
Полная версия:
Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари.
Халқнинг руҳини, феълини бахши каби яқиндан билгувчи йўқ. Бахши борини рост сўзлайди. Ўзбекнинг оти ўзишини билди, айтди, шундай бўлди.
От достонларимизда улкан тимсол. Бахши шоирларимиз қолдирган улкан хазина ҳам илҳом тулпорининг ёнида кўпириб турибди. Биз бу мерос жиловини қўлга олсак, ҳақ йўлига солсак, ўзбекнинг маънавият тулпори маррага аввал етишига шак-шубҳа йўқ.
Тарихдан маълумки, халқимиз орасида эл юрт озодлиги учун мардоновар курашган шахсларнинг қаҳрамонликлари тиллардан – тилларга ўтиб куйланиши халқ оғзаки ижодининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Болалиқдан ҳар биримиз "Алпомиш", "Равшан", "Рустамхон", "Гўрўғли", "Авазхон", «Кунтўғмиш», "Юсуф ва Зулайхо" каби кўплаб достонларни ўқиганмиз. Улардаги қаҳрамонларнинг мислсиз жасорати, она Ватан, содиқ дўст, вафоли ёрга садоқатию муҳаббатига ҳайрат ва ҳавас билан улғайганмиз. Ўтмишнинг сеҳрли дунёси, аждодларимизнинг буюк заковатидан сўзловчи бу каби халқ достонлари бизни фидойиликка, комилликка чорлаши шубҳасиз. Шу боис ҳам, сўз санъатининг бундай ноёб намуналари асрлар оша яшаб келмоқда.
Айтиш жоизки, ўзбек халқ оғзаки ижодида достонлар азалдан муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг тилдан тилга ўтиб, аждодлардан авлодларга ўтгани, йирик достончилик мактаблари ва устоз шогирд анъаналари шакллангани ҳам айни фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Маълумотларга кўра бундай достончилик мактаблари ХV-XVI асрдан бошлаб вужудга келган. XIX-XX асрлар эса достончилик тараққиётининг муҳим даври сифатида эътироф этилади. Олимлар, хусусан, XIX аср охирларидан ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ўзбек бахшилари томонидан куйланган 150 та вариантлари билан қўшиб ҳисоблаганда 400 тагача халқ достонларини ёзиб олингани достончилик ривожидан дарак беради.
Халқимиз куйлаб келган достонлар орасида "Гўрўғли" туркуми алоҳида ўринга эга. Бу туркумдаги достонлар Туркман, Қозоқ, Қорақалпоқ, Татар, Турк, Озарбайжон, Тожик, Арман, Гуржи халқлари орасида ҳам машҳур. Бу достонлар Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Фозил шоир, Тилла кампир, Султон кампир,
Жолмон бахши, Бўрон шоир, Жоссоқ, Йўлдош булбул, Саидмурод Паноҳ ўғли, Берди бахши, Суяр шоир каби машҳур бахшилар ижросида халқимиз тилидан ва дилидан янада чуқур жой олди.
Достонларда халқимизнинг бахтли кунларга, эзгуликка интилиш истаги мужассамдир. Достонларимизга хос яна бир хусусият – уларда асосан саргузашт, қаҳрамонлик каби мавзулар етакчилик қилишидир. Шу жиҳатдан уларни қаҳрамонлик, жангнома, романтик, тарихий ва китобий достонларга ажратиш мумкин. Халқ достонларининг матни шеър ва насрнинг уйғунлиги асосида яратилади. Достонлардаги қаҳрамонларнинг ўй мулоҳазалари, ўзаро сўзлашувлари, от чопишию жанг манзаралари, персонажларнинг тезкор ҳаракатлари асосан шеър орқали ифодаланади. Бундай назм намуналари одатда ўнбир, айрим ҳолларда достонлардаги тасвир талабига кўра, 7 – 8 бўғинли бармоқ вазнида бўлади.
