Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд (Тоғай Мурод) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд
Оценить:
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд

5

Полная версия:

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд

Тўй ресторанда бўлди.

Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: Ана буюк асар, ана! “Анна Каренина”! Йўқ, “Хамса”!

У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.

Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўтириб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп… У ўйлаб, Василий Шукшиннинг “Қизил бодрезак” фильмини ҳали кўрмаганини эслади.

– Кийин, кинога борамиз, – деди Барчинойга.

Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди. Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:

– Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!

– Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хоҳлайди.

– Аёл аёлдай бўп юрса-да.

– Юринг, кечикамиз.

– Бормайсан, ўзим бораман.

– Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.

– Нимага гапни айлантирасан! Мен сенга гапиряпман!

– Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю…

– Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар…

– Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз – ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа…

– Бас қил!

– Ҳо-о, бас қилмасам қўлиздан нима келади…

– Келмайдими, келмайдими?

Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.

Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.

Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.

У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди…

Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди… кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: “Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди, деб. Мана, айтганим келди”.

Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди. “Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади…”

У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.

Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. “Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди”, деди.

Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: “Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Қишлоқилигига борди-да… Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман”.

Эшик қўнғироғи жиринглади.

Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.

Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.

Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.

– Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир кўриб кетайлик деб… – деди тоғаси.

– Яхши, яхши, – деди Ўролбой сохта жилмайиб.

– Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик процентга бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг энди…

Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.

– Э, юзга нима бўлди, келин?

Ўролбойнинг юраги “шув” этиб кетди. Ирис қоғозидаги кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.

Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:

– Ҳозир янги уйларга манавинақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими…

– Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-е, иш адо бўлармиди…

Ўролбой энтикканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:

– Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.

Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.

Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.

Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коньяги билан шампань виносини қўйди.

– Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.

Ўролбой қадаҳларга коньяк қуйди. Тоғаси боши билан Ўролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:

– Шоир қалай, келин?

– Яхши, жуда яхшилар.

– Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?

– Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар…

Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги коньякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри коньякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.

Меҳмонлар узоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.

Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади… Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олдида қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.

Ўролбой унинг қўлини ушлади.

– Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.

Барчиной унинг юзига қарамай, қўлини силтаб ташлади.

– Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон…

Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди.

Шунда Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб… ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.

Барчиной эрининг бўйнига осилиб… йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди…

Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.

Ўролбой меҳмонлардан қолган коньякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди… Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнинг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики… Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда… Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди…

1970 йил.

Юрт қўшиғи

Бадиа


Аёлимиз айтади, уйқунгизда гапириб чиқасиз, дейди.

– Нимани гапириб чиқаман? – сўрайман ундан.

Аёлимиз тайин бир нима деёлмайди. Бир ундай дейди, бир бундай дейди. Чин, мен учун кеча-да бир бўлиб қолди, кундуз-да бир бўлиб қолди. Кўзим илиндими, бўлди, тушимга бир нималар киради. Уйқумда қаерлардадир нималардир қилиб юраман. Тушимми-ўнгимми, билмайман. Кунлар ўнгимда қандай кечса, уйқумда-да шундай кечади. Эл билан кўришиб-сўрашаман, гаплашаман, талашиб-тортишаман, қаҳ-қаҳ уриб куламан. Кейин… йиғлайман! Йиғлабйиғлаб… пахта тераман! Йиғлаб кўзларимни очаман. Теварагимга қарайман. Кўзларимда ёш йўқ бўлади.

Аёлимиз билан болаларимиз пиш-пиш ухлаб ётади.

– Босинқираяпти, ўнг ёнбошига ағдарилиб ётсин, – дейди аёлимиз.

Ўнг ёнбошимга бурилиб ётаман. Бу сафар бир адирдан кетабераман, кетабераман. Адир охири кўринмайди. Олисларга қарайман. Олислар йўқ. Зимзиё. Далаларга қарайман. Далалар-да йўқ. Оёқларим остига қарайман. Ер-да йўқ. Оёғимни мўлжаллаб босиб, ерни излайман. Ерни топаман.

