banner banner banner
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Ҳаёт қайиғи (2 китоб)
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Ҳаёт қайиғи (2 китоб)

скачать книгу бесплатно

Ғирромлик совет спортининг қон-қонига сингиб кетганидан кейин болалар спортидан қанақанги ҳалолликни талаб қилиш мумкин?

Спорт билан доимий шуғулланиб, оқибатда профессионалга айланганлар вақти келиб майдондан четга чиқишганда қийнала бошлашади. Энг биринчи галда улар шуҳрат шоҳсупасидан тушиб, эътиборсиз қолганларида руҳан қийналадилар. Кейин аввалги даромадлари ҳам бўлмай, моддий жиҳатдан машаққат чека бошлайдилар. Натижада улар тирикчиликнинг осон йўлини қидирадилар. Маълумки, жиноятчи тўдаларга чиниққан йигитлар керак. Спортдаги фаолиятини тўхтатганлар айнан шу тўдаларда паноҳ топганларига мисоллар бор (“Шайтанатнинг жин кўчалари” китобида бу ҳақда батафсил ёзганман). Мен ҳамма спортчиларнинг йўли шу, деган таъкиддан узоқман. Лекин биттагина мисол ҳам жамиятни сергаклантириши зарур бўлгани сабабли бу ҳақиқатдан четлаб ўта олмадим.

Бизда спорт ишларига тобора кўп эътибор бериляпти. Спортчиларимиз жаҳонда ўзларини кўрсатишяпти. Оммавий спорт эса бу соҳада озгина орқада эканини ҳам тан олайлик. Ҳар маҳаллада спорт майдони бўлиши керак, деган талаб бор. Талаб яхши. Аммо маҳаллада бўш жой йўқ-ку? Кўп қаватли уйлар шу даражада зич қурилганки, озгина бўш жой ҳам гаражлар билан банд. Ҳокимиятларга келган маълумотларга қараганда, бу талаб ҳамма ерда бажарилган. Бу маълумотларни кўриб ажабланасиз: спорт майдончаси томлар устидамикин? Тўғри, кўп жойларда сунъий қопламали гўзал майдончалар қуриляпти. Лекин афсуски, бу майдончаларга қадам босиб кириш учун пул тўлаш керак. Болага ота-онаси икки марта пул берар, тўрт-беш марта берар, охири “йиғиштир спортингни!” демайдими? Барча спорт майдончалари болалар учун текин қилиш баробарида, стадионларни ҳам улар учун очиб бериш керак. Болалар бу жойларда ҳам спорт билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлсин.

Спорт тўгаракларидаги рўйхатларда милиция назоратида турадиганларни кам учратдим. Қамоқдан чиқиб келган ўсмирни ҳеч бир тренер қабул қилмайди. Биронта шогирди жиноят билан қўлга тушса, “Мен айбдор эмасман”, деб ўзини оқлайди. Мактаб эса “Бу бола спортга қатнашиб, бузилиб кетди”, деб ҳукм чиқариб қўя қолади. Мен суҳбатлашган муаллимларнинг кўпи спорт билан шуғулланиш боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатишини айтди. Айни чоғда ўқувчилари қайси спорт тури билан шуғулланаётганига қизиқмасликларини ҳам тан олишди. Муаллимларнинг гапларида озгина ҳақиқат бор: спорт билан шуғулланувчи ўқувчи мактабда ўзини бошқача тута бошлайди. Ўқишга қизиқиши сусаяди. Илм олиш зарурати ҳақидаги гапларни эшитгиси ҳам келмайди. Чунки яхши спортчи бўлгани учун илми бўлмаса ҳам олий ўқув юртига осонгина кира олишини билади. Олий ўқув юртида ўқимай туриб диплом олишига ҳам ишонади. Шундай экан, муаллимларининг гапи қулоғига кирармиди? Бундай бола айниқса мусобақаларда ғалаба қозона бошлагач, такаббурликни касб қилади. Синфда, ҳатто мактабда “зўр”ликни – “лидер”ликни талаб қила бошлайди. Уни камтарлик кўчасига қайтариш мактаб учун ғоят машаққат бўлиб қолади.

Собиқ иттифоқ даврида бу соҳага доир шиорлар ҳам кўп эди, болалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам анчагина эди. Аммо самара йўқ эди. Аввал зикр этганимдек, кўп ишлар қоғозда бажариларди. Энди давр ўзгарди, жамият ўзгарди. Мафкура ўзгарди. Ҳаммаси яхши. Аммо болалар спортига доир масалада ҳали бош қотирадиган ўринлар мавжуд. Эскисини рад этиб, янгисини тавсия этолмаяпмиз. Тошкент маҳалларида бўлган суҳбатларим чоғидаги маълум бўлдики, мактаб муаллимларининг 65-70 фоизи, оналарнинг 80 фоизи, оталарнинг 60 фоизи болалар бўш вақтларини шаҳарнинг қаерида, қай муассасасида фойдали равишда ўтказишлари мумкинлигини билишмас экан.

Янги жамиятга ўтар чоғидаги қийинчиликлар сабаб бўлиб, юртимизда аввалига бу масалада илгарилаш етарли бўлмади. Кейинги йилларда бу камчиликларга барҳам бериляпти. Айниқса, болалар ва ўсмирларни спортга жалб этишга берилаётган эътиборни собиқ иттифоқ ҳудудидаги ҳеч бир мамлакатда учратмаймиз. Шунга қарамасдан бўш вақтга доир масалаларда қилинадиган ишлар кўп. Ўсмирларнинг каратэ ёки таэквандодан Осиё чемпиони бўлиб қайтаётганларига маҳлиё бўлиб қолмай, болаларнинг оммавий спортига кўпроқ эътибор қаратсак янада яхши.

    Беркинмачоқ ўйнаймиз биз
    ўзимиз билан ўзимиз –
    ҳақиқатни яширмоқ учун.

Кейинги йилларда маҳаллаларда болалар футбол жамоалари тузилиб, мусобақалар ўтказиш бошланганда қувондим. Аммо орадан вақт ўтгани билан оммавийлашмаётганидан аввалига ажабландим. Сабабини аниқлагач, афсусландим. Қўшни жумҳуриятлардаги спортга бўлган эътиборни кузатсак, кейинги 20-25 йил давомида ривожланиш деярли бўлмаётганини кўрамиз. Энг оммавий ўйин – футболни олайлик: алоҳида жамоа бўладими ё терма жамоами, халқаро мусобақаларнинг дастлабки босқичидаёқ ютқиза-ютқиза четга чиқади. Назаримда уларга қанча тез чиқиб кетилса, шунча яхшига ўхшайди. Ҳозир бизнинг маҳаллаларда ҳам шунақа ҳолатни кузатиш мумкин. Раис футболга эътиборсиз бўлса, фаоллари ҳам раисдан қолишмаса, бу жойда болалар футбол командаси номигагина, расмий ҳисобот учунгина тузилади. Мусобақалар бошланганида кўчада юрган ўн бир болани бошлаб бориб, биринчи ўйиндаёқ ютқизиб, бир ташвишдан қутулганига қувониб, “Бизнинг маҳалламизда болалар спортига алоҳида аҳамият берилади, яқинда футбол жамоамиз ўн тўртта команда иштирок этган туман биринчилигида фахрли ўн тўртинчи ўринни эгаллади… Келгуси йили ҳам шу ютуқни қўлдан бой бермаймиз”, деган мазмунда ҳокимиятга ҳисобот ёза бошлайди. Тошкент маҳаллаларидаги аҳволни синчиклаб ўрганиб чиқсак, бунақа “болажон фидойилар” 70-80 фоизни ташкил этишига гувоҳ бўлишимиз шубҳасиз.

Болалар футболи учун чинакамига эътибор берадиган маҳаллаларда аҳвол қандай? Футбол майдончаси бор, ҳомийлар бор. Бу яхши. Лекин улар “Қандай бўлса-да ғолибликни эгаллаш керак, маҳалла обрўйи тушмасин”, деган шиор остида иш олиб боришади ва аввалроқ айтганим, ғирромликни бошлашади. 60-80 йиллардаги ғирром жамоаларда ёши катта ёки футбол мактабида таҳсил оладиган болалар текинга ўйнаб беришарди. Ҳозир “бозор иқтисоди” даврида “Ўроқ” маҳалласи футбол командасига жалб қилинган “Болта” маҳалласида яшовчи болага худди чет элдаги профессионал командалардаги каби пул тўланади. Таъбир жоиз бўлса, бир маҳалла жамоаси бошқа маҳалла футболчисини сотиб олади. Демак, қайси маҳалланинг ҳомийлари сахийроқ бўлса, шу маҳалланинг футбол жамоаси бошқаларни доғда қолдираверади. Мазкур мусобақани ташкил этишдан мақсад шу эдими?

