
Полная версия:
БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД
Эҳтимол, бу оддий, содда ҳикоядир. Бироқ ривоятларда сочма ҳақиқатлар яширинган бўлади. Бунга ишонай десангиз, бугунги даҳрий тафаккурга сиғдириб бўлмайди, ишонмай десангиз кенг ва бепоён саҳронинг ўртасидан сув чиқиб тургани бир мўъжиза бўлса, зиёратгоҳ гирди тупроғи унумдорлиги яна бир ҳайратангиз ҳолатдир…
Бобонинг ҳикояси мени тонг қолдирди: наҳотки қачонлардир кимдир қилган хиёнат учун тавқи лаънат менинг бошимга тушди? Ундан ҳам аччиғи, одамлар фақатгина дардимиз туфайли ирганмас экан, балки лаънатланганимиз учун ҳам бизни ажратишар экан-да? Бошимга биров тўқмоқ билан ургандай эс-ҳушим чайишди, ўзимга ўзим бегона бўлдим, силлам қуриб, яна қабр устига йиқилдим.
* * *17 декабрь
Олмос билан энди учраша бошлаган кунларимизда бир тутам учи қирқиб текисланган зулфимга кўзи тушиб:
– Сочингизни бошқа қирқманг, аёлнинг ярим ҳусни сочида бўлади, – деган эди. Шундан кейин сочимга қайчи урмагандим…
Бугун эса бу ердаги “тиббий таомил”га кўра қирдириб ташлашга мажбурман, чунки сочимнинг ости ҳам оппоқ бўлиб улгурган эди…
Бошимни қиртишлаб, бир этак сочимни бирор дарахт тагига кўмиб келишни буюришди. Соч билан бирга ҳамма орзу-умидлар ҳам саксовул остига кўмилди…
Сездимки, аллақачонлар бахт қушимнинг қанотлари синиб, мажруҳ бўлибди…
Сездимки, энди менга осмон бегона, энди фақат тушларимда учишим мумкин.
Энди тақир бошимдан офтоб уриб, миям қайнаб, лоҳасу беҳол бўлиб гўё бировнинг ҳаётини яшаётгандек эдим.
Кунлар шу тарзда ит азобида ўтаверди…
Олмоснинг онаси билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин анча пайтгача телефон ишлатмадим… Бу ерга даволанишга келаётганимда Шоира опам хабарлашиб туришимиз учун қўярда-қўймай янги рақамли телефон тутқазган эди.
Қуёшда тобланиб ётсам, телефон жиринглади, қарадим, нотаниш рақам, иккиланиб улансам… таниш товуш… Олмоснинг овози… Мен апил-тапил устимга кийимларимни тортиб, ўраниб олдим.
У тақдири азалдан, Яратганнинг иродасидан сўз бошлади. Лавҳул маҳфузда битилган қадар ҳақида узоқ гапирди. Мен жимгина уни тингладим, ёноқларимдан оқиб тушаётган кўзёшларим иягимда тўпланиб, саҳронинг донадор қумига битта-битта тўкилиб, марваридгулдай кулранг косачалар ҳосил қиларди.
Хуллас, унинг ихтиёрига кўра бир умрга қиёматлик дўст бўлишга, ака-сингил тутинишга аҳд қилдик…
Шу кундан бошлаб бурунги хатлардан тубдан фарқ қиладиган, ҳадису панд-насиҳатлар, чиройли тилаклардан иборат СМС юборадиган бўлди. Мен эса фақат миннатдорлик жавоби йўллардим, аммо барибир ундан келадиган СМСларни кутиб яшардим. Токи навбатдаги хат келгунига қадар олдинги СМСни нуқтаю вергулигача ёдлардим.
Ёзнинг жазирамасида қовжираётган гиёҳнинг тубига бир томчидан сув қуйгандек мадорбахш эди бу азиз битиклар. Лекин… нима дей, нима қилай – юлай десам сочим йўқ, йиғлай десам ёшим қолмади – шунча хат ёзарди-ю, қайдасан, ҳолинг не деб бир оғиз сўрамасди.
* * *Ўша пайт Олмос мени қидирибди, телефоним дарагини топибди деб кўнглим ўсибди-ю, янги рақамимни Шоира опамдан бошқа ҳеч ким билмаслигини ўйламабман. Куйинчак опагинам курсдош дугоналарим орқали Олмоснинг телефонини топиб: “Бонуга боғланинг, ҳозир у сизнинг бир оғиз сўзингизга муҳтож, майли, ёр бўлмаса, дўст бўлиб гаплашинг, савоб учун суянч бўлинг”, деб илтимос қилиб, янги рақамимни берганини кўп йиллардан кейин билдим.