Зулматдан қутулиш учун сойга қараб энаман. Оёғим ерга тегмайди. Зим-зиё ҳавода саланглаб қолади. Зулматда учиб кетаман. Учиб кетабераман, кетабераман. Қаерга тушаман, ўзим-да билмайман. Қўним ер тополмайман. Ана энди ўлдим, дейман. Шунда, пойимда ўркач-ўркач қирлар, улкан-улкан тошлар қора беради. Дарахтлар, сувлар ранг беради. Зўр бериб дарахтлар узра тушайин, дейман. Дарахт шохлари тирнаб ташласа-да майли, омон қоламан, дейман. Қучоқларимни катта очаман. Мисоли сувда сузмишдай, дарахтлар томон талпинаман.

Ўнқир-чўнқир тошларга “гурс” этиб тушаман. Жонҳолатда тўлғанаман. Танам “зирқ-зирқ” этади. Кўзларим очилиб кетади. Бир бошқа бўлиб қоламан. Деразага қарайман. Дераза оқариб келаётган бўлади. Туриб туролмайман, ётиб ётолмайман. Бир таним бу дунёда, бир таним ўзга бир дунёда ётгандай бўлади. Шунда… шунда бир нима шовуллайди. Сел бўлиб сел бўлмайди, мусиқа бўлиб мусиқа бўлмайди.

Бир вақтлар колхозимиз радиоузелчиси Қудратбой уйимиз деворига майдагина радио осиб қўйди. Радио саҳардан ётаргача гапирди, ашула айтди. Аввал-аввал зиғир мойдай ёқди. Кейин-кейин қулоқ-мияни еди. Жонга тегди. Бемаҳал қичқирар хўроз бўлди-қолди. Гапираберади, ашула айтаберади. Номи ашула бўлса бўлди, айтаберади! Эл-юртга ёқадими-йўқми, барибир айтаберади! Болалар овозини пасайтириб қўяман деб, бир-икки марта девордан тушириб юборди. Радио палағда бўлиб қолди. Бор-е, дедим-да, омборхонага отиб юбордим. Шу билан қулоғим тинчиди-қолди.

Ўғлимиз омборхонани титкилабди. Ана шу радиони топибди. Бинойидай созлабди. Деворга осиб қўйибди. Билдим, ана шу радио шовуллаяпти!

Ўй-хаёлларим учди-кетди. “Дик” этиб жойимдан турдим. Апил-тапил кийиндим. Селдай шовуллаш кўнглимни эзиб келаберди. Шундай қайғули шовуллаш, шундай кўнгилни вайрон қилувчи шовуллаш! Қарадим, аёлимиз сигир соғаяпти. Аёлимиз олдига бордим.

– Ай, Ойсулув, бирон катта-патта ўлибдими дейман, эшитаяпсанми? – дедим.

– Каллаи саҳарлаб гапирган гапини…

– Чин-да, қара, бундайин куйни мотамда чалади.

– Кўп гапирмасин, мол сут бермай қўяди.

– Бўлмаса, эси жойида одам каллаи саҳарлаб шундай куй чаладими?

– Радио ҳар саҳарда шундай чалади. Нафасини иссиқ қилсин.

– Қара, кўнгилни ер билан яксон қилади-я…

Армиядалигимда бизни Суздаль деган шаҳарга саёҳатга олиб боришганди. Жуда бир ҳашамдор қасрга олиб киришди. Шунда, мунгли айтиб йиғлаш эшитгандим. Бир тўда аёл димоғида айтиб йиғларди.

Бизни эргаштириб юрган аёл тушунтириб берди. Айтишича, Пётр I деган ўрис подшо Россияда қайта қуриш бошлабди. Унинг Лопухина деган аёли бор экан. Шу аёли ҳадеб подшолик ишига аралашаберибди, аралашаберибди.

Шунда Пётр I сенми ҳали эркаклар ишига аралашадиган, дебди-да, аёлни Суздалдаги ўша монастирга сургун қилибди. Сочларини таг-туги билан қириб ташланглар, дея фармойиш берибди.