Дунё спортидаги ғирромликларнинг барҳам топишига ишонмайман. Чунки, “Балиқ бошидан сасийди”, деганларидай, болалар спортидан то катталарнинг профессионал спортига қадар кўзбўямачиликларни кузатамиз. Профессионал спорт қиморга айлангач, жамоанинг ғалабаси ёки ютқизиши ўйиндаги маҳоратига эмас, катта миқдорда пул тикканларнинг истагига қараб бўлгач, ҳалоллик ҳақида орзу қилиш ҳам мумкинмас. 2004 йил эди шекилли, тошкентлик машҳур Моштабиб – ҳожи Абдужаббор акани исроиллик бир бадавлат беморни кўриш учун ўша ёққа олиб кетишди. Ҳожи акамиз сафардан қайтгач, таассуротларини баён қила туриб, беморнинг уйидаги бир воқеани айтдилар. Бемор телефонда ким биландир гаплашиб, компьютерига қандайдир белгилар қўйгач, мулозимига “Барса” ютқизиши керак. 18-дақиқада Рональдиньо тўп урсин. Севилья 48-, 51- ва 80-дақиқада жавоб берсин, тўпларнинг иккитасини фалончи-фалончилар урсин, охиргисини “Барса”нинг фалончи ҳимоячиси ўз дарвозасига уриб қўйсин”, деб буюрибди. Ҳожи акамиз футболга унча қизиқмасалар ҳам, меҳмонхонада шу ўйинни кузатибдилар. Натижа худди бемор буюргандай бўлибди. Ҳожи акамиз бу найрангни яхши англамаган эканлар, мен тушунтирдим:

– Кимдир футбол ўйинидан завқ олади, яна кимлардир катта фойда. Стадионни тўлдириб ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам спортга ишқибоз эмас, кўпчилиги қиморбоз, “бу ўйинда “Барса” ютади”, деб пул тиккан. Минг доллар тикса-ю, “Барса” ютса, унинг пули икки минг доллар бўлиб чўнтакка қайтади. “Барса” ютқизса, тиккан пули учади-кетади. Қаёққа учади, дейсизми? Сиз даволаб келган беморнинг чўнтагига. Стадиондаги қиморбозлардан ташқари дунёнинг минглаб қаҳвахоналарида ўйин учун тикилган пуллар йиғиб олинади. Буларни кўзга кўринмас гуруҳлар бошқаради. Ўйиндан сал олдин улар дунё бўйича маълумотларни тўплайдилар. Шунга қараб, беморингизнинг буйруғи билан қайсидир жамоага пул тикилади. Агар “Барса”га кўпроқ пул тикилган бўлса, у “Севилья”га тикади ва унинг ғалаба қозониши шартлигини белгилаб қўяди. Агар шунчаки “Севилья” ютади, деб миллион доллар тикса, оқибатда шуни олади. Агар “Севилья” 3:1 ҳисобида ютади”, деб ҳисобни айтиб тиккан бўлса, бу аниқлиги учун бир ярим миллион доллар ютган бўлади. Агар тўплар қайси дақиқаларда киритилишини аниқ айтса, яна юқори, кимлар киритганини топса, янада кўпроқ пул олади. Агар “Барса” ютқизмаса, ҳимоячиси ўйин охирида ўз дарвозасига тўп уриб қўймаса, шўри қурийди. Ҳақиқий футбол мухлисларининг кўпи бу найрангларни билмайди, “Нима учун “Барса” яхши ўйнаб туриб, бирдан ютқизди?” деб бошлари қотиб юраверади. Баъзан эса икки жамоа ўзаро тил бириктиради. Агар турнир жадвалининг пастида ўралашиб қолган ночор жамоага очко керак бўлиб қолса, энг номдор жамоага эса, зарур бўлмаса, “кутилмаганда” ютқизиб қўйиши мумкин. Пул тикишдаги найрангларни ҳуқуқ идоралари ҳам, футбол идоралари ҳам билсалар-да, билмагандай жим юрадилар. Иккинчи ҳолат эса тез-тез текшириб турилади, айбдорлар жазоланади ҳам. Европа футбол идораси бу борада “Интерпол” билан ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган. Бизда найрангбоз қиморбозлар йўқ бўлса керак, лекин “келишув ўйинлари” бўлиб туришига гумоним бор. Келишув нархи Италия ёки Испаниядагига ўхшаган катта миқдорда бўлмаса ҳам, “чой пули” чиқиб турармикин, деб ўйлайман. Гумон қилиш иллат бўлганини билсам-да, ўзимиздаги айрим ўйинларни кузатганимда шайтон дилимга шундай ғулғула солади, Аллоҳ кечирсин.

Ғирромликларнинг давлат миқёсида, маданий тарзда амалга оширилиши-чи? Маҳоратли спортчи жамоадан жамоага фақат сотилмайди, терма жамоа учун зарур бўлса, ўз мамлакати фарзанди эканини унутиб, сотиб олган мамлакат гражданига айланади. Бу замонавий қулдорлик эмасми? Энг охирги мисол, Сочидаги қишки олипиадада кореялик спортчи Россия гражданига айланди-ю, унинг олтин медали она юрти эмас, Россия ҳисобига ёзилди. Шу кўзбўямачиликдан Россияга қандай наф бор?

Бугунги спорт ҳақида гап кетганда мен ўз салбий муносабатимни яширмайман: мен спортнинг барча профессионал турларига қаршиман. “Одам савдоси” ҳақида гапирилганда асосан алданган қиз-жувонлар назарда тутилади. Хўш, спортчиларни сотиш ёки сотиб олинишига нима деймиз? Сотилган ёки сотиб олинган спортчининг қулдан нимаси ортиқ?

Камина спортнинг оғир турларида аёлларнинг иштирокини ҳам қабул қила олмайман. Аллоҳ аёлларни назокатли қилиб яратган экан, майли, спортнинг латиф турлари билан шуғулланишсин. Боксчи, штангачи, каратечи, футболчи… аёлларнинг мусобақаларини хотиржам кузата олмайман. Менинг бу борадаги ҳамфикрларим кўп деб ўйлайман. Ўтган йили кимдир “Қизлардан футбол жамоаси бўлиши шартми?” деб сўраб қолди. Албатта, мен бу каби масалаларни ҳал қилувчилардан эмасман. Шу сабабли ҳазил оҳангида жавоб бердим: “Йигитлар эплаб ўйин кўрсата олмагани учун қизларни майдонга туширишдан бўлак илож қолмади. Қизларимизнинг футбол ўйнашига ҳеч ким ажабланмайди. Лекин байрам томошаларида қизлар йигитларнинг беқасам чопонини чапаничасига кийиб олиб, “Андижон полкаси” деган куй остида рақсга тушишлари ғоят таажжубли. Биз-ку бу манзарани тез-тез кўравериб кўникиб қолганмиз. Лекин хорижликлар бу томошаларни кўриб, “Ўзбекларнинг чопон кийишга лаёқатли, белида белбоғи бор йигитлари қолмабди-да, а?” дейишларидан хижолат бўламан”.

Келинг, бугуннинг муаммоларини ҳал этишни бугуннинг мутасаддиларига ҳавола этиб, ўзим яна 1966 йилга қайтай.

* * *

Демак, ёш журналист сифатида камина болалар футболидаги ғирромга, (бошқачароқ таъбирда кўзбўямачиликка) дуч келдим. Жумҳурият мусобақалари бошланишидан олдин “мандат комиссияси” деб номланган ўзига хос текширув бўлиб ўтди. Болаларнинг ёшини, турар жойини аниқлаш қийин эди. Шу боис бу текширувни расмият учун қилинди, десам бўлади. Кечки пайт болалар билан суҳбат қилиш учун улар яшаётган ётоқхоналарга кириб ҳайратга тушдим: баъзи болалар бемалол чекишарди, айримлари беш-олтита бўлиб қарта ўйнарди. Мен ташкилий ишлар билан шуғулланувчи комсомол ходимига бу ҳолатни айтдим. Тезда олти-етти кишидан иборат “комиссия” тузилиб, текширилди, аниқроғи – тинтув қилинди. Бир халта қарта йиғиб олинди, сигарет қутилари ҳам ундан кам эмасди. 12-14 ёшдаги футболчи болалар қандай ҳаёт кечирганларини тасаввур қиляпсизми? Текширув натижасида бир неча бола ўйиндан четлатилди. Лекин бу чора уларнинг тарбиясига ижобий таъсир қилганига ишонмайман.

Бу мусобақада Тошкентдан “Шайба” деган жамоа қатнашди (Нима учун шундай ном беришганига ҳозиргача тушунмайман). Болаларнинг устози Ғаффор деган йигит эди. Асли касби қурувчи бўлган бу йигитнинг тўп тепиш қобилияти, болаларга маҳорат сирларини ўргата олиш истеъдоди йўқ эди. Футболга қизиққани учун ёш футболчиларни атрофига йиғарди. Бир йил аввал олмаоталиклар билан ҳам шу Ғаффорнинг жамоаси ўйнаган эди. Афсус шундаки, у ҳам фақат ғалаба шайдоси эди. Чорсу атрофидаги маҳаллада яшовчи болалар ўйнаши лозим бўлган жамоада бошқа вилоят вакилларини ҳам учратиш мумкин эди. Ғаффор у ёқ-бу ёққа югурмай, спорт-интернатга бориб, энг яхши болаларни танлаб оларкан. Футбол ўйинлари пайтида мен Тошкентнинг жамоасида наманганлик, бухоролик болаларнинг гапларига эътибор қилдим. Тилшуносликка оид шевалардан хабарим бўлгани учун уларнинг “ғирром” (спортчилар тилида “подставной” дейилади, яъни бировнинг ўрнига бошқаси қўйилган) ўйинчилар эканини англашим қийин бўлмади.

– Маҳаллангизда бухороликлар, наманганликлар кўпми? Қорақалпоқлар ҳам бордир? – деб Ғаффордан сўрадим.

У ажабланмади ҳам, ташвишланмади ҳам, кулимсираган ҳолда “Индамай қўяверинг”, деди. Индамасликнинг иложи йўқ эди. “Чарм тўп” клуби раиси, айни чоғда Бош ҳакамга айтдим. Бу жамоада спорт-интернат ўқувчилари, яъни ўз шогирдлари ўйнаётганини аввалдан билишини ўйламабман. У ҳам гапимни эътиборсиз тинглади-да, “Бутуниттифоқ ўйинларига зўр команда юборишимиз керак. Сиз ортиқча ташвишланманг. Горькийдан олтин медаль олиб келишса, хурсанд бўласиз”, деди.

