
Полная версия:
Қурилишда меҳнатни муҳофаза қилиш
Жалюзали чанг тутгич лопастлари орасида тирқиш ҳосил қилиниб корпусга кетма-кет ўрнатилган. Ҳаво қувур ўтказгич орқали киради, бунда чанг ажратиш олдинги лопастлар таъсири остида содир бўлади.
Ҳаводаги муаллақ чанг заррачалари инерция ва лопастлардан қайтарилиш самараси таъсирида қувур ўтказгичга ҳаракатланади. Тозаланган ҳаво лопастлар орасидан чиқиш қувур ўтказгичига ўтади. Бу чанг тутгичлар ўрта ва катта тозалашда қўлланилади, шундан сўнг ифлосланган ҳаво циклонларга йўналтирилади.
Ротацион чанг тутгичлар, ротор айланишидан вужудга келадиган марказдан қочма кучлар эвазига, ҳавони қаттиқ ва суюқ аралашмалардан тозалайди. Конструкцияси бўйича марказдан қочма вентилятор бўлади. У айланганида чанг зарралари ғилдирак диски сирти ва куракларни чопиб келаётган томонига сиқилади ва сўнгра чанг тутгичда йиғилади. Ротоклон-туман ушлагичлар ҳавони тумандан тозалашда қўлланилади. Биринчи босқич тозалаши – ротор фильтрловчи материал билан (толасининг диаметри 18—20 мкм ли кигиз). Иккинчи босқич тозалаши – сачратма ушлагич (толасининг диаметри 60—70 мкм ли бир қатли кигиз).
Фильтрлар ҳавони чангдан ва тумандан тозалаш учун қўлланилади. Ҳавони ўрта ва майда чанглардан тозалаш учун чангланган ҳаво ғовак материалли фильтрлардан ўтказилади. Қаттиқ ва мойли зарраларни фильтрлаш элементларига тушиши зарраларни ғовак сирт билан контакти натижасида содир бўлади. Зарраларни тушиш (қўниш) механизми инерция ёки гравитация кучларининг таъсиридан, газлардаги броунли диффузия ва уриниш самарасидан бўлади. Фильтрловчи материаллар сифатида матолар, кигиз, қоғоз, металл қириндилар, ғовакли керамика ва ғовак металлар қўлланилади. Чангланганлиги 10 мг/м3 дан кам бўлган ҳавони тозалаш учун уяли фильтрлар қўлланилади. Улар металл ёки пеноплстли материаллар кўринишидаги эластик ойнатолали фильтрловчи элементлари билан тўлдирилган каркасдан иборат. Материални танлаш тозалаш сифатига боғлиқ. Барча фильтрларнинг умумий камчиллиги, фильтрловчи элементларнинг тез ифлосланиши оқибатидаги, хизмат қилиш муддатининг чекланганлиги бўлади.
Ҳозирги вақтда ўзи тозаланадиган мой фильтрлари кенг тарқалди, уларда фильтрлаш иккита узликсиз ҳаракатланаётган металл тўрли полотноларда амалга оширилади. Мойли фильтрлар ифлосланганда уларни содали эритмада ювадилар. Ҳавони тумандан, мойлардан тозалаш учун толали ва тўрли туман тутгичлардан фойдаланилади, уларнинг ишлаш принципи ювувчи суюқлик томчиларининг ғоваклар сиртига тушиши ва кейинчалик оғирлик кучи таъсири остида суюқликни оқишига асосланган.
Саноат отқиндиларини тозалаш методларини физик-кимёвий жараёнларнинг ўтиш тавсифи бўйича бешта асосий гуруҳга бўлиш мумкин: 1) аралашмаларни эритгичлар билан ювиш (абсорбция); 2) аралашмаларни кимёвий боғловчи моддалар билан ювиш (хемосорбция); 3) газсимон аралашмаларни фаол қаттиқ моддаларда ютилиши (адсорбция); 4) кирувчи газларни термик нейтраллаш ва аралашмаларни каталитик алмаштиришлар йўли билан ютилиши; 5) газ-ҳаво аралашмасини, бир ёки бир неча компонентларини ютиш йўли билан, таркибий қисмларга ажратиш.
