banner banner banner
НАМОЗШОМ ХАЁЛИ
НАМОЗШОМ ХАЁЛИ
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

НАМОЗШОМ ХАЁЛИ

скачать книгу бесплатно


Полвон келбатли маслаҳатчи йигит нимадир сўрамоқчи бўлган эди, Раис қўл ишораси билан тўхтатиб, Мўмин Холга:

– Судни чалғитмай, саволга жавоб беринг! – деди.

Мўмин Хол довдираганнамо бошини чайқаб:

– Йўқ, – деди. – Ҳеч кимга!..

– Терговчиларнинг зуғум қилганлигини тасдиқловчи гувоҳларингиз борми?

– Йўқ.

– Гапларингизни нима билан исботлайсиз?

Мўмин Хол йиғламсираётган каби аччиқ кулиб-кулимсиб:

– Исбот?.. Исботим йўқ, – деди. Қўлини кўксига босди. – Сиздан илтимос қилсам майлими?

– Бу ерда илтимос кетмайди, – деди Раис. – Илтимосу илтижолар масжидда бўлади.

Маслаҳатчи жувон пиқ этиб кулди, кафти билан оғзини тўсиб, бошини қуйи эгди. Маслаҳатчи йигит эса тез-тез нимадир ёзмоқда эди.

– Майли, – деди Мўмин Хол. – Қўлингиздаги икки варақлик тилхатимга қарши ўн варақлик тушунтириш хати ёзиб келганман. Икки нусхада. Бирини сизга бераман. – Мўмин Хол супачадан тушиб, Раис сари чаққон яқинлашаркан, костюмининг қўйин чўнтагидан тушунтириш хатини чиқарди. – Ҳаммасини тўлиқ ёзганман. Ўқиб кўринг. Бирор тушунмовчилик бўлса, жавоб беришга тайёрман.

Котиб йигит илдам йўлни тўсиб, Мўмин Холнинг қўлидан хатни юлқиб олди. Ва:

– Ўзбошимчалик қилманг! – деди қаҳрчан шивирлаб. – Боринг жойингизга!

Мўмин Хол мулзам ортига қайтаётиб, бир зум серрайиб тўхтади. Сўнг, тағин чўнтагидан бир даста варақ чиқаргач, чаққон Карим Раҳим томонга яқин-лашиб:

– Мани кечиринг, Карим ака, – деди. – Тушунтириш хатимнинг иккинчи нусхаси бу. Сизга керак бўлар.

Кўзларида қизғин бир миннатдорлик ҳамда сўнгсиз бир умид чақнаб, Карим Раҳим дарров хатни олди:

– Раҳмат, ука! – деди. – Кўп яшанг!..

Айни ўша кезда Раис:

– Гувоҳ Холов! – деб, янаям чийиллади. – Гувоҳ Холов, айбланувчига нима бердингиз?!

– Хат… Тушунтириш хатимнинг нусхаси.

Раис илкис Карим Раҳимга юзланиб:

– Айбланувчи Раҳимов, хатни котибга топширинг! – деди – Сизга айта-япман!.. Навбатчи, гувоҳ Холовни кутиш залига олиб чиқинг!

Зумда қаёқдандир яна бир чақмоқдай миршаб пайдо бўлдию, Мўмин Холни мажлисхонанинг адоқ томонидаги бурчакка бошлаб бориб, тахта деворнинг қўл етар жойида кўзга у қадар илғанмаётган қора тугмачани босди. Ўша заҳоти девордан сассиз-садосиз бир эшик очилди.

– Киринг!..

Мўмин Хол ичкарига кирди. Курсига чўкди. Бошини суянчиққа тираб, кўзларини юмди.

… қўрқитишмоқчи! – деб ўйлади. – Албатта-да, буларнинг бари бир гўр. Ё ақлимни киргизиб қўйишмоқчими?.. Бу қанақа суд ўзи?!. Эсингни йиғ, Мўмин Хол, жанг энди бошланади. Беаёв, беомон жанг!.. Во ажаб, қонун одамзоднинг эркини ҳимоя қилиш учун яратиладими ёки одамзод қонунга қул бўлиш учун яралганми?!