Эътиборли жиҳати достонларимизнинг тили ниҳоятда енгил ва равон. Улардаги ранг – баранг бадиий тил воситалари халқимизнинг бой сўз хазинаси, кенг тафаккур дунёсини намоён этади. Ҳатто достонларимиздаги баъзи байтлар халқ орасида ҳикматли сўзлар даражасига кўтарилган. Масалан, "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", "Зарнинг қадрини заргар билар ҳар ерда", "Яхшиларнинг юзини кўрсанг жаннатдир. Ёмон одам қилган иши миннатдир". Каби жумлалар шаклан бироз ўзгарган ҳолда нутқимизнинг ўзига хос безакларига айланиб улгурган. Халқ достонларидаги насрий тасвирлар ҳам ўзига хос бўлиб, кўпинча саъж, яъни қофияли сочма кўринишида келади. Бу эса асарнинг ифода даражасини юксалтириб, бадиий таъсирчанлиги ортишига хизмат қилади. Достонларимизнинг бадиий жозиба ва сайқали, айниқса бахшиларнинг дўмбира жўрлигидаги ижросида янада яққол намоён бўлади. Ўтмишда тўй базм ва байрамлар бахшилар иштирокисиз ўтмаган.
Халқ оғзаки ижодидаги достонлар ёзма адабиётдаги достонлардан фантазия кўлами, ажабтовур воқеалар, ақлбовар қилмас қаҳрамонликлар тасвири билан фарқ қилади.
"Яхшилиқ қил, дарёга ташла-балиқ билади, балиқ билмаса-Холиқ билади", "Эски чориғингни унутма", "Бир онанг дўст, бир тананг дўст"-бўлар бизнинг қулоғимизга ёшлиқдан сингган мақоллар. Улар бизга ҳаётий сабоқ беради, тўғри йўл кўрсатади. "Кичкина дикча, ичи тўла михча" – бу ихчам шаклли, маъноси келишимли топишмоқни эшитганимиз ҳамон юзимизга табассум югуради, ахир болаликда, илк марта эшитганимизда, анча бош қотириб, жавобини билганмиз. Кенжа ботир, Гулиқаҳқаҳ пари, Муқбил тошотар, Юлдузсанар, Дарё-боғлар, Қилич қарача-бу қаҳрамонларни эртаклардан қўп ўқиганмиз, улар бизнинг тасаввуримиздаги идеал одамлар. Эшагини йўқотганида отаси қилган ишни қилажагини айтиб, ҳазилкаш ўғриларни чўчитган, ўз тўрига ўзларини илинтирган Насриддин афанди латифаларини бўлса, айтарли ҳар бир ҳолат, вазият учун мос келадиганларини ёшлигимиздан бизнинг онгимизга сингдиришган. Бахши кирган давра борки, Алпомишу Кунтўғмиш, Гўрўғлию Авазхон саргузаштлари куйга солинади.
Халқ аслида энг хассос ижодкор. Минг йилликларни ошиб ўтган бой тажрибаси у яратган турли-туман, ранг-баранг, жилосию таровати бир-бирига ўхшамаган ижод намуналарини адабиётнинг олтин хазинасига дахлдор қилган, неча-неча асрлар оша неча-неча даҳоларга маънавий озуқа бериб, қанча асрларга теран илдиз бўлган. Халқ оғзаки ижоди бизни алла айтиб улғайтирган бўлса, эртак сўйлаб тарбиялайди. Топишмоғу маталлари билан ақлимизни, зеҳнимизни пешлаган ҳам, лапар, ўлану бошқа айтимлардаги гўзал бадиий латофати билан дидимизни ўстирган ҳам шу ижод. Бу шундай хазинаки, сарвати олган сари кўпаяди, асло камаймайди, ўрганган сари янгидан-янги қирралари, минг бир қиёфасини кашф этаверади.
Келажак авлодга бу хазинани бус-бутунлигича етказиш маъсулияти эса ҳар бир юксак маънавият эгасини бу нодир меросни асраб авайлашга ундайди. Мамлакатимизда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бу соҳада янги босқич бошланганидан, далолат дейиш мумкин. Республика Вазирлар Махкамасининг 2010 йил 7-октябрда қабул қилинган "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ва шу дастур асосида халқ оғзаки ижодининг янги намуналарини тўплаш, уларнинг электрон шаклини яратиш, китоб ҳолида нашр эттириш каби ишлар олиб борилаяпти.
Ҳозирда бутун Республикамиз бўйлаб халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш, тўплаш, ўрганиш ишлари давом этаяпти.
Халқ оғзаки ижодининг 100 томи нашрга тайёрланмоқда. Биринчи томга "Алпомиш" достонининг Фозил Йўлдош ўғли айтган ва Ҳамид Олимжон томонидан ёзиб олинган варианти киритилган. Шу билан бирга, "Ўзбекистон халқ бахшиси" Қаҳҳор бахши Раҳимов куйлаган, "Алпомиш" ва "Бева Барчин" деб номланган қисмлардан иборат версия ҳам китобдан ўрин эгаллаган.