Абсорбция – буғгаз аралашмаларидан буғлар ёки газларни абсорбент деб аталувчи суюқ ютувчи билан танланиб ютиладиган жараён. Абсорбция, қоидага кўра, суюқлик ёки қаттиқ жисм (кам ҳолларда) ҳажмидаги газларни ютилишини билдиради. Амалиётда абсорбцияга алоҳида газлар эмас, балки таркибий қисмлари суқликда ютиладиган газ аралашмалари қўлланилади. Аралашмаларни бу таркибий қисмлари абсорбланувчи компонентлар (абсорбат), ютилмайдиган қисми эса – инерт гази дейилади. Суюқликда эритилган газ-ҳаво аралашмасининг компоненти диффузия туфайли абсорбентни ички қатламларига ўтади. Муҳитлар ва диффузия коэффициентини ажратиш сирти қанча катта бўлса, жараён шунча тез кечади. Технология отқиндиларидан аммиак, фтор ва хлор водороди кабиларни йўқотиш учун ютувчилар сифатида сувдан фойдаланиш лозим, чунки бунда зарарли моддаларни юқори эрувчанлигига эришилади.
Хемосорбция – кимёвий бирикмалар ҳосил бўлиши билан биргаликдаги кимёвий сорбция, суюқлик ёки қаттиқ модда билан атроф муҳит моддаларидан ютилиши. Тор маънода хемосорбцияни қаттиқ жисмларнинг сиртидан модданинг кимёвий ютилиши сифатида, яъни кимёвий асорбция каби қаралади. Хемосорбия асосида адсорбент ва абсорбирланадиган модда орасидаги кимёвий ўзаро таъсирланиш ётади. Бунда таъсир этувчи илашиш кучлари физик адсорбциядагидан анча катта бўлади. Адсорбентлар сифатида масса бирлигига катта сиртга эга бўлган моддалардан фойдаланилади. Масалан, фаоллаштирилган кўмирнинг солиштирма сирти 105—106 м2/кг етади. Уни газларни органик моддалардан тозалаш, ёқимсиз ҳидларни кетказиш учун қўллашади. Бундан ташқари оддий оксидлар (фаоллаштирилган ерлойи, алюминий оксиди) қўлланилади. Бу методни амалга ошириш учун кўпикли скрубберлар ва қўзғалувчан кўкракли скрубберлар қўлланилади. Қаттиқ жисмлар сиртидан газ ёки суюқлик молекулаларини ютиш (шимдириш-тозалаш) жараёни учун рус тилида адсорбция атамаси қўлланилади.
Адсорбция методи ульрамикроскопик таркибли баъзи бир қаттиқ жисмларни газ муҳитидан алоҳида компонентларни фаол ажратиб олиш ва ўз сиртида тўплаш физик хоссаларига асосланган, физик адсорбцияга ва хемосорбцияга бўлинади. Адсорбцияда газнинг молекулалари молекуляр кучлар тортишиши таъсирида қаттиқ жисм сиртига ёпишади. Бунда ажралган иссиқлик тортишиш кучига боғлиқ бўлади ва қиймати бўйича газ конденсацияси иссиқлигига тенг бўлади. Адсорбциянинг афзаллиги – жараённи қайтарувчанлигидир.