Хуллас, “Шайба” бир амаллаб “Чарм тўп” бўйича жумҳуриятнинг биринчи чемпиони бўлди. Ҳалоллар четда қолди, ғирромлар шоҳсупага чиқдилар. “Шайба” Горький шаҳрида ўтказиладиган Бутуниттифоқ биринчилигига борадиган бўлди. Мен ҳам мухбир сифатида боришим лозим эди. Лекин, ҳатто таҳририятдагилар учун кутилмаганда, бўлим мудири бориши маълум қилинди. Эҳтимол, менинг ёшлигим эътиборга олиниб, узоқ сафардан эҳтиёт қилишгандир. Бормаганим яхши бўлган экан, Ўзбекистон футболчиларини иккинчи ёки учинчи ўйиндан кейиноқ мусобақадан четлатишибди. Халқимизда “Беш қўлни оғизга тиқиш” деган ибора бор. Нафси бузуқларга нисбатан шундай дейилади. Футболда ҳам шунақа нафси бузуқлар борлигини Горькийда намойиш этишибди. Ҳам бир-икки ёш катта, ҳам бошқа вилоятлардан келиб футбол мактабида ўқиётган болаларни ғирромлик йўли билан жамоага жамлаб боришлари етмагандай, мўйлаби сабза урган, “Пахтакор” ўринбосарлари сафида ўйнай бошлаган йигитчани ҳам 14 ёшли бола ҳужжати билан олиб боришибди. Ўйинларга жалб қилинган москвалик ҳакамлардан бири икки ҳафта олдин “Зенит” ва “Пахтакор” ўринбосарлари ўйинини бошқарган экан, “14 ёшли” ўйинчини у таниб қолибди.

1967 йилдаги мусобақаларнинг айримларини шаҳар босқичидан кузатишга тўғри келди. Горькийдаги шармандаликдан хулоса чиқариш ўрнига ғирромлик авж олаётганига гувоҳ бўлдим. Ғирромлик борасида Ғаффорнинг тажрибаси етарли бўлишига қарамай, шаҳар мусобақаларида “қоқилиб” қолди. Ғирромликда унга дарс берадиганлар бор экан. “Старт” стадионидаги футбол мактабининг тренери Базанов бу ғирромликни Ғаффордан анча илгари, футбол мактаблари ўртасидаги мусобақалар чоғида бошлагани аниқ эди. Аввало у профессионал тренер бўлгани учун кўча командаларига мураббийлик қилиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, туман мусобақаси ғолиби сифатида ўйинларни бошлаб юборган. Мен бу жамоанинг ўйинини тасодифан кузатдим, уларга қарши аввалдан ғайриниятим йўқ эди. Лекин ўйин пайтида тренернинг сўкинишлари диққатимни тортди. Бу одам болалар мураббийими ё кўчада ағанаб ётадиган майхўрми, ажратолмай қолдим. Жамоадаги қорачадан келган бир боланинг маҳорати кўпчиликнинг диққатини тортди. У рақибни алдаб ўтишни ёқтираркан. Шеригига ошириш ўрнига ҳам алдашга киришиб кетганда Базанов уни сўка туриб “Эртагаёқ “Динамо”йингга ҳайдайман”, деб бақирди. Маълум бўлдики, бу бола “Динамо” футбол мактабидан олинган экан. “Старт” билан “Динамо” ораси икки қадам йўл, демак, ундаги болаларнинг ярми ундан, ярми бундан. (Сўкиш эшитган боланинг номи эса Василис Хадзипанагис эди. “Пахтакор” тарихидан хабардорларга бу ном яхши таниш. “Пахтакор”нинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Василис СССР олимпия терма командасига ҳам таклиф қилинган эди, шуҳрат шоҳсупасига энди чиққан кезлари ота-онаси билан она юрти Грецияга кўчиб кетиб, у ерда ҳам маҳоратини намойиш этди). Базановнинг “Союз” деб номланган жамоасида ғирромликни фош этиш учун шу далилнинг ўзи кифоя эди. Мен ҳам мухбир, ҳам “Чарм тўп” клуби марказининг аъзоси сифатида жамоани текшириш ҳуқуқига эга эдим. Текширув натижалари ўлароқ, бу жамоанинг мусобақаларда иштирок этиши мумкин эмаслигини исботлаб, газетага мақола ёздим. “Ғирромлик”ка доир фикрларимни баён қилиб, ўтган йилги шармандаликни ҳам эсладим. Мақола газетада чиққач, “Шайба”нинг мухлисларими ё ҳомийларими, ҳар ҳолда эски шаҳарлик йигитлардан тўрт-бештаси таҳририятга келиб, каминани дўппосламоқ учун кўчага бошлаб чиқиб, бино панасига олиб ўтишди. Мен “Мақолани яхши тушунмабсизлар, у “Союз”га қарши ёзилган. У мусобақадан олиб ташланса, “Шайба”нинг йўли очилади”, деганимдан сўнг, калтакдан қутулиб қолдим. Газетадаги мақола муҳокама қилингани билан, шаҳар комсомоли жумҳурият биринчилигига “Союз”ни юборадиган бўлди. Мен “Мандат комиссияси”да бу жамоанинг ғирромлигини айтганимдан сўнг, ўйлай-ўйлай, “Шайба”ни ҳам мусобақага қўйишди. Лекин мусобақа ниҳоясида “Шайба” конкурсдан ташқари ўйнаган эди, деган тўхтамга келиб, Ростов-Дон шаҳрида ўтказиладиган Бутуниттифоқ мусобақасига “Союз”ни юборадиган бўлдилар. Муҳарримизнинг қарори билан мен бу жамоага мухбир сифатида қўшилдим. Шундай қилиб, йигирма ёшимда узоқ шаҳарга биринчи ижодий сафарга қувона-қувона отландим. Қувончим футбол мусобақасидаги иштироким туфайли эмас, айнан Ростов-Дон шаҳрига, русларнинг улуғ адиби Михаил Шолохов юртига бораётганимдан эди. Халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланган “Тинч оқар Дон” романида тасвирланган жойларни, ундаги жасур казакларнинг авлодини кўриш мен учун ғоят қувонарли бўлиш билан бирга “Эҳтимол, шаҳарда Шолоховни узоқдан бўлса ҳам кўриб қоларман”, деган орзу мавжуд эди.

Аэропортда тўдаланиб турган ота-оналарни кўрдим. Фарзандларини кузатишга чиққан ота-оналарнинг шовқин солишлари мени ажаблантирди. Менинг уларга яқинлашишимни истамаган комсомол марказқўми ходими “Сиз самолётга чиқаверинг, болаларнинг ҳужжатларини сўрашса, айтинг, мен эртадан кейин олиб бораман”, деди. Бу ҳам камина учун таажжубланарли бўлди. Самолётга чиқаётган болалар орасида “Шайба”нинг ўйинчиларини кўргач, воқеа ойдинлашди. Болалар нақ аэропортнинг ўзида алмаштирилибди. Ростов-Донга бораман, деб отланиб чиққан тўрт болага “Йўқ, сен бормайсан, қоласан”, дейилганда унинг қалби нечоғлик пораланган экан? Ота-оналарнинг ғазабланишлари бежиз эмас экан. Туман, шаҳар, жумҳурият биринчилигида ўйнаган, ғалабаларга ҳиссасини қўшган тўрт боланинг қолдирилиши – катталарнинг нодонлиги сабабли йўл қўйилган фожиа, десам янглишмайман.

Аэропортдаги ота-оналар ғазабларини бақириқлар орқали ифода этиш билан қониқмабдилар. Фурсатни қўлдан бой бермай, самолёт учишга тайёрланаётгандаёқ Москвага, комсомол марказқўмига норозилик телеграммасини жўнатишибди. Телеграммада йўл қўйилган ғирромлик ҳақида хабар бериш билан кифояланмай, масалани миллий-сиёсий томонга буришибди. Яъни, тўрт рус боласи ўрнига ўзбек болалари олиб кетилди, деб миллатчиликка урғу беришибди. Яъни, кичик ғирромдан сиёсий масала ясамоқчи бўлишибди. Ҳолбуки, жамоага бир рус ва уч ўзбек боласи қўшилган эди. Шу қўшилиш оқибатида 15 ёш футболчидан иборат Ўзбекистон жумҳурияти жамоасида уч ўзбек бола пайдо бўлган эди (Қўшилган рус боласи – Владимир Фёдоров эди. У ҳам Хадзипанагис каби “Пахтакор”нинг етакчи ўйинчиси бўлди. Михаил Ан билан биргаликда СССР терма командасига қабул қилинди. Минск осмонидаги самолёт ҳалокатида фожиали ўлим топди). “Мандат комиссияси”дан ўтиш учун ҳужжатлар йўқ бўлса-да, текширувни юзаки равишда ўтказишди. Текширув бошланганда “Чарм тўп” клубининг Президенти Гавриил Качалин мени бошқа хонага таклиф қилиб, “Тўғрисини айтинг, командада ғирромлик борми ё йўқми?” деб сўради. Бир пайтлар машҳур футболчи бўлган, сўнг энг шуҳратли командаларга тренерлик қилган бу одам ғоят маданиятли ва ширинсўз эди. Жавоб беришга иккиланаётганимни сезиб: “Сиздан команданинг вақтинчалик раҳбари бўлганингиз учун сўраётганим йўқ. Касбингиз мухбир экан, мухбирлар одатда тўғрисўз бўлади”, деб изоҳ бергач, тўртта ўйинчи алмаштирилганини айтдим. Шаҳар, жумҳурият мусобақаларидаги ғирромликлардан сўз очмадим. Чунки бизни қайтариб юборишлари учун охирги далилнинг ўзи кифоя эди. Качалин “Тўғри гапингиз учун раҳмат”, деб Тошкентдан юборилган телеграммани кўрсатди.

– Бу кўзбўямачилик ҳақида бошқаларга гапириб юрманг. Биз ўзаро маслаҳатлашиб, жамоани жазоламасликка қарор қилдик. Болаларда айб йўқ, майли, ўйнаб, ўзларини кўрсатишсин. Бу ғирромлик билан кейинроқ шуғулланишади, – деди.