Подшо фармойишига биноан, аёлнинг сочларини пакки билан қириб ташлабдилар! Суздаллик аёллар подшо аёли ҳолига ачиниб, айтиб-айтиб йиғлабди. Ўшандан буён монастирга томошага келгувчиларга ана шу айтиб йиғлашни эшиттириб турар эканлар.

Мен ўйлай-ўйлай, ана шу айтиб йиғлашни эсладим. Ҳозир эшитаётганим… ўша айтиб йиғлашга жуда-жуда ўхшаб кетди!

Шовуллаш юракни эзгандан-эзди. Кўнгилга қайғу солди. Кўнгилга таҳлика солди.

– Нимага анқайиб қолди? Борсин, юз-қўлини ювсин. Нима, дунёни энди кўраяптими? Радио ҳар саҳарда чаладиган соз-да.

– Унда, нимага мен эшитмаганман?

– Бу киши қаердан эшитади, тонг ёримай далада бўлса…

Шовуллаш орасидан овоз келди:

…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,Дарёлар бўйида эдик сувга зор…

Энди билдим, ўйлаб-ўйлаб топдим. Бу ўзимизнинг эл-юрт қўшиғимиз бўлди…

Уйқуни ярим ўлик, дейдилар. Одам тонг саҳарда уйқусираб туради. Дунёни энди кўраётгандай бўлади. Дунёга уйқусираб қарайди, босинқираб қарайди, илтижо билан қарайди. Дунёдан нажот истайди. Дунёдан илинж истайди…

Дунё таги оқариб-оқариб кела беради.

Тонг еллари юзларни силайди. Тан-жонни ҳузурлайди. Кўнгилни тўлдиради. Кўзни тўйдиради.

Дунё шундай бир вақтда… тонг дея аталмиш хушрўй бир вақтда… биров қайғули ашула айтиб бошласа нима бўлади? Одам уйқудан уйғонганларига пушаймон бўлади! Кўнгил тундай бирён бўлади! Тонг – тун бўлади!

…Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,Дарёлар бўйида эдик сувга зор…

Радио эл-юрт қўшиғини айтаяптими, ё, айтиб йиғлаяптими? Айтиб йиғласа, нима деб йиғлаяпти? Ай, Деҳқонқул, боя олам зим-зиё эди, қоп-қора тун эди, сен ёруғ шуълага зор эдинг, қултум сувга ташна эдинг, хокисор эдинг. Ана, энди тонг бердим, энди сенга сув бердим. Бор, энди мени шарафла-да, энди мени улуғла-да, олти миллион тонна пахта териб бер, дея айтиб йиғлаяптими?

Қайси бир йили Термизга бордим. Бекатда ўғлим билан автобус қараб қолдим. Сомса олиб едим. Шунда бир бурчакдан қўшиқ эшитилди. “Ялт” этиб, қўшиқ эшитилмиш тарафга қарадим. Бир бўзбола магнитофон қўйди. Одамлар лаш-лушини кўтариб, қўшиқ олдига бориб турди.

Сомсани қоғозга ўраб, мен-да қўшиқ олдига бордим. Магнитофон теварагини одам босди. Қўшиқ эшитиб маза қилдим. Аммо сўзларини тушунмадим. Боиси, қўшиқ бир ажнабий тилда бўлди. Ўзимча, ишқкўнгил қўшиғи бўлса кераг-ов, дея ўйладим. Боиси, қўшиқ кўнглимга зиғир мойдек ёқди. Яхшилаб эшитиб олайин дея, сомсамни емай турдим. Бўзбола магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сомсахонага борди. Магнитофонини деворга суяб қўйди. Ўзи панжарага суяниб, сомса еди. Ўғлимни эргаштириб, бўзбола кетидан бордим. Бўзбола тағин магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сувхона олдига келди. Магнитофонини сувхона пештахтасига қўйди. Бир қўлини белига тираб сув ичди. Бир менмикан десам, бошқалар-да қўшиқ кетидан эргашиб келди.

Қўшиқ ниҳоялади. Биров бўзболадан: бу қандай қўшиқ, дея сўради.

Бўзбола елка қисди.

