
Полная версия:
УМР КИТОБИ 3-жилд
Қомус – давлатимнинг бу – Бош Китоби,
Ҳар боб, ҳар моддаси – ақл хитоби,
Мушкул тилсимимга тилмоч – Қомусим,
Эзгу ниятимга ривож Қомусим!
Тақдир неки битса, бари бўлгайдир,
Одам бор кўнглида зори бўлгайдир,
Миллатим деганнинг ори бўлгайдир,
Миллат мардларининг ори – Қомусим,
Ҳақ деган ҳақгўйнинг ёри – Қомусим!
Умримиз ҳаётнинг асли тўрт фасли,
Адолатга ташна одамзод насли,
Инсон эрки билан инсондир асли,
Сен билан кўксимиз осмон, Қомусим,
Қадру қадриятга қалқон Қомусим!
Давлатим тожи деб бошимда тутгум,
Қувонч кўздан оқса, ёшимда тутгум,
Умринг битди, деса, лошимда тутгум,
Қиёматга қадар жонсан, Қомусим,
Дунё учун дунё, шонсан, Қомусим!
ЭР-ЙИГИТНИНГ ЭЛГА АЙТАРИ БЎЛСИН
Ғофур Ғулом айтган кўксин тўлдириб:
“Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ”…
Йигит йигитликни юрсин дўндириб,
Бундан ўзга унга асло зафар йўқ.
Дунё кезсин – юртга қайтари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Бу қалтис замонда тинчлик омонат,
Қалқон яралгайдир йигит оридан.
Ватани тинч бўлса, эли саломат,
Халқнинг ифтихори – асил мардидан,
Йигит сафга кирса, сарвари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Кеч очилган кўзнинг тумани қуюқ,
Ўз уйинг, ўз боланг асрагин ўзинг.
Ахир аждодларинг буюкдан буюк,
Елга совурилмасин тилдаги сўзинг,
Сўзинг ҳикматларнинг дилбари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Ватан – қалбимизда юз очган чирой,
Демишлар, чиройнинг чиммати бўлсин,
Тунни ёруғ қилган самодаги ой,
Йигитнинг энг аввал ҳиммати бўлсин,
Ҳам яна бир пари пайкари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Биз тинчлик тилаймиз кўҳна дунёга,
Шу осмон, шу замон фарзандларимиз,
Юз тутинг, омонлик тутган зиёга,
Бизким – Ўзбекистон дилбандларимиз!
Ҳар йигит ўз элин гавҳари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
МАҲАЛЛА
Қадимий қадриятлар қадримизнинг қалқони,
Аждодлардан мерос бу, айтсак арзир баралла.
Меҳнат билан яралгай, кўкдан тушмас эл шони,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Оқибат остонаси, меҳримиз кошонаси,
Бунда қирққа бўлингай бир майизнинг донаси,
Ўзбекнинг момолари хушдуо парвонаси,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Боғларга орзу эрур тоғнинг гулу лоласи,
Уммонларга соғинчдир, жилғаси, шалоласи,
Абдулла Қодирий ҳам маҳалланинг боласи,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Қўни-қўшни деган сўз ўзбегимнинг жонидир,
Оқсоқол ислоҳатчи, жонфидо кайвонидир,
Бир бўлиб, бир мушт бўлиб жипслашмоқ онидир,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Одамзод яралибди, қаторда қадрин кутган,
Қайси давлат халқим деб, темирдан “дафтар” тутган,
Бизнинг юртда Юртбоши элига барин тутган,
Ўзбекистон таянчи озод, обод маҳалла!
“Обод қишлоқ” осмонин турнаси аримагай,
Маҳалла аҳли якдил, ёмонлик даримагай,
Уйида бахти борлар юз ёшда қаримагай,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
ҚУВОНЧЛАРИ ҚЎШ КЕЛДИ
Қозоқ қардошим, десам, қулочим қанотланар,
Қадим қадриятлардан юрагим қувватланар,
Навоий, Абай руҳи тиловатдан шодланар,
Туркий деган номи бир ўзбек билан қозоқнинг,
Каломи, саломи бир ўзбек билан қозоқнинг.
