сени Москвада ёки бирон чет давлатда ўқитаман. Ҳали Африканинг қовунини едираман, дея яхши ният қилиб юрибман… Сен дарров куёвга бермоқчимисан?

Бу сўзлар Болзодага ботиб кетди. Қайси қиз онасидан сўраб, йигит билан танишади. Дастлаб қизиқувчилик сезими қиз боланинг кўнглига ҳамроз бўлади. Бора-бора ётсираш йўқолиб, кўнгиллар яқинлаша бошлайди ва бу севгига айланади. Она бечора эса, қиз ва йигит ўртасидаги муносабат чуқурлашиб кетгандан кейингина гап нимада эканлигидан хабар топади. Болзода ҳам яқиндагина хабар топди. Аввал “Иккаласи икки дунё, йигитнинг ёши каттароқ, бора-бора қизнинг ўзи ақли етиб, воз кечиб кетар”, деб юрган эди. Йўқ, йилт этган бу учқун аста-секин ўт олиб бораётганини қайниси Амет Шомуродовнинг аёлидан эшитди.

Шундоққина ён қўшниси бўлганидан ҳар куни кўришиб юрган Айимхон бир гал шу гапни айтайин деб, атайин уйингизга чиқдим, деган эди. Унинг айтишига қараганда, икки ёшнинг ўртасида хат олди-бердиси, учрашиб юриш бошланганига бир йил бўлган эмиш. Ибройим Юсупов деган ёш шоир йигит катта уламонинг авлодига ўхшайди. Институтни битказиб, шу жойда муаллим бўлиб ишда қолган. Онаси, оғаси оиласи билан бир уйда яшашар экан. Аметнинг айтишига қараганда, келажакда катта шоир бўладиган йигитнинг шеърлари газета-журналларда тез-тез чиқиб турар эмиш. Қизи истаган шаҳарда ўқийверсин, йигит кутади. Ўзим кўз-қулоқ бўламан, кафилликка оламан, деганга ўхшайди. Она ўзи эшитган, билган шу гапларни оқсоқолга аста-секинлик билан бирма-бир айтиб берди.

2

Шу кунларда “Қоратов” журналининг редакцияси “Маслаҳат тепа”га ўхшар эди. Кўнгиллари бир-бирига яқин, ўй-фикрлари, адабий тушунчалари ўхшаш, янгиликка ўч ёшлар кунда, кунора ҳеч қандай таклифсиз кутилмаганда келаверадиган одат чиқарди. Кўпчилиги Ибройим билан Бабошнинг ҳали талаба пайтидаги “Адабиёт гули”га бир қўниб, энди эса “Қоратов” чўққилари томон учиб бораётган ёш бургутлардай бир-бири билан топишган. Уларни адабий муҳит ва эзгу ниятларнинг муштараклиги бирлаштирган.

Давқораев диссертациясининг муҳокамаси воқеаси уларни бир-бирига яна-да яқинлаштириб юборгани аниқ. Бироқ негадир аввалгидек қизғин баҳслар кам. Тез орада барининг феъли вазминлашган, гўё ёши кексайиб, қариб қолгандай эди. Гоҳи кунлари ундан-бундан гаплашиб, суҳбат қовушмай, совуққина учрашиб кетишади. Ҳаммаси асосан нега келиб юрганини, нима гапни айтмоқчи эканлигини яхши билишади, лекин юрагини очиб, тиш ёришмайди. Бундай ҳолатда узоқ юриш мумкин эмас эди, дангал гапиришнинг вақти етган куни мадда бойлаган яра ёрилди:

– Нима қиламиз, ҳаммамиз биргалашиб ёзамизми?

– Нимани ёзамиз?

– Билиб туриб, билмагандек сўрашни бас қилинглар-эй!

– Кимга ёзамиз?

– Қайдам, Тошкентга, академияга бўлса керак.

– Улар Нукусдаги бу гапдан бехабармикин?

– Қаердан хабардор бўлади, тушида кўриб биладими?

– Бизнинг гапларимиз катталарникидан кўра муҳимроқ бўлиб, эътиборга олинармикин?

– Катталаринг ким?

– Айимбетов, Кожуров, Сағитов, Аймурзаев, Бегимов, Ўринбоев, Досумов, Бердимуратов, яна давом эттираверайинми?

– Улар қаёққа ёзишибди?

– Ёзиб ҳам, айтиб ҳам юришган йўқми? Баъзиларининг ўша куни безовта бўлганини кўрмадингми?

