banner banner banner
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)

скачать книгу бесплатно

– “Гулхан”га берган эдим, Худойберди ака “Тоҳир ўқиб берсин”, – дедилар.

– Худойберди ака фантастикани яхши тушунадилар-ку, бу ёғи – у киши билан ака-укадексизлар-ку?

– Билмадим, тақриз керак экан, тартиб-қоида шунақа бўлган эмиш.

– Ҳожиакбар, сиз ҳаваскор эмас, профессионал ёзувчисиз. Тақриз талаб қилишса, шуни айтинг.

Ҳожиакбар табиатан ювош одам эди. Унинг биров билан тортишганини, кимгадир қаттиқ гапирганини кўрмаганман. “Худойберди аканинг сазалари ўлмасин, ёзиб бераверинг”, деб туриб олди. Шунда мен вақтим йўқлигини баҳона қилдим-да, “Кераксиз талабни фитна билан бартараф этиш мумкин”, дедим ҳазил оҳангида. Мен ўйлаган “фитна”га кўра, Ҳожиакбарнинг ўзи ўз асарига тақриз ёзиши, камина эса имзо чекиб бериши керак эди. Ростгўйликдан чекинишни истамаган дўстимни бу “фитна”га кўндириш осон бўлмади.

– Мен-ку, мақтаб ёзаман, – деди у, – лекин тақризда камчиликлар ҳам кўрсатилиши керак-ку? Ўзимнинг асаримни ўзим қандай танқид қиламан?

– Асарни ёзиш жараёнида қийналган жойларингиз бўлган-ку? Ўша жойдан ўзингизнинг кўнглингиз тўлмайди. Демак, камчиликни ўша саҳифадан топса бўлади. Энг яхшиси, адабиётшуносларнинг услубидан фойдаланинг: улар асарни боплаб мақташади-да, “Лекин шунга қарамасдан, асарда айрим жузъий камчиликлар учрайди, баъзи образлар саёзроқ чиққан, таҳрир талаб жумлалар ҳам бор”, деган умумий мужмал гаплар билан “танқидий фикр”ларини баён этадилар.

Ҳазил тариқасида айтилган бу таклифга Ҳожиакбар рози бўлмади. Тақриз талаб қилган акамизга қўнғироқ қилиб, “Ҳожиакбар илм-фан асосларини мендан кўра яхшироқ билади. Асарнинг илмий томонидан кўнглингиз тўқ бўлсин. Таҳрир талаб жойларини белгилаб берсангиз, у ишдан қочмайди”, десам ҳам, “Ҳозир каттаю кичикдан тақриз талаб қилиняпти, икки сатргина ёзиб бераверинг”, дедилар. Асарни ўқиб, тақриз ёзиб бердим. Камчиликларини Ҳожиакбарнинг ўзига оғзаки айтдим.

“Ҳикмат афандининг ўлими”га доир воқеаларга якун ясаш ниятида сал илгарироққа югуришга тўғри келди. Кейинги асарлар тарихига ўтишдан олдин яна болалар газетасидаги фаолиятимга қайтишга эҳтиёжим бор.

Тилла балиқча

Таҳририятдаги барча акалар ижод билан шуғулланишарди. Бирлари шеърият, бирлари насрда, яна бирлари журналистикада ижод аҳлининг назарига тушган эдилар. Улар билан суҳбатда мен кўп нарса ўрганар эдим. Акаларнинг айримларига болалар матбуоти кичик туюлиб, бошқа таҳририятларга ўтдилар. Хусусан, Маҳмуд Саъдинов “Шарқ юлдузи”га, Мурод Хидир “Гулистон”га, Раззоқ Абдурашид ва Ҳамид Жалолов нашриётларга, Усмон Юсупов “Совет Ўзбекистони”га… “Ленин учқуни”даги ижодий муҳит бошқа таҳририятлардан фарқ қиларди. Кўп ижодкорлар келиб туришарди. Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Машраб Бобоев каби ижодкорлар билан шу таҳририятда ишлаб юрган кезларим танишганман. Бир куни хонамизга Абдулла Орипов кириб келдилар. Ширакайф эканлар, аввал ҳам бу ҳолда кўрганим учун эътибор бермадим. Лекин ёнларида қўлтиқлаб юрган йигитни кўриб, таажжубландим. 40-мактабда ўқиган бу йигитнинг бокс билан шуғулланишини эшитган эдим. Аммо шоирлигидан бехабар эканман, шунинг учун “Бу йигит нима қилиб юрибди?” – деб ажабландим.

