Читать книгу Қатл куни (САМАДЎҒЛИ ЮСУФ) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
Қатл куни
Қатл куни
Оценить:
Қатл куни

4

Полная версия:

Қатл куни

* * *

Қишлоқда халойиқ безовта ётиб, безовта турарди. Бир ҳафтадан бери, осмоннинг таги тешилгандек, тинимсиз шивиллаб ёмғир ёғарди. Каттадан-кичик ҳамма Кур бевақт тошмасайди, деган хавотирда эди. Ёмғир ёғиб турган бўлса-да, ҳавода бир димлик ҳоким, гўё тупроқдан буғ чиқаётгандек эди. Агар ёмғир яна бир-икки кун шу зайлда давом этса, ҳаво шу димлигича қолса, ҳам Кур тошарди, ҳам тоғдан сел келиши мумкин эди. Жамоат неки экиб-тиккан бўлса, барчаси яксон бўларди. Ҳали боғу чорбоғ у Ёқда турсин, бу ерларнинг сели халойиқнинг уй-жойини ҳам ювиб кетиши ҳеч гап эмасди. Балки қишлоқ шўроси раисининг эшигига бориб, ундан тахта-ёғоч сўраб кўр, дерсиз. Бериб бўпти!..

Шу кеча ҳамма безовта ётди, уйқуси қочиб кетган кишиларнинг кўзи деразада, тиқ этса огоҳ эди Миш-мишларга қараганда, ҳар уйдан пул йиғиб, қўшни шиа қишлоўининг мулласига, бало-офатни бартараф этсин, дея назр ҳам қилган эмишлар… Маҳмуддан бошқа ҳамма безовта эди. район марказидан ҳозиргина қайтган Маҳмуд пойабзалини ечиб, боя ўзи тамадди қилган кабобхонадан олиб келган боржомдан ичарди. У ерда жуда кўп ичиб юборишди. ичганда ҳам ҳукумат ариғидан эмас, болалардан бирини машинада Григор арманиникига жўнатиб, у ердан уч-тўрт шиша тут арағи олдиришди. Фелъдшер Маҳмуд билан Салим райпо иккаласи уч шиша арақ ичишди. Ҳозир гугурт ёқиб оғзимга тутсам, нафасим лов этиб ёниб кетади-ёв, деб ўйларди Маҳмуд. Иягини муштига тираганича, бурнини торта-торта, “шояд бир мўъжиза рўй бериб, шу пайт Москва меҳмонҳоналаридан бирига бориб қолсам, ваннани совунли кўпикка тўлдириб, ичига кириб олардим, “воҳ-воҳ-воҳ”. деб хаёл сурарди. На ёмғир бўларди у ерда, на туман, на тут арағи. Ҳаммасининг падарига лаънат. Ваннадан чиқиб, қалин сочиқ билан яхшилаб артингач, қўлтиқлари остига атир-упа сепиб, крахмал ҳиди анқиб турган оппоқ кўрпа-тўшакка чўзилган бўлур эди. Истасанг телефонни кўтар, қўнғироқ қил, сенга янги дамланган чой олиб келишсин, истасанг, бир оз узангач, туриб кийин, ресторанга туш, официантни чақириб музқаймоқ билан коньяк буюр, мусиқага қулоқ сол, рақс қилиб сакраётган жамоатни тамоша қил. Официант аёл мойил бўлса, “пойдём со мной” деди унга. Рози бўлса бўлсин, бўлмаса жаҳаннамга!.. Коньякни ич, музқаймоқни е, тифтга миниб ўз хонангга чиқ, ёт тўшакка узала тушиб. Маҳмуд кайф қилганда ҳамиша ёдига ё Москва, ё Киев тушарди. Чунки Қандай лаззатли кунларни бошидан ўтказган бўлса, шу икки шаҳарда ўтказган эди. Қайғусиз, бахтиёр кунлар эди у кунлар. Йил бўйи топган-тутганини бир ойлик таътилда ана шу шаҳарлардан бирида елга совурарди. Аммо уч-тўрт кун меҳмонхонада ётгач, тушига қишлоғи кира бошларди. Ўн кун ўтгач эса мана шу ёмғир, туман, Григор арманининг аъзойи баданга ўт қўядиган арағи кўз олдидан ўтаверарди. Ҳар сафар, нега бу шаҳарларга ёлғиз келаман, нега тенг-тўшларимдан бирини кўндириб олиб келмайман, дея афсус қиларди… Ҳар қалай, бир амаллаб таътилни ўтказиб, қишлоғига қайтиб келарди. Бироқ икки кун ўтгач тағин Москва, Киев меҳмонхоналарини соғина бошларди. Шунда асабийлашар, беморларни нари-бери кўриб жўнатиб юборар, йиллар бўйи кўникиб қолган ҳаёт тарзига гўё янгидан мослашиши лозим эди. Ўн-ўн беш кун ўтгач, одатдаги Маҳмудга айланарди-қоларди. Кимнинг қорни санчиб, кимнинг боши оғриб қолса, туннинг қайси маҳали эканидан қатъи назар, Маҳмуд дори-дармон солинган халтани олиб йўлга тушарди… Мана ҳозир ичидаги алангани сўндириш учун боржом шишаларини кетма-кет очганича Москвани, кўпикли ваннани орзу қилаётган бўлса-да, ёзда у ёққа борса тағин зерикишини, ёлғиз келгани учун яна ўзини сўкишини, кечалари ётганда тушида ё жиззали нон егани ё қайдадир қишлоқларнинг бирида ўтовда ярим тун маҳали бир чўпон оғайниси билан дунёнинг ўтган-кетганидан суҳбатлашиб ётгани тушларига киришини, эрталаб уйғонганида эса оғзида кечаси тушида еган қўй пишлоғининг таъмини ҳис этишини билиб турарди…

