Читать книгу Қатл куни (САМАДЎҒЛИ ЮСУФ) онлайн бесплатно на Bookz (3-ая страница книги)
bannerbanner
Қатл куни
Қатл куни
Оценить:
Қатл куни

4

Полная версия:

Қатл куни

–Ана, кўрдингми! – Темир бош тебратди. – Мен ҳам шуни айтяпман-да! Қоралар қораларни қирмоқда,

оқлар оқларни. Чунки, оғайни, мен айтган ўша гап:

одамлар одамгарчиликдан чиқишди, ваҳшийлашиб кетишди!

Маҳмуднинг бошига оғриқ кирди. У суҳбатнинг бу томонга бурилиб кетишини кутмаган эди. Темирнинг мантиқига ҳам кўника олмас, Темирнинг “дард кўрмагансан” деганига бироз асаби бузилган эди. Бу замонда ҳеч кимсага “дард кўрмагансан” деб бўладими. бу ғирт туҳмат-ку, ахир ҳар бир одамнинг елкасида тоғдай дарди бор, кимдир бу юкдан эгилиб қолади, тўрт оёқлаб увлай-увлай тоғ-тошларга бош олиб кетади. Маҳмуд уруш йилларида колхоз омборчиси Мусо Қайчилининг халойиққа улашган кунжараларини хотирлади: болакайлар, қизалоқлар бир-бир кўз ўнгидан ўта бошлади: қора уйларда, чироқнинг хира ёруғида қатор ўтириб, катта-кичик барчанинг кунжара егани эсига тушди. Бу дард бўлмай нима, ахир?.. Темирга нимадир демоқчи бўлди, аммо тилининг учида турган бу гапни айтмади, негадир шаҳарда бемор ётган қариндоши ёдига тушди. Тун зулматими, ёки мотор шовқиними сабаб бўлиб, беморнинг чуқур ботган кўзлари, айнан кунжара рангидаги чеҳраси шундоқ қаршисига келди-қўйди: гўё нигоҳлари олдида тутилган ой турар, бу ой қора булутлар ортида сўниб бораётганидек эди. Бу не ҳол бўлди? Нега Темир тоторнинг икки оғиз гапи уни мутаассир қилди, – ҳарчанд уринса-да, бунинг боисини англай олмади… Ва қўққисдан Маҳмуднинг миясига бир фикр келди: одамларни бир-бирига боғлаган нарса – дарддир. На ой шуъласи, на ҳаво, на тупроқ, йўқ, буларнинг ҳеч бири эмас – дард, фақат дард, фақат дард, холос. Дард шундай узун бир арқонки, у дунёнинг белини камар каби тортиб турибди, ҳамма ана шу камарга ёпишиб бир-бирига жипслаша боради…

Мошу уларни муросага келтирди, Маҳмуднинг ҳам, Темирнинг ҳам жим қолганини кўриб, тағин бояги суҳбатга қайтди.

– Ҳаммасига сабаб шуки, – деди у, -мамлакатимизнинг барча тинчликсеварлик ташаббусларини империалистлар рад этяптилар. – Унинг овозига ўхшаш кескин бир оҳанг бор эди. Даставвал Маҳмудга гўё қайиқда телевизор қўйиб қўйилгандек туюлди. Сўнг нимадир ёдига тушиб, бақириб юборди:

–Ана топдим! Худо ҳақи, топдим, ҳой Темир! “Почин” – ташаббус дегани. – Мошу томонга бурилди. – Офарин сенга, Мошу повон! Магнитогорск металлургларига ҳам офарин! – Маҳмуд ҳамма нарсани унутди.

Шу маҳал бир ҳодиса рўй бердики, уларнинг ҳеч бири нима бўлаётганини англай олмай қолишди: қайиқ қўққисидан чапга ёнбошлаб қолди, ичи йўловчиларнинг тиззаси қадар кўпикли сув билан тўлди, айни пайтда гувиллаш бошланади, фавқулодда турган шамол улкан дарра каби бошлари устида шувиллаб, Маҳмуднинг қулоқчинини юлқиб сувга отди; одамнинг суяк-суягидан ўтиб кетадиган изғирин учаласини ҳам музлатиб қўйди, учаласининг ҳам тишлари такиллаб, суяклари қақшай бошлади. Сўнг ҳаммаёқ тинчиб қолди, тўғрироғи, бошланмай туриб тинди. Чунки қайиқ шу дақиқадаёқ ўнгланди, атрофдаги ҳамма нарса ўз маромига тушди. Мотор тариллаб ишлар, Темир тоторнинг қайиғи манзил сари сузиб борарди.

