Читать книгу Ибройим Юсупов (Шарап Уснатдинов) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
Ибройим Юсупов
Ибройим Юсупов
Оценить:
Ибройим Юсупов

4

Полная версия:

Ибройим Юсупов

Меҳмонлар ўтирган стол-стуллар шу уйнинг мулки экани кўриниб турибди. Ўтирғичлар юмшоқ, гулли газмол ғилофлар билан қопланган. Бир-иккита ёши улуғ ҳамкасблариникига тўй-маъракага борганида, пединститутнинг столи билан парталарига ўтириб қайтган эди. Бу уйдагилар энли, жуда чиройли. Тўрда оқ чойшаб билан ёпилган кичкина стол устида радио турибди. Унинг икки ёнига икки шамсия суяб қўйилган. Дастаси узуни янганики бўлса керак, деб ўйлади Ибройим.

Ибройим яна бир нарсага ҳайрон қолди. У ҳам бўлса ўтирганларнинг Айтжон оғага бўлган муносабати эди. Уларнинг бари оға билан ҳисоблашар экан. Сўзи ўктам, салобатли одам эканини яхши билади. Институтга киришида ҳам уруғдош яқин одами воситасида кўмаги тегди. Биринчи, иккинчи курслигида ўша кишининг уйида ётиб ўқиди. Қорақалпоқ тилининг билимдони сифатида ҳамма тан оладиган олим одам. Тўрткўл шаҳрини сув босганида, 1942 йил муаллимлар институтини Чимбойга кўчириш, 1944 йилда эса Совнаркомнинг қарори билан муаллимлар ва педагогика институтига айлантирилиб, Нукусга кўчирилганда ҳам мана шу Айтжон Есемуратов бир неча машина, трактор, от-арава, ҳўкиз аравалардан иборат карвонга сарбонлик қилган. Унга ўша пайтда эшелон бошлиғи деган амал берилган.

Икки ёш йигит хизмат қилиб, навбат билан кириб-чиқиб юрса ҳам, қулоқларини динг қилиб дегандай жон-жон деб улуғларнинг ҳангомаларини тинглайди. Улар ўзаро, ўзлари биладиган сўзларни секингина айтишиб, қаттиқ кулишади. Галма-гал бирининг сўзини бири бўлмай сўзласа ҳам, кўп гапни дўндириб ташласа бўлар экан. Шунинг учун ҳам буларни олим, билимли одамлар дейишади-да. Бировини бирови йўл-йўлакай тузатиб бораётир, бунга эътироз билдириб ўтиришгани йўқ. Даврада ўтирганлардан мезбондан бошқа Нажим Давқораев, Турдимурат Бекимбетов, Айтжон Есемуратов, Қалли Айимбетовларнинг маърузаларини тинглаб юргани билан мана бундай қилиб тўкилиб, яйраб ўтиришганини биринчи бор кўриши эди. Ўринбек Кожуров деган кишининг ўтган йилга қадар “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлганини, рус тилидан қорақалпоқчага кучли таржимон ҳисобланишини билгани билан, унинг ўзини эндигина яқиндан кўриб туришибди.

Мана бу ўтирганлар, чамаси, аллақачон бу элнинг чамбаридан чиқиб, жаҳон илми муаммоларига аралашиб кетган, ўз элининг устидан учиб, унинг ҳозирги ҳолатига назар ташлаб, бироз шарҳлаб, янги дунё бўйлаб кезиб кетадиганга ўхшар эди. Улар илм билан билимнинг тубига қараб шўнғий бошлаганларида Қалли Айимбетов бир учирма гапни ёки халқ оғзаки афсоналаридан бировини қистириб юборади, гурра кулги кўтарилади, ўтирганлар дарҳол “ерга тушиб, дастурхон атрофига келади”.

Бабошнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетини битказганига бу йил бир йил бўлди. У дўсти Ибройимдан бир курс олдин ўқирди. Ўтган йилдан бошлаб Нажим Давқораев Москвада докторантурада эди. Талабалар унинг “Алпомиш” бўлиб айқириб сўзлаганларини, халқ қўшиғи “Бўзатов”ни хиргойи қилиб айтганларини, ҳар бир маърузага бир қучоқ папкани кўтариб келиб, бироқ уни очмасдан, тўлиб-тошиб, аудиторияни кезиб, гоҳ халқ қўшиқларини бўғиз товуши билан ўқиб, гоҳ образга кириб актёр бўлиб кетишини, дарс тугагунча талабалар бу оламни унутиб, Давқораев билан бадиий адабиёт ичида “яшайдиган” кунларни соғиниб юришганди. Энди улар Қалли Айимбетовнинг дарсларини интизор кутадиган бўлишди. Янги давр қорақалпоқ адабиётининг бошланиши тарихи, асосан, халқ оғзаки адабиётининг намуналарини йиғиб, бир тартибга солиб, кетма-кет бадиий адабиёт тарихини тузиб берганлар асосан, шу икки олим эди.

