
Полная версия:
Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари.
Осмонда учар лочин, Тоққа ёзар қулочин. Бу гапларнинг бари чин, Али кўрсатар кучин. Жангил бажарар бурчин, Аввал қуриб янги уй, Кейин қилишар бир тўй. Сўйилади серка, қўй. Полов бўлар тизза бўй.
Умуман Абдулла шоир ижодида халқнинг орзу-интилишлари, руҳияти, самимий туйғулари ўз ифодасини топган. Шоирнинг терма ва достонлари ҳаммага тушунарли, ёрқин тасвирий воситалар ва услубларда баён этилган. Ўзбек халқ оғзаки ижодига мос бўлган азалий мотивлар, анъаналар Абдулла шоир яратган асарларнинг ғоявий бадиий руҳига ниҳоятда чуқур сингиб кетганлиги шоир ижодининг баркамоллигини, халқчиллигини таъминлаган.
Абдулла шоир асарларида борлиқ ҳаётни севиш, унинг қадрига етиш ўқувчига ҳаётбахш руҳ бериб туради. Унинг термаларида озодлик ва адолат учун босқинчи ёвларга, золимларга қарши олиб борган курашлари ҳам ёрқин акс этади. Унинг куйлаган барча достонларида эл-юртга, она Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, зулм ва хиёнат дунёсига нафрат руҳи бўртиб туради. Бинобарин оддий китобхонларгина эмас таниқли ёзувчи ва олимлар ҳам унинг асарларини севиб ўрганганлар ва ундан ижодий фойдаланганлар.
Абдулла шоир Нурали ўғлининг ижоди халқимизнинг ноёб қадрияти, бебаҳо маънавий бойлиги бўлиб, кишиларимизни, хусусан, ёш авлодни қаҳрамонлик, ватанпарварлик, халқпарварлик, дўстлик, юксак ахлоқ руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Қодир бахши Раҳим ўғлининг ҳаёти ва ижоди хақида
(1937-1986)
Халқ оғзаки ижодиёти муқаддасдир. Унинг ҳар бир сўзи нондек азиз, сувдек тиниқ, туздек зарурдир. Халқ достонлари азал – азалдан инсониятни муҳаббат, ахлоқ – одоб руҳида тарбиялаб келган ва ҳозирги кунда ҳам тарбия дастури бўлиб хизмат қилмоқда. Миллий ғуруримизни шакллантиришда ўзбек халқ ижодиётининг, халқ достонларининг, яъни сўз санъатининг аҳамияти беқиёсдир.Халқ оғзаки ижодиёти муқаддасдир.
Деҳқонобод тоғлар диёри Қодир бахши 1937 йилда ана шу муқаддас жойда бир чети Ҳисор тоғлари этакларигача чўзилиб кетган Хўжамахмуд қишлоғида таваллуд топган.
Дехқонобод азалдан бахшилар юрти эканлигини кўпчилик яхши билади. Бу қутлуғ маскандан асрлар давомида қанчадан – қанча достончи бахшилар – халқ талантлари етишиб чиққанлар. Деҳқонободнинг бугунги кунда ҳам ўзига хос достончилик мактаби бор. Бу мактабга асос солган буюк халқ достончиси Қодир бахши Раҳим ўғли эканлигини яхши биламиз. Бу достончилик мактабини ўтаган бахшилар сўзга тўн кийдириб, дўмбирани булбулигўёдек сайратиб чечанлик билан куйлаб келмоқдалар.
Қодир бахши янги замонавий достонлар, термалар яратганида тарихий ҳақиқатни бадиий тўқималар қуйма сифатлашлар билан заргарона омухта қилиб такомилига етказади. Шу боис ундан кўплаб умрбоқий достонлар қолди. У ўз ижоди давомида анъанавий халқ достонларини қиёмига етказиб, қувваи ҳафизасида сақлаб бойитиб, тўлдириб, сайқал бериб ижро этиб келганлиги ҳамда бу тажрибани кўпдан – кўп шогирдларига ўргатганлиги билан ўзбек халқ достончилигини янги поғонага кўтарди.
