Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) (Сирожиддин Саййид) онлайн бесплатно на Bookz (3-ая страница книги)
bannerbanner
АСАРЛАР (II жилд)
АСАРЛАР (II жилд)
Оценить:

3

Полная версия:

АСАРЛАР (II жилд)

ТЎЙ ОҚШОМИДА

Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,Эй кўзлари қуралай.“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,“Ёр-ёр”ингдан тирилай.Қаро тунда оқ гулмидиКелинчакнинг либоси.Армон бўлган бир мулкмидиУнинг нозу ибоси.Кўзларингдан дур сачрагай,Лабларингдан чечаклар.Аста-аста ечилгайдирКўнгилдан зарпечаклар.Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,Эй кўзлари қуралай.Мен бор дарду соғинчимниҚайта бошдан саралай.Ўтган ою йилларимниМен бир туш деб билгайман.Бўйнингдаги холингни бер,Дилга нуқта қилгайман.Кўйлагингдан кўрингандайКўнглингдаги гулзоринг.Менинг севгим қолмас, лекинҚолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.Тун қўйнида юлдузларгаТаралмоқда дил зоринг.Менинг шеърим қолмас, лекинҚолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,Эй кўзлари қуралай.“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,“Ёр-ёр”ингдан тирилай.1991

ВАТАННИ ЎРГАНИШ

Б.С.

Мен Ватанни на китоб, наЖаридадан ўрганганман.Момоларнинг юзидагиХаритадан ўрганганман.Боболарнинг таёғиюЧориғини кўргандайман,Мен Ватанни сўрилардан,Сўқмоқлардан ўрганганман.Кинолармас, бул ВатанниМинорлардан ўргандим мен.Оқ латталар ҳилпираганЧинорлардан ўргандим мен.Хонақоҳлар. Офтобалар.Кетавердим. Кетавердим.Ҳар тоғида бир авлиё.Шул ҳикматга етавердим.Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Надир манга дурри Адан?Селинг мени сел этгуси,Элинг мени эл этгуси.Бу тепалар, қумтепаларОстидаги тарих қадар,Сукунатинг кўрганда мен,Сукунатни ўргандим мен.Оқшом яримойинг кўриб,Кафтларим юзга суртаман.Бир жисму юз минг руҳдаман,Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Боғинг кўриб мен боғ бўлдим,Доғинг кўриб ўртандим мен.Сени Афғон элдан келганТобутлардан ўргандим мен.Пушталарда қолиб кетганКўнглим экандирсан, Ватан.Ёлғиз онам, паришонҳолСинглим экандирсан, Ватан.Мен кўксимда қумдай ёнганЁдларга видо айтаман.Ёмғирларингда кетаман,Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Қанча дардга мақбар дилим,Тун кечалар қақрар дилим.Ёнғин бўлур жон ила тан,Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Томирларим томир ёйиб,Томирларингга қайтаман.Такрор ва такрор айтаман:Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Юрагимнингдир дарслариГўри Амир гумбазлари.Кўксим тўла ор – айтаман,Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.Ҳар кун кўриб, билиб, сенгаҚайта-қайта етавергум,Ватан, мангу достон Ватан,Айта-айта кетавергум.1991

ОЛОВ ЛИБОС

Сарғариб қизлар сариғ лас кийдилар,Товланиблар сўнгра атлас кийдилар.Кийдилар чит, шойи, алвон кийдилар,Ҳар либосни шоду хандон кийдилар.Бахмалу кимхобни хуррам кийдилар,Мисли жаннат – Боғи Эрам кийдилар.Зарлибоским гоҳи-гоҳи кийдилар,Мисли ҳурларнинг матоҳи кийдилар.Кўзларида не ситам пинҳон эди?Ул бири гул, ул бири райҳон эди.Ҳусни бепардоз менинг мискинларим,Рўшнолик кўрмаган сингилларим –Оқибат куймоқними фан қилдилар?Чинқириб қадларга гулхан кийдилар!1991