Дўмбирани чертишни қозоқдек қийган борми,
Ўзбек танбур чертганда кўз ёшин тийган борми,
Ўтмишига бир боқинг, улардек куйган борми?
Тарихдан даъвоси бир ўзбек билан қозоқнинг,
Оҳ чекса, жафоси бир ўзбек билан қозоқнинг.
Қозоқнинг дили дарё, Ғарбда Волга дарёси,
Қозоқнинг кўкси тоғдир, Шарқда Олтой дунёси,
Бир ёнида таралар Ўзбекистон зиёси,
Саҳроси, ери туташ ўзбек билан қозоқнинг,
Қалбида қўри туташ ўзбек билан қозоқнинг.
Омонгелди қозоқнинг эрки учун жон тиккан,
Жалолиддин мангуга ўзбек бўлиб шон тиккан,
Ғафуру Собитлари меҳр отлиқ дон эккан,
Ўлану шеъри бирдир ўзбек билан қозоқнинг,
Ниятда нури бирдир ўзбек билан қозоқнинг.
Қозоқларнинг қизлари оташқалб, куюк бўлган,
Ўзбекларнинг қизлари Кумушдек суюк бўлган,
Чунки ўзбек, қозоқнинг онаси буюк бўлган,
Оталари орлидир ўзбек билан қозоқнинг,
Сафи доим норлидир ўзбек билан қозоқнинг.
Йўллардан ҳам кўнгилдан тўрлар олиб ташланди,
Қадим қадр тикланиб, кўзлар жиқ-жиқ ёшланди,
Дастурхонда бешбармоқ, паловтўра ошланди,
Қувончлари қўш келди ўзбек билан қозоқнинг,
Меҳмонлари хуш келди ўзбек билан қозоқнинг.
ДЎСТЛИК МАДҲИ
“Ўзбек” деса, тожигим тотган каби асалдан,
“Тожик” десам, тилимдан бол томади азалдан.
Аждодлари дарддошдир, авлодлари елкадош,
Навоий наво олган Жомий битган ғазалдан.
Ер десанг, ери туташ, бошида осмони бир,
Минг-минг йиллардан буён орзую армони бир.
Тинчлиги туморидир, баракаси – бахтидан,
Асраб яшар бир-бирин, қадрига қалқони бир.
Кафтларин хуш дуога доим бирга очганлар,
Бир-бирларин йўлига меҳрдан нур сочганлар.
Етти ўлчаб бир кесган улуғ доноларидек,
Мушкуларини мудом кенгаш билан ечганлар.
Бир келида буғдойин бирга янчган момолар,
Бир дарёнинг сувини бўлиб ичган боболар.
Ҳурлигидан шодумон, замон билан ҳамнафас,
Икки халқнинг тилида янграмоқда наволар.
“Ўзбек” деса тожигим тотган каби асалдан,
“Тожик” десам, тилимдан бол томади азалдан.
Бу янги Ўзбекистон, бу янги Тожикистон,
Янги дўстлик тарихи ёзилмоқда зарҳалдан!
ҚАРДОШЛАР
Бу дунёни асраб бўлмас кўз ёш билан,
Тонг жамоли кулиб чиққан қуёш билан.
Халқлар асли халқ бўлгайдир қардош билан,
Ўзбекистон, деб санасам беш бармоғимни,
Кўрдим туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни
Аждодлари қондош бўлган, жондош бўлган,
Тил мулкида, дил мулкида сирдош бўлган,
Бир-бирига кўнгил берган, бардош бўлган,
Дунё билар бобомерос сабоғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Ғафур Ғулом, Турсунзода, Собит Муқон,
Айтишувда бир-биридан бўлган чаққон,
Адабиёт она бўлиб бирга туққан,
Қадрлайман қадриятим, қароғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Ойлар ойни, йиллари йилни қувиб ўтиб,
Ҳақ ёр бўлди, ҳурриятни олди кутиб.