Мазкур 100 томлик тўпламнинг 60 томи халқ оғзаки ижодидаги энг йирик жанр – достонларни ўз ичига олади. Ҳозирда Жанубий Ўзбекистон бахшичилиги йўналишига мансуб бир нечта достонлар ёзиб олинди ва эндилиқда нашрга тайёрланаяпти.
Бугунги кунда халқ оғзаки ижодига бағишланган 100 томлик тўпламнинг дастлабки томлари китобхонлар қўлига бориб етганлиги қувонарли ҳолдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги "Темур ва Боязид", "Гўрўғли" туркумидаги "Нуралининг туғилиши", Қашқадарё-Сурхандарё бахшилари ижодига мансуб бўлган "Оллоназар ва Олчинбек" каби достонларнинг нашрга тайёрланаётгани Қашқадарё вилоятида яшаб ижод қилаётган бахшилар ижодини ўқувчиларга етказишда айни муддао бўлмоқда деб ўйлаймиз.
"Алпомиш" достонининг Фозил Йўлдош ўғли томонидан куйланган варианти XX-аср бошларидаёқ китоб ҳолида нашр қилинган ва ўқувчилар фақат шу вариантни ўқишган. Лекин Деҳқонободлик Қодир бахши томонидан айтилган вариант ҳам мавжуд бўлиб, у аввалги "Алпомиш"дан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Достоннинг бошида Бойсари ва Бойбўрининг фарзанд тилаб, Шоҳимардон пир равзасига йўл олиш воқеаси келтирилади. Қодир бахши айтган вариантда шундай: йўлда ака – уканинг олдидан бир кийик чиқиб қолади. Шунда Бойсари уни отишни таклиф қилади, аммо Бойбўри синчиклаб қараб, кийикнинг боласи борлигини пайқайди ва бу ишни қилмасликни сўрайди. Уларнинг тақдири шу ҳолатга муносабатидан келиб чиқиб белгиланади. Яъни Бойсарига фақат бир қиз фарзанд, Бойбўрига эса биратўла ҳам қиз ҳам ўғил фарзанд ато этилади. Достоннинг иккала версиясида бундай фарқли ўринларни кўплаб учратиш мумкин.
Уларнинг биргалиқда нашр қилиниши ўқувчига ҳар икки версия билан ҳам бирваракайига танишиш имконини беради.
Эътиборли жиҳати ёзиб олинаётган достонлар ҳам китоб ҳолида, ҳам электрон куринишда (ДВД ва СД тарзида) тайёрланаяпти,Уларнинг бу тарзда ўқувчиларга ҳавола этилаётгани халқ оғзаки ижодини кенгроқ тарғиб этиш, уларни китобхонлар, тингловчи ва томошабинлар оммасига яқинлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Қашқадарёлик бахшилар Зиёдулла Аҳмедов, Бойқўчқор Аҳмедов, Бойқул Мирзаев, Муҳаммади Даминовлардан ҳам бир нечта достонлар ёзиб олинди. Улар куйлаган "Юсуф ва Аҳмад", "Эрали ва Шерали", "Ота дуоси", "Хон Далли" сингари достонларнинг ҳам вариантлари қоғозга туширилиб, электрон шаклда тайёрланди.
Албатта, халқ оғзаки ижоди бамисли бир уммон. унинг тубида яна қанчалаб нодир жавоҳирлар ўз ғаввосини кутмоқда. Бошланган хайрли ишлар, давлат томонидан қаратилаётган эътибор эса бу бой мероснинг муҳофазасини таъминлайди, умрини узайтиради.
Айтишларича, ҳар бир инсоннинг сийратида 360 минг ҳикмат мавжуд бўлар экан. Инсон шунчалик ҳикматларга бой бўлиб туғилар экан. Гап шундаки, инсон бў ҳикматларни эҳтиёт қилиб сақлай билиши лозим. Аммо инсоннинг бир нотўғри қадамида, бир нотўғри ҳаракатида 99 ҳикмат йўқ бўлар экан, Барчин ва Алпомишлар эса ҳикматлар билан туғилиб, ана шу ҳикматлар билан яшаб ўтдилар.