* * *20 декабрь
Атрофга қарасанг, живир-живир ҳовур кўтарилади. Осмонга туташ қумлоқнинг ниҳоясига син солсанг, олис-олисларда туман оралаб аллақандай ложувард кўлми, денгизми кўрингандек бўлади.
Саробми бу?
Ё тасаввур жилвасими?
Нега баъзан саробий манзаралар кўпчиликка бир хил кўринади? Ҳамма бирдек чанқагани, сув – оби ҳаётга айлангани, бужмайган ёнғоқ мағзидек мия талвасага тушиб, ўзини аврашга киришгани учунми?
Аммо ана шу алдоқчи саробга интилиб саҳронинг ўлим исканжасидан қутулиб қолган курашчан одамлар ҳам бор дейишади.
Уфққа термулганча, кўзларим тердан ачишиб хаёл қушига эрк бердим. У мени парқу елкасига олиб, болалигимга, пахта нишона берганда дадам бошчилигида қумга тушган кезларга элтиб қўйди.
Дадам тизза оғриғидан бобомга шикоят қилганди, у киши:
– Олдингда оққан сойнинг қадри йўқ. Дўхтирни дориси бир нави. Лекин ота-боболар топган эм яхши. Ана, қумга чиқ, ҳамма дардингни сўриб олади. Болалигингда борардик, эсингда йўқми? Ҳозир айни вақти, – деб туркана муолажа маслаҳатини берди. – Биласан-а, уч кун олдин кўк чойни, хом сувни, ҳўл мевани, хуллас, совуқлик нарсаларни тўхтатасан. Қумдан кейин ҳам бир ҳафта парҳез… Ел-шамолгаям ҳушёр бўласан. Юрак кўтарганда мен ҳам борардим…
“Саҳро шифогоҳи”га оилавий қатнайдиган бўлдик. Мени кичкина санаб, қаторга қўшишмаётганди, “Мирхонд борса бораман, қолса қоламан”, деб терсайиб остонада ўтириб олдим. Акам ҳам баҳона излаб турган эканми, мен тарафга ўтаётганди, дадам:
– И-я, сен бормасанг мени ким кўмади? Майли, Бонучаям борсин, янтоқни соясида ўтирар… – деб қўлига чўлтоқ кетмон тутқазди.
Қорачой тўлатилган иккита термос, чойшаб, сочиқ кўтариб дадам гаплашиб келган киракашнинг автобусчасига миндик. Йўл-йўлакай дадам тушиб, гузардаги қассобдан газетга ўралган гўшт олиб чиқди. Бир маҳал уловлар қаторлашган бархан ёнида тўхтаб, ҳайдовчига гўштга қўшиб шапалоқчадай қизил пул тутқазаркан:
– Ўзинг кўз-қулоқ бўлиб тур, шўрвага кирпи-мирпи, илон-пилон солмай пиширсин, – деб тайинлади.
– Эбе, ака Усмонбек, ҳамма шифо ўша жониворларда-ку, кушод иссиқлик… – ҳайдовчи негадир газет четини кўтариб гўштни ҳидлаб кўрди.
– Бировга ёқади, бировга йўқ. Ёш болалар ҳам ичади. Об-оташ деган жойи бор. Кучлилик қилиб кетмасин…
Онам бошчилигида опалар барханнинг сўл томонига йўл олишди. Қанча қисташса ҳам мен Мирхонд билан қоламан, деб оёқ тирадим.
– Мир билан бунинг киндиги бир, айрилса ўлади, – деди Гулшан опам аччиқланиб, – ҳой инсон, у томонда фақат эркаклар бўлади, қизларга мумкинмас, ай-яй-я, тушуняпсанми?
– Ҳа, хўш, Гулшан, бу ҳали мурғак нарса. Бунга уят йўқ, қолаверса, ҳаммани эгнида кийими бўлади, – деди дадам мени кўтариб оларкан.
