Читать книгу УМР КИТОБИ 3-жилд (ТОИР МАҲМУД) онлайн бесплатно на Bookz (4-ая страница книги)
bannerbanner
УМР КИТОБИ 3-жилд
УМР КИТОБИ 3-жилд
Оценить:
УМР КИТОБИ 3-жилд

5

Полная версия:

УМР КИТОБИ 3-жилд


Қуёш кулиб чиқса, тонгинг нурафшон,

Оилангда онанг бор, онгинг нурафшон,

Ҳеч вақт қаримайди аёлдаги шон,

Муҳаббат яралган аёл аҳдидан,

Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.

Сабо кўп, баҳорнинг сабоси бўлак,

Дуо кўп, онанинг дуоси бўлак,

Аёлга атодир бор яхши тилак,

Аёл бор – тушмайсан, ором тахтидан,

Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.

Аёл уйғоқ дилда энг гўзал тушдир,

Ухламай туш кўрган ошиқ сархушдир,

Севмоқ савоб эрур, севилмоқ хушдир,

Дарё қалқиб чиқар қалблар қатидан,

Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.

Онаси умрини тилаган ўғил,

Меҳрини бошидан элаган ўғил,

Гул тутиб, қўллари гуллаган ўғил,

Илоҳим, қайтмасин шундай шахтидан,

Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.

Она Ватандаги она висоли –

Садоқат тимсоли, вафо тимсоли,

Миллат камоли у, миллат жамоли,

Ҳеч ким доғ ахтармас қуёш сатҳидан,

Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.

ЭСЛАБ – ЭСЛАБ

Шукур, бугун саломатмиз,

Саломатмиз, қўшомадмиз,

Лек дунёга омонатмиз,

Ёру дўстга умр тилаб,

Турган яхши эслаб-эслаб.

Ўтганларнинг руҳи ҳаёт,

Фарзи айн айламоқ ёд,

Ҳақ каломи – Қуръон нажот,

Йиғлаш шартмас ўкраб-ўкраб,

Қўяйлик бир эслаб – эслаб.

Ота-она сиздан нари,

Дарвозада тўрт кўзлари,

Айтолмайди ҳеч ўзлари,

Аммо дилда битта матлаб,

Келса, қани, эслаб-эслаб.

Содиқ дўстлар кўп бўлмайди,

Улар кўзга чўп бўлмайди.

Эсга олсак, дил яйрайди,

Келмай туриб ўзи излаб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

Уйғонганда кўз очилар,

Юзни ювсанг, юз очилар,

Салом билан сўз очилар,

Турсак ҳамки эснаб-эснаб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

Бегоналар келар ошга,

Жигарларнинг ўрни бошқа

Ёмон кунлар тушмай бошга,

Қадр-қиммат кетмай нураб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

Сиздан биров нон сўрамас,

Жони учун жон сўрамас,

Шон ҳам сизга, шон сўрамас,

Таваллудин тонгда қутлаб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

Опа-сингил, ака-ука,

Сизни кўрса, боши кўкда,

Тушмай туриб бизлар чўкка,

Умр йўли кетмай нишаб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

Меҳр бизга момомерос,

Соғинч бўлса бобомерос,

Сизу биздан йўқлаш, холос,

Қадримизни омон асраб,

Қўяйлик бир эслаб-эслаб.

ЧАНГНИНГ СОЯСИ

(Ҳазил)

Тарозида посонги,

Бир томонда ҳусанги,

Бир томонда ҳасанги.

Ҳусангига тош босди,

Наҳотки узум чанги.

Ҳасанги хўмраярди,

“Оҳ, адолат бўлсайди,

Қайдан келди чанг дайди”?

Наздимда тарозибон

Сотилганга ўхшайди.

Ҳусанги хандон отар,

Баргида қуёш ётар.

Ғолиблик болин тотар,

Худойим омад берса

Чангнинг сояси етар.