Савол-жавоб тўхтаб қолди. Ҳамма ерга қараб жим ўтирибди.

– Қўрқиш керак.

– Кимдан?

– Яна айтаман, қўрқиш керак! – деди кескин сўзлаб Ўринбой.

– Ҳақиқатни айтишдан қўрқамизми?

– Қўрқасан! Нега қўрқмас экансан?! Биринчи сўзга чиқиб, Давқораевнинг авра-астарини ағдарган одам мабодо институтга директор бўлиб кетган йўқми?

– Тўғри гап, – деди Ўразоқ, – яна сенга қандай исбот керак?

– Ибройим, сен нима дейсан?

– Бабош билади.

– Бабошга қарасанг, жўхоринг бу йил пишмайди, очдан ўласан.

– Ундай дема, у пишиши керак бўлган экиннигина пиширади…

Ибройимнинг кўнглидагини шундай очмай, Бабошга тўнкаб, воқеа чигаллашиб, томонлар келиша олмай қолган вақтда бирдан қизиб кетиб, масалани кескин ҳал этишини, бироқ ҳадеганда қизишмаслигини дўстлари яхши билишади.

Улар бировлардан дакки еб, аччиғи тарқамай юрган одамга ўхшар эди. Бу дунёнинг ўткинчилиги, чархи фалак гардишининг галма-гал айланиб келиши тўхтаб, ҳамма нарса фақат шунга тақалиб қолгандай, бир неча кундан буён шу гап. Москвада ўқиётган аспирантлар Марат Нурмуҳаммедов билан Сирожиддин Аҳмедов ҳам келган. Улар ўтган февраль ойида Москвадаги Шарқшунослик институтининг директори, атоқли тарихчи археолог Сергей Павлович Толстов билан сектор бошлиғи, Давқораевнинг илмий раҳбари Евгений Эдуардович Бертельснинг (у вақтларда иккаласи ҳам Сталин мукофоти совриндорлари) бошчилигида Давқораевнинг докторлик иши муҳокамаси қандай ўтганини бошидан охиригача батафсил айтиб берган.

– Бизлар Марат иккаламиз диссертацияни машинкадан кейин текшириб бердик. Соат ўн иккида ҳимоя бошланиши керак эди, кўп одамлар йиғилган бўлса ҳам, негадир Нажим оға безовта бўлаверди, – деган эди Сирожиддин.

– Мухтор Омархонович келиши керак, сизлар Марат иккингиз ташқаридаги эшикда кутиб туринг, келганидан олиб кирасиз…

Ташқарида қор бўралаб ёғмоқда. Биз аввал у киши билан учрашмаганмиз, фақат суратини кўрганмиз. Москва давлат университетининг профессори эканини биламиз. Чамаси ярим соатлар ўтгандан кейин келди. Дарров мажлисга олиб кирдик. Президиумда Нажим оғанинг дўсти, олим Иззат Султон, атоқли олимлар Зелинский, Шериф, Авдеевлар ўтиришибди. Бертельс Мухтор Авезовни кўрганидан ўрнидан туриб қарши олди. Ёнига ўтирғизгандан кейин, қулоғига нималарнидир шивирлаб тушунтирган бўлди. Ҳимояда сўзга чиққанларнинг баъзилари диссертациянинг мавзусини маъқул кўрмаган. Адабиётнинг барча даврлари олинган, тарих кўп аралашиб кетган, деб эътироз билдиришган. Протокол ёзиб ўтирган Айсулув Валитова бизларга қарата: “Аҳвол унчалик яхши эмас”, дегандек қаради. Қўрққанимиздан жон-понимиз чиқиб кетди. Сўзга Авезов чиқди.

– Ўрта Осиёда яшайдиган туркий халқлар маданияти ва тарихида қорақалпоқларнинг ўз ўрни бор. Бу халқнинг адабиёти, фольклори ўзига хос бир олам. Уларнинг адабиёти у ёқда турсин, ҳатто гражданлик тарихи ҳам ҳали ёзилган йўқ… Тарихи ёзилмаган халқнинг адабиётини ўрганиш учун тадқиқотчининг тарихчи бўлмасликка ҳаққи йўқ… Тарих фольклор билан, фольклор эса тарих билан чамбарчас боғлиқ… Уларни ташқаридан келиб биров тадқиқ этиб бермас. Нажим Давқораевнинг юрак ютиб олган бу илмий иши ҳали қанчадан-қанча тадқиқотчилар учун мавзу бўлишига шубҳа йўқ.