ДАШНОБОД АНОРИГА

Сеҳрсиз соҳиллардан,Меҳрсиз манзилларданЎтиб келдим, сен мениУнутдингми, анорим?Бағри доим қонгинам,Мискин, паришонгинам,Анор бўлиб сен фақатМунг ютдингми, анорим?Тун саҳарга айланур,Сўнг заҳарга айланур.Мен ютар оғуларниСен ютдингми, анорим?Сенинг гулларинг маъюс,Балки ўйларинг маъюс?Менинг эса хазонгаТўлмиш ҳамма канорим.Не умр бўлди умр?Ою йилларим кўмир.Энди сўник дунёдаМушкул эрур ёнорим.Сен шундайин хомуш қол,Мисли кўрилган туш қол.Гуллагайдир менинг ҳамБир кун сабру қарорим.Сўз деб бағримни тилсам –Дона-дона нор бўлгай.Дилим шохингга илсамБир гўзал анор бўлгай.1991

«Намозшом бўлдию кўнглим бузилди…»

Намозшом бўлдию кўнглим бузилди,Яна бир кун умрдан ютқизилди.Яна беҳосил ўлди ул муродим,Яна мунг қушлари бир-бир тизилди.Яна ошмас, хавотир сузди онам,У бечорам менинг бунча эзилди.Паришон йилларимни аста чулғаб,Ўкинчимдан ҳазин сурат чизилди.На ғамдир бул менинг кўксимдаги ғам,Ки у беҳадду бепоён чўзилди.Менинг дил жадвалим кўйингда, эй ишқ,Балою ранжу миннатдан тузилди.Ғаройиб косадир даҳр ичра тақдир,Менга шул косада кўз ёш сузилди.1991

«Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим…»

Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим,Яфроғ янглиғ хор қолдингми охир, севгим?Дунёлари меҳр эмас, зар, сийм танлар.Тушунмади бизни ҳаргиз бу сиймтанлар.Бир ғариб боғ, бир тўда зоғ қағиллайдир,Бағир шу боғ, бу боғ эса бағирдайдир.Севгим менинг, кўргил хору хасларингни,Хазонларга айтгил энди арзларингни.Барчалари гарчи тоза гулдайдирлар,Кўзлари, сўнг мижгонлари алдайдирлар.Вафо бизнинг мулкларни тарк этган, севгим,Садоқат ҳам ўсма янглиғ кетган, севгим.Севгим менинг, жовдирайсан, қарорим йўқ,Кетдик дейсан, менинг эса борорим йўқ.Мен энди шу юмушлардан кечсам дейман,Ҳасратимдан чойлар дамлаб ичсам дейман.Шабнамлардан яралган соф атир, севгим,Дардим айтсам, оламларга татир, севгим.Лекин энди қўйгил ўтлуғ ғазалларинг,Кўнгиллари латтадан бу гўзалларнинг.1991

АЙРИЛИҚ

Қаро тунлар ҳилолимни комига тортган,Икки аждар баданингни қўриқлаб ётган,Икки аждар аро, эй сен, зор йиғлаб ётган,Юлдузларинг нелар сўйлар, энди билмайман,Мен келмайман. Мен келмайман.Баҳоримдан доғлар қолгай лолаларингда,Йилларингни чанг қоплайди хоналарингда.Бир қизил гул йиғлаб ўтар ойналарингда.Деразангга тонг еллари бўлиб елмайман,Мен келмайман. Мен келмайман.Муҳаббатнинг маъволари тумонлардадир,Сен яхши қол, менинг номим ёмонлардадир.Дил қайдадир, дил мен кетган томонлардадир,Қошларингнинг тиғи бирлан уни тилмайман.Мен келмайман. Мен келмайман.Бир маҳаллар тўкилгандим дафтарларингга,Кўзда ёшлар ичиргандим ахтарларингга.Айтгил энди ўшал гўзал аждарларингга,Улар учун ўлар эдим, энди ўлмайман,Мен келмайман. Мен келмайман.1991