Бугун Барчин ва Алпомишлар ҳикмати биз учун ўзликни , миллийликни чуқурроқ англашга ибрат бўлмоқда.
Абдулла шоир Нурали ўғли
(1874-1957)
Ўзбекистон фолъклор ватани. Мамалакатимиз ҳудудида турли даврларда ажойиб халқ шоир ва бахшилари етишиб чиққан. Булардан айниқса, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммад Жомурод ўғли Пулкан, Ислом шоир Назар ўғли, Абдулла шоир Нурали ўғли ва бошқалар ўз ижодий маҳсулотининг бойлиги, ранг-баранглиги билан бошқа шоир ва бахшилардан ажралиб туради. Бу машҳур шоирлар ижоди халқ ва мамлакат ҳаётининг ўзига хос йилномаси ва бадиий тарихи деса бўлади. Зеро, бу шоирларнинг бадиий бисотида халқ афсоналари асосида яратилган ва юз йиллар давомида қўлланиб, оғиздан-оғизга ўтиб келган достонлар билан бирга, юзлаб замонавий терма ва қўшиқлар, долзарб шеърлар ва хилма-хил ҳаётий поэмалар ҳам мавжуд.
Шуниси муҳимки, халқ шоирлари фақат тайёр нарсаларни, анъанавий сюжетли достонларни оддийгина куйлаш билан кифояланмаганлар. Аксинча уларга ижодий муносабатда бўлиб, фолъклор асарларини ғоявий мазмун ва бадиий маҳорат жиҳатидан сайқаллаштирганлар ва янада гўзаллаштирганлар. Буни Абдулла шоир Нурали ўғли мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Абдулла шоир Нурали ўғли турли мавзуларда яратилган “Алпомиш”, “Юсуф ва Аҳмад”, “Кунтўғмиш”, “Гўрўғли” туркумига оид ва бошқа кўплаб достонларни босиқ ва ёқимли оҳангда ёддан қойил қилиб куйлаш маҳоратига эга бўлган. Абдулла шоир Нурали ўғли куйлаган достонлар бошқа шоирлар оғзидан ёзиб олинган асарлардан шакл ва мазмуни жиҳати билан фарқ қилиб, ажралиб туради. Ана шунинг ўзи ҳам Абдулла шоирнинг юксак ва ноёб истеъдод соҳиби халқнинг ҳақиқий бахши шоири бўлганидан далолат беради. Дарҳақиқат, Абдулла шоир ижодининг фазилатлари кўп. Зеро, шоир ижоди халқ ҳаётининг ойнаси бўлиши билан бирга, халқ донишмандлигининг битмас-туганмас манбаи ҳамдир. Абдулла шоир куйлаган ва у яратган достонлар, қўшиқ ва термалар бадиий тасвирий воситаларнинг энг гўзал намуналарига, шеърий вазнимизнинг турли-туман енгил ва равон шаклларига, халқ юмори ва офаризмларга , мақол ва образли ибораларга йўғрилган гўё бир улкан хазинадир.
Абдулла шоир Нурали ўғлининг номи халқимизнинг Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил шоир Йўлдош ўғли, Пулкан шоир каби йирик достончи – шоирлари билан ёнма-ён туради. Унга 1936-йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган эди. Абдулла шоир ижодини илк бор ўрганган йирик фолъклоршунос олимлардан бири Ҳоди Зариповдир. Ҳоди Зарипов 1936 йилда Китоб туманига келиб Абдулла шоирнинг ижодини яқиндан ўрганади ва уни Тошкентга олиб кетиб пойтахтимизнинг кенг жамоатчилигига таништиради. 1937-1938-йилларда пойтахтдаги фолъклоршунослар томонидан Абдулла шоир Нурали ўғлидан “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Равшанхон”, “Авазхон”, “Хондалли”, “Хушкелди”, “Маликаи айёр”, “Гулихиромон”, “Қиронхон”, “Сайдимхон”, “Кунтўғмиш” каби ўндан ортиқ достонлар ёзиб олинган. Абдулла шоир Ўзбекистон адабиёти ва санъатининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган ўн кунлик декадасида ҳам қатнашди.
