
Полная версия:
УМР КИТОБИ 3-жилд
Ҳикматлар кўп қадимдан қолган,
Одамизод тинчлик хумори.
Инсон толса, урушдан толган,
Ақл жанги – тинчлик тумори.
ТАРИХ
Азамат Зиёга
Мен кўнглим тубида бир тилак кўрдим,
Ўтмиш кўзгусида келажак кўрдим.
Ўтмишига мудом тош отганларни,
Бошдаги қуёшин ботажак кўрдим.
Тарих остонангга тўкилган дарддир,
Тарих чок-чокидан сўкилган дарддир.
Бегонапарварлар ичингда бўлса,
Тарих ўзлигидан ўкинган дарддир.
Тарихнинг тошидир миллат золими,
Тарихнинг тумори миллат олими.
Шукрким, ўзбекнинг улуғлари кўп,
Ҳеч ким кўролмади Алпнинг “дол”ини.
ГИНА ТЕРСИН
Ким кўролмас ўз-ўзини,
Кўр қилгандир қалб кўзини.
Яна унинг фожиаси
Ибрати йўқ бир сўзининг.
Ўзида йўқ, нима берсин,
Изида йўқ, нима берсин?
Алам қилса, тилин тишлаб,
Ўз-ўзидан гина терсин.
АҚЛИ ХУШ
Бу ҳикмат ҳам бобомеросдир,
Тилингни ақлингдан ўздирма.
Шу сўзим ҳам ҳикматга хосдир –
Ишончинг гумонда тўздирма.
Мен дилимни юлиб айтмадим,
Кимлардандир кулиб айтмадим.
Бир эзгулик олдга чорласа.
Елдек елдим, ортга қайтмадим.
Ақл отлиқ чавандозга боқ,
Тулпорни юраги бошқарар.
Ким йўлинггга ёқса бир чироқ,
Юрагин тилаги бошқарар.
Неки айтсам, ёниблар айтдим,
Аввал ўзим қониблар айтдим.
Ақли ҳушнинг баридан тутиб,
Ақли тилдан тониблар айтдим.
ҚАЛБ ДАВОСИ
Аввал қалбинг давола, дўстим,
Тананг бир оз кутиб туради.
Арчар чоғинг пиёзнинг пўстин
Заҳрин ичга ютиб туради.
Қараб кўргин қалбинг қатини,
Сен гумоннинг кулини қоққин.
Тутмоқ бўлсанг бургут патини,
Сен ишончнинг ўтини ёққин.
Бутун олам акси зиёси,
Қалб кўзида гул бўлар экан.
Гар тингласанг тананг нидоси,
Нафс измига қул бўлар экан.
Аввал қалбинг давола, дўстим,
Майли, тананг кутиблар толсин.
Арчаётганда пиёзнинг пўстин,
Одам пиёз ибратин олсин.
ЁШЛИК
Кучинг билагингда турибди, болам,
Муҳими, одамлар сенга ишонсин.
Дилдаги шодлигим, кўздаги жолам,
Сенга боққан замон қалблар қувонсин.
Сен босган изимда кўз очган булоқ,
Умрим йўлларида оппоқ тилагим.
Кексайиб боряпман тизимда титроқ,
Болишни қўмсайди энди курагим.
Кеча мен ҳам эдим сенинг ёшингда,
Қадамим гурсиллар, ўзга сиғмасдим.
Ҳолсизроқ турибман бугун қошингда,
Унда кексайишни кўзга илмасдим.
Асли кексалик ҳам Ҳақнинг инъоми,
Кучдан қолсанг қолгин, ақлинг толмасин.
Бу гап – боболарнинг кўҳна каломи:
Ҳатто ўз болангга кунинг қолмасин.
ГЎЗАЛЛИК
Куртак кулгисига шабнам ярашар,
Гўёки парирўй лабидаги ҳол.
Бу ҳолни тонг ила қуёш талашар,
Ўзи яратганга ўзи боқиб лол.