Иссиқлик нейтраллашуви юқори ҳарорат ва эркин кислород мавжудлигида моддаларнинг токсикмасгача оксидланиши қобилиятига асосланган. Газларнинг иссиқликдан нейраллашувининг учта схемаси бўлади: 1) алангадан бевосита ёндирилиши; 2) иссиқликдан оксидланиши; 3) каталитик ёндирилиши. Бевосита ёндириш ва иссиқликдан оксидланиш 600—800 °С да, каталитик ёндириш эса – 300—400 °С да ўтади. Тўғридан тўғри (бевосита) ёндиришни чиқаётган газлар ёндириш учун керакли энергияга эга бўлган ҳолатларда қўллаш керак. Бу турдаги ускуналарни лойиҳалашда, қўшимча иссиқликдан фойдаланмасдан ёнишни ушлаб туриш учун, ёндирилаётган эритмаларнинг тўлдириш чегарасини билиш муҳим. Тўғридан- тўғри ёндиришга мисол токсик газлари бор углеводородларни бевосита горелкани факелида ёндириш бўлади.
Иссиқликдан оксидланишдан чиқиш газлари юқори ҳароратга эгалигида, аммо уларда кислород етарли бўлмаганда фойдаланилади. Ҳисобга олиш керак бўладиган муҳим омилларга вақт, ҳарорат, турбулентлик киради. Барча компонентларни тўлиқ ёниши учун вақт етарли даражада бўлиши керак.
Каталитик ёндиришдан саноат отқиндилари токсик компонентларини атроф муҳит учун зарарсиз ва кам зарарли моддаларга тизимга катализатор киритиш йўли билан айлантириш учун фойдаланилади. Каталитик методлар ҳайдалаётган моддаларни газда бўлган бирорта компонент билан ўзаро таъсирига асосланган. Катализатор бирорта таъсирланувчи модда билан ўзаро ҳаракатланиб оралиқ модда ҳосил қилади, у эса зарарсиз компонентларга парчаланади. Кўпчиллик ҳолларда металлар (Pt, Pa) ёки уларни бирикмалари катализатор бўлади. Каталитик жараён тезлигига ва унинг самарадорлигига газ ҳарорати кўпроқ таъсир қилади. Газ оқимида бўладиган ҳар қандай реакцияга реакцияни минимал ҳарорати дейиладиган тавсифли бўлади, ундан пастда катализатор ўзини фаоллигини кўрсата олмайди. Газ тозаловчи каталитик қурилмаларнинг иккита конструкцияси фарқланади: газ оқимини қаттиқ катализатор билан туташиши содир бўладиган – каталитик реакторлар ва умумий корпусда туташтириш боғлами ва қиздиргич жойлашган – термокаталитик реакторлар.
3.12. Сув муҳитини ифлосланишлардан ҳимоялаш, ҳимоялаш методлари ва воситалари
Ифлосланган сувни биокимёвий ёки физикавий методлар билан тозалашади. Биокимёвий методлар микроорганизмларни турли бирикмаларини парчалаш ва ўзгартиришлар ҳосил қилиш қобилиятига асосланган. Парчалаш микроорганизмлар ишлаб чиқадиган ферментлар таъсирида содир бўлади. Сувни қаттиқ моддалардан тозалашни физикавий методи унинг хоссаларига, концентрациясига ва эритмага боғлиқ ҳолда сизишни, чўктиришни, марказдан қочма куч таъсир майдонида қаттиқ зарраларни ажратишни, фильтрлашни ўз ичига олади.
Сизиш ифлосланган сувдан ўлчами 25 мм гача бўлган эримайдиган аралашмалар зарраларини, шунингдек толали ифлосликларни ажратиш учун мўлжалланган. Чўктириш ифлосланган сувни панжаралар ва толатутгичлар орқали ўтказиш билан амалга оширилади. Панжаралар бир бирининг оралиқлари 5—20 мм дан қилиниб металл стерженлар ёки арматуралардан тайёрланади ва горизонтга нибатан 60° бурчак остида ўрнатилади. Панжаралар кўпчиллик ҳолларда бурилувчан грабеллар ёрдамида механик, баъзан қўлда тозаланади. Бунда панжарадан ажратилган аралашмалар майдаланади ва ифлосланган сувга қайта ташланади, ва шунинг хусусияти билан ҳаво ва сув муҳитининг сифати ёмонлашади. Бу камчилликни бартараф қилиш учун панжара-майдалагичлар қўлланилади, улар ифлосланган сувдан ажратиб олмасдан аралашмаларни майдалашади.