ДАРВОЗАЛАР

Иқлимларнинг авзолари ёмон келди,Дарвозалар эслангувчи замон келди.Бу замонда дайдилар кўп, саёқлар кўп,Улар кенту шаҳарларда изғирлар хўп.Бировлари бунга Ватан излаб келган,Бошқалари гўру кафан излаб келган.Холалари келган, иту лайчаси ҳам,Аммалари келган, мараз, маржаси ҳам.Ярмисининг қорни, ярмин кўзи очдир,Ярми шимда, ярми эса яланғочдир.Қўшилмайди гарчи ҳаргиз мозорлари,Лек уларга хушдир ўзбек бозорлари.Олганини истаганча олиб кетгай,Бу ҳам камдай яна бунда қолиб кетгай.Чопонининг йиртиқлари тупроқ ўзбек,Бу тупроқда бўлса ҳамки тупроқ ўзбек,Бориб ўзга шаҳарларда яшолмайди,Ўзга келса, ўзбек кет, деб айтолмайди.Сарҳадларда букун шўру удувват бор,Лекин бунда ҳали меҳру мурувват бор.Бироқ букун қолмабди-ку ҳеч нарсаси,Меҳрнинг ҳам бўлса яхши чегараси.Маъзур тутинг, бу сўзларим қўрслик эмас,Дўстлик ҳаддан ошиб кетса, дўстлик эмас.Иқлимларнинг авзолари ёмон келди,Дарвозалар асқотгувчи замон келди.Надир шаҳрим бу тўзонлар, оломонлар?Чиғатойлар қани? Қани Камолонлар?Ҳар хил нусхаларга тўлмиш кўчаларинг,Қайда қолди Самарқанду Кўкчаларинг?Оқтепанинг тепалари йилу ойларЎтган хону тўралардан фиғон айлар.Маҳкам бўлсак юртни шикаст этмасдилар,Қодирийни балки олиб кетмасдилар.Бедарвоза шаҳар йўқдир, боболарданҚолган гап бу, олмадим мен ҳаволардан.Бироқ сенинг бу соҳада овозанг йўқ,Дарвозасан Шарққа, лекин дарвозанг йўқ.Мен ҳам бир қур сўз сўйладим ҳозирлардан,Келажакдан келдим, гоҳи мозийлардан.Тинч яшасин дейман ҳар ким ўз уйида,Ўз уйида қўшиқ айтсин ўз куйида.Ҳар элат ўз ошу нонин ўзи есин,Ўғил-қизин тўйига ҳам нони етсин.Бунинг учун бўлиб юртнинг кўрку нақши,Ҳар шаҳарнинг дарвозаси бўлса яхши.1991

ҚОДИРИЙНИНГ ШИЙПОНИДА

Бунда Бедил ғазалларин рукну байти борВа Навоий девонларин сукунати бор.Бунда ҳар барг сўйлар ўтган кунлардан маъно,Бунда ҳануз ерга қараб турибди Раъно.1992

ҚИРҚ ҲАДИС

ЯХШИЛИК ЭСКИРМАГАЙ

ҚИРҚ ҲАДИС

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

«Сенинг даргоҳингда кўзларимда нам…»

Сенинг даргоҳингда кўзларимда нам,Энди аён менга ул борар жойим.Кечиргил отамнинг гуноҳларини,Онамга умр бер ўзинг, Худойим.Мен улуғ ҳикматни англадим чоғи,Йиллаб қонлар этиб кўнгилларимни.Ўзинг омон сақла, асрагил ўзинг,Кузги райҳонлардек сингилларимни.Не зотлар юз буриб келиб кетгайлар,Не мурод ҳосилдир менинг дардимдан?Ўзинг паноҳингга олгил мулкимни,Ўзинг юз ўгирма элим, юртимдан.Дунёда энг олий Сўз ўзингдирсан,Ўзинг бир гап солдинг балки дилимга.Худойим, қирқ эшик очилмоқдадир,Худойим, ёруғ қил сўзни тилимга.

* * *

Замондан койинманглар, зеро замоннинг эгаси Оллоҳдир

ЗАМОННИНГ ЭГАСИ

Оллоҳ сизга берган ой ва йил учунАрзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.Азалдан ёмонга ёмондир замон,Замон яхши эрур – яхши бўлсангиз.Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.Замондан ҳеч қачон койинмангизким,Замоннинг эгаси Парвардигордир.

* * *

Фойдали илмларни ўргатувчи одамнинг гуноҳи кечирилишини сўраб, ҳар бир нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар.

МЎЪТАБАР ЗОТЛАР

Илму маърифатли элнинг иқболиҲаргиз залолатга гирифтор ўлмас.Эзгу илмларни ўргатган зотларИкки дунёда ҳам асло хор ўлмас.Яратган оламнинг гардишлариниГоҳ қуёш, гоҳ юлдуз, ойда келтиргай.Шундай инсонларнинг камтарин илмиВатанга қанчалар фойда келтиргай.Фарзандлар шул сабаб топгайлар камол,Юрт шундай зотларга ифтихор айтар.Гуноҳларин сўраб денгизлардагиБалиқлар ҳам ҳатто истиғфор айтар.