– Асқар Қосимовни танимайсизми, Абдулла аканинг шогирди, зўр шоир, – дейишди.

Абдулла ака Асқарнинг маҳалласидаги уйда ижарада турар эканлар. Асқар билан дўстлашиб олдим (Асқар Қосимнинг шеърлари билан “Шайтанат”да танишгандирсиз. Анвар бу шоирни ўзининг устози деб билади, ҳатто хаёлан учрашади ҳам. Шоир дўстим ҳақида кейинроқ сўзлаб бераман, инша Аллоҳ).

Таҳририят жойлашган улкан бинонинг ўнг қўлтиғида ғарибгина чойхона бўларди (Ҳозир унинг ўрнига ҳашаматли ошхоналар тушган). Аниқроғи, бу ер гунг-соқовларнинг клуби эди. Тор ҳовлининг ўртаси ҳовуз, атрофга стол-стуллар қўйилган. Чойхонанинг патир нон ёпувчи новвойхонаси, чўзма лағмон пиширувчи ошхонаси ҳам мавжуд эди. Ёшларни булар ўзига тортмасди, оҳанрабо каби тортувчи куч, чойхонага кираверишдаги кичик дўконда эди. Дўконда ароғу коньякларнинг турфа хили кўзни ўйнатиб турарди. Лекин ёшларнинг унга етишишлари сал қийин бўлгани учун арзон мусалласлар билан қаноатланишарди. Чўзма лағмонга 60-70 тийин сарфланарди. Қорин тўярди, аммо шоирларнинг “қулфи дили” очилмай қоларди. Шу боис 50-60 тийиндан тўпланиб, бир вакил Хадрага жўнарди. Пешинга яқин бу ерда нархи тўрт тийиндан бўлган, ҳозир “гумма” деб, у пайтда киноя билан “думба-жигар” деб аталувчи сомса сотиларди (русча номи “собачья радость” эди). 4-5 сомса билан қорин тўярди. Демак, 20-30 тийиндан сомсага сарфланса, қолгани мусалласга етарди. Агар мусаллас диллар қулфини очишга ожизлик қилса-ю, чўнтакда пул қолмаган бўлса, фожиа эмас, дўкондор марҳаматли киши эди, ичкиликни насияга бериб, дафтарига ёзиб қўярди. Қайсидир ижодкор қалам ҳақи олса, насия дафтарини очишга ҳожат бўлмасди.

Бу сатрларни ўқиб, “Ижодкорлар фақат майхўрлик қилар экан”, деган фикрга борган бўлсангиз, янглишдингиз. Бу ерда ғийбат йўқ, балки адабиёт ҳақида, асосан шеърият ҳақида суҳбатлар, ҳатто баҳслар бўларди. Абдулла Ориповнинг тилла балиқ ҳақидаги машҳур шеъри айнан шу ерда, ҳовуздаги балиққа қараб тўқилган экан.

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёпдилар.
Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни.

Шеър 1965 йилда ёзилган, лекин мен биринчи марта шу даврада эшитиб лол қолганман. Шу ҳовузни, ундаги балиқчаларни кўпчилик, хусусан талай шоирлар кўришган. Лекин Абдулла Орипов бу манзарада ҳаёт ҳақиқатини бера олган. Абдулла аканинг “Бургут” шеърлари худди биз каби ёшларга бағишланган эди.

…Ана, ёш бургут учмоқда. “Қаерга?! Чўққига! Нечун?” Шу саволларга жавоб излаган шоир “Ахир не бўларди берсанг, табиат, шу буюк шиддатга яраша мақсад!” деб хулоса ясайди. Албатта, адабиёт оламининг остонасида турган ҳар бир ёш ижодкор чўққини кўзлайди, лекин ҳаётдан мақсад чўққига шунчаки чиқиб, шоҳсупада талтайиб ўтиришми?