Чўктириш қаттиқ моддаларни суюқликларда чўкиш хусусиятига асосланган. Ифлосланган сувни тозалаш қумтутгичлар ва чўктиргичларда амалга оширилади. Ифлосланган сувни ҳаракатланиш йўналишига кўра қумтутгичлар сувни тўғри чизиқли ва айланма ҳаракатлантирувчи ҳамда аэриралашган бўлади. Ифлосланган сувни фильтрлаш уларни майда дисперсияли қаттиқ аралашмалардан тозалаш учун мўлжалланган. Ифлосланган сувни тозалаш учун икки хил фильтрлар қўлланилади: донли, бунда суюқлик ғовак материаллар (қум) насадкаси орқали ўтади, ва микрофильтрлар элементлари боғланган ғовак материаллардан ясалади.
Сувни мой маҳсулотларидан тозалаш уларни таркиби ва концентрациясига кўра тиндириб, гидроциклонларда ишлов бериб, фильтрлаб ва флотациялаб амалга оширилади. Хўжалик ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкциялаш, эксплуатацияга киритишда, шунингдек янги технология жараёнларини тадбиқ қилишда уларни сув объектлари ва табиий атроф муҳит ҳолатига таъсирини ҳисобга олиш керак.
Янгидан яратилаётган ва реконструкцияланаётган хўжалик ва бошқа объектларни лойиҳалаш ва қуришда, шунингдек сув объектларини ҳолатига таъсир қилувчи янги технология жараёнларини тадбиқ қилишда техник сув таъминотини ёпиқ тизими яратилишини назарда тутиш керак. Тўғри оқувчан техник сув таъминоти тизимини лойиҳалаш ва қуриш, қоидага кўра, рухсат этилмайди. Қуйидагиларни эксплуатацияга киритиш тақиқланади:
хўжалик ва бошқа объектлар, жумладан фильтрловчи тўпловчилар, чиқиндиларни кўмиш, шаҳар чиқинди тўпламлари ва бошқа ташламалар жойларини, агар ифлосланиши сув объектларини толиқишдан ва сувни зарарли таъсиридан ҳимояловчи қурилмалар билан ускуналанмаган ва тозалаш иншоотлари бўлмаса;
сув олиш ва ташлаш иншоотлари, балиқни ҳимоя қилиш қурилмаларисиз ва олинаётган ва ташланаётган сувни ҳисобга олиш қурилмаларисиз;
тозалаш иншоотлари ва санитар-ҳимоя зоналарига эга бўлмаган ҳайвонат фермалари ва бошқа ишлаб чиқариш комплекслари;
суғориш, сувлаш ва қуритиш тизимлари, сув омборлари, плотиналар, каналлар ва бошқа гидротехника иншоотлари сувни зарарли таъсирини бартараф қилиш тадбирлари қилингунича;
балиқларни ҳимоялаш қурилмаларисиз гидротехника иншоотлари, сув олиш ва бошқа гидротехника иншоотлари санитар ҳимоя зонаси ўрнатилмасдан ва сув объектлари ҳолати кўрсаткичларини кузатиш пунктлари яратмасдан;
нефт, кимёвий ва бошқа маҳсулотларни ташиш ва сақлаш учун иншоотлар ва қурилмалар, сув объектларини ифлосланишини бартараф қилиш учун воситалар ва кўрсатилган маҳсулотларни чиқиб кетишини аниқлаш учун текширув-ўлчов аппаратлари билан жиҳозламасдан туриб.
4. ҚУРИЛИШ ТАШКИЛОТЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ БОШҚАРИШ
4.1. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришни ташкиллаштириш
Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришдан мақсад: иш жойларида, қурилиш участкалари ва объектларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишловчиларни ишлаб чиқаришдаги зарарли ва хавфли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, меҳнаткашларни узоқ ва юқори меҳнат қобилиятларини сақлашдан иборат.
