скачать книгу бесплатно
Биринчи раҳбарларнинг аксари москвалик хўжайинларига яхши кўриниш учун аввало ўзлари руслашишни бошлаган эдилар. Акмал Икромов, Усмон Юсупов кабилар рус аёлига уйландилар. Уларнинг фарзандлари оталарининг насаблари билан аталса-да, аслида уларнинг қонида ўзбекнинг ҳеч нимаси йўқ эди. Комил Икромов Москвада улғайиб, болалар ёзувчиси бўлиб етишди. Отасининг ҳаёти асосида ёзган “Ўқчи маҳалласи” (русча номи “Улица оружейников” ўзбекчага “Қуролсозлар маҳалласи” деб нотўғри таржима қилинган. Чунки Тошкентда “Қуролсозлар” маҳалласи бўлмаган; ҳунармандларнинг номи билан аталувчи “Ўқчи”, “Дегрез”, “Лангар” каби маҳаллалар мавжуд эди) асари асосида кўп қисмли кинофильм ишланган. Леонид Юсупов ҳам Москвада яшаган. Бундай ҳолатни ёзувчиларнинг оилаларида ҳам учратиш мумкин эди. Уйғун, Йўлдош Шамшаров, Туроб Тўла… ўзга миллат вакилларига уйланишди ва “интернационал оила” сифатида мақталишди. Мен бу ҳолатни қоралай олмайман. Чунки қадимда рус шаҳзодалари немис ёки француз қизларига уйланганлар, зодагонлари улардан ортда қолмаганлар. Ҳатто Пётр I русларнинг маданий савиясини ошириш, Европага яқинлаштириш учун бундай оилалар кўпайишини талаб қилган. Қадим Туронда ҳам форс ёки ҳинд ёки араб гўзалларига уйланиш расм бўлган. Замонавий мисолга ўтсак, Ҳиндларнинг машҳур сулоласи Жавоҳарлаъл Нерунинг набираси Раджив Ганди ўлдирилгач, унинг сиёсий фаолиятини хотини давом эттирди. Унинг партияси сайловда ғолиб келди, лекин бу хотин европалик бўлгани учун, ҳинд аёлларига ўхшаб сари либосида ўралиб юрса-да, Бош вазир лавозимига қўйилмади. Мен бу нозик масалага ўтиб, кимларнингдир иззат-нафсига тегмоқчи эмасман. Кўнгил – кўнгил-да, кимга уйланса уйланаверсин, лекин фарзандларини ўзбек қилиб тарбиялаши керак.
“Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур”, деган мақолга амал қилиб, кўнгилни хира қилувчи бир мисолни эслаб ўтишим керак. Гап шундаки, “интернационал оила” бизнинг қариндошларда ҳам бор эди. Тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака, тўйсиз, никоҳсиз, рус қизига уйланиб олибдилар. Худди киноларда кўрсатилганидек, чақалоғини кўтариб олган жувонни бошлаб келиб, “Это моя жена”, деган эканлар. Тоғам бунга қанчалик норози бўлмасинлар, ҳовли этагидаги икки хонани уларга бўшатиб берганлар. Бир қиз (Лола) ва ўғил (Алишер) кўрдилар. Янгамиз Валя опа Тошкентда туғилиб ўсган бўлса-да, ўзбекчани билмасдилар, шунга қарамай, қариндошларнинг барча маросимларида қатнашардилар, меҳр-оқибат бобида айрим ўзбек аёлларидан устун эдилар. Дадажоним, аяжоним вафот этган кунлари жиянлардан олдин шу келин – Валя опа етиб келган эдилар. Фаррух акамизнинг яна бир рус хотинлари борлигини вафот этган кунлари билганмиз. Лоланинг исми ўзбекча бўлгани билан рус қизи бўлиб тарбия топди, рус йигити билан турмуш қуриб, сўнг рус аёлларига хос феъли туфайли тезгина ажрашди. Ҳозир Россияда яшайди. Алишер ҳам рус йигити эди. Оила қурмади, гиёҳвандларга аралашиб, умрини хазон қилди. Уни Белгород шаҳрига дафн этишибди. Фаррух акамизнинг ҳаётдаги илдизлари шу тарзда қуриди.
Не аламки, кичик ўғиллари Ҳасан ака ҳам Ленинградда ўқиётганларида рус қизига уйланиб олибдилар. Тоғам буни иснод деб қабул қилиб алам чекмадилар. Йўқ, бу иснод эмасди. Тоғамни “зурриётим қирқилиб адо бўлади, номим ўчади”, деган ташвиш қийнарди. Ҳартугул, Ҳасан акамиз биринчи оилалари билан кўп яшамай, ажрашдилар. Ўшлик қариндошимизнинг қизларига уйландилар. Набиралари Омонуллоҳ туғилганида тоғамнинг “Энди номим ўчмайди, илдизим қуримайди”, деб қувонганларини кўрсангиз эди!
Рим султони Юлий Цезарнинг “Майдалаб бўлиб ташлагин-да, истаганингча ҳукмингни юргизавер”, деган фалсафасини большевик султонлари тўла-тўкис амалга оширдилар. Яқин ўтмишимизда “Ленинча миллий сиёсат” кўкларга кўтариб мақталарди. Аслида эса Сталинча миллий сиёсат қарор топган эди. Ленин 1924 йилнинг январь ойида вафот этган, миллий чегараланиш эса, ўктабрь ойида ўтқазилди. Ленин миллатга қараб эмас, ҳудудга қараб чегаралаш тарафдори эди. Масалан, Қофқазда уч жумҳурият эмас, битта “Қофқаз” жумҳурияти, Марказий Осиёда эса “Туркистон” жумҳурияти бўлишини истаган. Сталин эса майдалаб ташлаган. Унинг сиёсати ҳозиргача жондош-қондош, жигар бўлган халқларни айириб турибди. Бир неча чақирим қуруқ ер ёки йўл учун ғалвалар тинмаяпти. Мана шу келишмовчилик Россия учун ғоят фойдали ҳисобланади. Эҳтимол, 1924 йилда тарихнинг бу томонга оғишини ҳам ҳисобга олиб, шундай қилишгандир.
* * *
Ёшларимиз тарихни яхши билмасалар керак, деган ўйда асосий муддаога сал узоқроқдан яқинлашишига тўғри келди. Яна Тошкент зилзиласига қайтсам, “улуғ оғаларимиз”нинг қурилиш баҳонасида ёпирилиб келиши “ассимиляция” миллий сиёсатининг амалга ошишини тезлаштиришдан иборат эди. Агар бу мақсад бўлмаса, рус ёки украин ёки белоруснинг бошкентга кўчиб келиши фожиали ҳолат эмас. Дунёга назар ташласак, турли мамлакатларда ўзбекларнинг яшаётганини кузатамиз. Ёки Германияда туркларнинг, Англияда ҳиндларнинг кўп миқдорда яшаши ҳозир ажабланарли ёки ташвишли ҳол саналмайди. Чунки Саудий арабистонида истиқомат қилаётган ўзбеклар арабларнинг, Германиядаги турклар немисларнинг қонунларини, тарихи, маданияти, тилини ҳурмат қилиб яшайдилар. Европада яшаётган осиёликлар бу халқларни, масалан, олмонларни, фарангиларни… едирилиб йўқ бўлиб кетишига таҳдид солмайдилар. Аксинча, йиллар оша ўзлари уларга сингиб йўқ бўлиб кетадилар.
1966 йилда кўчиб келган меҳмонларимиз ҳам бизнинг бой тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимизни ҳурмат қилишса эди, уларга ҳеч бир эътирозимиз бўлмасди. Сталин Ленин билан миллий сиёсат ҳақида баҳслашганда “Рус халқининг вакили Россияда яшаса, грузиядаги грузин учун “улуғ”лик мақомида бўлади. Агар у Грузияга кўчиб келса, бу улуғлигини йўқотади”, деган экан. Шунга кўра, 1966 йилда кўчиб келганларнинг кўпчилиги ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан “улуғлик” мақомини талаб қила бошладилар. Ўзбекнинг ғоят бой илмий-маданий тарихини билмаган жоҳил “биз сенга маданият олиб келдик”, деб очиқчасига даъво қила бошлади. Автобусда шундай жанжал чиққанига ўзим гувоҳ бўлган эдим. Ширакайф рус хоним “Биз сенларга шим кийишни ўргатганмиз!” дегач, аҳвол нима бўлганини тасаввур қилаверинг.
Мен европаликлар ҳақида сўз кетганда “1966 йил”ни атайин таъкидлаяпман. Чунки биз билан ён қўшни-жон қўшни бўлиб яшаётган европаликларни битта қолипга солиб, фикр юритиб бўлмайди. Мен бу ҳақда илгари ҳам ёзганман. Русларнинг оқ подшоҳ даврида келганлари бор, очарчилик йилларида, уруш йилларида келганлари бор. Уларнинг маҳаллий халқ билан муносабати 1966 йилда келганлардан тубдан фарқ қиларди. Аввал келганларда маҳаллий халққа ҳурмат бор эди ва ҳурмат кўрардилар. Кейингиларидан маданиятни талаб қилишнинг фойдаси йўқ эди. Чунки уларнинг кўпчилиги мен қурилишда дастлаб танишганим Шомил ва унинг дўстлари тоифасидан эди. Шаҳарда майхўрликнинг, жинсий хасталикнинг авж олгани фикримга далил бўлар. Улар қурилиш ашёларини кепак баҳосида пуллашар эди. Костромалик қурувчидан ярим шиша ароққа бир машина бетон ёки пишиқ ғишт сотиб олиш мумкин эди. Аҳвол шу экан, улар қурган уйларнинг сифати қандай бўлгани маълум.