– Отини билмайман. Афғонистон гимни, – деди. – Аҳмад Зоҳир айтади.

– Эл-юрт қўшиғи дейсиз-да?

– Шул-шул!

Хаёлимга ўша қўшиқ келди. Қўшиқни деб, бегона бўзбола кетидан эргашиб юрганларимни эсладим.

Гап очилиб қолса… афғон ҳамсояларимизни камситамиз. Қолоқ, дея бурнимизни жийирамиз. Осмондан келиб куламиз! Ана, эл-юрт қўшиғи қандай бўлади!

Тонг саҳарда эл-юрт узра шундай бир қўшиқ таралса… Эл-юрт қўшиғида юртимиз суврати бўлса… элимиз руҳи бўлса… эл-юрт сози бўлса… эл-юрт қўшиғини эшитиб, одам яшаган сайин яшагиси келса… пахта терган сайин тергиси келса…

Эл-юрт қўшиғини эшитиб, ажалга-да борса одам.

1991 йил.

Мақолалар


МЕН-МИ?

– Менми? Мен “Отамдан қолган далалар” деган бир асар дардида юрибман. Эҳтимол роман бўлар, эҳтимол қисса бўлар? Билмадим. Ишқилиб, кўнглимда борини тўкиб соламан. Асар воқеаси шу кунларда кечяпти, одамлари шу кунларда яшаяпти. Асарга синчковлик билан қарасам, бир жойи китобий, яна бир жойи интеллектуал прозага ўхшаб қолибди. Билиб-билмай, Ғарб оҳангларига ўйнаган жойларим ҳам бўлибди, ёлғон-яшиқлардан сюжет яратиб, қойилмақом қилиб, бураб ташлабман. Фақат одамларнинг исми шарифи бизники демаса, қолганлари, билмайман, кимники… Қарасам, оёғим ердан узилгандай бўлибди. Москвада ўқиб келдим, балки шундандир? Эҳтимол! Шу боисдан бир оёғим Тошкентда, бир оёғим Сурхондарёда бўлиб қолди. Кўпни кўрган деҳқонлар даврасида бўлдим, дала кездим. Деҳқоннинг, даланинг ҳидини олдим. Ниҳоят, оёғим яна ерни топди, яна оёғимни ерга қўйдим. Асар кўнгилдаги куйга тушди. Асар янада кўнгил куйига тушсин учун шу эрта кўкламдан бошлаб Сурхондарёга кетаман.

Ажаб ижодкорлар бор-да. Бир ижодкор мени пассивликда айблади. Адиб граждан бўлиши керак, мана, Орол қуриб кетаяпти, дея пичинг қилди. Дарҳақиқат, бу ижодкорнинг тала-тўпи оламни бузади. У – “жасур ватанпарвар”, у – “оташин граждан”, у – тирноғидан сочигача қайта қуриш, ошкоралик, демократия “яловбардор”и. Экран, радио, матбуот, минбарларни ҳеч кимга бермай наъра тортади. Шу “ёниқ” ижодкордан Оролнинг энг чуқур жойи неча метр, дея сўрадим. “Оташин граждан” елкасини қисди, билмади. Сўнг: “Оролнинг жами майдони қанча?” – деб сўрадим. “Жасур ватанпарвар” бош ирғаб, билмайман, деди. “Ўзи, Орол қаерда?” – дея тағин сўрадим. “Табиат муҳофазачиси” шимол тарафга қўл силтаб: “Где-то, Қорақалпоғистонда”, деди. Мен харитани очиб, унга Оролни кўрсатдим. У Оролга тикилиб: “И-я, Оролнинг ярми Қозоғистонга қарар экан-ку!” деди. Қаранг, “табиат куюнчаги” Оролнинг юзига ақалли харитадан бўлсаям бир қараб қўймаган экан! Шу ижодкор Орол ҳақида шеър ёзди. Шеърдаги ҳар бир сатр охирида “Орол” сўзи такрорланади. Мен эринмай, “Орол” сўзининг ўрнига “севгилим” сўзини қўйиб чиқдим. Ҳеч нима ўзгармади!