* * *

Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остиларингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир. Демак, ҳар бирларингиз масъулдирсизлар.

МАСЪУЛИЯТ

Сизнинг ҳар бирингиз гарчи ҳар хил ранг,Ҳар хил насабдаги инсонлардирсиз.Лекин бу дунёнинг манзилларидаАсли бамисоли чўпонлардирсиз.Яъни масъул эрур ҳар ким ҳар ишда,Халқу Ватан учун масъулдир подшоҳ.Эр – ўз аёли-чун масъулдир доим,Хотин – эр уйига масъул ва огоҳ.Ҳеч амал Худодан қолмагай пинҳон,Кўнгиллар эзгулик бирладир пайванд.Хожасин молига ходим масъулдир,Отасин мулкига масъулдир фарзанд.Яшангиз ҳар соат Ҳақдин хабардор,Токи масъулдирсиз – маъқулдирсизлар.Бурчни англамоқ ҳам юксак амалдир,Хулласки, барчангиз масъулдирсизлар.

* * *

Киши биродари учун ҳикматли сўздан афзалроқ нарса ҳадя қилолмайди. Чунки шу ҳикмат сабабли Худо уни тўғри йўлга солиб қўяди ёки ёмон йўлдан қайтаради.

ҲИКМАТ

Ҳикмат ҳадя қилғил биродаринггаКўчада ва ёки уйга чақириб.Ҳикматда қалб бордир, ёд бор, ҳикматдаНе шариф зотларнинг умри яширин.Шу ҳикмат сабабли Худойи каримХалос айлар уни нопок ўйлардан.Тўғри йўл кўрсатар биродаринггаЁки қайтаради ёмон йўллардан.

* * *

Бировни яхши йўлга бошлаб қўйган одамга ҳам ўша йўлга тушиб кетган одам олаётганчалик савоб ёзилиб борур.

ЯХШИ ЙЎЛ

Ёмон, нопок йўллар кўпдир дунёда,Яхши йўлга бошла бировни доим,Эзгу амалларни, пок хислатларни,Билсанг, хуш кўргайдир қодир Худойим.Билсанг, шу аснода Арши аълодаҲар ишинг рўйхатга тизилмоқдадир.Яхши йўлга тушган зот олганчаликСенга ҳам савоби ёзилмоқдадир.

* * *

Она – жаннат ўртасидаги эшиклардан биридир, агар хоҳласанг, ўша эшикни қўлдан бер ёки уни сақла.

ЖАННАТ ЎРТАСИДАГИ ЭШИК

Сен – меҳмон, у – меҳмон, ҳаммамиз – меҳмон,Дунё ҳам бир меҳмонхонадир, билгил.Жаннат ўртасида кўп эшиклар бор,Уларнинг биттаси – онадир, билгил.Ҳаёт – инсонларнинг келиб кетгувчи,Беш кун тебрангувчи гул бешигидир.Энг аввал онангнинг қадрига етгил,Оналар – беҳиштнинг нур эшигидир.Хоки пойларига сочгил умрингни,Ўтмагил дунёдан юрагинг доғлик.Бу эшик сен учун очиқ бўлгайдирВа ё ёпиқ бўлгай – ўзингга боғлиқ.

* * *

Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир.

КИЧИКЛАР ВА КАТТАЛАР

Ота-онадандир асли тарбия,Садоқат бир ўғил-қиздан эмасдир.Лекин кичикларга шафқат қилмаганКимсалар, билингким, биздан эмасдир.Билингким, норасо фарзанддир, улкимЭлнинг улуғларин дилдан севмасдир.Яъни, катталарнинг шарафин билмай,Иззат қилмаганлар – биздан эмасдир.

* * *

Ўлиб кетганларни ёмонлаб ҳақорат қилманглар, чунки улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар.

ЎЛИБ КЕТГАНЛАР

Ўлиб кетганларни ёмонламаслар,Уларни маломат қилиб бўлмайди.Улар ранжурдирлар, улар озурда,Кек сақлаб, ҳақорат қилиб бўлмайди.Ўзлари биландир қилмишлари ҳам,Тинч қўйинглар ахир, улар ўлганлар.Улар мукофот ё жазо олгувчиЖойга аллақачон етиб бўлганлар.