Совет Иттифоқи яксон бўлгач, европалик қадрдон қўшниларимизнинг кўплари кўчиб кета бошлашди. Уларнинг аксари 1966 йилда келган “ҳашарчи”лар эди. Кўнгилни хира қиладиган жойи шундаки, уларнинг кўплари “Шунча йил сизларнинг сувингизни ичдик, тузингизни едик, биздан рози бўлинг”, деб хайрлашишмади. Уйларини хусусийлаштириб олишгач, қиммат баҳоларга сотдилар-у, она юртларига “қочоқ” сифатида қайтиб бордилар. Бу ҳақда Россия телевидениеси кўп марталаб кўрсатди, хабарингиз бордир. Бу ношукрларни қарангки, бизларни ёмонлаб, “қочоқ” сифатида қайтса, ҳукуматидан ёрдам пули оларкан. Озгина пул деб туз ҳақини унутди. Мен бу ҳақда “Иванич” деган ҳикоя ёзиб эдим. Бу борадаги дардимни шу ҳикояга сингдирганман, кўзингиз тушса, ўқиб кўрарсиз.
Мазкур сатрларни ўқигач, айримларда менинг “миллатчилик” иллатим ошиб-тошиб кетганга ўхшаб туюлиши мумкин. Йўқ, мени тўғри тушунинг. Менинг ҳеч қайси миллатга нисбатан ғаразим йўқ. Аввалроқ айтганимдай, миллатидан, динидан қатъи назар, ҳар бир кишини Одам ато билан Момо Ҳаввонинг фарзанди сифатида, яъни ўз биродарим сифатида кўраман. Мен руслар ёки украинлар билан жон қўшни бўлиб яшашга қарши эмасман, мен советлар юритган миллий сиёсатга қаршиман.
Донишманддан сўрадилар: “Қайси одам, қайси миллат афзал?” Донишманд икки кафтига тупроқ олиб, “Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?” деб сўради. Кейин кафтларидаги тупроқни бир-бирига аралаштириб деди-ки: “Икки ҳовучимдаги тупроқнинг бир-биридан фарқи бўлмагани каби, ҳамма халқ, ҳамма миллат бир-бирига биродардирлар”. Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жон фидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўтган жамиятда шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганларнинг “халқ душмани” деган туҳмат билан қамалганлари, отилганларини, баёнимда такрор бўлса ҳам, яна ёдга оламан.
Шукрки, бугунги миллий сиёсат бутунлай бошқача, таъбир жоиз бўлса, бу сиёсат “тириклик суви” билан суғорилган. Бугунги миллий сиёсат йўналишида хизмат қилиш ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчи. “Шу азиз Ватан барчамизники!” деган ҳаётбахш шиор ҳар биримизнинг қалбимизга кўчиши керак.
Менинг миллий масалага муносабатимни тўғри тушунишингиз учун айрим воқеаларни эсламоқчиман.
1980 йили Москвада фантаст ёзувчиларнинг анжумани бўлди. Камина СССР Ёзувчилар союзи ҳузуридаги Фантастика кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасидаги кенгашнинг раиси сифатида иштирок этдим ва мунозараларда сўзга чиқдим. Москвалик айрим адиблар осиёлик адиблар ижодини очиқчасига менсимас эдилар. Шуларга ибрат бўлсин, деб мен “Фантастиканинг ватани – Шарқ” мавзуида сўзладим (Бу ҳақда кейинроқ батафсил фикр юритаман, инша Аллоҳ). Мисол тариқасида Ибн Сино, Форобий, Навоий асарларини тилга олдим. Анжуманда қозоғистонлик адиб ва олим Абдулҳамид Марҳабоев ҳам иштирок этаётган эдилар. Акамиз эрталабдан ширакайф бўлиб олган эканлар, мажлис хонасига бир кириб, бир чиқиб турдилар. Кечки пайт москвалик адиб дўстимиз Юрий Медведевнинг таклифи билан кичик давра қурдик. Эрталаб ширакайф бўлган акамиз, кечга келиб анча “етилган” эдилар. Уч-тўрт қадаҳ сўзидан кейин каминага ола қараб, “Сен боя нега Форобийни ўзбек дединг?” деб қолдилар. Мақсадни дарров тушундим. Қўшни ва қариндош миллат зиёлилари орасида ярамас иллат тарқалган эди. Ўтмиш алломаларини ўзларича “бўлишиб олиб”, “бу ўзбек”, “бу қозоқ”, “бу тожик”, “бу туркман”, деган киши билмас даҳанаки жанглар мавжуд эди. Форобийни қозоқ ва ўзбек зиёлилари талашардилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Форобий номини ўзбек ёзувчисининг тилга олиши қозоқ адибига ёқмабди. Ҳолбуки, мен “ўзбек” эмас, “шарқ алломалари” деб эдим. Рус, латвиялик, молдован, украин адибларининг кичик даврасида ўзбек билан қозоқ қариндошнинг бемаъни баҳси шармандали ҳол бўлгани учун изоҳ бердим:
– Минг йил олдин яшаган аждодларимиз илм оламига бебаҳо мерос қолдирганлар. Буюк одамларнинг миллати бўлмайди. Аниқроқ айтсам, миллатининг чегараси йўқ. Агар Хоразмий мероси фақат битта халққа хизмат қилганда, демак у буюк эмас эди. Буюклар башар фарзандларидир. Сиз билан биз уларни талашмайлик, аксинча, ўрганайлик. Сизнинг гапингиз мен учун янгилик эмас. Бунақа гаплар Олмаотада ҳам бор, Тошкентда ҳам бор. Лекин у шаҳарда ҳам, бунисида ҳам Форобий ҳаёти акс этган яхши роман йўқ. Талашишга етган ақлни тежаб, мен бу буюк аллома ҳақида роман ёзадиган бўлсам, олмаоталик форобийшунос олимлар маслаҳат берсалар, сиз ёзадиган бўлсангиз, тошкентлик олимлар қизиқарли маълумотлари билан сизни таъминласалар, халқимизга шу фойдалироқ эмасми? Аждодлар номи билан фахрланиш яхши, лекин зиёли одам “Мен улуғлар зурриёти бўлишга арзийманми, мен халқимга етарли хизмат қила олдимми?” деб яшаши керак. Ҳамонки, баҳс бошландими, келинг, дастурхонларимизни очайлик: сиз қозоқларга қандай хизмат қиляпсиз, мен ўзбекларга қандай хизматни қойиллатиб қўйдим? Тан олайлик, бовурим, даъвоимиз осмонда-ю, дастурхонимиз қуруқ. Сиз тўртта, мен иккита китоб чиқариб қўйиб керилмасак ҳам бўлади. Жамбул оғанинг ёшини яшаб, яна уч-тўрттадан китоб ёзармиз. Лекин вафотимиздан кейин йил ўтиб биров бизни эслайдими?
Гапларим таъсир қилди. Абдулҳамид оға “накаут қилдинг”, деб мени ўпа кетди. Ярим чин, ярим ҳазил баҳсимизга Юрий Медведев якун ясади:
– Тоҳир тўғри гапирди. Бунақа талашиш дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор. Лекин ҳеч бир ерда ижобий натижа бермаган. Ҳар бир зиёли қобилиятига яраша миллатига хизмат қилаверсин, натижасини келажак аниқлаб беради.
Шу даврадан сўнг Абдулҳамид оға билан ака-укадек бўлиб кетдик. У киши тўрт – беш марта бизникига келдилар. Бизнинг “Фан ва турмуш” журналига ўхшаган “Билим жана энбек” нашрига бош муҳаррир бўлдилар, каминани шу журнал таҳрир ҳайъатига аъзо қилиб, гувоҳнома ҳам жўнатдилар. Бу гувоҳнома Чимкент йўлида иш берди: Сайрамдаги дўстимизникига кетаётган эдик. Йўл ҳаракати қоидасини бузиб эдим, қозоқ инспектори тўхтатди. Астойдил жазолайдиган кайфиятда эди, гувоҳномани кўргач, айбимни кечирди. “Фалак”, “Сомон йўли элчилари ” қиссалари Абдулҳамид Марҳабоевнинг таржимаси туфайли қозоқ ўқувчиларига етиб борди. Абдулҳамид оға билан хат ёзишиб турардик. Мактубларини “Тахир туғыс” деб бошлардилар. Тошкент яқинидаги Қозоғистоннинг “Сари оғоч” санаторийсига келган пайтлари албатта бизникига қўниб ўтардилар. Шундай ташрифлардан бирида меҳмон кутаётган гўзал қозоқ қизининг суратини совға қилдилар. “Тахир туғыс, Алматы эскерткiшi сенин уйинде де турсын. Абдул-Ҳамид”, деб имзо чекилган бу совға салкам қирқ беш йилдан бери уйим тўрида турибди.
Саксонинчи йилларнинг охирларида Жомий ҳазратларининг таваллуд тўйларини ўтказиш тадориги бошланди. Қувонарли томони шундаки, бу тўйни ўтказишга икки жумҳурият зиёлилари жалб этилди. Тожикистонда ташкилий ишлар академик Муҳаммад Осимий, бизда академик Азиз Қаюмов раҳбарлигида олиб борилди. Тўй Самарқандда бошланиб, сўнг Тошкентда, кейин Тожикистонда давом этиши режалаштирилган эди. Дастлабки ишлар ўзаро хат ёзишув ва телефондаги сўзлашувлар орқали амалга оширилди. Тайёргарлик ишлари ниҳоясига етай деб қолганда Душанбедан фан доктори Аълохон Афсахзод акамиз келдилар. Азиз Қаюмов домламиз бу пайтда Ёзувчиларнинг дўрмондаги Ижод уйида эдилар. “Меҳмонни шу ерга олиб келинг, баҳаво жойда дам олиб қайтадилар”, дедилар. Икковимиз автомашинанинг орқа ўриндиғига жойлашиб, жўнадик. Ўша ойларда Ўзбекистоннинг раҳбари Рафиқ Нишонов қайсидир мажлисда “Ибн Сино тожик халқининг буюк фарзанди”, деб ўзбек зиёлиларини ранжитган эди. Сир эмаски, бу масалада олдиндан кераксиз фикрлар олишуви мавжуд эди. Фақат Ибн Сино эмас, бошқа улуғларнинг номи ҳам ўртада “талаш” эди.