Бархан ёнбошидан холироқ жой излаб борарканмиз, дадам ўтирган жойида танасига ёпишган қумни сочиқ билан қоқаётган чолга ишора қилиб:
– Мир, кўряпсанми, отахонга қара, тиззалари, тирсаклари, бўйни лой. Бошқа жойлари қум холос, – деб гапни муаллимларга хос саволга тақади, – бу нимани билдиради? Балли, лой бўпқолган жойларимиз, демак, шамоллаган бўлади.
– Неча кун тушилади ўзи, дада? – Мирхонднинг оҳангидан норозилик аломати сезилди.
– Уч кундан беш кунгача.
– Қаторасигами, оралатибми?
– Қаторасига.
– Уф-ф! – дедию Мирхонд дадамнинг назаридан чўчидими, – иссиғакан, – деб қўшиб қўйди.
Дадам иккита таёқ топиб, қумга ботириб ўрнаштирди-да, бошқалар билан орага девордай қилиб чойшабни тортиб боғлаб, мен учун кўланкамайдон ясади.
Бир муддат ўтиб соядаги оташ пасайдими ё мен кўникдимми, ўтирволиб терлаб-пишиб қумдан “тоғ” уйишга киришиб кетдим.
Ёнбош томонда дадам ҳарсиллаб қум тортиб, қатор чуқурчалар ҳозирлади. Сўнг:
– Бирпас кутайлик, қизиб олсин, – деди шиппаги орасидан қайноқ қум кирганиданми оёғини бетоқат қоқиб типирчилаётган акамга синовчан қараб.
Менинг ярим чодиримда бир муддат ўтиргач, “Бисмилло, банияти шифо”, деб дадам биринчи чуқурчага узала тушди-да, Мирхондга “Қани, бошла”, деб буюрди. Акам оғзидан нафас олганча бодроқ пиширгудай қумни дадажонимнинг устига астойдил торта бошлаганди ўтакам ёрилиб, югурганча бориб кетмонга ёпишдим:
– Унақа қилма, Мирхонд, дадамиз-ку, сенга дада керакмасми? – дедим тер аралаш кўзёш тўкиб.
Дадам ётган жойида хохолаб кулиб юборди:
– Ҳа, онаш! Ўзимни қизим-а! Ўзимни меҳрибоним-а! Ана, қара, бошқалар ҳам кўмилган. Ҳеч нарса қилмайди.
– Барибирам керакмас! Чиқинг, уйга кетамиз, – мени энди ҳеч қандай куч йиғидан тўхтатолмасди.
Дадам чор-ночор қумдан чиқиб, ёнимга келиб ўтирди. Лой қўллари билан маҳкам қучиб, пешонамдан ўпди. Кейин нигоҳи билан галалашиб кўмилиб ётган одамларнинг каллаларини кўрсатиб:
– Қарагин, ҳамма ётибди. Шундай қилиб одамлар опош бўлади. Мана шу қум одамни дардини олади. Тушундингми? – деди.
Ҳеч нарсага тушунмаган бўлсам ҳам:
– Тушундим, – деб бош ирғадиму, лекин бўйнидан қўлларимни олмадим.
Мирхонд бир зум каловланиб тургач, дадамга “Нима қилай?” дегандай қаради.
– Сен анави чуқурчага тушиб, ўтирган жойингда қувуғингга қум торт, фойдасини кейин биласан, қишда онанг кўрпангга хокандозда кул босиб юрмайди, – деб дадам кулимсираб термосга қўл чўзди.
* * *23 декабрь
Сочим олинганидан кейин икки кўзим ости ҳам оппоқ доғ бўлди… ростдан соч қиз боланинг ярим ҳусни экан – айбларингни, нуқсонларингни бир қадар ёпаркан.
Найлайки, одамзод ўзидан уялиши, ор қилиши, ҳатто нафратланиши мумкин, бироқ ташлаб кетолмас экан.
Умид ҳам қуёшга ўхшайди, ботар чоғи ҳаммаёқ зулматга чўмади, энди ҳаёт тугади деган ўй кўршапалакдай айланиб қолади. Аммо вақтики етиб умид яна уйғонади, саҳро осмонида беғам сузган увада булутлар қорнига заррин нурлар қадалиб, яна ҳаёт бошланади, қушлар тилга киради, қумга қулоқ боссанг, ер остидаги илдизлар шивирини илғай бошлайсан.