Гўзаллик ҳамиша талашда бўлган,
Ҳилол юзидаги доғи ҳам ҳатто.
Бу жангда ким ғолиб, шаксиз ким ўлган,
Ғолиб унинг ўзи – гўзаллик – якто.
Шунинг-чун одамзод азалу абад,
Ҳарчанд гўзалликнинг ғамини еган.
Айнан шу сўзига юқтирмайин гард.
Оламни гўзаллик асрайди, деган.
МАЙСА
Эзилган майсанинг йиғлашини кўр,
Титроқда жонини тиғлашини кўр.
Биз ҳамон кўрмаймиз, лекин сен уни,
Яхши-ю ёмонни илғашини кўр.
Бизларни тупроқдан яратган Худо,
Унга ҳам тупроқда этган жон ато.
Шу тилсиз майса ҳам сен мендан кўпроқ,
Билсанг, Яратганга айтади сано.
Ям-яшил майсалар – яшил қўнғироқ,
Улар Ер юзида энг яшил чироқ.
Одамларни фақат олдга чорлайди,
То хазон бўлгунча яшайди уйғоқ.
ОДАМ ТИЛИ
Тикан ҳам Тангрининг бир ихтироси,
Ёмонлик қилганнинг тиғдир жазоси.
Тегмасанг тирнамас, атиргул айтсин,
Борми бу гулларнинг ундек фидоси.
Тиканга тил ато этганда агар,
Энг аввал инсонга дерди: – Алҳазар!
Тикан не, гоҳида тошни титратган,
Одам тили асли тиғдан ҳам баттар.
САВОЛ
Устоздан сўради дарсида толиб,
Саволи бор эди атиги битта:
– Кўп ўйлаб топмадим, ҳайронлар қолиб,
Нечун тил битта-ю, қулоқ иккита?
Устоз томоқ қириб, қошин чимирди,
Чап ёни-ла туриб келгандай бугун.
Ногоҳон табассум сочиблар деди:
– Бу кам сўзлаб, кўпроқ эшитиш учун!
ТАҚДИР
Биз тақдир измида яшаймиз, болам,
Омадсиз кимсани кўп ҳам айблама.
Пешонада борин кўради одам,
Ҳаёт асли ўйин, мутлақ жимжима.
Омад келиб қолса баъзан, бегумон
Тангрини хушлаймиз такрор ва такрор.
Ажаб дунё экан, омадсиз инсон
Ҳақни таъналашдан қилмас сира ор.
Осмондан ҳеч кимга тушмаган чалпак,
Бу оддий ҳақиқат, барча тенг иқрор.
Ва лекин билмайсан, бу қандай истак –
Тушидан бахт кутиб яшаганлар бор.
Омадга ишонгин, лек қули бўлма,
Энг буюк муроддир – меҳнат муроди.
Тақдирни қарғама ё ундан кулма,
Тангрининг қўлида қалам-довоти.
БАХТНИНГ МЕВАСИ
Қўлдан кетган бахтнинг алами оғир,
Ҳали келмагани – орзу меваси.
Қайларга бошламас сархушни чоғир,
Амири оламдек туйғу шеваси.
Ҳаёт ҳақиқати азалдан шундай:
Тўй қилган излайди бахшини йўқлаб.
Булутни парчалаб ташлаган кундай,
Бахт ўзи келади яхшини йўқлаб.
Илоҳим асрасин ёмон бўлишдан,
Яхшининг ёди ҳам нур таратади.
Толманг, кундай кулиш, ойдек тўлишдан,
Яхши кўкдан тушмас – эл яратади.
Қўлдан кетган бахтнинг алами оғир,
Ҳали келмагани – орзу шеваси.
Бахту толеингиз бўлмасин сағир,
Бахт бўлиб яралсин бахтнинг меваси.
КЎНГИЛ ДЕГАНИ
Кимнинг буғдойи бор, кимнинг сомони,
Кимнинг шаббодаси, кимнинг тўзони,
Ҳар жоннинг ўзида унинг жаҳони.