Абдулла шоир ижоди ҳақида фолъклоршунос олимлардан Чори Ҳамро, А.Қаҳҳоров, Т.Турдимов, А.Эргашевлар ҳам илмий –тадқиқот ишлари олиб борганлар. Айниқса, фолъклоршунос олим Чори Ҳамро Абдулла шоир ижодини ўрганиш борасида катта жонбозлик кўрсатган. У бир неча йиллар шоирга котиблик қилиб кўплаб достонлар, термалар, қўшиқларни ёзиб олади. Лекин шунга қарамасдан Абдулла шоир ижоди ҳали атрофлича чуқур таҳлил қилинган эмас. Унинг ижод дунёсига янада чуқур кириб бориш, шоирдан ёзиб олинган достонлар ва термаларни тадқиқ этиб нашр қилдириш фолъклоршуносларимизнинг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки шу вақтгача Абдулла шоир Нурали ўғлининг 1991 йилда “Чўлпон” нашриёти томонидан чоп этилган “Назарингга тушсин назарим” номли мўъжазгина китобчасидан бўлак бошқа юзлаб асарлари нашр этилмасдан келмоқда.
Абдулла шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритганда энг аввало унинг “Дўмбирам” шеъридаги қуйидаги мисраларни эсламоқ жоиздир.
Жойим Қайнарбулоқ, тоғлар ораси, Ўзим Нурали подачининг боласи.
Оддий камбағал оиласидан чиққан Абдулла ёшлигини шундай эслайди:
–Тўққиз ёшимда отам ўлди. Шерали, Пўлат деган акаларимнинг қарамоғида қолдим. Ёрбой деган бой, йилига бир ботман буғдой бераман деб акаларимдан мени ўзига етимликка олди. Ўн олти ёшга етганимда Ёрбойнинг бош чўпони бўлиб, етимлик ҳақимни ўзим оладиган бўлдим. Дўмбира чертиш, термалар айтишни чўпонлик йилларимда машқ қилар эдим. Йиллар ўтиб борар, мен тўйларда бахши шоирлардан эшитганларимни такрорлаб, дўмбира машқига солиб юрардим. Башир қишлоғида катта тўй экан, хўжайинимдан сўраб ўша тўйга бордим. Шу тўйда Ражаб шоирга яқин бўлиб, унга шогирд тутиндим. У билан тўй-маъракаларда иштирок қилиб юрдим.
Ражаб шоир асли Чироқчилик бўлиб топқир ва жўшқин бахши сифатида танилган, кўплаб шогирд оқинлар етиштирган. Абдулла шоир Ражаб шоирдан кўп достонларни ўрганди. Лекин у достончиликда устози репуртуарига ижодий ёндошиб ўрганган достонларини ўзига хос услуб ва янги вариантларда айта бошлади, изланувчан ижодкор бахши сифатида донг таратди.
Озодликни, Ватанингни сақласанг, Жаҳон-олам меҳнаткаши “раҳмат!”–дер. Суюклисан, эл қўшиғини куйласанг. Ақллисан, юрт ўйини ўйласанг. Ҳурматлисан, кўпчиликни фикрини Муддаога етар қилиб сўйласанг. Асл муддаога етган кунларим.
Абдулла шоирнинг Чори Ҳамро ва Шарофжон Орифий ёзиб олиб нашрга тайёрлаган “Чўлпон” нашриётида 1991 йилда чоп этилган терма ва достонларини ҳамда ҳали эълон қилинмаган кўплаб асарларини кўздан кечирар экансиз, унинг ниҳоятда ҳозиржавоб, даврнинг ижтимоий-сиёсий воқеаларини тез англаб, чуқур идрок эта оладиган санъаткор эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Алпомиш” достонининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Улар юртимизда доимо “Бахшили эл-яхшили эл” –деб улуғланган,” дейиш билан бирга, Абдулла шоир сингари ноёб истеъдод соҳиблари фаолиятига юқори баҳо берди. Биринчи Президентимиз “Бугун биз…Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош ва Пулкан шоир, Ислом шоир ва Абдулла шоир, Рахматулло Юсуф ўғли, Бекмурод шоир каби достончиларнинг номларини эҳтиром билан тилга оламиз.” Уларнинг ноёб қобилияти, юксак маҳорати туфайли “Алпомиш” бор салобати ва нафосати билан яшаб келмоқда” деган эдилар. Абдулла шоир ижро этган асарлар кишиларга бадиий завқ бериши билан бирга, ёш авлодни қаҳрамонлик, инсонпарварлик, дўстлик –биродарлик, юксак ахлоқ-одоб, меҳр-муҳаббат ва тантилик руҳида тарбиялайди. “Алпомиш” достони нафақат туркий қавмлар, эл-юртларнинг шоҳ асарларидан, айни бир пайтда дунё халқлари тўплаган бой-бадиий тафаккурнинг нодир дурдонаси ҳисобланади.
