banner banner banner
НАМОЗШОМ ХАЁЛИ
НАМОЗШОМ ХАЁЛИ
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

НАМОЗШОМ ХАЁЛИ

скачать книгу бесплатно


Туйқис Раҳимовнинг миясига қон тепдими, икки чаккаси қаттиқ лўқиллаб, кўзлари катта-катта очилди.

– …Боринг! – деди Биринчи, кескин қўл сермаб. – Нишатишимизни, кимни нера қўйишимизни шу кунгача билмаган бўлсангиз, бундан кейин билаварасиз. Боринг!..

Раҳимовнинг хўрлиги келди. Нохос, эс-ҳушдан айро тушгандек эди, бир зум гангиб қолди. Сўнг, ночор, бўшашиб эшик томонга йўл олди. Назарида, хона узайиб кетгандай эди. Ниҳоят, бўсағага етиб, бирров ортига қаради: столда қа-тор терилиб турган телефонлардан бирининг ғилдирагини Биринчининг шоши-линч, асабий айлантираётганлигини кўрди.

… тамом, – деб ўйлади Раҳимов, юраги куйишиб. – Тамом… Алвидо, Пионер-лар уйи!

Раҳимов руҳиятида беадат бир эзғинлик билан бинодан чиқиб, хиёл муддат туриб қолди. Ҳамон икки чаккаси лўқилламоқда эди. Чаккаларини қаттиқ-қаттиқ уқалаётиб, қабулхонанинг кийим илгичида шапкасини унутиб қолдир-ганлигини билди. Шартта изига қайтмоқчи бўлди. Лекин… фаромуш қўл сил-тади.

… бош омон бўлса, дўппи топилар.

Тобора кўксига қўшилиб халқумиям куйишаётгандай туюлди; негадир, айни чоғда бошқача чанқаётган эди.

Энди биринчи галда чанқоғини қондириши керк. Ў з и асрасин, бунақада одамнинг бирор бедаво дард орттириши… Албатта-да, ҳеч гап эмас. Шуни ўйларкан, нима учун янгиработликлар Расуловдан қутилганларига атаб хатми худойи қилганликларига энди ишонгандай бўлди.

… ё тавбагдан-эй, гап тушунтириб бўлмаса-я!? – деб ўйлади Раҳимов, катта йўл бўйидаги газсув дукончаси томонга хомуш-хаёлчан бораётиб. – “Педаго-гика”ни ўқиганмикан-а?.. Макаренкони ўқиган одам… Тавба, бунингдин метин бўлиши…

Хоппа семиз газсувчи аёл, лаш-лушларини йиғиштираётган экан. Оппоқ ха-латининг енглари, ҳатто бўлиқ кўкракларининг устларини ҳам гилос шарбати қизартириб юборгани Раҳимовга ёқмади.

… аёлга қараётганида, ҳар қандай эркакнинг ҳам ҳаваси галиши герак, – де-ган ўй кўнглидан кечди. – Озодалигина, орасталигина… Ахир, аёл-а!

Раҳимов жуда чанқаётган эди, индамай, пештахта устига бир неча сариқ ча-қани ташаб:

– Сув борми? – деди.

– Сув йўқ, – деди аёл.

– Ҳанг! – деди ажабланиб Раҳимов. – Начун?..

– Ина, Искандар сосой: “Сувингни ҳашарчилара элтиб сот”, деб қўймаётир. Гўраётирсиз-ку, барибир, шаҳарда зоғ ҳам йўқ.

Хаёл паришонлик билан Раҳимов лабларини ажабтовур чўччайтириб, танга-ларига қўлини чўзди.

– Шошманг, оға! – Бақалоқ аёл шартта тангаларнинг устига кафтини босди. Унинг қўли чўқмордай, бармоқлари эса биққи эди. – Ўзим сиза бир куружка муздайиннан қуйиб бераман.

Ҳаял ўтмай, газсувчи аёл, жўмракчани бурадию, сувни шовуллатиб, каттакон шиша кружкани лиммо-лим тўлдириб узатди.

Идиш дарз еган экан.

Раҳимов вижиллаётган муздай сувдан озгина ичди.

Куз… Ҳаво салқинроқ эди.

Гарчи тишлари зирқираётган эса-да, тағин бир неча қултум босиб-босиб ҳўп-лади. Сўнг, ахийри, қолганини ариқчага сепиб юборди. Газсувчи аёлга раҳмат айтишни хаёл қилди. Лекин, сувни дарз еган идишда берганигами ё халатининг ола байроқлиги учунми, айтмади.

Кейин, салқин, сўлим, кимсасиз хиёбондан бораётиб, шапкасидан бошқа та-ғин нимасини ҳамдир унутиб қолдиргандай туюлаверди. Лекин дафъатан ни-малигини эслаёлмай, зора эслармиканман, деган хаёлда янаям одимини се-кинлади.