ИБРАТ

Бу савол ўзимга, кейин сизгадир,

Кўнглин кўрсатмаган ойдин юзгадир,

Ортимиздан келар ўғил-қизгадир,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Кимнингдир дилига тошдек ботганлар,

Киприкда тош қотган ёшда ботганлар,

Гоҳ билиб-билмайин тошлар отганлар,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Ошин ошаб, ёшин яшаб қўйганлар,

Йўлига савобин тўшаб қўйганлар,

Гўё фариштага ўхшаб қўйганлар,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Беайб Парвардигор, бизлар бандамиз,

Аламда – ғамзада, шодмиз – хандамиз,

Нафсимиз чорласа, кунда шундамиз,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Сўраган бир юзи қаро бўлармиш,

Бермаган бор юздан жудо бўлармиш,

Одам сўраб-сўраб адо бўлармиш,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Қуш ҳам насибасин ўзи излайди,

Олчоқ олазарак – қўзи излайди,

Яхшининг ортидан изи излайди,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Сатримга садодир сиздаги ибрат,

Шеърни шоён қилар сўздаги ибрат,

Насиҳат қилмадим, сўрадим фақат,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

БАҲОР НЕЪМАТИ

Шохларни тарс ёриб, кўз очди куртак,

Нозли нозаниндек юз очди куртак.

Қушлар қанотига қувончлар сочиб,

Ҳаётга олқишдан сўз очди куртак.

Баҳорнинг келгани боғларнинг бахти,

Қорлардан қақшаган тоғларнинг бахти.

Ям-яшил майсалар яйратсин сизни,

Дилингизга кўчсин майсанинг аҳди.

Кўклаган кўкламнинг кўзидир гуллар,

Бу олам кўркининг изидир гуллар.

Сизга насиб этсин булбуллик бахти,

Она табиатнинг қизидир гуллар.

Қишнинг қабоғидан олдим кўнглимни,

Кўклам ифорига солдим кўнглимни.

Лолалар баргига дил ёзай десам,

Қалам қучиб олди ногоҳ қўлимни.

Баҳорнинг келгани биз кутган бахтдир,

Хуш насим елгани сиз кутган бахтдир.

Насибаси бутун бандаларига,

Баҳорнинг неъмати – Ҳақ тутган бахтдир.

ҚАДР

Орзу ният билан яшайди инсон,

Эзгу амал билан ва лекин инсон,

Азалдан айтилган шу сўзга инон,

Оиласи оромли – осмондек тахтли.

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Ақл – одамзоднинг онгидаги нур,

Гўзалдир умрининг тонгидаги нур,

Иззати, ҳурмати ҳузурбаҳш сурур,

Тинчлиги тумори, боболар нақли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Элини эъзозлаб давлат султони,

Бунёд этди Янги Ўзбекистонни!

Бу миллат шонидир, Ватаннинг шони,

Халқнинг ризолиги энг буюк аҳди,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Ернинг томирига жони туташ эл,

Яратиб, яшнатиб қувончлари сел,

Дўст бўлсанг, сен уни қутлагани кел,

Уммони йўқ – қалби уммондек сатҳли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Аждодлар ҳикмати – дунё чироғи,

Муносиб авлоди – кўзин қароғи,

Кўкни гўзал қилган ҳурлик байроғи,

Ирмоқлар бор экан, дарёлар шахтли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

УМРА ЙЎЛИ

Кутилмаган таклиф – ғойибдан бахтдир,

Кўнгиллар кўзида қувонч қалқиди.

Аслида бу бизга самовий тахтдир,

Ногоҳ бошимизда қуёш балқиди.

Бу зиёрат завқи, барака топгур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Кўкда оққуш мисол елиб боряпмиз,

Пойимизга тўшар булутлар ўзин.

Ахир Ўзбекистон бўлиб боряпмиз.

Ёмғирдек ёғдириб “Лаббайка” сўзин.

Тайёра бағрига сиғмайди сурур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Бизни қабул қилди равзаи гавҳар,

Чорлаган Ўзингсан, эй қодир Оллоҳ!

Мадина – муқаддас, мунаввар шаҳар,

Ассалом алайка, ё Расулоллоҳ!

Сизга салом бермоқ нақадар ҳузур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Бунда сойим турмоқ бизга саодат,

Элу юрт, Юртбоши саломи билан.

Дунё тинч бўлсин деб қилдик ибодат,

Яратганнинг ёруғ каломи билан.

Сажда дийдоридан дийдамизда дур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Маккада муродлар ҳосил бўлғуси

Ҳар муслим орзуси – Каъба тавофи.

Шаффоф дуоларга осмон тўлғуси,

Бор оламга татир унинг савоби.

Бизни йўллаган зот, Сизга ташаккур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Минг-минглаб мўминлар тили нидода,

Гоҳ сокин, гоҳ бўзлаб истиғфор айтар.

Ким ҳалол, хушният, дили Худода,

Умид уммонидан покланиб қайтар.