Бир-бирига қучоқ очди гуллар тутиб,
Ўзбекман деб санасам беш бармоғимни,
Кўрдим туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Бешов ўлка маърифатдан обидланди,
Юртбошилар аҳд-вафода собитланди,
Бор дунёга тинчлик деган сўз тиланди,
Ўздан бошлаб санасам беш бармоғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
НАВОИЙДАН ЎРГАНИНГЛАР
Одамзодни одам қилган –
Сўз бўлади, сўз танинглар,
Сўз танишни, болам, ҳар вақт,
Навоийдан ўрганинглар.
Байтида минг маъно нури,
Дил дардига шифо нури,
Навоийда Худо нури,
Навоийдан ўрганинглар.
“Хамса” – туркнинг дил достони,
Она тилнинг мангу шони,
Ўрганмоқнинг зўр имкони,
Навоийдан ўрганинглар.
У – ҳикматлар булоғидир,
Заковатнинг чироғидир,
Садоқатнинг сўроғидир,
Навоийдан ўрганинглар.
Кимга ёрдир Ҳақнинг ўзи,
У – миллатнинг боқий сўзи,
Назм аҳлин назмий юзи,
Навоийдан ўрганинглар.
Ўқиганлар одам танир,
Одам билган – олам танир,
Унинг лутфи гулдек ҳарир,
Навоийдан ўрганинглар.
Дунё омон-омон бўлсин,
Аҳдлининг азмига тўлсин.
Навоий назмига тўлсин,
Навоийдан ўрганинглар.
БОБУР БЎЛИШ ОСОН ЭМАС
Интилганга толе ёр, дерлар,
Вале ҳар ким элда достонмас.
Чин шоирлар, шерюрак эрлар,
Бобур бўлиш аммо осонмас.
Бу оламнинг шоҳлари ичра,
Ҳеч кимда йўқ Бобур баёти.
Яшар Бобур оҳлари ичра,
Адабиёт абадиёти.
Тангри асли Бобурни Ҳиндга
Босқинчимас, бахт қилиб берди.
Тожмаҳални азал-абадга
Гўзаликка тахт қилиб берди.
Қирқ саккиз йил умрини доғлаб,
Қирқ саккиз минг азобдан айтди.
Гоҳ қаламин қонда сиёҳлаб,
Шеър сеҳрила ғазабдан қайтди.
«Бобурнома» – Ватан суврати,
Тафаккурнинг бир гавҳаридир.
Асрларнинг асил ҳайрати,
Шоҳ ва шоир шоҳ асаридир.
Навоийнинг номида ўзбек
Миллат бўлиб ғурурда яшар.
Дил кўкида порлаган нурдек
Бобурни ҳам ардоқлар башар.
Жаҳонгирлар кўпдир жаҳонда,
Лек Бобурдек қалби жаҳонмас.
Минг азобда, минг бир имконда
Бобур бўлиш ахир осонмас.
2020
ҲАР БАҲОР ЙИҒЛАЙДИ ЎРИК ГУЛЛАРИ
Элнинг юрагида гуллаган баҳор,
Қувончдек тўкилар ўрик гулидан.
Ҳар йил, ҳар баҳорда шу бўлса такрор,
Бол томиб кетади шоир сўзидан.
Бизни соғинтирган ул назми жаҳон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Кўзларга сиғмайди кўм-кўк водийлар,
Шоир дил кўкида юз очган Ватан.
Унга ҳикмат айтган қанча ровийлар,
Сен уни танийсан, у қалби чаман,
Исмини айтаман, яқин кел, осмон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Севиб-севилишни ўргатган шоир,
Ёр ила юз ювган соф булоқларда.
У бугун барҳаёт, нур сочар, қойил,
Аҳли муҳаббат ёққан чироқларда.
Зулфия жонида яшаб ўтган жон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Шеър – азоб овози, шодлик шонаси,
Шоир бошин кўрар гоҳи жодида.
Асли Ватан эрур шеърнинг онаси,
Шоирнинг кўнгли йўқ ўзга оҳуда.
Илҳомин париси – бир Ўзбекистон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Ҳамидин соғиниб, навдалар тўлиб,
Ҳар баҳор йиғлайди ўрик гуллари.