IV

Мўмин Хол тарақлатиб телефонни нари сурдию, хафаҳол ҳовлига чиқди. Рўзғоридан бошқа ҳаммасидан, ҳатто, дунёсидан ҳам кўнгли совиганлигини яна алам билан ўйлаб, қоровулхона ёнида тўхтади. Қоровулни чақирди:

– Алибой ака!

– Лаббай, балонгизни олай! – Ҳаял ўтмай, белбоғини кифтига ташлаб, қаро-вул рўпара бўлди. – Аччиққина чой дамлаб қўйибман, Холуф. Бир пиёлагина қуйиб берайми, балонгизни олай?

– Раҳмат, Алибой ака, – деди Мўмин Хол. – Терговчи чақираёпти.

Беихтиёр Алибой қоровул калта кузалган соқолини юлқилаб:

– Ў, падарналат-эй, янами?! – деди.

– Агар кечгача қайтмасам, шофёрга айтинг, кечқурун бизди болаларга билдириб қўйсин. Унгача ҳеч кимга сездирманг, Алибой ака. Шофёргаям!..

– Хўп бўлади, балонгизни олай. Аммо-лекин, сиз кўп хавотирланманг, ҳа-лол-покиза одамларнинг зурёдисиз. Ана, мани айтди дерсиз, балонгизни олай, ўйнаб-кулиб қайтасиз ҳали. Дадил бораверинг, Худо ёрингиз бўлсин!..

Мўмин Хол гавжум хиёбондан юрмай, овлоқ кўчадан хомуш бораётиб, аллазамонлар отасидан бот-бот эшитган бир ўгитни эслади.

… бандасига эмас, ҳатто, дунёсига кўз тиккан ҳам мутедир. Тўғри, мол-дунёсига кўз тикмаганим чин. Лекин, нега бу қадар муте, нима учун бунчалар… Агар хотиним, кўрар кўзимдайўғил-қизларим… Тавба… тавба!..

Раҳматли отасининг нақл қилишича, жаннатмакон Хўжа Аҳмад Яссавий ёлғизгина ўғлининг ўлдирилгани тўғрисида шумхабар келтирган кишига: “Ҳай, аттанг, сапчалигида узибсизлар-да!” деб суюкли оқ отини инъом қилган, ўғли-ни ўлдирган кишига эса қизини никоҳлаб берган экан. Бунақасини нима билан, қанақа ақл билан изоҳлаш мумкин? Нима бу ахир – қиз ҳам кимларнингдир қўлида жувонмарг бўлиши хавфидан қўрқиб, наслу насаб истиқболи ғамидаги саъйи ҳаракатми ёхуд ҳаққа етганликнинг амалий бир кўринишими? Ёки, сен ҳам отангни ўлдирганга онангни бер, деганими?

… отам?.. Ҳа-я, нега бу қадар муте, бу қадар қўрқоқман ахир? Анави имонсизларнинг додини бериш шунчалар қийинми? Агар шундай қилсам… қилолсам… Кейинда келаётганлар учун яхши бўлади-ку!.. Кейингиларбу– рунгиларгар а ҳ м а т келтиргай.Бу дегани – шундай қил, дегани эмасми ахир? Аммо, нима учун шуни ўйлаганим заҳоти юрагим?.. Қўрқоқ-ликданми ё раҳмдилликданми?

Бўйнидан судралаётгандай бўлиб, Мўмин Хол маҳкаманинг oрқa эшигидан ҳовлига кирди. Дабдурустдан заҳар танг қилаётганлигини сезиб, ҳожатхонага ўтди… Кейин, камарини маҳкамроқ тортиб, тарвақайлаган тут тагига борди. Қувурдан жилдираб қуйилаётган муздай сувда қўлини чайди, юзларини ювди.

Маҳкама ҳовлисида ҳеч ким кўринмас, гўё олам гулистон – ҳаммаёқ жим-жит эди.

Нимқоронғи, салқин даҳлизга Мўмин Хол оёғи тортмай кирди. Ва, бирдан юрагининг гупуриб ураётгани қулоқларига аён эшитилаётгандай туюлди. Но-чор даҳлиз адоғи томонга жилди. Ва, хоналардан хоналарга кириб чиқаётган кўзтаниш миршабларга хушлар-хушламас салом бериб ўтаверди.

Яна ўша эшик, яна ўша х о н а.

Секин эшикни очди. Очди-ю, хонанинг ёп-ёруғлигидан кўзлари қараққандай бўлди.

Балоян столга тирсагини тираганча, кафтига юзини босиб ўтирар, Сидоров эса, рўпарада тик турган куйи, унга нимадир уқтирмоқда эди.

– Кир, Холов, кир! – деди Балоян, русчаю ўзбекчани аралаштириб. – Марҳа-мат, отур!

Сидоров шошқалоқлик билан стол устидаги тунчироқ тугмасини босди. Ўша заҳоти тепадаги серчироқ қандил ўчиб, тунчироқ нуридан хона кўройдин бўлиб қолди.

Ва, шунинг баробарида, Мўмин Хол, айни кўксини нимадир совуқ тили билан ялаётганини ҳис этди.

… тавба, қоронғилик қўрқувни янаям кучайтираркан-эй!.. Чидаш… чидаш керак.

Мўмин Хол қўрқаётганлигини сездирмай, атай бардам овозда:

– Келдим, – деди.

– Албатта келасан-да, – деди Сидоров, пихиллаб кулиб. – Биласан-ку!..

Мўмин Хол унга қарамади.

Балоян курсига оғир суяниб:

– Сен шартимизни буздинг, Холов, – деди.

Мўмин Хол чурқ этмади.

– Судда қатнашмаслигинг керак эди, Холов.

– Уйга хат келди, – деди Мўмин Хол. – Унда: судда қатнашишдан бош торт-санг, жавобгарликка тортиласан, деб ёзилган экан. – Чўнтагидан чақириқнома-ни чиқариб, стол устига қўйди. – Ана, кўришингиз мумкин.

Чақириқномага эътибор бермай, Балоян:

– Нима учун судда, терговчилар мени калтаклаб, зўравонлик билан тилхат ёздирдилар, деб айтдинг? – деди.

Сидоров пишиллаб:

– Калтаклаш қанақа бўлишини бу маразга кўрсатиб қўйиш керак, – деди.

Мўмин Хол юввошгина кулимсираб:

– Судда қасам ичиришаркан-да, – деди.

– Чепуха! Ерунда!.. – Балоян сўкиниб, стол ғаладонидан бир даста қоғоз олди. Асабий силкиди. – Судга топширган тушунтириш хатингми шу?

Ғира-шира кўройдинда Мўмин Хол ўз ёзувини таниди. Юраги шув этди. Лекин, миқ этмади.

– Сен ёзганмисан шуни?!

Мўмин Хол унинг кўзларига совуқ тикилди: ҳа!..

– Мана сенга!.. – Балоян тушунтириш хатини бурдалаб-бурдалаб, Мўмин Холнинг юзига ирғитди. – Энди биз ҳам шартни бузамиз, а, Иван?

Сидоров янаям пишиллаб:

– Эй, сен – Македонскийнинг хазинабони! – деди. – Бугун бизга ўттиз минг келтириб берасан!

Қулоқларига ишонмай, Мўмин Хол ялт унга ўгирилиб қаради. Бехос икки қоши ўртасига Сидоров қарсиллатиб чертди. Бирдан қулоқлари шанғиллаб, кўзларидан ўт чақнаб кетди.

– Энди тушунгандирсан, – деди Сидоров ўқрайиб. – Ўттиз минг!..

Балоян ўрнидан турди, соатига қаради, сўнг:

– Раҳимовни турмада чиритвормоқчимиз, – деди. – Лекин, сен унинг қуту-либ қолишига ёрдам бермоқчи бўляпсан. Шунинг учун биз сени ўйиндан чиқа-рамиз. Ўйиндан чиқишинг учун бизга ўттиз минг беришинг керак! Сенга икки ярим соат муҳлат.

– Олтигача келтириб бермасанг, роппа-роса еттида Отбозорга элтиб тиқа-миз, – деди Сидоров. – Бизда тилхатинг бор: Р а ҳ и м о в г а ў т т и з м и н г п о-р а б е р г а н с а н.

Мўмин Хол уларнинг бунчалар жоҳил ва юҳолигини кутмаган, бинобарин, тамомила гангиб қолган эди, мунграйиб, аллатовур бегона овозда:

– Менда пул йўқ, – деди.

– Вар, сеники пул коп! – деди Балоян. – Бугун кассиринг ўн бирда банкдан бир халта пул олган. Тўғрими?

– Ишчиларнинг пули…

Бизга барини эмас, ўттиз мингини келтириб берасан.

Сидоров рўпарасида тўхтаб:

– Агар олтигача келтириб бермасанг, эрта соат ўнда хотининг билан қизинг-ни Отбозорда биғиллаб йиғлаётганини қўшни камерада эшитиб ётасан, – деди-да, пихиллаб кулди. – Кейин… Уёғини ўзинг билиб олавер!

Мўмин Хол қўлларини мушт қилиб тугмоқчи бўлди. Лекин, уддалаёлмади. Сездики, мижғилаб ташлангандек, вужудида эзғин бир лоҳаслик кезаяпти.

… имонсизлар! Олчоқлар!.. Заррачаям қўрқишмайди-я! Буларнинг хўжаси ким? Ҳомийси ким?.. Ўттиз минг – салкам ўн йиллик даромадим. Қаёқдан оламан?

Балоян тағин соатига бир қараб:

– Олтигача келтирмасанг, роппа-роса соат олтида конторангни БХСС босади, – деди.

– Босаверсин, – деди Мўмин Хол.

– Аҳ-ҳа, шунақами ҳали?! – деди Балоян, сўнг Сидоровга кўз қисиб, давом этди: – Ҳар йили ўн минглаб терини кўн заводларига, тонналаб жунларни фабрикаларга жўнатаётган конторангда албатта жиноят бар. Бар!.. Ҳар бир теридан ўртача уч сўмдан уриб қолсанг, бир йилда ўттиз минг ўмарасан. Фақат терининг ўзидан!.. Нима, билмайди деб ўйлайсанми бизни?!

– Мен бир тийин ҳам урган эмасман, – деди Мўмин Хол. – Мен ҳамиша ҳалол ишлаганман. Ўмарганлар бўлса, ўзлари жавоб бераверишсин.

– Йўқ, аввало сен жавоб берасан, Холов. Сен!.. – Балоян унинг кифтига қоқди. – Бор, оғайничалиш, кассиринг ҳамда бухгалтерингга яхшилаб тушун-тир. Яна уч йил… тўрт йил ўзимиз хоҳлагандай ишлашимиз учун имкон бери-шармиш, деб айтгин. Мен шунга сўз бераман

Мўмин Хол хазин хўрсинди. Турди. Ҳардамхаёллик билан эшик томонга юрди.

… ўттиз минг-а! Молинг кетди – жонинг кетди. Тамом, адо бўлдинг, Мўмин Хол! Хонумонинг куйди, Мўмин Хол!..

– Тохта, Холов! – деди Балоян. – Огоҳлантириб қўяй: бирор шумликни ўй-лама!.. Опкелганингдан кейин, икки қаторгина хат ёзасан. Тахминан мана бундай…

Бирдан Сидоров унинг гапини бўлиб:

– Айтма! – деди. – Кейин… кейин айтасан, қария.

Бир зум жимликдан сўнг, Балоян бош ирғаб:

– Ҳа, сен ҳақсан, Иван, – деди. Ва, сирли кулимсираб, Мўмин Холга юз-ланди. – Опкелганингдан кейин, биз сени ўз ҳимоямизга оламиз. Энди ҳаял-лама!..

Мўмин Хол бехуд кўчага чиқди. Жазирама қуёш нуридан яна қарақдими, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Дабдуруст ўзидан ижирғанаётганлигини ўйлади. Баттар хўрлиги келди. Ютоқиб-ютоқиб энтикди. Ҳув ўтган галгидай бўғзига бир нимадир тиқилгандай бўлди.