
Полная версия:
Қатл куни
Маҳмуд ўйлаганининг акси ўлароқ (боя ароқни стаканларга қўйгинида кўнгли ағдарилиб келган эди) ароқ бўғзидан симоб каби осонгина ўтиб кетди – на юраги ағдарилди, на афти буришди. Аммо, ҳар эҳтимолга қарши, дорҳол қатлама орасига кўкатлардан босиб оғзига тиқди, бирпасдан сўнг ароғининг ҳавоси миясига кўтарилди, чаккаларидаги оғриқ тарқади ва у аста-секин увишиб қолган оёқлари ёйилиб, аъзойи баданининг қизиб бораётганини ҳис этди. Бу ҳарорат таъсирида овозини баралла қўйиб негадир ўз-ўзидан севиниб хитоб қилди:
–Қурбонинг бўлай, зулфиқор ота!
–Худо сақласин, болам, – деб жавоб берди у, – Ё сенинг дори-дармонинг мени тирилтиради, ё бу ароқ… Худо ҳақи, рост айтяпман.
Маҳмуд Зулфиқор отанинг ранг-рўйига разм солди: ростдан ҳам чолнинг чеҳраси анча очилган, тириш юзларига қон югурган эди, билинар-билинмас бу нашъа унинг кўзларига ҳам ёйилган, бу кўзларда энди на қўрқув бор эди, на боя Маҳмудни қаттиқ ваҳимага солган умидсизлик. Эндиликда бу кўзлар ҳали ажали еимаган қариянинг одатий кўзларга ҳали ажали етмаган қариянинг оатий кўзларига айланиб қолган эди. Маҳмуднинг кўнглидан: “Берган кунингга шукр, афтидан, бу сафар ҳам хатардан ўтиб олдик” деган фикр кечди. Салотин ҳам отасининг ўзига келганини кўриб, бир бурчакда қунишиб ўтирганича Маҳмудга миннатдорчилик билан тикилар, гўё Маҳмуднинг кўнглидан кечаётган фикрларни уқиб тургандек, ризолик аломати ила бош силкиб қўярди.
Маҳмуд тағин ўзига ярим стакан ароқ сузди, товуқнинг сонини олдига тортиб, кафтларини бир-бирига ишқаганича, бу сафар шошмасдан, кўнгли ағдарилибкелишидан ташвиш тортмай, эмин-эркин кўтарди, ароқни қклтиллатиб ичиб бўлгач, иштаҳа билан товуқ ейишга тушди. Оғзидаги луқмани чайнар экан:
–Салотин, – деди. – Мошунинг номига қасам ичаманки, мен ҳам қайта тирилдим. Сизнинг хонадонингизнинг хайру баракати, худо ҳақи, бутунлай бошқача. Чунки бунда ҳамма нарса ҳалол…
Маҳмуд қирқ беш йиллик умрида, ақлини таниганидан бери неча бор синаган эдики, ҳамиша бирон-бир воқеа рўй берганида, тўғрироғи, инсонни безовта қиладиган, уни жаҳл отига миндирадиган ҳодисалар содир бўлганида, кўпинча бу воқеа-ҳодисалар, шубҳасиз, осудалик билан якун топар эди. Бу осудалик ҳамиша шодлик, бахтиёрлик дегани эмас эди, атбатта. Бу осудалик, унинг фикрича, ниманингдир интиҳоси, ниманингдир ҳудуди эди. Дунёда ҳар нарсанинг интиҳоси, ҳудуди бўлгани каби, одамзотга бундай безовталик, таҳлика олиб келган воқеа-ҳодисаларнинг ҳам оқибат-натижада бир интиҳоси, ҳудуди бўлар эди. Куртошишидан илгари бутун жамоат – каттадан тортиб кичик – ҳамма (буни Маҳмуд жуда кўп кўрган эди) безовта ётиб, безовта турарди. Халойиқ, барча нарса ўз жойидами, худонинг бу балоси қишлоқни ер юзидан ювиб ташламабдими, балки бу тошқин энг сўнгги тошқиндир, бундан бошқасини кўриш бизга насиб этмагандир, деган ваҳима билан боғу чорвоққа қўрқа-писа тикилар, аммо яна ҳамма нарса ўз маромига тушарди: Кур ўз соҳилларидан тошиб чиқар, қирғоққа яқин ҳовлиларнинг деворларини, экин-тикин, боғу роғини ювиб кетар, шу билан ҳаммаси тугарди. Маҳмуд оллоҳ бандаларига юборган азоб-азиятларнинг охирида бир ҳудуди борлигини, чумоли изидай узундан-узоқ жумланинг ҳам охирига нуқта қўйилгани каби, бу азоб-уқубатларга, дунёнинг кўпдан-кўп ҳодисотларига охир-оқибат нуқта қўйилишини, ҳаммаси ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлишини биларди. Агар дунёда ҳудуд деган нарса бўлмаса, эҳтимол арзу заминда на ўт битарди, на дарахт, на бирон-бир ҳашорат яшарди, на инсон. Чунки ҳудуд деган нарса бўлмаса, яралган заҳотиёқ барча махлуқотнинг юраги ёрилиб, ҳалок бўларди.