Педтехникумда ўқиб юриб, “Тонг нури” драма тўгарагининг суфлёри, ёшлар комитетининг етакчиси, “Қизил муаллим” қўлёзма журналининг котиби, бошланғич синфлар учун тузила бошлаган дарсликларнинг бобларини бўлиб олиб, ёзишга киришган Қалли Айимбетов ўша йиллари ҳар қандай маданий тадбирларнинг пешқадами бўлди.

У Нажим Давқораев оламдан ўтгандан кейин бир хотирада, мен шундай қилиб ҳар соҳанинг бошига бир бориб, кўпчилигига улгурмай қийналиб, 1934 йили Тўрткўл шаҳрида илмий-тадқиқот институтида ишлар эдим. Кабинетимга эгнига сариқ кўйлак кийган, белига ўша пайтда ёшлар орасида урф бўлган пўпакли белбоғ таққан, юпқа юзли, ориқ, оқ-сариқдан келган йигит кириб келиб: “Мен Давқораев бўламан. Қозоғистондан келдим”, деди. Шундан бошлаб, адабиёт майдонида менга “қопни кўтаришга қўллашадиган” содиқ дўст келди. Адабиётимиз, адабий тилимизни тадқиқ этишда Нажим билан бирга ҳамкорлик қилдик, деб эслаган эди.

Зиёфатнинг ўрталарида Давқораев ҳамманинг назарини Бабошга қаратди.

– Булар Сирожиддин Аҳмедов иккалови “Навоий ва қорақалпоқ адабиёти” номли мақола ёзган экан. Мен уни ўзбекчага таржима қилдириб, “Ўқитувчилар газетаси”га юборинг деган эдим. Айтганимни қилибди, май ойидаги сонида чиқди…

Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги уруш йилларига тўғри келиб, урушдан сўнг уни нишонлаш 1948 йилга кўчирилган эди. Давқораев юбилейга маъруза ёзиб, ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Ўша воқеадан руҳланган икки ёш адабиётшуноснинг мақоласи эди бу. Шундан кейин буларга ўрта мактаб учун қорақалпоқ адабиётидан дастур тузишни топширган эди. Энди шу дастур асосида дарслик тузиш ҳақида гап кетди.

– Дарслик ёзиш буларга оғирлик қилмасмикин? – деб луқма ташлади биров.

– Нима бўлганда ҳам адабиётимиз тарихининг йўналиши белгиланди. Бугунги адабий жараённи қолдирмасдан ўқиб, баҳо берадиган бошқаларни кўрганим йўқ.

– Қалли, Жўлмирзага ўхшаган ёши катталарни қўшиш керак.

– Улар қўшилса, сен ҳам бир томондан чиқиб келасан-ку…

Давқораевнинг Хўжабекка айтган бу эътирозли сўзига ҳеч ким гап қўшмади. Баъзилар тушунгандай жилмайиб қўйишди. Хўжабек ёши бўйича Ибройимдан бир мучалга яқин катта бўлгани билан, афтидан жуда ёш кўринадиган, юришлари ҳам, гапиришлари ҳам дадил, юпқа юзли, чайир йигит эди. Уруш йиллари обкомда инструктор бўлиб ишлади. Пединститутни Ибройимдан икки йил бурун битирди. Шунга қараганда, ишлаб юриб ўқиган бўлса керак. Ўқишни битирган заҳоти радиокомитетнинг бошлиғи бўлиб кетди. Бу йил унинг “Ярашган ёшлар” достони ёруғлик кўрди. Унинг тақдимотида Ибройим сўзга чиқиб, танқидий фикрлар айтган эди. Шунинг учунми, Хўжабекка ҳали тўғри қарамай, хижолат чекиб ўтирибди. Дўстлари унга: “Ўзингнинг достонинг ҳам ҳали сиёҳи қуригани йўқ, сабр қилишинг керак эди”, – дейишган.