Маҳмуд соатига қаради, икки-уч минут кам ўн эди. Эрина-эрина туриб телевизорни қўйди. Бу рангли телевизордан қишлоқда атиги уч кишида бор эди, бири раисда, иккинчиси қишлоқ шўросининг котибида – қурмаўур ёшгина қиз эди, солланиб юришлари одамнинг жонини оларди – яна бири эса Маҳмудда. Боку узоқ бўлгани учун ранглар у қадар тиниқ кўринмас, гоҳ сариғи кўпайиб кетар, гоҳ қизили камайиб қоларди. Шунинг учун ҳам жамоат қизиқарли рангли кўрсатувлар берилганда телевизорни Тбилисига улаб қўярди. Маҳмуд ҳам, бирон зарур иши чиқиб қолмаса, ҳар оқшом “Время”ни кўрарди. “Время”ни Боку ҳам кўрсатарди, Тбилиси ҳам. Маҳмуд овора бўлиб юрмаслик учун бир йўла Тбилисини улаб қўйди. Диктор экранда пайдо бўлиши билан Маҳмуд баланд овозда деди: “Қурмағур яна қизил кўйлак кийиб олибди-да, а, офарин, бўйингдан аканг айлансин, офатижон!” Қони жумбушга келганда, кайфи баланд бўлганда унинг уйда баланд-баланд гапирадиган одати бор эди. Бўйдоқликнинг шу жиҳати яхши, уйда ўтир, телевизор қўй, истасанг шикаста ўқи, истасанг девоналар каби ўз-ўзинг билан бақириб гаплаш, кимнинг нима иши бор! бирон-бир мўмин бандаси, ҳой Маҳмуд, нега ҳадингдан ошяпсан, демайди. Маҳмуд кўрсатувларни ўн-ўн беш минут диққат билан томоша қилди, Магнитогорск металлурглари қанақадир “почин”га қўшилиб, планни бир юз нечадир фоиз қилиб бажарганликларини билиб олди. Сўнг кўрсатувларнинг давомини кўрар экан, “пончин” нима эканини, озарбойжонча маъносини роса ўйлади, аммо топа олмади. Эртага мактабнинг рус тили ўқитувчисидан сўрайман, дея кўнглига тугиб қўйди. “Время” халқаро воқеаоарни бера бошлаганда тағин бир стакан баржомни даст кўтариб бўшатди, унинг диққати бутунлай бўлинди. Яна дунёнинг ҳар ерида отишма. Кўпинча занжиларни, арабларни кўрсатишарди. Ҳар қайсинисининг қўлида автомат. Маҳмуд яна ўзини тута олмай бор овозда деди: “Тавба, бу хумпарлар бундай зўр автоматларни қаердан топишади, ажабо, бу Америка дегани қанақанги айёр ҳукумат, нақадар кўп қурол-яроғи бор? Падарига лаънат бунақа замоннинг!..” “Время”нинг охирларида Будапештда бўлиб ўтган халқаро мода фествали кўрсатилди. Зўр-зўр маникенчи қизлар экранда пайдо бўлганида Маҳмуд жилмайиб ҳуштак чалган кўйи “Аршин мололон” дан бир қўшиқни рус тилида айта бошлади: “Ахты, моя дорогая, ах ты моя золотая!”. Сўнг шу куйни бошқа сўзларга алмаштириб куйлай бошлади: “Григор арман, уйнинг куйсин, Григор арман, уйинг куйсин!..”