Қурилиш ташкилоти фаолиятидан мақсад, объектларни – бино ва иншоотларни қуриш, уларни сотиш ва фойда олиш билан бир қаторда меҳнат жамоаси турмушини яхшилаш, ҳаётини ижтимоий ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишдир.
Меҳнат жамоасини ҳаётини ижтимоий ривожлантириш деганда меҳнатдан қониқиш даражасини ошириш, меҳнат жамоаси аъзоларини моддий ва маънавий талабларини қондириш, меҳнат, маиший хизмат кўрсатиш, дам олиш шароитларини яхшилаш, ҳар бир ишловчини ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ишлар тушунилади.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришни ҳуқуқий ва меъёрий асосларини меҳнат кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш қонуни талаблари, ҳукумат органлари қарор ва фармойишлари, меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими ва бошқа меъёрий-техник ҳужжатлар ташкил килади.
Иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратилишини таъминлаш, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитар-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш, бошқа тадбирлар ва воситаларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш ва амалга ошириш меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими (ММҚБТ) ёрдамида амалга оширилади. Иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида ва бутунлай қурилиш ташкилоти таркибий бўлинмалари, функционал хизматлари ва алоҳида ишловчиларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича фалолият ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш объекти бўлади.
Қурилиш ташкилоти бўйича меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш органини корхона маъмурияти номидан унинг раҳбари, бош мухандиси ва меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи ташкил килади. Бошқариш органи ташкилот участкалари ва объектларида меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги маълумотларни тахлил қилади, меҳнат шароитлари омилларини меъёрий қийматидан четга чиқишларни бартараф этиш мақсадида, бошқариш қарорини қабул қилади ва уларни бажарилишини таъминлайди. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш органи корхона раҳбари (бош мухандис ва б.қ.) хизмати ва корхонани ишлаб чиқариш бўлинмалари ва хизматлари раҳбарлари бўлади.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш ишида ташкилот хўжалик фаолиятини бошқариш механизмини деярли барча бўғинлари хизматлари ва лавозимли шахслари иштирок қилади. Шунинг учун ташкилот бўйича бошқариш фаолиятини самародорлиги ташкилотни барча хизматлари ва лавозимли шахсларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда вазифаларини аниқ кўрсатилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкиллаштириш тўғрисида низом ишлаб чиқилиши керак. Унда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимида қатнашаётган хизматлар ва лавозимли шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўзаро боғланганлиги ва бир-бирига бўйсинганлиги ўрнатилади.
Ҳар бир хўжалик бўлинмаси: қурилиш бўлинмаси, участкаси ва бригадаси ва ташкилотнинг хизматлари меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини кўрсатувчи ўзининг бошқариш органи, бошқариш объекти ва маълумот таъминотига эга бўлади. Шунинг учун, таркибий бўлинмалар ва хизматларни бошқариш фаолияти, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш органи томонидан, умуммиқёсда мувофиқлаштирилган ва тезкор бошқариладиган бўлиши керак.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш бўйича ташкилий-методик ишларни, бошқарув қарорларини тайёрлаш ва уларни бажарилишини назорат қилишни, бевосита корхона раҳбари ёки бош мухандисга бўйсинувчи, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати амалга оширади. Алоҳида иш жойлари, участкалар ва бутунлай ташкилот бўйича меҳнат шароитлари ҳақида объектив маълумотлар бўлган тақдирдагина ММҚБТ ни нормал фаолият юритиши ва такомиллаштирилиши таъминланиши мумкин. Қурилиш ташкилотида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини фаолият юритиши, иш берувчига қонунларда белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишдан ўз мажбуриятларини самарали амалга ошириш имкониятини беради.