–Тавба, бу қандай бало бўлди? – Маҳмуд оёқлари остига, қайиққа тўлиб қолган сувга тикилди. Темир тоторнинг фонуси сув ичида ишдан чиққан ўчиб қолган эди.

Мошу Маҳмуднинг пинжига кириб кетди.

–Нақ бошимизнинг устидан тайёра ўтгандай бўлди. – Мошунинг овози титраб зўрга чиқди.

Маҳмуднинг бош оғриғи юрагига кўчиб ўтди: у лабларини базўр очиб, фақат шу жумлани айта олди:

–Ўзинг асрагайсан, худойим…

Сўнг учаласи ҳам булутлар орасида сузиб бораётган ойга боқди. сўл қирғоқда, тепаликлар остида қадимий қабристоннинг қабр тошлари қорайиб кўринарди.

Ниҳоят, Темир ҳам тилга кирди.

–Ўзинг асрагайсан, худойим, – деди у ва юм-юм йиғлади.

Бу рутубатли, ёмғирли ва безовта ҳавода учаласи ҳам ёлғиз бир нарсадан бехабар эди. Ўнг қирғоқдаги тепаликлардан нарида ястаниб ётган қорли тоғларнинг энг тепасида, чўнг қояларнинг муз боғлаб ётган тошлари орасида бир коҳо бор эдики, кимгадир, қаердандир бу коҳонинг номи аён эди: Бобо Коҳо эди бу ғорнинг номи.

Мошунинг онаси, Зулфиқор отанинг ўртанча қизи Салотин ҳовлидан келаётган гангир-гунгур овозларни эшиттиб кўнглида “шукр” деб қўйди: чунки у анчадан бери Мошудан ташвишда эди, бундай ҳавода яратганнинг бир дайди ва бенаво бандасига – Темир тоторга ёш болани ишонганидан, бунинг устига, нариги қирўоққа жўнатганидан юраги нотинч эди. Аёл, Мошу кетгандан бери, деразадан ҳавлига, ҳовлидан ташқарига. дарвоза ортида қишлоқнинг сийрак чироқлари шуъласида бўзариб ётган лой-балчиқли йўлга қайта-қайта тикилган, баланд тоғлар томондан тўп-тўп бўлиб оқиб келаётган булутлар орасида сузиб юрган ой шуъласида қорайиб кўринаётган олис ўрмонларга такрор-такрор боққан ва ҳар сафар, кошки Темирнинг кайфи бўлмаса эди – илоё бу зорманда ароқни, винони чиқарганни ер ютсин – болани эсон-омон уйга қайтариб олиб келса эди, дея кўнглида неча бор худога, барча азиз-авлиёларга илтижо қилган эди. Мошу кетгандан кейин Салотин отасининг қистови билан чириган зинапоялардан пастга тушиб, товуқ катаги билан ёнма-ён, ҳавоси хийла оғир хонадан қадимий мис самоварни инқиллаб-синқиллаб иккинчи қаватга олиб чиқди, сўнгра яна пастга тушиб, селопдан олган қоғоз халталаридан бирини кўмирга тўлдириб чиқди ва ойнаванд айвонда чой қайнатди. Зулфиқор отанинг бир одати бор эди: уйига қай маҳал бирор кимса келиб қолса, аччиқ қилиб дамланган чой қуйиб бермасдан чиқариб юбормас эди. Келадиган киши ҳурматли одам, дўхтир ё фелъдшер бўлса-ку, айтмай қўя қолайлик.

–Шукр, келишди! – деди Салотин юзини дераза ойнасига босиб: рутубатли ҳаво шишани музга айлантириб қўйган эди. Ташқарига синчиков боқар экан, Мошу Маҳмуд ва Темир тоторнинг қорасини кўрди – учаласи ҳовлидаги тутнинг остида туриб олиб нималарнидир гаплашар эдилар.

–Ҳой, тентаклар, лақиллашиб ўтирадиган пайтми ҳозир! – Бир хаёли ойнани тақиллатмоқчи бўлди, аммо пастдагилар буни эшитмаслигини англаб, бу фикридан қайтди. Ортига қайтиб, кўрпани иягигача тортиб ётган, оғир-оғир нафас олаётган Зулфиқор отага тикилди: унинг юзлари сўлиб қолган, ёноқлари сарғайган киприклари пир-пир титрарди.

–Вой, уларга нима бўлди, нега чиқишмаяпти экан? – Салотин безовта бўла бошлади.

Зулфиқор ота кўзларини очиб:

– Келишдими? – деб сўради.