Биров айтдики, шаҳарда бир табиб қуритилган илон ва чаён талқонига гиёҳ қўшиб минг дардга даво “олакула” деган малҳам кашф этибди. Ўзимизнинг дардга оид жойи – терининг оқарган ерларига шу малҳамни суркасангиз, тери тушиб, янгиси чиқармиш… Бировга фарзанди солиҳи ўша доридан топиб келтирган экан, бир кеча-кундузда териси аввалгидай бир хил тилларанг тусга қайтибди. Бу хушхабар беморлар аро яшин тезлигида тарқалиб, шодиёна бўлиб кетди. Қувончдан кўзёши тўкиб шукрона айтган киму, яқинларига сим қоқиб, суюнчи сўраган ким…
Хуллас, барча умидвор бандалар фалон пулдан йиғиб, “Ҳувайдо” бобони шаҳарга йўлладик.
Елкасига икки халтани айри ташлаб олган Бобо эртаси оқшом қўшга қўшилган каби суроби тўғриланиб қайтиб келди. Малҳамни талашиб-тортишиб бўлиб олдигу, муолажани бошлаб юбордик.
Ўпичга тутилган юзга шапалоқ тушгандай, малҳам сурган жойимиз эрталабга сув бойлаб шишиб чиқди. Буни яхшиликка йўйдик, мана, дарров таъсир қила бошлади! Энди тери кўчиб тушадию, қарабсизки, ойдай одамга айланамиз.
Лекин зардоб йиғилган шиш чунонам азоблай бошладики, ёш болалар оғриққа чидаёлмай чинқиришга тушди. Табобатдан сал-пал хабардор беморлар ҳапачакни қайчи билан кесиб, зардобни ситиб чиқаришга тушди. Бу юмуш ўзингни тириклайин ўтда ёқиш билан баробар эди.
Мен навбат кутиб ўтирмай, ўзимга ўзим хизмат кўрсатдим: шунда азоб бир муддат пасайиб, кейин жароҳат ўрни жизиллаб ачиша бошлар, сизот ярага бир чимдим қум тегса борми, оғриқдан кўнгил беҳузур бўлар, арчилган танага ёпишган кўйлакни ечиш учун бошингдан қайта-қайта сув қуйишга тўғри келарди.
Зиёратгоҳ фиғону нолаларга тўлди, яралари латта-путталар билан боғланган одамлар ғазаби қайнаб-тошди, лекин осмон йироқ, ердан имдод йўқ эди.
Эртароқ ўзига келган икки эркак “Ҳувайдо” бобони етаклаб, “кашшофи азоб”, “табиби лаъин”ни қоралаб шаҳарга кетишди.
– Қўлга тушса, “олакула”сини оғзи-бурнидан чиққунча егизаман!
– Шу ерга судраб келиб, терисини шилиб, ўз малҳамини супурги билан баданига суриб томошасини кўрмасам… нима бўлсам бўлай!
Ғазабнок қасоскорлар шу кетганча уч кун йўқ бўлиб кетишди. Бетоқат қўнғироқларга ўзбек тилини чала ўзлаштирган бир ғалча “…хизмат доирасидан ташқарида”, деб тўтиқушдек такрорлаб чарчамади. Ниҳоят, тўртинчи кун деганда ўчкорлар бир-бирларига суяниб, кўзлари киртайиб, енглари шалвираб қайтиб келишди.
Эмишки, бундай малҳаму ундай табиб ер юзида йўқ экан. “Ҳувайдо” бобо аввал учраган манзилда мутлақо ўзга одам яшаркан, ҳеч кимни танимас экан, танишни ҳам истамас экан. “Ё Раб! – дейди бобо иягини тутамлаб, – эшикни ўзи очди. Ёшгина йигит экан, бир пиёла чой тутди. Доруларни халтага ўзи санаб жойлади, қандай ва қачон қаерга суриш кераклигини яхшилаб тушунтирди. Вале пулни қўлига тутмади, санамади, майли, хонтахта устига қўйиб кетаверинг, деди. Чоғим, кўзи тўқ йигит эди. Таажжуб, наҳот инс-жинсга йўлиққан бўлсам?!”
– Биз уй эгасини сал қистовга олгандик, мелиса чақириб, тоза томоша кўрсатди…
– Каззоб одам экан! Ўзи бобони алдамаган бўлсаям, фирибгарга шериклиги аниқ! Кўзлари ола-кула…
– Илоё иловандо, биз кўрган азобларни дўзахда кўрсин!
– Дардмандларни алдаб орттирган бойлиги ёмон кунига ярасин!
– Табобатни тижоратга айлантирган ҳаромхўрларга боласидан қайтсин!