4.2.Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш функцияси
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш функцияси (қурилиш ташкилотлари ва уларнинг бўлинмалари миқёсида) қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини режалаштириш;
меҳнатни муҳофаза қилиш ишлари юқори даражада бўлганлиги учун рағбатлантириш;
тарбиялаш ва интизомни мустаҳкамлаш.
Барча назорат турлари, нафақат меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрлари ва қоидалари, стандартларидан четга чиқишларни аниқлаш, қоида бузилишлар сабабларини тахлил қилиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини ҳам ишлаб чиқишни тақозо этади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш меҳнат қонунлари талабларига, меҳнатни муҳофаза қилиш стандартлари, меъёрлари ва қоидаларига риоя этмаслик сабабларини аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишдан режалаштирилган ишлар ва тадбирларнинг бажарилмаганлик сабабларини аниқлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун аниқ чоралар кўришни талаб этади. Тахлил қилиш учун бахтсиз ҳодисалар ҳисобини олиб бориш, касб касалликлари ҳисоботи ва меҳнатни муҳофаза қилишдан ҳисоботлар, иш жойларини шаходатлаш ҳамда санитар-техник паспортлаштириш маълумотлари ва барча назорат турлари материалларидан фойдаланилади.
Иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш асосида, меҳнатни муҳофаза қилишнинг тезкор, истиқболли иш режасига киритиш учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Режалаштириш ўз ичига 5 йиллик (истиқболли) меҳнатни муҳофаза қилиш ва шароитларни яхшилаш ҳамда санитар-соғломлаштириш тадбирларини комплекс режасини ишлаб чиқиш, жорий (йиллик) меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш – бу жамоа шартномасининг меҳнатни муҳофаза қилиш қисмига киритилади ҳамда алоҳида цехлар, участкаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларининг тезкор (ўн кунлик-декада, ойлик, чораклик) режасини ўз ичига олади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини юқори даражага кўтарганлик учун моддий ва маънавий рағбатлантириш қўлланилади.
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш касблар бўйича танлашни ташкиллаштириш, меҳнатни муҳофаза қилишга ўқитиш ва уни тарғибот қилиш, ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини таъминлаш, меъёрий санитар-маиший хизмати кўрсатилишини таъминлаш, ишловчиларга зарарли ишларни бажарганликлари учун имтиёзлар ва компенсация тўловлари жорий этиш, даволаш-профилактика ишларини олиб бориш йўли билан амалга оширилади.
4.3. Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришнинг асосий вазифалари
Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришни асосий вазифалари қуйидагилардан:
ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ташвиқот қилиш;
ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш;
ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш;
бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш;
меҳнатни санитар-гигиеник шароитларини меъёрлаштириш;
ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш;
ишловчиларга даволаш-профилактика хизмати кўрсатилишини ташкиллаштириш;
ишловчиларга санитар-маиший хизмат кўрсатиш;
ишловчиларни алоҳида мутахассисликлар бўйича касб малакасига кўра танлашдан иборат.
Ишловчиларни меҳнат хавфсизлигига ўқитиш тегишли тармоқнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалари, низомлари ва йўриқномалари бўйича амалга оширилиши керак. Ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни – бўлинма бошлиғи, ишлаб- чиқариш техникаси бўлими, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, бош механик бўлими ва бош энергетик бўлимлари ҳамкорликда олиб борадилар.
Меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тарғибот қилиш барча тарғибот қилиш воситалари: турли қўлланмалар, плакатлар, радио, телевидение, кино, кўрик-танловлар, маърузалардан фойдаланилиб, бўлинма раҳбарлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан бажарилиши керак.
Ишлатилаётган ишлаб-чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, уларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатлари талабларига мос ҳолатга келтириб, керак бўлганда – янги хавфсиз ускуналар билан алмаштирилиб ечилиши керак. Фойдаланилаётган ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлашни – бош механик бўлими, бош энергетик бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси ва техник назорат бўлими бажарадилар.