Душанбелик доктор Аълохон Афсахзод билан йўлда кетатуриб бу ҳақда гаплашишини ўйламаган эдим. Меҳмон кутилмаганда Нишоновнинг гапини эслаб, бунга зиёлиларнинг муносабатини сўрадилар. Жавобан дедимки:
“Муносабатни ўзингиз ҳам ҳис қилгандирсиз? Агар айни шу гап тескарисига жаранглаганда тожик зиёлилари нима дердилар? Шахсан каминанинг фикрини билмоқчи бўлсангиз, зиёли сиёсатчидан ҳар томонлама устун туриши керак. Чунки зиёлига Худо томонидан берилган зеҳн, эгалланган билим, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқара олиш қобилияти айрим сиёсатчиларга берилмаган. Уларнинг тарихга, маданиятга доир фикрлари субъектив (шахсий, фақат ўзларига хос), илмий ҳақиқатдан узоқ бўлиши мумкин. Хўп, Нишонов шундай дебди, буни фожиа сифатида қабул қилиш керакми? Нега? Унинг гапидан кейин нима ўзгарди? Тўрт-беш тожик зиёлиси қувонгандир, тўрт-беш ўзбек зиёлиси ранжигандир. Шу холосми? Ҳа, шу холос. Нишонов Ибн Синони “тожик” деб эълон қилгач, дунё аҳли сизларнинг ҳузурингизда тиз чўкиб, шарафлашдими? Йўқ, бу гап саҳрога томган ёмғир томчидай изсиз кетди-ку? Дунё илм аҳли учун Ибн Синонинг ёки бошқа алломанинг миллати мутлақо аҳамиятсиз. Дунёнинг қайси илмий даргоҳида “Биз фақат қадим Юнон (ёки Хитой, ёки Ҳинд, ёки Ўзбек, ёки Тожик) олимларининг асарларини ўрганамиз, бошқаларини тан олмаймиз”, деган талаб бор? Форобий хусусида қозоқ дўстимга айтган сўзимни сизга ҳам айтай: сизу биз Ибн Сино ҳазратларини талашиб ўтирибмиз, москвалик яҳудий адиб, гуржистонлик адиба келиб, тарихни ўрганиб, бу буюк зот ҳақида романлар ёзишяпти. Шу мисол ҳар икковимиз учун уят эмасми?”
Доктор Афсахзод акамиз билан ҳамфикр эканмиз. У киши ҳам Тожикистондаги айрим зиёлиларнинг тарихни талашишга доир ҳаракатларига салбий муносабатда эканлар. Ҳамонки, ҳар икки томонда шундай иллат бор экан, бу иллатни даволовчи куч ҳам бор-ку? Агар икки ёки уч жумҳуриятда юқумли касаллик тарқалса, қўшнилар қараб туришмайди-ку, икки ёки уч жумҳурият шифокорлари биргалашиб ҳаракат қилишади-ку? Нега руҳий-маънавий касалликка қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб борилмайди?
Бу борада икковимизнинг фикримиз бир жойдан чиқди. Ана шу онда…
Тепловознинг кучли чинқириғи иккаламизни чўчитиб юборди. Қарасак, баҳайбат тепловоз биз томон бостириб келяпти. Қибрайга етмай чапга бурилганда автомашина темир йўлни кесиб ўтиши лозим эди. Темир йўлда ҳаракат камлиги туфайли шлагбаум қўйилмаган, автомобиль ҳайдовчисини хавфдан огоҳлантириш учун электр жинғироқнинг жиринглаши кифоя эди. Ҳайдовчиларнинг барчаси ҳам зийрак эмас, шу жойда ҳалокат бўлиб туриши маълум эди. Бизнинг ҳайдовчи ҳам суҳбатимизга маҳлиё бўлиб, огоҳлантирувчи чироқнинг ёниб ўчишига ҳам, жиринглаш овозига ҳам эътибор қилмабди. Ишонасизми, бир қарич масофа фарқи билан темир йўлдан ўтиб кетдик. Қўрқувдан ҳайдовчининг ранги оқариб, машинани тўхтатди. Пастга тушиб, бошини чангаллаб ўтириб олди. Бизнинг қўрқувимиз ҳам ўзимизга яраша эди. Бир неча нафасдан сўнг ўзимизга келгач:
– Аълохон ака, ҳозир нима учун Худо бизни асраб қолди, биласизми? – дедим.
– Ризқимиз ҳаётдан узилмаган экан, – дедилар.
– Бу ҳам тўғри, назаримда омон қолишимизга бошқа сабаб ҳам бор. Ҳозир икковимиз аҳиллик ҳақида ҳамфикр бўлиб гаплашдик. Агар бошқалар каби талашиб-тортишиб келаётган бўлганимизда Худо: “Бу икки нодоннинг боридан йўғи яхши”, деб бостириб юборармиди…
Аълохон акамиз кулимсираб қўйдилар.
Таваллуд тўйи бошланган куни Муҳаммад Осимий домла билан яқиндан танишдим. Ғоят илмли, доно киши эканлар. Темир йўлдаги воқеани эшитиб, менинг ҳазил тариқасида айтган фикримни тасдиқладилар. Ҳазрати Жомийнинг таваллуд тўйлари Самарқандда юқори мартабада ўтди. Кечки поездда Тошкентга қайтдик. Осимий домла билан тун бўйи суҳбатлашдик. У кишининг билимлари мисли денгиз экан, озгинагина баҳраманд бўлишга улгурдим. Ўзбек тилига Давлат тили мартабаси берилиши ҳақидаги қонун ҳақида гапира туриб, тожик ва ўзбек тилшуносларининг илмий ҳамкорликлари ҳақида яхши фикрлар айтдилар.
Афсуски, бу фикрлар амалга ошмади. Совет иттифоқи парчалангач, тарихшунос, тилшунос, адабиётшунос олимлар, ёзувчилар орасидаги илмий-ижодий алоқалар яқинлашиш ўрнига анча узоқлашди. Ҳар икки миллатнинг янги авлоди бу камчиликка ҳам барҳам беришни зиммаларига олмоқликлари зарур.
Бу борада бизга ибрат бўларли икки ижодкорни ёдга олиб ўтсам савоб бўлар.
Бирлари – Тўхтасин Жалолов. “Ўзбек шоиралари” рисолалари билан машҳур эдилар. Ойбек домла ҳам бу рисолага юқори баҳо бериб эдилар. Тўхтасин ака Сталин даври жабрини ҳам кўрганлар. Лекин бу ҳақда сира гапирмасдилар. Тўхтасин аканинг қамоқда орттирган дўстлари билан 1993 йили суҳбатлашиб қолиб, қаҳрамонликлари ҳақида ажиб воқеани эшитдим: қамоқхоналарнинг ўзига яраша ёзилмаган қонуни бўлади. Ички тартибни милиция ходимлари эмас, ашаддий жиноятчилар бошқарадилар. Қамоқхона маъмурияти сиёсий маҳкумларни итоатда ушлаб туриш учун уларга қарши каллакесарлар тўдасини қўйган. Сиёсий маҳкумларнинг аксари зиёлилар, муштлашиб, ўзини ҳимоя қилишга ожиз, пашшага ҳам зарар келтирмайдиган кишилар бўлишган. Бундан фойдаланган рецедевистлар уларни истаганларича хорлайверишган. Тўхтасин ака ҳам аввалига бу хорликларга чидаганлар. Кунларнинг бирида барчага зулм қилувчи хирсдай маҳкумнинг бошсиз танаси топилган. Сиёсий маҳкумлар буни Тўхтасин аканинг иши деб билиб, унга ҳурмат билдирганлар. Рецедевистлар ҳам Тўхтасин акадан гумонсираганлар, лекин бақувват бу одамга бас келишдан чўчиб қолганлар. Шу тарзда Тўхтасин ака сиёсий маҳкумларни хорланишдан қутқариб қолган, лекин бирон марта қилган ишларини тилга олмаган, миннат қилмаган эканлар. Газетада ишлаганимда Тўхтасин ака билан деярли ҳар куни кўришардик. У киши бирон идорада хизмат қилмасалар ҳам, барча каби соат 9да келиб, чойхонадан жой олардилар. У кишига кўпинча шоир Толиб Йўлдош ҳамсуҳбат бўлардилар. Биз уларнинг суҳбатларини тинглаб ҳузурланардик. Мен Тўхтасин аканинг тожик эканликларини билмаган эдим. Бир куни суҳбат пайтида: “Мени тожик олими, деб гапиришади. Мен бу сифатга қаршиман, чунки мен ўзбек халқининг тожик фарзандиман”, дедилар. Кейинроқ ёзувчиларнинг қайсидир анжуманида буни катта минбарда туриб, фахр билан айтдилар.
Шоир Жонибек Қувноқни кўпчилик билмаслиги мумкин. Чунки у киши ғоят камсуқум ва камтарин эдилар. Жонибек ака шайтонга бўйин бермаган покиза инсон, ҳилм бобида бошқаларга ўрнак эдилар. Намоз ўқиганларми ё йўқми, билмайман, лекин мусулмон одоби у кишида мужассам эди. Ўзлари тожик газетасида ишлардилар. Ўзбек шоирларининг сара шеърларини тожик тилига таржима қилардилар. Тўсатдан вафот этганларида маълум бўлдики, биронта поликлиникага аъзо эмас эканлар. Вафот этганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш пича қийинлашганда Одил Ёқубовнинг аралашувлари туфайли Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникаси бу ҳужжатни тайёрлаб берди. Жонибек ака шунақанги беғубор одам эдилар. Вафотларидан сўнг профессор Ҳомиджон Ҳомидий ташаббуслари билан Низомий номидаги институтда хотира анжумани ўтказилди. Икки тилда сўзланди, икки тилда шеърлар ўқилди, ғоят ибратли анжуман бўлди. Шунда камина ҳам сўзга чиқиб, дедимки:
– “Миллат” атамасининг луғавий маъноси бир динга мансубликни англатади. Шунга кўра, мен Жонибек ака билан бир миллатданман. Таъбир жоиз бўлса, Жонибек ака тожик тилида сўзлашувчи мусулмон миллатидан эдилар, мен эсам ўзбек тилида сўзлашувчи мусулмон миллатиданман.