“Мандат комиссияси”дан осонлик билан ўтганига қувонган Базанов ўзини келгусида нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилмасди. Эртасига комсомол марказқўми вакили ҳужжатларни олиб келди. Мен уни “Штаб”га бошладим. Масъул ходим ҳужжатлар тўпламини олди-ю, кераксиз қоғоздай стол четига ташлаб, “ўйнанглар, жасорат кўрсатинглар”, деб қўйди. Лоақал битта боланинг ҳужжатини қўлига олиб назар ташламаганидан комсомол вакили ажабланди, Качалинга берган ваъдамда туриб, унга вазиятни тушунтирмадим.

Елена – Лола опа

Ўша куни болалар ётган хонага кириб, уларнинг қандай жойлашишгани билан қизиқишди. Хонага ўн олти каравот қўйилган эди. Низомга кўра, ўн беш ўйинчи ва бир тренер келиши лозим эди. Мен, комсомол вакили ва Базановнинг тренер дўсти ортиқча эдик (Кейин маълум бўлишича, бу дўст “Динамо” футбол мактабида тренер экан. Барча ғирромликларни улар ҳамкорликда амалга оширган эканлар). Бизга жой бўшатиш учун айрим каравотларга иккитадан бола жойлашганди. Уч кишини кўчага ҳайдашмади, меҳмондўстлик одобига риоя қилиб, бу ердан унча узоқ бўлмаган ёш туристлар уйига юборишди. “Штаб”нинг қарорига кўра, болалар билан Базанов эмас, комсомол вакили қолди. Ёш туристлар уйи бир неча катта хонадан иборат, ҳар хонага ўттизтадан каравот қўйилганди. Аммо каравотлар болаларга мўлжаллангани учун узун бўйли бўлган камина сиғмас эдим. Иккита каравотни узунасига бирлаштириб, ўзимга “шоҳона” ўрин тайёрладим. Кеч киргач, Базанов “болалардан хабар оламиз”, деб ошнаси билан бирга кетди. Мен уларни хавотир билан кутдим. Соат тунги ўн икки эди, бир жувонни бошлаб қайтишганда уларнинг бола баҳонасида қаерларда санқиганларини англадим. Ўзимни уйқуга солиб ётавердим. Хоналар ораси фанер билан ажратилган экан, биттасини кўчириб, менга ҳалал бермаслик учунми ё бузуқликларини яшириш мақсадидами, нариги хонага ўтишди. Мен қурилишдаги даюс қоровул, унинг хотини ва Шомилни ҳар эслаганимда нафратим янгиланарди. Бу тун ундан баттар ҳолга тушдим. Уларнинг ҳингир-ҳингирлари эсимни тескари қилиб юборди. Улар хонага қайтиб, хурракларини бошлашди, камина тунни уйқусиз ўтказдим. Номус ва бузуқлик ҳақида аввалроқ фикр юритиб эдим, шу боис болаларнинг ўша икки тренерини лаънатлаш билан чекланаман.

Эрталаб кўзим илинибди. Уйғониб қарасам, улар кўринишмади. Болаларни биринчи ўйинга тайёрлаш мақсадида барвақтроқ кетишгандир. Ҳовлига чиқиб, кранда ювиниб қайтаётганимда ўрта ёш бир аёл мени чақириб, “Ўғлим, кел, мен билан чой ичгин”, деб таклиф қилди.

Иккита оқ қайин оралиғига тахтадан қўлбола стол ясалган экан. Калта дастурхон устида русларнинг доимий таомлари: тухум, кўк пиёз, саримсоқ, қайнатилган картошка ва бутун бўлка нондан ташқари дудланган қисқичбақа қўйилган эди. Таклиф учун раҳмат айтган эдим, уялаётганимни сезиб:

– Сен хижолат бўлма, менам тошкентликман, опа-ука бўлиб чой ичамиз, – деди.

Муомаласида чиндан ҳам туғишган опанинг меҳри сезилиб турарди. Сочиқни ичкарига ташлаб, устимга кўйлак кийиб чиқдим. Нонни кесиб қўйган экан, “Тухум билан картошкани ўзинг тозалаб е”, деб алюмин кружкага тўлдириб чой қуйди. Картошка билан тухумни едим-у, қисқичбақага қўл ҳам узатмадим. Унга кўзим тушган онданоқ кўнглим айний бошлаган эди. Чойни ҳам зўрға ичдим. Чойдан ҳам, крандаги сувдан ҳам балчиқ ҳиди келиб турарди. Эҳтимол, Дон дарёсининг суви шунақадир, деб ўйлаб, бу шаҳарга келганимдан бери чой ўрнига қатиқ ичаётган эдим (Катта дарё ёқасида жойлашган шаҳар аҳлининг тоза сувни тежаб ишлатиши диққатимни тортган эди. Кўчалардаги кранларнинг биронтасидан сув жилдираб бўлса-да оқиб ётмайди, кранларда бурагич ҳам йўқ, ҳар бир хонадоннинг ўз бурагичи бор). Меҳрибон аёлнинг кўнглини оғритмаслик учун чойни зўрлаб бўлса-да, ичдим. “Чой ёқдими, ширин эканми?” деган саволига жавобан мақтов сўзларини ҳам айтдим.

– Тошкентнинг суви ҳам ширин, лекин Доннинг суви ширинроқ, – деди фахр билан. Кейин Тошкентдаги зилзила ҳақида сўради, одамларнинг яшаш шароити билан қизиқди.

– Зилзила бўлганини эшитиб жуда ташвишландим, ҳали “тошкентликман”, деганим ҳазил эмас, рост эди. Уруш пайтида бизнинг “Ростсельмаш” заводи Тошкентга кўчганди. Онам билан борганмиз шаҳарларингга. Тугунчамизда бир сидра уст-бошимиз бор эди. Ўзбеклар бизга бошпана беришди, кийим ҳам беришди. Биринчи борган кунимиз палов билан сийлашди. Аҳвол оғир бўлса-да, азиз меҳмонларга аталган меҳрибонликни кўрсатишди. Уй эгасининг Матлуба исмли қизи бор эди. Мендан бир ёш катта бу қиз русчани, мен эсам ўзбекчани билмасдим. Шунга қарамай, дарров дугона бўлиб олдик. Исмим Елена, эркалатиб “Лена” дейишарди, Матлуба “Лола” деб ўзгартирди. Хоҳласанг, сен ҳам “Лола опа” деявер. Ўзбекларнинг шундай дейиши менга ёқади. “Елена”нинг маъносини билмайман, лекин “Лола” чиройли исм. Мен Матлубанинг ўзбекчасига қилиб тикилган кенг кўйлагини кийиб мактабга чиқдим. Кейинги ёзда отам урушдан ногирон бўлиб қайтди. Бизга келишларини хабар қилишган эди. Завод ҳарбий тартибда ишлаётгани учун онамга рухсат беришмади, уй эгаси Жамол аканинг аравасида Матлуба икковимиз бекатга чиқдик. Санитар поездини икки кун кутдик. Жамол ака сабрли одам эдилар, “тирикчилигим қолиб кетяпти”, демай, биз билан бирга бўлдилар. Учинчи куни келган поезддан отамни замбилда кўтариб тушишди. Унинг тирик қайтгани биз учун бахт эди. Лекин бу бахт калта экан. Отам ўрнидан турмади. Уч ойдан кейин уни Боткин қабристонига дафн этдик. Жамол ака дурадгорликни билар экан, ўзи тобутни ясаб берди, маҳалладан беш-олти одам чиқиб, арава орқасида биз билан пиёда бордилар. Отамни танимаган, дини ҳам бошқа бўлган одамларнинг дафн маросимида иштирок этганига ўшанда ажабландим. Улар бу ҳаракатлари билан инсонийлик фазилатларини намойиш этганларини кейинроқ англаб етдим. Сизлар одам ўлиши билан олиб бориб кўмар экансизлар. Отамни иссиқ уйда бир кун сақлашимизга Жамол ака қаршилик билдирмади. Ростовга урушдан кейин қайтдик. “Ростсельмаш” “Ўзбексельмаш”га айланган, онам унда ишлашни давом эттиришлари мумкин эди, лекин она шаҳримизга қайтишни истадилар. Мен юрагимнинг ярмини Тошкентга ташлаб қайтдим. Зилзила ҳақида сендан шунчаки сўрадим. Хабарни эшитишим билан назаримда зилзила уйларга қўшиб, отам ётган қабристонни ҳам остин-устун қилиб юборгандай туюлиб, эртасигаёқ Тошкентга учдим. Урушда паноҳ топган уйга бордим. Бизда қизлар турмушга чиқиб, эрларини ота уйига бошлаб келадилар. Сизлар узатиб юборасиз. Дугонам Матлуба ҳам Қашқар маҳаллага келин бўлиб тушган экан. Укаси билан уникига бордик. Ёрилиб ётган уйи бузилиш арафасида экан. Билишимча, у Бешқайрағоч деган жойда уй қурибди…

Лола опа хотираларга берилиб бир оз гапиргач, енгил тин олди. Кейин қошлари чимирилди:

– Кечаси шерикларингнинг қилиғини билдим. Ўзбекистондан бўлганлари учун милиция чақирмадим, мен ўзбеклардан кўп яхшилик кўрганман.

– Улар ўзбек эмас, – деб эътироз билдирдим.

– Биламан, лекин иснод барибир Ўзбекистон номига тушади. Шерикларинг кетишди, лекин маржаси қолди. Сен шерикларингга тушунтир, бундай қилишмасин, маржасини йўқотсин. Ҳайдамасам, бошлиғимдан дакки эшитаман, лекин бу қўрқинчли эмас. Бу жойларда болалар ётишади, уларнинг ўрнини булғанишига тек қараб тура олмайман.

– Мен уларни яхши танимайман, айтганим билан гапимга киришмаса керак.