– Илоё кўр бўлсин!
– Илоё кар бўлсин!
– Илоё пес бўлсин!
– Оми-ин!
“Оми-ин!” – юзлаб оқ-оппоқ кабутарлар ҳавога кўтарилиб, айлана-айлана самога чиқди. Саҳро қуёшининг олтин толаларига чулғаниб, ярақлаб-ярақлаб фазога кўтарилди. Охири дафтардаги кўпнуқталардек нигоҳ илғар-илғамас даражага етди…
“Ҳувайдо” бобо ўзини айбдор санаб, бошини хам қилганча сўнгаклари туртиб чиққан елкасини қудуққа бериб ўтирар, аҳёнда бош тебратиб-тебратиб қўяр, қуруқшаб, тарам-тарам ёрилган лабларидан аччиқ фарёди калом бўлиб қумга сочилар эди: Доду дод деб йиғласам, кимга етар додим менинг, Ким эшитгай бу замона оҳу фарёдим менинг?13
Дард устига чипқон дегандек, зардоб силқиб кийим-боши доғ-дуғ бўлган афтодаҳол оломонга қараб ўтирган беморлардан бири:
– Песлигимиз устига моховни ҳам сотиб олдик шекилли, – деб заҳарханда қилди…
Олмосдан келган СМСлардан бирида “Одамзод ўз-ўзига зулм қилгувчидир”, дейилгани эсимга тушди.
Бир ҳафта-ўн кунлардан кейин яралар битиб, яна пес ҳолимизга қайта бошладик. Кўплар шунисига ҳам шукрона келтириб, тақдирга тан бериб, уйига қайтди.
* * *24 декабрь
Бу ерда ҳеч ким ҳеч кимни хафа қилмайди, одам айириш йўқ, жирканиш, ирганиш бегона, чунки сен қандай абгор бўлсанг, қолганлар ҳам беҳ эмас, бир ибора билан айтганда, барчамиз худо қўшқўллаб урган ожиз бандалармиз. Жамоатда бир ёшли гўдакдан тортиб саксон яшар чолу кампиргача бор… Ёши улуғларга қараб ўз келажагингни аён тасаввур қилишинг мумкин.
Қирқ кун мобайнида тортган жисмоний азобларим руҳий мувозанатни бузди, тана касаллиги оқибатида телбалик дарди ғулув сола бошлади.
Бир кун азонда эркаклар томондан ғала-ғовур, доду фарёд кўтарилди. “Дўстим”, “акажоним”, “қадрдоним” деган ўкириклар зиёратгоҳни ларзага солди. Ташқарига чиқиб келган саҳархез бир онахоннинг:
– Қизлар, туринглар, таъзия бўлибди, ухламанглар, оғирлашиб қоласизлар, – деган гапидан бошқалар ҳам сапчиб туришди…
“Ҳувайдо” бобо оламдан ўтибди…
* * *Энди “Ҳувайдо” бобомнинг номига ҳам “раҳматли” деб қўшиб айтамиз.
Энди у дунёда азизларим учта бўлди.
Бу дунёда нечта қолди? Санашга қўрқаман…
* * *25 декабрь
Сешанба ва шанба кунлари эрталаб авлиёнинг боши дафн этилган жойга ҳаммамиз зиёратга бориб келардик.
– Бобо, – дедим бир куни йўлакай, – нега авлиёнинг боши алоҳида кўмилган?
Раҳматли “Ҳувайдо” бобо таққа тўхтади, бир жойида оғриқ тургандай юзлари буришиб кетди:
– Ҳа, болам-а, бош билан вужуд, ақл билан юрак доим мувофиқ келавермайди. Хожа ўлимидан аввал каромат ила васият қилган экан: “Магарким, кофирлар бошимни олсалар, жасадимдан айро дафн этинг. Чунки руҳим фазода бўлди, вужудим ердан жилмади, бошим саждада бўлди, жисмим дунёдан узилмади…”
Кета-кетгунча ҳар ким ўз билганича тиловат қилиб борса, бобо Ҳувайдо ғазалларидан додлаб-додлаб, алам ва изтиробда айтиб-айтиб борарди. Назаримда, бобонинг бошқалардан мутлақ ажраб турадиган муножоти арши аълога туташиб, Малики Явмиддинга етиб бораётгандай, тез кунларда бир мўъжиза рўй берадигандай, нафақат бизнинг, балки жумлаи жаҳоннинг ҳаёти ўзгариб кетадигандек туйиларди:
Оҳ, мани дарду балоға мубтало қилғон фироқ,Тахти бахтимни бузиб охир гадо қилғон фироқ.Ман заиф бечораким, доимо фурсат биланКуйдириб хокистаримни зери по қилғон фироқ…14* * *28 декабрь
Зиёратдан қайтишда яна у кишига етиб олардим, изн сўраб, мен ҳам марҳум бобом ёдлатган ғазалларни оҳангга солиб айтардим. У Ҳувайдонинг сўз қудратига қойил қолиб, бале, бале деб ерга қараб бош чайқаб борар, шу лаҳзада кўнглимда алланечук ҳузур-ҳаловат туярканман, ўзимни “Худонинг дўсти” замонасига бориб қолгандай ҳис қилардим.
