скачать книгу бесплатно
Навоийдан илҳомланиб
Кўзларим йўл устида, ул гулираъно келмади,
Гулираъно демаким, ул қадди барно келмади.
Қадди барно келса деб кўз тутибман интизор,
Интизор айлаб мани қилди таманно келмади.
Интизорлик дардини ман ёру дўстга арз этиб,
Йўқласин бир бора деб қилдим тавалло, келмади.
Қайта-қайта чиқдиму йўлларига, воажаб,
Ҳар чиқиб боққанда бўлди меҳри аъло, келмади.
Тонггача кўз юммадим аҳволима раҳми келиб,
Барқ уриб чиқди қуёш, ул кўзи шаҳло келмади.
Келмагай ёрдан умид бор, келмаганин ўйла хўп,
Зори гирён йиғлатиб Мажнунни Лайло келмади.
Келганим билса маломат қилмасин ағёр, деб,
Дўстига айлаб карам ул ақли доно келмади.
БОҒБОН ЙИГИТ ҚЎШИҒИ
Сув бўйига гул экарман севгили ёримни деб,
Сарвиқомат, сочи сунбул, лола рухсоримни деб.
Ўзгача тарҳин тузиб боғни бўстон айладим,
Шу гулистонга ярашган кўзи хумморимни деб.
Товланиб очилса гул ҳарён муаттар ҳид сочиб,
Келса ёр баҳрин очишга ошиқи зоримни деб.
Лутф этиб боқса гулим, гулдин кошона айлабон,
Андалибдек куйлар эрдим номусу оримни деб.
Юртни обод, элни шод этмоқ дилимда муддао,
Ўктамо, меҳнат қилурман шу чаманзоримни деб.
ПОКИЗА ГАВҲАРСАН
Жамолинг ой каби порлаб кўрингайдир уйингдан ҳам,
Менинг наздимда ул равшан ою юлдуз кунимдан ҳам.
Қаро кокилларинг васфин десам сунбулму райҳоним,
Қараб ҳайрон бўлиб қолдим узун сочинг бўйингдан ҳам.
Қошинг қошинг билан пайваст, жамолингга бўлибман маст,
Бирор фурсат нари кетмас, хаёлимдан – ўйимдан ҳам.
Қачон топгум сени, дилбар, ширинсўзлиқ шакаргуфтор,
Олай ором, ёзиб хуммор, қўшиқ айтган куйингдан ҳам.
Гўзалсан, шамсу анварсан, ажаб покиза гавҳарсан,
Насиб этгаймикин менга ўрин тегмоқ тўйингдан ҳам.
Дилинг поку сўзинг поку юзинг поку ўзинг ҳам пок
Шунинг-чун ўргилур Ўктам эришган обрўйингдан ҳам.
ДИЛАФРЎЗ РАҚСГА ТУШГАНДА
Томоша қил, яшаргай дил
Дилафрўз рақсга тушганда,
Юзи гул, сочлари сунбул
Дилафрўз рақсга тушганда.
Келишган қомати шамшод,
тиши дур, лаблари ёқут,
Кўзи чўлпон, шириндир тил,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Қаро тун чойшабин йиртиб,
кўкда барқ урди юлдузлар,
Кулиб-қутлаб узатгай гул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Ҳусн тахтига султонлик
ярашган хўб муборак деб,
Кўриб унга бўлибман қул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Кўриб санъатни бундоғ,
кечиб жондин деди Ўктам,
Молу дунё менга бир пул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
БИР ПАРИ
Субҳидам чоғи эди, ёнимдан ўтди бир пари,
Бир парики беназир, соҳибжамоллар сарвари.
Юзлари ял-ял ёнар, кўзлар хумор, қошлар камон,
Улпарини ишқи бирлан ёзилди кўнгил дафтари.
Арғувоний кўйлак ичра салланодир сийми тан,
Жон тасаддуқ бўйига мафтун қилар сумбатлари.
Сочи сунбулму дейин, яшнаб туришинму дейин,
Юрган юришинму дейин, кўргум келур кўрган сари.
Илтифот айлаб манга гуфтугў этди калом,
Ёзганим бирла адо бўлмас парининг гаплари.
Бунча хушрўй, бунча хушбўй, бунча кўркам бўлмаса,
Қолмагай Ўктамда армон бўлса шундоғ дилбари.
ЎТДИМ ЯНА КЎЧАНГДАН
Қўмсаб юзингни, жонон,
ўтдим яна кўчангдан,
Кўзлар бўлиб нигорон,
ўтдим яна кўчангдан.
Васлинг умиди бирлан
оҳу фиғон этарман,
Ҳолима ҳамма ҳайрон,
ўтдим яна кўчангдан.
Висолингга етолмай
фурсат ўтиб бородир,
Ғаниматки бу даврон,
ўтдим яна кўчангдан.
Висолинг давлатидан
бенасиб қилма, жонон,
Ўртага солма ҳижрон,
ўтдим яна кўчангдан.
Кўрсам юзингни, жонон,
жамолингга жон қурбон,
Ақлим бўлиб паришон,
ўтдим яна кўчангдан.
Умид улки, парирўй,
меҳрингни дариғ тутмай
Зорингни айла меҳмон,
ўтдим яна кўчангдан.
Таъзимни бажо айлаб
тараҳҳум айласанг гар,
Ўктам дер тасаддуқ жон,
ўтдим яна кўчангдан.
ЧУСТ ДЎППИСИ
Бу азиз бошимга кийсам,
келмас малол Чуст дўпписи,
Хушбичим ҳам сержило,
соҳибжамол Чуст дўпписи.
Неча гулюз, гултабиат,
зебо сулувлар илкида
Топди сайқал минг усулда
гулмисол Чуст дўпписи.
Бир қолип, аммо нафосат
бобида юз ноз билан
Товланиб қилгай жамолин
баркамол Чуст дўпписи.
Офарин санъатга бундоғ
барно йигитга совға деб,
Кўз нуридан тикди гул,
битказди ол, Чуст дўпписи.
Дўппи тиккан ул сулувга
эҳтиромим беҳисоб,
Бош эгиб, раҳмат дедим,
сўзимда бол, Чуст дўпписи.
Кўрсалар қардошлар ичра
ўзбеклигимнинг рамзидир,
Ўктам айтур, бир умр
бошимда қол, Чуст дўпписи.
КЎЗИМ ИЗЛАР
Бу гулшанда гўзаллар кўп,
кўзим излар у дилбарни,
Юзи гул, лаблари ёқут,
тиши дур, шамсу анварни.
Юрак амри ёмонлик йўқ,
муҳаббат хўп, садоқат хўп,
Нетай қалбим унга маҳбуб,
кўзим излар севар ёрни.
Ўзи барно, кўзи шаҳло,
ажойиб нозу истиғно,
Қиё боққанда кўп маъно,
сўзи дур, шаҳду шаккарни.
Унинг покиза меҳри
нуридан қалбим мунаввардир,
Тилайдирман, йироқ қилма
ўшандоғ нури гавҳарни.
Унинг ёди билан турсам,