Худди шундай мисолни, яъни Тожикистонда яшаган ўзбек ижодкорларининг фазилати ҳақидаги ибратли воқеаларни тожикистонлик дўстларимиз ҳам айтиб беришларига ишонаман.
Фарғона фожиаси кунлари Францияда чиқадиган “Юманите” газетасининг мухбири мен билан суҳбатлаша туриб: “Ўзбеклар билан туркларнинг бу хилдаги тўқнашуви бизлар учун кутилмаган бўлди. Арманилар билан Озарбайжонлар урушидан сўнг Ўрта Осиёда ўзбеклар билан тожиклар зиддияти бошланишини кутган эдик”, деди. Унинг бу гапини хотиржамлик билан тинглаш мумкин эмас. У шунчаки гапирмади бу тахминини. Таъбир жоиз бўлса, бу “чойхонанинг гапи” эмасди. Хорижда бизларнинг ҳар бир кунимизни диққат билан кузатадиган мутахассислар, илмий даргоҳлар бор. Ҳамонки, улар шу фикрга келган эканлар, демак, асослари бўлган. Асослари, назаримда, тарихни талашувчи нодон зиёлиларнинг ҳаракатида бўлса керак. Халқ айнан шу нодон зиёлилар кетидан боради, деб ўйлашган. Худога шукрки, ундай эмас.
Бугун собиқ иттифоқ ҳудудида юз бераётган фитналар бизларни ақл билан иш юритишга даъват этади. Жон қўшнилар, жигарлар орасида нифоқ чиқиши кимларга керак? Жомий ва Навоий ҳазратлари авлодига, Махтумқули, Абай ва Тўхтағул авлодига мутлақо керак эмас!
Тошкент зилзиласи баҳонасида бунчалар четлашиб кетишингиз шартмиди, деб танбеҳ беришингиз ўринли. Лекин гап шундаки, табиий офатлар олдида одамзод ожиз. Лекин ўзининг нодонлиги оқибатида юз берадиган маънавий-руҳий офатларнинг олдини олиш мумкин. Агар олди олинмаса, бу офатнинг фожиаси табиий офатникидан даҳшатлироқ бўлади. Зилзилада йиқилган бинолар тез ойларда ёки йилда тикланади. Дарз кетган деворлари қайта сувалади. Лекин маънавий-руҳий офат натижасида дарз кетган қалбларни шифолаш узоқ йилларни талаб этади. Шундан эҳтиёт бўлишни таъкидлаган ҳолда, ижозатингиз билан яна олтмишинчи йилларга қайтаман.
“Тўқиб бахт куйини ва бахтсизлик куйини”
Зилзиладан кейинги қурилиш ишлари авжга чиқди. Кўп идоралар жойлашган бинолар бузила бошланди. Хусусан, Ёзувчилар уюшмасининг биноси бузилиб, Навоий кўчасидаги 30-уйга кўчиб ўтдилар. Бундаги таҳририятларда ишловчилар кўп хоналарини бўшатиб бердилар, тўрт кишига мўлжалланган хоналарга саккиз кишидан жойлашиб, хизматларини давом эттирдилар. “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларининг таҳририяти ҳам шу бинога кўчиб ўтди. Бундан қувондим, чунки Навоий кўчасидаги 30-уй энди тўла маънода ижод марказига айланган эди. Узоқдан кўриб юрганим ижодкорларни энди яқиндан кўриш, ҳатто, саломлашиш бахтига эришиш имкони туғилди.
Бир куни хонада ёлғиз ўтириб эдим, эшик очилиб Ғафур Ғулом кўриндилар. Довдираб қолдим.
– Телефонинг ишлаяптими, Олмаотага қўнғироқ қилса бўладими? – деб сўрадилар.
Кейин диванга ўтирдилар-да, чўнтакларидан дафтарча чиқариб, Олмаотадаги телефон рақамини айтиб турдилар, мен буюртма бердим. Ийманиб тура-тура секин чиқиб кетмоқчи эдим, “Жойингда ўтир, буниси жавоб бермаса, бошқасини айтасан”, дедилар. Халқ учун улуғ зот ҳисобланган шоирга қарашга ботинолмай, бошимни эгиб тек ўтирган чоғимда эшик очилиб муҳарриримиз Суроб ака кўриндилар. Мен довдираяпман, десам, Суроб аканинг ҳаяжонлари каминаникидан кам эмас. Шоири замонни хоналарига таклиф этган эдилар, “Бу бола ишни пишитиб берди, шу ерда бир пас кутаман”, дедилар. Суроб ака телефон станциясига қўнғироқ қилиб, буюртмани тезлатишни илтимос қилдилар. Суроб аканинг ҳаяжонлари бежиз эмаслигини кейинроқ билдим.
Икки йил олдинмикин, газетанинг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Ғафур Ғуломдан табрик хати олиш учун таҳририят адабий ходими шоирнинг уйига борибди. Устоз шоир сал ширакайф эканларми, “Сен кимсан?” деб сўрабдилар. Вакил адабий ходим эканини билдириб, муҳаррирнинг илтимосини етказибди. “Нега редакторинг келмади?” деган саволга вакил жавоб бера олмаган, шоири замон эса илтимосни бажармаган. Эртасига таҳририят мажлисида шундай деб ҳисобот бериб турганида, эшик шарт очилиб, қўққисдан Ғафур Ғулом кириб келибдилар. Тўрда ўтирган Суроб акага рўпара келиб:
– Редактор сенмисан, болангни сен юборувдингми, қоғоз олиб ёз! – деб табрикларини айтиб турибдилар. Суроб ака титроқ қўллари билан ёзибдилар.
Олмаота билан телефонда гаплашишни кутиб ўтирган шоир ҳузурида муҳарриримизнинг сал довдираброқ туришларига эҳтимол, ўша воқеанинг ёдларига тушгани сабаб бўлгандир. Диплом ишига маълумотлар тўплашда ўша табрикни ўқиган эдим. Сарлавҳаси: “Ёзганим-ёзган!” Маъноси: “Ленин учқуни”ни аввал ўзим ўқир эдим ва унга шеърлар ёзардим. Кейин фарзандларим ўқишди. Энди набираларим ўқишяпти, демак, мен бу газетадан ажралганим йўқ, унга ёзганим-ёзган!”
Ғафур Ғулом олмаоталик шоир дўстлари билан гаплашиб, фарзандлари ва набираларини жўнатаётганларини айтдилар. Тошкент заминининг тўхтовсиз титраб туришидан хавотирлари зиёда экани шоирнинг гапларидан маълум бўлди.
Шоирнинг зилзиладан чўчишларига сабаб фарзандларининг тақдиридан хавотирланишда эди. Бунақа пайтда катта одам ўз жонини ўйламайди. Буни ўзим ҳам бошимдан ўтқазганман. Ўзимни зилзиладан қўрқмайдиган “қаҳрамон” қилиб кўрсатиб мақтанган эдим. Бу “қаҳрамонлик” узоқ давом этмаган. Кейин-кейин яқинларимни ўйлаб қўрқадиган бўлдим. Назарбек зилзиласида ҳамма ҳиндча кинофильм кўриб ўтирган эди. Болаларни кўтариб, ҳовлига интилдим. Кейин автомашинага ўтириб шифохонада даволанаётган аяжоним ҳузурларига шошилдим. Боргунимча беморлар қатори аяжонимнинг ҳам қўрқувлари анча босилган экан. Шифохона атрофини бир зумда автомашиналар тўлдирди. Баъзилар беморларини олиб, уйларига кетдилар. Мен ҳам аяжонимни олиб кетмоқчи эдим, “Бўлди, ўтиб кетди, хавотир олма, сен Баҳодир акангникига кир, Саодатнинг юраги ёмон, қўрқиб кетгандир, хабар ол”, дедилар. Она – она-да! Ўзининг жонидан хавотирланмай, фарзанди ва набираларидан ташвишда! Жияним Саодат чиндан ҳам қўрқиб кетиб, катта жавон ичига кириб беркиниб олган экан. Акамга “ҳовлига кетайлик”, десам, унамадилар. Жияним Саодатни олиб қайтдим. Ҳозир ҳам ер аста титрашни бошласа, набираларим томон югураман. Аҳли аёлим эса, қўрқувдан қутулмай туриб, телефонга ёпишади. Иккала қизим оиласи билан тўртинчи қаватда яшайди. Улар билан гаплашгач, сал тинчийди, кейин мендан беркитиб, юрак дорисини ичиб олади. Ажабки, зилзила бошланганда мен унга қарамайман, хоним-афандим эса каминани ўйламайди, шунақаси ҳам бўлар экан-да!
Орадан икки-уч ҳафта ўтиб-ўтмай, Ғафур Ғулом Татаристондаги адабий анжуманга бориб ўша ерда вафот этдилар. Машъум хабар келгач, бутун Ўзбекистон аҳли мотам тутди, десам янглишмайман. Радио эрталабдан маъюс куйларни берди. Мен дафн маросимини кўролмадим, босмахонада навбатчи эдим. Лекин кўрганларнинг ҳикояларидан маълум бўлдики, шаҳар марказидан то Чиғатой қабристонига қадар кўчалар одамлар билан тўлибди.