– Шунақадир девдим. Яхши, у бузуқни ўзим чиқариб юборай.

Лола опа бузуқ жувон ётган хона томон кетди. Салдан сўнг ранги оқариб, лаблари сал титраган ҳолда қайтди. Кружкасидаги совуб қолган чойдан бир-икки ҳўплади.

– Ниҳоятда сурбет экан. “Улар менга пул беришлари керак эди, кечгача бўлса ҳам кутаман”, деяпти. Ҳақини ундирмагунча кетмас эмиш. Ҳали замон Донецкдан сайёҳ болалар келиб қолишлари керак, мен уларни қаерга жойлаштираман? Шу тавиянинг ёнигами? Бошлиғим билиб қолса, мен жавобгарманми? Ишдан ҳайдаб юбормайди, у ўзимнинг шогирдим. Лекин кечаси ғафлатда қолганим учун ўзим исноддан ёниб кетаман.

Опа шундай деб чуқур “уф” тортди. У милиция чақириб, бу жувонни шармандали равишда ҳайдаб чиқаришни истарди. Лекин, ўзи айтгандай, “ўзбекистонликлар шундай қилишибди”, деган истиҳоладан алам чекарди. Энди гаплар қовушмай қолди. Мен ҳам хизматга боришим лозим эди. Ўрнашган жойимга бора туриб, қўшни хонанинг очиқ деразаси токчасида омонат ўтирган жувонга кўзим тушди. Индамай ўтиб кетмоқчи эдим, ўттиз ёшлардаги чиройли бу жувон “Ўртоқ, сизни бир дақиқага мумкинми?” деб чақирди. “Бунга мен қанақасига “ўртоқ” эканман”, деган ғашлик билан ўтиб кетмоқчи эдим, бу сафар ялиниш оҳангида “Илтимос, биттагина гапим бор”, дегач, у томон яқинлашдим.

Донишманд: “Одамзод танасида олти аъзо борким, уларнинг учтаси ўзига бўйинсунмайди, учтаси эса ўзининг ҳукмида. Кўз, қулоқ, бурун одамга бўйинсунмайди. Кўргиси келмаган нарсасини кўришга, эшитгиси келмаган гаплар ёки товушларни тинглашга, хуш ёқмайдиган исларни ҳидлашга мажбур бўлади. Оёқ, қўл, тил эса одамнинг ҳукмида. Тил билан илоҳий каломларни, ширин сўзларни айтиши ёки аксинча бунинг ўрнига тилини ғийбат, иғво, ярамас гаплар билан банд этмоғи мумкин. Қўллари билан гўзал буюмлар яратиши ёки гўзаллик обидаларини қўпориши ёинки шу қўл билан эҳсон, ҳадя бериши, ёки ўзгалар мулкини ўзлаштириб олиши ўз ихтиёрида. Оёқлари эса, истаса – уни ибодатга, истамаса – фоҳишахонага олиб бормоғи мумкин”, деган экан. Бу каби ҳикматларни билмайдиган йигит мусофирликда фоҳишага рўпара келса нима қилиши керак?

“Илтимос, сиз мени фоҳиша деб ўйламанг, мен бу шаҳарга хизмат сафарига келган эдим. Пулимни ўғирлатиб қўйгандим, кеча меҳмонхонадан қувиб чиқаришди”, – деб гап бошлаб, ҳамшаҳарларим билан тасодифан кўчада учрашиб қолганини, улар пул ваъда қилишганини айтди. Ҳасрат дафтарини астойдил очгач, йўлкира учун пул сўради, “Уйга етиб олишим билан, пулингизни почта орқали қайтариб юбораман, мана турар жойим”, деб кичик бир парча қоғоз узатган пайтда опа “Ўғлим, бу ёққа кел”, деб чақирди. Бордим.

– Нима деб авраяпти?

– Фоҳиша эмас экан, – деб унинг ҳасратини бир-бир айта бошлаган эдим, опа гапимни шарт узди:

– Пешонасига шунақа деб ёзибдими? Ўқидингми? – деди опа жеркиш оҳангида. Назаримда у менинг соддалигимдан ғашланди чоғи. – Буларнинг ҳаммаси шунақа товламачи бўлади. Пул сўрадими?

– Ҳа, Москвага етиб олиши керак экан, – шундай деб манзил ёзилган қоғоз парчасини узатдим. Опа ёзувга кўз ташлаб, бош чайқади:

– Москва области, Одинцово шаҳри, Коммунистлар кўчаси, 12-уй, 48-хонадон. Коммунистлар кўчаси Ростовда ҳам, Киевда ҳам бор, Тошкентда ҳам бўлиши керак. Анча лақма бола экансан. Агар ҳозир бориб, текшириш учун ҳужжатини сўрасам, пулга қўшиб паспортини ҳам ўғирлатган бўлиб чиқади. Сен унинг кўзларига қарадингми? Мусофирликда оғир аҳволга тушиб қолган одамнинг ташвиши борми? Фоҳиша эмасмиш… Танасини пулга сотгандан кейин уни нима дейиш керак? Покиза аёл бошига қилич келса ҳам покизалигича қолади. Боболарингнинг одатлари бўйича, бу тошбўрон қилиниши керак, Қофқазликлар бунақаларнинг икки кўкрагини кесиб ташлаб, шармандаларча ўлдиришган, сен эса пул бермоқчи бўляпсан. Тўғри топдимми? Гапларига ишониб пул бермоқчимидинг?

Хаёлимда шундай ўй бор эди, аёлнинг гапини ночор тасдиқ этдим-да, баҳонамни ҳам баён қилдим:

– Пул бериб, тинчгина жўнатганимиз яхшимикин, деб ўйладим.

У яна “уф” тортди-да, бош чайқаганича бир оз жим турди, кейин ичкарига кириб кетиб, дам ўтмай, қўлида битта беш сўмлик ушлаганича қайтди:

– Ўзингдан беш сўм қўша қол, ортиқча берма. Сен бойваччага ўхшамайсан, ота-онанг чўнтагингга минг сўм солиб қўймагандир. Мусофирликда пулни ўйлаб сарф қил. Агар бунинг гапи рост бўлса, шу пул билан Москвага етиб олади. Юмшоқ вагонда талтаймай, оддийсида кетса ҳам бўлаверади.

Опа айтгандай қилдим. Жувон ўн сўмга кўниб, чиқиб кетди.

Фёдоровнинг кўз ёшлари

Мен эсам, стадионга шошилдим. Биринчи ўйин Гуржистон жамоаси билан эди. Болалар жуда яхши ўйнашди. “Шайба”дан ўтган Олмос Абдуллаев билан грек боласи (исмини унутибман, узр. Хадзипанагис табиатан қувноқ, серғайрат бўлса, ҳатто ўйин пайтида ҳам юнонча қувноқ қўшиқларни айтса, бу бола ғоят камгап ва ювош, аммо, майдонда сергак ва жасоратли эди) майдонда илк бор кўришаётган бўлишса-да, марказий ҳимояни маҳкам ушлашди. Ҳужумда Хадзипанагис, Фёдоров гуржиларни гангитиб қўйишди. Владимир гуржи дарвозабони билан бирга-бир чиқиб, дарвозага тўп кирита олмагач, Базанов ғазабланиб, ўн бешинчи дақиқадаёқ уни ўйиндан чиқариб, ўрнига Рустам Мирсодиқовни (“Шайба”дан ўтган) туширди. Келажакда машҳур футболчи бўлиб етишадиган болани Базанов шундай хорлади. Владимир майдондан бош эгиб чиқди, захирадаги ўртоқлари ёнига бормай, дарвоза ортида ўтириб йиғлаб юборди. Оқшомда мусобақаларнинг расмий очилиш маросими бўлиши керак эди. Болалар ётган хонага кирсам, Фёдоров яна йиғлаб ўтирибди. Базанов унга очилиш байрамида қатнашмайсан, деган экан. Мен жамоа раҳбари ҳисобланган комсомол вакилига айтган эдим, Базановнинг қарорини бекор қилди. Фёдоров байрамда ўртоқлари билан шодланди. Лекин қаҳри қаттиқ Базанов уни кейинги ўйинларга қўймади. Володя ҳар сафар йиғлар эди, “сиз айтинг, ўйнатсин”, деб менга ҳам ялинарди. Базанов “Ўйинга мен жавобгарман, сизлар аралашманглар”, деб менинг илтимосимни, комсомол вакилини талабини қулоққа олмади. Владимир Фёдоров шуҳрат шоҳсупасига кўтарилганида Базанов уни эсладимикин? “Пахтакор” жамоаси авиаҳалокатда ҳалок бўлганида кўнгли эзилганмикин? Базановни эслаганимда болалар билан ишловчи тренерларнинг савияси, педагогик маҳорати ҳақида кўп ўйлайман, бу борада камчиликлар ҳозирги кунда ҳам кўп бўлгани сабабли ташвишланаман.

Спортнинг у ёки бу турига қизиқиб тўгаракка (спортчилар ва спорт журналистлари тилида “секция” дейилади. Каминага “тўгарак” дейилгани маъқул кўринди) келган болаларнинг барчаси ҳам чемпионлик шоҳсупасига қараб интилмайди. Баъзилари уч-тўрт марта қатнашиб, кейин бормай қўяди. Сабаб?

Тўгарак иши учун зарур шароит йўқми? Болага етарли эътибор берилмаганми? Тўгарак раҳбари (тренер) боладаги қизиқиш чўғини алангага айлантира олмаганми? Балки тўгарак раҳбари ўзининг нотўғри муомаласи билан болани бездириб қўйгандир?

Бунинг сабаби билан ким қизиқиши керак?