Зиёратгоҳда ким оламдан ўтибди, касал эканми, майит эгалари хабар топишибдими, олиб кетишарканми, деган савол айланиб қолди. Баъзилар уйидагилар келишсин, кутайлик, деса, бошқалар жазирамани рўкач қилиб, жасад бузилади, деб шошилтирарди. Фақат мен бу инсоннинг кимсасиз экани, “Ўлмай туриб ўлиб бўлгани”, ҳеч ким уни йўқламаслигини… билардим. Лекин бу ҳақда бировга оғиз очмадим.
Йигитлар қабр кавлашди, жаноза чақирилди… Аёлу эркак йиғи бошлади, асл исмини ҳеч қайсимиз билмайдиган бу беозор мўйсафид ҳаммага отадек бўлиб қолган экан.
Саҳро кенгликлари дунёдан узилган, одамзодга бегона қавмнинг эмраниб-эмраниб кўтарган оҳу фарёди, нолаи афғонига чулғанди, жазирама барханлардан кўтарилган ҳовур гармселни уйғотдию қип-қизил биёбон тандирида қиёмат қўпгандай кўринди.
Тўрт томонинг қибла, қайси йўлдан хоҳласанг ўшандан бор, бироқ охирги манзилинг мана шу бўлади!
Бобони эркаклар лаҳад бошига элтган пайт бир нола осмонни чилпарчин қиладигандек, ерни икки порага ажратадигандек… майитни тирилтирадигандай… янгради.
Бу нима?!
Оломон Хожа Уббоннинг маржон сиртмоғи азобидан тонг-ла маҳшаргача афғон чекишга ҳукм қилинган аёлини хаёллади.
Ҳамма лолу ҳайрон бўлиб аланглаб турган пайт бир қизил мошина қудуқ ёнида тўзон кўтариб тўхтади. Чанг босилгач, оқ рўмолли қотма кампир уловдан тушиб, худди бошқаларни кўрмаётгандай, дунёда бир ўзи ва қўлбола тобутда ётган марҳумдан ўзга одам қолмагандай товушини озод қўйиб бўзлаб, кўксига муштлаб-муштлаб, ёқаларини йиртиб-йиртиб, юзларини юлиб-юлиб, тиззалаб келаверди. “Вой тўрам-а, вой шерпанжам-а, вой султоним-а, вой тожисарим-а!” деб ўзини чолнинг кўксига ташлади. Узоқроқда турган аҳли аёл ўртасида “Завжаси экан, дарров хабар топибди, балки, худо кўнглига солиб, кўргани келаётганмикан”, деган шивир-шивир бошланди. Мен яна тилимни тишладим.
Кампирнинг икки ўғли “Ҳувайдо” бобони совуққонлик билан уловга ортиб, олиб кетишди.
* * *Армон нима, акажон?
Тўғри, бой берилган имкон…
Бобо ҳеч қачон ўлмайдигандай, мангу яшайдигандай кўринганмиди? Агар билганимда, кўп саволларимга жавоб сўраб олмасмидим? Ҳеч бўлмаса, доим бошимда айланган энг катта сўроқ: “Бобо, Мир Арабда ўқигансиз-а?” деган саволни бермасмидим?
Бошқа сабрим қолмади, уйдагиларга қўнғироқ қилиб, мени тез олиб кетишларини сўрадим…
* * *30 декабрь
Ҳаёт зерикарли, рангсиз, оҳангсиз…
Ҳатто Олмосдан келадиган хатлар ҳам юракка чироқ ёқмай қўйди. Менга йўллаётган СМСлар азбаройи шафқат юзасидан, одамгарчилик шартидан, озгина виждон сўроғи юзасидан.