Газетада навбатчилик қилиш анча заҳматли эди. Линотип – ҳарф терувчи машиналар тинмай чиқиллайдиган, машиналар ёнбошида қўрғошин қайнаб турган цехда тонгдан кечгача ўтириш осон эмас. Компьютер замонидаги ёшлар бу қийинчиликларни тасаввур ҳам этолмайдилар. Газета саҳифаланиб, неча тонна куч остида қалин қоғозга босилгач, яъни, матрица – қолип олингач, навбатчиликнинг иккинчи босқичи бошланарди. Қолипга айлана шаклда қўрғошин қуйиб, босув машиналарига ўрнатиш аллақанча вақтни оларди. “Ленин учқуни” ярим миллион нусхадан кўп босиладиган бўлгани учун унга энг охирида навбат тегарди (кейинчалик бу газетанинг тиражи бир миллион нусхадан ошган). Олдин нусхаси камроқ газеталар босиларди. Бунинг сабаби – ишчилар қанча кўп номдаги газеталарни боссалар шунча кўп маош олардилар. Бунда фақат газетанинг нусхаси эмас, номи ҳам муҳим экан. Агар “Ленин учқуни”ни биринчи галда боса бошласа, бу жараён эрталабгача давом этади ва ишчи битта газета босган ҳисобланади. Агар фавқулодда ҳодиса бўлиб қолса, ёки Москвада каттароқ мажлис ўтказилса, катта газеталарнинг иши кечикиб кетади, шунга қараб, бизнинг навбатчилигимиз ҳам тонготарга қадар давом этади. Ярим кечадами ё тонготардами уйга пиёда кетишга мажбур бўламиз. Ғафур Ғуломнинг вафотлари туфайли ана шундай қийинчилик туғилди. Ҳали бу борада дуруст тажрибам бўлмаса-да, тонготарга қадар қолишга мажбур эдим.
Не ажабки, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор дафн маросимлари куни ҳам навбатчилик каминага насиб этган эди. Ўша кунларда муҳарриримизга: “Суроб ака, энди мени навбатчиликка қўйманг, қаранг нуқул навбатчилигимда улуғлар вафот этишяпти, бунақада ёзувчи қолмайди”, деб ҳазиллашган эдим.
Халқ орасида бу ёзувчиларнинг ҳурмати баланд эди. Чунки мактаб дарсликларида фақат шулар мадҳ этиларди, матбуот, радио ҳам шуларнинг номи билан банд эди. Совет даври адабиёти асосан шу номлардан иборат эди. Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор шахси, ижодига авваллари фақат мақтов кўзлари билан қаралган бўлса, кейинги йилларда танқидий ҳатто жиддий баҳсли фикрлар баён қилиняпти. Айримлар уларни “Ўзбек совет ёзувчиси” деган мартабада давр сурганини пеш қилиб, умуман инкор этишни талаб қиладилар. Совет даврида мақталганларнинг адабиётимиз учун яна бир хизматлари бор: қодирийлар ўлдирилганидан кейин улар адабиётимизнинг ҳам ўлдирилишидан сақлаб қолдилар. Уларнинг ёзувлари бошқа, диллари бошқа эди. Уларда ҳам миллат дарди бўлган, аммо айтолмаганлари учун ҳам диллари пораланиб яшаганлар. Агар улар бутунлай инкор этилсалар, уларнинг номи адабиётимиз тарихидан олиб ташланса, катта бўшлиқ ҳосил бўлмайдими?
Ҳамид Олимжоннинг машҳур “Ўрик гуллаганда” шеърида яширинган дард йўқми? Менимча бор. У баҳорга, яъни юрти баҳорига маҳлиё бўляпти, лекин “қанча тиришсам ҳам у беор еллар мени алдаб кетади”. Мен шоир ҳам, адабиётшунос ҳам эмасман, шу боис бу каби талқин ва хулосаларни олимлар ихтиёрига қолдира қолай.
Тоғда неча юз йиллик чинор дарахтини кўрган эдим. Бағри ўйилиб, ўт ёқилган, худди тили кесилганича оғзи очилиб турган одамни эслатди. Мен яқин ўтмишимиздаги ёзувчиларни шу бечора дарахтга ўхшатдим.
“Ленин учқуни” таҳририятига кириб келган Ғафур Ғуломни кўриб довдираб қолганимда у кишининг шахси ва ижодига доир зиддиятлар ҳақида ҳеч нарса билмас эдим. Мактабда ўқиганимда шоирнинг кўп шеърларини ёд олган эдим. “Сен етим эмассан”, “Турксиб йўлларида”ни ёдлаш барча ўқувчи учун мажбурий эди. Шеърлар ёзилган пайтда Сталинни мадҳ этувчи сатрлар мавжуд эди. Сталин қоралангач, шоир бечоралар нима қилишсин? Ўзларини қийнамай, осон йўлини топишди: “Сталин жонажон” ўрнига “партия жонажон” деб ўзгартиришди. Бу анъана кейин ҳам давом этди. “Ленин бобожон” деганлар йигирманчи аср адоғида “Темур бобожон” деб хитоб қила кетишди.
Ғафур Ғуломнинг шеърият ва насрдаги, таржимадаги маҳорати энг юқори баҳоларга лойиқ. Бундай истеъдод эгаларини Аллоҳ миллатга ҳамиша ҳам беравермайди. “Айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам”, деганларидек, дардларини қалбга бутунлай кўмиб ташлашмаган. Тўғри, ўлимга гирифтор бўлиш хатари билан яшаганлар, лекин халқ дардини сатрларга сингдириш йўлини излаганлар. Доҳийларни мақтай туриб, бир-икки сатрда бўлса ҳам ҳақиқатни айтишга интилганлар. Бу соҳадаги тадқиқотни ҳам олимлар зиммасида қолдириб, шоирнинг бир шеърини тилга олиб ўтаман. Урушдан кейин кибрли инглиз лорди бизларни “Ёввойи қабила” деб атаган экан. Бу ҳақоратга шоир қандай чидасин?! 1949 йилда шундай жавоб ила ҳайқирди:
Қадим ўзбек халқисан, асл Одам авлоди,
Миср эҳромларидан тарихинг қарироқдир.
Хоразмнинг ҳар ғиштида боболарнинг ижоди,
Англо-саксонлардан анча юқорироқдир.
Бизда логарифманинг мушкул муаммолари
Қўлдаги бармоқлардай оддий қилинганда ҳал,
“Олий ирқ” даъвогари Черчилнинг боболари
Ҳатто санай олмасди ўн бармоқни мукаммал.
…Биз эккан пахталардан Ер юзида бор киши
Уятини ёпганда устма-уст, қават-қават,
Ҳозирги жанобларнинг маърифат ва дониши
“Пахта дарахт қўзисин жуни” деб билганлар фақат…
Бир неча йил муқаддам Хадрадаги ўқув марказига таклиф қилишди. Бу ерда болалар турли фан асослари билан бир қаторда инглиз тилини ўрганишар экан. Учрашувга Англия элчихонасининг вакили ҳам ташриф буюрди. Кўп болалар билан суҳбатлашди, менинг диққатимни учинчи синфда ўқийдиган қизнинг суҳбати ўзига тортди. У инглиз тилида эркин ва равон сўзлашиб инглиз меҳмонни қойил қолдирди. Мен таржимон ёрдамида меҳмондан болаларнинг билимига баҳо беришни сўрадим. Аъло баҳолади, ғоят таъсирланганини билдирди. Шунда мен “Таъсирланишингизнинг сабаби бу халқ болаларининг бунчалар даражада истеъдод эгаси эканини кутмаганлигингиздами?” деб сўрадим. Шубҳасизки, фикримни рад этди. Мен эсам инглиз лордининг гапини ва шоиримиз жавобини ёдга олиб дедимки:
– Ўзини кеча олий ирқ ҳисоблаган одам бугун кибр отидан туша қолмайди. Сиздан миннатдормиз, болаларимизга аъло баҳо қўйдингиз. Лекин ўша инглиз лордининг фикрида юрганлар юртингизда ҳали ҳам борлигига ишонаман. Мабодо шунақалардан битта ёки иккита қолган бўлса ҳам ва сиз ўша одам билан учрашиб қолсангиз, кўрганингиз бу болаларимизнинг қанчалар ақлли эканини айтинг-да, бу болалар “сиз ёввойи қабила” дея камситган халқнинг фарзандларидир, озод Ўзбекистоннинг келажагидир”, деб танбеҳ беринг.
Ўзбекистон Фанлар Академияси тарихида икки адиб ҳақиқий аъзо, иккиси мухбир аъзо бўлган. Академик Ойбек ва академик Ғафур Ғуломнинг илмдаги хизматлари маълум, мухбир аъзоларнинг эса илмга қандай алоқалари бор, билмайман. Икки академикнинг вафотидан сўнг ёзувчиларнинг ўрни бўш турмасин дебми, Комил Яшин билан Уйғун “сайланишган”, аниқроғи, партия томонидан “ўрнаштириб қўйилган”. Ғафур Ғуломнинг шеъриятдаги улуғлигини эътироф этган ҳолда илм бобида хатоларга йўл қўйганини айтиш мумкин.
