скачать книгу бесплатно
Умрим есталиклари
Ўктам Мирзо
Ўктам Мирзо
Умрим есталиклари
“Дийдор ғанимат” китобидан
ҚАЛАМ
Ё пирим, деб йўлга чиқдим,
Йўлда йўлдошим қалам.
Ҳам сиру асрорим айтсам,
Ёру сирдошим қалам.
Гоҳ қувонсам, гоҳ куюнсам,
Танти тенгдошим қалам.
Дилдаги дардимни айтсам,
Сабру бардошим қалам.
Гоҳ насиҳатгўй вале,
Қавму қариндошим қалам.
Оқилу доно бўлиб,
Ишда ишбошим қалам.
Юрту элнинг бахтини
Куйла, сирдошим қалам.
Ўктам айтур шу сабаб,
Йўлда йўлдошим қалам.
МЕНИНГ ИШҚИМ
Менинг ишқим ҳамон бўлгай, севар ёрим омон бўлса,
Севар ёру диёримда ҳамон шундай замон бўлса.
Ажаб барно, ажаб доно, ажойиб нозу истиғно,
Ҳусн мулкида ул Лайло каби соҳибжаҳон бўлса.
Қаро кўзу қаро холу қаро сочини айтайму,
Кўнгилни шод этарга ул қаро қоши камон бўлса.
Келишган қомати шамшод, нигоро, интизор этма,
Не тоқат айлайин мен бир томон, у бир томон бўлса.
Уни севмоқ билан шодман, бу йўлдан кечмагум асло,
Агар севги гуноҳ бўлса, агар севги ёмон бўлса.
Ўшал хушхулқли ёр бирла қилурга шарҳи ҳол Ўктам,
Наманган боғидай кўркам, латофатли чаман бўлса.
ҲЕЧ КИМНИ ЎХШАТОЛМАДИМ
Кимга қиёс этай мен, ёр, қадди-қоматингни,
Ёр, қадди-қоматингни, дилбар латофатингни.
Дилбар латофатингга жоним садоға бўлса,
Жоним садоға бўлмай кўрсат садоқатингни.
Садоқатли нигоро, сунбул сочингга борман,
Сунбул сочингни ўйнаб қилдинг кароматингни.
Қилдинг кароматингни, тушди бошимга савдо,
Инсонму ё малакму, билолмадим зотингни.
Билолмадим зотингни, қилмадинг илтифот ҳам,
Сенга таадди айлаб кездим вилоятингни.
Кездим вилоятингни тополмай ўхшашингни,
Васфингни ёза-ёза такрорладим отингни.
Такрорладим отингни меҳру муҳаббат билан,
Муҳаббатинг ёр бўлди, кўрдим саодатингни.
Барнолигингни Ўктам куйлар экан ҳамиша,
Дариғ тутма, нигоро, биздин иноятингни.
ДИЙДОР ҒАНИМАТДУР, ГУЛИМ
Кўргани келдим сани, дийдор ғаниматдур, гулим,
Интизор этма мани, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим соҳибжамол, ҳусни паридек баркамол,
Келганим кўрма малол, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим ойдек тўлар, сал кўрмасам кўргим келар,
Бирга ўлтиргим келар, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ўйнагин гул-гул ёниб, зулфинг белингда тўлғониб,
Бўлса суҳбатлар қониб, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ёшлигинг бахтинг-ку, жон қадрига ет, сарвиравон,
Ўтгуси елдек бу он, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севгимиз ёд айлагил, суҳбатни обод айлагин,
Ўктаминг шод айлагин, дийдор ғаниматдур, гулим.
ЎТДИ ГЎЗАЛИМ
Ўтди гўзалим у томондан бу томонга,
Солмай назарин биз каби яхшию ёмонга.
Билмам неча йил қилгуси ул жабрини жонон,
Ҳижрон азоби рангимни ўхшатди сомонга.
Бир мен эмас ишқида куйган, неча ошиқ
Ваҳ-ваҳ, қиё боқмади ул аҳли замонга.
Сабрим тугагач журъат этиб йўлини тўсдим,
Таклиф этайин юрса агар боғу чаманга.
Чимрилди қоши, бир силкиниб кетди йўлига,
Ҳай-ҳай, онинг кокиллари тегди товонга.
Бу ҳолни кўриб маст бўлибон учди хаёлим,
Гўёки сайд сайёдини олди нишонга.
АЙРИЛИБ БЎЛМАС
Машрабга ўхшатма
Суюкли ёрим, эй жонон,
ўзингдан айрилиб бўлмас,
Қаро кўз-қошларинг, эй жон,
сўзингдан айрилиб бўлмас.
Соғиндим мен жамолингни,
юзингда якта холингни,
Қачон кўргум висолингни,
кўзингдан айрилиб бўлмас.
Фироқингда ётиб бедор,
қаро сочинг қилиб хумор,
Қачон топгум севикли ёр,
юзингдан айрилиб бўлмас.
Юрибдурман бу чаманда
эсу ақлим бўлиб санда,
Қачон топгум Наманганда,
изингдан айрилиб бўлмас.
Соғиндим мен ниҳоятда,
карам бўлса иноятда,
Қўшиқ айтарди ғоятда,
созингдан айрилиб бўлмас.
BИCOЛ
Менинг кўнглимни сайд этган ўшал кўзи хуморидур,
Ёзиб мадҳини байт этган қаро қоши ҳилолидур.
Муҳаббатнинг ниҳоли йилма-йил барқ уриб ўсди,
Қуёшдек парвариш этган гўзал ёрнинг висолидур.
Нигоримнинг юзин кўрсам очилгайдир дили бағрим,
Қувончим кўкка сиғмай ёзибман дилда боридур.
Севикли дилрабони таърифига сўз тополмасдан,
Чалиб соз тавсиф этдим, кўнгилда жоннинг торидур.
Сочингга оқ тушубдир, деб таажжуб қилмангиз, дўстлар,
Кўнгил ёшдур, бу соч оқи муҳаббатни қировидир…
РОҲАТ
Дили жоним қилур роҳат кўзингга термилиб турсам,
Тўлин ойдек жамолингга, юзингга термилиб турсам.
Висол боғи сенинг васлинг билан обод, эй дилбар,
Чаман аро очилгай дил, ўзингга термилиб турсам.
Шакаргуфтор нигорим нутқини жон деб эшитгайман,
Кўнгил тоғдек ўсар ҳай-ҳай, сўзингга термилиб турсам.
Сенга ортар мани меҳрим, ҳалол меҳнатда Ўктамман,
Зафар қучганда таққан юлдузингга термилиб турсам.
МЕҲМОНИ БЎЛИБ ЎЛТИРДИМ
Бахтим борки, шаҳло кўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим,
Гўзал юзу ширин сўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Ишқ элидаги султоним
фармонига фидо жоним,
Қолмай юракда армоним,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Раҳм тушдими дилига,
номимни олди тилига,
Сўзлар ширин хил-хилига,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Кўкда порлаган юлдузнинг,
сунбул кокили қундузнинг,
Ўктамжон, ул гўзал қизнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
КЎЗИ ШАҲЛО КЕЛМАДИ