* * *

Инсон фарзанди яратилганда ёнида ўлимнинг 99 сабаби ҳам бирга яратилади. Агар у шу сабаблардан халос топиб яшасагина унга қарилик насиб этади.

ЭГИЗАКЛАР

Одамзод фарзанди яратилганда,Ҳаёт оққан пайти жисму жонида,Ўлимнинг ҳам тўқсон тўққиз сабабиЭгиз яратилмиш унинг ёнида.Ўзи паноҳ берсин, асрасин Ўзи,Умринг чечаклари сўлмасдан унсин.Халос топиб яша бу ўлимлардан,Ишқилиб кексалик насибинг бўлсин.

* * *

Кимнинг сочи Ҳақ йўлида оқарган бўлса, қиёмат куни шу оқарган сочи нур бўлиб йўлини ёритиб туради.

ОҚАРГАН СОЧЛАР

Шоминг мунглуғ-мунглуғ парда ёймоқда,Ботиб бормоқдадир ҳаёт қуёшинг.Эзгу амаллар деб, Ҳақ таоло, дебУмр йўлларида оқармиш сочинг.Ҳар ким бу дунёда қилганларигаЯраша ажр ила мукофот кўргай.Оқарган сочларинг маҳшар кунидаНур бўлиб йўлларинг ёритиб тургай.

* * *

Агар бошлиқларингиз сизларнинг яхшиларинг бўлса, бойларингиз саховатли бўлса ва ишларинг ўрталарингда келишув билан бўлса, сизлар учун ер остидан кўра усти афзалдир. Агар бошлиқларинг ёмонларингдан бўлса, бойларингиз бесаховат бўлса ва барча маслаҳатингиз аёллар қўлида бўлса, ер ости сизлар учун ер устидан афзалдир.

АГАР

Агар яхши бўлса юртда подшоҳлар,Бойларингиз бўлса сахий, ботадбир,Ишлар бамаслаҳат битса, сизларгаЕр остидан кўра усти афзалдир.Агар пешволардан кетса адолат,Бойларни тарк этса инсоф, юз-хотир,Маслаҳат аёллар билан битса гарЕр устидан кўра ости афзалдир.

* * *

Огоҳ бўлингки, ҳар бир хиёнатчи қиёмат куни хиёнати миқдорида танилиш учун байроқ кўтариб юради. Огоҳ бўлингки, хиёнатнинг каттаси амирларнинг халқ оммасига қилган хиёнатидир. Огоҳ бўлингки, ҳақ гапни билган кишининг у гапни гапиришига одамларнинг ҳайбати тўсқинлик қилмасин! Огоҳ бўлингки, жиҳодларнинг афзали золим йўлбошчи олдида айтилган ҳақ сўздир. Огоҳ бўлингки, умрингизнинг қолган қисми бамисоли яшаб турган кунингизнинг қолган қисми кабидир.

ОГОҲ БЎЛИНГЛАР

Ҳар қайси хоиннинг қиёмат куниҚилган хиёнати миқдори қадар,Ҳамма кўрсин учун икки қўлидаКўтариб юргувчи байроғи бўлар.Яхши пешволар ҳам Ҳақ таолонингЕрдаги халқларга иноятидир.Энг катта хиёнат бу – амирларнингЎз халқига қилган хиёнатидир.Огоҳ бўлингизким, ҳақ гапни билганКишилар қалбининг чўғи сўнмасин.Ва улар ҳақ гапни айтмоғи учунОдамлар ҳайбати тўсқин бўлмасин.Яна билингизким, Оллоҳ йўлидаҚилинган жамийки жиҳодлар создир.Лекин афзал жиҳод – золим подшоҳларОлдида айтилган битта ҳақ сўздир.Ҳеч кимнинг хасмимас ҳеч кимнинг умри,Умр гоҳ осмон, гоҳ жарнинг лабидир.Унинг қолган қисми шу кунингизнингҚолган ул иккинчи қисми кабидир.

* * *

Ўлимни орзу қилманглар!

НАСИҲАТ

Иғвою бўҳтондан сақланинг мудом,Меҳру саховатдан йироқ бўлманглар.Умрни ғанимат билинглар ҳар дам,Ўлимни ҳеч қачон орзу қилманглар.