Энди яна бир табиат куюнчагига эътибор беринг. У канадалик адиб Эрнест Сетон-Томпсон. У табиатни, хусусан, жониворларни асраш ҳақида асар битмоқчи бўлади. Асарга тайёрланиш учун икки юздан зиёд ҳайвонлар расмини чизиб чиқади. Икки мингтача ҳайвонлар, қушлар терисини, патини йиғиб, ўрганади. Кундалик дафтар тутиб, ҳайвонлар, қушлар ҳаётини ёзиб боради. Бу кундалик қалин-қалин ўттиз томга етади! Ниҳоят, шулардан келиб чиқиб, “Жониворлар ҳақида ҳикоялар” деган жахонгашта асарини яратади. Мен шу асарни ўзбекчалаштирдим. Асар йигирма беш босма табоқдан иборат бўлиб, табиат, жониворлар ҳақидадир. Унда отлардан тортиб, мушуклар образигача бор. Асар ҳадемай Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босмадан чиқади.

Жойснинг “Улисс” романи рус тилига тўлиқ таржима қилинаяпти. Москвадалигимда таржимонни топиб, айланиб-ўргилдим, эридим. У қўлёзмани бермади, таржима ҳали битгани йўқ, деди. Менинг ниятим – романни қўлёзмадан пешма-пеш ўзбекчага таржима қилиб, рус тили билан баб-баравар ўзбек тилида ҳам чоп эттирмоқчи эдим. Бўлмади. Яна-тағин кўрамиз…

1988 йил.

СЕТОН-ТОМПСОН КИТОБИГА СЎЗБОШИМ

Сетон-Томпсон 1860 йил августнинг 14-кунида Англияда таваллуд топди. Унинг томирида шотланд қони бор. Эрнестнинг аждодлари тоғликлар бўлиб, улар ҳамиша табиат орасида, табиат билан ҳамнафас яшади. Бобоси Эрнестга ҳадеб: “Бир кун келиб, барибир қонингга тортасан, барибир аслингга тортасан”, деяверди. Дарҳақиқат, бобоси айтгандай бўлди. У ўз аждодларига тортди, суяк сурди.

Эрнест олти ёш бўлганда уларнинг оиласи Канадага кўчиб келди. У шу ёшидан бошлаб эсини таниди, кўрган-билганларини эслаб қоладиган бўлди. Шу йил қишда мактабга борди.

“Қиш олис-олис бўлди. Ниҳоят, мартда чинакам кўклам келди, кун чарақлаб кетди, теваракдаги қорлар эрий бошлади, осмон тиниқдан-тиниқ, зангори бўлди.

Шунда, жажжигина бир қушча уйимиз олдидаги теракка келиб қўнди-да, оҳиста-оҳиста сайради. Биздан каттароқ бир бола уни: “Бу – бахт қуши”, деди. Хаёлимда бахт қушининг мовий елкасини кўргандай бўлдим. Бахт қуши қайта-қайта сайраб, ўзининг нафис қўшиғини куйлади.

Нимагалигини ўзим ҳам билмайман, шунда мен бирдан ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим. Бахт қушининг қўшиғидан кўнглимнинг туб-тубигача тўлқинланиб кетдим. Шундан буён мен ҳар йили баҳор билан мовий қушимни – бахт қушимни кутадиган бўлдим”.

Истеъдодлар ҳамиша ўжар бўлади. Шу боис, мактабдаги энг истеъдодли бола ҳам, энг ўжар бола ҳам Эрнест бўлди.

“Бир куни бир эълон ўқиб қолиб, унда доктор Росснинг “Канада қушлари” китоби чиқиб, Пиддингтон китоб магазинида сотилаётганини билиб олдим.