Шукрларким, бугун ҳам ёмон бўлмади, ҳаммаси осудалик билан тугади. Аксинча бўлганида, агар Маҳмуд туннинг ушбу маҳалида бундоқ ҳавода бу ерга келиб, Зулфиқор отанинг дардига бирон чора топа олмаганида, эҳтимол, на ушбу кеча тинч-осуда ухлай олар, на қолган кечалардан роҳат-фароғат топа оларди. Зулфиқор ота ётган хона билан ёнма-ён меҳмонхонада, йиғма диван устига Маҳмуд учун жой ҳозирланди… Маҳмуд бу хонада юз марталаб меҳмон бўлган эди. Бундан беш-ўн йил илгари район марказидан, Бокунинг ўзидан Зулфиқор отанинг мўътабар меҳмонлар келишганда ўтиришлар, Зулфиқор отанинг ўзи айтганидек, “базми жамшид”лар шу хонада ташкил қилинар – ҳовлида гулхан ёқилиб, ҳозиргина сўйилган қўчқор гўштидан кабоблар пиширилар, зўғол, ароғи, тут ароғи икковлон-учовлонга бир шишадан дастурхонга тортилар, ёғи оқиб, жизиллаб турган кабоблар сихи билан олиб келинар, хонанинг ўртасида, каттакон гилам узра қўйилган кенг хонтахтанинг устида декчадан тошган сут каби ноз-неъматлар ошиб-тошиб кетарди; кетма-кет қадаҳ сўзлари айтилар, ҳазил-ҳузуллар янграр, нихоят, меҳмонлар аъзойи баданини ёндириб юбораётган ароқнинг ҳоврини туширадиган гўжага навбат етганида, пастда кабобл тайёрлаш учун куйманиб юрган Темир тоторни чақириб, столнинг бир четига ўтқаздилар-да, ароқ ичирардилар. Меҳмонлардан бири чўнтагини кавлаб, ё йигирма бешталик, ё элликталик чиқариб Темирга берар, у эса болаликдан эслаб қолган тоторча қўшиқлардан бирини чинқироқ овозда, кучанганидан кўзларнга ёш қалқиб айта бошларди. Темир тоторнинг оғзидан чиқаётган сўзлар дастурхон атрофида ўтирганларни шу ҳолга солардики, қалдироқдек кулгу садоларидан хонанинг деворлари қулаб тушмасайди, деб ўйларди киши… Бу хонанинг барча жиҳозлари, гиламу устунлари, каттакон деразаларидаги қизил пардалари, қисқаси, ҳамма-ҳаммаси узоқ йиллардан бери аввлги ҳолича қолган эди. Фақат диваннинг устида деворга илинган Сталиннинг суврати йўқ ди. Салотиннинг Маҳмудга айтишича, бундан уч-тўрт йилилгари, кунларининг бирида Зулфиқор ота ярим тунда бу хонага кириб чироқни ёққан, сувратга бироз тикилиб турган, сўнг жимгина, ҳеч кимга ҳеч нарса демай, сувратни девордан кўчириб олган, қуйидаги қоронҳи хоналардан бирига олиб тушиб, бир бурчакка юзини деворга қаратиб қўйган экан. Эндиликда ўша суврат ўрнида Зулфиқор отанинг кўкраги орденлар билан тўла ҳарбий гимнастёркада тушган суврати осилиб турарди.