Чунки тут арағининг алангаси тағин ичида юқорига кўтарилиб, халқумларини куйдириб юбораётган эди. Маҳмуд, агар боржом бўлмаганда, эрталабгача тирик қолмаган бўлур эдим, деб ўйлади. Ва тағин ичида ўзини сўка бошлади: “Ахир шу заҳри қотили ичма, ичганда ҳам мундоқ одамга ўхшаб юз грамм, нари борса икки юз грамм ич, беб неча марта айтишди!” Аммо боя кабобхонада еган чўпон қовурдоғини, саримсоқли қаттиқни хотирлаганда англадики, бунақанги ўтиришларда юз-икки грамм билан иш битмайди. Кабобпаз Халил тоғага раҳмат, ҳақийқий эркак-да ўзиям!.. “Время”да спорт хабарлари кўрсатила бошлаганда Маҳмуд телевизорни ўчирди. Телевизор олаётганида уста унга, эҳтиёт бўл, кўп ишлатма, бу нарсани оз-оздан кўрадилар, отлиққа ҳам йўқ бунақанги телевизор, деганди. Маҳмуд телевизор устидаги мовут парча билан экранни артди, сўнг пастга эгилиб, баландпошна туфлиларини жуфтлади ва ҳафсала билан каравотнинг тагига тиқиб қўйди. Бир-икки марта керишди, тағин бир стакан муздай боржом ичиб, кекириш учун роса уринди, бироқ ичидан ҳеч нарса чиқмагач, тағин баланд овозда, “яхшиси, ётаман, балки ухлаб очиларман”, деди. Қайишини ечмоқчи бўлган эди, шу пайт дарвоза қаттиқ тақиллаб қолди ва ташқаридан ўсмир боланинг овози эштилди:

– Маҳмуд дўхтир, ҳой Маҳмуд дўхтир!

Маҳмуд боланинг овозини таниди, бу – Зулфиқор отанинг невараси Мошунинг овози эди. Маҳмуд шаҳд билан деразанинг бир тавақасини очиб бошини чиқарди:

– Ҳа, Мошу, сенмисан?

Дераза олдида бир шарпа пайдо бўлди.

– Ҳа, мен.

–Тинчиликми ўзи?

– Зулфиқор бувамнинг мазаси қочиб қолди, тез Маҳмуд дўхтирни олиб келинглар, деяпти.

–Нима қипти, тағин юрагими?

–Йўқ… Ранг-рўйин оппоқ оқарган. Бу кечадан ўтмайман, деяпти. Тушида урядникни кўрган эмиш.

Маҳмуд кулди.

–Қанақа урядник, ҳой бола, эсинг жойидами ўзи, балки прокурорни айтгандир?

–Йўқ, оға… Негадир аҳволи жуда оғир. Бўла қол, жон оға, тезроқ борайлик, – Мошунинг овози титрар эди. – Темир тоторнинг қайиғи билан келдик. Бизни қоя тагида кутиб турибди.

–Ҳозир, укажон, ҳозир, бормасдан бўладими ахир! – Аммо ҳар эҳтимолга қарши сўради: – Кур тошиб кетмаганми? Темирнинг қайси қайиғи билан келдинглар??

–Моторлиси билан.

–Ҳа, унда кутиб тур, мен ҳозир.

Маҳмуд шоша-пиша йўл тадоригини кўрди, солдатча этикларини, пахтали камзулини кийиб, ёқасини тугмалади, бошига қулоқчин бостириб олди. Халтасини кўтариб уйдан чиққач, Мошуга деди:

–Мен шунақанги шошириб қўйдингки, сени уйга ҳам таклиф этмабман, ёмғирда ивиб кетгандирсан.

–Нима қипти, оға, ёмғирни энди кўрибмизми!

Қишлоқ уйқуда эди. Кўкдан қуйилаётган ёмғир оғушида у ер-бу ерда шуълалар ялтираб кўринар, гоҳ-гоҳ итлар ҳуриб қўярди. Асфальт йўлдан чиқиб, колхоз идораси ёнидан сўлга бурилдилар, суюқ балчиқ кечиб Кур томон юрдилар. Шалоп-шалоп, шалоп-шалоп… Балчиқдан йўсин ҳиди анқирди.

–Ҳой, Мошу, сел келишидан худо сақласин. Оқиб кетамиз-а! – деди Маҳмуд.

–Келмай бўпти! Ҳавони кўрмайсанми?! Осмонга ҳар куни битта космонавт учаверганидан кейин, тағин нима бўлсин.

