
Полная версия:
Қурилишда меҳнатни муҳофаза қилиш
Қурувчи – ўзига тегишли бўлган ер участкасида объект қурилишини, реконструкциясини ёки капитал таъмирланишини, муҳандислик-техник ишларни бажариш, уларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлашни амалга оширадиган жисмоний ёки юридик шахс.
1.2. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик
Ўзбекистон республикасида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунлари асосини конституцияга асосланган меҳнат кодекси, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Ўзбекистон республикасининг 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда қабул қилган конституциясида: Ўзбекистон халқи инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб мазкур конституцияни қабул қилганликлари (муқаддима); ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш (42-модда); ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш (46-модда); ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (48-модда), бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ва ҳар ким таълим олиш (50-модда) ҳуқуқига эгалиги, шунингдек хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқга эгалиги (58-модда) келтирилган.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш» тушунчаси ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини фаолият юритишини асосий йўналишларини акс эттиради. Бу тизим ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш ва ишловчиларга, уларни меҳнат жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига жавоб берадиган, меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилган бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун «Меҳнатни муҳофаза қилиш» тушунчасини техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, улар меҳнатни муҳофаза қилишни таркибига кирувчи элементлар бўлади. Бундан, меҳнатни муҳофаза қилиш бу тизим, меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ш.ў. -лар унинг таркибий қисмлари эканлиги келиб чиқади.
Бундан кейин ажратиш учун, матнда Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексининг (29.10.2022 й.) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги моддалари уч хонали сонлар билан белгиланганлигини, Ўзбекистон республикасининг меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуни (23.09.2016 й.) моддалари эса бир ёки икки хонали сонлар белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг мақсади (1-модда) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, унда назарда тутилган нормалар, барча хўжалик субъектлари учун риоя қилиниши шарт бўлган, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишловчиларни ҳуқуқ ва кафолатларини қонуний ўрнатади ва республиканинг барча ҳудудлари корхоналарида иш берувчилар ва ишловчилар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришни ягона тартибини таъминлайди.
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқаришда ёки бошқа фаолият соҳасида банд бўлган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш ишлаб чиқариш натижаларига нисбатан устиворлигидан келиб чиқиб давлат ва ижрочи ҳокимият органларининг фаолият йўналишлари аниқланилган бўлса, 6…11- модаларида Ўзбекистон республикасида меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши вазирлар маҳкамаси, меҳнат вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат томонидан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилиши ҳамда уларнинг кўпчиллигини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.
Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, шунингдек элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилиши ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши қонунлаштирилган (12-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсинишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан (13-модда) шартнома асосида амалга оширилиши ҳам мумкинлиги таъкидланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши доирасида қонун билан вазирликлар, концернлар ва бошқа корхоналар бирлашмаларида ҳам мажбурий тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати тузилиши қонуний ўрнатилган. Агар бундай хизматлар тузилмаса, буни қонунчилик талаблари бузилиши деб эътироф этилади.
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар (352-модда) меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши, ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилишга зарур маблағлар ажратади ва меҳнатни муҳофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли (353-модда). Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра (359- модда, 23-модда) хавфсиз шароитларни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар иш берувчининг, аниқроғи – корхонанинг биринчи шахси (раҳбари) зиммасига юкланади.
Ҳар бир ишловчи қуйидагиларга риоя қилишга мажбур (355- модда, 22-модда):
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши;
ишларни бажаришни хавфсиз методлари ва усулларидан ўқитилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олиши;
дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтиши.
Мажбуриятлардан ташқари, ҳар бир ишловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилишлари учун, ишловчиларга бериладиган ҳуқуқий кафолатларга қуйидагилар киради:
давлат ишловчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашни кафолатлайди;
меҳнат шартномаси бўйича меҳнат шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бериши керак;
ишловчини айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ишлар тўхтатиб қўйилган вақт учун ишловчига иш ўрни ва ўртача иш ҳақи сақланади;
меҳнат мажбуриятларини бажараётганда ишловчини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса кўрсатилган зарар амалдаги қонунларга кўра қопланади.
Қонун билан иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси иш берувчи томонидан ўтказилиши, ўтказиш даврийлиги беш йилда камида бир марталиги (14-модда), ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити иш берувчининг қарорига биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши (15-модда) белгиланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (28-модда) ҳамда меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (29-модда) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ҳамда шу вазирликнинг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилиши ва уларга меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунда (18-модда) келтирилиб меҳнат кодексида (363-модда) мустаҳкамланган талабларга кўра, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ўрнатилган.
Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодексининг 364-моддаси билан, иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга мухтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда, шундай ишга ўтказиши шартлиги, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаши қонунлаштирилган.
1.3. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.
Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.
Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар – меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.
Тармоқ ҳуқуқий нормативлари – мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар – меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.
Корхоналар нормативлари – фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.
Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.
Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.
Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ- ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.
Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин- ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра- ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.
Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.
Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.
Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.
1.4. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома – ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир. Йўриқномада маҳаллий шароитлар ҳисобга олинади ҳамда у маълум ишларни бажаришда ишчилар ва хизматчилар фойдаланиши керак бўлган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари намунавий (тармоқники ёки тармоқлараро) ва корхоналар ишловчилари учун бўлади (алоҳида лавозимлар, касблар ва иш турлари учун).
Намунавий йўриқномалар хўжалик юритувчи органлар томонидан, тегишли касаба уюшмалари билан келишилиб, тасдиқланилади.
Тармоқда намунавий йўриқнома сифатида бошқа тармоқни намунавий йўриқномаси ҳам қабул қилиниши мумкин, бунда шу йўриқномани тасдиқлаган хўжалик юритиш органи билан келишиш керак бўлади.
Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:
умумий хавфсизлик талаблари;
ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;
ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;
авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;
иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.
Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.
Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.
Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.
Қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларда ишлаб чиқариш йўриқномаларини, жавобгар мутахассислар учун лавозим йўриқномаларини, машиналар ва механизмларга хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқишга талаблар бўлади. Хизмат кўрсатувчи персонал учун намунавий йўриқномалар ишлаб чиқиш йўриқномаси бўлади. Ишловчилар учун ягона йўриқнома ишлаб чиқиш тавсияланади, масалан, «Хизмат кўрсатиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаб чиқариш йўриқномаси». Юк кўтариш кранларини тузилиши ва хавфсиз ишлатилиш қоидаларида корхонада «масъул мутахассислар учун лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилиши керак» дейилган. Бу ерда кранлар билан ишларни хавфсиз бажаришга жавобгар шахс учун йўриқнома ишлаб чиқиш тушунилади. Бу йўриқнома лавозим йўриқномасига қўшимча бўлади. Шундай қилиб, қурилиш ташкилоти ишларни бажарувчиси, участка бригадирида унга юклатилган мажбуриятларга боғлиқ ҳолда бир нечта лавозим йўриқномалари бўлиши мумкин.
Ташкилотда барча машиналар, механизмлар учун хавфсиз хизмат кўрсатиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак бўлган касблар ва ишлар турлари аниқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини рўйхати тасдиқланган штат жадвали асосида ишлаб чиқилади, ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади, касаба қўмитаси билан келишилади ва ташкилотни барча таркибий бўлинмаларига жўнатилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар бўлинмалар раҳбарлари томонидан алоҳида касблар бўйича (электрпайвандчи, электромонтёр, лаборантлар, чилангарлар ва ҳ.к.), алоҳида ишлар учун (баландликда ишлайдиган ишчилар учун, таъмирлаш ишлари, тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати мутахассислари (меҳнатни муҳофаза қилиш инженери) эса йўриқномаларни ишлаб чиқишда методик ёрдам кўрсатадилар. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар сайланадиган тегишли касаба кўмиталари органлари, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати, керак бўлганда эса – бошқа хизматлар ва лавозимли шахслар билан келишилиб ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
Амалга киритилаётган янги ишлаб чиқариш, технологиялар учун давлат қабул комиссияси фойдаланишга қабул қилганига қадар ёки янги технологияларни тадбиқ этилгунича вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқишга рухсат этилади.
Бўлинмада амалдаги ташкилотни таркибий бўлинмаси ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар, шунингдек бу йўриқномаларни рўйхати шу бўлинма раҳбарида сақланади.
Йўриқномаларни таркибий бўлинмага фақат йўриқномаларни бериш журналида имзолатиб бериш керак бўлади. Йўриқномаларни назорат нусхаси меҳнатни муҳофаза қилиш хизматида сақланади.
Ишловчилар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни жойлашиш жойини таркибий бўлинма раҳбари улар билан танишиш тўсиқларсиз бўлиши ва қулайлиги ҳисобга олиниб аниқлайди.
Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд – рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ишловчилари йўриқномаларни ўз вақтида алмаштириб туришга мажбурлар.
Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди. Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир. Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.
1.5. Корхоналарда меҳнат хавфсизлиги стандартларини ишлаб чиқиш
Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг стандартларини ишлаб чиқиш. Корхоналарда асосан меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимининг ташкилий-методик стандартлари ишлаб чиқилиб, қуйидагилар стандартлаштириш объектлари бўлади: корхонада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, режалаштириш ва рағбатлантириш тартиби; ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни ва йўл-йуриқ беришни ташкиллаштириш; хавфи юқори бўлган объектларни назорат қилиш; меҳнат хавфсизлигини назоратини ташкиллаштириш; хавфи юқори даражада бўлган объектларга хизмат кўрсатувчи шахсларни аттестация қилиш; корхона бўлинмалари ва хизматларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни баҳолаш методикаси; корхонада ишлаб чиқаришда олинган тан жароҳатланишлари ва касб касалликлари сабабларини тахлил қилиш тартиби; корхонани конструкциявий ва технологик ҳужжатларига хавфсизлик талабларини киритиш тартиби; корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш; меҳнат хавфсизлигини баҳолаш учун ўлчашлар ўтказиш тартиби ва методлари; МХСТ ни тадбиқ қилиш ва унга риоя этиш назоратини ташкиллаштириш; ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ундан фойдаланиш ва сақлашда хизмат кўрсатиш талаблари ва бошқалар.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаси маълум иш жойида муайян ишни бажараётган ишчига мўлжалланган бўлса, корхона стандартлари йўриқномалар ишлаб чиқувчи шахсларга йўналтирилган бўлади.
Корхонада ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати бош инженер тасдиқлайдиган рўйхат асосида олиб борилади. Ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати асосида корхонада буйруқ чиқарилади ва стандартларни тадбиқ этиш ташкилий-техник тадбирлари режаси тасдиқланади.
МХСТ-ни корхонани таркибий бўлинмалари ва хизматларида тадбиқ этилишини назоратини корхонани меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати олиб боради.
Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар:
меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш тадбирлари бўлими бўлган жамоа шартномаси;
иш жойларини аттестациялаш ҳаритаси;
меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режаси;
ишлаб чиқаришга стандартларни тадбиқ этиш далолатномалари;
ишчилар ва инженер-техник ходимларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш, йўл-йурик бериш ва билимларни текшириш дастурлари;
корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича лавозим мажбуриятлари;
корхонани барча касб ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий йўриқномалар ва бошқалар ишлаб чиқилади ва юритилади.