Қушни тўйдирмайди қўлдан бергани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Унинг кўчасида адашган қанча,
Ва ё кўксига гул қадашган қанча.
“Қанча?” деб қайтарма, “анча” де, анча,
Бахтин топиб кетсин бўзлаб юргани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Ҳар уйда қайнайди ҳаёт қозони,
Осон сотилади қадр арзони,
Гоҳо қулоғимда унинг фиғони,
Кўргани қурсин дер, оҳ кўрмаганнинг,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Севиб севилмаган муҳаббат етим,
Қўлида ҳўл ўтин, қалбида тутун.
Қайдасан, бўй кўрсат, эй бағри бутун,
Қарғиш ургани шу – соғинч ургани.
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Ҳар кимнинг орзуси, армони ўзга,
Табибдан топгувчи дармони ўзга,
Ҳақ ҳукми, Яратган фармони ўзга,
Кулиб турганими, йиғлаб тургани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Кўнгил кўчасидан бахтин сўрганлар,
Дил ичра товланган тахтин сўрганлар,
Эзгу ният ила аҳдин сўрганлар,
Кўнгил кўргани бу – Аллоҳ кўргани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
БОШҚА
Сира ерда учмас кўнгилнинг қуши,
Баъзан ўнг келармиш нодоннинг туши,
Чиқмай куйдираркан ақлнинг тиши,
Бил, нафси ўпқоннинг сўроғи бошқа,
Қадрига қалқоннинг қароғи бошқа.
Синаб синдираркан кимнидир ҳаёт,
Ўзгасин тилидан тушмайди баёт,
Ёлғиз Оллоҳдандир аслида нажот,
Тепилган тошнинг ҳам титроғи бошқа,
Садоқат, сабрнинг сабоғи бошқа.
Энг улкан садодир – сўзнинг садоси,
Хуш сабо – энг гўзал сўзнинг сабоси,
Ким бўлмас шу сўзнинг мангу гадоси,
Кўклам чақмоғининг чироғи бошқа,
Ойдан оққан нурнинг ирмоғи бошқа.
Бошқача кўрмоқ-чун дунё чеҳрасин,
Дилкўзсиз қолишдан Ўзи асрасин,
Яхши шеър шоирга бахш этмиш ҳусн,
Майсаликда тикан тирноғи бошқа,
Маҳмуд дер, оҳ қалбнинг қадоғи бошқа.
ҲАБИБ
Чиройга чимматни осмон бермайди,
Осмон берганини осон бермайди,
Ялиниш беморга дармон бермайди,
Ҳамма кафтда тутган эл табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Томирга туртгувчи дард илдизини,
Руҳингга сепилган гард илдизини,
Ким айтар, қорайтган қон қирмизини,
Боғдан топса бўлур гул табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Тиконлар тиконни суюб турганда,
Тошлар тошлар учун ийиб турганда,
Само замин учун куйиб турганда.
Узоқ ахтармайсиз гил табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Умидли дунё деб уввос солган ким,
Кўнгил уммонига ғаввос солган ким,
Гулдан, гўзалликдан қасос олган ким?
Ҳар лаҳза топарсиз пул табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Сиз дилга малҳамни дилдан излангиз,
Олов аламини кулдан излангиз,
Эъзоз-эътиборни элдан излангиз,
Эл бошида тутгай ўз ҳабибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини!