Мошу ўн олти-ўн етти ёшларда бўлиб, бу йил ўнинчини битираётган эди. Аммо ёшидан фарқли ўлароқ, катталар билан кўп ўтириб тургани учун, ўзини тутиши, гап-сўзлари бошқача, гўё анча ёшга бориб қолган кишиларнинг гап-сўзларига ўхшар эди. Маҳмудниниг эшитишига қараганда, баъзан ароқ-пароқ ҳам ичар экан. “Замоннинг боласи-да, – деб ўйлади Маҳмуд,– бир томондан шуниси ҳам яхши. Ҳозирги замонда лақма бўлганинг – адо бўлганинг”.

–Зулфиқор буванг кейинги пайтлар жа инжиқ бўлиб қолди. Авваллари дўхтир-пўхтир деб ўтирмасди.

–Авваллари темирдай бақувват эди. Бир қўли билан камаримдан ушлаб, мени бошига азот кўтарарди.

Кейинги икки ойда тамом бўлди. – Мошунинг овози яна титради. – БИлмайман, шўрликка нима қилди. Маҳмуд йўталиб, ютинди, бўғзи жуда тахир эди.

–Неча ёшга кирган ўзи? – деб сўради у эснаб.

–Ойимнинг айтишича, тўқсонларни уриб қўйган.

–Бўпти-да. Нима, дунёга устун бўлмоқчими?

–Худо ҳақи, Маҳмуд дўхтир, бунақа дема… Уни жудаям яхши кўраман. – Мошу зулмат оғушида ўзи билан ёнма-ён кетаётган Маҳмудга қаради.

–Мен ёмон кўраманми?.. Қани энди унақанги мард кишилар? – деди Маҳмуд. – Дунёнинг хайру баракати ўшалар билан эмасми? Мен уни нақ минг йил яшасин дейман… Локигин ҳозир у шунчаки шайтонлик қилаётган бўлса керак. Ҳали унинг юраги пўлатдай мустаҳкам.

Маҳмуд ёлғон айтди. Мошуга анчайин далда бермоқчи бўлди. Ўтган сафар у Зулфиқор отани кўргани борганида тож томирини топа олмаган, ўшандаёқ кўнгли ниманидир сезган эди. Мошу бу далдадан қувониб кетди:

–Мен ҳам худди шуни айтаман-да! Буважон, сенга ҳеч нарса бўлгани йўқ, агар истасанг, Тбилисига олиб бориб, нақ академикларнинг ўзига кўрсатайлик, дейман. У бўлса, йўқ, тушимга урядник кирди, ҳойнаҳой, ўлсам керак, дейди.

–Ҳой тентак, қанақа урядникни айтяпсан?

–Мен қаердан билай. Бувам менга мундоқ юрагини очмаса!

–Бувангнинг эси кирди-чиқди бўлиб қолгандир, шарманда бўп қолмайлик тағин? – дея ташвишланиб сўради Маҳмуд. Мошу бошини сарак-сарак қилди:

–Йўқ, оға. Ақли ҳуши жойида. Гап-сўлари, ўзини тутиши худди аввалгидек, – Мошу яна Маҳмаудга қараб, овозини пасайтириб сўради: – Маҳмуд дўхтир, жинни бўлган одам тишлаб олади, дейдилар, ростми шу?

–Албатта! Тишлаши ҳам гапми! Одамнинг бўғзига ёпишиб, кекирдагини узиб олади.

–Э, йўқ… Бувам туппа-тузук чой ичди, бир бурда нон ҳам еди. Ойим унинг оёқларини ювди. Йўқ, жинни бўлганга ўхшамайди.

–Айтяпман-ку, ахир, айёрлик қиляпти деб! Сизларга эркаклик қилади-да. Сен ташвиш тортма. Битта игна уришим биланоқ отдай бўлиб кетади. Бунақасини энди кўрибманми?!