– Ҳа.

– Самовар нима бўлди?

– Нима бўларди, анчадан бери шақиллаб ётибди.

Темир тотор ичкари кириши билан брезент ёмғир-

пўшини бир чеккага улоқтирди. Салотин билан бош силкиб саломлашди, сўнг бурнини бир-икки

тортиб, эшик олдида тиз чўкди. Мошу ҳали таш-

қарида, дарвозани беркитиш билан овора эди. Маҳ-

муд овозини баралла қўйиб:

– Ҳа, Зулфиқор ота, қачон бу шайтонлигингни таш-

лайсан?! – дея каравотга яқинлашди, кўрпа остидан

Зулфиқор отанинг ориқ қўлини топиб, томирини

ушлаб кўрди: унинг томир уриши яхши эди, ҳатто

дастлаб Маҳмуд, чол чиндан ҳам шайтонлик қил-

япти, деб ўйлади… Аммо беморнинг сарғайган пе-

шонасига, кўзлари атрофидаги кўкимтир доғларга

қараб бу фикридан қайтди. – Салотин Темирнинг биқинидаги чамадонни Маҳмуднинг ёнига олиб

борганида Зулфиқор ота кўзини очди, Маҳмудга

қаттиқ тикилиб деди:

– Охири кетар бўлдим, Маҳмуд… Бу дард аввалги

дардлардан эмас, дардингни олай.

– Қўйсангиз-чи, ҳой ада, арвоҳлар ҳақи, кўнгли-

мизни бузманг, гуноҳ бўлади. Нима бўпти сизга?-

Салотин жаҳл билан тўнғиллади, бу билан гўё у

Мошуни Маҳмудга жўнатгандан бери юрагида йи-

ғилиб ётган зардобини бир йўла тўкиб солди.

Зулфиқор ота яна Маҳмудга тикилди: унинг

оппоқ ўсиқ қошлари қаншарига уюлди, оқарган

кўзлари Маҳмудга боқса-да, гўё ҳеч нарсани кўр-

масди.

–Худо ҳақи, бу Салотин мени ўлдиради… Худди

итдай қопади мени, – деди у.

Салотин йиғлагудек бўлди:

– Вой, ҳой ада, дардингизни олай, мен ахир сизга

нима қилдим?

Маҳмуд Салотинга қараб, жим бўл, ахмоқлик қилма, кекса киши билан баҳслашмайдилар, деган

маънода кўз қисди.

– Зулфиқор ота, – деди Маҳмуд, – сен ҳеч нарсадан

безовта бўлма. Юрагингга қойил, худди мотордай

ишлаб турибди, Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади-да, ахир!..

– Йўқ болам, Сарича ўғли Муҳаммад изимдан туш-

ди.

– У ким бўлди? – ташвишланиб сўради Маҳмуд.

– Пайконлининг урядниги.

Бу сафар Салотин шундай бақириб бердики, Маҳ-

муднинг қулоқлари жаранглаб кетди.

– Вой жаҳаннамда куйиб кул бўлгур! Вой қора

тупроқда ияклари ириб-чириб кетгур! Падарига минг лаънат ўшанинг, буни жинни қилиб қўйди у!

Маҳмуд ғалати бўлиб кетди, аниқроғи, Салотин-

нинг гапларидан ҳеч нарса тушунмади, қўрқувга

тушди, гўё бу гапларни каравот қуйисига суяниб,

отасига ғазаб билан боқаётган Салотин эмас, бош-

қа биров айтгандек туюлди унга. Чунки, Маҳмуд-

нинг назарида, одамларнинг бу оҳангда гапириши

мумкин эмас эди. Урядник ким бўлди экан? Маҳ-

муд ўгирилиб, боядан бери ит каби ғужанак бўлиб

эшик олдида ўтирган Темир тоторга нажот тила-

гандек илтижоли боқди. Боши осилиб қолган Те-

мир мудрар, ҳозир дунёни сув босса, унинг тўпи-

ғига чиқмас эди. Мошу ҳам ҳовлидаги ишини би-

тириб, юқорига чиққан, бир бурчакда ўтириб олиб,

чойшаб билан оёқларини артарди. Маҳмуд чамадо-

нини очиб, ичидан ялтироқ қути олди, ампулалар-

дан бирини синдириб, шприцга дори тортди, сўнг

уни ёруққа тутиб, аста-секин ҳавосини чиқарди.

– Салотин, – деди у, – ҳадеб вайсайверма. Кел, мен-

га ёрдам қил.

Зулфиқор ота:

– Нима уряпсан, дардингни олай? – деб сўради.