Бу гапларни ўз халқини, ўз элини чин юракдан, жон тани билан севган, ўз ватани тарихи бўлсин, бугунги муваффақиятлари бўлсин, барини кўнглидаги фахру ғурур билан ардоқлаган, эл-юрт деганда, ватанпарварлик туйғулари дарҳол уйғониб кетадиган ёшлар теран тушуниши керак. Шундай синовлардан ўтиб келаётганига кўнгиллари ўсиб юрганда теваракдаги республикалар орасида филология фанларининг дастлабки доктори бўлажак устознинг ушбу илмий иши ўз туғилган элида кутилмаганда шундай кутиб олинганини ёш юраклар кўтара олмай қолди.

“…Пединститутнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетининг биринчи курсини битириш арафасида, сўнгги ойлар эди. Деканимиз Султонмурод Бекмуродов келиб, бугун 17-хонада Нажим Давқораевнинг докторлик диссертацияси ҳимояси бўлишини, хоҳлаганлар қатнашиши мумкинлигини эълон қилди. Бизлар, Носир Камолов, Қобил Мақсетов, Солий Ақдавлетов каби талабалар ёнма-ён ўтирдик. Йиғилиш қизиқ бўлди, узоқ вақтлар эсимизда қоладиган гаплар айтилди. Масалан, Кенжабой Убайдуллаевнинг сўзлаган сўзи ҳали-ҳамон қулоғим остида худди бугунгидек жаранглаб турибди.

– Менинг илмий ишдан аввал айтадиганим, – деб бошлади у ўз сўзини, – бу, Нажим Давқораев Қўнғиротдаги катта фабрикантнинг боласи. Фамилиясини ўзгартириб юрибди. Фамилияси Алламберганов бўлиши керак. Сабаби, Алламберган бойнинг боласи. Давқора унинг тоғаси. Булар, аниғини айтганда, совет ҳукуматига қарши одамлар. У асли наслига тортмай турмайди. Шунинг учун бундан ҳеч қандай илм чиқмайди. Мен бошқа сўз айтмайман11, – деб жойига ўтирди.

Ўша институтда тарихдан дарс берадиган Емберган Давлатбоевнинг сўзи ҳам анойи бўлмади. У Москвадаги муҳокамада сўзлаган айрим олимларнинг сўзини такрорлаб, тарихга кўп кириб кетган, адабиёт тарихнинг очеркига жавоб бермайди, деди.

“Дангена12нинг улканини туя сўйганда кўрасан” деганларидай, йиғилишнинг қоп-қора зулматли қисми охирида экан. Минбарга Давқораевнинг дўсти Қалли Айимбетов билан бирга халқ орасида фольклорни йиғишга биринчи отланишган, бу пайтларга келиб сиёсий партия ҳужжатлари, материалларини Тамандер Сафиевдан кейинги кучли таржимони, “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида кўп йиллар масъул котиб бўлган Ўринбек Кожуров чиқди. У ўз фикрларини аниқ мисоллар билан исботлаб, кўп сўзлади. Давқораевнинг илмий иши пролетариатнинг ғоявий таълимотлари асосида ёзилган улкан иш эканини айтди. Сўнгроқ ўзини бошқара олмай қолган бўлса керак: “Агар марксизм-ленинизм тўғри бўлса, Давқораевнинг бу иши ҳам тўғри”, – деб сўзини якунлади. Минбардан тушиб бораётган эди, залнинг орқа тарафидан:

– Тўхтанг! – деган буйруқ эшитилди.

Ҳамма орқага қаради. Бу Бердақ шоирнинг вафот этганига 50 йил тўлганига бағишланган республика миқёсидаги шоирнинг ҳаёти ва ижоди бўйича яқиндагина баёнот берган обкомнинг секретари Ўтеген Сапаров эди.

– Сизнинг марксизм-ленинизм илмига эътирозингиз борми?

– Ўртоқ Ўтеген Сапарович, мен эътироз билдириб, шак келтирганим йўқ, Давқораевнинг ишини тўғрилиги ҳақида гапирдим.

– Ундай эмас, сиз “агар марксизм-ленинизм тўғри бўлса”, дедингиз. Сўзингизга жавоб беринг?!

Секретар ўрнига ўтирмай, тик тураверди13.

Булар адабиёт ва илм тарихида унутилган воқеалар эди. Эркинлик берилди, деб оёғини кўпроқ чўзиб юборган ёшларга, “ёпилган кўрпасининг” ўзлари ўйлагандек узун эмаслигини, замон сенга эмас, сен замонга боқишинг керак, деган гапни уқтириб қўйишди.