* * *

Хизматчиларга яхши муомалада бўлиш – баракадир, ахлоқсизлик – шумликдир, аёл кишига итоат қилмоқлик – надоматдир. Садақа эса балони қайтарувчидир.

ҚАЛБИНГ ТОЗА БЎЛСА

Яхши муомала хизматчиларга –Файзу барака ҳам саховат эрур.Ёмон хулқ – шумликдир, аёл кишигаИтоат қилмоқлик надомат эрур.Ҳеч нарса панада қолмагай, ОллоҳҲар нени назардан ўткарувчидир.Қалбинг тоза бўлса, имонинг бутун,Садақа – балони қайтарувчидир.

* * *

Одам қалбида гўё Ой ёнидагидек бир булут бордир. Ой ёритиб турганда тўсатдан булут келиб уни беркитиб қўйса – қоронғулик, булут кўтарилса – ёруғлик бўлиб тургани каби, қалб ҳам баъзида равшанлашиб, баъзида хиралашиб туради.

ОЙ ЁНИДАГИ БУЛУТ

Бандалар дунёси гоҳида зулмат,Тиниқ осмон янглиғ гоҳ беғубордир.Одамзод қалбида гўёки ойнингЁнидаги каби бир булут бордир.Булут беркитган чоғ қоронғулигуКўтарилган пайти бўлгандек равшан,Қалб ҳам мунаввардир баъзан ой янглиғ,Занглаб, хиралашиб тургайдир баъзан.

* * *

Ўн киши ва ундан ортиқ одамларга бошлиқ бўлган киши қиёмат куни икки қўли бўйнига боғлиқ ҳолда қўпгай. Агар у одил бўлган бўлса, адолати келиб қўлларини ечади. Бордию золим бўлса, зулми қўлларини маҳкамроқ боғлайди. Амалдорликнинг боши маломат, ўртаси надомат, охири қиёмат шармандалигидир.

АМАЛДОРЛАР ҚИЁМАТДА

Барча бандалардай амалдорлар ҳамНе қилган бўлсалар шуни топгайлар.Алар ўз қўллари бўйинларигаБоғлиқ бўлган ҳолда ердан қўпгайлар.Одил ўтганларни адолатлариКелиб қўлларини ечгайдир у дам.Зулм қилганларни ўз зулми келибҚўлларин қайтадан боғлагай маҳкам.Уч даври бор эрур амалдорликнинг,Уч қийноқ деса ҳам бўлар, яъники,Аввали маломат, кейин – надомат,Охири – қиёмат шармандалиги.

* * *

Уч тоифа кишилар борки, Худо қиёмат куни улар билан сўзлашмайди ва раҳмат назари билан ҳам боқмайди ва гуноҳларини ҳам кечмайди, балки уларни қаттиқ азоблайди:

1. Кекса бўла туриб, зино ишлардан қайтмаган одам.

2. Ёлғончи амир.

3. Мақтанчоқ камбағал.

УЧ ТОИФА

Мақтанчоқ камбағал, ёлғончи амирВа зино ишлардан қайтмаган кекса –Ушбу уч тоифа кимсалар биланХудо сўзлашмагай қиёмат келса.Раҳмат назари-ла боқмас уларга,Гуноҳларин кечмас – ҳисоби бўлгай.Шу уч тоифага маҳшар кунидаХудонинг энг қаттиқ азоби бўлгай.

* * *

Аҳли жаннат жаннатга киргайдир, аҳли дўзах дўзахга киргайдир. Кейин Оллоҳ таоло малоикларига: “Қалбида заррача имони бор одамни дўзахдан чиқарингиз!” деб айтадир. Улар шундан сўнг куйиб қорайиб кетган ҳолда дўзахдан чиққайдирлар, ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар, ёмғирдан кейин гиёҳлар унгандек баданлари кўркам бўлғусидир.

ЗАРРАЧА ИМОН

Жаннатий инсонлар киргай жаннатга,Дўзахийлар эса дўзахга киргай.Сўнгра Парвардигор малоикларинҲузурига чорлаб шундоқ буюргай:“Дўзахдан чиқариб олинг қалбидаЗаррача имони бор кимсаларни”.Шўрликлар, чиққайлар куйиб, қорайиб,Зўрға судраб абгор жисмларини.Ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар,Аста қайта бошлар юзда ранглари.Мисли ёмғирдан сўнг гиёҳ унгандайКўркам бўлғусидир жону танлари.