Барибир, қадрдони – ўзининг парвардаси – Пионерлар уйидан мосуво бўлаёт-гани учун, ҳамон кўкси куйишаётганигами, хаёллари алғов-далғов эди, нима-сини унутиб қолдирганлигини эслаёлмади.

Назарида, шаҳар бир кунда ҳувиллаб қолганидан дилдираётгандай эди. Ё унга шундай туюляптимикан-а?

Тағин хаёли ўз ғуссаларига оғаркан, кўнглига бир мадат истаб, тоғасини эс-лади: тоғаси – узоқ йиллар вилоят ижроқўм раисининг биринчи муовинлигида ишлаган.

… дойима айтаман, – деган фикр дилидан кечди-ю, лекин ўша заҳоти тоғаси-нинг нафақадалиги шаштини сусайтирди. Ва, шунинг баробарида, Биринчининг важоҳат билан ўшқириб, кескин қўл сермагани кўзўнггида бор бўйича намоён бўлди. – Бунингдин одам пенсиядаги бировнинг айтганини қилмасо-ов!..

Шаҳар кинотеатрининг орқасидаги тор, заранг кўчадан чиқиб, Пионерлар уйи томон бурилаётганида, эндигина дарвоза ёнидан жилаётган, орқа ойнасига оппоқ ипак матодан парда тортилган Расуловнинг қаймоқранг “Волгаси”ни таниди. Ва, баттар юрагига ғашлик ўрлади.

… ў-ў, ў з и келган бўлса!..

Ўша аснода фақат шапкасини эмас, валасапедини ҳам унутиб қолдиргани ёдига тушди: ҳовуз бўйидаги қарамонга суяб қўйган эди, қолаверибди.

Бошини қашиди. Майли, қайтага яхши бўпти: ҳалироқ борганида, биратўласи шапкасиниям кийиб қайтади.

… маники ҳалол, – деб ўйлади Раҳимов. – Ҳалол. Яхши-да!..

Дарвоза ёнида бетоқат турган уч кишини кўрди: бириси – райкомнинг хо-дими Зоҳир Карим. Иккинчиси – бўйи баландроқ, чучмалгина бир йигит, ёши ўттизларда. Оти?.. Йўқ, отини эслаёлмади; йўмаса ГорОНОнинг йиғинларида кўп кўришган: ҳамиша нохос бир и ш н и бажариб қўйгандек, жилжайибгина кўришади. Учинчиси – Олимова.

… демак, Пионерлар уйининг директорлигини чучмалвойга беришаркан-да!.. Тавба, топган одамлари шу бўлса, Пионерлар уйининг аҳволи не гечади?..

Қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидай Олимова:

– Ўртоқ Раҳимов, қайсарлигиз қолмади-қолмади-да! – деб, доду вовайло билан қарши олди. – Сиз учун бизам роса таъзиримизни едик…

Раҳимов шавқсизгина алфоз Зоҳир Карим ҳамда Чучмалвой билан бир-бир қўллашиб кўришгач, Олимованинг юзларига, кўзларига бир зум, бир нафас чимирилиб тикилди: унинг жигари хастароқми, мойупоям ёноқлари атрофидаги доғларни ёполмаган, қошу киприклари эса беармон сурмага қонган эди.

– Зийнат, қизим тенгги шогирдимсан, – деди Раҳимов, босиқ оҳангда. – Ман санга на ёмонлик қилганман – начун сан мани бунча ўртийсан-а? Ё отангни манда қасди бормидики, ўчини олмоқчимисан?

– Ина, Зойиржон Каримович, эшитаётирмисиз?! – деди Олимова, райком ходи-мига, қошу кўзини ўйнатиб. – Бировлара яхшилик қиламан деб, ҳамиша шун-дий балога қолиб юраман.

– Агар яхшилигинг шу бўлса…

– Дўғри-да, она меҳрига зор, ота меҳрига ташна у етимаккиналар ҳам қорни тўйиб нон есин, кўнгли яйраб кийим-кечак кийсин ахир! – деб, Олимова Ра-ҳимовнинг гапини бўлди. – Кейин, қолаверса, қозон ҳам мой, чўмич ҳам деган-ларидий…

Олимованинг гапини охиригача эшитмай, Раҳимов:

– Нима, сан эшитмаганмисан, Зийнат? – деди. – Етимнинг ҳақи етти дарёни қуритар эмиш!..

Зоҳир Карим аста Раҳимовнинг тирсагидан олиб, гапга аралашди:

– Биз баримиз сизнинг шогирдларингизмиз, устоз, – деди. – Биздан чакки ха-фа бўлаётирсиз. Ўзингиз яхши биласиз-ку, буйруқчи – буюради, ижрочи – ба-жаради. Биз – ҳаммачикимиз – партиянинг салдатларимиз… И ш н и, ина, Са-лимбойга хатлаб топширасиз. Топшириқ шу!..