ЧЎП ТУШМАСИН
Замон оғир деймиз, замон ёмонми,
Биз келиб-кетамиз, замон омонми,
Аллоҳ асли Ўзи соҳиб замонми,
Ишонманг дуч келган каснинг сўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Кимнингдир кўнглида муз эримайди,
Ўзгасин қалби тош, туз эримайди,
Одам қаригайдир – дард қаримайди,
Хазон сепманг сира гулнинг изига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Қадримиз қон билан шонда асрайлик,
Тинчликни жон тикиб, жонда асрайлик,
Тинчлик – одамзодга абадий бойлик,
Шу бойлик буюрсин ўғил-қизига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Кин, риё, низолар – гуноҳи кабир,
Оламга зоҳир бу, одамга зоҳир,
Меҳру оқибатдек нима бор соҳир,
Қут-барака тиланг ризқу рўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Оловсиз ёнгайдир тўртта томонинг,
Ўзингдан чиқса гар нокас-нодонинг,
Қушингга буюрсин сочилган донинг,
Ким парда тортибди қуёш юзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Буюк аждодларга ҳабиб халқ бўлдик,
Соҳиби давлатга соҳиб халқ бўлдик,
Эзгу ниятлари вожиб халқ бўлдик,
Зинҳор кўз тегмасин ўзбек ўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
СЕВГАНЛАР, СЕВИЛГАНЛАР
Нур ичра нурга ўхшар,
Ойдайин туюлганлар.
Гул ичра гулга ўхшар,
Севганлар, севилганлар.
Оташни ором билар,
Сукутни калом билар,
Бир-бирин умрин тилар,
Севганлар, севилганлар.
Нигоҳлари сўйлайди,
Кўнгиллари куйлайди,
Фақат бахтга бўйлайди,
Севганлар, севилганлар.
Тилагида тумор бор,
Изларида ифор бор,
Юрагида дутор бор,
Севганлар, севилганлар.
Кўзлари – кўзгусидир,
Юзлари – ёғдусидир,
Хуш висол – орзусидир,
Севганлар, севилганлар.
Жонида чамани бор,
Гуллардан гулхани бор,
Осмонда Ватани бор,
Севганлар, севилганлар.
ЁМОННИНГ ЁЛВОРИШИ
Осмондан узоқлашдим,
Ёлғондан узоқлашдим,
Ёмондан узоқлашдим,
Яхшилар, қайдасизлар?
Гуноҳим киборланди,
Кўнглим-а, ғуборланди,
Бугун ўздан орланди,
Яхшилар, қайдасизлар?
Қоқилган қайтиб турса,
Айбини айтиб турса,
Қилмишига оҳ урса,
Яхшилар, қайдасизлар?
Кечиргувчи кўзи бор,
Малҳам бўлар сўзи бор,
Сўрайман такрор-такрор,
Яхшилар, қайдасизлар?
Ой тутилган тундайин,
Гўрдан чиқмас ундайин,
Яшагим йўқ шундайин,
Яхшилар, қайдасизлар?
Гуноҳкорнинг гувоҳи,
Ёлғиз Ўзи паноҳи.
Етсин тавбамнинг оҳи,
Яхшилар, қайдасизлар?
Мен сизни излаб келдим,
Ўзимдан бўзлаб келдим,
Меҳрингиз кўзлаб келдим,
Яхшилар, қайдасизлар?
ШОИРНИНГ БОЙЛИГИ
Гоҳ-гоҳида тўкилиб,
Ёзгим келар тўрт қатор.
Илҳом келмай ноз қилса,
Ўзим ўзимга ашъор.
Аммо Ҳақнинг бағри кенг,
Туйғулар чоғир бўлар.
Оқ қоғозим устига,
Сўзларим ёмғир бўлар.
Гоҳ алам, гоҳи шодлик,
Чеҳрасин кўрсатгайдир.
Ҳаётнинг ҳақиқати,
Ёзишни ўргатгайдир.
Майсалар мулойимлар,
Сатримни силайдилар.
Шабнамлар оқойимлар,
Умримни тилайдилар.
Гўзаллик гўшасида,
Кўнглимни нурлантирсам.
Мен булбулнинг қизига
Набирам уйлантирсам.
Шоир бўлса, зўр шоир,
Навоийдан нур олса.
Йигит бўлса Фарҳоддек,
У тошлардан дур олса.
Устимдан кулманг, булар –
Дилнинг ширин қайғуси.
Шоирнинг бор бойлиги –
Кўкси тўла орзуси.