– Кардиаминус жартес!

– Яхши дорими ўзи, бизникими ёки четники? –

деди Салотин маҳмуддан сўради. Кейинги беш-оллти йил ичида Салотни ҳам отасининг касалига, ҳам ўз дардига (унинг оёқлари шишар, тез-тез нафаси сиқарди) фақат четнинг дорисини даво деб биларди. Зиғирдай бош оғриқ дорисини кўрганда ҳам дарҳол қаерники эканлигини суриштирарди.

Зулфиқор ота пихиллаб, ориқ томоғидаги лиқилдоғи ўйнаб кула бошлади. Чунки у ҳам, Маҳмуд каби, “жартес” нинг маъносини биларди, бу сўз армани тилида “йиқилди”, “ўлди” деган маънони билдирарди.

–Дардингни олай, – деди Зулфиқор ота ўзини тия олмай, – ўша жартесингдан биттасини Салотингаям ур! Ҳо-ҳо-ҳо… ҳи-ҳи…

Маҳмуд Зулфиқор отанинг бу ҳазилига тушуниб, қаҳ-қаҳ урди. Салотин таажжуб билан гоҳ отасига, гоҳ Маҳмудга қаради, елкаларини қисганича ўгирилиб ўғли Мошуга боқди. Мошу ҳам гап нима ҳақида кетаётганини тушуниб, жилмайиб турарди, онаси ўзига қараганини кўриб, деди:

–Бу… дорининг оти-да, ойи! Нима, сен дўхтирмисанки, мунча суриштирасан?

–Сўрасам нима қипти, ҳой зумраша? Вақтида ўқиган бўлсайдим, энди кулги бўлиб ўтирмасдим! – дея Салотин ҳам жилмайди, лекин ҳеч нарсанинг фарқига бормади, чунки гапирса тағин кулги бўлишини биларди, қисқаси, азалдан бу уйнинг таомиллари ичида шундай бир қоида бор эдики, Салотин ҳамиша ана шу қоидага амал қиларди, яъни бу уйда ҳазилдан, кулгидан ҳеч ким хафа бўлмас, аслини олганда, бу уйнинг бут-омонлигини, хайр-баракатини сақлаб келаётган омиллардан бири ҳам ана шу ҳазил-ҳузул, яхши, ширин сўз эди.

маҳмуд игна урганидан сўнг Зулфиқор отанинг

қўлини оҳиста кўрпа устига қўйди, ҳар эҳтимолга

қарши иссиғи борми-йўқ деган фикрда кафтининг

орқасини чолнинг пешонасига босди. Бироқ чол-

нинг пешонасидаги совуқлик, тўғрироғи, қўлларига

чиппа ёпишган муз унинг юрагини ғаш қилди. “Бу

тағин нимаси?” – дея кўнглидан ўтказди ва негадир

боя бу ерга келаётганларида қайиқда рўй берган

воқеани эслади: гўё Зулфиқор отанинг пешонаси-

даги совуқлиқ ҳалиги қўққисдан турган шамолнинг

совуқлигига ўхшарди. Зулфиқор ота тағин кўзлари-

ни очиб, бир-икки марта ютинди, чуқур кўзлари

тағин ичкари ботди, ҳалқуми бир қалқиб тушди.

– Ҳой, Салотин, – деди у, – анави етим қани, Темир

тоторни айтяпман.

Салотин қўли билан Темир тотор тиз чўккан то-

монни кўрсатиб:

– Ана у, -деди, – маза қилиб ухлаяпти!

– Уни пастга олиб туш, жой солиб бер. Егулик

бирор нарса ҳам бер, қорни очдир. Олдига битта

ароқ ҳам очиб қўй.

– Маст бўлиб олиб, яна дарахтга тармашсин дей-

сизми?

– Йўқ, бундай қилмайди. Туннинг бу маҳалида

қаёққа ҳам борарди? Гум-гурс бўлиб ётади… Қай-

тишда ароқдан бизга ҳам олиб кел, дўхтир билан

юзта-юзта қилайлик.

Салотиннинг кўзларида тағин ғазаб чақнади:

– Вой?! Ҳозиргина игна урмадими сизга?

Маҳмуд деворга тираб қўйилган курсилардан би-

рини тортиб ўтирди. Қўлини юқори кўтариб, Са-

тиннинг гапини бўлди:

– Бўлади, юз грамм мумкин. Сен одамни бутун-лай чалажонга чиқариб қўйма. Бор, ароқни олиб кел.

Салотин Темир тоторнинг ёнига бориб, унинг қўлидан тутганича силкита бошлади:

– Темир, ҳой темир!