Иккаласи ҳам жим қолишди. Маҳмуд, сумкамда камфара бормикан, деб ўйлади. Йўқ бўлса ҳам, новокомоид билан димедрол кифоя. Ўтган сафар фақат новокомоид билан туриб кетган эди, шекилли. Йўқ, венасига димедрол ҳам урган эдим… Улар кенг йўлакдан ҳар қадамда ғоят эҳтиёткорлик билан пастга эниб, Курнинг соҳилига, қоятеги деб аталадиган жойга етиб бордилар. Темир тоторнинг қайиғида шуъла кўринди. Маҳмуд Темир тотор темирйўлчиларнинг қўшкўз фонусини кўтариб олганини англади, ҳа унинг бу борадаги пишиқлигига гап йўқ эди. Маҳмуд курнинг ушбу заиф шуъла ёритиб турган қисмини аниқ-равшан кўрди: тўлқинлар мағзава сингари кўпикланиб ётарди. Демак, кейинги икки-уч кун ичида сув юқори кўтарилган, бу кўпик эса тоғлардаги муддатидан илгари эриган қорнинг тоза, юмшоқ суви бўлиб, бу сувнинг бўтана сувлврга қоришиву оқибатида кўпик пайдо бўлган эди. Кучли сел илдиз-пилдизи билан қўпорган каттакон дархтлар муттасил оқиб келар, мабодо бундай дарахталрдан бири қайиққа илашиб қолгудек бўлса, бу совуқда, қаттиқ ёмғир остида нариги қирғоққа чиқиб олиш гумон эди. Жуда эҳтиёт бўлиб сузиш лозим эди. Маҳмуд бундай ишларда Темирнинг тажрибаси зўрлигини яхши биларди, аммо кошки энди у ичиб олмаган бўлса!

–Саломатмисан, Темир! – Маҳмуд жала остида бир сакраб қайиққа чиқиб олди. Қаймқ қаттиқ чайқалиб кетди. Брезент ёмғирпўш кийган Темир унинг тирсагидан тутиб қолди. Мошу эса, Маҳмуддан фарқли ўлароқ, қайиққа бамайлихотир чиқиб олди. Дийдираб турган Маҳмуднинг овози бўғилиб чиқди:

–Темир, бугун ҳам роса тарангмисан?

–Йўқ.

–Наҳотки?

–Йўқ.

–Бизни тезроқ нарёққа ўтказиб қўй. Зулфиқор отанинг аҳволи чатоқ эмиш.

–Биламан, – Темирнинг кайфияти бузуқлиги, лақиллашгудек ҳоли йўқлиги кўриниб турарди. Буларга орқа ўгириб олганича осма моторнинг қаеринидир кавлаштирарди.

–Зорманданг ишламаяпти шекилли, биродар? –

Маҳмуд қайиқнинг олд томонига ўтириб, чуқур хўрсинди ва оёқларини чўзди. Мошу ҳамон тик турарди. – Ўтирсанг-чи, болакай. Бунинг мотори ҳам ўзига ўхшайди… Нималар қиляпсан ўзи, ҳой Темир?

–Сенга нима?

–И-е! Бу нима деганинг? Кайф-сафо қилгани эмас бемор кўргани бояпман, биродар!

Темир ортига қарамасдан:

–Биламан, – деди,– кайф-сафо қилгани бормаяпсан. Лекин кайф-сафо қилиб келяпсан.

–Қаердан билдинг?

–Ўлибдими Темир Григор армани тайёрлаган тут арағининг ҳидини билмай! – дея мароқ билан кулди у.

–Вой пандавақи-ей! Худо ҳақи, тоторларнинг ҳаммаси шпиён бўлдаи! – Маҳмуд тиззасига муштларди. –Шундай ёғин-сочинда бунинг бурни тозининг тумшуҳидай мунча тез ҳид олмаса, ҳой Мошу?.. Темир, эртага эрталаб мени эсон-омон уйимга элтиб қўйсанг, сени бурнингдан чиққунча зиёфат қилиш менинг бўйнимда.

Темир моторнинг чилвирини тортди, бироқ мотор ишламади: қайиқда бадбўй ермойининг ҳиди анқиди. Темир жаҳл билан сувга тупурди.

–Биродар, менга сенинг зиёфатинг керак эмас.

Оойилунинг буфетига олиб кирсанг бўлгани! – Темир бурнини арта-арта чилвирни тағин ўрай бошлади.

–Йўқ, худо ҳақи, зиёфат қиламан! Дод-войингга қарамай сени Халил тоғанинг кабобхонисига судраб бораман. Бўкканингча едириб-ичираман. Харажати менинг бўйнимда.

Темир моторнинг чилвирини тағин жаҳд билан ўзи томон тортди, мотор бир-икки пақ-пуқ қилдию, бироқ барибир ўт олмади. Маҳмуд асабийлаша бошлади.

–Ҳой, Темир, ярим дунёни тўрт юз йил зир титратган сиз тоторлар эмасми, ахир? Наҳотки энди битта моторинг уддасидан чиқолмасанг?

–Ҳозир тузукроқ бир мотор сотадиларми! Вашу матлар! Қолаверса, Маҳмуд, билиб қўйки, сен айтаётган гаплар учун одамларнинг бошига не-не кунлар тушмаган!

–Вой-бу-ў! – Маҳмуд қўл силтади. – Тавба, келиб-келиб бу менга сиёсий сабоқ бермоқчи! Менинг айтганларим барча тарих китобларида бор, нега энди кекирдагинигни чўзасан, а, слушай?