Алихонтўра Соғунийнинг ўғиллари Асилхонтўра суҳбатларидан бирида “Биз Хитойда яшаганимизда Ғафур Ғуломни ўзбек шоири деб билардик. Иттифоқо унинг “Мен яҳудийман” шеъри бизга қадар етиб келди, шундан сўнг ул зотни бошқача атай бошладилар”, деди. Бу фикр икки томонлама нотўғри эди. Аввало, мазкур шеър фашистларнинг яҳудийларни қирғин қилишига қарши ёзилган. Шеър илмидан бехабар одамгина бу каби услубни англамай, сарлавҳани тўғридан-тўғри тушунган. Бу шеър туфайли эмас, балки Ғафур Ғуломнинг Бобораҳим Машрабга бағишланган мақоласини ўқигач, одамлар шундай дейишгандир. Совет даврида худосиз олимлар Бобораҳим Машрабни атеист сифатида кўрсатишга кўп уринганлар. Афсуски, булар орасида Ғафур Ғулом ҳам бор эди. Адабиётшунослар ва тарихчилар орасида “Мабдаи нур” асари Бобораҳим Машрабники эмас, деган тортишувлар мавжуд эди. Академик шоир бу хусусда “Икки Машраб” деб номланган мақола ёзиб, “ҳалигача Бобораҳим Машрабга иснод бўлиб келган “Мабдаи нур” номли сўфийёна ахлоқий тизим асар шу мулла Рўзи охуннинг асари экани аниқ ва равшан бўлди”, деб ҳукм чиқаради. Қаранг-а! Неча авлодни одамийлик хулқида тарбиялашга хизмат қилган ҳикмат китоби Бобораҳим Машрабга иснод келтирган эмиш?! Хўш, бунга ҳам даврни айблаймизми? Совет даврида адабиётга партиявийлик, синфийлик кўзи билан қаралган. Одамийлик учун зарур бўлган ҳикмат китоблари “диний-мистик адабиёт” деб сифатланиб, советлар жамияти, социалистик тузум учун зарарли ҳисобланган. Хожа Аҳмад Яссавий, Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари бутунлай инкор этилган. Бобораҳим Машрабга нисбатан эса икки хил қараш мавжуд бўлган. Ул зот гоҳ диний-тасаввуф шеъриятининг намояндаси деб танқид қилиниб, гоҳо эса “ўз асарларида диний-тасаввуфни қоралаган исёнкор фахрий шоир” сифатида олқишланди. Ғафур Ғуломга ўхшаб янглишган олимларнинг мақолаларидан кейин Бобораҳим Машрабни бемалол коммунистик партияга аъзо қилиб, партбилет берилса ҳам бўларди. Кимнингдир залолатда эканини кўрсак ёки билсак, “у кофирдир”, деб ҳукм чиқаришдан ўзимизни тийиб, “Аллоҳ бу биродаримизни залолатда қолиб кетишидан Ўзинг асра, унга ҳидоят бер, бу дунёда бирга қилганинг каби, бизларни у дунёда жаннатингда кўриштир”, деб дуо қилсак, Раббимизга хуш ёқса керак.
Шоирнинг олим сифатидаги хатолари ҳам фожиа эмас. Илмда адашишлар кўп бўлади. Муҳими – адашганларни балчиққа қориштириш керак эмас, чунки хато фикрлар ҳам баъзида ҳақиқатни топишга ёрдам беради. Бу борадаги энг муҳим нарса – янги авлод салафларнинг хатоларини ўз вақтида тузатишга интилиши керак. Ғафур Ғулом фикрини тўғри деб билиб илмий изланишлар олиб борган, Бобораҳим Машрабни “эрк ва маърифат куйчиси” деб шарафлаган олим Муҳсин Зокиров хатоларни англагач, 1990 йилда “Ёш ленинчи” газетасида “Машраб олдидаги гуноҳларим” деган мақола эълон қилиб, давр тақозоси билан Машраб ижодини нотўғри талқин қилганини тан олиб, айбига иқрор бўлган эди. Маҳалламизда истиқомат қилган бу олим ўзаро суҳбатларда ҳам каминага бу ҳақда кўп ибратли гапларни айтганларки, олимларга хос бу мардлик ҳам ёшларимизга ибрат бўларлидир.
Ғафур Ғуломнинг киндик қонлари Тошкент тупроғига тўкилган, жонлари ўзга юртда танадан ажралди. Агар мўъжиза юз бериб, ул шоирга “сизга муҳлат, айтадиганингизни айтиб олинг”, дейилса, “халқ олдидаги гуноҳларим” мавзуида кўп ибратли гапларни айтармидилар…
Ҳаёт оқими мангу, қувноқ унинг ўйини,
Айрилиқлар, висоллар, қувонч, кулгу ҳам қайғу!
Мен тўқиб бахт куйини ва бахтсизлик куйини,
Эҳтимолки, дунёда барҳаёт қолгум мангу?
(Миртемир таржимаси)
Эҳтимол, бизнинг ардоқли шоиримиз ҳам ҳиндларнинг улуғи Рабиндранат Тҳакурнинг сатрларига сингган бу фикрларни айтмоқчи бўлгандирлар?
“Спорт журналисти”
Русларда “Кемадан тушди-ю, зиёфатга дуч келди”, деган мазмунда мақол бор. Камина ҳам адабий ходим лавозимига тасдиқ этилдим-у, зиёфатга эмас, қийин бир тадбирга рўпара бўлдим. Футболчи болаларнинг “Чарм тўп” мусобақалари ҳақидаги низомни тайёрлашда иштирок этганимда, бу мусобақаларни ўтқазишда иштирок этиш ва газетада ёритиш зиммамга тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Эркин Хўжаев кўпроқ таҳририят ишлари билан банд эдилар. Югур-етим каминага юклатилди.
“Чарм тўп” клуби президентлигига кўп футболчиларнинг устози Исҳоқ Тошмуҳамедов тайинландилар. Бу киши Герман Титов номидаги спорт мактаб-интернатида хизмат қилардилар.
Зилзила туфайли Республика комсомоли марказқўми ҳам бошқа жойга кўчиб ўтди. Ходимлар тор хоналарга тиқилишган, бири телефонда бақириб гаплашади, бири машинка чиқиллатади, бири кичик даврада мажлис ўтказади… Хуллас, қайнар хумчага ўхшаб қолган. “Чарм тўп” мусобақаси биринчи марта ўтказилаётгани учун ташкилий ишларда етишмовчиликлар кўп, уни ҳал қилиш учун эса кунига ҳатто икки мартадан мажлис чақириларди. Дастлаб, тадбирни кейинги йилга қолдириш ёки бошқа шаҳарга кўчириш ҳақида таклифлар ҳам бўлди. Лекин юқори идора бунга ижозат бермади. Болалар футбол мусобақасини юқори савияда ўтказиш аҳолига руҳан мадад бўлади, деган қарорга келдилар. Бу менга 1941 йил 7 ноябрда Москва Қизил майдонида ўтказилган ҳарбий парадни эслатди. Ўшанда ҳам параддан мақсад халқ руҳини кўтариш эди.
Тадбирни юқори савияда ўтказиш осон эмасди. Аввало, икки юздан зиёд ёш футболчилар ва уларнинг устозларини жойлаштириш, уларни уч маҳал овқатлантириш лозим эди. Футболчиларни стадионларга олиб бориш учун автобуслар талаб этиларди. Зилзилага қадар белгиланган тадбир режасига кўра, ёш футболчилар ҳар куни шаҳарни сайр қилишлари, турли музей ва шу каби жойларга боришлари керак эди. Зилзила бу режани йўққа чиқарди. Футболчилар ва уларнинг устозлари Кўкча дарвозасидаги мактаб-интернатга жойлаштирилди. Автобуслар билан ҳам таъминланди. Тажрибали ҳакамлар жалб қилинди. У дамларда ҳакамларнинг энг юқори мартабаси “Халқаро тоифадаги ҳакам” – Ўзбекистонда йўқ эди. Биттагина “Бутуниттифоқ тоифасидаги ҳакам” бор эди, лекин Белозёров олий лига ўйинларини бошқармасди. Пастроқ даражадаги ўйинларга жалб қилинарди. “Республика тоифасидаги ҳакам”лар орасида ҳам ўзбеклар кам эди. Буларни эслашимдан мақсад, бугун дунё миқёсидаги ўйинларни бошқараётган ҳакамларимиз, хусусан, Равшан Эрматов билан бениҳоя фахрланишимиз лозимлигини таъкид этмоқчиман, холос. Нима учун у дамларда ўзбеклардан юқори мартабали ҳакамлар йўқ эди? Москваликлар ишонмас эдиларми? Эҳтимол шундайдир, лекин мен буни камситиш ўрнида қабул қилардим. Бундай ҳол фақат футболда эмас, спортнинг бошқа соҳаларида ҳам шундай эди. Жаҳон чемпиони боксчи Руфат Рисқиевнинг СССР терма командасидан жой олиши осон бўлмаган. “Пахтакор” футболчиси Биродар Абдураимовнинг маҳорати киевлик Блохиндан кам эмасди, лекин уни терма командага қўшишмаган. Мен бугун Мессининг майдондаги ҳаракатларини кузата туриб, Биродар Абдураимовнинг ўйинларини эслайман. Ўйин услуби, маҳорат даражаси жуда ўхшаш. Абдураимовни ҳарбий хизматга чақириш баҳонасида Марказий армия спорт жамоасига (ЦСКА) олишди. “Пахтакор”дан кетиши афсусли бўлса-да, Москвадаги эътиборли командада ўйнашидан фахрландик. Аммо унга командадан жой беришмади. Захирада ўйнаб қайтди, икки йиллик умри бекорга совурилди. Эҳтимол, унинг “шохини синдириш” учун атайин шундай қилингандир? Буниси бандага қоронғи, Худога маълум.
Болалар мусобақаларини бошлашгач, газета саҳифаларини мақолалар билан тўлдириш менга топширилди. “Нималарни ёзай? Қандай ёзай?” деган саволимга Суроб ака ҳам, Эркин ака ҳам елка қисиб қўйишди. Улар атайин шундай қилишмади, биринчи марта ўтказилаётган тадбирни қандай ёритишни улар ҳам аниқ билишмасди. Ўзбекистонда у йиллари спорт журналистикаси жуда заиф аҳволда эди. Спорт газетасининг ходимлари асосан рус журналистлари эди. Газета рус тилида тайёрланиб, “Физкультурник Узбекистана” номи билан нашр қилинар, икки таржимон хизмати билан “Ўзбекистон физкультурачиси”га айланарди. Футбол шарҳловчиси Назарянц ўйинларга қандай баҳо берса, шундай қабул қилинарди. У Ўзбекистонда “шарҳловчилар қироли” эди. Москвадаги “Советский спорт” газетасига “Ўзбекистон қироли”нинг тиши ўтмасди. Нари борса, “Пахтакор”нинг ўйини ҳақида уч-тўрт сатрдан иборат кичик хабари чиқарди.
Шундай муҳитда камина спорт журналистикасига кириб келишим ва ўзимни кўрсатишим керак эди. Бу ишда болаларга ҳикоялар ёзиб юрганим қўл келди. Ўйинлар ҳақида қуруқ хабарлар беришнинг қизиғи йўқ эди. Мен воқеабанд лавҳалар ёзиш услубини танладим. Масалан, ҳимоячининг ўйиндан чиқариб юборилиши мен учун қизиқарли мавзу бўлди. Хабар ичида “Қўқон командасининг ҳимоячиси қўполлиги учун ўйиндан чиқарилди”, деган сатрлар билан чекланмай, бу воқеани алоҳида лавҳага олиб кириб, “Ҳимоячи нега ўйнамади?” деб сарлавҳа қўйдим. Шу каби ўнга яқин лавҳаларни ёзиб, фотосуратчимиз Равил Албеков суратларини танлаб, бўлим мудирига топширдим. Эркин ака “ҳаммаси яхши”, деб муҳаррир хонасига кириб кетдилар. Мен лавҳалардан кераклисини танлаб олишар деб эдим. Бундай мусобақа биринчи марта ўтказилаётганини назарда тутиб, газетанинг тўрттала саҳифасини футболга ажратишга қарор қилишибди. Адабий ходим синовидан ўтганимдан, таҳририят ишончини оқлаганимдан ғоят қувондим. Қувончнинг фақат ўзимга маълум яна бир томони – қалам ҳақи эди. Газетанинг барча саҳифаларини эгалласам, юз сўм атрофида гонорар олардим. Таҳририятдаги дастлабки қиш ва баҳорни акамнинг эски пиджакларида ўтказгандим, кузга яқин янги пиджак сотиб олишни кўнглимга тугиб қўйдим. Лекин бу насиб қилмаган экан. Бир иш билан масъул котиб хонасига кириб, ёйиб қўйилган газета саҳифаларига кўзим тушди. Ажабки, муаллиф сифатида мен эмас, бошқа кишининг номи ёзилибди. Ҳамид ака кириб келиб, таажжубимни сездилар-да, индамасам ҳам, ўзлари изоҳ бердилар:
– Сизга айтишга улгурмовдим, Равил акангиз кўндилар, Наримон аканинг уйлари бузилиб кетди, янги уйларига ёрдам бўлсин, деб шу маслаҳатга келдик. Йўқ десангиз, ҳозир ўзгартираман.
Нега йўқ дер эканман! Наримон Орифжонов “Гулхан” журналида масъул котиб эдилар. Биз каби ёшларга ғоят ғамхўр эдилар. Янги қураётган уйларига деярли ҳар якшанбада ҳашарга борардик. Тошкент ғарбидаги “Октябрь массиви”, “Бешқайрағоч” деган жойлар аввал колхоз боғлари эди. Зилзиладан сўнг бу боғлар уйи бузилган маҳаллаларга бўлиб берилди. У дамларда ўзбеклар кўп қаватли уйларда яшашни исташмасди. Қийналиб бўлса ҳам уч-тўрт сўтих ерда бошпана қуриб олишга тиришардилар. Наримон ака ҳам шулардан бири эди. Айтишим жоизки, зилзила баҳонасида марказдаги ўзбеклар шаҳар четига чиқарилди. Кўп уйлар зилзиладан шикаст топмаган бўлса ҳам, янги лойиҳада кўрсатилган кўп қаватли уйлар қуриш мақсадида бузилди.
Ўша йили Наримон аканинг бир ишларидан аввал таажжубланиб, кейин доноликларига қойил қолганман. У киши маҳалла раиси эканлар. Уйлар бузилиб, кўч-кўч бошлангач, биринчи навбатда маҳалла гузарига жой ажратиб, тобут ва дошқозонларни олиб келибдилар. Саёз фикрланса, янги маҳаллага тобутни олиб келиб қўйиш кўнгилга сал ғашлик солади. Аслида эса, маҳалла учун зарур нарсалардан бири айнан шу тобут ҳисобланади. Янги маҳалла қурилиб битгунига қадар ҳеч ким вафот этмайди, деб ким кафолат беради? Қадимдан ота-боболаримизнинг ибратли одатлари бўлган янги маҳалла ёки қишлоқ барпо этилишига киришишда дастлаб новвойхона, ҳожатхона ва тобутхона қуриб, кейин уй қурилишларига киришишган. Тоғам вафот этганларида суриштирсам, қарийб юз хонадон яшайдиган беш қаватли уйда маҳалла гузари йўқ экан. Қўшни маҳаллага бориб суриштирсак, битта эски лиқиллаб турган тобутлари бор экан. Бу ҳам бошқа маҳаллага берилмас экан. Ўзим яшайдиган маҳаллага шошқич равишда келиб, “Москвич”имнинг томига тобутни қўйиб олиб борган эдим…
Ғирромлик неча ёшдан бошлаб ўргатилади?
Агар таъбир жоиз бўлса, футбол мусобақаси баҳонасида “болалар спорт журналистикаси”ни ўзлаштира бошладим. Бу ўзим учун ҳам қизиқарли эди. Шу тадбир туфайли болалар спортида мавжуд бўлган ғирромликлардан ҳам хабар топиб, афсусландим. Ишонсангиз, бу афсус ҳали ҳам сўнмаган. Чунки ўша ғирромликлар бугунги болалар, ҳатто катталар спортида ҳануз давом этяпти. Кулгига мойил бир мисол: Олий ўқув юртлари талабаларининг мусобақасида Наманган университетининг футбол командаси асосан “Навбаҳор” футбол жамоаси аъзоларидан иборат экан. Расман наманганликларга эътироз қилиб бўлмайди, чунки бу футболчилар чиндан ҳам университет талабаси ҳисобланади. Лекин уларнинг қандай талаба экани барчага аён-ку? Уларнинг ўқишга қатнамаслигига индамай қўя қолайлик. Лекин қайси факультетда “ўқишларини” билишармикин у азамат тўптепарлар?
“Чарм тўп” низомига кўра, футбол мактабида маҳорат сирларини ўрганаётган боланинг кўча (маҳалла) командасида қатнашиши мумкин эмасди. Чунки футбол мактаблари ўртасида алоҳида мусобақалар мавжуд. Энг муҳими – “Чарм тўп” клубини ташкил этишдан мақсад, кўчадаги бекорчи болаларнинг бўш вақтдан фойдаланишлари масаласини ҳал қилиш эди.
Биз болаларни, айниқса, қайсар, бўйсунмасларни тарбиялашда асосан насиҳат йўлини танлаймиз. Ҳолбуки, бўйсунмас, қайсар, интизомсиз болаларни қуруқ насиҳат билан тарбия қилиб бўлмайди. Уйда насиҳат, кўчада насиҳат, мактабда насиҳат, радио-телевидениеда насиҳат – буларнинг барчаси боланинг ғашини келтира бошлайди. Насиҳат бошланиши билан пешонасини тириштиради, индамай эшитишга мажбурлиги учун тинглайди. Хаёли эса бутунлай бошқа томонда бўлади. Баъзи болалар насиҳатдан безганларини очиқ ошкор қилишдан ҳам тоймайдилар. Насиҳатнинг тарбиядаги ўрнини бутунлай рад этмайман, лекин унинг таъсири озлигини ҳам тан олишимиз керак. “Хўш, унда қандай йўл билан тарбия қилишимиз керак. Жиноят томон оғиб кетиши эҳтимоли мавжуд болани нима тўхтатади?” деган савол туғилиши табиий. Болалар футболидаги муаммолар баҳонасида саволга жавоб топишга уриниб кўраман. Аввало таъкид этаманки, ҳар бир бола – бир олам. Ҳар бирига алоҳида йўл топмоқ керак. Ёмон йўлга юрмаслик, яхши ўқишга даъват бир хилда бўлмайди.
Барча мамлакатлар учун боланинг бўш вақти масаласи муҳим муаммолардан ҳисобланади. Мактабдан кейинги ярим кунда боланинг нима билан шуғулланиши унинг тақдирини белгилайди. Шаҳардаги маҳаллаларда, қишлоқларда бола катталарнинг эътиборида бўлади. Бу бола кимнинг фарзанди эканини катталар билишади ва ундаги ножўя ҳаракатни эътиборсиз қолдиришмайди. Кўп қаватли уйларда эса бунинг акси. Қўшнилар бир-бирларини танишмайди. Ножўя иш қилаётган болани тартибга чақиришмайди. Бўш вақт масаласини ҳамма ўзича ҳал этади. Кўпчилик тарбиянинг бу соҳасида асосий эътиборни меҳнатга қаратиш тарафдори.
Совет давридаги кузатувлардан аниқки, болалар ва ўсмирлар феъл-атворининг шаклланишида бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ғоят муҳим эканлиги тан олингани ҳолда бу зарур масаланинг ечимига эътиборсиз қаралган. Бошқачароқ айтилганда, бўш вақтдан фойдаланишга доир мавжуд тадбирлар етарли самара бермай қўйган эди. Бунинг акси ўлароқ, кўчанинг таъсири кучлироқ бўлган. Айтайлик, кўчанинг бир бетида шахмат-шашка тўгараги ташкил этилган. Иккинчи бетида бевош ўспиринлар қарта ўйнаб ўтиришибди. Кўчанинг ўртасида эса жамият тарбияламоқчи бўлган юзта бола турибди. “Ихтиёр ўзингизда, бўш вақтингизни ким билан ўтказасиз?” дейилса, шу юз боладан кўпи билан ўн-ўн бештаси шахмат-шашка томон юрган бўларди.
