
Полная версия:
УМР КИТОБИ 3-жилд
Юзлар юздан офтоб олсин,
Кўзлар кўздан шитоб олсин.
Ошиқ оҳи одоб билан,
Диллар дилдан одоб олсин.
Кўз кўзгуси дил учундир,
Юз кўзгуси эл учундир.
Ким иймондан гар суст кетса,
Қўлни таниш қўл учундир.
Олиб ҳеч тўймаган дунё,
Бериб ҳам куймаган дунё.
Олмаганга-бермаганга
Тиклашиб қўймаган дунё.
Деманг, осмон осмон учун,
Ер ҳам тирик ҳар жон учун,
Еру кўкни яратди Ҳақ,
Иймони бут инсон учун.
“ЯЛЛА”ГА ҚУТЛОВ
Санъат – кўнгил самоси,
Қўшиқ – дилнинг шифоси.
Ким унга садоқатда,
Ёғилгай эл дуоси.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Эллик йил элак бўлди,
Эллик минг тилак бўлди.
Элакдан ўтолганлар,
Элда шерюрак бўлди,
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Ниятда ҳалол бўлган,
Миллатда ҳилол бўлган,
Ҳаёт – ҳаёт экан-да,
Сон мингта савол бўлган.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Карим Зокир дуоси,
Ботир Зокир нидоси.
“Ялла”га “Оқ йўл!” бўлган,
Халқимиз хуш баҳоси.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди қанча палла-ёв.
Санъат бу – элникидир,
Эл деган дилникидир,
Миллатин туғин тутган,
У она тилникидир.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Қўшиқ бу – фикримиздир,
Ҳақ учун зикримиздир.
Ўзининг назарига,
Ўзига шукримиздир.
Ялла-ялла, ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
Эллик йил элак бўлди,
Эллик минг тилак бўлди.
Элакдан ўтолганлар,
Элда шерюрак бўлди.
Ялла-ялла ялла-ёв,
Ўтди шунча палла-ёв.
ЯНГИ ЗАМОН
Кўксимни тўлдирар тоза ҳаволар,
Куйласам – тилимда янги наволар,
Эй сиз, она юртга жони фидолар,
Дунёга йўл очган янги даврон бу,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
Вафо тупроқда ҳам из очган бунда,
Ҳар кўча гул билан юз очган бунда,
Гўдаклар Ватан деб кўз очган бунда.
Порлоқ истиқболдан ёруғ нишон бу,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
Бу Ватан – Навоий баёти бўлган,
Бобур соғинчининг саботи бўлган,
Мангубердиларнинг ҳаёти бўлган,
Ғурур-ифтихорга олий имкон бу,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
Илмда дунёни олган боболар,
Довруғин дунёга солган боболар.
Ёт тупроқ тубида қолган боболар,
Тарих қатидаги алам, армон бу,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
Энди ўзлигини ўзи кўрган халқ,
Рост, дунё аслини кўзи кўрган халқ,
Кел энди, халқ бўлгин, Чўлпон бўлиб қалқ,
Ғафлатдан уйғотган уйғоқ сарбон бу,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
Тошкент муҳтожларга нон тутган шаҳар,
Меҳр сўраганга жон тутган шаҳар,
Оқибат шаҳридир, тош ичра гавҳар,
Яхши меҳмон учун абад мезбон у,
Янги Ўзбекистон – янги замон бу!
ЯХШИ ЭДИ
Айтилган сўз мадори бор,
Айтилган сўз озори бор,
Айтилган сўз бозори бор,
Айтилмаса, яхши эди.
Бир сўз билан нуринг кетар,
Бир сўз билан сиринг кетар,
Қалб қаноти – қўринг кетар,
Айтилмаса, яхши эди.
Одамзоднинг ори сўздир,
Бу дунёда бори сўздир,
Тили душман – ёри сўздир,
Айтилмаса, яхши эди.
Сўз бу – ҳаво тирик танга,
Сўз бу – наво ҳар инсонга,
Сўз бу – бало жисму жонга,
Айтилмаса, яхши эди.
Айтилган сўз – тилдаги чўғ,
Айтилган сўз – отилган ўқ,
Айтилмаса, зиёни йўқ,
Айтилмаса, яхши эди.
Айтгин, илло, ўйлаб айтгин,
Етти ётни сийлаб айтгин,
Яхшиларга бўйлаб айтгин,
Айтилмаса, яхши эди.
ЯХШИЛИК
Муҳтожларга Ҳақ нажоти яхшиликдир,
Яхшиларнинг бор ҳаёти яхшиликдир,
Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир,
Саховатнинг соҳиблари – дарёдиллар,
Яхшиларни икки дунё Худо қўллар.
Уруш кўрган, очарчилик, ситам кўрган,
Аждодларим азобларин олам кўрган,
Бир майизни қирққа бўлиб, баҳам кўрган,
Тилда шукур, дилда Аллоҳ зикри билан,
Яшаганлар яхшиликнинг фикри билан.