Бу ўринда асосий айбдор ўша тўгарак раҳбари, деган одам янглишмайди. Тўгарак раҳбари кечаги яхши футболчи ёки яхши боксчидир. Лекин унда бу ишда ғоят муҳим ҳисобланмиш тарбиячилик иқтидори йўқдир. Спортга меҳри аълодир, бироқ, болаларга меҳри саёздир. Бошқа иш йўқлигидан шу тўгаракка келгандир. Бундай одамларни ўз соҳаларидаги юксак маҳоратларидан қатъи назар, болалар билан ишлашга жалб этмаган маъқулроқ. Вақтида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган, энди тренерликни касб этган одам агар сабрли бўлмаса, болаларга хос феъл-атворни билмаса, болалар руҳиятини англай олмаса, болалардаги қайсарлик каби иллатларга чидами етмаса бу соҳада ишлай олмайди. Болага катта талаб қўяди. Бола бажара олмаса, бақиради, ҳақорат қилади. Оқибат эса аён. Баъзан эса болани тўгаракдан раҳбарларнинг ўзлари ҳайдаб юборадилар. Бу ишлари учун ҳеч кимга ҳисобот бермайдилар. Чунки бола ҳайдалгани билан рўйхатда иштирокчи сифатида тураверади. Мактаб бола ҳар қанча ёмон бўлмасин, уни ҳайдай олмайди. Чунки мажбурий таълим ҳақида қонун бор, бола ҳайдалса қонун бузилади. Бу қонун тўгаракка тааллуқли эмас. Ҳайдаса бўлаверади. Мактаб боланинг ота-онаси билан доимий алоқада. Боланинг хулқи масаласида отани ёки онани тез-тез йўқлаб туради. Мактабда “Ота-оналар қўмитаси”, “ота-оналар мажлиси” деган гаплар бор. Тўгаракда эса булар йўқ. Тўгарак раҳбари шогирдининг оилавий аҳволини деярли билмайди. Бу борада тадқиқот ўтказиш чоғида мен шунга амин бўлдим. “Шунча бола тўгарагингизга келмай қўйибди, сабаби билан қизиқмадингизми?” деган саволимга тайинли жавоб ололмадим.

Тўгаракларда ишлаётганлар ўзларини энг аввалотарбиячи деб ҳисоблашлари шарт. Уларнинг моҳир рассом, наққош, боксчи ёки футболчи эканликлари иккинчи даражали масала. Афсуски, бизда бундай талаб қўйилмаган. Тўгарак раҳбарларидан “Тўгарагингизда нечта бола бор, нечтаси мусобақада ғолиб келди?” деган ҳисобот сўралади. “Тарбияга доир нима иш қилдинг?” деб сўралмайди. Тўгарак раҳбари: “Мактабда қандай ўқияпсан, машғулотдан чиқиб тўғри уйга кетяпсанми ёки бирор овлоқдаги болаларга қўшилиб бевошлик қиляпсанми?” деб қизиқмайди. Айни чоғда ота ёки оналарнинг аксари “Болам кимдан нимани ўргангани қаерга боряпти, машғулотларни канда қилмай қатнашяптими ёки тўгарак баҳонасида уйдан чиқиб санқиб юрибдими?” деб суриштиришмайди. Бола мактабдаги ўқишдан қолса, ота-онасига дарров хабар боришини билади ва интизомга бўйинсунишга мажбур бўлади. Тўгаракда интизом йўқлигини ҳам билади ва бундан усталик билан фойдаланади.

Тўгарак раҳбари бола қалбини кашф эта олиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Унда мактаб ўқитувчисида бўлмаган имконият ва имтиёз мавжуд. Бола у ёки бу фанни ёқтирмаса ҳам шу дарсда ўтиришга мажбур. Лекин тўгаракка ўзи келган, демак ундаги айни шу хоҳишни ўлдиришдан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Пойтахт атрофидаги тўгараклардан айримларини ўрганганимда тўгарак раҳбарларидан 55-60 фоизигина ўргатаётган мутахассислиги бўйича олий маълумотли экани аниқланди. Буларнинг ҳам ярмидан кўпи педагогика фанидан бебаҳра. Тўгарак раҳбарлари орасида ўрта маълумотлилар ҳам анчагина. Энг ачинарлиси, бу тўгарак раҳбарларининг ярмидан сал кўпроғигина ўз соҳасида муқим ишлайди. Бир йил, ҳатто ярим йил ишлаб кетувчилар ҳам бор. Ана энди болаларнинг қизиқишини ошириш қандай аҳволда эканини тасаввур этаверинг.

Бу соҳадаги жиддий камчиликлардан бири – мактаб билан тўгараклар орасида алоқа, боғлиқлик йўқ. Тўгарак раҳбари мактабга келмайди, ўқитувчи тўгарак билан қизиқмайди. Талаб қилинган маълумотномаларни тўлдириш учун синф раҳбари ўқувчиларнинг қандай тўгаракларга қатнашиши билан номигагина қизиқади.

Болалар билан иш олиб боришга мутлақо яроқсиз одамлар ҳам учрайди. Ҳадеб бошқа соҳаларни танқид қилавермай, мисолни ўзимиздан олсак, бир адабиёт тўгарагининг раҳбари, шоир биродаримиз машғулотдан кейин ўсмир йигитлар билан пивохўрликка бораркан. Бу одам билан бирга юрган болалардан шоир чиқадими ё йўқми, билмайман. Аммо майхўр чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бунга ўхшаган мисолларни спорт соҳасидан кўпроқ келтиришим мумкин. Болалар қамоқхонасида ўтирган беш ўсмир тренери билан улфатчиликдан кейин йўлтўсарлик қилиб қўлга тушишган. Қонунга биноан тренер ҳам жазоланган. Лекин вақт ўтгандан кейин бериладиган жазодан наф борми?

Денгизларда чўмилган “қаҳрамон”

Ростов-Донда болаларни зериктирмаслик чораларини кўришган экан, улар туфайли камина ҳам кўп ҳузурландим. Бизни Новочеркаск аталмиш кўҳна шаҳарга олиб боришди. Уралдан ошиб ўтиб, туркий хонларни хонавайрон қилган Ермак исмли лашкарбоши шу шаҳарнинг фарзанди ва фахри ҳисобланади. 1962 йили Хрушчев бошқарувига қарши намойишга чиққан ва отилган ишчилар ҳам шу шаҳарлик эди. Бу фожиани у дамда билмас эдим, советлар пароканда бўлгач эшитиб ҳам таажжубга, ҳам даҳшатга тушгандим. Қадим замондан ёдгорлик ҳисобланган черков бу шаҳарнинг ғурури экан. Сайёҳларнинг томоша қилишларига изн мавжудлигидан фойдаланиб, кирдик. Черковга кираверишда худди бизнинг масжид эшиклари олдида тизилган тиланчилар каби, у ернинг гадолари саф тортган эканлар. Шулардан бири мени кўриб: “Чёрный!” деб бақириб юборди. Мусулмон бўлганим учун ташланиб қолишмаса эди, деб чўчиб тургандим, черков ходими яқинлашиб, “Дўппингизни ечиб киринг, бизнинг тартибимиз шундай”, деди. Дўппимни ечган эдим, бақирган тиланчи ҳам тинчиб қолди. Остонадан уч-тўрт қадам ўтиб, сайёҳлар учун белгиланган жойда тўхтадик. Насронийлар ибодат қилишаётган экан. Черковнинг безаклари, “Инжил”даги воқеалар акс эттирилган суратлар насаролар руҳиятига таъсир этар экан. Попларнинг ҳаракатлари эса кинофильм манзарасини эслатди.

Болалар баҳонасида мен ҳам дунёдаги энг катта дарёлардан бирида “чўмилдим”. Ундан кейин ҳам Волга, Урал, Днепр дарёларида, Каспий, Болтиқ, Қора ва Ўрта ер (турклар “оқ денгиз” атайдилар) денгизларида “чўмилганман”. Бу сўзни қўштирноққа олганимнинг сабаби шуки, мен сузишни билмайман. Бу ҳақда сўз очилиб қолса, “Уйдаги ваннага ҳам белимга арқон боғлаб тушаман”, деб ҳазиллашаман. Катта дарёлар ва денгизларда “чўмилишим” эса тўпиққа қадар, қаҳрамонлик намунасини кўрсатсам, саёз қирғоқда тиззага қадар сувга тушишдан иборат бўлган.

Дон дарёсининг соҳилида турли ташкилотларнинг дам олиш уйлари қурилган экан. Бир заводнинг оромгоҳи бизнинг болалар ихтиёрига берилди. Болалар қувнаб, ўзларини сувга отдилар. Мени ҳам “тушинг, тушинг”, деб даъват қилдилар. “Сузишни билмайман”, деб камчилигимни тан олишга уялдим. “Худо асрасин”, дедим-у, уларга эргашдим. Тиззага қадар сувга тушиш “қаҳрамонлигим” ўшанда болалардан уялганим учун содир бўлган. Орқага қайтишга баҳона излаб турганимда Худо мушкулимни осон қилди. Қўшни оромгоҳда шов-шув кўтарилиб, ҳамма ўша томон югура бошлади. Мен ҳам сувдан чиқиб, бу оқимга қўшилдим. Биздан юз қадамча наридан бир одамнинг ўлиги чиқибди. Қарасам, қирғоқда жасад ётибди. Устида костюм, оқ кўйлак, бўйнида галстук. Биров “Тепа томондаги оромгоҳда кечаси молдай ичиб, сувга тушиб кетган”, деса, бошқаси: “Катта амалдорга ўхшайди, душманлари ўлдириб, сувга ташлашган”, деди. Мен бу тахминларга эътибор бермадим. Изимга қайтиб, ширингина жонимни асраш учун индамайгина кийиниб олдим. Комсомол вакили “Дарёнинг оқими кучли экан, чўмилманглар”, деб буюрди.