Унинг ўз шахсий ҳаёти, хусусий бахти бор. Унга шу туришимда мутлақо керакмасман.
Айтганча, кимга керакман ўзи?!
Ўйлай-ўйлай ҳаммасига нуқта қўйишга қарор қилдим…
Бир кун онам, акам ва янгам Резакдаги қариндошимизникига тўйга кетишди. Уйда мен жиянларим билан кечки овқатни еб, телевизўр кўриб ўтирдик… Фурсат танлаб, болаларга ҳозир келаман деб уйдан чиқдим, оғилга кириб, ҳозирлаб қўйган арқонни олдим, уни тўсинга ташлаб дор ясадим… Ўтган кунларимни эсладим, кўз олдимда бобом, дадажоним, “Ҳувайдо” бобо… гавдаланди.
Энг азиз инсонларим у дунёда экан, мен нима қилдим бу ерда? Мендан кейин қоладиган онамнинг аҳволини ўйладим… Унинг ҳолига ҳар қанча ачинмай, яшашим учун бирор-бир важ, сабаб топа олмадим… Онаизорим… опаларим, акам бор-ку, онам ёлғизланиб қолмас…
Бўйнимда сиртмоқ, бир тепинсам, оёқ остимдаги тўнгак думалайди, ҳаммадан, ҳаммасидан қутуламан. Кўзларимга негадир ёш келди. Ўзимга ачиндимми, билмайман, ё худо дедим, журъат бер, куч бер, кечир мени, деб ёлвордим.
Мени бандам деб яратдинг, ишончингни оқламадим, синовларга ташладинг, имтиҳондан ўтолмадим, бу дунёнинг дўзахидан зерикдим, майли, агар лаънатласанг, у дўзахингни ҳам кўрай, деб изилладим…
Қанча вақт ўтди, Ўзига аён, бирдан жияним Феруз “Апа, апажон!” деб бақириб-чақирганидан ўзимга келдим. Бошимни сиртмоқдан тортиб, у сезиб қолмасин деган мақсадда оғилдан югуриб чиқдим. Қарасам, қўлида телефон… Шоира опам қўнғироқ қилаётган экан… Айтишича, деканимиз иккита қизни опамнинг уйига юбориб, ўқишга қайтишимни, имтиҳонларни топширсам тўртинчи курсга ўтишимни… айттириб юборибди.
Мен опамнинг сўзларини беун йиғлаб эшитдим. Ярим соат олдин – ўлим арафасида ҳаммани эслабман-у, мен ношукурнинг хаёлига тутинганим – афзалим келмабди. Шунга йиғладим…
31 декабрь
Янги йилингиз янги омадлар олиб келсин, акажон! Қайғулар эски йилда қолиб кетсин!
* * *3 январь
Бир маҳал онам ва акамлар тўйдан келишди.
Мен оғилга қайтиб кириб, дорни ечиб олишга улгурмадим. Ҳамманинг ухлашини кутдим… Бу орада мол-қўйга хашак ташлагани кирган акам арқонни кўриб ҳаммасини тушунибди.
Онам иккови талвасага тушиб, ақлдан озгандай фақат битта гапни бетиним такрорлашарди: “Нега? Нима учун? Бизни ўйламадингми? Кейин булар қандай яшайди, бу иснодни қандай кўтаради, демадингми?” каби жавоби шарт бўлмаган саволлар беришар, онам бўйнимдан қучиб, тинмай “Балодан ҳазар-а, худойим ҳушдан айирмасин, ақлдан бегона қилмасин! Шайтон васвасасига учмасин болам”, деб дуо ўқирди…
* * *6 январь
…Суиқасд воқеасини эшитиб ақлдан озай деган Шоира опам Икромиддин акадан рухсат сўраб, мени Тошкентга дерматолог кўригига олиб борди.
Анча овораю сарсонликлардан кейин Марказий шифохонага йўл топдик. Инсон саломатлиги эвазига бизнес қилиб, бола-чақа боқадиган корчалонлар таниқли шифокорларни ўраб олиб, биз каби жовдираб нажот истаб юрганларни қармоққа илинтираркан. Ана шундай ишбилармон учарлардан бири мўмайгина “қўл ҳақи” эвазига Расулов деган профессорга рўпара қилди. Сочлари ипакдек толим-толим нуроний биз билан самимий суҳбатлашди:
– Кўзинг кўрадими, қизим?