Темир чўчиб кўзларини очди. Унинг кўзлари қизариб кетган эди.

–Ҳа?!

–Тур, ҳой етим, пастга тушамиз. Сенга ароқ бераман.

Темир тотор “ё оллоҳ” деб ўрнидан турди, бир муддат уйқусириган кўйи ҳайрон бўлиб хонанинг уёқ-буёғига кўз югуртирди: гўё у бу кенг, устунли хонани, шифтдаги оқ зўғатага ўтказилган чароғон электр чироқни, деразадан анча нарида эшик билан юзма-юз қўйилган никелли каравотни, ҳатто бу каровотдан кўрпага ўралганича узаниб ётган Зулфиқор отани, қолаверса, Маҳмудни, Салотин ва Мошуни илк бор кўраётгандек эди. Темир тотор Салотиннинг оғзидан чиққан “ароқ” сўзини яхши эшитмади, деб ўйлади Маҳмуд, чунки унинг чарчоқ ва уйқусизликдан синиққан, пастки лаби осилиб тушган юзида бирон-бир ўзгариш содир бўлмади; зеро, Темир тотор Темир тотор эмас эдики, ароқ сўзини эшитганда қирғий каби жавлон урмаса!.. Хуллас, зўрға оёққа қалққан Темир тотор бу хонага кириб келганидан бери илк бор тилга кирди:

–Хайрли тун, Зулфиқор ота!

Зулфиқор ота ўрнига Салотин жавоб қилди:

–Хайр, хайр, ҳой Темир… Юра қол, пастга тушайлик, жой қилиб бераман, дамингни ол!

Улар хонадан чиқиб кетгандан сўнг – Темир ташқарида зинапоялардан йўтала-йўтала тушиб борарди – Зулфиқор ота Маҳмудга деди:

–Дардингни олай, Маҳмуд, сени кейинги пайтлар кўп безовта қиляпман. На илож, қариликнинг куни қурсин… Оллоҳ одазотга битта жон берар экан, минг бир дард… Аммо, худо ҳақи, рост айтяпман, бу дард аввалгиларидан эмас. – Қария зўрға гапирар, нафаси бўғзига тиқилиб қолар, асабий одамлар каби сўзларни зарб билан айтарди. Ёстиқ устида Зулфиқор отанинг боши тухумдай кичрайиб қолган эди.

–Ҳой бува, арвоҳлар ҳақи, сенга ҳеч нима бўлгани йўқ. Худо хоҳласа, эрталаб туриб олиб мен билан ароқ ҳам ичасан ҳали! – Маҳмуд чиндан ҳам ана шу фикрда эди, чунаи Зулфиқор отанинг кўринишида ташвиш қилгулик бирон ўзгариш йўқ эди. Маҳмудни эсанкиратиб қўйган нарса фақат чолнинг пешанасидан совуқлик эди. Унинг ўнг қўлидан ҳамон ўша совуқлик кетмаган, гўё қўлини муздай сувга ботириб олгандек эди.

–Ноҳақ… ноҳақ ўлдирдим Сарича ўғли Муҳаммадни.

Маҳмуд ўтирган ерида қаддини ростлади, бошини норозилаик билан тебратиб қўйган Мошуга қараб, шайтоннинг аъмолига лаънат ўқиди, ниҳоят, бу урядник воқеасини Зулфиқор отадан сўрашга қарор қилди.

–Кимни ўлдиргансан, бува, қачон ўлдиргансан?! – деди асабийлик билан у.

–Йигирма биринчи йилда, дардингни олай. Пайконлининг урядниги Сарича ўғли Муҳаммадни.

–Бува, ҳозир жамоат ҳар кун бири-бирини ўлдириди, тағин ҳеч нарса кўрмагандек қалпоғини дол қўйиб юради. У воқеа қайдан ҳам сенинг ёдингга тушди, ҳе саломат бўлгайсан!.. – Маҳмуд ўрнидан туриб, гиламнинг устида деворга елка тираб ўтирган Мошу томон юрди, сўнг тағин ортига қайтди. – Урядникми, приставми, бошқами, китоблардан ўқиганмиз, уларни ўлдирганлар, итдай қириб ташлаганлар. Хўш, нима қипти?

–Полномочний. Бокудан келган эди, ўша буюрди, мен ўлдирдим.