“Қоратов”нинг атрофига йиғилган ёшларнинг бирзумда улғайиб, ўйчан бўлиб қолишганининг сабаби шу эди. Ибройимнинг ўз таржимаи ҳолини айтавермайдигани, “халқ душмани”нинг боласи деган гапни эшитганида томоғидан сув ўтмай қолишининг ҳам, энди ҳаётдан роҳат кўраётганида илҳом деб аталган руҳий пойгада чопиб бораётиб, эҳтиётлик билан оёғи остига кўпроқ қарай бошлаганининг ҳам сабаби шу эди.

Институтда ёзги сессия бошлангандан буён Ёзувчилар уюшмасидаги ишида тўлиқ ўтирадиган бўлди. Москвадан ўқишни битириб келган Амет Шомурадов Ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимида ҳам ишламоқда эди. У Ибройимни чақириб: “Институтда ҳам ишлайвер, шу билан бирга Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи ҳам бўласан”, деган.

Улар – Матеке Жуманазаров, Қалли Айимбетов, Жўлмирза шоир, Давқораевлар бари бир кўчада, ёнма-ёнма қўшни туришади. Ёзувчиларнинг идораси ҳам шу атрофда. Қоронғу тушганда шу кўчани бир айланмасдан уйига қайтмаслигини биладиган Амет оғасининг уни ўша кўчага яқинлаштирганидан мингдан-минг рози.

Масофа қанчалик яқин бўлса ҳам, бугун кун узайиб, тун пардасини ҳали бери туширадиган эмас. Унинг фақат ўзи биладиган, кўп вақтлардан буён синалган бир ирими бор. Ишлари ривожланиб, яхши ҳодисалар кўпайиб кетган кунларининг сўнгида ўзи кутмаган қандайдир кўнгилсизлик билан мақсади амалга ошишини, кўнгли ўксинса, кейин яхшиликка айланиши воқеалари юз бериб туради. Бугунги кун унутилмас лаҳзаларга бой бўлган эди…

“Нажим оға бошқарган илмий-текшириш институти ҳам шу атрофда. Борсам, Жўлмирза оға иккаласи чиқиб келаётган экан. Улар мени эргаштиришиб, Амет оғаникига келдик. У уйида таниқли туркман ёзувчилари Қора Сейтлиев, Қурбондурди Қурбонсахатовлар билан ўтирган экан. Бош Туркман каналининг қурилиши бошланишидан аввал унинг Нукусдаги штабига келишган экан. Биз боришимизданоқ Айимхон янга овқатнинг хуш исини бурқситиб олиб келганида Жўлмирза оға хурсанд бўлиб, ўзининг операбоп товуши билан: “Во, Айимхон, саҳнамизнинг булбули, Булбул қушлар сендан олган улгуни”, деб бор овози билан қўшиқ айтиб юборди. “Шу товушинг сўнмай туриб, бизда ҳам опера яратилгай”, деб кулди Амет оға. “Қирқ қиз” пьесасини операга айлантиринг”, деди Айимхон рўйхушлик билан. У умр йўлдоши Шомурадовнинг шу кунлари ўша пьесани ёзиб тамомлаб юрганини яхши билар эди”.

Ёш шоир устозларига эргашиб юриб, кўрган-билганларини ёзган кундалигида шундай сўзлар бор: “Қорақалпоғистон зиёлиларининг қаймоғи бўлган бу теран тафаккурли, билимли, маърифатли азаматлар гуруҳи биз ижодкор ёшларга “Афлотун академияси” эди. Изларидан эргаштириб юриб, ўқитиб, ўргатиб, синаб тоблайди. Мажлисларида қатнашамиз. Уларнинг олдида шеър ўқиймиз, саҳнага қўйган пьесаларини томоша қиламиз, шеърларимизни ўқитиб олиб, нашрга топширамиз…”

* * *

Бир кўчанинг икки бошида икки юракнинг қуёш уфққа энгашган сайин қаттиқроқ гурсиллаб уриши бир-бирига эшитилиб, ўзлари кўп бора ўтиришган толларнинг соясига қараб яқинлашишни, висолга интизорининг дийдори, юзларида пайдо бўладиган табассумларни кўришни қўмсар, шу боис аввалги сиполикни йўқотиб, беихтиёр тобора тезроқ босган қадамлари қоқилар, унсиз, забонсиз фақатгина интиққан кўнгилларга эрк бериладиганини, бундай дамларда юракка буйруқ бера олмаслигини, ичида тўпланиб, ҳали гўзаллик навосига айланмаган сезимларини ҳис этиш билан бошланадиган учрашувни сабрсизлик билан кутар эди.