–Бир айтдим-қўйдим-да. Оллоҳдан баракат, прокурордан ҳаракат.

–Бу нима деганинг?

–Янги песня, Темир тотор ўйлаб топган, – дея у учинчи марта чилвирни тортган эди, мотор шарақ-шуруқ қилиб ўт олди. Паррак сачратган томчилар Маҳмуд билан Мошунинг юзига питра каби урилиб, қаттиқ оғритди. Сўнгра Темир атайин рулни илкис сўлга бурган эди, қайиқ турган ерида шиддат билан гир айланди, Маҳмуднинг ўнгга оғиб, Мошунинг устига йиқилиши билан бақириши бир бўлди:

–Секинроқ, уйинг куйгур, бизни чўктириб юборасан-ку!

–Қўрқма, Темир тотор бор жойда ҳали биронта мусулмон чўккани йўқ. – У рулни ўнглаб олди,

қайиққа Курнинг ўртасига олиб чиқиб оқимга қарши ҳайдай кетди.

–Йигирма минутда, самий-самий больше ярим соатда етиб борамиз, иншоолоҳ. Ҳа-а вашу матлар! –

У газ берди, қайиқнинг тезлиги ошди. Совуқ шамолдан маҳмуднинг гардани гўё музлаб қолгандек бўлди. У шошиб телпагининг қулоқларини туширар экан, кошки бир кору ҳол рўй бермай манзилга етиб олсайдик, деб ўйлади, бундай об-ҳавода, туннинг бу маҳалида Курдан ўтиш ҳар қандай марднинг ҳам қўладан келавермасди. Унинг кўнглидан “таваккали худо” деган фикр кечди.

Мошу пинакка кета бошлаган эди. Темир тоторнинг оёқлари остидаги фонус ёруғида Маҳмуд Мошунинг қошлари уюлиб, кўзлари юмилиб-юмилиб кетаётганини кўрди.

–Бугун телевизор кўрдиларингми? – Бу савол Мошудан кўра кўпроқ Темирга тааллуқли эди. Қайиқ изга тушиб олганда сўнг Темир тезликни пасайтириб, рулни тирсаклари билан тутиб турганича боядан бери зўғол ёғочидан ясалган муштугини чизимча билан тозалаб келарди. Чизимчани охирги марта муштукнинг тешигига солиб тортди, сўнг муштукни оғзига тутиб, бир-икки пуфлади, ниҳоят одатдаги бамайлихотирлиги билан доим чекадиган “Аврора”сидан биттасини муштукка жойлади. Ёмғирпўшнинг чўнгтагидан тўппончадай келадиган қўлбола ўтолдиргич чиқарди. Уни худди тўппонча каби тепкисини босиб ёқди. Муштукни ютоқиб-ютоқиб тортар экан, Маҳмудга, Мошуни-ку билмайман, аммо мен телевизор кўрмайман, қаарсам бошим оғрийди, деди.

–Эҳ Темир, дунё жуда алғов-далғов бўлиб кетди.

Ҳамма жойда уруш боряпти.

–Менга нима?

–Ҳой жинни, одамзот қирилиб кетяпти, ахир!– Биз қирилмаяпмиз-ку! – Сигаретдан сўнг Темирнинг овози бўғиқроқ чиқа бошлаган эди.

–Нима, бизнинг ҳам қирилишимизни истайсанми? – Маҳмуд кулди.

–Мен унақанги қирғинларни жуда кўп кўрганман, биродар. Худо ҳеч кимнинг бошига солмасин, вой-вой-вой!