* * *

Инсонга бир водий тўла молу дунё берилса, у иккинчи водийнинг ҳам берилишини хоҳлайди. Иккинчисидан кейин учинчисини ва ҳоказо, унинг нафси тўймайди. Инсоннинг кўзини фақат тупроқ (қабр тупроғи) тўйдиради. Кимки тавба қилса, Худо уни кечиради.

НАФС

Инсонга бир водий мол-дунё берди,Иккинчи водийни истади инсон.Бунисин ҳам олди, тўрт ён аланглаб,Яна учинчисин қистади инсон.Унинг кўзин фақат тупроқ тўйдирар,Ортиб кетолмас-ку сўнг дам барини…Вақтни ўтказмайин тавба қилинглар,Худо кечиргайдир бандаларини.

* * *

Худо айтадики, Мен икки шерикнинг, агар бири иккинчисига хиёнат қилмаса, учинчисидурман. Агар хиёнат қилса, уларнинг ўрталаридан чиқиб кетаман.

ХУДО АЙТАДИКИ

Марду оқил бўлса, хушдил, хушрафтор,Меҳру оқибатли, бўлса пок имон,Хиёнат қилмаса бир-бировига,Мен икки шерикнинг учинчисиман.Агар аралашса бунда хиёнат,Шубҳаларга борса бири биридан,Ҳамроҳ бўлолмасман уларга бу он,Мен чиқиб кетарман ўрталаридан.

* * *

Фаровонлик вақтларингда Худони таниб (унга илтижо қилиб юр), токи қийинчилик вақтингда у ҳам сени танисин.

ОЛЛОҲ РАҲМЛИДИР

Ҳисоб-китоблидир дунёйи азал,Мушкули кўп унинг, кўпдир тугуни.Фаровон вақтларинг сиғин Оллоҳга,Тўқ юрган дамларда танигил уни.Оллоҳ раҳмлидир ҳам меҳрибондир,Хор этмас оқибат ҳеч бандасини:Ёлғиз қўймас сени қийин дамларда,Оғир кунларингда танигай сени.

* * *

Бахтсизлик уч нарсададир: отда, хотинда, ҳовлида.

БАХТСИЗЛИК

Оллоҳнинг тошидир банданинг боши,Ҳар банда гоҳ ёлғиз, гоҳ арсададир .Сен ҳам фиғон чекма борлиқни ўйлаб,Бахтсизлик аслида уч нарсададир:Яъни ёмон бўлса минган тулпоринг,Бахтсизлик эрур бу – аламлар берур.Яна тан маҳраминг – жуфти ҳалолингЁмон бўлса агар – бахтсизлик эрур.Кўнгил ситамларга кўниккай балки,Балки барчасига дош берса бўлур.Ва лекин тор бўлса уй-жойинг, янаҚўшнинг ёмон бўлса – бахтсизлик эрур.

* * *

Беш вақт намоз гўё мусулмоннинг дарвозаси олдидан оқиб турган дарё, унда ҳар куни беш марта ювиниб турса, баданда кир қоладими?

БЕШ ВАҚТ НАМОЗ

Беш вақт намоз гўё бешта дарёдирДарвозанг олдидан оқиб ўтгувчи.Жисму жон ғусли шу, шудир аслидаКўнгил кўзгусини чарақлатгувчи.Сенинг шукронанг шул эҳсонларига,Қалбинг ҳам бир гўзал нурларга тўлгай.Ҳар куни беш маҳал покланиб турсанг,Кавсар сувлари ҳам насибинг бўлгай.

* * *

Умматларим бамисоли ёмғир кабидирким, ёмғирнинг бошланиши ҳам, охири ҳам фойдалидир.

ФОЙДАЛИ ЁМҒИР

Оламда одам кўп ҳар тил, ҳар турлик,Оламда гоҳ тошқин, гоҳи ёнғиндир.Менинг умматларим бамисли найсон,Менинг умматларим мисли ёмғирдир.Улар тупроқ узра эзгулик сочиб,Очиқ юз, софдил, нур дийдали бўлур.Фойдалидир ёмғир бошланиши ҳам,Унинг охири ҳам фойдали бўлур.