Қодир бахши номининг унутилмаслиги, тилдан – тилга, элдан – элга ўтиб юрганлиги, ижро услуби кўплар учун мактаб бўлиб қолганлиги, аниқроғи халқ достонларини куйлаш ва унга қайта сайқал беришда Қодир бахши мактаби яратилганлигининг сабаби ҳам шунда. Унинг қўнғироқдай жарангдор, ширали овози билан заргарона айтилган халқимизнинг ўлмас достонлари, термалари, ўзи яратган замонавий достон ва қўшиқлари нафақат унинг Ватани – Ўзбекистонда, шу билан бирга Ўрта Осиё ва чет мамлакатларда ҳам минглаб миллионлаб ўз мухлисларини топди.
Қодир бахшининг довруғи ўзбек заминидан чиқиб узоқ – узоқларга кетганлиги, фольклоршунос олимлар томонидан эътироф этилган ноёб талант эгаси бўлганлиги шубҳасиздир. У ҳақиқатдан хам достончиликда тамал тошини қўйган устоз бахши эди. Бу соҳани мукаммал ўрганган моҳир, овоздор бахши, дўмбирада куй чалиш санъатини том маънода эгаллаган истеьдод соҳиби эди.
Халқ орасида "Бахшини бахши қилган унинг овози, сўзи ва дўмбираси" деган нақл бор. Аслида бу гапда ҳақиқат бўлса керак. Бахши ўзини бир зум ҳам дўмбирасиз тасаввур этиши қийин. У элга мурожаат қилганида албатта дастлаб дўмбирасини таърифу тавсиф этади. Қодир бахши ҳам бундан мустасно эмасди.
Қодир бахши ширадор овози билан достон бошлаганда достондаги ҳар бир воқеа – ҳодисага достоннинг ҳар бир мисра – сатрларини боғлаб – тизиб, шундай берилиб куйлардики, дўмбирада чалган куйлари оҳанграбо касб этиб, тингловчиларни бутунлай сеҳрлаб қўярди. Гўё у тингловчиларни бемалол достондаги воқеа – ҳодисалар ичига олиб кириб, унинг қаҳрамонлари билан юзма – юз суҳбатлаштирарди. Унинг бу соҳадаги маҳоратини изоҳлашга сўз ҳам ожизлик қиларди. Қодир бахшининг достонини тинглаётган тингловчилар гўё кино кўраётгандек сеҳрланиб тинглар ва катта таассуротга эга бўлиб, бу сўҳбатни ойлаб давраларда мароқ билан гапириб юришарди.
Ражаб бахши Нормурод ўғли, Ўмир бахши Сафар ўғли унинг устозлари бўлишган. Бу бахшилар ўз замонасининг атоқли бахшилари бўлиб, элда ном қозониб эътибор топган эдилар. Қодир бахши ёшлигидан достончилик санъатини севиб, устозларининг анъанавий йўлини давом эттирди. Қодир бахшининг отаси Раҳим Жобборов Ватан урушида вафот этади. Ёш Қодир Раҳимов она тарбиясида қолади. Онаси Норхол Турди қизи, бир ўғил ва икки қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказади, айниқса, ўғли Қодирнинг тарбиясига оналик меҳри билан қараб камолга етказади.
Қодир бахши Раҳим ўғли ўрта мактабни битиргач, олий маълумотни Бухоро Педагогика Институтида олади. Институтни битиргач, Хўжамахмуд қишлоғидаги Бобур номли ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ана шу даврда унинг халқ ижодиёти соҳасидаги фаолияти кенг миқёсда бошланади.Ватанга, халққа бўлган ички туйғуларини терма ва достонлари билан намойиш эта бошлади. Бағрикенг, хулқи пок, фозил бу инсон ўз умрининг босимини одамлар орасида, дўстлар даврасида дўмбира чертиб достонлар куйлаб термалар айтиб ўтказади, йигитлик кучини, онг ва билимини шунга сарф этади. Шу маънода "Айрилса" термасига эътибор берайлик.
Турналар учолмас хилдан айрилса, Бедовлар юролмас йўлдан айрилса, Тоғлар букчаяди белдан айрилса, Булбуллар сайрамас гулдан айрилса.