Маҳмуд унинг оҳангидан тушундики, бир гапгатушиб кетса, тинмайди, рости, уришдан сўз очганига пушаймон бўлди. Темир камида минг марта такрор-такрор айтиб берган воқеаларни яна бошидан бошлайди, уришдан қайтиб келганида хотини Тамаранинг ёнида ёшгина рус йигити ётганини ёниб-куйиб сўзлайди, сўнг дунёдаги барча аёлларнинг онаси қолмай, синглиси қолмай сўка бошлайди, охирида “вой вашу матлар, нашу матлар” дея тиззларини муштлашга тушади… Аммобу гал ундай бўлмайди. Темир ўз бошига тушган бу мусибатни ҳамиша ҳам сўзлайвермас, тўғрироғи, ҳушёр пайтларида бу воқеа ҳақида чурқ этмас, урушдан, аскарликдан сўз-суҳбат очилиб қолса, бир чеккада индамай тураверарди. Аммо станциянинг буфетида ширин винодан бир-икки стакан ичиб олиши биланоқ, таниш одам топа олмаса, йўловчилардан дуч келган биригаелимдай ёпишиб оларди. Сўзлаб-сўзлаб юрагини бўшатар экан, ҳар замонда кўзларидан милт-милт ёш оқарди. Нима ҳам қилсин шўрлик! У чеккан мусибат бошқанинг бошига тушса, худо ҳақи, жинни бўлиб қолар эди… Яхшиямки, бу чидаган… Маҳмуд унинг бундай маст бўлиб юрганларини озмунча кўрмаган эди.Кўпинча бозор кунлари, вокзал тирбанд бўладиган пайтларда Темир ўзи яшайдиган юнон қишлоғидан станцияга тушиб келарди. Вокзалда уни ҳатто рельслар орасида изғиб юрадиган қўтир итлар ҳам танирди. Ёз пайтлари, эгнида қип-қизил сатин кўйлак, белида таранг тортилган ингичка чарм қайиш, оёқларида ялтираб турган қунжли ботинка, сочларини ҳафсала билан ялтиллатган, озода, атир ҳидларига бурканган ҳолда станциянинг пашшалар ғужғон ўйнаган, ҳавоси оҳир буфетига кириб келарди. Карим буфетчи – жуда қаттиқ ҳазиллар қиларди у – Темирни кўриши биланоқ, тотор тилда Темирнинг ўзидан ўрганган баъзи сўзларни айтар, одатда, сўкинарди. Аммо бу сўзларга буфетда Темирдан бошқа ҳеч ким тушунмасди. Темир кулар, қонсиз юпқа лаблари орасидан кўриниб турган қинғир-қийшиқ, сарғайиб кетган тишлари кулдон ичида ётган сигарет қолдиқларига ўхшарди. Кичик қийғоч кўзлари сузилиб, юзидаги ажинлар орасида билинмай кетарди. Темир Карим буфетчига, “сен ўзи тотор бўлиб туғилишинг керак эди, худо ҳақи, бу тилни мендан яхши биласан”, дерди. Энг охирида унинг ўзи ҳам “вашу матлар!” деб қўярди. Бу – навбат винога келди, қўй, дегани эди… Карим, бир неча йилки, Темирдан пул олмасди. Темир дунёнинг Сибирь деган жойларида узоқ тентираб, ўзига ҳеч ердан паноҳ топа олмай, нихоят, келиб-келиб Кур қирғоғидаги бу қадим юнон қишлоғида бир умрлик маскан тутганидан кейин (аввалари бу ерларда бир-икки йил тентириб юриб, сўнг, тангрим мадад берса, эҳтимол, ота-боболаримнинг юртига қайтиб кетарман, деган фикрда юрди, бироқ қайтиб кетмади, ойлар, йиллар ўтди, Темирнинг наздида бу дунёйи дун ўзгарди, аммо Тамара билан солдат ўзгармай қолди) ва кунларнинг бирида бошига тушган мусибатларни ҳали қорин боғлаб оғирлашиб қолмаган, думбулгина бир йигитча бўлган Каримга илк бор гапириб берганида, каримнинг унга раҳми келган эди, унинг бу тараҳҳуми станция буфетининг чор атрофида, рельслар орасида, ахлат уюмлари ёнида изғиб юрган итларга қилинадиган раҳм-шафқатга ўхшарди. Темирнинг бошидан кечирганларни у ўша куни ишдан сўнг онасига сўзлаб берганида, онаси, болам, у Темирми, бошқами, ҳар қалай, оллонинг бир етим бандаси экан, қўлингдан келганича яхшилик қил унга, савоб бўлади, деган эди. Эртаси куни Карим ҳам Темирга, “Ҳой биродар, энди сендан пул оладиган тентак йўқ, хурмачанг тўлгунича ич, боридан е, менга сенинг сариқ чақанг ҳам керак эмас”, деган эди. “Одам одамга қайси кунда ярайди, ахир?”. Бу гапдан Темирнинг кўнгли файзиёб бўлиб, гўё кўксида мадда боғлаб ётган бир нарса ёрилгандек, томирлардан қон ҳам тиниқ тортиб қолгандек бўлди: у шоша-пиша ташқарига қушдек отилиб чиқиб, буфетнинг ортидаги хилват жойда роса йиғлаган, кейинроқ ўзи айтгани каби, камида икки челак кўз ёш эди. Чунки бу балокаш дунёнинг на ёруғ кунларига, на зулматига умиди қолмаган бир банда учун оллонинг бундан ҳам ортиқ инояти бўладими, ахир?..