– Ишними? – деб, Раҳимов Чучмалвойга қаради: унинг эгнида қора кастюм-шим, оқ кўйлак, бўйнида калта тўғаланган чипор галстук; лабларида билинар-билинмас ишайиш, кўзларида эса мубҳам, ўлимтик бир н и м а жилваланаётир. Сан – бала, Пионерлар уйини хароб этасан-ов, деган аччиқ, аламли бир фикр хаёлидан кечаётиб, Чучмалвойнинг навқиронлигини, ўзининг эса ёши ўтаётган-лигини ўйларкан, кўксига бедодликнинг тиғдай алланимасидир совуқ санчилиб, Раҳимов: – Топширамиз, – деди, хиёл ўксук, хиёл титроқ оҳангда. – Эса ичона кирали. Юринглар.

Ҳовли кенг-мўл эди. Ҳаммаёқ ораста. Ҳовлининг теварагини қатор хоналар қуршаган. Ҳар бир хона эшиги ёнида ихчам-ихчам гулзорчалар; гулзорларда эса гултожихўрозлар, райҳону сафсар гуллар… Уларнинг барқ уриб яшнаёт-ганлигини кўриб, беихтиёр кишининг баҳри дили яйрайди. Ҳовлининг ўрта-сидаги қари бир тут дарахтидан атрофга сокинлик, шунинг баробарида, ажаб бир улуғворлик таралаётгандек.

Дастлаб улар эшигининг тепасига “Шон-шуҳрат зали” деб ёзилган лавҳа осиғлиқ, кенг, ёруғ бир хонага кирдилар.

Чучмалвой даъфатан кўраётганларига ишониб-ишонолмай:

– Оҳ-ҳо, зўр-ку! – деворди, ҳаяжонини яширолмай. – Қойил-а, Зойир Кари-мович?!. Деворлардаги Фахрий ёрлиқлару Дипломларни қаранг-а, бари ромка-лаштирилган-а!.. Қойил… қойил!..

Хонанинг ҳар ер-ҳар ерида бир-биридан кўркам тулумлар: бир қозон деб аталгувчи, тумшуғи узун, катта оққуш, қарға, чағаллоқ, даканг хўроз, каклик, тустовуқ, бургут…

Бир-биридан ажойиб, бир-биридан жонлидай қотирилган тулумларни кўраё-тиб, меҳмонлар бир зум анграйиб қолдилар.

Олимова илдам бургутга яқинлашиб, қанотларини сийпалади, аста тумшу-ғига бармоғини тегизиб кўрди…

Чучмалвой ҳайрату ҳаяжон билан таъкидлаганидек, хона деворларида ранг-ба-ранг Фахрий ёрлиқлар, зарҳал ёзувлари жимжимадор Дипломлар… Уларнинг ҳар бири алоҳида рамкаларда хонага бошқача бир зеб бағишлаётгандай эди. Тўрдаги узун, ойнабанд қутида эса бир талай минорасифат ҳамда гумбазсимон катта-кичик совринлар деразадан тушаётган қуёш нурида кўзни қарақтиргудай ялт-юлт жилоланмоқда эди.

– Сиз, насиб этиб, жиддий киришсангиз, усто, тез орада Детдомниям оёққа турғазасиз, – деди Олимова, хилма-хил совринларни томоша қилаётиб. – Ина буни қарангла, Зойиржон Каримович, ВДНХаники экан, худди Кремила ўхший-ди-я!..

Раҳимов ён томондаги хонага ўтаётган эди, индамади.

Зоҳир Карим эса оёғи учида кўтарилиб, Фахрий ёрлиқлардан бирини ўқиёт-ган эди:

– Дўғри айтасиз, – деди, Олимованинг гапини маъқуллаб. – Детдома устозди-йин раҳбар гарак.

Тобора Раҳимовнинг кўксини аламми, нимадир таталамоқда эди, уларнинг тилёғлама гапларига энсаси қотиб:

– Галаверингла, бу ёқда ҳали рамкага солинмаган яна ўнтачаси бор, – деди, тагдор оҳангда. – Қўлингиза бериб қўяман…

Хона ўртасидаги хонтахта устида шаҳарнинг ёғочдан заргарона зеб бериб ишланган макети турарди: у – жуда чиройли эди, айни шаҳарнинг ихчам нус-хаси, ҳатто миноралари ҳам!..

Зоҳир Карим остонадан ўтаётиб:

– Ўҳ-ў! – деди, макетдан нигоҳини узолмай. – Пионерларингиз ясаганми шу-

ниям-а?