Унинг ана шу ўйларини ўқиб ўтиргандай:

– Жумак, сен Ибройимнинг “Йўлдош муаллим” поэмасини ўқимаган бўлсанг керак? – деди Давқораев. – Бу йил ёзда “Адабий альманах”да чиқди, мен журнални Москвага опкетган эдим, боргандан сўнг ўқиб кўрарсан.

– Достон ҳақида ҳар хил фикрлар кўпайиб кетди.

– Асар ҳақида фикр ёзиш учун, аввал унинг қандай нарса эканини билиб олиш керак, – деди Айимбетов Хўжабекка.

– Ўзим Исмоил Сағитовга топшираман, ҳам таҳлил қилиб, ҳам тушунтириб мақола ёзади. Бу достон бизнинг бу йилги энг яхши муваффақиятимиз. Асарда қамраб олинган воқеалар насрда ёзилганида роман бўлар эди.

Ҳамма Ибройимга қаради. Даврада илм ва адабиёт майдонида номаълум икки киши бор эди. Улар эса Ибройимнинг сочини толасидан бошлаб, оёғига қадар кўздан кечирди.

– Сағитовдан ҳалиги ўттиз еттинчи йилги мақоласи туфайли барча ёзувчилар қўрқиб қолган, – деди Есемуратов, – бизнинг манави Қалли жўрамиз ҳамон уни тушида кўриб чиқади.

Ҳамма жим бўлиб қолди. Сукунатни Давқораев бузди.

– У муаллифи номаълум, таҳририят мақоласи эди. Бундай мақолаларнинг кўпчилиги юқори идораларнинг топшириғи билан ёзилади. 37-йилги оғир кунлар у бечоранинг бўйнига тушиб қолиб, қўли боғланган, иложсиз ҳолда бу ишни қилди.

– Ҳалиям бахти бор экан, омон-эсон қутулди. Бўлмаса, Избосар Фозилов билан Сибирга кетиб қолиши мумкин эди… –Ўринбек Кожуровнинг фикрини “айтганингиз тўғри”, дегандай ҳамма маъқуллади.

Урушдан аввалги даврда “Қорақалпоқ шеърияти тўғрисида”, “Бердақнинг шеърлари” рисолалари, Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан шоирнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини таржима қилишда қатнашиб, сўзбоши ёзган Давқораевдай одам Сағитовнинг меҳнатини маъқуллаб ўтиргандан кейин, унга қарши бир нарса дейиш қийин эди. Машъум 37-йилда “халқ душманлари”ни тўдатўда қилиб қамаб, кўпчилигини Тўрткўлдаги қамоқхонанинг ўзида аёвсиз отиб ташлаётган вақтда Сағитов “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг масъул муҳаррири бўлди. Халққа кенг тарқалган “Қора қўй” шеърини ёзган, ўзи йўқсилдан чиққан, ёшлар газетасида масъул муҳаррир бўлган шоир Избосар Фозиловнинг Сибирь ўрмонларига сургун қилиниши барча ёзувчиларни қаттиқ қўрқитиб қўйди. Айнан ўша йили “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Қорақалпоқ адабиётидаги буржуй миллатчилар ва уларнинг ҳамкорлари” деган мақолалар эълон қилиниб, ёзувчилар, шоирлар орасида ҳам “халқ душманлари” топилаётгани ҳақида ёзилган эди. Бугунги зиёфатда биров бировга хушомад қилиб, оғзидаги сўзни хавфсираб, ҳушёр бўлиб айтилган гапларнинг сабаби ҳам шу…

Бу гапдан кейин ҳамма: “Биз сизга тушунмадик-ку”, дегандай Давқораевга қаради. У киши бу кўзқарашларни сезса ҳам, тусини ўзгартирмай, сўзида давом этаверди. Юқорида номи айтилган мақолада: “Нажим Давқораев Қўнғиротдаги катта фабрикант, бойнинг боласи. У контрреволюциячи миллатчи, халқ душманлари Қосим Авезов, Сайфулғабит ва Раҳим Мажидовларнинг қуйруғи”, – дея ёзилган гаплар бор эди. Давқораевнинг ҳозир ўзини тутиши, Сағитовнинг шаънига илиқ гап айтиши ҳаммани ўйлантириб қўйди. Бу қандай кенглик эканини тушуниш қийин бўлди.

– Исмоил “Қирқ қиз” достонини Жиян жиров ёзган деган фикрни айтаяпти-ку, – деди ўртароқда ўтирган семизроқ, сочини манглайининг чап томонига тараган ёшроқ йигит.

– Мен унутаёзган эканман, бу фикр ўрганилиб, тадқиқотчилар орасида муҳокамага қўйилишга лойиқ. Ҳозир бунга тарихчилар қизиқишмоқда. Агар уни исботлай олсак, Жиян жиров дунёнинг энг улуғ шоирлари қаторига қўшилади.

Давқораевнинг шу гапидан кейин бу даврада Ўринбек Кожуровнинг ҳам ўтиргани эсларига тушгандай, баъзилар унга қараб хушомад қила бошлади. Уруш бошланаётган йилларда халқ оғзида “Нажимнинг институти”, “Нажимнинг “Алпомиш”и деган сўзлар тарқалган эди. Достон асосида ёзган драматик асари театрда қўйилгандан кейин Ўринбек Кожуров билан Исмоил Сағитовлар тақриз ёзган.

Зиёфат чўзилиб кетди. Давқораев аста-секин чуқурлашиб бораётган гапни бўлгиси келгандай:

– Ибройим, ўтган йили ёзилган Ватан ҳақидаги шеърингни ёддан билсанг, ўқиб бер, озгина дам олайлик, – деди ҳамманинг диққатини жалб этиб.

Ибройим сал ўнғайсизланиб, куймалана бошлади.

– Ғазал жанрида ёзилган, узун вазнли шеър эди…

У томоғини қириб гапиргани одамларнинг ёдига бир нарсани солгандай бўлди.

– Бу бизнинг радиода чиқадиган сухандонимиз, шеърни яхши ўқийди.

Хўжабек Сейтов Ибройим билан мақтангиси келгандай туюлди.

– Унинг шеърларини мен ёдлаб юраман, ўзим ўқиб берсам бўладими? – деди Бабош.

У бироз тайёргарлик кўргандек бўлиб, ҳеч кимнинг жавобини кутмай, ёддан ўқий бошлади:

Туғилдим бу Ватанда онамдан тонг чоғинда,Меҳрибон халқ қувониб, тўй бошлади гул боғимда,Қуёш келиб бешигимни тебратти бир ёғинда,Ухладим оқ сут эмиб онамнинг қучоғинда,Йўлимда гуллар очилди, нурга тўлиб ёшим менинг…

Зиёфат шу тарзда бир суҳбатдан иккинчисига ўтиб қизийверди. Бора-бора гурунг бўлиниб, икки ора, ҳар ким ёнида ўтирган қўшниси билан бўлак сўзлашув бошланди. Энди аввалгидай айтилган гапни ҳамма бир қулоқ бўлиб тинглаш йўқолди. Давқораевнинг олдидаги “Казбек”нинг ҳозиргина иккинчи қутиси ҳам тугади. Овқатлар еб бўлинди. Бироқ даврада ўтирганлар тарқалишни хаёлига ҳам келтирган эмас.

– Мана бу Ибройимнинг уйи узоқроқ, ёшлар кетиш учун рухсат сўрамоқда, – дея Айтжон оғаси Давқораевга қараб энгашди.

– Ибройим, сен қаерда турасан?

У илгари кўҳна шаҳарда, ҳозир эса янги шаҳардаги энг чекка кўчалардан бирида ижарада яшаётганини тушунтирди.

– Хўжалигингда кимлар бор?

– Онам, катта акам, янгам ва уларнинг иккита боласи бор.

– Вой-бўй, иним-эй, – деди Давқораев, – сен ижарангни қўй. – У шундай деди-да, кийимилгичда турган пальтосининг чўнтагидан бир калит чиқарди.

– Ма, мана бу Пушкин кўчасидаги ёзувчиларга берилган тўрт хонали уйнинг калити. Эртага эрталабдан кўчиб ўт…

2

Қиш. Эрта тонг. Ёзда бу пайт одамлар уйда ўтирмасди. Ҳозир ташқарига чиққан одам рўпарасидаги иморатни зўрға кўради. Кун бўйи овулда дон-дун чўқилаб, тунда шаҳарнинг теракларида қўноқ бўлган қарғалар секин қар-қарр дея бир-бирини уйғотиб, яқин шохларда учиб-қўниб чарх урмоқда. Кўп ўтмай тўп-тўп бўлиб пастлаб, ёйилиб учиб, шимолга қараб йўл тортади. Ҳадемай хўрозларнинг чақириши бир-бирига уланиб кетади. Чумчуқларнинг чуғурлаши ҳам эшитила бошлайди. Озгина кутсанг, эчки-улоқлар ҳам маъраб, бузоқлар мўлаб, ҳар ер-ҳар ердан итларнинг вовуллаган товушлари “тонг симфонияси”га аралашиб кетади. Нукус пойтахт шаҳар бўлгани билан, унда яшайдиган аҳолининг кўпчилиги овуллардан кўчиб келганлар. Айниқса, чекка-чекка кўчаларга чиқиб, қулоқ тутган одамга овулдаги жониворлару одамларнинг бўзлашию, бақир-чақир товушлари эргашиб келгандай туюлади.

Мана, куннинг қизил шафағи ҳам найза учларини кўрсата бошлади.

Хонбиби элти бомдод намозини аллақачон ўқиб бўлса-да ҳамон жойнамоз устида ўтирарди. Унинг бундай аҳволга тушганига анча бўлди. Пичирлаб дуо ўқийди, қўлларини фотиҳага кўтаради, бир эмас, икки эмас, қайта-қайта такрорлайди. Уйнинг ичкариси жимжит, ҳали ҳеч ким уйғонган эмас. У келиним Тиллахон уйғона қолсин, нонушта тайёрлай қолсин, деб қўл қовуштириб ўтирмайди. Маденнинг одати икки куннинг бирида жуда кеч келади ёки тонг саҳарда тебраниб келибоқ, ўринга йиқилади. Кейинги пайтда ёр-дўстларни уйига чақириб, ярим кечаси тарқалишадиган одат чиқарди. Хотини авваллари кутиб ўтирмай жавраб-жавраб ухлайверарди. Энди уларга қўшилиб ўтираверадиган бўлди. “Шўрим қуриб, буни ҳам қўшиб олмасайди, деган гумони ҳам йўқ эмас… Қўшилиб олса, қўшилиб олгандир-да, уялмай чошгоҳга қадар уйғонмайди-ку”.

Бу элтининг яқиндан буён кўнглидан кечаётган ўйлари. Ҳозир эса яқин кунлардаги нияти бўйича намоздан кейин Нажим Давқораев инисини дуо қилиб, Яратган эгам мартабасини баланд қилсин, бола-чақасининг роҳатини кўрсин, охун оғасининг руҳини шод этиб, бизларга қилган ғамхўрликлари Аллоҳдан қайтсин. Ўзи ҳам катта уламоларнинг авлодидан экан, Худойим ота-бобосининг арвоҳларини шод этиб, ўзининг бахтини бутун қилсин, дея тонг саҳардан эзгу тилак тилаб, Аллоҳга муножот қилар эди.

Ёзувчиларнинг тўрт хонали уйига кўчиб келганига бироз бўлди. Ибройим калит олиб келган куни онаси қувонганидан бирпас йиғлаб олди. Қайта-қайта ёқасига тупуриб, шукр қилди. Боласининг эришган мартабасидан кўнгли тўлиб севинди. “Охирини берсин, Худойим, Охирини берсин!” – дея шивирлади. Шодликлари босилиб, “Қачон кўчамиз?” деган гап бошланганида баъзи шубҳа-гумонларга бора бошлади.

– Ибройимжон, бу, ахир, давлатнинг уйи бўлса, ногаҳон ўзларига керак бўлиб, қишнинг қаҳратон кунларида кўчада қолсак, нима бўлади?

– Опа, буёқда мен борман-ку! – дейди Маден онасига жавобан, – фронтовикни уйдан чиқариш осон эмас.

– Ундай дема, болам, аввалдан келаётган “халқ душманининг оиласи” деган номимиз бор… Нима ҳам қилолардик?!

Ибройим пиқ этиб кулди. Кулгани билан унинг ҳам ичида ҳадик йўқ эмасди. Айрим “сергак одамлар” ҳали ҳам инсофга келмаган, уруш қайғуси босилмаган элда улар ўша безбетлигини қайта тиклаётган замон. Унинг биргина умиди Нажим оғасидан. Обрўйи баланд. Жамоатчилик ичида ўзининг халқчиллиги билан яхши ном қозонган. Тунов кун унинг уй-жой калитини олганини эшитган баъзи бир “қадр ли” дўстлари ҳасад қилиб: “Ўзи Москвада ўқиётган бўлса, ёзувчиларнинг уйига қандай эгалик қилади”, – деган гапларни айтиб, миш-миш тарқатишаётган эди…

* * *

Ижарада яшаётган уйдан янги жойга кўчиш куни белгиланди. Чошгоҳга қолмай Бабош билан Ўсарбой келишди. Орадан кўп ўтмай довдираб Тажитдин пайдо бўлди. Қўни-қўшнилардан ҳам бир-иккитаси қўшилди.

– Ҳой, Кегайлига отланиб кетган Бойчиборим, сен қайдан пайдо бўлдинг? –деди Ибройим бўсағада ҳатлаётган Емберген Еримбетовга кўзи тушиб.

– Анави Эломон деган бир “жаллодинг” тез етиб кел, деб жонимни олди-ку.

Йигитлар бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб кўришди. Ҳадемай кичкина хонадан жой топиш амримаҳол бўлиб қолди.

– Эломоннинг ўзи йўқ-ку.

– У бекорга юрмайди, бир ишнинг изидан тушган чиқар.

Шу орада ташқаридан Эломоннинг шанғиллаган овози эшитилди:

– Маден оға, ичкарида чала шоирлардан бошқа жонли одам борми, ўзи?

– Шоир дегани ўзи жонли одам дегани эмасми?

– Йўқ, менга чайир, юк кўтарадиган, қора меҳнат қиладиган одам керак.

– Ҳаммаси қарчиғайдай йигитлар, улардан иш ортадими?

– Шоирни ишлатиб бўлмайди, оға, қўлига берган нарсангни қўлтиғига қистираман деб уддалолмай, тошга тушириб, синдириб қўяди.

Бу гапни ичкарида эшитиб турганларнинг ҳаммаси кулиб юборишди.

– Бунга ҳам айтган экансан-да? – Бабош Ибройимга қаради.

Эломон кириб келиб, ўтирганлар билан саломлашди.

– Сен тонг саҳардан ҳаммани чалажонга чиқариб қўйдинг-ку…

Емберген бошқаларни Эломонга қарши қайрамоқчи бўлган ҳазилига Ибройим шу заҳоти жавоб қайтаришга ошиқди:

– Бунинг ўзи ҳам чала шоир-ку.

– Мен чалами, баломи, умуман шоир эмасман. Чалаларнинг бари атрофингда ўтирибди.

– Унда Бабош ҳам чалами?

– Ҳой, Бабош жўра, сен ўпкалама, мана буларни ўзинг биласан, менинг курсдошларим.

– Манави Тажетдин Сейтжонов деган фронтовик, урушдан контузия бўлиб келган. Бошингга чойнак билан солиб юбормасин.

Емберген Тажитдин билан овулдош, иккови орасидан қил ўтмас дўст. Шунга қарамай унинг гапида жон бор эди. Шуни пайқагандай Ибройим яна гапга аралашди.

– Тажет ундай қизиққонлик қилмайди. У шоирлик деган ҳунарнинг, ҳунар дейман-ов, – деб Бабошга қараб қўйди. – Ҳунарми, касбми ёки бир арвоҳми, нима бўлса ҳам, наридан-бери менгариш осон эмас эканини яхши билади. Шоир то ҳаётининг ярмидан ошгунга қадар ўзини чала ҳисоблаб юрадиганга ўхшайди, дейман-ов.

Шу билан чала қўшиғи босилгандай бўлди.

– Тушга яқин бир ҳўкиз арава билан, бир эшак арава келади, – деди Эломон, – юкларни Маден оға бўғчалаб боғлаб қўйибди.

– Қўй, Ибройим чиқар?

– Оббо-ей, Тажет, одамнинг тилини қичитасан-да. Қора меҳнат қилиш шоирларнинг қўлидан келармиди. Айтмоқчи, – деди у Ибройимга қараб, – бораётган янги уйга олов ёқилдими?

– Олов ҳам ёқилар, борармиз-да, аммо ундан кейини қалай бўлар экан? –деди ўтирганлардан бири.

Ҳамма шу гап чиққан томонга қаради. Ибройимларни кўчиргани келган дўстларининг ҳаммасини хаёлида шундай ҳадик бор эди. Бу уй Давқораевнинг ўзига берилганми ёки Ёзувчилар уюшмасиникими? Аниғини ҳеч ким билмайди.

– Бунинг лақабини Ўсарбой билади, – Тажетдин Ўсарбойга қараб жилмайди.

– У қаердан билади. Бир оёғи Тахтакўпирда, бир оёғи Нукусда бўлса.

Эломоннинг ана шундай кесиб айтадиган гапига ҳамма ўрганиб қолган, “вой, қотирасан-ей”дан нарига ўтмайди.

– Билади.