Совет жамиятининг сўнгги йилларида бўш вақт масаласи бўйича масъул идоралар берган маълумотга кўра, ўрта ёшдаги ўқувчиларнинг етмиш фоизи, юқори синф ўқувчиларининг олтмиш фоизи мактабдан ташқаридаги турли тўгараклар, клубларда шуғулланар эканлар. Совет Иттифоқидаги болаларнинг йигирма тўрт фоизи спорт билан доимий банд экан. Ўн уч фоиз ўқувчи бўш вақтларини техникага доир ҳунарларни эгаллашга сарфлар эканлар.
Кўнгилни хотиржам қилувчи бу рақамлар фақат қоғозда эди. Ўшанда қайта текширишдан сўнг “спорт билан шуғулланяпти”, деган маълумотдан 12 миллион боланининг номини ўчиришга тўғри келган. Рўйхатда бору аммо асли йўқ бўлган минглаб тўгараклар аниқланган. Яна аниқландики, 1980 йилдаги рақамлар 1990 йилда озгина бўлса-да, яхшиланмабди. Ўша даврда мактаб ўқувчиларининг 5-6 фоизигина тўгаракларга қатнашар эканлар.
Олтмишинчи йилларда болалар ва ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг ўсиши кузатилди. Бу айниқса СССРнинг Европа қисмида кучли эди. Жиноятчиликнинг олдини олишда болаларнинг бўш вақтига ва қизиқишларига диққат қилина бошланди. Ана шу эътиборнинг оқибати ўлароқ, болалар қизиқиб ўйнайдиган ўйинлар тартибга солиниб, умумиттифоқ ўйинларига айлантирилиши маъқул топилди. “Чарм тўп”, “Олтин шайба” каби клублар тузилди. “Светофор”, “Қувноқ эстафета”, “Пионер тўрт кураши” каби ўйинлар юзага чиқди. Болаларнинг оқшомлари бошлайдиган “оқми-қизил”, “пақ-пақ” каби ўйинлари “Зарница” (яшин шуъласи) номи билан ҳарбийлаштирилган ўйинга айлантирилди. Тахтадан ясалган тўппонча, автоматлар ўрнига ҳақиқийлари берилди. Махсус ҳарбий кийимлар тиктирилди. Бу ўйин кейинроқ ўсмирлар ўртасида ҳам ўтказилди.
Болаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш ҳақида гап кетганда энг аввало уларни жисмоний тарбия – спортга тортиш фикри илгари сурилади. Мен бу фикрни инкор этмайман. Руҳий саломатлик жисмоний саломатликни ҳам талаб этади. “Жиноятнинг узун йўли” рисоласини ёзишга тайёргарлик чоғида спорт билан шуғулланувчи ўсмирлар билан ўтказган суҳбатларимда уларнинг 80 фоизи спорт ҳаётлари учун муҳим эканини айтди. 20 фоиз ўсмир эса ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда спорт катта ёрдам берганини таъкидлади. Ҳатто “бўйсунмас”ларнинг 80 фоизи ҳам шунга яқин фикр билдирди. Тўғри, жисмоний тарбия боладаги мавжуд ирода кучига қувват беради. Абдулла Авлоний ҳазратлари бадан тарбиясига эътиборларини қаратиб, шундай фикр билдирганлар: “Бадан тарбиясининг фикр тарбиясига ҳам ёрдами бордир. Жисм ила руҳ иккиси бир чопоннинг ўнг ила терси кабидир. Агар жисм тозалик ила зийнатланмаса, ёмон хулқлардан сақланмаса, чопонни устини қўйиб астарини ювуб овора бўлмоқ кабидурки, ҳар вақт устидаги кири ичига урадур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом бир вужуд керакдур… Имом Шофеъи ҳазратлари: “Илм икки хилдур: бири – бадан илми, иккинчиси дин илми”, – демишлар. Бунга қараганда энг аввал ҳифзи сиҳат қоидаларини билмак, саломатликка терс бўлган нарсалардан сақланмак ила бўладур…”
Спортнинг ҳар бир киши учун кони фойда экани ҳақида кўп гапирмасак ҳам бўлар. Аммо айни шу соҳада тарбияга оид жиддий муаммоларга дуч келамиз. Айнан шу соҳада боланинг маънавий камолотига эътибор кам.
Бола маълум бир спорт турига қизиқиб, ёки акасими, дўстигами эргашиб тўгаракка борса, тренер энг аввало унинг қобилиятини текшириб кўради. Ҳар бир тренерга фақат қобилиятли бола керак. Унга шунчаки тўп тепиб, бўш вақтини ўтказадигани керак эмас. Агар лаёқат сезилмаса, тренер ундан осонгина қутулиб қўя қолади. Унга бугунги натижа керак. Болада бугун бўлмаса эртага қобилият юз очиши мумкин, деган гап унга ёқмайди. Айнан спорт тренерларида тарбиячига зарур бўлмиш педагогикага доир билим етарли эмас.
Катталар спортида допингдан, яъни кишида қўшимча куч уйғотадиган доридан фойдаланиш мавжудлиги ҳақида ёзиш, ҳатто гапириш мумкин эмасди. Гиёҳвандликнинг бошланиши ҳисобланмиш бу иллат гўёки Совет спортида йўқдай эди. Совет спорти учун энг муҳими – мусобақаларда қандай қилиб бўлса-да, ғолиб бўлиш. Болалар, ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги мусобақаларда допинг иллати учрамасди. Ундан баттар иллат – ёлғон кўп аралашарди. “Қандай қилиб бўлса-да ғолиб чиқиш!” деган асосий шиорни “ғирромлик қилиб бўлса-да енгиш”, деб тушуниш ҳақиқатга яқин эди.
Спортга қизиқувчи бола дастлабки қадамларидаёқ ғирромга дуч келади. Маълумки, мусобақалар ёшга қараб босқичма-босқич ўтказилади. 12-13 ёшлилар бошқа, 14-15 ёшлиларники бошқа. Шунга яраша талаб ҳам, шароит ҳам ўзга-ўзга бўлади. Тренерлар мусобақада ғолиб келиш учун 12-13 ёшлилар мусобақасига 14-15 ёшли ўсмирни бошқа исм-насабда қўядилар. Яъни, 15 ёшли Болтаев 12 ёшдаги Тешаевнинг ҳужжати билан мусобақада қатнашади. Кўпинча шундай ўйинчилар ғолиб келишади ва ёрлиқлар ҳам бировнинг номига берилади. Бировнинг номидан ғирром равишда мусобақада қатнашаётган боладан яхши тарбия кутиш мумкинми? У ҳаётида ғирром йўлини танлаб олмайдими?
Адашмасам, 1969 йил эди шекилли, машҳур спортчимизнинг футбол мактабида маҳоратини оширган укаси ўзидан уч ёш кичик Шоир исмли бир боланинг ҳужжати билан Ереванда бўлиб ўтган мусобақада қатнашиб, “Энг яхши ҳужумчи” унвони билан қайтган эди. Шоир деган бола тўпни тўғри тепа оладими ё йўқми, унинг номига ёзилган Фахрий ёрлиқ ўзига берилдими ё ғирром футболчининг ўзида қолдими, билмайман. Тошкент чемпионлари армани тенгдошларига финалда ютқизиб, иккинчи “фахрли” ўрин билан қайтдилар. Ғирромлик билан етишилган бу ўрин билан фахрланиш мумкинми ёки йўқми, бу ҳам бир масала! Иккинчи масала шуки, бизнинг иллатли командамизни енгган арман жамоаси ҳам ғирромликда биздан қолишмагандир. Қалбаки ҳужжат билан “энг яхши ҳужумчи” номини олган йигитчани тўрт-беш йилдан кейин ресторанда кўриб қолдим. Футболни ташлаб, ошпаз бўлиб ишлаётган экан. “Бизнинг футболимиз шунинг учун ҳам ривожланмайди-да”, деб ўйлаган эдим.
Аслида совет футболи ғирром пойдевори устига қурилган эди. Советлар жамияти профессионал спортни рад этарди. Советлар оммавий спорт тарафдори бўлган. Советлар тарихининг дастлабки йилларида чиндан ҳам шундай бўлган. Лекин ХХ асрнинг иккинчи ярмида “ғирром профессионализм” пайдо бўлди. Бу нима дегани? Маълумки, профессионал футболчи ёки хоккейчи ҳеч қаерда ишламайди, фақат спорт билан шуғулланади. Спорт клубларини давлат таъминламайди. Бу клублар кимларнингдир шахсий мулки ҳисобланади. Большевиклар ғояси шахсий мулкни ҳам рад этади. Профессионал спортчи клуб раҳбарлари билан шартнома тузади. Клуб раҳбари уни истаган пайтида бошқа клубга сотиб юбориши мумкин. Советларда ундай эмас. Спортчининг бир жамоадан бошқасига ўтиши анча қийин масала эди. Моддий томондан манфаати ҳам йўқ эди. Гарчи у “ҳаваскор” ҳисобланса-да, аслида ҳеч ерда тер тўкиб ишламас эди. “Динамо” спортчилари милиция ходимлари, “МАСК” ҳарбий хизматчилар ҳисобланишарди. “Спартак”ни касаба уюшмалари таъминларди. “Шахтёр” ўйинчилари кўмир конларидаги “илғор ишчи”, “Нефтчи”дагилар нефт конларининг азаматлари сифатида ҳақ олардилар.
Шунинг баробарида совет спорти сиёсийлаштирилган ҳам эди. Халқаро мусобақалар спорт беллашуви эмас, балки совет ва капитализм тузуми олишуви тарзида кўриларди. Совет хоккейчилари канадаликларни албатта енгиши шарт эди. Енгса, совет тузумининг афзаллигини намойиш этишган бўлишарди.