Табиатга, умуман, дунё гўзаллигига ошиқ, уни таъсирчан зеҳн кўзгусига солиб, ундан лаззатланишдай туйғуларга юрак сезимлари етилиб бораётган ёш йигитга бу яқинлашиб келаётган гўзаллик ҳали сир-асрори очилмаган тилсим эди.

Қуёш оламни қанчалар нурга чулғагани билан ошиқлар учун туннинг ўрнини боса олмайди. Тун севишган юраклар, шоирлар учун илоҳий туйғуларнинг жилваланиш вақти-соати. Висол дамларида атрофни сув сепгандай сукунатга чулғаб, сенинг сезимларингни қитиқлайдиган атирлар сепиб, қулоғингга сенга қараб яқинлашиб келаётган юрак дусуридан бошқа товушларни ўчириб ташлайдиган мўъжиза бор тунда.

Йигит юмшоқ ер кўрпасининг устидан оёқ учида кийик юриш билан келаётган парининг ҳусни-жамолидан маст бўлиб, эс-ҳушини унута бошлади. Кечагина сўнгги қўнғироқ садоси билан хайрлашиб, қиз гўзаллик мамлакати маликалиги тахтининг юқори зиналарига кўтарилган, ёшлик даврининг ҳукмдори бўлажак эркинлик фариштасининг саробдан ҳақиқатга айланиб, намоён бўлиши эди.

Қўллар қўлларга тегди, энтикишлар кучайиб, нафаслар бир-бирига уйғунлашиб кетди. Чинакам муҳаббатда тилнинг хизмати қисқариб, суҳбатлар кўз билан бармоқларга ўтар экан. Дастлаб дийдорга тўйиб олгиси келгандай, узоқ сукунат ҳукм сурар экан.

– Эртага кетаман, – деди қиз маъюс товуш билан ерга қараб.

От кўтармас бу оғир сўзнинг айтилишини йигит сўнгги қўнғироқдан буён бўйнига олиб юрибди. Уни ўзгартириш ёки кечиктириш мумкин эмас эканини, бошқа илож йўқлигини ҳам аллақачон билган. Бу воқеа ишқ ўтининг янада авж олиб, юракни ўрташини, одобли, билимли, чин севишган кишилар учун ҳижрон азобини енгиш қийин эканини ўйлаб, ўзаро ишонч ва садоқатга чақирувчи аҳду паймонни ўртага қўйишга тайёрланиб юрибди.

Йигит қиздан бу борадаги фикрини сўрашни бошлади.

– Мен жон-таним, руҳим билан доимо сенинг ёнингда бўламан. Фақат сени деб яшайман. Бизнинг висол дамларимизни яқинлаштириш учун сени шеърлар денгизига ғарқ этиб, хаёлан сенга томон учаман…

Қиздан жавоб бўлмади. Гилосдек лабларидан ваъда ҳам, хўп деб маъқулловчи сўз ҳам чиқмади. Йигит ишонч дарахтига тирмашиб, онт бериш дарахтига чиқмоқчи бўлди. Қизда эса, садо йўқ эди.

Дард деган нарса одамнинг ичида кўп турмайди. У узоққа бормай сиртга чиқади. Бироз тўлғонишлардан кейин қиз сўз қотди.

– Уйимиздагилар иккимизнинг бирга бўлишимизга қарши…

Йигитнинг миясида яшин чақнаб кетди. Бу гап-сўзнинг учини Айимхон янгасидан эшитган, бироқ бугун қизнинг ўзидан эшитаман деб ўйламаган эди. Дастлаб “бундай гаплар бўлаверади, қизи борнинг нози бор”, деб ўзини юпатган эди, сўнг чуқурроқ ўйлаб кўриб, шундай оилада, шундай отанинг фикрини ўзгартириб, қиз бола ўз сўзида туролармикин, деб кўп азобланди. “Шундай бўлиши ҳам мумкиндир, замонавий одамлар, замонавий қиз”. Шунақасига ўз-ўзини алдаб юрган эди. Қиз “отам” демади, “уйимиздагилар” деди. Гапнинг шу жойи хавфли эди. Қиз йиғлаб юборди. Юпатганни тингламади. Бу ҳаммасидан ҳам қўрқинчли эди. Бу йиғи: “Сени севаман, бироқ отамнинг гапига қарши чиқолмайман”, демоқчига ўхшар эди.