ЁШЛИК
Оқ қоғозим устида
Мен оппоқ тилак кўрдим.
Нурли қалам дастида
Ёнгувчи юрак кўрдим.
Сўзларнинг саодати
Самодан ёғиларди.
Шоирнинг қироати
Дуодан ёғиларди.
Энтиккан дил эланиб,
Худога йиғлар эди.
Булбулдан сўз тиланиб,
Жонини тиғлар эди.
Яхшиликни ўзига
Яраштирган ҳам кўпдир.
Ёмонликни изига
Эргаштирган ҳам кўпдир.
Баҳорнинг бозорида,
Гул сотганлар бор экан.
Ҳаётнинг озорида,
Дил сотганлар бор экан.
Оқ қоғозим устида
Мен оппоқ тилак кўрдим.
Нурли қалам дастида
Ёнгувчи юрак кўрдим.
Ҳақ сўзнинг увоғини
Юрагингга ютиб кўр.
Бир сатр сиртмоғини
Томоғингда тутиб кўр.
Булбул хашак чўқимас,
Гул юзини силайди.
Шоирлик бу шон эмас,
Дил умрини тилайди.
ИМОН ДАРЧАСИ
Қаро тундан ой истаб
Юрганлар ҳам кўп экан.
Йўқ пистадан мой истаб,
Турганлар ҳам кўп экан.
Не ўтса дил четидан
Қилгувчи топилади.
Кўрган туши кетидан
Юргувчи топилади.
Хаёлин уммонидан
Кит тутиб олганлар бор.
Лек ўзин чопонидан
Бит тутиб олганлар бор.
Айтилган такрор-такрор,
Турмушнинг ташвиши кўп.
Борнинг тўрт фасли баҳор,
Йўқнинг эса қиши кўп.
Бу ҳаёт бозорида
Ким олади, ким сотар.
Лек унинг мозорида
Барчаси бирга ётар.
Майли, ким кўкка учсин,
Кўнглининг кўчасидан.
Аммо чимдим нур тушсин,
Имонин дарчасидан.
САОДАТИНГ САВОБИ
Кун келади ёпилгай
Умримизнинг китоби.
Аммо шу он очилгай
Қилмишимиз ҳисоби.
Босган ҳар қадамимиз
Товонимиз тутамлар.
Ўнг томонда кулган ой
Сўл томондан ситамлар.
Қўлтиғингда керилган
Корчаллондан асар йўқ.
Ёнбошингни ёритган
Ёронлардан хабар йўқ.
Тиканларнинг тирноғи
Тирнамай қўйган дамлар,
Соянгга салом берган
Қанча-қанча одамлар.
Бадар кетган, кетганлар
Орқасига қаролмас.
Чирқиллаган иймонинг
Энди қалқон бўлолмас.
Ёлғонинг баринг тутган,
Ўздан аритолмайсан.
Гуноҳинг гуллаб турар,
Кўздан наритолмайсан.
Яратганнинг олдида
Энди бошинг бўлар хам.
Соврилган умринг учун
Тутгайсан абад мотам.
Мотам билан тугамас
Қиёматнинг ҳисоби.
Торозида тош босар
Саодатинг савоби.
МЕҲР СОТИЛМАЙДИ
Фарзандларимга
Бу ҳаёт бозори ҳамиша гавжум,
Олган ҳам, сотган ҳам тўхтамас бир зум.
Инсонга иймонда собитлик муҳим,
Хоҳла бу илтижо, хоҳла бу нолам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
Меҳр – бу кўксингда куйлаган қумри,
Ўзингга ўзингдан сўйлаган қумри.
Дунёдан ўтсанг ҳам умрингнинг умри,
Қабрингнинг бошида абад ёнган шам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
Қарзга сўраганга текинга бергин,
Қалбига эколса, экинга бергин,
Изларингга боқиб, фақат нур тергин,
Ҳаётим боғида, эй тоза толам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин болам.