–Ҳой, Темир, ичмасанг мундоқ чеҳранг ҳам очилмайди. Башарангга қараб, Ҳазрат Аббос ҳақи, менинг йиғлагим келади! – Маҳмуд афтидан, Темирни ҳолжонига қўймоқчи эмас, жаҳли чиқаётганиданми, уйқуси келаётганиданми, ҳар қалай, Темирнинг асабларига тегишни, унинг қуюшқондан чиқишини истарди. – Одам деганнинг мундоқ чеҳраси очилиб юради. Сен эса кундузи бир одам бўласан, кечқурун бошқа одам. Сени кундузи кўрган киши, бу одам пайғамбар бўлса керак, деб ўйлайди.

–На мен пайғамбар бўла оламан, на сен. Иккимиз ҳам безбет бир махлуқмиз. – Темир сигаретни ютоқибтортар экан, бир-икки марта бўғилиб-бўғилиб йўталгач, давом этди:

–Ҳой Маҳмуд, – негадир у овозини баландлатди. – Сен дунёнинг ҳамма жойида одамзот бир-бирини кириб ётибди, дейсан. Мен эса, қирса жаҳаннамга, дейман. Яъни айтмоқчиманки, бу дунёнинг дарду ғами менга қолибдими? Хўш, азизим, менинг фаҳмим етган нарса шуки, охир-оқибат Темирнинг ҳам бошига етишади, эртами-кечми, ҳамма бир-бирини қириб битиради. Сабабани айтайми? Одам аввало одам бўлиши керак. Бизнинг эса ҳаммамиз – каттадан то кичик – барчамиз одамгарчиликдан чиқиб кетдик. Айтмоқчиманки, ҳамма ваҳшийлашиб кетди.

Мошу ҳушёр тортди, кўзларини очиб, пиқ-пиқ кулди.

–Кулма Мошу, кулма Темир тоторга нима бўпти, Темир тоторнин ҳам калласи бор.

–Бор, биродар, бор! – Маҳмуд Мошунинг биқинига туртиб қўйди. – Нега бўлмасин экан, калланг нақ тонинг калласидай келади. Аммо шу вино сенинг миянгни суюлтириб юбормаса, уйингни куйдирмаса деб қўрқаман. – Маҳмуд Мошуга қўшилиб қаҳқаҳ уриб кулди. У амин эдики, энди бу сўзлардан кейин Темир қуюшқондан чиқади, ҳамиша бўлганидек ё русчалаб, ё тоторчалаб албатта болхонадор қилиб сўкина бошлайди. Мошу ҳам, Маҳмуд ҳам бунақанги сўкишларни камида минг маротаба эшитган эдилар. Аммо бу гал Темир на қуюшқондан чиқди, на сўкинди. Лом-мим демади. Бироз сукутга кетгач, яна тилга кириб:

–Э-воҳ, Маҳмуд! – деди. – Ўқимишли одамсан, офарин сенга, эл-юрт орасида фельдшер деган от чиқаргансан, худо ҳақи, райкўмчалик обрўйинг бор… Кимнинг боши ёстиққа етса, сени чақиради. Амммо сафсатабозсан. Биласанми нега? – Темирнинг овози тағин пасайиб, мотор шовқинида қарийб эштилмай қолди.

–Хўш, нега? – Бу гал маҳмуд жаҳлидан ўзини зўрға босиб қолди.

–Чунки дард кўрмагансан!

–Вой! Буни қаранглар! – Маҳмуд ўгирилиб Мошуга боқди. – Биродарлар, мен беш-олти ёшларимда ота-онасиз қолганман. Онам ёдимга тушса, ҳали-ҳали жигар-бағрим ўт олиб ёнади. Хўш, бу дард бўлмай нима?

–Кейинчи?

– Кейин нима бўларди? Гапини қаранглар? Нима, менинг қариндош-уруғим йўқ деб ўйлайсанми? Холам асраб олди мени, едириб-ичирди, кийинтирди. Гўри нурга тўлсин… Ҳозиргача қайси бировга қанақа ёмонлик қилибман, биродар? – Маҳмуд ранжиган, овозида зарда бор эди.

Темир кулиб:

–Яна гапимга тушунмадинг! Ўй-ўй-ўй! – деди. Мен бошқа нарсани айтаяпман, Маҳмуд. Одам борки, бу дунёга келганида дард билан келади, одам борки, туғилганидан бошлаб ҳеч қачон ўзига сув юқтирмайди. Сен кейинги тоифадансан.

–Хўш, нима бўпти? Келиб-келиб занжилар бир-бирини қириб ётгани учун йиғлашим керакми? Бугун телевизорда кўрсатишди, ё тавба!

bannerbanner