Ишлаб чиқаришда технология жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш амалдаги технологияларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатларига мос ҳолатга келтириш ҳамда янги хавфсиз технология жараёнлари, механизациялаштириш ва автоматлаштириш воситаларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш йўли билан амалга оширилиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш – бош технолог, техник назорат бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош механик бўлими, бош энергетик бўлими томонидан бажарилади.
Ишлаб-чиқариш бино ва иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажариш йўли билан бажарилади. Қурилаётган бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш – капитал қурилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан; фойдаланилаётган бино ва иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаш – бош механик бўлими, бўлинма бошлиғи, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан бажарилади.
Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштириш иш ўринларида ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ва самарали жамоа ҳимоя воситаларини қўллаш йўли билан амалга оширилади. Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштиришни – бўлинма раҳбари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош технолог бўлими ва тиббиёт пункти бажарадилар.
Ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш амалдаги меъёрлар ва улар учун ўрнатилган берилиш, сақланиш ва фойдаланиш тартибига кўра амалга оширилиши ҳамда улар билан таъминлашни моддий-техника таъминоти бўлими раҳбари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ва касаба уюшмаси томонидан бажарилиши керак.
Оптимал меҳнат ва дам олиш тартиби яратилишини таъминлаш барча ишловчилар учун уларнинг меҳнат хусусиятлари ҳисобга олиниб, биринчи навбатда ишлаб-чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари таъсир этаётган ва узликсиз юқори жисмоний ва асаб-руҳий кучланганлик билан ишлаётганлар учун назарда тутилиши керак. Ишловчилар учун имтиёзли меҳнат ва дам олиш тартиби меъёрий ҳужжатлар асосида таъминланади. Оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини меҳнатни илмий ташкиллаштириш ва иш ҳақи бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими ва касаба уюшмаси таъминлайди.
Ишловчиларни даврий, янгидан ишга қабул килинаётганларни, тиббий профилактика кўригидан ўтказилишини, пархез овқатлар билан таъминлаш ва уларнинг касалланишларини олдини олиш тиббий-профилактика тадбирларини ўтказилишини ташкиллаштиришни ва тиббий-профилактика хизмати кўрсатишни тиббиёт пункти, бўлинма раҳбари, касаба уюшмаси ва меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этади.
Санитар-маиший хизмат кўрсатиш ишловчиларни санитар-маиший хоналари, қурилмалари билан таъминлаш ҳамда уларни амалдаги меъёр ва қоидалар талабларига кўра ишлатилишини назарда тутиши керак. Ушбуни бўлинма бошлиғи, меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, моддий-техника таъминоти бўлими, капитал қурилиш бўлими ҳамда касаба уюшмаси ташкиллаштиради.
Касбий танлаш ишловчиларни алоҳида касбларга жисмоний ва руҳий жиҳатдан ишларни хавфсиз бажаришга мослигини назарда тутади. Алоҳида касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танлашни кадрлар бўлими, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ҳамда тиббиёт пунктлари бажарадилар.
4.4. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкиллаштириш
Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилишга жавобгарлик иш берувчига юклатилган. У қуйидагиларни таъминлаши керак:
ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлари ва ускуналарини хавфсиз эксплуатация қилишни, технология жараёнларини хавфсизлигини, шунингдек жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларини қўлланилишини;
қонунлар билан ўрнатилган меҳнат ва дам олиш тартибларини;
ҳар бир иш жойида тегишли меҳнат шароитларини;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқилиши ва бажарилишини;
қонунларга биноан дастлабки (ишга қабул қилишда) ва даврий тиббий кўрикларни олиб бориши;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига биноан иш жойларини ва ишлаб чиқариш объектларини сертификациялашни олиб бориши;
ишловчиларни махсус кийим, оёқ кийим ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишини, шунингдек уларни ўз вақтида тозаланиши, ювилиши ва таъмирланишини;
меҳнат шароитларининг ноқулайлиги ва хавфлилиги оқибатида ишловчиларнинг соғлиғига етказилган зарарни қопланишини;