Нафсинг надоматин таом асрайди,
Қалбинг саодатин калом асрайди,
Инсонлик шарафин хуш ном асрайди,
Баъзан фақирлигинг қилса ҳам алам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам.
Одамни одамдек меҳрга чулға,
Оламни оламдек меҳрга чулға,
Меҳрдан таралган сеҳрга чулға,
Сен – менга Тангридан энг буюк карам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
ҚУВОНЧ ЁШИ КЎЗГА ЯРАШАР
Одамзод яшаркан, бахт излаб яшар,
Қадрига бир мақом, тахт излаб яшар,
Интилса, Аллоҳ ёр, шахт излаб яшар,
Ўзин излаганлар ўзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Булут босиб келса, тўкилар осмон,
Йигит йиғламасин, деймиз, ҳеч қачон,
Омадин олқишлаб йиғласа шоён,
Юмалаган ёшлар юзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Шабнам – бу тонгдаги покликнинг ёши,
Она Ер кафтида хокликнинг ёши.
Бошингдан кетмасин иқбол қуёши,
Дуонинг нурлари изга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Бу – Тангри қудрати, олам қалқиса,
Йўлин йўқотади одам чалғиса,
Қароғинг қатида қадринг қалқиса,
Ҳалоллик ҳамиша тузга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Дил-дилга, тил-тилга бир умр эш-да,
Шоир шарафланар топган ташбеҳда,
Ай Маҳмуд, шоир кўп, бу кўҳна Кешда,
Ҳақиқат хитоби сўзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
КЎНГИЛ БОДАСИ
Очиқ осмон остида
Қуёшни қучмоқ мумкин.
Капалак қабатида
Самога учмоқ мумкин.
Хаёлинг қанотига
Тош бойлаб олмасанг, бас.
Булбулнинг баётига
Қарғанинг қаҳри абас.
Пок хаёл дилда бўлса,
Нури кўкда товлангай.
Хом хаёл тилда бўлса,
Ҳақ сўздан каловлангай.
Гул атри димоғингда,
Жисминг ҳам жилмаяди.
Қувончинг ёноғингда,
Шабнамга юз чаяди.
Хаёлнинг кўчаси кенг,
Ҳаётнинг йўли тордир.
Рост-ростга бўйласа – тенг,
Ёлғон-ёлғонга зордир.
Шеър сатрига тизилди
Хаёлимнинг шодаси.
Кўзларимдан сизилди
Маҳмуд, кўнглим бодаси.
ИЗЛАРМАН
Қаҳрдан йироқ бўлган
Кўзларни излагайман.
Меҳрга чироқ бўлган
Юзларни излагайман.
Миллатга мақом берган
Сўзларнинг сабоси бор.
Ортидан дуо терган
Изларнинг ибоси бор.
Аллоҳга чин ибодат
Банданинг камолидир.
Излаганим садоқат
Вафонинг жамолидир.
Қизларининг бахтидан
Бой бўлганни изларман.
Ўғилларни шахтидан
Ой бўлганни изларман.
Қувончи қучоғига
Сиғмаганни изларман.
Ғамзада фироғига
Мен ҳам бирга бўзларман.
Бир осмон остидаги
Заминга фарзандлармиз.
Қуёшнинг дастидаги
Диёрга дилбандлармиз.
Шукрининг сабосига
Юз тутганни изларман.
Халқининг ризосига
Кўз тутганни изларман.
Қалбида Ватани бор,
Ватандошни изларман.
Ўзга ор, Аллоҳга ёр,
Бир дилдошни изларман.
ҒУРУР
Ғурур асли дилимиз
Тубидаги қуёшдир.
Ғурур гоҳо кўнглимиз
Қатидаги кўз ёшдир.
Омадинг ўнгдан келса,
Етти қат осмондасан.
Тўфонлар сўлдан елса,
Бир йиртиқ чопондасан.
Ғурурнинг кўҳна тўнин
Барини босиб бўлмас.
Қаҳрнинг ботмон тошин
Киприкка осиб бўлмас.
Дарёдилнинг дарёси
Меҳрининг томчисида.
Тош кўнгилнинг жафоси
Қаҳрининг қамчисида.
Ғурурнинг ори осмон,
Қабоғида булут бор.
Тил тишлаб яшар ҳар он,
Сабоғида сукут бор.
Бу дунё чорбоғининг
Тикани бор, гули бор.
Ҳар кўнгил чироғининг
Қўри бордир, кули бор.
Сохта обрў соҳибин
Хасда ҳам елпиш мумкин.
Ғурурсиз яшаганни
Чўпда ҳам чилпиш мумкин.
Ғурурли бу дунёнинг,
Гардин ютиб яшаган.
Шу боис миллат мудом,
Мардин кутиб яшаган.
СЎРАГАНИ КЕЛГАНМИЗ
Биз инсонмиз – югурамиз, еламиз,
Кўнглимиз бор – тўкиламиз, тўламиз,
Бу дунёга сўрагани келамиз,
Аллоҳ берсин, умр, ризқи рўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Кунимизнинг кулган офтоби бўлсин,
Тунимизнинг тўлган моҳтоби бўлсин,
Ҳар тонг дилимизнинг шитоби бўлсин,
Умримизни узайтирар из берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Биз орзулар осмонида яшаймиз,
Биз армонлар уммонида яшаймиз,
Биз ҳаётнинг гулханига ўхшаймиз,
Бу оламга нур сочгувчи юз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Қатра меҳр қатларида дарё бор,
Ҳақ кўнгилда баҳоси йўқ дунё бор,
Гар ололсанг дурдан аъло дуо бор,
Садоқатда собитларга сўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Тўйлар қилиб, кўксини тоғ айласин,
Набираси белга белбоғ бойласин,
Ором қучсин, омад қучсин оиласин,
Шукур деса, қувонч қалққан кўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Даргоҳида йўқ нарсанинг ўзи йўқ,
Худойимдан сўрганнинг қарзи йўқ.
Хуш ниятга очилган кафт мисли чўғ,
Бирни сўранг, ўнни сўранг, юз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
АНДОЗА
Оқ дунёнинг қора қоғозин кўрдим,
Наздимда читтакнинг дарозин кўрдим.
Бечора булбуллар пойгакда бўзлар,
Қарға карилларди, парвозин кўрдим.
Пастда олқишларди оломон чунон,
Гўё қопга сиғмай керилган сомон.
Баъзан ўнгу сўлга боқиб ўйлайсан,
Гоҳо қушга ўхшаб қоларкан инсон.
ЖАМОЛ
Инсон сўздан саодат излар,
Қадамидан каромат излар.
Қизиқ, унинг қаноти йўқ-ку,
Нечун кўкни нарвонсиз кўзлар.
Ошиқ дилнинг аъмолими бу,
Содиқ қулнинг камолими бу?
Оҳ, нарвонсиз кўкка чорлаган,
Яратганнинг жамолими бу?!
БИЛГАНИН БИЛДИРГАН
Биз кўнгил кўзини кўпда кўрмаймиз,
Гул бандин оҳини чўпда кўрмаймиз.
Кўрмай кериламиз, кўргандан ортиқ,
Тепки турткисини тўпда кўрмаймиз.
Ҳақиқат овози – ҳаёт хитоби,
Шоирнинг борлиги – баёт хитоби.
Эштиб билмаганга олган кўпайса,
Қаламни қон қилар довот хитоби.
Оқиллар ўргатган ордан олганим,
Йўқларни йўқлаган бордан олганим,
Менга мактабидан мурод берганлар,
Ҳақ деган, Ҳаққа зор, зордан олганим.
Умримнинг тонгида тоза ҳаводир,
Лутфи карамлари дардга даводир.
Кўриб-кўрганимдан воқиф айлаган,
Билганин билдирган қодир Худодир.
АЁЛ БАХТИДАН