Ётнинг номин сўрамай ҳам таом тутган,
Ўзгалардан алик кутмай, салом тутган,
Савоб қилиб ўша они – ким унутган?
Бу ўзбегим – меҳри уммон миллат бўлган,
Етмиш икки томирида ҳиммат бўлган.
Ўнг қўлининг эҳсонини сўли билмай,
Ботмон берса, дили билиб, эли билмай,
Одамийлик оразини ошкор қилмай,
Бизнинг мардлар саховатга султон бўлган,
Кўкси фақат эзгуликдан осмон бўлган.
Дил чашмаси дарёга тенг миллат борми,
Ўзгаларда ўзбекона нусрат борми,
Яхшиликдан – руҳга аъло қувват борми?
Миллатимнинг хуш каломи – яхшиликдир,
Саховатнинг асил номи – яхшиликдир.
ЧИРОҚ
Одамзоддан бир сўроқдир яхшилик,
Муҳтож учун бир фироқдир яхшилик.
Дилдан дилга, тилдан тилга ўтганда,
Эллараро бир яроқдир яхшилик.
Дариганнинг кўксини тоғ қилғуси,
Бир ғарибнинг вақтини чоғ қилғуси.
Бандасидан қайтмаса – Худойим бор,
Қиёматда бошга чироқ қилгуси.
АСРАЙ БИЛГАНГА
Кўнгилдан учган қуш осмон қушимас,
Тошни майдалаган инсон тишимас.
Элу юрт ичрадир миллат улуғи,
Халқни эргаштириш ҳар ким ишимас.
Иқрор дўст бўлолмас инкор қилганга,
Омонлик Оллоҳдан асрай билганга.
Халқнинг ризосини олганлар билар,
Кулги ярашади бахти кулганга.
БОШИДАН БАЛАНДДА
Гуллар олов билан сўлдирилмайди,
Обрў қоплаб-қоплаб тўлдирилмайди.
Мардларнинг устози азалдан айтмиш,
Чумоли қиличда ўлдирилмайди.
Осмони хаёлда учганлар кўрар,
Ер юзин ётиб сув ичганлар кўрар.
Бошидан баландга сакраганларнинг,
Бошидан баландда гуноҳи турар.
КЎНГИЛ ҚУЛОҒИ
Ўзимдан ўзгага етмай қулочим,
Ҳаёт сўқмоғида оқарди сочим.
Дилимдан дилларга йўл излаганда,
Шеър бўлди, фақат шеър, менинг тилмочим.
Мен сўзнинг ортидан чопганим ростдир,
Мен сўздан саодат топганим ростдир.
Шоирни савдойи деганлар – билсин,
У сўз уммонида моҳир ғаввосдир.
Ҳар ким тақдирида ўз битиги бор,
Ниятим, тушмасин сўзимга ғубор.
Бир сатрим бир дилда гар қўним топса,
Ўзинг суюмли эт, эй Парвардигор!
Сийланган сўз асли ҳикмат булоғи,
Ҳикматда очилсин кўнгил қулоғи.
Сўзига гар чимдим ҳикмат эш бўлса,
Битганда бозиллар Маҳмуд бармоғи.
ҚИЗАРИБ КЕТСАНГ
Йўлдан адашса ким орқага қайтар,
Сўздан адашганлар кимга дод айтар?
Дарди йўқ кимсани туртиб толасан,
Оғриқнинг оҳидан тўкилар байтлар.
Яшаш бу – бу яйрашдан иборат эмас,
Ҳаёт – ҳар лаҳзада тижорат эмас.
Дил билан Ўзига етиб бормасанг,
Пешона саждаси – ибодат эмас.
Иймонинг шайтондан тондириб турса,
Кўз ёшинг кафтингни ёндириб турса,
Дилинг ҳам, тилинг ҳам вобаста бўлса,
Жисмингда бор томиринг бирга оҳ урса.
Худони хушлабон тозариб кетсанг,
Тўкилсанг, тўкилсанг, озариб кетсанг.
Тонгда набирангнинг саломин олиб,
Қувонч қанотида қуёшга етсанг!
Ким йўлдан адашса, орқага қайтар,
Сўздан адашганлар кимга дод айтар?
Маҳмуд, дарди йўқни туртиб толасан,
Оғриқнинг оҳидан тўкилар байтлар.
ЎГИТ
Билган гапирмайди – билмаган сайрар,
Ҳам яна сўзига пичоғин қайрар,
Мен ўйлаб топмадим, бу қадим ҳикмат,
Аждодлар оҳидан келар бу қайдлар.
Қуръон – Ҳақ таоло кўнглининг қўри,
Бандасан, поклагай ҳар сўзин нури.
Билганни баридан маҳкам тут, болам,
Қалбингни бойитар дуосин дури.