Ана шунақа гаплар, қурбони бўлавер шайтон тиккан бундай дунёнинг!
Маҳмуднинг суяклари қизий бошлади; заҳарни заҳар кесади, дейдилар: у ҳам бу намхуш ҳавонинг суяк-суякидан ўтиб кетган, аъзойи баданини увиштириб қўйган рутубатини боя Салотин келтирган ароқ билан қувиб юборган эди. У ўнг қўлини боши остига букиб қўйганича шифтага тикилиб ётарди, ташқаридан тушаётган тунд ёғду шифтни ёғиш арафасидаги бўзимтир самога менгзаб қўйган эди. Маҳмуд ҳозир бу уйда ҳамма – Салотин, мошу, Зулфиқор ота ширин ухлаб ётганини биларди… Чунки вақт алламаҳал бўлиб қолган, бутун жамоат уйқуга кетган бир пайт эди: бу ернинг жамоати минг, миллион йиллардан бери ўрганиб, одатланиб қолган: кун ботиб, қушлар саси тиниши биланоқ ҳамма кўрпа-тўшагига кириб, калима ўгирганича кўзларини юмар, минглаб дафъа кўз очиб кўргани саҳарга етиш, янги тонгни қаршилаш умидида уйқуга кетар эди. Маҳмуд жилмайди: одамзоднинг тунда кўрган тушларидан бутун бошли китоб ёзса бўлади!.. Аммо Зулфиқор отанинг алаҳсирашга ўхшаган тушларидан худо сақласин. Маҳмуднинг бунақанги нарсаларга тоби йўқ, ҳамиша бунақанги нарсалардан ган очилса, унинг асаблари ўйнай бошлар, шу қадар жаҳли кетардики, ўзини қўйгани жой топа олмай қоларди. Ўнлик ҳам тушга кирадими, ҳой яхшилар?! Урядник воқеасини негадир у сира унута олмас, боядан бери бу воқеа уни ҳол-жонига қўймасди. Салотин ўзи келтирган ноз-неъматларнинг қолган-қутганини йиғиштириб пастга олиб кетганидан сўнг Зулфиқор амаки Маҳмудга батафсил гапириб берган ўша урядник воқеасининг ваҳимасими, азобими – буни Маҳмуднинг ўзи ҳам билмасди – ҳеч миясидан чиқиб кетмас, ўша манзара кўз ўнгида қайта-қайта жонланар эди. Ҳар ҳолда, бу жуда ғалати бир воқеа, кажрафтор бир тарих эди. Зулфиқор ота зўғол ароғидан ярим стакан отиб олиб, бироз ўзига келган бўлса-да, бироқ нимадандир изтиробга тушиб, думалоқ, қип-қизариб кетган кўзларини Маҳмудга тикканича, майин, узуқ-юлуқ овозда шўа олис ўтмишда қолиб кетган воқеани иккинчими ёки учинчи марта қайта сўзлай бошлагани Маҳмуднинг ёдига тушди. Бу воқеани тарор-такрор эшитар экан, Маҳмуднинг асаблари чатнаб кетган, Салотинга қўшилиб урядникнинг гўрига ғишт қалаган, ниҳоят, у, “Ҳе,катта холангни!..”, дея Зулфиқор амакининг сўзини бўлиб, ўша урядник дегани кимга нима ёмонлик қилган эдики, шўрликни сўраб-суриштирмасдан отиб ташладинг, деб сўраган эди. Зулфиқор ота бироз сукутга кетиб, пешанасини тиритирганича Маҳмудга зору ҳайрон тикилиб қолган, сўнг чайилдоқ бир овозда: “товариў Салахов, будет сделано!” – деган, маъносини ҳеч ким тушунмайдиган бу ғалати сўзларини айтиб бўлиши биланоқ қаҳқаҳа юборган эди. Вой сенинг фалонингнией, шайтонга иштон тиккан бунақанги дунё!.. Маҳмуд кўзларни юмди, у девор ортидан сўнгги марта эштган сас – Зулфиқор отанинг тортган оҳи бўлди. Ота уйқусида шунақанги бир оҳ урдики Маҳмуднинг аъзойи баданига қайтадан титроқ кирди, бир хаёли бемордан хабар олмоқчи бўлди, бироқ қаттиқ толиққанидан кўзларини оча билмади…