Чўлпон, Усмон Носир, Қодирий бўлиб,
Бир-бирин излайди эл булбуллари.
Улар сендан ғолиб, эй қаттол замон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Эл бахту шодлигин куйлаган шоир,
Ватан фарзандидир, миллат боласи.
Ўттиз тўрт ёшида узилган умид,
Ўттиз беш миллионлик элнинг ноласи.
Юз ўн йил ўтса ҳам шоири достон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон.
ҚОДИРИЙНИНГ МАКТАБИ
Халқнинг оҳи қаламига қон берган,
Ҳурлик учун, юрти учун жон берган,
Адабиёт оламига шон берган,
Миллат дилин, миллат тилин кавкаби –
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
“Ўтган кунлар” – бу ўзбекнинг дил қони,
Ҳар элда бор ҳар меҳробнинг чаёни,
Қодирийни қутлаб келди Чўлпони,
Теграсида Фитрат руҳи нур каби,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Кетар йиллар келарига кўзгудир,
Бир Қодирий минг миллатга орзудир!
Адабиёт – бу покиза туйғудир,
Қалам тутган ўғил-қизнинг матлаби –
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Қарор топган адолат – бу эл шони,
Юртга эгаси жойга қўйди “Туронни”.
Бир шукуҳли Ўзбекистон осмони,
Хуш дуолар қаро кўзлар шабнами,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Деманг, бунда зорлаб турар Қодирий,
Мағрур турар, порлаб турар Қодирий,
Ўз боғига чорлаб турар Қодирий.
Адабиёт эртасининг насаби,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
ЯХШИ БЎЛИШ
Генерал-полковник Зокир Алматовга
Қишдан қўрқмай, қордан қўрқмай гуллар бодом,
Оқил билан, одил билан олам олам,
Бу дунёга яхшиликка келар одам,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Одам қадри тикланганда кўкси тоғдир,
Кўкси тоғнинг, иншооллоҳ, қалби чоғдир,
Яхшилик – бу дилда ёнган бир чироқдир,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Ҳаёт бизни ҳар кунида синаб кўрар,
Бирда сийлаб, бирда эса тунаб кўрар,
Аммо мардлар иймонида собит турар,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Элни сиздек генерали бисёр бўлсин,
Шогирдлар ҳам устозидек саркор бўлсин,
Эзгу ният, эзгу ишлар такрор бўлсин,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Элим деган, ҳар ватандош дилдошимиз,
Фахримизсиз, бордир сиздек юртдошимиз,
Отдан тушиб, ерда юрар Юртбошимиз,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Етмиш ёшга етти ҳатлаб чиқиш қийин,
Яшаш мумкин, лек эътибор топиш қийин,
Камлик қилар Сизни қанча яхши дейин,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
ЎТГАНЛАР ЁДИ
Ой бориб омон кел, дер эди онам,
Доимо омон юр, дердилар отам.
Мен омон юрибман, сен даргоҳингда
Руҳларин шод айла, эй қодир Эгам.
Ўз-ўздан дунёда эмасмиз пайдо,
Отадан пойдевор, онадан бино.
Шу боис тириклар ушбу очунда
Ўтганлар руҳидан юрмасмиз айро.
Ибодат асноси ёд этиб турсак,
Руҳи покларини шод этиб турсак.
Уларнинг кутгани хуш дуолардир,
Зиёратларин бот-бот этиб турсак.
Кун келар ҳар кимнинг шоми ботгайдир,
Ўлим шарбатини ҳар жон тотгайдир…
Иймону инсофда собит фарзанднинг
Ўтганлар ёди-ла тонги отгайдир!
2020
“ЎЗБЕГИМ ОНАСИ” ТУРКУМИ
Кимда ҳикмат булоғи бор –
Ҳақиқатнинг чироғи бор.
Яшаяпсан одам бўлиб,
Одамийлик сўроғи бор.
Дунё азал яралганда,
Дунё гўзал яралганда.
Момо Ҳаво бўйларидан
Мушки анбар таралганда.
Одам Ато энтикканда,
Ғалат-ғалат кўз тикканда,
Севги деган савту наво
Жисму жонин эритганда.