Оқшомда гурунг қизирди, мен эсам бу пайтда дорулфунунга қараб жўнардим. Дарс йўқ кунларигина, бу суҳбатлардан баҳраманд бўлардим. Бу даврада мен таниган, танимаган ёшлар кўп эди. Баъзилар Абдулла акани “устоз” деб этакларидан маҳкам тутдилар. Шоир шеъриятидаги шиддатни, фалсафани тўғри англадилар ва ижодда юксалдилар. Баъзилар эса “яхши шеър ёзиш учун яхши ичиш керак”, деган тушунча билан қолиб кетдилар, шуниси чатоқ.

Абдулла Орипов шунчаки шоир эмас, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида шеъриятда исён ясаган, ўзига хос мактаб яратган ижодкордир.

Ҳарбий хизматда эканимда дўстим Абдужалил Зокиров менга Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърини юборди. Уни ўқиб, кўзларимга ёш келди. Ўзбек йигитларига ҳам ўқиб бердим, улар ҳам ғоят таъсирландилар. Мен бу мадҳияни тўлалигича ён дафтарчамга кўчириб олдим. Бўш пайт бўлди дегунча, шу шеърни ўқир эдим. Дафтарчам ҳозиргача сақланади. 1970 йилнинг 22 ноябрь куни, шеърдан сеҳрланиб, бу фикрни ёзиб қўйган эканман:

“Қаерда бўлмайин, қалбимда бир меҳр абадий сақланажак. Бу – Ватан меҳри, Ўзбекистоним меҳри. Бу меҳр ота-она меҳридай буюк, шу меҳрдай азиз, шу меҳрдай қимматли. Ўзбекистон – менинг қалбим, ўйим-ҳаётим, севинчим, борлиғим! Серқуёш ўлкам – бебаҳо хазина, она халқим – бебаҳо одамлар. Улар менинг ғурурим.

Узоқ юртларда юртимга бўлган муҳаббатим яна ошди. Шу даврда қўлимга тушган ушбу мадҳия гўё тўтиёдек туюлди”.

Ҳа, биз бу шеърни Миллат мадҳияси – гимн ўрнида қабул қилган эдик. Шеър охиридаги “Улуғ Совет оиласида мангу ёруғ пешонанг сенинг” каби сатрларни тушириб ўқиб юрдик. “Иқболингни кўролдим аён коммунистик кенгликлар оша. Иқболи ҳур, шўх-шаним маним…”ни ҳам ўчирган эдим. Кейинроқ мулоҳаза қилсам, шоир бу сатрларга ҳам керакли маъноларни яширган экан. Биз ўйлагандек, коммунистик жамиятни мақтамаган, балки бу жамият кенгликларининг ортида иқболни кўряпти. Ўзбекистоннинг иқболи, келажаги – ҳурлик.

Ўзбекистон мадҳиясини яратиш бўйича кўрик эълонқилиниб, Абдулла Орипов ғолиб топилганда мен “Ҳақиқат қарор топди. Мадҳия ёзиш учун шоирнинг маънавий ҳуқуқи бўлиши керак эди. Бундай ҳуқуқ Абдулла Ориповда мавжуд”, дегандим. Кўрик-танловда иштирок этган муҳтарам шоирларимиз каминадан ранжимасинлар, Абдулла Орипов бу мадҳияни етмишинчи йиллардаёқ ёзиб қўйган эди…

Абдулла Ориповнинг 1965 йилда нашр этилган биринчи китоби “Митти юлдуз” деб аталганди. Эҳтимол, китобча ғоят кичик бўлгани учун шундай дейилгандир, балки ёш шоирни митти юлдузга ўхшатишгандир. Лекин ҳақиқат шуки, галактика бағридаги кўзимизга митти бўлиб кўринаётган юлдуз аслида Қуёшдан улканроқдир. Абдулла Орипов ижодига шу нуқтаи назардан баҳо бераман. Ўша йиллари шоирнинг янги шеъри биз – ёшлар учун бир кашфиёт эди. Ундан барча янги асар кутарди.

Шукур Холмирзаев уч-тўрт йигитни ҳашарга таклиф қилдилар. Қайноналарининг уйи сомонбозор яқинида экан. Зилзилада шикастланган эски уйчани буздик. Абдулла Орипов келгунларига қадар Шукур ака биз билан бирга ишладилар. Кейин икки ижодкор ошнанинг суҳбати бошланди. Ишни якунлагач, бизни даврага таклиф қилишди. Шунда Абдулла ака олти ойдан бери шеър ёзмаётганларини эслатиб, бу кеч янги шеър туғилганини мамнунлик билан билдирдилар. “Абдуллажон, ўқинг, ўқиб беринг”, деб илтимос қилдилар Шукур ака. Абдулла ака айрим шоирлардан фарқли ўлароқ барча шеърларини ёддан билардилар. “Кейин ўқиб берарман”, деб галга солмай, жўшиб ўқий бошладилар. “Олти ойдир шеър ёзмайман” деган армонли сатрлар билан бошланган шеър бу ҳолатга дўсту душманнинг муносабати ҳақида эди. Шоирнинг шеър ёзолмаган куни энг оғир кун бўлишини ўшанда ҳис этганман.

Чойхонанинг ичкари томонида ҳам ижодкорлар тўпланишарди. Уларнинг ёшлари сал каттароқ, қизиқишлари ҳам ўзгачароқ эди. Ичкари хона, таъбир жоиз бўлса, “шахмат клуби” эди. Озод Шарафиддинов, Мирзиёд Мирзоидов, Миад Ҳакимов, Эркин Воҳидовлар даврасига Мамажон Муҳиддинов ҳам қўшилиб турардилар. Вақти-вақти билан тоғам ҳам келардилар. Ёш бўлганим учун у томонга ўтишга журъат қила олмасдим.

Махфий гап

“Ленин учқуни”да ижодкор болалар учун адабий тўгарак очилган эди. Машғулотларни Раззоқ Абдурашид, Сафар Барноевлар олиб боришарди. Кейин Мурод Хидир, сўнг каминага ҳам бу масъулият юкланган. 1967 йил эди шекилли, ой ва кун ҳам ёдимда йўқ, бирга ишлайдиган Эрмат акамиз ранги оқарган, бармоқлари титраган ҳолда кириб келди. Ўша куни ишга барвақтроқ келган эканман. Шу сабаблимикин, Эрмат ака дардини менга айтди. Тўгаракка қатнайдиган ўқувчи қизни ижарадаги уйига олиб бориб, номусига тегиб қўйибди. Хабарни қўрқув аралаш айтгач, “Ўзи бокира эмас экан, бултур акаси номусига тегиб қўйган экан”, деб ўзини оқлай кетди. Кейин “Бу сирни бировга айтиб қўйманг”, деб қаттиқ тайинлагач, нонуштага ҳам пули қолмаганини ўкинч билан билдирди. “Сиздан олган пулларимни ёзиб боряпман, ҳаммасини қайтараман”, деб ён дафтарчасини кўрсатди. Дафтарчада мендан бошқа одамларнинг ҳам номи ёзилган эди. У уч ёки беш сўм эмас, ҳамиша 50-60 тийин сўрарди.

Вақт пешинга яқинлашганда муҳарриримиз барчани шошқич равишда йиғдилар. Маълум бўлдики, “бу сирни бировга айтиб қўйманг”, деб тайинлаган Эрмат акамиз, воқеани барча ходимларга, ҳатто аёлларга бир-бир айтиб чиқибдилар. Ниҳоят “сир” муҳаррир қулоғига етиб боргач, ҳамма мажлисга чорланибди. Муҳаррирнинг ташвишида жон бор эди. Қиз ҳали вояга етмаган, агар ота-онаси жанжал кўтарса, шоир қамалиши баробарида юқори идора муҳаррирни ҳам жазолаши аниқ эди.


Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
(всего 10 форматов)