– Ҳа.
– Қулоғинг яхши эшитадими?
– Ҳа.
– Овқат еб биласанми, таъмни ажрата оласанми, миянг ишлаб турибдими?
– Ҳа.
Яна савол берди:
– Қаеринг оғрияпти?
Жавоб беролмай бошим эгилди…
Профессор касаллик тарихим билан танишиб чиққач, Шоира опамга қараб:
– Бечорага кўп азоб берибсизлар-да, қуёшга солиш эскилик сарқити, отам замонидаги саводсиз, жоҳил одамларнинг йўриғи бу, – деб уқтирди. Айтишича, касалликни узоқ, босқичма-босқич даволаш керак экан.
– Шунда батамом тузалиб кетадими? – Шоира опамнинг кўзларида умид учқунлади.
Дўхтир қўлларини стол тагидан чиқариб:
– Мана, қаранг, агар бу дардни шифоси топилганида биринчи бўлиб ўзимни даволардим, – деди.
Не кўз билан кўрайки, у кишининг ҳам қўллари худди меникидек эди… Фарқи – унинг териси оқтоб бўлганидан эътибор бериб қарамасангиз унчалик кўзга ташланмайди…
Бу фақат медицина йўли билан тузалишини, тери оқариши модда етишмовчилигидан бўлиб, зарур фермент камайиб кетганда юзага келишини айтди. Жигар фаолиятини қайта тиклаб, доғларни ультранур билан куйдириб даволаш мумкинлигини, лекин барибир бу – кафолатланмаган муолажа эканини таъкидлади…
Ўн икки кун ётиб “кафолатланмаган муолажа” олдим. Яна бошимни қиришди, ҳар кун вакуумга солиб нур билан аввал уч, кейин беш… ва ниҳоят ўн дақиқагача нур билан куйдиришди…
Биринчи бор сочимни Хожа Уббонда олишганида уч кундан кейин оппоқ бўлиб чиқкан эди, бу ерда эса киприкларимгача қиров боғлагандай оқариб кетди…
Беш-олти кун ўтгач, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти, деб шифокорга шикоят қилдим. У ҳамширага янада кўпроқ куйдиришни тайинлади… Ўн дақиқа нурда ўтириш қуёш тиғида куйишдан ҳам ёмонроқ экан… Одамзоднинг териси куйса, бундан ёқимсиз ҳид бўлмаскан дунёда. Униси ҳам майлику-я, тери оғриғидан ухлашнинг иложи йўқ. Баданинг тортишиб, гўё теринг шилиб олингандек ўз нафасинг тегсаям жизиллаб, жонинг бўғзингга тақалади…
Тортган азобларим “фойдага қолди”, нурнинг захми билан бадан қизил ранг олдию бир қават тери қуриб тушгандан кейин яна аввалгидай оқ ва қора бўлиб қолаверди…
Тирранча тиндирмайди, деганларидек, на ўзим тиндим, на онамни ва на акаму опаларимни тинч яшагани қўйдим…
* * *10 январь
Бизда байрамлар мавсуми авжида. Хонадон тўс-тўполон. Меҳмон кузатавериб ҳолдан тойганимдан ётоғимга зўрға судралиб кириб, тош қотиб қоляпман. Агар маҳтал қилаётган бўлсам, кечирим сўрайман.
* * *12 январь
Таътилга чиқибоқ онам иккимиз Қашқадарёга гиёҳ билан даволайдиган Ҳаким бобони излаб йўлга отландик. Сўраб-сўраб, берилган манзил бўйича қидириб топдик.
Табиб бува беморларни ялпиз (хулбўй) билан даволар экан. Биздан ташқари ҳам бир қанча бемор шифо излаб келган, навбат турнақатор. Табиб билан гаплашиб, келишиб, бир уйга жойлашдик.
Ўн тўрт кун ётиб даволандик. Асосан оч қоринга наҳор бир коса малҳам ичиради. Эрталаб беморлар учун махсус ерга қурилган тандирларга ўтин қалаб ёқиб юборадию тандир қизигандан кейин сув сепиб оловни ўчиради. Сўнг бир одам сиғадиган жой қолдириб, тандирни ялпиз билан тўлдиради. Ана шу қайноқ “ҳаммомча”га кириб, тандир совигунча ётасиз…