Тошлар ҳам бир тўлғонган-ку,
Майсалар ҳам қувонган-ку.
Қалдирғочлар вижирлашиб
Бутун олам уйғонган-ку!
Шундан буён орзу яшар,
Шундан буён туйғу яшар.
Қувонч ерни тарк этмаган,
Армон яшар, қайғу яшар.
Бу оламни олам қилган,
Неки қилса одам қилган.
Яратганнинг ёди билан
Жаннат қилган, кўркам қилган.
Илм билан имкон очган,
Ҳар тилсимни осон очган.
Тафаккурнинг самосидан,
Кўнгилларга нурлар сочган.
Орзу билан тонг отади,
Умид билан кун ботади.
Одамзодни бу дунёда,
Орзулари уйғотади.
***
Яшашнинг ўзи бахт озод Ватанда,
Қувонч қўрғон қурган обод Ватанда.
Файзу баракаси доим зиёда,
Қўллар меҳнатдаю диллар навода.
Ҳар фарзанд чеҳраси – тинчликнинг ранги,
Тилларда, дилларда ҳурлик оҳанги.
Бошларда ҳуррият офтоби порлар,
Меҳру оқибатга, дўстликка чорлар.
Тенгликнинг муқаддас китоби бизда,
Ҳар миллат орзуси рўёби бизда.
Яратиб, яшнатиб халқнинг ўзи – шод,
Ўқиб уққанларнинг дил мулки – обод.
Шижоат аъмоли – Ўзбекистонда,
Матонат камоли Ўзбекистонда.
Аёлга бахт берган озод Ватан бу,
Аёлга тахт берган обод Ватан бу.
Дунё аҳли абад қилгайдир ҳавас,
Кўҳна Шарқда азал Аёл муқаддас.
Бунда кафтда тутмиш Она зотини,
Шоирлар бахш этмиш дил баётини.
Миллат комиллиги – Она камоли,
Она камолида – миллат иқболи.
Юртбоши дилида энг улуғ ният,
Аёлга эҳтиром, онага иззат.
Ҳам яна чексиздир аёл имкони,
Дунёни забт этмиш унинг ҳур шони.
Унинг меҳри билан олам озода,
Яхшилик зиёда, савоб зиёда.
***
Сиз кўҳна жаҳонда ўзга жаҳонсиз,
Ниятлари нурли тиниқ осмонсиз,
Сиз элнинг онаси – Ўзбекистонсиз,
Эй сиз миллат аҳлин дилу жонлари,
Озод, обод юртнинг онажонлари!
Бирларин – қўли гул, бирларин – дили,
Бирлари маърифат боғин булбули.
Иймон, ишонч билан чароғон йўли,
Шукру саодатда ўтар онлари,
Элнинг дуогўйи, онажонлари!
Оламу одамга ором улашган,
Ҳикмат хирмонидан калом улашган,
Неки эзгу бўлса, мудом улашган,
Улуғ момоларнинг ёруғ шонлари,
Эй Сиз, юртнинг мунис онажонлари!
Олима, шифокор, фермер ё чевар,
Муаллима, зардўз у, фидоий дилбар,
Аёл – у, Она – у, энг тоза гавҳар,
Юзидан ранг олган ширмой нонлари,
Миллатнинг муқаддас онажонлари!
Меҳнат шараф берган, ном берган сизга,
Ҳалоллик ризқ берган, нон берган сизга,
Ватанга муҳаббат, шон берган сизга,
Юртим аёлларин қаҳрамонлари,
Жафокаш, жонфидо онажонлари!
***
Ватаннинг тарихи – она тарихи,
Оналар вафонинг зўр муаррихи.
Оқибат ардоғин чироғи улар,
Дуо кавсарининг булоғи улар.
Ўзбек онасининг тилаги – оппоқ,
Ўзбек онасининг юраги – чақмоқ.
Яхшилик ёдида яшайди улар,
Яхшилик қилганда яшнайди улар.
Ўзбек онасидек болажони йўқ,
Унингдек фарзандга фидо жони йўқ.