Қиз ўпкасини босиб олгандан кейин, улар гапни секингина майдалаб сўзлашишди. Отаси Москва давлат университетига ўқишга юборишга қарор қилибди. Қизнинг орзу-ҳаваси билан ҳисоблашиб ўтирмаган. Гап тамом-вассалом. Рус синфида ўқийдиган туғишганларининг: “Тилни яхши билмайди, қийналиб қолади”, деган фикрлари ҳам рад этилган. Бундан бошқа тилаклар ҳам қабул қилинмай, самолётга билетлар олинган.

Ибройим анча пайтгача сабабини сўрамайман деб ўтирса ҳам, сабр-тоқати тугаб: “Бизнинг айбимиз нима экан, ахир?” деб юборди.

Қиз индамади. Ибройим қиз йиғидан сал овуниб олсин, деб кутди. Барибир сукут давом этди.

– Бир гаплари бордир? – деб қайтадан сўради.

– Шоирга бермайман, дейди.

“Шоирми ё охуннинг боласими?” деган ўй хаёлидан ўтди Ибройимнинг. “Халқ душмани” дейишни ўзига раво кўрмади.

– Шеър дегани энди кераганинг бошида қоладиганга ўхшайди…

Бахтига қарши айтилган гапларга чидаб, уларга қарши ўзича ечим топиб, бироз бўлса ҳам кўнглини юпатиб ўтирган эди, энди бу сўзлар йигитнинг ғурурига тегиб кетди. Фалсафа, мантиқ илмларини ўзлаштириб, дунё адабиётидан, айниқса Шарқ адабиётининг ҳикматли насиҳат ва ўгитлари, дидактик ва маиший шеърияти сарчашмаларидан баҳраманд бўлиб, Жалолиддин Румий, Ҳофиз, Алишер Навоий, Махтумқулилар асарлари руҳида яшаб, дунёни доноликдан бунёд бўлган шеърият денгизига ўхшатиб, унга бир томчи бўлиб қўшилиш ишқида ёниб юрган ёш шоирга бу гаплар ҳаммасидан кўра қаттиқ ботиб кетди.

“Бу гапни айтмаслиги керак эди, ёшлик қилди, беғубор кўнгил билан соддалик қилди”, – деб ўйлади йигит. Бироқ қизнинг чин юракдан ўксиниб йиғлаши қайтадан умид ва ишонч уйғотди. “Дунёда бизлардек жуда кўп ошиқлар қанча қаршиликларга, зулмга учраган, охир-оқибатда муроду мақсадга эришганлар, Тоҳир-Зуҳра, Лайли-Мажнунларнинг олдида бу нима бўлибди. Ҳозир ХХ аср бўлса, одамлар маданиятли, ўқимишли бўлса…” Ибройим яна бир бор ўзига тасалли бериб, ўзининг қадрини биладиган йигитга муносиб фикр юритди.

Дастлаб зим-зиё, қоп-қоронғи кўринган тун бора-бора чеҳраси очилган келинчакнинг жамолидай тиниқлаша бошлади. Осмонда гоҳ булутлар ортига яшириниб, гоҳ кўриниб, уфқ томонга сузиб бораётган ўн тўрт кунлик ойгина ҳаракатда. Севишганларнинг шивирлашларини тинглашга ўрганиб қолган қора тол уларнинг боши узра чўгирмадай уюлиб турибди. Икковининг зимдан ўйга берилиши тўхтаб, сабр билан келажакка дахлдор гаплар бошланди.

Ёш шоир ўтган ой ва йиллар давомида Бибизодага, унинг танҳо ўзига бағишлаган ҳазил-мутойибали, таг маъноли шеърлари, муҳаббат лирикасидан намуналар ўқиб берар эди. Оддий ва тушунарли, бироқ ўн бора ухлаганда ҳам одамнинг тушига кирмайдиган сўзларни қофиялаштирганига қиз ҳайрон қолар эди. У илгари унча шеър ўқимаган, ўқиганда ҳам эътибор бермай, нома қўшиқларини бахшилар, артистларнинг ўзи тўқиса керак, шоирларнинг бари шундай қилиб ёзиши мумкин, деб ўйлаб юрар эди. Энди адабиёт дарслигига кирган бошқа шоирларнинг шеърларини диққат билан ўқийдиган бўлди, лекин бундай самимий, бундай ўйноқи сатрларни учратмади.