Ростов-Дондаги ҳузурли хотиралар қаторида юрагимни тирнайдиган бир воқеа ҳам бор. Навбатдаги ўйин пайтида бир йигит яқинлашиб, ўзини “Ростовский комсомолец” газетасининг мухбири, деб таништириб, болалар ҳақида сўзлаб беришимни илтимос қилди. Керакли маълумотларни ёзиб олгач, ҳамкасб сифатида суҳбатлашиб ўтирдик.

– Бир гап айтаман, сен ранжима: қачонгача сенларнинг шаънингни руслар ҳимоя қилади?

Унинг нима демоқчи эканини дарров тушунган бўлсам-да, нима деб жавоб қайтаришни билмай, ўзимни таажжубланган қилиб кўрсатдим. Назаримда, у савол бериб, жавобни кутмаган эди, шу сабабли аҳволимга парво қилмай, гапини давом эттирди:

– Жамоангда битта ўзбек ўйнаяпти. Грузинларни қара, арманиларни қара! “Пахтакор”ни ҳам биламан, унда ҳам ўзбек жуда кам. Тблисининг “Динамо”сида, Ереваннинг “Арарати”да нечта рус футболчиси бор? Ўзбеклар қанча, йигирма миллионми? Йигирмата футболчи тарбиялай олмайсанларми? Ҳозир майдондаги болаларга қараб, йигирма йилдан кейин ҳам аҳвол ўзгармайди, деб ўйлаяпман.

Нима ҳам дердим, у ҳақ эди. Чиндан ҳам йигирма йил ўтганда, 1987 йилда “Пахтакор”даги аҳвол ўзгармади. Базилевич устоз бўлиб келганда жамоага ёш ўзбек йигитларини жалб қила бошлаган эди. Аммо авиаҳалокат бу хайрли ҳаракатни йўққа чиқарди. Ўша мухбир ҳозир ҳаётми ё йўқми, билмайман. Лекин тақдир тақозоси билан учрашиб қолсам, ўсмирларимиз ва ёшларимизнинг халқаро майдондаги ютуқларидан фахрланиб, “Энди нима дейсан, ўртоқ?!” деб маломат қилган бўлардим. Тўғри, ҳозирча ғалабаларга нисбатан мағлубиятлар кўпроқ, лекин халқаро майдонларда ўзимизнинг йигитларни кўриш қувончли ҳол.

Жазо ва ундан кейинги ғирромликлар

Ёш футболчилар ҳакамнинг хатоси туфайли фақат Гуржистон жамоасига 0:1 ҳисобида ютқизиб, бешинчи ўринни эгаллаб қайтишди. Комсомол марказқўмида улар тантана билан кутиб олиниб, Фахрий ёрлиқ билан мукофотландилар. Базанов ҳам комсомолнинг бу мукофотидан қуруқ қолмади. Орадан икки ой ўтгач, худди шу хонада, худди шу мукофотланганлар жазоландилар.

Базанов ғирроми фош бўлмаганидан эрта қувонганди. Москваликлар жабрдийда тўрт ота-онанинг аламли телеграммасини унутишмаган эди. Уларни айниқса, рус болалари ўрнига ўзбек футболчиларининг юборилиши ғазабга келтирган бўлса керак. Аксинча бўлганида, эҳтимол масалага бу даражада жиддий ёндошишмаган бўлишармиди… Хуллас, Москвадан юборилган махсус мухбир воқеани ўрганиб, “Комсомольская правда” газетасида танқидий мақола эълон қилди. Жумҳуриятнинг раҳбарияти учун бу танқид кутилмаган ҳодиса эди. Комсомол раҳбарларига нима дейишган бўлишса, дейишгандир, ҳар ҳолда бошга урилган гурзи товонга қадар зириллатиб юборгани аён эди.

Биринчи муҳокама комсомол марказқўми бўлим бошлиғи Ниёзматов хонасида бўлди. У кириш сўзи қилиб ўтирмай, барчани бирваракайига сиқувга ола бошлади. Ҳозирги баъзи кичик раҳбарларга осон: ғазаблансалар, тилларига бемалол эрк бериб юборадилар. Мажлис пайтими ё даладами, фарқи йўқ, айбдорларнинг бувисидан тортиб, онасига қадар бир-бир “эсланади”. Ҳатто орага эшакни ҳам аралаштиришдан қайтишмайди. У дамда бечора раҳбарлар тилларини тийишга мажбур эдилар. Ниёзматов болалар футболига масъулларни, Базановни бир-бир “илиб” чиққач, менга юзланди.

– Матбуот нимага анқовсираб турди, нимага камчиликни ўз вақтида фош қилмади? – деб ўшқирди. Менга аталган “тош”лари тугагач, жавоб кутди. Мен жавобга тайёрланиб борган эдим. Унга газетани узатдим.

– Нима бу? – деди газетага қўл узатмай.

– Июнь ойида, Тошкент шаҳар биринчилиги ўтказилаётганда “Союз”даги ғирромликларни аниқлаб, газетага ёзганман. Мусобақани ўтказган шаҳар комсомоли танқидга жавоб ҳам бермади. Республика мусобақаси бошланиши олдида ҳам шу масалани кўтарганман…

“Бу масалани кўтарганимдаги мажлисда ўзингиз ҳам бор эдингиз”, десам, ўт устига мой сепилгандек бўлишини англаб, гапни шу ўринда қисқа қила қолдим. Ниёзматов буни тушунди. Қўлимдаги газетани олиб, тезгина кўз югуртириб чиқди-да, “сенга рухсат”, деди. Мен буни хонадан чиқишга рухсат, деб тушундим, кейин англасам, жазодан қутилиб қолишимга ижозат бўлган экан. Базанов “Старт”даги тренерлик вазифасидан бўшатилиб, болалар билан ишлаш тақиқланди. Исҳоқ Тошмуҳамедов ҳам “Чарм тўп” президентлигидан, болалар футболи раҳбарлигидан четлатилди.

Кейинги йилги мусобақаларда 11-12, 13-14 ёшли болалар икки гуруҳда иштирок этдилар. “Чарм тўп”нинг кўлами кенгайди. Жумҳурият мусобақалари фақат Тошкентда ўтказилмай, бошқа шаҳарларга ҳам кўчди. Қўқондаги мусобақаларда тошкентликларнинг омади чопмади. Нукусликлар чемпион, гулистонликлар иккинчи, тошкентликлар учинчи ўринни эгаллашди. Наманганлик болалар ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Финалга чиқишлари ҳам мумкин эди. Аммо устозларининг калтабинлиги туфайли улар асосий ғалабани бой бердилар. Ҳал қилувчи ўйин бўладиган куни пешин чоғи наманганликлар кўринишмади. Ажабландим. Улар ўйинга ярим соат қолганда стадионда пайдо бўлишди. Устоздан “Қаерда эдинглар?” деб сўраган эдим, у фахрланиб: “Болларни қувонтирдим, яхши ўйин кўрсатганларининг мукофотига самоворхонада ош қилиб бердим”, деди.

Ана сизга тренернинг аҳволи! Ўйин бошланди, “ошхўр футболчилар” югура олишмайди, тинмай чанқашади… Устознинг самоворхонадаги “мукофоти” эвазига шармандаларча ютқизиб, уйларига кетишди. Мусобақа якунлангач, нукусликларнинг устози “Биз Бутуниттифоқ мусобақасига боролмаймиз, иккинчи ўринни олганлар бора қолсин”, деди. Кутилмаган бу қарор барчани ажаблантирди, сабабини тушунтиришни талаб қилишди, у эса “имкониятимиз йўқ”, дейиш билан чекланди. Қўқон аэропортида учрашганимизда у мени ресторанга таклиф қилиб, “элликта-элликта” билан сийламоқчи бўлди. Марҳамати учун раҳмат айтдим, у ўзини ўзи меҳмон қилиб, очиғига кўчди:

– Командамнинг ҳаммаси ёши катта болалар. Битта ҳам тўғриси йўқ. Ереванга бориб, шармандам чиқиб қайтишни истамайман. Ростов-Дондаги гаплардан хабарим бор. Менга шу чемпионлик ҳам етади, – деди.

Бутуниттифоқ мусобақасига бориш масаласи Тошкентга қайтганимизда Ниёзматов ҳузурида муҳокама қилинди. Масала оддий кўринган эди, чемпион бормаса, ўз-ўзидан вице-чемпионга йўл очилади. Лекин гулистонлик жамоада битта ҳам ўзбек футболчиси йўқ, менинг шундан кўнглим ғаш эди. Ўтган йилдагидай тўртта ўзбек болани қўшиш эса мутлақо имконсиз. Бирдан бир йўли фақат ўзбек болаларидан иборат тошкентлик жамоага йўл очиш. Ниёзматов менинг фикримни билишни истади. Албатта мен унга хаёлимдаги гапни айтолмас эдим. Лекин Қўқондаги мусобақалар олдидан ўтказилган текширувда Гулистон шаҳри жамоасига нисбатан гумон уйғонганини йиғилганларга эслатиб, “Бир кўчада турадиган учта бола бир-бирини танимади. Ўша жойда аниқлашнинг имкони бўлмагани учун текширув кейинга қолдирилган эди”, дедим. Гапимни бошқалар тасдиқлашгач, Ниёзматов “Тилингдан тутилдинг, эртага Гулистонга жўнайсан. Икки кун муҳлат, текшириб, натижасини шахсан менга айтасан”, деб буюрди.