Зулфиқор ота иккинчи марта оҳ чекканида Маҳмауд ҳеч нарсани эшитмай қўйган эди… Зулфиқор ота кўзларини очди, юзтубан ётган ҳолда кўрпа остидан қашлади, аммо худди шу дақиқада бир сас эштилдики, бу сасдан у на титради, на қўрқувга тушди. Ўрнидан туриб ўтирди. Ўзи ётган хонанинг энсиз деразаси ортидан келган овоз унга ҳам бир қадар таниш, ҳам бегона эди. Ким бўлдийкин бу келган?..У чидаб туролмади, каравотдан тушиб ковушларини кийди, оқ кўйлак-иштонда аста-секин дераза олдига бориб, ташқарига қаради, Ҳовлидаги тутнинг остида бир шарпа кўрди, аммо бу шарпанинг кимлигин таний олмади. Кўк гумбазининг қоқ ўртасидаги ой худди қуёш каби порлар, ҳавода булутдан асар ҳам йўқ, бироқ шарпанинг юзи кўринмасди. Чол аввал каравотнинг ёнида – ерда ётган қизи Салотинни турғизмоқчи бўлди, аммо негадир бу фикридан воз кечди, юрагининг зарбаларини тинглаган кўйи кутилмаган бир ҳаракат билан шоша-пиша деразани ланг очиб, бошини ташқарига чиқарди ва овозининг ўктамлигидан ўзи таажжубга тушиб, шарпадан сўради:
–Кимсан, ҳой биродар?
–Менман, Зулфиқор, сарича ўғли Муҳаммадман. Агар Зулфиқор отадан, умрингнинг қайси пайтида, қайси дақиқаларида чин маънода бахтийр бўлгансан, азоб-азиятлардан, дард-ғамалрдан, афсуснадоматлардан мутлақ халос бўлиб, ўзингни қачон аршу аълода ҳис этгансан, деб сўрасалар, у ҳеч иккиланмай, ўйлаб ўтирмай, ҳозир, манави деразани очиб, ким келганини сўраган дақиқаларимда, Сарича ўғли Муҳаммаднинг овозини эшитган дақиқаларимда, деб жавоб берган бўлур эди. Гўё Зулфиқор отага дунёни бахш этгандай бўлдилар, гўё Зулфиқор отанинг қўлидан дунёни олдилар: тоғлар даралар, ўрмонлар, йўргакда эшитгани қуёш шуъласи янглиғ илиқ алла, бола-чақа меҳри, хонадонга, эл-юртга боғлаб турган ришта – ҳамма-ҳаммаси Сарича ўғли Муҳаммаднинг отини тилга олган заҳоти, унинг овозини эшитган заҳоти Зулфиқор отанинг қўлидан кетди ва айни замонда олинган нарсаларнинг ҳаммаси ҳозиргача у тўймаган, идрок этмаган янгича бир юрак зарблари каби, томирларида гупурган янги қон каби-қайта уйғонди. Берган кунингга шукр, ё тангрим!
–Боряпман, дардингни олай, боряпман! – Зулфиқор ота қарийб бақириб юборди. Бироқ уйда ҳеч ким уйғонмади, ҳатто эгасининг йўталига ҳам ҳуриб берадиган ҳовлидаги ит-да дамини чиқармади, фақат кўк гумбазининг қоқ ўртасида қуёш каби порлаётган ой нурлари кучайиб борарди. Бу шуъла Зулфиқор отанинг кўзларини тўлдириб, ичига оқди, юрагидаги музларни эртитиб юборди.
–Ҳозир, дардингни олай, боряпман, – дея Зулфиқор ота йиғлади, ёмон йиғлади. Шошганича ортига қайтиб, юзтубан ётган қизи Салотинга боқди, аммо бу аёл кимлигини била олмади, хонага назар солди, каравотга тикилди, ҳарчанд уриса-да, қаерда турганини англай билмайди. Шу алпозда, оёқларида ковуши, эгнида оппоқ кўйлак-иштон, эшикни очиб, зинопоя сари юрди, ҳовлига тушиб, тут дарахти тушиб, тут дарахти остига келди, аммо Сарича ўғли Муҳаммад у ерда йўқ эди.