Бир сафар ҳали битмаган шеъридаги:

Тандир ёпган янгаларда бор таклиф,Рухсат йўқ оғиз тегмай ўтишга, –

деган, ё бўлмаса:

Агар уйга беш кун қўноқ келмаса,Чойи қўнмас менинг мунис онамнинг, –

деган мисраларни эшитганда бундай нарсаларни ҳам шеърга айлантириш мумкин эканига ҳайрон бўлган эди.

Шоир қизнинг дидига муҳаббат ҳақидаги шеърлар билан қопқон қуриб, шеърият тузоғига аниқ тушириб олгандан кейин, аста-секин дунёнинг моҳияти, одамнинг ҳаёти ҳақидаги шеърларни ҳам ўқий бошлади. Ўтган йили, қиз ўнинчи синфда ўқир эди, 1950 йилнинг октябрь ойи бўлса керак.

Дунёдаги барча халқлар оёқ қўшиб,Бир вақтда ерни тепса, ер силкинар.Дунёдаги барча халқлар урт тўлдириб,Пуфласа, довул туриб, кун гуркирар, –

деган шеърни ўқиб бўлиб, унинг юзига қаради. Афтидан шеърда айтилган гапнинг мағзини тўлиқ чақмай қолганини пайқади. Шеърдаги фикрни бироз тушунтириб, қайтадан ўқиди. Қиз унинг кўзларига узоқ қараб турди-да: “Ўзингиз ёздингизми ёки таржимами?” – деб сўради. Ана ўшандан бошлаб, ўз севгилисига куни кеча ва айнан бугун ёзилган шеърларни ўқишга йўл очилди. Шеърнинг мавзуси қандай бўлса ҳам, қизнинг кўнглида “шеър дегани мана бундай бўлар экан-ку, у нима учун керак экан, десам, гап бу ёқда экан-да”, каби тушунча, ҳиссиёт, бора-бора адабиётга меҳр уйғонгани йигитнинг шеърият эмас, муҳаббат майдонидаги ғалабаси эди. “Мол мўнграшиб топишади, одам сўзлашиб” деганларидай биров бировни синаб билса, сўзлари, ўйлари билан ҳар тарафлама кўнглига меҳр-муҳаббат солаверар экан.

Ногаҳонда шимолий шарқдан бир сарин шаббода келиб, қора толнинг япроқларини шовуллатиб эсди. Эртага бошланадиган янги ҳаёт орзу-умидлари ҳақида ўртоқлашган ошиқларнинг ўй-фикрлари бир қарорга келса-да, барибир ажралиш қийин эди. Ибройим серсуяк қўли билан қизни қучоқлаб туриб:

Сув бўйида шовуллаган жоним қора тол,Жонга ҳузур дим ҳавода эсган ҳур шамол.… Кунботарда чуғурлашган шўх чумчуқларингМенга берган шўх қўшиғин, шўх қилиқларин.Шамол турса, ўйга ботиб, чайқалиб сокин,Ўзинг менга ўргатгансан ўйлашни вазмин…

– деган сатрларни ўқиди. Ҳозиргина сокин ва дим ҳавода эсган шамол, оғир-босиқ ва вазмин ўй, буларнинг ҳаммаси айни шу лаҳзаларнинг жонли кўриниши эди. Ушбу шеърни Бибизодага аввал ўқиб берганми, йўқми, эслай олмади. Қошларини кериб ҳайрон бўлган қиз эса, буни шоирнинг юрагидан ҳозиргина чиққан туйғулардай қабул қилди…

* * *

Ўша куни тушликдан сўнг Шомурадов уйидаги туркманистонлик меҳмонлар Бош Туркман каналининг бўлажак қулоқ бошига олиб келди. Уруш йилларида забардастлиги билан танилиб, энди кенг жамоатчилик эътиборига сазовор бўлган шоир Жўлмирза Оймирзаев билан ҳамроҳ бўлиш жонингнинг роҳати. Йўл-йўлакай боргунча, боргандан кейин ҳам учраган ноқулайликларга парво қилмай, кайфиятини бузмай, ҳеч нарса бўлмагандай қабул қилиб, бўлганда ҳам ҳаётда гоҳо шундай бўлиб туради, йўл ёмон, ҳали тузатилмаган, машина ҳам шундай бузилиб турадиган нарса, деб барини келиштириб ташлайди. Урушдан аввалги йиллари Қорақалпоғистондан бир гуруҳ йигит-қизлар Москвадаги театр санъати институтига ўқишга борганда орасида рус тилини билмайдиган, китобни ўқиб тушунолмайдиган ёшларнинг ҳам эплаб, йўлини топиб кетганини, орадан бир ўтгач барчаси русча кийиниб, соч қўйиб, фасон бўлиб келганларини, ўзининг шеърият сабоғидан қандай имтиҳон топширганини айтиб, ҳаммани ҳайрон қолдирди. Меҳмонга келган ёзувчилар ҳам шундан кейин унинг ҳаёти ва ижодига қизиқиб, шундай инсон билан учрашганларига кўнгли тўлиб, бирданига апоқ-чапоқ бўлиб қолишди.

Туркманистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам худди биздагидай: “Асримизнинг катта қурилиши ҳақида ёзмаяпсиз. Замон билан ҳамнафас бўлолмаяпсиз”, деган гаплар бўлиб турган экан. Яқинда ҳукумат раҳбарлари ўтказган йиғилишда Ибройимга ҳам тайинланди. Темирйўл қурилиши ҳақида шеър ёзганига анча бўлди. Сиз ёшлар, етарли даражада фаол эмассиз, дейилган эди. Йил аввалида бошлаган “Акация гуллаган ерда” достонини ҳали битказмаганини, урушдан кейинги катта сафарбарликка муносиб ҳисса қўшолмаётганини тан олиб ўтирди. Ўша мажлиснинг шамоли билан яқиндагина “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Армон ҳақиқатга айланмоқдадир” сарлавҳали мақола чиқарган эди. Йўл бўйи бораётиб меҳмонларга янги қурилишнинг ўрни Тахиятош деган жойнинг Нукусгача ўн беш чақирим масофада экани, Амударё билан Бош Туркман каналига платина қурилаётгани, Тахиятошнинг туби ўн олти метр чуқурликда, яхши электрстанция қуришга қулайлиги ҳақидаги гурунгларни бериб келди.

Уларни олиб бораётган машина икки жойда ўчиб, анча тўхтаб қолди. Ёзнинг қоқ ўртаси бўлгани учун кунлар узун эди, бироқ самолёт деган нарса белгиланган вақтда учади. Аэропортга кечикмаслик керак. Етиб бориши шарт. Борганда ҳам қўл бериб хайрлашиш йўқ, фақат “чиқмаган жондан умид” дегандай узоқдан бўлса ҳам, кўриб қолишни умид қилган. У қайтиб келганида ҳам албатта кутиб олишга ҳам чиқади.

Ўша рейсда Есемуратова Равия ҳам учади. Барча гапдан унинг хабари бор. Синглиси Гулойша Собир Камоловга қўшилиб, улар ҳам Москвага кетиб қолган. “Эс бўладиган одамлар кўп”, деб ўйлаб қўйди. Бу ҳақда Бибининг ўзига ҳам айтган эди. “Хоразм” деган китоби учун давлат мукофотни олган Сергей Толстов, тилчи ва тарихчи Николай Баскаковлар Қорақалпоғистонда узоқ йиллар илмий тадқиқотлар билан шуғулланиб, ўзимизнинг одамлардай бўлиб қолишган. Орадан қил ўтмас дўстлари Сирожиддин, Марат, Дўстжонбойлар ҳам ўша ёқда. Бироқ негадир улар ҳақида қизга айтгиси келмаган эди…

У аэропортга келган вақтда йўловчилар кутиш залидан ўтказилиб, самолётга чиқа бошлаган экан, бироқ Матеке оқсоқолнинг машинаси ҳали келмабди. Кўп ўтмай улар кўринди. Оқсоқолнинг 1946 йилдан кейин иккинчи марта СССР халқ депутати бўлганини булар ўйламаган экан, самолётга тўғри борди-да ичкарига кириб кетди. Ибройим узоқдан кўриб турди, отаси: “Сен қиз самолётга чиқмай қолиб кетасан, олдимга туш”, дегандай унга олдинда юришга ишора қилган эди, олдга ўтмади, қайтанга онасининг ҳам орқасига ўтиб олди. Йигит “Ҳозир орқасига қарайди” деб кутди. Қиз ростдан ҳам орқага ўтиш баҳонаси билан бир қиёлаб, аэропорт биноси томонга қараб олди. “Кетди, – деб ўйлади у. – Кеча хайрлашаётганда “Кўп ўтмай қайтаман-ку”, деган эди, қайтиш қайда, бу келиб-кетаверадиган йўл эмас, ота-онаси бир ўзини самолётга ўтқазмайди ҳали…”

bannerbanner