Раҳимов бош ирғаб:

– Ҳовва, баричики пионерларнинг иши, – деди. – Биласиз-ку, пионерлар кўз-бўямачиликни ёқтирмийдилар, алдам-қалдамни билмийдилар… Агар ҳамма иш-ларимиз пионерчасига бўғанида эди… Хўш, ишни навудан бошлиймиз?

Зоҳир Карим бир-бир Чучмалвойга, Олимовага қараб:

– Манимча, ҳужжатлар билан танишишдан, – деди. – Дўғрима-а?.. Жами пи-онерларингиз қанча, устоз?

– Икки юзу элликдан кўпроқ. Тўгаракларимиз, ҳатто бозор кунлариям иш-лийди, – деб, Раҳимов ғаладондан иккита катта дафтар олиб, Зоҳир Каримнинг олдига қўйди. – Бири – инвентарлар рўйхати, иккинчиси – тўгаракларнинг иш жадвали, ишчиларимиз ҳақида маълумотлар… Бир методистимиз юқорида ишлаб ўтирибди. Ҳужжатлар билан танишаверинглар, ман ҳозир…

Раҳимов хомуш юриб, ҳовлига чиқди, дарвоза томонга ўтаётиб, қаровул чолни чақирди:

– Бобожон ака-а?!.

Дарвоза олдидаги пастак ғиштин супача тарафдан қаровулнинг овози эши-тил-ди:

– Ҳо-о, Раҳимуп, ман бу ердаман, иним!..

Ҳаял ўтмай, Бобожон қаровул кўринди: бошяланг, калласи тақир, соқол-мўй-лави калта кузалган, эгнида йўрма ёқали, этаги узун сурп кўйлак, сурп иштон, оёқяланг.

– Кавушийиз қани, Бобожон ака?

Бобожон қаровул:

– Ина… – деб, дарвоза томонга ишора қилди, сўнг оёғига қаради: тирноқлари буришиб-бужмайиб кетибди. Аллатовур кулимсиради: оғзининг у ер-бу ерида иккитами, учтагина тиши кўринди: узун-узун. – Шуниси яхши: илимжи ердан шира сўради-да, Раҳимуп!..

– Бобожон ака, сўрасалар, чой-пой дамлаб берарсиз.

– Яхши-ажаб, Раҳимуп.

– Матқодирга айтинг, пастга тушиб, меҳмонлар ёнида бўлсин.

– Яхши-ажаб, Раҳимуп! – деб, Бобожон қаровул ҳовлининг адоғи томон жил-моққа чоғланди. – Ҳозир айтаман.

– Боя ман валасапедимни райкомнинг ҳовузи ёнида унутиб галаверибман.

– Неваралардан бирини юборай, Раҳимуп? Йўғ-а, ишга ярийдиган неваралар бари ётарлайин пахтая гетган. Ман ўзим бора қолий?

– Йўқ, ўзим…

… демак, қаровулдан бошқа ҳамма ҳашара, – деб ўйлади Раҳимов, дабдуруст-дан Биринчининг важоҳат билан қўл сермагани кўзўнггидан ўтаркан, кўчага хомуш чиқаётиб. – Даҳшат-ку, а?!.

* * *

Тўлин ой шуъласидан хона ичи ёп-ёруғ. Боққа қараган дераза ланг очиқ эди. Рўпарадаги олманинг акси оҳиста деворда сирғалади – гоҳ у ёққа, гоҳо бу ёққа.

Раҳимов ҳали ухлагани йўқ, яқин орада ухлашиям гумон: тоғасининг қўнғи-роқ қилишини кутиб ётибди; хаёли номаълум – олис ёқларда, кўзлари эса де-ворда беқарор сирғалаётган сояларга қадалган; лекин сояларнинг сирли-сеҳрли, ажабтовур ўйинини кўриб-кўрмаётгандек.

Бир маҳал, телефон жиринглади.

Раҳимов шошиб қаддини тиклади-да, шартта дастакни олиб:

– Алў? – деди. Ва, ўша асно, юраги гуп-гуп ураётганлигини сезиб, дарров кафтини кўксига босди. – Дойи?..

Қўшни уйнинг эшиги секин ғижирлаб очилди:

Раҳимов бошини буриб, тўнғичини кўрди: қизи узун тункўйлаги устидан бо-шига катта рўмол ташлаб олибди.

– Раҳмат, дойи, раҳмат!.. Сизниям овора этдим-да, алаштирмийсиз, дойи. Ду-шундим… Ҳовва… Яхши ухлаб туринг, дойи!..

Раҳимов дастакни жойига қўяр-қўймас, қизи паст овозда:

– Хушхабарми, ака? – деди.

Раҳимов хушҳол жилмайиб:

– Ҳовва-а! – деди.

– Хайрият-э! – деди қизи, эшикни ёпишга чоғланиб. – Яхши ухлаб туринг, ака.