* * *

Замоннинг ўтиши киши учун панду насиҳат, ўлим эса ҳаммани бир-биридан ажратувчидир.

ЎЛИМ

Умр фароғатми ёки азият?Умр – бу гоҳи сув, гоҳи ўт иши.Дунёда яшовчи кимсалар учунПанду насиҳатдир замон ўтиши.Ҳаёт чеҳраларга гоҳида севинч,Гоҳида шабнамлар сачратувчидир.Фақат ўлим бордир. Ҳаммани фақатЎлим бир-биридан ажратувчидир.

* * *

Кимки отасининг вафотидан кейин ҳам унга яхшилик қилишни истаса, унинг ёру биродарлари билан алоқани узмасин.

САВОЛ

Яхши одам эди отанг раҳматли.Бу дунё азалдан мунг бирлан алам.Тирик юрган пайти – майли, отанггаЯхшилик қилдингми ўлгандан сўнг ҳам?Яъни ундан кейин дўстлари қолмиш,Ярим кўнгилларин йўқлаб бир сафар,Бирор-бир яхшилик қилолдингми ёАларнинг ҳолидан олдингми хабар?

* * *

Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан улуғроқ мерос беролмайди.

МЕРОС

Отадан фарзандга не юқар бир кун?Молу давлатими – у тугар бир кун.Қасру айвонлари топгайми эъзоз?Қандай мерос яхши, қайси мерос соз?Билсанг, ҳеч бир ота ўз фарзандига,Ўзидан сўнг қолар жигарбандигаМерос беролмагай чиройли ва хосХулқу одобдин ҳам улуғроқ мерос.

* * *

Садақанинг афзали чанқоқ одамларга сув улашмоқликдир.

САДАҚА

Дунёнинг ишлари, ўйласанг агар,Дилни чулғаб ташлар кўҳна мотамга.Умринг ўтиб кетмиш сувдай, бир косаСув тута олдингми чанқоқ одамга?

* * *

Ёмон улфатдан яккалик яхши, яккаликдан яхши улфат яхши, жим ўтиргандан фойдали гап яхши, бефойда гапдан сукут сақлаган яхши.

НИМА ЯХШИ?

Яккалик яхшидир ёмон улфатдан,Яккаликдан кўра бир яхши ҳамдам.Фойдали гап яхши жимликдан кўра,Сукут яхшироқдир бефойда гапдан.

* * *

Одам танасида қориндан ёмонроқ идиш йўқдир. Инсон бир неча ошам овқат билан кифояланади. Агар зарур бўлса, қориннинг учдан бирини овқатга, яна учдан бирини сувга, қолган учдан бирини нафас олишга ажратсин.

ОДАМ ТАНАСИДАГИ ИДИШ

Ўрин қолдирмагай асло нолишга,Айниқса, ажратса қараб хоҳишга:Учдан бирин овқат, учдан бирин сув,Қолган учдан бирин нафас олишга.

* * *

Худодан афв ва офият сўранглар. Чунки ҳеч бирларингиз имондан кейин офиятдек буюк неъматни топа олмайсизлар.

ОФИЯТ

Кўнгил ҳовлисидан, ақл томиданШубҳа-гумонларнинг қорини куранг.Меҳроб нуқтасига жамланг фикрни,Худодан афв ва офият сўранг.Чунки ҳеч бирингиз, қанча уринманг,Қанчалик сарф этманг молу давлатни,Топа олмагайсиз имондан кейинОфият сингари буюк неъматни.

* * *

Қайси бир мўминга Худо солиҳа хотин насиб қилган бўлса, демак унинг диёнатининг ярмига ёрдам қилибди. Қолган иккинчи ярми учун унинг ўзи ҳаракат қилсин!

ЯРИМ ДАВЛАТ

Ҳаёли, кўнгилчан бир солиҳаниХудойим умрингга ҳамдам қилибди.Демакким, имону диёнатингнингЯрмига у ўзи ёрдам қилибди.Сенга муруввату эҳсони шулдир,Шулдир уйингдаги рахшон юлдузинг.Қолган ярми учун ўзинг жон чеккил,Ўзинг азоб тортгил, интилгил ўзинг.
bannerbanner