Тийилсанг, энг аввал, бил, сўздан тийил,
Суқлик ҳам хорликдир, сен кўздан тийил.
Билсанг, билдирганнинг шукрини қилсанг,
Беҳиштда бошлангай сен учун сайил.
Заргарнинг закоси чеккан заҳматда,
Оқил андозаси илму ҳикматда.
Ундан ҳам, бундан ҳам ибрат ололсанг,
Бахтинг сийлагайдир сени албатта.
НИЯТДА НУР
Демагин, пул билан келдим дунёга,
Кўксимда гул билан келдим дунёга.
Вафосиз дунёдан вафо ахтариб,
Дил ичра дил билан келдим дунёга.
Келарда, кетарда ихтиёрим йўқ,
Ёлғизман, ёнимда бахтиёрим йўқ.
Яшарман ўзимдан ўзимни излаб,
Яратгандан ўзга зотга зорим йўқ.
Дилдошим суратдан жилмайиб боқар,
Кўз ёшим кўнглимнинг тубига оқар.
Интизор нигоҳим тиконлар тилиб,
Соғинч саҳросининг чаёни чақар.
Ва лекин ризодан айро тушмадим,
Қувонч қанотида кўкка учмадим.
Ниятда нур билан келдим дунёга,
Шу нурлар соҳиби Ҳақни хушладим.
БИЛГАНИМ
Ким қувончни қўш-қўллаб, қучоқ очиб кутмайди,
Ким қувончнинг болидан боларидек тотмайди.
Бу дунёда қувончи қувиб юрган одамнинг,
Қуёши кулиб чиқар, шомда бўзлаб ботмайди.
Вале дўстим қувончнинг меъёрида мурод бор,
Ҳаддин билган одамнинг ишларида кушод бор.
Қайғу – қувонч сояси, турмушнинг тоши эрур,
Имтиҳон – интиҳосиз, агар сенда сабот бор.
Одамзод орзусидан мудом ортда яшайди,
Шоҳман деб дона сурар, лекин мотда яшайди.
Совуннинг кўпигидек ўз жомига сиғмасдан,
Оқибат кир ўрада абад додда яшайди.
Мен кўнглимнинг тубидан дардимни сидирмадим,
Ё насиҳат назмига қофия қидирмадим.
Улуғлар уқтиргандек, тилимни тийдим, Маҳмуд,
Ва лекин сўз текканда туйғумни сўндирмадим.
ФЕВРАЛЬ
Қишнинг қабоғидан қаҳри томса ҳам,
Баҳор эпкинлари кирди дилимга.
Юлдузлар юзини булут ёпса ҳам,
Ниятим нур сочди юрган йўлимга.
Майсалар шивирлаб салом бердилар,
Бойчечак боғимда юзини очди.
Ирмоқлар ирғишлаб хандон урдилар,
Наздимда тошлар ҳам кўзини очди.
Ойнинг чеҳрасидан доғлари кетиб,
Сойларнинг сувига зулфини солди.
Яратган меҳрибон, буни ҳис этиб,
Қишнинг эшигига қулфини солди.
Бу қандай гўзаллик қиёс йўқ сира,
Сувратин сўз билан чизиб бўлмайди.
Баҳор оғушида олам бокира
Бир нафас кўнгилни узиб бўлмайди.
Ёлғонни қаро ер ямлаб ютгандек,
Ростнинг рухсорида кўклам жамоли.
Баҳор – тўрт фаслга ёғду тутгандек,
Баҳор – тўрт фаслнинг мангу аъмоли.
Шоирлар шеър битар такрор ва такрор,
Қалами юракнинг қонига ботар.
Лек нетай, мен ҳозир соғинган баҳор,
Оппоқ қор остида тушиб кўриб ётар.
ОЛТИН ОРОМИ
Олтин жилосида осмон моҳи бор,
Олтин жилосида олам чоҳи бор.
Бу дунёдан яшаб кетганлар айтар.
Олтин жилосида одам оҳи бор.
Олтин қаро ернинг кўзин ёшидир,
Гар ерга тил битса, сўзин ёшидир.
Олтин боқий бахтнинг тамал тошимас,
Ҳаддин билмаганга таъна тошидир.
Олтин – одамзоднинг буюк имкони,
Унингсиз юролмас дунё карвони.
Аждодлар оҳидан келган садо шу –
Олтин – бу оламнинг тилсиз сарбони.
***
Эзгулик эшигин очсин бу сарбон,
Маърифат нурини сочсин бу сарбон.
Бу олам тинчлигин тумори бўлсин,
Олтин оромида яшасин Инсон!
БИРЛИК ЙЎЛИ
Тилдан тилга очилган йўл дил биландир,
Дилдан дилга очилган йўл гул биландир,
Элдан элга очилган йўл тенглик билан,
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
Всего 10 форматов