–Мен бундаман, зулфиқор, бу ёққа туш!
–Боряпман, дардингни олай, – Зулфиқор ота дарвозаниочиб, ҳовлидан чиқди. Курнинг соҳилига етганда тўхтаб қолди.
Сарича ўғли Муҳаммад қуйида, ой шуъласи кумуш рангга бўяган чўнг тошлар орасида турарди. Курнинг қовжираб, қоп-қора арқонларга ўхшаб қолган ўт-ўланлари, йўсинлари тошлар, қоялар устида уюлиб ётарди.
Зулфиқор ота сўради:
–Ие, Курнинг суви қани ахир?
Сарича ўғли Муҳаммад кулди:
–Қанақа сув, барака топкур, сув қолибдими энди?.. Тез бўл пайсаллама, манзилимиз жуда олис.
–Боряпман, дардингни олай, боряпман, -дея Зулфиқор ота чаққанлик билан, худди зинапоялардан тушаётган каби, тошлар қоялар орасидан қуйи эниб, Сарича ўғли Муҳаммаднинг ёнига, Курнинг қуриб қолган ўзанига тушди. Сарича ўғли Муҳаммадга юзма-юз туриб, диққат билан унга тикилди, аммо тағин унинг қорнига бориб тўхтади. Қонли Чаноқда у бешотарини Сарича ўғли Муҳаммаднинг қорнига бўшатган эди: энди ўша ерда ўпқондай бир тешик бўлиб, унинг ичи тупроққа тўлиб қолган эди. зулфиқор ота хўрсиниб, ҳазин овозда сўради:
–Оҳрийдими
–Энди оғриғи қолибдими? – дея Сарича ўғли Муҳаммад қўлларини чўзиб, зулфиқор отанинг билагидан ушлади:
–Ўлиминг иуборак Зулфиқор ота.
–Ўлим барҳақ, Сарича ўғли Муҳаммад.
–Кетдикми?
–Кетдик.
Икки шарпа қўлни қўлга бериб, тошлар устидан Курнинг қуриб тарам-тарам ёрилиб ётган ўзани бўйлаб шимол томондаги олис тоғлар сари юриб кетди. Улардан бироз олдинда икки қизалоқ – иккаласининг ҳам елкаларига сочилиб ётган оппоқ сочлари ҳарир парда каби елланар, иккаласи ҳам этаги узун куйлак кийиб олган, иккаласининг ҳам товонлари тарам-тарам ёрилиб кетган эди –худди Зулфиқор билан Сарича ўғли Муҳаммад каби қўлни қўлга бериб ўша томонга борар эдилар.
–Сеникиларми, ҳой Муҳаммад? – сўради Зулфиқор ота.
–Ҳа.
–Ахир…
–Сен мени отганингдан икки ой кейин улар ҳам хазон бўлдилар.
–Куйдим, кул бўлдим, эй тоғлар!
–бирининг оти – Қаранфил, иккинчиси – Ёсуман.
Зулфиқор ота Сарича ўғли Муҳаммаднинг қўлини қаттиқ-қаттиқ сиқиб қўйди.
Сўнгра Курнинг қуриб қолган ўзанидан бораётган бу икки шарпа юксак бир қоянинг бошида турган учинчи шарпани кўрди. Қоя бошида турган темир дубулғали сарбознинг кураги ўртасига найза санчилган, жароҳатидан оққан қон атрофдаги тошларнинг устига ёйилиб кетган эди. Сарбоз уларни кўриб, сўради:
–Йўл бўлсин, биродарлар?
Сарича ўғли Муҳаммад жавоб берди:
–Бобо Коҳо сари, биродар.
Сарбоз кўз юмгунча пастга тушиб келди.
–Ўлимингиз муборак.
–Ўлим барҳақ.
Олинда Қаранфил билан Ёсуман, орқада Зулфиқор амаки, Сарича ўғли Муҳаммад ва юришлардан олиб келган бир тарсо қиз туфайли ўз туҳишган акаси курагига санчган найзадан ҳалок бўлган сарбоз бир-бирларига лом-мим демай аста-секин Бобо Коҳо сари чиқиб борардилар.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
Всего 10 форматов