Эрталаб Гулистонга жўнайдиган биринчи автобусга илиндим. Комсомол обкомига учраб, топшириқни айтдим. Гапимга ишонмай, Ниёзматов билан боғланишди. Кейин ёнимга икки одам қўшиб беришди. Футболчи болалар рўйхатида кўрсатилган турар жойларни бир-бир айланиб чиқдим. Рўйхатда кўрсатилган ўн тўрт уйда бу болаларнинг яшамаслиги аниқ бўлди. Фақат биттаси тўғри чиқди. Барча ўйинларда захирада ўтирган бу болани таниб, ўзи билан алоҳида гаплашдим. У шаҳар мусобақасида ғолиб чиқишгач, вилоят мусобақасида бешта ўйинчи алмаштирилганини, жумҳурият мусобақасига боришда эса яна саккизтаси ўзгартирилиб, “вилоят терма жамоаси”га айланганини алам билан айтиб берди…

Кеч кириб қолган, Тошкентга автобус қатнови тўхтаган эди. Самарқандми ё бошқа шаҳарданми қатновчи автобуслар Гулистонда тўхтаб ўтарди, лекин унда бўш жой борми йўқми, номаълум эди. Ярим кечада поездда тик турган ҳолда уйга қайтиб, эрталаб текширув натижасини маълум қилдим. Ўша заҳоти Тошкент-Гулистон ўртасида телефон орқали “жанг” бошланди. Обком котиби менинг текширувим ва аниқланган ғирромликлар мутлақо асоссиз эканини қайта-қайта такрорлайвергач, охири Ниёзматов: “Бўпти, мухбирнинг ҳисоботини нотўғри деб қабул қилмайман. Бугун текширишга ўзим бораман. Ўн тўртта эмас, битта болада ғирромлик бўлса ҳам, партбилетингни столга қўясан. Агар сен ҳақ, мухбир айбдор бўлса, уни журналистикани тушида ҳам кўрмайдиган қилиб, ишдан ҳам, партиядан ҳам ҳайдаймиз”, – дегач, у томондан “Биз кенгашиб, фикримизни маълум қиламиз”, деган жавоб эшитилди. Беш дақиқадан кейин эса “Биз Ереванга боришдан воз кечдик”, деган қарор билдирилди.

Амалдорлар ўртасида “Партбилетингни столга қўясан”, деган пўписа ўлим ҳукми ўқиш билан баробар эди. Чунки партия сафидан ўчирилиш мансаб тахтидан мосуво бўлиш демак эди. Сталин даврида эса партия билетини столга қўйган киши тўғри қамоқхонага жўнатилган. Эҳтимол, коммунист амалдорларнинг “Ҳам жой кетди, ҳам жон кетди” деган қўрқуви ўша даврдан мерос бўлиб қолгандир.

Ереванга бўлим мудиримиз бориб келдилар. “Бутуниттифоқ мусобақасида иккинчи ўринни эгалладик”, деб қувониб юрдилар. Борганлари яхши бўлган экан, кейинроқ бу мусобақалар ҳақида китобча нашр эттирдилар. Ҳар ҳолда газетадаги спорт бўлимининг ишлари изсиз кетмади.

Бугунги ўзбек футболи ҳақида танқидий фикрлар ҳам мавжуд, умидли изланишлар ҳам бор. Ўсмирлар ва ёшларнинг ҳаракати бугун бўлмаса эртага яхши натижалар беришини кутамиз. Фақат дастлабки ютуқларни қўлга киритаётган ўсмир-ёшларни ҳаддан ортиқ эркалатиб юбормаслик керак. Ёш спортчи ва санъаткорни ҳаддан ташқари олқишлашнинг меваси аччиқ бўлади. Улар бугунги кичик ютуқни энг юқори шоҳсупа деб ўйлаб, талтайиб ётиб оладилар, кибрга бериладилар ва бор қобилиятларини бой бериб қўядилар. Ўзимизнинг об-ҳаво машқлар учун қулай бўлгани ҳолда уларни неча ой мобайнида денгиз бўйларига олиб бориш ҳам менга ғалати туюлади. Айниқса жамоаларга четдан ўйинчи жалб қилишнинг ҳеч бир самараси йўқ. Катта пул эвазига олиб келинган украиналик ёки сербиялик футболчининг ўзимизнинг йигитлардан кескин фарқ қиладиган қобилияти йўқ. Оддий ҳақиқат шуки, агар чиндан ҳам яхши спортчи бўлса, Украинадаги ёки Сербиядаги шуҳратли жамоаларда ўйнамасмиди? Қўполроқ қилиб айтганда “Бозордан қочган” футболчини олиб келишдан мақсад нима экан? Ана, шуҳратли футболчи Ривалдо келиб осмондаги қуёшни олиб бердими? У ўз маҳоратини ўргатиш ўрнига бизникилардан арзимаган турткига думалашни ўрганиб кетди. Шуҳратли тренерлар, хусусан Сколари маставага мўлжалланган масаллиқдан палов дамлаб бериб, қойил қилиб кетдими?

Ўн йилча муқаддам Дипломатия дорулфунунидаги учрашувда талабалар бир пайтлар “Пахтакор” дарвозабони бўлган Ёдгор Саъдиевдан футболимиз нима учун қолоқ, деб сўрашганида муҳтарам санъаткоримиз келажакка умидвор оҳангда сўзладилар. Мен эсам “Йигитларимиз футболни юриб эмас, югуриб ўйнаш лозимлигини тушуниб етишгандан сўнг ривожланиш палласи бошланади”, деб бу мавзуда ёзилган ҳазил ҳангомани ўқиб берган эдим. Кўп саҳифаларда жиддий фикрлар баён қилингач, бу ҳангома билан сиз – азизларга озгина дам берсам, йўқ демассиз? Мазкур ҳангома “Мен Жулқунбойнинг жияни эканман”, деб даъво қилувчи чаламулла ёзғувчи номидан ёзилган. Унга “Жўрж” – “Жулқунбойнинг ўгай рамақижон жияни” деб тахаллус қўйиб эдим. Хаёлимдаги бу ёзғувчига ўзим устоз, у эса шогирд мақомида эди. Бир неча ҳангомаларни гўё Жўрж айтган-у, камина қоғозга туширган. “Ўзимизнинг футбол” ҳам адабиётда учраб турадиган шу услубда қоғозга тушган.

“Ҳаҳ! Сен бола “устоз эканман”, деб ўзингдан кетавурма. Ўзимам у-бу нарсани эплайтурғон бўлуб қолдум, аковси жонидан! Ашула бозоридан рипортаж айтгонимдин сўнг футболнинг идорасидан бир амалдор келуб, “Бизларди ҳам бир махтаб ёзсангиз-чи”, деб ялинди. “Нимангни махтайман, акагинанг айлансун, бачаларинг футбол ўйнашни билмаса, тўпни тўхтатиб тепиш ўрнига “устимдан ўтиб кета қолсин”, деб шарт ётиб олса. Дарвозабонинг “Эй Худо маним дарвозамни тўпларга тўлдириб юбор”, деб тўқсон дақиқа нола қилиб турса…” деган эрдим, йиғлаб юбориб, “Ақлигинангиздан айланай акахон, унда бизга бир янгилик ясаб беринг, қандай қилсак дунёнинг чимпиони бўламиз?” деди.

Янгилик ясаш осон эмас, лекин мен ясадим. Энсанг қотмасин, эшит.

Дунёнинг чимпиони бўлиш учун дунё ўйнаётгандан бошқачароқ футбол ўйнаш керак. Инглизинг ўйлаб топган бу ўйини ўзига буюрсин, бизларга сираям тўғри келмайдур. Америкада бошқачами? Эшитганман, “Америкача футбол” дейилар эркон. Хитойликлар бокс деган муштлашувни ҳам ўзича ўзгартириб олибдурлар. Қўли етмаган жойга оёқ билан ҳам тушириб қоларкан, азамат. Хўш, ҳамманики ўзича экан, биз “Ўзбекча футбол”ни ясасак нима бўлибди? Шошилма, қанақалигини тушунтириб бераман. Ўйинчиларнинг бошига дўппи кийғозиб, белига белбоғ боғлаганинг бирлан “ўзбекча футбол” бўлиб қолмайдур. Ҳозирги тўптепарларингнинг белида белбоғ турмайтурғон бўп қоғон. Мен бу ўйиннинг қанақа бўларини ипидан игнасигача ўйлаб, топдим. Ҳозир тренир деган хўжайинлари “Жума куни ўйин, соат ўн бирда стадионда бўлларинг”, деса ҳаммаси ўн иккига қолмай етиб келадими? Янгича футболда бунақаси бўлмайди. Шунинг учун бунақасини “ғалатфутбол” деб атасак-да ярашур. Тренир ўйиндан икки кун олдин тўптепар бачаларига тилпон қилиб чиқадур. Масалан, бунақа дейдур:

– Аковси бўйидан, футбол фитрасияси мандан бемаслаҳат бир иш қилиб қўйибдур. “Тўртешар” қўмондаси бирлан ўйин жума куни бўлар эрмиш. Вахтингиз бўлармикин?

Янгича футболчи пешонасини тириштириб, кейин бош чайқайдур:

– Жума куними? Йўқ, братан, пайшанбанинг эртасига тўп тепишга ҳолим бўлмайди.

Гапи тўғри-да! Қайси эркак пайшанбанинг эртасига ҳакиллаб югуради? Эркак ҳам одам, дам олишга ҳақи бор. Тренир ақлли одам-да, бачаларининг аҳволини билиб, фитрасияга илтимос қилиб, ўйинни шанба кунига кўчиради. Яна тилпон қилади. Гал дарвозабонга келганда яна ишкал чиқади. “Куёв чақирди”га бормаса бўлмас экан. Якшанбада ҳимоячининг тоғаси хатна тўй қилаётган эркон, душанбада ярим ҳимоячининг хотини туғиб қолиши эҳтимоли бор эркон. Сешанбада чап қанот ҳужумчининг қайнонаси “гап” бераркан. Чоршанбада ўнг қанот ҳужумчининг холаси учинчи эридин ажрашиб, тўртинчисига никоҳланаркан. Ўйин пайшанбага белгиланганини эшитиб, марказий ҳужумчининг чапақай жаҳли чиқиб кетди. “Акахон тўқсон минут итдай югуриб, чарчаб уйга бораманми? Хотинимнинг кўзига қандай қарайман?” Шунақа қилиб, ўйин ўн кундан кейинга белгиланади.