скачать книгу бесплатно
Излайман энг яхши достондан гўзаллик,
Ва ҳатто ер билан осмондан гўзаллик.
Ой юзли қизларнинг жамоли гўзалми,
Сунбул сочу қалам қошу холи гўзалми,
Ширин суханликдаги боли гўзалми,
Ўктам йигитларнинг камоли гўзалми?..
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
Бировга хусумат тошини отмайман,
Амал ё мансаб деб эсни йўқотмайман,
Келса совуқ шамол дўстга йўлатмайман,
Охирида хижолат лойига ботмайман.
Гўзаллик излайман оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
Кишида гўзаллик қарашга боғлиқдир,
Аввало тинчлигу тан-жони соғлиқдир,
Аъло кайфияту ҳам вақтичоғликдир,
Дўстга содиқлик ҳам ўзингга боғлиқдир.
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик…
Одам борки кўнглида кир бўлмаса дерман,
Пок бўлса, дил, ақли басир бўлмаса дерман.
Одоб-ахлоқида қуcyp бўлмаса дерман,
Яхшилигинг бўлсаю сур бўлмаса, дерман.
Гўзаллик излайман, оламдан гўзаллик,
Оламдаги жумла одамдан гўзаллик.
ЯХШИЛИК
Қулоқ тутсам ҳақиқатни халқ билур,
Яхши ишни, ёмон ишни ҳал қилур,
Яхшилик қил, сувга от, балиқ билур,
Дейди балиқ билмаса холиқ билур,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Кишига яхшилик тоатдан афзал,
Қилган баъзи ибодатдан афзал,
Ҳаётда энг ширин соатдан афзал,
Яхшилик – бу барча ҳолатдан афзал.
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Яхшилик қилай деб аччиқ гапирдинг,
Дўстинг нуқсонини очиқ гапирдинг,
Хато кетмасин деб ҳатто дуқ урдинг,
Яхшилик – бу, уни ҳақ йўлга бурдинг,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
Қўлингдан келганча қилгин яхшилик,
Ёмон ҳам ўзгарар қилсанг яхшилик,
Яхшилик бу барча ҳимматдан улуғ,
Ўктам айтур яхшилик қил, яхшилик,
Яхшилик-ёмонлик ўзингдан бўлур,
Қилган ишинг ила сўзингдан бўлур.
ШУКРНИ УНУТИБ ҚЎЙМАНГ
Ношукр одамдир ёмон кўрганим,
Топган ҳурматидан бўлармиш жудо.
Халқимиз нақлидир амал қилганим:
“Кенгга кенг дунё – бу, торга тор дунё”.
Бир коса ёвғон деб тонгдан кечгача
Тинмай меҳнат қилганларни кўрганмиз.
Нон дея, нон дея судралиб, йиғлаб,
Унга кўп интизорларни кўрганмиз.
Узоқ эмас, қирқ беш йилча муқаддам
Урушнинг қизиган палласи эди.
Уруш орқасида қолган одам ҳам
Нон эмас, тополса кунжара еди.
Бизлар тегирмонда ёлғиз қолардик
Тонггача ухламай битта кўмочга.
Жувозкашдан беш пайса ёғ олардик
Бир ҳафтадан ортиқ ишлаб омочда.
Шунда ҳам нолимай меҳнат қилардик
Қариялар, ёшлар дала-тузларда.
Топган-тутганини фронтга бериб
Очлик, қийинчилик бўлган кезларда.
Изғиринли кунлар шундай ўтарди,
Ҳар хил ваҳимада келарди хатлар.
Шунда ҳам шукрни ўргатишарди
Бизга кўпни кўрган нуроний зотлар.
“Хўп” дейиш бизларга қоида эди,
Катталар не деса, гап қайтармасдик.
Бошга қанча ташвиш келиб-кетса ҳам
Она табиатга шукр айтардик.
Биров нолибди деб эшитмаганман,
Ношукрлик қилмас эди қизлар ҳам.