Эртаси куни ҳаяжондан қалт-қалт қалтираб, ўша ёққа йўл олдим. Қарасам, китоб бир доллар турар экан. Отамдан пул сўраб бўлмайди, у менинг табиат илми билан қизиқишимга қарши одам. Ўзимда бўлса пул йўқ. Шунда мен ана шу юз центни ҳалол меҳнатим билан топмоқчи бўлдим. Иккита ажойиб қуёним бор эди, шуларни бозорга солиб, эллик центга пулладим… Бир ҳафта ўтиб, бир аёлнинг ўтинларини кўчасидан ҳовлисига ташиб бердим. Аёл хизмат ҳақим учун ўн цент берди. Жамғарган пулим жами олтмиш цент бўлди. Кейин бор майда-майда тошларимни пуллаб, яна ўн икки цент топдим. Тағин иш изладим. Бисотимдаги нарсаларимни жаллобларга пулладим. Бир инглиз хонимга ҳашарот териб бердим. Бир-икки ҳафта деганда жамғарма пулим тўқсон цент бўлди. Сўнг, омадим келмай, қолган центларни тополмай қолдим… Аммо китоб магазинига бормаган куним қолмади, ҳар куни Пиддингтонга бориб, китоб магазини токчасидаги мени табиатнинг бор сир-асроридан воқиф этажак мўъжизавий китобни кўриб-келиб юрдим”.

Кейин акаси Эрнестга иш буюриб, ҳақига бир галстук узатди. Эрнест галстукни эмас, пулини олди. Шундай қилиб, пули юз цент – бир доллар бўлди. Ниҳоят, магазиндан орзу қилган китобини олиб, мурод-мақсадига етди.

У аввал-аввал расмлар чизди. Рассом бўлмоқчи бўлди. Қатор-қатор расмлар чизди. Расмлари кўргазмасини қўйди. Бир расмда одам еяётган бўрилар тасвири бор эди. Одамлар расмни томоша қилиб: “Бу Худога шак келтириш-ку!”, – деди. Тўғри, расм мазмуни жуда аянчли эди, аммо расмни ўта қайғулиликда эмас, айнан Худога шак келтиришда айблади. Бу қадим-қадимдан ҳукм суриб келаётган қарашлар акс садоси эди.

Ўрта асрлар бошларидан бошлаб динлар таъсири оқибатида инсон билан ҳайвон ўртасига Хитой девори қўйилди. Илоҳиётчи файласуф Фома Аквинский: “Ҳайвонларнинг қалби йўқ”, дея таълим берди. Бу таълимот ҳайвонот дунёси билан табиат оламини ўқиб-ўрганишни тақиқлаб қўйди. Охир-оқибат, Сетон-Томпсон “Бу қанақаси? Худонинг бандаларини бекордан-бекорга ўлдираверар экан-да!” қабилидаги танбеҳларга қолди.

Аммо давр ўзгариб борди, бу қабилдаги қарашлар қариди. Илму фан жониворларнинг қалби бор эканлигини кашф этди, табиатга бўлган қарашлар ўзгарди. Бу борада Сетон-Томпсоннинг замондоши, буюк олим Чарльз Дарвиннинг хизмати беназир бўлди. Дарвин ўтган аср1 ўрталарида ўзининг “Турларнинг келиб чиқиши” асарини битиб, кашфиёт яратди. Дарвин инсон шаънини камситмаган ҳолда инсонга ўзлигини танитди. У инсонни табиат тараққиётидаги бир бўғин деб қаради. Дарвин таълимотига биноан инсон фақат табиатга илоҳийларча назар солибгина қолмасдан, шунингдек, ўзига ҳам табиат нуқтаи назаридан, табиат кўзи билан қараши, айниқса, ўзи билан табиат ўртасидаги қондошликни англаб етиши лозим бўлди.

Эрнест ажойиб анималист – жониворлар тасвирини яратувчи рассом бўлди. Аммо “бахт қуши”ни табиатшунос олимликдан, адибликдан топди.