Тажетдин озгина шумлик қўшиб гапирадиган йигит. Кулимсирайвериб, шундай сўзларни айтганда чап кўзи қисилиб, лунжидаги айрим қизларда бўладиган кулдиргичи чуқурча бўлиб турадиган, сариқ тусли бўлса-да, кўпинча қизил юзли бўлиб кўринади. Кулганида бир кўзи қисилишини билмаганлар бир шумликни ўйлаб тургани йўқми, деган шубҳага борарди.

– Қаёқдан билади? – деб ажабланди Эломон.

– Юқоридан қўли бор.

– Сейтовданми? (Сўз обкомнинг биринчи секретари Пиржон Сейтов ҳақида эканини ҳамма тушуниб ўтирибди).

– Бир поғона пастроққа туш.

– Матеке Жуманазаровми?

– У учинчи поғона-ку, яна бир поғона туш, дейман.

Тажетдин бошқа индамади. Эломондан кейин қалин қошли, олакўз, бурни манглайини қоқ ёриб чиққан яна бир йигит келганида Ибройим: “Ана, энди жамоат жам бўлди”, деб янги меҳмонни қувонч билан кутиб олган эди. Эломон у билан саломлашаётиб: “Ҳозирги студентлар суманглаб муаллимларнинг устига бостириб кираверар экан-эй”, деса-да, қадрдонлардай қучоқ очиб кўришди. Бу институтнинг юқори курсида ўқийдиган, ўзи назархонлик Ўразоқ Бекбўлов эди. Талаба бўлгани билан, Ибройим билан тенгқур ёшда. “Адабиёт гули” газетасининг барча ёзув-чизуви шунинг бўйнида. Ўразоқ тажрибасизлик қилса ҳам, ўзига тенгдош бўлмаган ёши катталар билан бироз яқинлигини билдиргиси келса ҳам, Тажетдин айтмай тўхталиб турган нарсани айтиб юборди.

– Ўсарбой Хўжабек оға билан бирга Наврўз Жапақовларнинг хизматида кўп бўлади. Тажетдиннинг гапида жон бор.

Кўп биладиган одамнинг икки хили бўлади. Биринчиси – сўз давомида хато қилганни тузатиб ўтиради. Иккинчиси бўлса, ҳамма айтарини айтиб, қўярини қўйиб бўлгандан кейин сўз бошлайди-да, ўзидан аввал айтилган гапларни пучга чиқаради. Ўсарбой келгандан буён гапга аралашмай, ким сўзласа, кўзининг қирини солиб, гоҳида секин пиқ этиб кулиб, сабр-тоқат қилиб ўтирган эди.

– Йўқ ердан гап топиб , шунча ёқни айландиларинг-эй.

Ўзаро шивирлашлар тўхтаб, ҳамма Ўсарбойга қаради. У ҳам кўнсангиз шу, кўнмасангиз ўзларинг биласанлар, дегандай қошини кериб, шошилмай давом этди.

– Қулоқларингизга яхшилаб қуйиб олинг. Нажим Давқораев 1939 йили Ёзувчилар уюшмасининг бошлиғи бўлиб, Аббаз шоирдан бошлаб, ҳамма шоир, ёзувчиларни Тўрткўлга олиб борганини эшитганмисиз? Уруш бошланиб кетгандан кейин шоир кимнинг шоири, ёзувчи кимнинг ёзувчиси экани билан ҳеч ким қизиқмай, ҳар ким ўз бошига бўлиниб кетди. Жўлмирза, Наврўз, Асан, Аббаз, Хўжабек оғалар ўзи уюшма, ўзи бошлиқ бўлиб, ғалаба учун тинмай шеър ёзди. Газетадан номлари тушмади. Урушдан кейин 1946 йилги сайловда Нажим оға қайтадан сайланди. Ибройимлар у пайтда биринчи курс, уюшма тугул, ейдиган нони билан ётадиган жойининг ташвиши билан овора эди.

– Ўзинг-чи, ўзинг? Ўша сайлов йиғилишида минбарга чиқиб, нутқ сўзлаганмидинг?

Ўсарбой Эломонга қараб, мийиғида бир кулди-да, давом этди:

– Аканг у пайтда Тахтакўпирда оловдек муаллим эди. Бироқ айрим ўртоқларнинг тўғри чамалаб ўтирганидай, бизнинг билиш, эслаш қобилиятимиз бор-да.

У гапни турли томонга чалғитгиси келган одамдай чўзаверди. Ўтирганларнинг тинкаси қуриб, охирини билгиси келиб турибди.

– Ана шундан буён Нажим оға уюшма бошлиғи.

– Бир институтнинг директори, докторликни ёқлашга кетди, деган гаплар-чи?

Охирини билайлик дегандай Емберген саволни жуда кўндалангига қўйди.

– Урушдан аввалги йиллари, – дея гапида давом этди Ўсарбой, – Қорақалпоғистон Совнаркоми ёнида тил ва адабиёт бўйича, унга тарих ҳам қўшилдими, ҳайтовур, илмий-тадқиқот институти бўлган. Шунга Давқораев директор бўлиб сайланган деган гаплар бор эмасми? Ана шу идора 1947 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Иқтисодиёт ва маданият бўйича Қорақалпоғистон илмий-тадқиқот институти бўлиб янгидан ташкил этилган. Унга ҳам яна Нажим оға Давқораев директор бўлиб, ҳозир ўша икки юмушга докторлик деганини ҳам қўшиб ишламоқда. Энди кўнглингиз жойига тушдими?

Ҳамманинг кўнглидаги ҳадиклар тарқалгандай Ибройимга қаради. У эшитмагандай орқайин ўтираверди. Сабаби, бунинг барини Бабош жўраси аллақачон аниқлаб, Ибройимга тушунтирган эди. Шу орада бировнинг ғилдираги ғичирлаб, бировиники чийиллаб икки арава келди. Ҳамма ёппасига ташқарига чиқди.

– Бизнинг уйимизда икки арава юк йўқ, биттаси ҳам бўлар эди.

– Биттасига янгам миниб, боласини қучоқлаб ўтирар.

Ҳар ким ҳар ёқдан “ундай юклама, бундай юкла” дегандай маслаҳат бериб, уй анжомларини аравага ортаверишди. Ҳар сафар ота-боболарнинг донолигига, улардан айтилмаган гап қолмаганига ҳайратланасан. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” деганлар-ку, тугунлар бир аравага сиғмай, иккинчи аравага ҳам ортилди.

– Қани энди, ичимизда ёши катта Тажет ҳамда энг ақлли ва доно Бабош кўчнинг олдида яхши ният билан йўл бошласин.

Эломоннинг бу гапи ҳаммага маъқул бўлди. Улар Маденни ўртага олишиб, олға қадам ташлашди. Ибройимни кўчиришга йиғилганларнинг ҳаммаси бундан уч йил бурун Ибройим билан Бабош бошлаган “Адабиёт гули” деворий газетасининг давоми бўлган “Қоратов” журнали атрофида бирлашган эди. Бу ташкилий ишларнинг бошида ҳамма сўзсиз тан оладиган ва бўйсунадиган адабиёт фидойиси, Ибройим шоирнинг сўзи билан айтганда: “Юзида қандайдир кўркам нур ёғилиб турадиган, рўйи очиқ, қалин қора қошлари остидаги қорачиқлари кишини ишонишга чақирадиган, сўзи маънили, тили ширали, келишган, узун бўйли, ориқ йигитнинг исми-шарифи Бабош Исмоилов бўлиб, манғит элатига яқин ердаги “Басув” сойининг бўйларидан келган эди. Унинг адабиётни билиши, бадиий асарларни теран ҳис этиши, дунёқараши кенг, ўй-фикрлари қизиқ эди. Айниқса, сиёсатдан хабардорлиги, сўзга ижтимоий маъно бериши, юморга усталиги ҳамда “Адабиёт гули”нинг тонгги шудрингга чўмилган хушбўй ҳиди бизларни беҳуш қилиб, дўстлик ришталари билан тўқилган тўрга илинтирган эди. Бизлар унга қизга ошиқ бўлгандек маҳлиё эдик. Ўша куз кунларидан бошлаб иккаламизнинг танишлигимиз дўстликка, дўстлигимиз туғишганликка айланди. “Игна қайда бўлса, савоқ2 шунда бўлади…”

Биз институтда ўқиётганимизда адабиёт дунёсига бутунлай шўнғиб кетган эдик. Турли курсларда ўқиётганимизга қарамасдан, бир гуруҳ ёшлар “Адабиёт гули” хиёбонида айланиб, унда сайраган булбуллар овози эс-ҳушимизни ўғирлар эди. Бу бадиий сўз шайдолари орасида Бабош иккимиздан бошқа Сирожиддин Аҳмедов, Собир Камолов, Ўсарбой Хўжаниёзов, Марат Нурмуҳаммедов, Дўстжон Носиров, Атаулла Худойберганов, Ўрозбой Зарикеев, Ўрозақ Бекбулов, Ақжипак Турғанбоева, Равия Есемуратовалар бор эди…

bannerbanner