Шоли ўтар эдик, ғўза чопардик,
Ўн бешга тўлмаган эдик бизлар ҳам.
Не бўлди сизларга, ўғил-қизларим,
Шарму ҳаё қани, сабру қаноат.
Сабрнинг остини олтин дейдилар,
Баъзи камчиликка қилинг-да тоқат.
Тегирмон, обжувоз, жувозхонани
Ҳатто тасаввур ҳам қилмассиз балки.
Ол, сенга нон сероб, усти бош сероб,
Шунданми, қадрини билмассиз балки.
Шукр, саломатсан, тинчсан, омонсан,
Ўқисанг мактаб бор, ишласанг иш бор.
Еганинг олдингда, дориломонсан,
Очиқ гап, бахтлисан, толеингдир ёр.
Бесабр бўлмагин, иззат-эҳтиром,
Йўқолиб қолмасин каттага ҳурмат.
Бебош фарзанд бўлма, хулласи калом,
Недир камроқ бўлса айлагин тоқат…
Шукр қил ҳаётга, азиз фарзандим,
Шукр асли асл инсон учун хос.
Ўғлимсан, қизимсан, менинг дилбандим,
Розиман, сўзимга амал қилсанг бас.
ИМОН
Таажжуб қиламан баъзи одамга,
Тили бир бошқаю дили бошқача.
Шунданми адашган босган қадамда,
Ривожин кўрмадим шунча ёшгача.
Мунофиқлик қилма, эзилар виждон,
Виждон эзилгани сенинг сўлганинг.
Беш кунлик дунёда кетмасин имон,
Имоннинг кетгани хазон бўлганинг.
Ҳақиқат бир нурки, нури имондир,
Одамлар билмайди дейсан, билади.
Бугун билдирмадинг, имон туғёндир –
Барибир эртага маълум қилади.
Имон бу – ишончу инсоф, диёнат,
Қалбингда муҳаббат, ишда қаноат.
Имони саломат одамни дерлар:
Бу одам покиза, жуда аломат.
Ўзинг пок, дилинг пок, сўзинг пок бўлсин,
Онанг оқ сут берган, ўшани оқла.
Босиб ўтган йўлинг гулларга тўлсин,
Азизим, имонни саломат сақла!..
ДИЛБАР
Термилиб қолдинг деб қилма хижолат,
Кўркам жамолингда кўрдим камолот,
Бахтимга бор бўлгин соғу саломат,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар.
Воажаб, ёноқлар ёниб турарму,
Қўл деган шунчалар қайноқ бўларму,
Одамни шунчалар муштоқ қиларму,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар.
Бунча ҳам ярашгай сенга сунбул соч,
Ўсмали қошларинг худди қалдирғоч,
Юрак сирларингни бир дамгина оч,
Шошма, суратингни чияпман, дилбар.
Шошма, қимирлама, юзлари гулгун,
Бодом қабоғингнинг буржида тугун,
Хол борми, билолмам, кулиб тур бугун,
Шошма, суратингни чизяпман, дилбар…
ЗАВҚИ ЎЗГАЧА
Бу йилги баҳорнинг файзи бўлакча,
Завқи ўзгачадир, латофати ҳам.
Боғу бўстонларда, дала-қирларда
Баҳор гулларининг таровати ҳам.
Сахий даламизга меҳр ила боқдим,
Кўркамлик шундаю дилбарлик шунда.
Дон шунда, нон шунда, шунда “оқ олтин”,
Ҳатто бир-бирига дилдорлик шунда.
Бу баҳорда тўкин тўйлар бўлажак,
Бу баҳор ҳар қанча мадҳ этилса оз.
Шунданми табиат бор бисотини
Одамлар йўлига қилди пойандоз.
МЕҲМОН БЎЛИНГ
Ғафур Ғуломга ўхшатма
Ўйлаб кўрсам беҳуда йўл босмабмиз,
Қатор-қатор ишлар қилдик изма-из.