Жониворлар бадиий адабиётда қадим-қадимдан буён оралаб юради. Қадимги адабиётларда жониворлар шунчаки ҳолатларда бир кўриниб қўйди. Бир кўриниб, бир йўқолиб турди. Кўринганда ҳам шунчаки, инсон хизматкори сифатида, йўл-йўлакай кўринди, йўқолганда йўқолгани билинмади, ўқиган одамда йўқлов туйғуси туғдирмади, демак, қўмсаш, ачиниш, қайғу қўзғамади. Боиси, жониворлар бир жонли буюм сифатида тасвирланди. Борди-ю, бирор жонивор, айтайлик, от ўлган бўлса, асар муаллифи шу заҳотиёқ отнинг эгар-абзалини олиб, уни ўлган жойида ташлаб кетаверди. На асардаги одамда, на китобхонда отга нисбатан хайрихоҳлик, ачиниш содир бўлди. Чунки муаллиф отни ҳайвон, ўз оти ўзи билан ҳайвон, деган нуқтаи назар билан тасвирлади.

Бадиий адабиётда жониворларни тасвирлашнинг маълум бир мезони, маълум бир қолипи пайдо бўлди. Бу мезон бора-бора шаклланиб, одатдаги рисолага сиғмай қолди. Кейин-кейин жониворлар бадиий адабиётда бир воситачи сифатида тасвирланадиган бўлди. Муаллиф ўз мақсадини амалга ошириш учун ҳайвонларни керак бўлганда ишлатди, керак бўлмаганда, воқеадан четга чиқариб қўйди. 1498 йилда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” – “Қуш тили” асарини яратиб, унда инсон билан табиат, илоҳиёт масаласини бадиий таъриф-тавсифлади. Буюк шоир ўз қарашларини Попишак, Тўти, Товус каби ўттиздан зиёд қушлар тили, қилмиш-қидирмишлари, саргузаштлари орқали мажозий тарзда бадиий ифодалади. Ўзбек халқ достонлари яратилиб, бу достонларда отлар инсоннинг энг яқин биродари этиб тасвирланди, инсонни балолардан омон сақлади, оғирини енгил қилди, инсоннинг тоғдай таянчи бўлди. XVIII асрда француз табиатшуноси Бюффон қирқ тўрт жилддан иборат “Табиат тарихи” асарини яратди. Бюффон бу асарида жониворлар ҳаётини тасвирлади, жониворларнинг ўзига хос портрети, хулқ-атворини чизди. Брем ўн уч жилддан иборат “Ҳайвонлар ҳаёти” китобини яратди. XIX асрда улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой “Холстомер” деган асар ёзди, унда отлар тилга кириб, одамлар мисол ўзаро гаплашди, баҳслашди, талашиб-тортишди, фалсафий мушоҳадалар қилди.

Сўнг, бадиий адабиётда жониворларга энг бир хокисор, дунёдаги энг бечора жонзот сифатида қараб ёзилган асарлар пайдо бўлди. Бунда муаллиф асардаги одам билан қўшилиб, жониворларга ачинувчан туйғулар билан мурожаат қилди, жониворлар учун куйиб-пишди, қайғурди, елиб-югурди, одамгарчилик қилди, кўзёшлар тўкди.

Тургеневнинг “Муму” асари шундай асар.

Кейин, жониворларни кўкларга кўтариб улуғловчи, ҳатто унга сиғинувчи, уни илоҳийлаштирувчи асарлар яратилди. Жониворлар ҳатто одамдан ҳам ақлли, доно, одамдан ҳам инсонпарвар, халқпарвар, эзгу мақсадли қилиб тасвирланди. Одам ким, ҳайвон ким, билиб бўлмай қолди. Бундай жониворлар таъриф-тавсифини ўқиб, ўзи, инсон инсонга бўри экан, қайтанга, инсондан ҳайвон яхши экан, деган хулосалар ҳам пайдо бўладиган бўлди. Баъзи бир ҳайвонлар, масалан, итлар инсон билан баб-баравар қўйиладиган, айрим ҳолларда инсондан ҳам юксак қўйиладиган бўлди.

Жек Лондон ана шундай асарлар яратди.

Яна бир туркум асарлар пайдо бўлиб, булар бадиий асар бўлиб, бадиий асар бўлмади, илмий асар бўлиб, илмий асар бўлмади. Улар чинакам бадиий асар даражасига кўтарила олмай, илмийликка тобе бўлиб қолди. Оқибат, ўз соҳасига оид қўлланма асар бўлиб қолди.

bannerbanner