Йигит бўлса – бўлсин унда номус – ор, Ёмон қўрсин, кенг дунёни қилар тор, Баланд тоғда ўсган гиёҳ сарғаяр, Агар ҳаво билан қордан айрилса.
Буюк тоғлар яшин тушса – вайрона, Бу фалак ишига ҳамма ҳайрона, Мард йигитлар бахти кетса – девона. Севиб олган санам ёрдан айрилса.
Сабаб билан кўкдан ҳаво тўкилар, Йўлни яхши билмас бедов қоқилар, Одамзоднинг қадди шундан букилар, Меҳр қўйган эрка улдан айрилса…
Булутсиз бўлмайди қаддили тоғлар, Гул тилар доимо гули йўқ боғлар, Тушакка ўтганда кампирлар йиғлар, Бирга яшаб турган чолдан айрилса.
Арилар бош эгар болдан айрилса, Бедовлар мунғаяр ёлдан айрилса, Қарилик етгани шулдир ёронлар, Дармон кетиб нордай белдан айрилса.
Кенг дунёнинг ўтгани шул ёронлар, Кўрар кўз-у, сўзлар тилдан айрилса…
Қодир бахшининг ижод этган термалари ранг – барангдир. Унда шундай бир табиий куч ва жўшқин талант бор эдики, у дўмбирасининг овозига қўшилиб гоҳ йиғлашга, гоҳ кулишга одамни мажбур қилар эди. Тўғрироғи сеҳрлаб, беихтиёр шундай ҳолга туширарди. Дўмбирани қўлига олиб бир икки нағмани қайтариши биланоқ бутун тингловчиларни сеҳрлаб ўз таъсирига олар эди. Ҳатто Қодир бахшининг ўзи ҳам куйлаётган достонига қўшилиб, мунгли жойларида йиғлаб юборган жойлари бир неча марталаб бўлган. На олимлар, на шогирдлар, на ҳамнафас бўлган бахши шоирлар Қодир бахшининг неча хил куй ва оҳангда куйлашининг саноғига етолмаганлар. У ана шундай буюк халқ достончиси эди.
Қодир бахшининг шогирдларига айтадиган ўгитларидан бири шундай: "Ҳов йигитлар, қулоқ солинглар! Нима учун сув оз бўлсада ариқ шилдираб оқади. биласизларми? Бўлмаса, қулоқ солинглар. Ариқда озгина сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, у шунинг учун бир фасл шилдираб оқади, иссиқ келиши билан эса қурийди. Денгизчи, денгиз? Денгизда сув ҳам мўл, унинг тагида қанчалаб қимматбаҳо тошлар, марварид, олтинлар чексиз, чегарасиз бойликлар мавжуд. Боз устига унда баҳайбат жониворлар ҳам бор. Шул сабаб денгиз жимиб оқади, у ҳеч қачон қуримайди.
Денгизнинг ичи ҳар хил дурларга тўла. асрлар оша эл юртга оби – ҳаёт беради. Сиз шогирдлар ҳам "ариқ" бахши бўлмай, денгиз бахши бўлинглар" – деб такрорларди.
Қодир бахши ҳофизаси кучли, бадиҳагўй достончи эди. У ўз соҳасининг билимдони, донишманд ва камтар, содда ва салобатли инсон бўлиб, шогирдларига ҳеч қачон ёмон ният билан қарамаган, ҳасадни эса жуда ёмон кўрган. Хизмат ҳаққини тилаб олмаган, оқсоқоллар нимани маъқул қўришса бахшига ҳам шу маъқул бўлган. Манманликни, кибр ҳавони, ўзини одамларга кўз – кўз қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Одам қиёфасидаги шайтонлардан ҳазар қиларди. Ҳатто озроқ ҳурматга эга бўлиб, кейинчалик ўзига қарата кесак отган шогирдларини ҳам кечирган. Учрашганда доим қучоқ очиб кўришган. У ижод пиллапоясининг барчасини забт этган Ўзбекистон булбули эди. Чин маънодаги сеҳрли соз, сирли овоз соҳиби, туғма достончи, ҳозиржавоб термачи ижодкор эди. Ҳар бир достонни куйлаганда шу достонга мослаб дўмбира чертар, ўз усули, куйи, оҳанги билан достон бошларди, достоннинг мазмунига қараб куй яратарди. Достон воқеа ҳодисаларига дўмбирасини ҳамоҳанг қиларди. “Қашқадарё” термаси бунга яққол мисол бўлади.
Чўлларинг чирой очди келинчакдай шайланиб, Оқ олтиндан хирмонинг турна ўтолмас айланиб, Келмаганлар кеп кўрса бармоқ тишлар ўйланиб, Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай, Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.
Бир томонда Қашқанг бор, товланар сулув қиздай, Қарши билан Шаҳрисабз кечаси ҳам кундуздай, Китоб билан Ғузоринг осмондаги юлдуздай, Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай, Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.
Тоғ бошида оппоқ қор, тинмай соғар сутини, Роҳатланиб Қарши чўл, қамчилайди отини, Деҳқонобод қўйлари кўтаролмас етини, Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай, Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.
Бир томонда тоғларинг, бир томонда боғларинг, Бир томонда уйларинг, бир томонда шерларинг, Бир томонда қўйларинг, бир томонда яйловинг, Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай. Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.
Қодир бахшини достончилик санъатининг виждони десак муболаға бўлмайди. Халқ оғзаки ижодиётидан инсоният маданияти, маънавияти қирраларини ўрганиш, моҳиятини кўпчиликка етказишга интилиш ва бу соҳада ҳақиқий эл бахшиси бўлиб етишиш тасодифий эмас. У тинимсиз ижодий меҳнатда бўлди. Қодир бахши томонидан айтилган достонлар тингловчилар қалбини забт этиб сел қилиб эритиб юборарди. Ундан бизга мерос бўлиб қолган достон ва термалар ўлмас асарлар дебочасидир. Севикли бахши ҳаётлигида ёшлик инсонга бир марта берилади, унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, элу -юрт равнақи йўлига бахшида этиб, эзгу ниятларга сарф қилиш лозим деб таъкидларди. Бу ибратомуз сўзлари ўттиздан ошиқ шогирдлари қалбига муҳрланиб, бугунги кунда машъал бўлиб, уларнинг йўлини ёритиб, у айтган юксак мақсадларга чорлаб турибди.
Қодир бахши нафақат атоқли достончи, моҳир созанда, балки ўнлаб эртак, шеър ва тўртликлар яратган иқтидорли шоир ҳам эди.
Айниқса Қодир бахши яратган фалсафий тўртликлар бугун ҳам халқимизни нурафшон манзиллар томон етакламоқда:
Ота осмон бўлса ёмғирли, қорли, Онамиз заминдир ёзли, баҳорли… Иккисин ҳурматин эъзозлай билсанг, Сенгадир фасллар баҳори, бори…
Ушбу тўртлик инсон умрининг фасллари ҳар ким учун энг азиз бўлган ота ва онага бориб боғланиши, уларнинг ҳурмат – иззатини ўрнига қўйиш лозимлигини ўқтириб ўтади.
Ёмонлик ўзингга тоғ бўлиб келар, Ямлаб ютиш учун чоғ бўлиб келар, Яхшилик қилсанг ҳам қайтар бир куни, Кичиги сояли боғ бўлиб келар.
Бу ҳикматона сатрлар асрлар давомида халқнинг дилида йиғилиб, бахшининг тилидан юзага чиқаётган гаплар. Уларда ҳаётий тажриба, йиллар, асрлар сўнгидаги чуқур хулосалар бор. Инсоният бир умр яхшиликни ёқлаб, унга интилиб келган. Ёмонликни қоралаб, ундан қочган. Қодир бахши севиб айтадиган яна бир тўртликда шундай сўзлар бор:
Тошда Кўриб кийикларни ҳуркак деймиз, Андишали одам бўлса қўрқоқ деймиз.
Энг аввал ўхшатишнинг нақадар асослигига эътибор қилинг.
Бир жониворнинг ҳалокати билан инсон характерининг муқаяса қилинишида шоир энг муҳим, диққатга сазовар фикрни ўртага ташлайди.
Энди яна бир тўртликка эътибор қаратамиз:
Битмайди дунёнинг ўзи бири кам, Бир учун нечалар тортди ғам алам. Дўстлар даврасида ўтирсанг бир дам, Жаҳон султонлиги сенда мужассам.
Қодир Раҳим ўғли устозларидан 60 дан ортиқ анъанавий достонлар, 200 дан ортиқ терма ўрганиш билан бирга ўзи ҳам "Ойчинор", "Бева Барчин", "Махтумқули", "Жаҳонгир", "Эшқора билан Дўстқора" каби ўнлаб янги достонлар ижод қилганди. Қодир бахши куйлаган достонлардан 12 таси бошқа ҳеч бир бахшилар ижодида учрамайди. Унинг бой ва ранг-баранг ижодидан бор йўғи 10 та достон, 40 та тўртлик, 50 дан зиёд термалар ёзиб қолинган.
Қодир бахши достон куйлаганда беихтиёр инсон қалбини ўзига мафтун этарди.Қодир бахшида яна бир фазилат бор эди. У бирон терма ёки достон куйлаганда, унга қўшилиб ўз юртининг Оқбош ва Чакчак каби улкан боғлари, ҳар бир харсанг тош ва тоғ қоялари, қир адирларию кенг яйловлари ҳамма ҳаммаси бутун коинот бахшининг терма ва достонларида тилга кириб сўзлашар эди. У достонларга жўр бўладиган куйларни чалишдан ташқари, дўмбирани 30 хил оҳангда куйлата оларди. Куй – Қодир бахши ижодида бир калит эди. Шу калит билан у тингловчилар қулфи дилини оча биларди.
У оҳува куйини чертганда шўх қизларнинг, ёш ялангларнинг сой бўйида, сўлим дарахтлар соясида арғимчоқ учаётгани, бир бирини қувалашиб ўйнаётгани кўз ўнгимизда намоён бўлар, "Иззатой" куйини чалганда тингловчи кўз олдида таҳқирланган қиз, эрки топталган аёл, эркаклардан тафт тортмайдиган жасур хотин, дам даврага чиқиб эл обруси учун курашаётган шижоатли аёл гавдаланарди.
Қодир бахши "Иқболой", "Ўғилой", "Куй қайтариш", "Қизлар сайли", куйларини ижро этганда эса дўмбира торларидан сузиб чиқаётган нолаю фиғон, шодлик садолари киши қалбини беихтиёр аллаларди.
Зеро дўмбира торларини бахши чертади, тор толаларида куй оқади, куй шоирни даврага тайёрлайди, сўз айтишга чорлайди, куй оғушига чумган бахши сўз уммонида сайрга чиқади. Куй энди шоирни ҳам, унинг сўзини ҳам бошқаради. Куй шоирга илҳом бахш этади, овозига овоз, парвозига парвоз қўшади:
Сени чертсам кўнглим гулдай яйрайди, Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам, Қўшша торим қўшилганда сайрайди,
Кўксим очиб яйраб чиққан дўмбирам.
Қодир бахши эридан қора хат олиб мунғайиб қолган онасига илк бор шундай далда беради:
Онажон, қўй, сатқа бўлай бошингдан, Гуллар йиғласа ҳам сен йиғламагин. Посбон бўлай доим кўзу қошингдан, Чўллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.
Сен йиғласанг она тоғлар бўшайди, Тош юрак ҳам сувдай булиб шовшайди. Сен йиғласанг қора тошлар қақшайди, Тошлар йиғласа ҳам сен йиғламагин.
Отам Ватан учун берди жонини , Миллион шерлар каби тўкди қонини. Эшитмасин ёрнинг йиғлаганини, Дарё йиғласа ҳам сен йиғламагин.
Она жойдан турди кўзин шишириб, Шу онага келди тоғлар бош уриб, Тинчлик бўлсин дейди қўлин қўшириб, Элинг айтар она сен йиғламагин.
Онажон сен замин, сен ой, офтоб, Уруш ҳеч қалбингга беролмайди тоб, Халқим бор экан тинчлик барқарор, Қодир айтар она сен йиғламагин.
У иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 40 йиллиги арафасида бироз чўзиқ бўлган бу термасини қайта ишлаб: "Уруш қурсин битмас яра соп кетди, ҳар юракда унинг доғи қоп кетди. қонхўрларни ер қаърига обкетди. Дарё йиғласа ҳам сен йиғламагин" сингари пухта образли бандлар билан тўлдирди, сайқал берди…
Қодир бахши термалар айтганда қотириб, қаловини топиб, кифтини келтириб айтардида! Айтганда ҳам билиб, сел бўлиб, эшитганни ҳам сел қилиб айтарди!
Қодир бахши ижодида "Ойхумор" термаси алоҳида ўрин тутади. Қирқ канизак олдида ойдек бўлиб келаётган Ойхуморнинг бўй басти, юриш туриши шундоққина аён бўлади. Гўё кўз олдингизда ойдай яшнаб кундай кулиб Ойхумор келаётир. Ҳатто феъл – атвори, ҳар ҳолатда характерининг турланиб туришини ҳам кўриб турасиз: "Ҳой, узилиб – узилиб, наргиз кўзи сузилиб, ёмон сўзни эшитса феъли борар бузилиб, қирқ канизи боради, мунчоқдай буб тизилиб, ҳайло кетиб боради, қирқ каниздан илгари…"
Қодир Раҳим ўғли ўлкамизни қадамба – қадам кезган ижодкорлардан эди. У туғилган маскани Деҳқонобод ҳақидаги термасини шундай тугаллайди: "Қодир, сени жўшиб айтарман, завққа тўлиб – тошиб айтарман, ойдан нишон, қуёшдан орден тақиб олган Деҳқонободсан".
Зотан, қиёси йўқ Республикамизнинг қаерида бўлманг, "Ойдан нишон", "Қуёшдан орден таққан" масканлар ҳуснига маҳлиё бўласиз, яшариш ва яратувчилик мўъжизаларидан фахрланасиз. У қўшни Республикаларнингҳам кўпини кезган, дўст – қардошлари иши-ю, мўъжизаларидан ҳайратланган бахшилардан эди. У Москвада ўтган халқ бахши – шоирларининг I ва II Жумҳуриятларора олимпиадалари ғолиби бўлганда бир қувонди. 1982 йили Олма Ота шаҳрида ўтган бахши –шоирларнинг Бутуниттифоқ анжумани ғолиби бўлганида иккинчи бор қувонди. 1983-1986 йилларда Жумҳурият бахшилар танловининг кетма-кет ғолиби бўлганида яна-яна қувонаверди.
Бу сафарлар, кўрган-кечирганлари Қодир бахшининг дунёқарашида жаҳонворлик, улуғворлик касб этди. Мавзу доирасини кенгайтирди. Замонавий терма достонларида жаҳон ташвиши, башар тақдири учун қайғуришдек умумбашарий туйғулар етакчилик қила бошлади.
Халқимиз азал-азалдан ўз орзу – армонларини, она тупроқ ва яхшиликка садоқатини, ёмонлик ва ёвузликка нафратини достонларда куйлаб қелди. Гўрўғли ва Алпомиш, Кунтўғмиш ва Маликаи айёр, Холбека ва Орзигул, Рустам ва Аваз, Барчин ва Юнуспари, Равшан ва Зулхумор, Ширин ва Шакар, Ҳасан ва Далли, Гулихиромон ва Холдорхон, Қундуз билан Юлдуз сингари юзлаб қаҳрамонлар тимсолида мардлик ва матонат, гўзаллик ва боқийлик, келгуси кунларга ишонч ва умид туйғуларини мужассам этди.
Достонларда ҳоҳ жанг майдонларидан ҳикоя қилинсин, ҳоҳ меҳнат майдонидаги шижоат кўрсатилсин, ҳоҳ севги – садоқатдан куйлансин, ҳоҳ ёвузлик устидан яхшилик тантанасини тараннум этсин – одамларни мардликка, жасоратга, меҳнатга чин муҳаббатга, яхшилик ва эзгуликка ундаб, ёмонликка эса нафратини қўзғаб келди.
Достончилик қадим қадимдан халқимизнинг атоқли бахши шоирлари ижодидан тушмай келганлиги, давлатимиз томонидан бахши шоирлар ижодига катта ғамхўрлик қилиб келинаётганлигининг ҳам боиси шунда…
"Қодир бахши Раҳим ўғли юксак ҳофизликқудрати ва улкан шеърий салоҳиятга эга бўлган халқ санъаткорларидан бири эди. Унинг достончиликдаги ўрнини белгилашда ана шу муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор бериш керак бўлади”,– деб ёзганди таниқли фолъклоршунос олим, Беруний мукофоти совриндори, профессор Тўра Мирзаев.
Қодир бахши Раҳимов 30 дан ортиқ халқ достонларини жуда маромига етказиб куйлай оларди "Алпомиш", "Бева Барчин", "Ойчинор", "Нурали", "Зайдуной", "Малла савдогар", "Ёзи ва Зебо", "Норгулой" каби достонлар унинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олганди. Уларнинг айримларини фолъклоршунослар томонидан ёзиб олинаётган пайтдаги ижросида шу даражада маҳорат кўрсатдики бу вариантлар (айниқса "Ойчинор", "Зайдиной") унинг номи билан абадий муҳрланиб қолди. Худди "Алпомиш" Фозил Йўлдош, "Равшан" Эргаш Жуманбулбул, "Орзугул" Ислом шоирлар номлари билан асрлардан – асрларга муҳрланиб қолганидек"…
Қодир бахши Раҳим ўғли замонавий, шу билан бирга новатор шоир эди. У моҳир дўмбирачи, кўплаб халқ куйларининг билимдони ва ижодкори сифатида достон ва термаларни хилма-хил куйларда ижро этарди. Одатда халқ бахшилари достонларни 7-8 куйда ижро этганлари ҳолда унинг куйлари ниҳоятда кўп ва хўб эди. У достон ижросига чанқовузни олиб кирган ва унинг жўрлигини таъминлаган ягона бахшидир. Гарчи бундай ҳолат эпик анъанада илгари учрамаган бўлсада, уни дадил экспримент сифатида баҳолаш мумкин. Чунки сўзда бадиҳа етакчилик қилган қаҳрамонлик эпоси ижросида иккинчи мўсиқа асбоби жўрлигини таъминлаш бахшидан жуда юксак маҳорат талаб қилади. Қодир Раҳим ўғли ана шундай маҳоратли ижодкор эди.
Қодир бахши ижодида "Ойчинор" достони алоҳида ажралиб туради. Достоннинг ўзига хослиги шундаки, унда бобокалонимиз Бобурнинг мураккаб тақдири ҳикоя килинган.
Маълумки, Бобур улуғ саркарда бўлиш билан бирга адабиётимиз тарихида ўзининг ўлмас адабий мероси билан ўчмас из қолдирган буюк сиймодир. Бобур шахсининг халқ оғзаки ижодида илк бор ёритилиши ёзма адабиётимиз учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилиши табиий.
"Ойчинор"-тили, ижро услуби жиҳатидан ҳам ўзига хосдир. Достонда Ойчинор иомли ўзбек қизининг гўзал қиёфаси, босқинчилар билан мислсиз жангдаги жасорати куйланади. Достон Ойчинорга қисқача таъриф бериш билан бошланади. "Холиёрнинг пешонасида бир қизи бор эди. Отини Ойчинор дер эди. Ўн еттига тўлган эди. Худо ҳамма ҳуснни унга берган эди. Қадди – қомати ҳуснига мос тушган эди, чеккасидаги кокили эгнидан ошган эди".
Достоннинг тили самимий, содда, халқимизнинг сўзлашув услубига яқин. Ҳар бир сўзга халқ донишмандлиги сингдирилган. Шоирнинг шеърий мисралари ҳам гоҳ ўйноқи, гоҳ майин, гоҳ кинояли, гоҳо мунгли…
"Қабатида отаси ойдай бўлди Ойчинор, Биясига эргашган тойдай бўлди Ойчинор".