Шукур, шукур сўзи беҳад айтилур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

БУ ЙЎЛЛАРДИР

Инсон тонгда кўз очиб, “Бисмиллоҳ…” деб йўл босар,

Яратганга ёлвориб, хуш дуога қўл очар,

Яхши ният одамзод йўлларига нур сочар,

Ҳалол меҳнат қилганда, билсанг, толмагай қўллар,

Муродимиз меваси бу йўллардир, бу йўллар.

Бу равон йўлда юриб, ўтмишингга боқиб кўр,

Қон қақшаган тарихнинг оҳларида оқиб кўр,

Тийрак назар, тафаккур чироғини ёқиб кўр,

Кўзларингга кўрингай чинқириб ётган чўллар,

Не-не кунлар гувоҳи бу йўллардир, бу йўллар.

Бу йўллардан ўтмади не-не азоб карвони,

Тупроқ билан тенг бўлди гоҳи миллатнинг шони,

Шукрким, келди юртга Ҳурриятнинг замони,

Ўз эркидан энтикди, орзиқиб кутган диллар,

Элнинг қувонч ёшини сипқорган ҳам шу йўллар.

Мақсад улуғ, йўл равон – олиб чиқар дунёга,

Тенглар ичра тенг миллат ғолиб, чиқар дунёга,

Ахир ким ташна эмас, муҳаббатга, зиёга,

Қалблар қалбга вобаста, изҳорда бурро тиллар,

Яйраб юрсанг ярашгай янги-янги бу йўллар.

Нарвон бошига ҳеч ким сакраб чиқолган эмас,

Мушкулини одамзод додлаб ечолган эмас,

Алангаси ўзидан чиққан элни эл демас,

Ўз-ўзига чоҳ қазир нафсига абад қуллар,

Қалбимиз қатидан ҳам очайлик ёруғ йўллар.

Инсонни эзгу ишга энг аввал онги йўллар,

Ким шукурда кўз очса, умрининг тонги йўллар,

Ҳар вилоят, ҳар туман бағрида янги йўллар,

Биз бир-бирни қўлласак, Яратган бизни қўллар,

Тошкентга чирой бўлди Юртбоши очган йўллар.

Бугунги Ўзбекистон – ўз янги бўстонида,

Монолит кўприклар ҳам бир янги имкони-да,

Аждодлар номи балқир миллатимиз шонида,

Уларнинг руҳи кўкдан, не ажаб дуо йўллар,

Янги Ўзбекистонга – янги шон янги йўллар.


МАЙСАЛАР ТИЛИДА СЎЙЛАГИМ КЕЛДИ

Пок туйғулар – ҳақнинг инъоми,

Шу туйғуга тўлсин дил жоми.

Туйғусини поклаб юрганга,

Шоирларнинг бўлсин саломи.

ЎЗБЕКНИНГ ЎЗБЕКИСТОНИ

Орзулар диллардан тилларга кўчди,

Эл шони юрт оша элларга кўчди,

Ободлик гул диёр – гулларга кўчди.

Деманг, қайда ўзи гуллар бўстони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳалол, пок, захматкаш халқи бор Ватан,

Тинчликда, дўстликда сафда нор Ватан,

Нечун мен қилмайин ифтихор, Ватан,

Энг буюк шон ахир Ватаннинг шони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Деҳқони ҳеч қачон қолмаган ҳориб,

Боғбони гул экар юрагин ёриб,

Бунда ризқ топишар тошни суғориб,

Жонин жамолидир ҳар бурда нони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳар халқнинг дилида ўз орзуси бор,

Ҳар халқнинг қўлида ўз кўзгуси бор.

Меҳмондўст ўзбекнинг ўз ёғдуси бор,

Оқибат пoсбони, меҳр мезбони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳеч қачон бўлмаган ёмон нияти,

Дунёга омонлик – омон нияти

Гуллатиш-яшнатиш – бўстон нияти,

Келиб кўрсин, кимнинг бўлса гумони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

ЎЗБЕКИСТОН ЛОЛАЛАРИ

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ловуллаган Ватанидир.

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ял-ял ёнган чаманидир.

Ким билади, ким билмайди,

Бизда не тур, шонаси бор.

Ўттиз тўрт тур лолаларнинг,

Ўттиз тўрт хил донаси бор.

Ўзбекистон гул диёрдир,

Ҳар бир кўзни қамаштирган.

Ўзбекистон ҳур диёрдир,

Дилни дилга туташтирган.

Деҳқонининг кетмонида,

Қуёш нури жилоланган.

Боғбонининг забонида,

Дуо дури зилоланган.

Голландия лолаларнинг,

Ватани деб айтишади.

Тоғ лоласи керак бўлса,

Вале бизга қайтишади.

Ўзбекистон лолалари,

Кўзингизнинг оромидир.

Ўзбекистон лолалари,

Бу – баҳорнинг саломидир.

ТЎҒРИ СЎЗ

Олам тўғри сўздан яралган бўлса,

Бори сўз – шу сўздан таралган бўлса,

Сўзга хуш неъмат деб, қаралган бўлса,

Сен бизни тарк этма бир он, тўғри сўз.

Тўғри сўз тўғри йўл чироғи экан,

Ҳақиқат ҳар марднинг яроғи экан,

Билсанг, тил – миллатнинг қалб тоғи экан,

Сен билан қаддимиз осмон, тўғри сўз.

Эгри сўз – зўр қурол шайтон дастида,

У абад иймону инсоф қасдида.

Шайтонга бас келган иймон аслида,

Иблис томон учган пайкон – тўғри сўз.

Ибодат илми бу – ҳақ калом билан,

Дўст дўстга йўллаган хушсалом билан,

Эгри эгилгайдир бад дашном билан,

Кимга орзу, кимга армон тўғри сўз.

Ҳақ шоҳид, сен бизни армондан айир,

Сўнгаклар синса ҳам ёлғондан қайир,

Сен билан айлайлик беҳиштда сайр,

Бўлсин сенга жонлар қурбон, тўғри сўз.

ТУҒИЛГАН КУН

Ёру дўст улфатларга

Бахтли яшаш одамзоднинг хуш орзуси,

Вале баъзан учиб кетар қуш орзуси,

Ўзгасининг ушалгайдир туш орзуси,

Кароматга тўла асли дунёи дун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Омондирсан, бошинг узра осмонинг бор,

Момо Ерга тегиб турган товонинг бор.

Иймонинг бут, Ҳақ таоло посбонинг бор,

Хотиржамсан, тунингда ой, тонгингда кун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Фарзандларинг камолидан кўксингда тоғ,

Набиралар новвотларинг бағрингда боғ,

Юз йил сенга насиб этсин шундай хуш чоғ,

Оила деган ором ичра бағринг бутун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Кулиб яша, ғам бағрини тилиб яша,

Ҳалол ризқинг ҳаловатда яйраб оша,

Йўқлашсалар пойларига меҳринг тўша,

Содиқ дўст ҳам ёнбошингда битта устун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Саломатлик инсон учун саодатдир,

Ҳақ каломин тилга олсанг, тиловтдир,

Худойимга чин шукур ҳам ибодатдир,

Маҳмуд шеъри совға бўлсин дўст-ёр учун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

ТУЙҒУ

Туйғу асло тошларда бўлмас,

Ёлғон йиғи ёшларда бўлмас.

У қалбларнинг кўзидаги гул,

Дарёдилнинг меҳрида сўлмас.

Туйғу – софлик самоси эрур,

Туйғу – поклик сабоси эрур,

Иймонлининг кўнглидаги нур

Гўзалликнинг жилоси эрур.

Шоир туйғу тушовидадир,

Шоир туйғу қуршовидадир.

Атиргулдек юз очган шеърлар,

Туйғуларнинг ушовидадир.

Пок туйғулар – ҳақнинг инъоми,

Шу туйғуга тўлсин дил жоми.

Туйғусини поклаб юрганга,

Шоирларнинг бўлсин саломи.

ЎЗИН САЛОМИ

Сен ёлғоннинг ёдидан узил,

Кўнглингдаги жодудан узил.

Бу дунёда беш кун яшайсан.

Ростгўйсан деб, эзсалар эзил.

Виждон отлиқ тулпоринг борми,

Иймон отлиқ саркоринг борми?

Ақлинг агар озоданг эрур,

Маҳв этолмас кўнгил карвони.

Ахир, кўнгил кўчaси кўпдир,

Бу кўчанинг дарчаси кўпдир.

Ҳар боққанга ҳумор қарасанг,

У кўзларни кўзлаган чўпдир.

Одамзоддан кетмаса субут,

Эътиқодда, иймонда собит.

Ҳақни хушлаб, ўзи хуш юрса,

Ундай банда обиддир, обид.

Каломуллоҳ – Оллоҳ каломи,

Бандасига буюк инъоми.

Агар ўқиб, уқиб юргайсан

Келиб тургай Ўзин саломи!

УНУТСА

Гул ўзин гуллигин унутса,

Дил ўзин диллигин унутса,

Қул Ҳаққа қуллигин унутса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Унутгани – иймони бўлса,

Ёд этгани – ёлғони бўлса,

Содиқ дўсти – шайтоний бўлса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Бошлари ҳеч сажда кўрмаса,

Хушхабардан мужда кўрмаса,

Тавба учун тизда турмаса,

Қиёматга чорлов эмасми?

Ўз наздида кўкларга етса,

Кучи ожиз, йўқларга етса,

Ўздан зўрга ўзни хор этса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Сохта бўлса обрўй ва савлат,

Ёлғонида аркони давлат,

Гар уларни десак бадавлат,

Қиёматни чорлов эмасми?

Мўмин учун мўмин – ифтихор,

Ҳар мўминда – мўмин ҳаққи бор,

Гар мўминдан мўмин қилса ор,

Қиёматни чорлов эмасми?

Тўғрисан, кўзга тик боққайсан,

Пок сўзда дилга ўт ёққайсан,

Қаллобсан, оҳингда оққайсан,

Қиёматни чорлов эмасми?

Худойим, гуноҳкор бандаман,

Осийман – ўзингга зордаман,

Авф сўрмасам Сендан шеърда ман,

Қиёматни чорлов эмасми?

ЎТИБ ҚОЛДИ

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хотирасига

Одам борки, бир хушхабар кутиб яшар,

Ўз кўнглини Худойимга тутиб яшар,

Ахборотлар ичра бугун қалқир башар,

Кутмагандим сира бундай нохуш онни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Ўзбекистон ўз дардига қоврулганда,

Эл қувончи аламларга эврилганда,

Бу дунёси яшаш учун берилганда,

Ҳикматида камолотга етган жонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Бола учун ёзса ногоҳ, бола бўлган,

Эл дардида қалам олса, нола бўлган,

Ошиқларнинг қалбида хуш вола бўлган,

Шеъриятда камлар топган бундай шонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Фарғона бу – аҳли қалам кошонаси,

Ўзбекистон ижод аҳлин гулхонаси,

Укам дерди, Эркин Воҳид парвонасин,

Соғиндими, ой ўтмайин Охунжонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Дарди бор дил кўнгилларга дард солади,

Эл оқил-да, оқилларин тан олади,

Бу дунёда оқил айтган сўз қолади,

Тангри унга берган эди бу имконни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Ҳақ ҳукмига бандасида йўқдир гина,

Шеър ёздиму, кўнглим кетди чил-чил сина,

Оҳ, эди-да Фарғонада биттагина,

Эл тан олган қалблардаги қаҳрамонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни,

Кетиб қолди, деди Анвар Обиджонни…

ФАРЗАНД

Асли ота-онанинг,

Умрин ниҳоли –фарзанд.

Муҳаббатин меваси,

Қалбин камоли – фарзанд.

Боболар дуосининг,

Момолар нидосининг,

Худойим атосининг,

Муборак боли – фарзанд.

Икки дилнинг шонаси,

Шонада ишқ донаси,

Қувончнинг парвонаси,

Поклик тимсоли – фарзанд.

Кутган ёмғир кўз бахти,

Хуш дуолар сўз бахти,

Ҳар кимда бор ўз бахти,

Бахтнинг тимсоли – фарзанд.

Қиз дилбар – дил эгаси,

Ўғлонлар эл эгаси,

Ёр бўлсин мартабаси,

Миллат иқболи – фарзанд.

Ушалган умид ўзи,

Умримиз янги изи,

У отган тонгнинг юзи,

Ҳаёт жамоли – фарзанд.

РАМАЗОН ҚУВОНЧИ

Энг гўзал иймоннинг дилдоши бўлиб,

Ҳам қалбнинг, ҳам нафснинг бардоши бўлиб,

Покланиш ойининг қуёши бўлиб,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Аллоҳнинг раҳмати сочилган кунлар,

Қуръоннинг ҳикмати очилган тунлар,

Тилдан шукур бўлиб ёғилган унлар,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Биз сени орзиқиб кутгаймиз мудом,

Меҳримиз кўз ёшда тутгаймиз мудом,

Бу дийдор бизларга Тангридан инъом,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Шайтонлар боғланган муҳтарам ойсан,

Гуноҳлар тўхтаган мукаррам ойсан,

Муборак, муқаддас, мусаллам ойсан,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Лайлатул Қадрнинг нурлари – сенда,

Дуонинг ижобат дурлари – сенда,

Аллоҳнинг не юксак сирлари – сенда,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Қуръон нури билан шарафланган ой,

Сен ўн икки ойга бергувчи чирой,

Мўминлар бахтисан, баракага бой,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Жаҳоннинг эзгулик айёмида сен,

Мўминнинг Ҳақ деган, каломида сен,

Ҳазрати Пайғамбар саломида сен,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

ХУШЛАГИМ КЕЛДИ

Меҳр – меҳрибон зот кўнгил чашмаси,

Бу олам, бор одам унинг ташнаси,

Уни топган-топмай кетган қанчаси,

Билмам, нечун кўзим ёшлагим келди.

Меҳр кўрганларнинг юзлари моҳтоб,

Меҳр кўргузганнинг қалбида офтоб,

Уларга эргашиб яшайди савоб,

Мен ҳам изларидан эшлагим келди.

Яхшилар бир умр дилхонасида,

Меҳр шамин тутар остонасида,

Деманг, у – Аллоҳнинг девонаси-да,

Шу девона барин ушлагим келди.

Ризқ сўраб яшайди инсон Худодан,

Ризқ олиб кетмайди вале дунёдан,

Умидвор кетади меҳру дуодан,

Хуш дуо обидан нўшлагим келди.

Одамзод дил мулкин аълоси – Меҳр,

Одамзод дил дардин давоси – Меҳр,

Бу дунёдан топган дунёси – Меҳр,

Меҳр топганларни хушлагим келди.

ҲАЁТ ХАТИ

Тилак софлигига дил гувоҳ эрур,

Тилнинг изҳоридан дил огоҳ эрур.

Агар тил дил ила бир нафас ичра,

Лутфин эгасига Ҳақ паноҳ эрур.

Одамзод оромни сўздан олади,

Назарни порлаган кўздан олади.

Ўзгадан олгани бегонавашдир,

Изҳори аълони ўздан олади.

Ўзин излаганлар ўздан ғолибдир,

Ўздан ғолиб инсон сўздан ғолибдир.

Дунё оқилларин эътирофи шу –

Ҳар ғолиб аслида илми соҳибдир.

Юз нурин аввали офтоб бетида,

Дил нурин қидирсанг, китоб қатида.

У дунё хабарин бу дунё айтар,

Гар ўқиб, уқолсанг ҳаёт хатида.

ШАРШАРА

Одилхўжа Холхўжаевга

Дунёда шовқиннинг тури кўп жуда

Қулоғинг том битар ҳуда-беҳуда.

Вале шаршаранинг овози бошқа

Шовқини шарбатдек гўзал осуда.

Сувлардан салом бор, гар тинглай олсанг

Покликдан калом бор, гар англай олсанг.

Шаршара қошида бир дам ўлтиргин,

Дунё ташвишидан толиқсанг-толсанг.

Шаршара зарраси ғуборинг ювар

Сув неки покламас, киборинг ювар.

Балки гуноҳларинг тўкилар сувга,

Сув шифо неъмати – дардингни қувар.

ШОДЛИК

Шодлик – дилнинг шалоласидир,

Шодлик – дилнинг ол лоласидир.

Қалб қатини лов-лов ёндирган,

Шодлик – дилнинг шарорасидир.

Осмонларга учирган – шодлик,

Кўкни бузиб қичқирган – шодлик.

Билганга у – бахт неъматидир,

Билмасанг ҳам кечирган шодлик.

ШУКУР

Шукур қилган барака чорлар,

Қалби ўзин шукридан порлар.

Вале бордир шукур билмас ҳам,

Иймону инсофда ночорлар.

Шукур – Ҳаққа дил изҳоридир,

Етказганга етган зоридир.

Шукур қилган Оллоҳ наздида,

Бандаларнинг бахтиёридир.

ЭЪТИҚОД

Эътиқод – инсонга ишонч овози,

Қатъий бир ниятда кўнгил парвози.

Аҳдида мустаҳкам инсон зотининг –

Қалбидан қўймаган ойдек ҳамрози.

Эътиқод эгаси – соҳиби иймон,

Содиқ дўст, содиқ ёр, содиқи Раҳмон.

Минг ташвиш, минг мушкул ичра қолганда,

Йўлдан оздиролмас ҳеч битта шайтон.


ЮЗ ОЧСАНГИЗ

Юз очсангиз, нурга очинг,

Кўз очсангиз, гулга очинг.

Олов тилин олов билар,

Сўз очсангиз, дилга очинг.

bannerbanner