У ёки бу халқнинг қадрияти, кимлиги, ёрқин ойнаси ҳисобланган мумтоз оғзаки ижод намуналари абадул-абад, инсоний улуғворлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик, жавонмардлик, ҳалоллик, муҳаббат, садоқат, эзгулиқдан сабоқ беради. Муайян миллатнинг миллий романи бўлиб хизмат қилади. Умумбашариятга тааллуқли “Иллиада”, “Одессиа”, “Тўмарис”, “Широқ”, “Авесто”, “Маҳобҳорат”, “Рамояна”, “Гўрўғли”, “Монас”, “Додақўрқут”, “Қўбланди ботир” каби ўнлаб эпосларини бир эслаб кўринг. Эндилиқда кўзимизни каттароқ очиб қарамоғимиз, аждодларимиз яратган барча маънавий меросни оғзаки ва ёзма асори-атиқаларни атрофлича, чуқур бузмасдан ўрганмоғимиз ва келгуси авлодларга бус-бутунлигича етказмоғимиз ҳам қарз ҳам фарз ҳисобланади.
Шу билан бирга, жаҳон фани маданиятини ҳам илмий тадқиқу-таҳлил этишга кенг ва одил йўл очиб, халқ донишмандлигини тўла тиклаш, жумладан фолъклор жавонларини бутунлигича халқимизга етказмоғимиз лозим. Шундагина, бор маънавий бойлигимиз миллий ифтихоримизга айланади, жумлаи олам бадиий марварид маржонига товланиб турган шода бўлиб қўшилади.
Абдуллла шоир яратган термаларнинг , мавзуи ниҳоятда ранг –барангдир. Унинг “Гўрўғли тилидан”, “Наврўз”, “Шуни айтади”, “Унутмагин”, “Терим полвони”, “Айтишув”, “Кўчма элим”, “Куйларим”, “Дўмбирам”, “Ё рамазон” каби термалари, “Кунларим”, “Жонгул ва Али”, “Мардоннинг дўсти” каби достонлари халқимизнинг бебаҳо мулкига айланиб қолди. Шоирнинг жуда кўп термаларида ватанпарварлик, инсонийлик улуғланади, қаҳрамонликка даъват этилади, қўрқоқ ва хоинлар, эл бойлигини таловчилар аёвсиз фош этилади. Шоир бир термасида:
Ўзингдан чиққан ўт ёмон, Ўзингдан чиққан ёт ёмон. Юртини қилар хонумон.
деб хоинликни қораласа, иккинчи бир термасида эса дўстликни улуғлайди:
Ёшингга қарасам, оға дегулик, Ишингга қарасам, оға дегулик, Бошингга қарасам, оға дегулик, Кўнгил уришларинг чоға дегулик.
Абдулла шоирнинг термалари ичида “Замон бу” номли термаси алоҳида ўрин тутади. Шоир мазкур термасида чор Россияси ҳукмронлиги даврида кечган оғир қийинчиликларни эслайди, давр фожиасининг пардасини очиб кўрсатади:
Ўз элимдан айрилиб, Бездириб ўтган замон бу. Қанотимни қайириб, Ўздириб ўтган замон бу.
Ёшликда адо қилиб, Дўстларни жудо қилиб, Дарбадар-гадо қилиб, Кездириб ўтган замон бу.
Далада юрдим мол боқиб, Аёғим тиконлар чақиб,
Юрагим ўтларга ёқиб, Бездириб ўтган замон бу.