Ўтмишга гар боқсанг оҳи кўп бўлган,
Йўлида оҳ тўла чоҳи кўп бўлган.
Паранжи – чачвонда боққан дунёга,
Гоҳида зор ўтган чимдим зиёга.
Очлик, очарчилик дардини кўрган,
Нон сўраб тегирмон гардини кўрган.
Бир-бирин талаган беклару хонлар,
Қирғин-баротларда кетган не жонлар.
Оналарни ўртаб фарзандлар доғи,
Қалбларида сўнган умид чироғи.
Миллат оқиллари увол кетдилар,
Дилда: «Нечун?» деган савол – кетдилар.
Мардикор туғмаган ўзбек онаси,
Мардикорда ўлган қанча боласи.
Хорлик, зорлик кўрган, адоқсиз дардлар,
Сибир ўрмонида сил бўлган мардлар.
Тарих – бу кечмишнинг қора қоғози,
Тарих – бу аслида азоб овози.
Ҳар она дилида минг армон бўлган,
Ҳар она оҳида бир достон бўлган.
***
Оналар – оламнинг ором чироғи,
Тириклик кўклами, бахтнинг япроғи.
Дуодан нур тутса, товланиб кетар,
Етти камалакнинг ёнига етар.
Озода хаёллар осмони – она,
Ҳар дилнинг, ҳар гулнинг посбони – она.
Оқибат ардоғин чироғи улар,
Дуо кавсарининг булоғи улар.
Агарки тиз чўксам тизим гуллайди,
Ҳар байтим бир баҳор, сўзим гуллайди.
Умрида ибрат бор Ўзбек онасин,
Шукрида ҳикмат бор Ўзбек онасин.
Тинчлик, минг бор тинчлик унинг нияти,
Кўксини тоғқилди эл ҳуррияти.
Эъзозу эҳтиром – бари шарқона,
Ҳур юртда оналар – бахтга парвона.
ПАРКЕНТИМ
Қирларида қирғийсин қаноти қайрилмаган,
Овчиси имонию, оридан айрилмаган,
Сувга чўп ташлаш бунда қушга ҳам буюрилмаган,
Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир,
Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир.
Майсалари жилмайиб, жилолар тўкар бунда,
Турналар бошингиздан дуолар тўкар бунда,
Райҳонларнинг пойига саболар чўкар бунда,
Кўрсангиз, кўзингизга қувончлар чирмашади,
Юрсангиз, изингизни гуллари талашади.
Жилғаларин жаранги жонингизга чертади,
Булоқлари бахт тилаб зам-зам сувлар тутади,
Кундуз қуёш, оқшом ой йўлингизни кутади,
Қушларин қўшиғида Тангрининг каломи бор,
Мажнунтол таъзимида келинлар саломи бор.
Масжидларин кўкига фаришталар сиғмайди,
Бунда кимки йиғласа, Худойимга йиғлайди,
Бу масканда Бобомочин, не валийлар улғайди,
Яратган осмонидан ором сочиб туради,
Тонгда гуллар булбулга китоб очиб туради.
Момоларин алласи тошларни ҳам балқитар,
Қирқ кокилли қизлари қароғингиз қалқитар,
Паркенгда бир бор бўлган минг бир дардни унутар,
Бобурга болиш бўлган атри булоқ чаман бу,
Ҳофиз Кўҳакий суйган жаннат жамол Ватан бу.
Кимга жондай азизмас она бўлиб туққан ер,
Онам деса, Маҳмудни бир сўзидан уққан ер,
Кўксига гул чечагин тумор қилиб такқан ер,
Етти эмас, етмиш минг авлодимга Ватансан,
Бағрингда ётар бўлсам, сен ёдимга Ватансан.
СЎЗДАГИ ГУЛ
Эшитганин етказар шоир,
Осмонлардан олиб ёзмайди.
Битиклари дардидан ноил,
Деманг, қоғоз осон қорайди.
Ташбеҳлари дилин туҳфаси,
Томирига тиқилган қони.
Бўлса бўлсин кимнинг шубҳаси,
Ҳар битта сўз жигари, жони.
Мумкин кўкда илҳом париси,
Лекин унинг товони ерда.
Шоирларнинг бўлмас қариси,
То ўлгунча яшайди қўрда.
Гўзал сўзлар шунчаки келмас,
Жон пардасин тилиб чиқади.
Тани бошқа дард недир билмас,
У юракни юлиб чиқади.
Шоирларнинг паноҳи Худо,
Ташбеҳларни тутгувчи Ўзи.
Кимда зарра гумон бор – илло,
Очилмайди абад қалб кўзи.
Албат шоир сўзин султони,
Лек Ҳақ қули, элнинг булбули.
У – Ватаннинг, миллатнинг шони –
Бу дунёнинг сўздаги гули.
АЖАБ
Тасанно дейман-да, Ҳақнинг дидига,
Туман соя солмас гулнинг ҳидига.
Дунё дунё экан, гоҳо чидайсан,
Хазонлар таратган тутун дудига.
Асли гўзалликка яралган очун,
Ер гўзал, осмонга сиғмайди лочин.
Турфа гуллар бўйин ифоридан маст,
Капалаклар яйраб яшайди бир кун.
Оллоҳ қудратининг тимсоли – олам,
Оллоҳ ҳикматининг висоли – одам.
Афсус алангаси ўртайди баъзан,
Нечун шу гўзаллик заволи одам?
КЕТАРДА
Кўкнинг бир четидан чиқади қуёш,
Бир четига бориб ботади яна.
Бормикин инсонга қуёшдек йўлдош,
Унинг юз очиши тонгги тантана.
Инсон ҳам дунёга келади ногоҳ,
Порлаган офтобдек қувончлар сочиб.
Ва лекин кетарда қилмайин огоҳ,
У ботар, она Ер кўксини очиб.
ҲАҚИҚАТНИНГ СОДИҚ ДЎСТЛАРИ
Бу дунё бир сўздан яралган асли,
Сўз билан ҳаётбахш одамзод насли,
Сизга дурдан аъло қаламнинг васли,
Эй, кўнгил тоғининг алпинистлари,
Миллатнинг жонфидо журналистлари.
Жони сиёҳдони, қалам қонидир,
Дунёда бор-йўғи сўз – имконидир,
Ўзи хокисору Ватан шонидир,
Кўнглига бўйлади бўю бастлари,
Ватаннинг жонфидо журналистлари.
Гоҳо дашномлардан кетса эзилиб,
Тарки касб истайди кўнгли бузилиб,
Барибир аҳдидан кетмас узилиб,
Чунки ёмонга ҳам йўқдир қасдлари,
Эй, она юртимнинг журналистлари.
Телеканаллар бу – кўзларга кўзгу,
Радио ҳам тилу сўзларга кўзгу,
Интернет, планшет, шиддатли туйғу,
Янги газетанинг бўёқ, ислари,
Гулдан муаттар дер, журналистлари.
Уйғоқсиз, ҳушёрсиз, жонсарак жонсиз,
Сиз янги тарихга, янги имконсиз,
Сиз сўздан яралган Ўзбекистонсиз,
Сизсиз ҳақиқатнинг содиқ дўстлари,
Эй, она юртимнинг журналистлари.
ЭСКИ ЁЛҒОН
Қаршингда турибди янги ҳақиқат,
Изингдан келади эски ёлғон ҳам.
Эҳ, улардан қочиб бўлмайди фақат,
Ахир ўзимиз-ку, берган-олғон ҳам.
Кўксингда юз очган виждон ойнаси,
Дунё кирларидан кўп хира тортган.
Кўнгил янги ҳақиқатнинг ташнаси,
Эски ёлғонларнинг қуёши ботган.
Умид чиройидан таралган ёғду,
Ростнинг рухсорида ял-ял ёнади.
Унутма, ёлғон бу – шайтоний жоду,
Одам ундан тонса, олам тонади.
АҚЛ ЖАНГИ
Яшаш – кураш, Яратган билар,
Майдон кимни кимга тенглади.
Мардлар жангда ғалаба қилар,
Оқил эса жангсиз енгади.