–Ана, ана! Ҳозир менга прокурор, бор, фалончини ўлдир деса, мен ўлдирмайманми? Ҳукумат одамнинг бир гапини икки қилиб бўларканми, ўзинг дунё кўрган одамсан-ку ахир! – Маҳмуд суҳбатни чалкаштирмоқчи, ҳазилга буриб юбормоқчи бўлди, аммо ўзига тикилган бир жуфт кўздаги, ўсиқ, уйилган қошлар остидан боқаётган хира, нурсиз нигоҳлардаги қўрқув ва талвасани, муҳими, умидсизликни кўриб, балки чиндан ҳам бу дард аввалгиларидан эмасдир, деган фикрга борди. Бу дунёда ғалати, ақлга сиғмайдиган ходисалар озми, ахир?.. Ўзинг асрагайсан, худойим! Бу қандай беъмани суҳбат бўлди? Йигирма биринчи йилда ажали етган бир банданинг бугунги оқшомга, бу уйга, бу шуълага нима дахли бор, тавба? чол шу аҳволда кетаверса, ҳам ўзи жинни бўлади, ҳам уйдагиларнинг ўтакасини ёради.

Уйқудори берсаммикан, эрталабгача хуррак отиб ухлар эди? Аммо бу фикридан воз кечди. Чунки Зулфиқор ота кейинги беш-ўн кун ичида хийла заифлашиб қолган, бу аҳволда унақа дорилар ё хастанинг кўнглини беҳузур қилиши, ё бошини айлантириш мумкин эди.

Маҳмуд деди:

–Зулфиқор ота, сен бемалол ухла. Туннинг савобидан кундузнинг гуноҳи яхши, дейдилар. Эрталаб роса эзмалашамиз, ўша урядник воқеасини айтиб берасан, биз Мошу билан эшитиб ўтирамиз.

–Қонли Чаноқ нинг этагида тутиб олдим уни… – Зулфиқор ота кўзларини юмди, уйқуга кетганга ўхшаса-да, гапини узмай давом эттирди. – Шўрлик мени кўриши биланоқ тиз чўкди, ҳой Зулфиқор, ўлдирма мени, болаларимга жавр бўлади, деди… Юз-кўзларини тук босиб кетган, занжидай қоп-қора киши эди раҳматлик, кўрсанг, олабўжими бу деб қўрқиб кетардинг… “Ҳой Муҳаммад, Бокудан полномчний келган. Салҳов Одил Қамбарович. Унинг айтишича, сен халққа кўп азоб берган эмишсан, синфий душман экансан, мен сенинг жасадингни элтиб унинг оёқлари остига ташласам, ўзимни сургун қилади. Сибирнинг музларида, бир шахтада чириб ўлиб кетаман”, дедим… Ўлдирма, деб ёлворди у тағин. Йўқ, дедим. Ўлдирма, деди яна илтижо қилиб. Ёнида бир ясси тош турган эди, бошини ўша тошга қўйиб йиғлдаи. – Зулфиқор ота кўзларини очиб Маҳмудга тикилди ва сўради: – Маҳмуд, умрингда ҳеч йиғлаган одамни кўрганмисан, болам?

Маҳмуд тағин суҳбатни чалғитмоқчи, ўртадаги тарангликни юмшатмоқчи бўлиб, ҳазил қилди:

–Нега кўрмаган эканман, Темир тотор икки стакан вино ичиб олгач, Тамарани эслаб йиғлагани-йиғлаган-ку!

Зулфиқор ота:

–Уйи куйсин Темирнинг, – деди. – Мен унақа йиғлашни айтмаяпман, болам. Мен бошқача йиғлашдан гапиряпман… – Чол яна кўзларини юмди, унинг киприклари деворга қўниб турган, кучли чироқ шуъласидан чўчиётган капалак қанотлари янглиғ титрар эди.

Чол анчагача жим ётди. Маҳмуд қўлларини кўкрагига чалиштариб эснади, ҳар ҳолда, ҳам толиққан, ҳам алламаҳал бўлиб қолган, уйқу босиб келмоқда эди. Мошу уни олиб келиш учун боргандаёқ, ҳозир бориб хастага нина санчаман ёки дармондори бераман-да, қўшни хонадаги Салотин солган тўшакда эрталабгача мазза қилиб ухлайман, деб ўйлаган эди. бундай ҳавода уйқудан яхшироқ нима бор, йўлда этини увиштириб, суякларини қақшатиб юборган рутубат ҳамон аъзойи баданидан тарқагани йўқ эди. Бу Салотин деганлари қаерларда юрибди экан, ароқ-пароқ олиб келса, ичиб олиб, ҳам бир оз қизишган, ҳам бу қариянинг сафсаталарини унутган бўлур эди… Маҳмуд Зулфиқор отага тағин синчиклаб тикилди… Йўқ, ростдан ҳам аҳволи унақанги оғирга ўхшамайди, томир уриши яхши, қон босими ҳам жойида, на юзида иситма бор, на бош оғриғидан шикоят қилади. Афтидан, босинқираб, тушида ўша урядник-пуряднигини кўриб, иштонини хўл қилиб қўйган бўлса керак. Эвоҳ, лаънати кексалик!.. На мундоқ одамдай яшагани қўяди, на бу дунёнинг аччиқ-чучугидан бир йўла жонингни қутқазиб кетишинг учун осон ўлим беарди. Вақт-соати етганда одам омонатини осонгина топширгани яхши. Бу дунёда узоқ яшаб, ушланиб қолганларнинг қисмати бир хил: қора тупроқ бағрига боришдан аввал беҳисоб азоб-азиятлар чекадилар. Ўтган йилларини бир-бир эслайдилар, ана шунда уларнинг хотираларидан бир чирмовуқ ўсиб чиқиб, бу чирмовуқ уларнинг юракларини, мияларини аста-секин емира бошлайди… Маҳмуд, Зулфиқор ота ухлаб қолди, деб ўйлади. Чунки паст овозда уни бир-икки чақириб кўрган эди, қария жавоб бермади. Аммо Зулфиқор ота ухламаган эди. У ушбу балокаш дунёнинг икки ҳақиқати ўртасидаги вақт сарҳадидан ариги томонга – Қонли Чаноқнинг тош-тупроқли этаги тарафга, юксакда савлат тўкиб турган чўнг қояларнинг олачалпоқ соялари томонга, қорли тоғлар бошидан эсаётган муз нафасли бир шамолнинг шундоқ қаршисига сакраб ўтган эди. Ул манзилда ёшгина бир йигит қўлбола папиросини қалин, ҳабаши лаблари орасига маҳкам қимтиб, кетма-кет ютоқиб тутун сўрганича, гап қўлида бешотарни ҳозирлаб турарди: қора ўсиқ қошлари остидаги ўткир нигоҳи атрофдаги тошлар, қоялар орасидан кимнингдир шарпасини ахтарарди. Милтиқли киши бу ерга, осмоннинг еттинчи қаватига кўтарилишидан олдин бир неча кеча қора уйда, чироқ ёруғида ўтириб олиб, қўлбола папиросини тутата-тутата жуда кўп нарсаларни чамалаб кўрган, ҳаммаисни қайта-қайта тарозига солган, уйига сиғмай ташқарига чиққан, сукутга чўмган самонинг қоқ ўртасидаги ой шуълалар сепиб ётган Кур дарёсининг шошқин сувларига термаулган, атроф-жавонибдаги сеҳрли шитирлашларга қулоқ солган, ниҳоят, ёғланган милтиғининг тепкисини ўрнатиб, ёпқинчиққа ўранганича саҳар мардонлаб, ҳали қушлар ҳам уйғонмаган бир маҳалда Қонли Чаноқ сари ўрлаб кетган сўқмоқдан йўлга тушган эди. Энди бу милтиқли киши у ердан сўппайиб қайтиши мумкин эмас эди, дунё тўнтарилса ҳам, қорли тоғлар. Муз боғлаб ётган қоялар унинг устига ағдарилса ҳам, милтиқнинг тепкиси албатта босилиши, бу тоғлар, дараларга ваҳима солиши муҳаққақ эди. Бошқа нажот йўқ эди: одам пешанасига ёзилгггганини кўради. Ҳар кимнинг бу дунёда ўз қисмати бор. Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди.

“Товариў Салахов, будет сделано!”

Сўнгра Сарича ўғли Муўаммаднинг жасадини чалқанча қилиб отга ўнграганида, тоғлар томондан кучли, гувиллаган бир шамол эса бошлаганида у милтиғини елкасига осар экан, кўзларини қисиб атрофга узоқ термулган эди: отилган бир жуфт ўқ овози ва унинг ортидан Сарича ўғли Муҳаммаднинг йўлбарсдек ўкириб йиқилганини айтмаганда, бу жойларга дунё яралгандан бери биронта инс-жинснинг қадами тегмаган деб ўйлаш мумкин эди. Силласи қуриб, қон ҳиди олганидан сувлиғини чайнаб-чайнаб оғзи кўпикка тўлган отга қарагани ҳам мажоли қолмай, девона каби фарёд солган эди:

–Куйдим, кул бўлдим, эй тоғлар!..

Салотин қайтиб келди, мошу ойнаванд айвонда ойисининг қадам товушларини эшитиб, кўзларини ишқалай-ишқалай ўрнидан турди ва бориб эшикни очди. Салотин хансираганича бир оз гандираклаб ичкари кирди: қўлидаги каттакон патнисда бир шиша ароқ яхна товуқ, қатлама, ҳар хил кўк-кўкатлар бор эди. Ароқни кўриб Маҳмуднинг кўкси бир қалқиб тушди, кўнгли аҳдарилиб келди, аммо бу ҳол жуда тез ўтиб кетди: Халил кабобпазнинг дим кабобхонасида Салим билан ичишган тут ароғини, сўнг кўп ичиб қўйганидан уйида ўтиргани жой тополмай қолганларини эслади ва ҳозир ичмасам бўлармиди, деган фикр кўнглидан кечди. аммо шу заҳотиёқ бу фикрнинг ўрнини бошқа бир фикр, Маҳмуднинг ўз таъбири билан айтганда, мантиқсиз ва фавқулодда бир фикр эгаллаб олди: йўқ, албатта, ичиши керак, ҳеч бўлмаганда юз грамм отмаса, чарчоғи чиқмайди.

Зулфиқор ота шивир-шивирларини эшитиб кўзини очди ва қизидан сўради:

–темир нима бўлди?

Салотин патнисда келтирган нарсаларни Мошу ёрдамида каровотнинг бош томонидаги стол устига териб чиқди, чўнг бояги каби ҳансираганича:

–Илоё ўлсин, – деб кулди, – атиги бир бурда нон еб, ароқнинг ярмини бўшатди. Тамаранинг ота-онасининг гўрига ҳишт қалаб, сўкина-сўкина йиқилиб қолди.

Маҳмуд сўради:

–Йиғламадими?

–Йўқ-ў-ўқ!.. Бирпасда кайфи ошиб қолди… Аммо, Маҳмуд дўхтир! – Салотин орқага чекинди, кучли чироқ шуъласида томирчалари реша-реша қизарган кўзларини унга тикди. – Юраги шу қадар юмшоқ, шу қадар мулойимки… Кошки дунёда шунақа одамлар кўп бўлса. Худо ҳақи, ўшанда ёмонликдан асар ҳам қолмасди.

–Унда ҳаммамиз пиянистага керак экан-да! – деди

Маҳмуд.

Маҳмудга Зулфиқор ота жавоб қилди:

–Худо ҳақи, бу замонда пиянисталикдан яхшироқ нарса йўқ. – Қизининг ўзига бироз таажжуб билан терсайиб қараганини кўриб деди: – Хўш, нима, ёлғон айтяпманми?.. Эшшаклик яхшими ёки пиянисталик? Салотна иягини ушлаб, бош тебратганича:

–Бас, ҳой ада, бас, – деди – муросага келиб турганимизда бизни шарманда қилманг!

Маҳмуд Зулфиқор ота қизишиб, қизига оғирроқ гап қилиб юборишига йўл қўймаслик лозимлигини англади, акс ҳолда бирон жанжал чиқиб, у ноилож ота-болани тинчитиш учун ўртага тушишига тўғри келарди. Шунинг учун дарҳол суҳбатга аралашиб:

–Ҳой, тўхтанглар! – дея шоша-пиша стаканларга ароқ қуйди, ўзига кўпроқ сузди, дарҳол товуқни парчалаб, қатламани ҳам иккига бўлди. – Қани, Салотин, менга ёрдамлашиб юбор-чи! – дея каровотга яқинлашди. Салотин билан биргалашиб Зулфиқор отанинг ёстиғини кўтардилар, сўнг Маҳмуд қўлларини Зулфиқор отанинг қўлтиғидан ўтказиб, уни кўтарди ва ёстиққа ёнбошлатиб қўйди. Столдан қадаҳни олиб Зулфиқор отага узатди.

–Қани, манавини отиб юбор-чи!

–Маҳмуд дўхтир, дардингни олай, чолни хароб қиласан-ку! – деди ташвишланиб Салотин.

Бу сафар Зулфиқор ота Маҳмуднинг оғзини очирмади:

–Аҳмоқона гапларни қўй, ҳой қизим! – унинг овозидан тетиклик Маҳмудга ёқиб тушди. – Ичаман, худди Темирдай ичаман! – дея кўзларини юмди, сўнг ароқни қултиллатиб охирги томчисигача ичди, Салотин узатган юмшоқ товуқ гўштини оғзига солди ва лаззат билан чайнар экан, қўшиб қўйди: Воҳ-ғей, ҳа ноомарднинг чиқарган ароғи!

bannerbanner