Танимга юпун ёполмай, Бир бурда нон тополмай, У ён бу ёнга чополмай, Тўздириб ўтган замон бу,
Шу нарсани алоҳида қайд этиш керакки, Абдулла шоир қутлуғ Рамазон ойи бошланиши билан айтиладиган анчагина қўшиқларни яратганлигини кўпчилик билади. Масалан, “Ё рамазон” деган эл ичида машҳур бўлган қўшиқнинг муаллифи ҳам Абдулла шоирдир:
Абдулла шоир ижодида фашизмга қарши кураш ҳақидаги термалар салмоқли ўринга эга. Мазкур мавзудаги термалар жанговарлиги, душманга нисбатан нафрат руҳининг бўртиб туриши, адолатнинг ва ҳақиқатнинг ғалабасига ишончи кучли эканлиги билан ажралиб туради:
Ғарбнинг қутурганлари, Уриб бир-бирин йиқди, Немислардан одамхўр, Фашист азроил чиқди. Беш йил қон терим оқди, Солдат бўлган йилларда, Менинг жангу–жадалим, Кечди қардош элларда. Каска кийган йилларим, Жангоҳларда бўлдим мен. Ёв ўлганда яшнасам, Дўст ўлганда сўлдим мен.
Бундай оташин сатрларни ўқир экансиз, уларнинг ҳар бир қаторини шоир ўзининг юрак қони ва ақл чироғи билан ёзганлигига амин бўласиз.
Уруш йилларида Абдулла шоир жанговар термалари билан немис фашист босқинчиларига қарши ўз жонажон Қайнарбулоғидан туриб ўт очди.
Амуга тонгда қон томди, Ёш томди дарёмизга. Урушга кетган эрлар, Кўпи қайтмади изга. Солдат қайиши билан, Боғладик белимизни. Қорачукдай сақлаймиз, Она юрт-элимизни.
Абдулла шоирнинг уруш ҳақидаги термаларида ўлим ва ҳаёт, инсон ҳаётининг маъноси, қадр-қиммати ҳақида фалсафий мушоҳадалар юритади. Масалан, фашист солдати номига қарата ўз қариндошлари номидан айтилган аччиқ ҳақиқат ниҳоятда ҳаққоний ва даҳшатли жаранглайди:
Одам бўлиб одамдай Яшаб юрган бўлмадинг, Одам бўлиб одамдай Ўз ерингда ўлмадинг…
Бегоналар ерида Бегона ўқдан ўлдинг. Қолдинг маслиқдай ётиб, Очиқ гўрга зор бўлдинг…
Абдулла шоирнинг яна бир туркум термалари “Фронтдаги ёрга” деб номланган. Шоир уларда маъшуқа ва ошиқ образларини яратади, соғинч, ҳижрон азоби, қелажакка ишонч туйғуларини улуғлайди. Абдулла шоир уруш даврида сермаҳсул ва фидокорона меҳнати билан бадиий ижоднинг яна бир юксак босқичига кўтарилди.
Абдулла шоирнинг урушдан кейинги даврдаги терма ва қўшиқларида асосан халқимизнинг яратувчилик меҳнати ва Ватан табиати завқи, инсоний олий қадриятларни улуғлаш, ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлаш мотивлари кўпроқ куйланган:
Қаршининг оқар суви шаробча бор, Қиз боланинг бадани оловча бор. Ой юзингдан олганим битта бўса, Қўй гўшти, қўйруқ ёғлиқ половча бор.
Ёки:
Яхшилар дўстлашмоққа келади, Чечанлар сўйлашмоққа келади. Маъракага маъқул бўлмаган овсар – Тентак ёқа йиртишмоққа келади.
Тоғлар азиз бўлар қадамлар билан, Боғлар азиз бўлар боғбонлар билан. Йўллар азиз бўлар карвонлар билан, Жойлар азиз бўлар одамлар билан.
Абдулла шоирнинг “Кунларим” достони анъанавий руҳда айтилган бўлиб, унда шоир ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлини, ўтмишдаги оғир ҳаётини эслайди, илк ижод машаққатлари ҳақида фикр юритади:
Дунёнинг ғуссаси, ғамидан бездим, Ўн саккиз ёшимда юриб эл кездим. Ражаб шоир устозимдан ўрганиб, Қўшиқ айтишликда кўплардан ўздим. Эл юриб дўмбира чалган кунларим, Дунёда кўп экан мендай куйганлар, Жафо чекиб, азиз жондан тўйганлар, Тақдирга тан бериб кетган ундан кўп, Нодонлик қаърида қолиб ўлганлар, Қўшиқ айтиб дил овутган кунларим.
Абдулла шоир “Мардоннинг дўсти” (ёки “Жангил ва Али” ) достонида эса Али ва Жангилларнинг соф севгиси ҳақида ҳикоя қилинади. Достон икки ёшнинг яқинлашиб келаётган ниқоҳ тўйлари ҳақида дарак берувчи шодон сатрлар билан якунланади: