
Полная версия:
БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД
– Мен домодга ҳеч қарз берганим йўқ, ҳазиллашгандир, – дедию ўйланиб қолди.
– Яқинда синглингизни тўйи арафасида қарзини қайтардими ахир? – дедим ҳайрат аралаш.
– Йўқ, домод билан олди-бердим йўқ эди. Фақат қўшан учун юз доллар берди. Кейин… телевизўр ҳам… Эрта-индин жиянчаларни тўйида қайтарамиз насиб бўлса…
Тушунарли…
Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликка аҳд қилдим…
Машина қабристон ёнига етганда секинлади, акақариндош магнитофон овозини пасайтирди. Юзимизга фотиҳа тортиб ўтдик.
Ана, дадамнинг қабри. Ҳали тупроғи нам. Энди-энди майсалари ниш уриб чиқяпти…
* * *1 ноябрь
Азадор одам бировга кўрингиси келмайди.
Балки, кимлардир ачиниб қарашидан безиб, эҳтимол, аза кийимидан ноқулай тортиб… билмайман… Бундай пайт одам марҳумни асраб қололмагани учун ўзини бошқалар олдида гуноҳкордек ҳис қиладими…
Мен ҳам дадамнинг руҳи қошида ўзимни айбдор сезардим.
* * *4 ноябрь
Бобоҳовлини сотиб олган қўшни мени кўриб анча хижолат чекди. Рухсат сўраб, бобом билан китобхонлик қилган даҳлизда ўтириб тиловат ўқидим. Ҳамма қадрдонларим – ўчоғу болоргача бирма-бир хайрлашиб келдим.
* * *Акам билан юзкўрмас бўлганимиз, ҳайҳотдай ҳовлида онамнинг ёлғиз қолиши мен учун зўр қайғу бўлиб кўринар, кўнглимга қил сиғмасди. Аммо фурсат ўтиб, бу кўргиликлар шахсий фожиамнинг бошланиши, яна тўғрироғи, ҳолваси эканини тушундим…
Олмос тўйни тезлатайлик, деб қистар, бирор дўкон ёнидан ўтиб қолсак мени ичкари тортиб, кийим-кечакми, уй жиҳозими чамалаб танлаб, фикримни сўрар, нархини суриштириб, ён дафтарчасига ёзиб оларди. Менинг оилавий аҳволим ўзимга маълум, ўлик чиқарганга ўн йил тегма деган гап бор, орзу-ҳавас ўз йўлига, келинкўйлакнинг нархи бойвуччани капалакдек қитиқласа, мендақаларни чаёндек чақиши тайин эди.
Олмоснинг раъйига қараб дўкон кезиб юргандик, рўпарамизда дўхтир холаси пайдо бўлди. Аслида, у бизни узоқдан кўриб атай йўлимизни кесиб чиққани аён: ичкари салқин бўлса-да, саратон егандай бўғриқиб кетганди. Салом-аликдан кейин менга ёвқараш қилиб:
– Ҳа, пошша қиз, дадангизни қирқи чиқдими? – деб писанда қилди. Мен жавоб беришга улгурмай Олмос жонимга ора кирмоқчи бўлди:
– Бир оғайнимда омонат гап бор эди, шуни айтгани киргандик…
– Қачондан бери йигитни омонатини азадор қиз етагида етказадиган бўлдик? – деб унинг ҳам оғзига урди. Кейин бирдан ҳушёр тортиб, лабларимга, қошларимга қаради. Мен қўрқиб кетдим. Чап қўлимни тутиб, айлантириб текширди. Бармоқларим учи пўст ташлаб оқаринқираб тургани шубҳалантирди шекилли, – бу қачондан бери? – деб сўради.
– Кеча қишлоққа борганимда гул эккандик, атиргул, ўшаники, – дедим қўлларимни ортимга тортиб.
Бирдан кўнглим ўксиб кетди. Шарт бурилиб дўкондан чиқдиму бекатга қараб кетавердим. Анча юргач тўхтаб, ортимга ўгирилдим.
Йўқ, Олмос кўринмади…
* * *5 ноябрь
Очиғи, мотам сабаб ўзимга унча қарамай қўйгандим: азадор қиз-жувон пардоз қилса айб саналади. Шу боис кўзгуга ҳам анчадан бери ишим тушмаган, қараган бўлсам ҳам шунчаки нари-бери кўз ташлагандим.
Шоира опамнинг уйига келиб хонамга кира солиб дарҳол кўзгуга ёпишдим. Ҳа, қошларимнинг таги шамол ялагандай қуруқшаган, лабларим ёрилиб, пўст бойлагандай…
Бу хотин нима хаёлларга бордийкан, нимадан шубҳаландийкан?
Олмоснинг қўнғироқларига жавоб бермадим. Холаси валламат бўлгандаям ортимдан келиши, мени юпатиши керак эди. СМС юборди: “Бунча тез кўздан ғойиб бўлдингиз? Холам билан хайрлашиб чиқсам, еру кўкда йўқсиз… Эртага ўқишингизга ўтаман”.
* * *7 ноябрь
Лекин Олмос эртаси, индини ҳам келмади. Учинчи куни муюлишда кутиб олиб, узр сўраган бўлди. Айтишича, Самарқандда доришунослар танловида қатнашиб, ғолиблар қаторига илашмабди, тўғрироғи, ташкилотчилар пора сўраган экан, жаҳл қилиб, соврин керакмас, деб уйга қайтибди.
Мен бу сўзларга ишонмадим. Кўнглим ғаш тортди. Ғашликка яна бир сабаб, у ора-чора менинг қошимга, лабимга, бармоқларимга син солиб қараётгани бўлди.
* * *14 ноябрь
Мен темиратки деб ўйлаган нарса, ҳайҳотки, бошқа бало бўлиб чиқди. Автобусда уйга қайтаётган чоғим бир таманно аёл юзимга ғалати қараганини пайқадим. Ҳамроҳига: “Тавба қилдим, гулдай қиз лабидан бузилибди-я”, деб шивирлагани қулоғимга чалиниб, ичимдан зил кетдим.
Хавотиримни онажонимга тўкиб солдим. Онам юзимни икки кафтига олиб ёруғликка тутиб, бирпас қарадию елкаси учиб йиғлаб юборди:
– Вой шўрим-а, шўрликкина бошим-а! Энди бу кўргилик ҳам бормиди! Жон болам, қошингга қошлиқми, ўсма-пўсма қўй, лабингга бўёғингни сур, оқариб қопти-я, етти уруғимизга йўламаган нарса-я! Худога нима ёмонлигинг бор эди-я, шунча ургани етмасмиди? Сендан бошқа ёмони йўқмикан-а? Вой болам-а!
Икки дунё зимистон бўлди.
Олмос нега тайсаллаб қолганини тушундим. Тонггача худога йиғлаб илтижо қилиб, жойнамоз устида ухлаб қолибман.
Тушимга олти ёшлик пайтим, боғчадан қизамиқ юқтириб келган кунларим кирди. Ўша-ўша манзара: бошимгача майда тошмачалар босиб кетгани сабаб сочим олиб ташланган, митти пуфакчалар сув ёриб ёйилмасин деб кўкдори теккизилганидан юзим ажи-бужи бўлиб кетган, ирим қилиб қип-қизил гулнор кўйлак кийгизиб қўйишганидан масхарабознинг ўзгинаси бўлиб қолганим, ойнага қарагани юрагим бетламай тошойнага дастурхон ёпиб қўйганим, юзимни сийпалаб лаб буриб йиғламсирасам онам қучоқлаб кулгани, акам “Олабўжини кўрмадингларми?” деб менга тегишгани, опаларим бир-бирларига қараб сирли кўз қисишгани, кўрпага бурканиб ўксиб ётганларим… эшикдан қучоқ ёйиб кириб келган дадажоним бошимни силамоқчи бўлса нари қочиб, тегинманг, сизгаям юқиб қолади, деганимда кўзларини катта-катта очиб қараб қолгани, бобом исириқ айлантириб дам солаётганида энди тузалмайманми, деб баралла йиғлаб юбориб ҳаммани чўчитганим… барини кўзгудагидек аниқ-тиниқ кўрдим.
* * *Эртаси кўчага одам чиқмасдан, саҳарлаб шифохонага бордим.
Мени кўрикдан ўтказган врач кўнглимни кўтариб, бу ҳеч нарса эмас, жиддий касаллик ҳисобланмайди, фақатгина жигар фаолияти бузилган холос, деб дори ёзиб берди. Умидим учқунлади. Енгил тортдим. Онамнинг ҳам чеҳраси ёришиб, шифокорни дуо қилди.
Парҳез тутдим, суртма малҳамларидан ниқоб чаплаб уйқуга ётадиган бўлдим.
* * *15 ноябрь
Олмос энди ҳар ҳафтада бир бор, фақат жума куни СМС ёзадиган бўлди. Энди ўйлаб қарасам, бу йўқлов шунчаки мажбурият юзасидан, бир пайтлар ичилган қасаму, берилган ваъдалар уятидангина қилинган экан… Мен ҳам уни ортиқча безовта қилишни хоҳламасдим…
Табриклар қисқагина, беш сўздан иборат бўлиб: “Ассалому алайкум. Жума муборак бўлсин!” тарзида худди қолипдан чиққан ғиштдай келар, менинг ҳам жавобим: “Раҳмат, сизга ҳам! Борингизга шукур” қабилида эди…
* * *Сессия бошланиши арафасида ўқув хонамиз эшиги тақилладию устозимиз мени чақириб, бир аёл сўроқлаб келганини айтди. Ҳайрон бўлиб чиқдим, йўқловчи билан салом бериб сўрашдим… Аёл Олмоснинг онаси эканлигини, гаплашиб олишимиз зарурлигини айтиб, ташқарига етаклади.
Спорт майдончасидаги ўриндиқларнинг бирига бориб ўтирдик… Ўртага ноқулай, зил сукунат чўкди. Юрагим биринчи марта қафасга тушган каптар каби потирлар, қош-кўзимдаги нуқсонни яшириш учун ерга қараб, бармоқларимни мушт қилиб беркитиб ўтирардим.
Аёл биратўла муддаога кўчиб қўяқолди. Яқинда Олмосни уйлантиришларини, тагли-тугли, ўзларига муносиб хонадоннинг қизини сўраб қўйишганини, кеча тўй кунини белгилаб келишганини айтдию бошимдан бир челак муздай сув қуйгандай бўлди… Менинг қарашимдаги савол аломатини пайқаб, норози оҳангда бизникига борган эркак совчилар Олмоснинг домлалари эканини, бу ўзбошимчаликдан оила бехабар ва норозилигини писанда қилди.
Мазам қочди, кўнглим беҳузур бўлиб, кўзим тинди, еру осмон чайқала бошлади. Энди аёлнинг овози булутлар ортидан, майсалар остидан келарди:
– Ҳа, қизий, ҳаётни ўйинчоқ билибмидинг? Ҳар кимнинг азалий қисмати бор, уни ўзгартиролмайсан. Ё чиройинг билан тақдир яратмоқчимидинг? Ҳусн ҳам омонат нарса, бугун бор, эрта – йўқ! Тўғри юрганингда юзингга доғ тушмасди, хўпми? Кўзгуга бир қара! Нималигинг эсингдан чиқмасин! Кўрпангга қараб оёқ узат!
Мени Шоира опамникига дугоналарим олиб келиб ташлашибди. Эртасига бор гапни опамга тўкиб-солдим. Опам ҳам бошимни қучоғига олиб мунчоқ-мунчоқ йиғлади. Шунда… дунёда мени ушлаб турган ягона илинжимдан, биттагина умидимдан ҳам ажралганимни ва… Шоира опамдек қиёматли жигарим борлигини англаб етдим…
* * *19 ноябрь
Вақт ўтган сайин ҳолсизланиб бораётган эдим, асабийлашсам қўлларим қалтираб қоладиган бўлди. Аста-секин бармоқларим ва оёқларим панжалари оқариб кела бошлади…
Учинчи босқичда ўн кунча ўқигач, Қоровулбозорга пахтага кетдик… Сал-пал юракка шамол теккандай бўлди… Кейин пахта чаноғи қўлимни тилган жойлари оқариб кетди. Сўнгра доғлар ёйилиб, аъзойи баданимга лахтак-лахтак бўлиб тарқалди…
Бир кун далага отланиб турсам, деканимиз ёнимга келиб:
– Нега бунақа бўляпти? Бу жиддий касаллик, ота-онангга айт, дўхтирга кўрсатишсин, – деди.
– Хўп, айтаман, – дедиму, кимга айтишимни, кимдан нажот кутишимни кўз олдимга келтиролмадим.
Аслида, яқинларимдан йироқ юриш менга маъқул эди, уларнинг ваҳимали куйинчаклиги, шафқати мени зада қилган, айниқса, тўзғиб бораётган чиройим билан онамни об-оташларга ташлашни истамасдим.
* * *23 ноябрь
Касаллик авж олгани сари одамови бўлиб борардим, сабаби аён, ҳамма устимдан кулаётгандек, раҳми келиб, ачиниб қараётганлар ҳам ич-ичидан мамнундек туйилар, хайрият, бу дардга мен чалинмаганман, деб кўксига туфлаётгандек кўринарди.
Декандан илтимос қилиб, штабда қоладиган, ош-овқатга қарайдиган, супур-сидир билан шуғулланадиган бўлдим. Ишимни талабалар даладан қайтгунча бажариб қўйиб, каравотим жой олган бурчакда китоб ўқиётгандай ўтирардим. Улар қий-чув қилиб кириб келишганида ўзимни уйқуга солиб ётган бўлардим. Аста-секин бу ҳолатга мен ҳам, бошқалар ҳам кўникди. Лекин юқори курс талабалари, айниқса, илгари менга севги изҳори қилиб, рад жавоби олган Аҳад деган бола “Бу пиширган овқатни биз емаймиз, таъбимиз тортмайди”, деб жанжал қилдию яна тинчим бузилди.
Эртаси куни ўз ихтиёрим билан индамай далага чиқиб кетдим.
* * *26 ноябрь
Ёзиш қийин бўляпти, акажон…
* * *2 декабрь
Сессия тугаб, таътил берилди.
Мен тўрт-беш кун университетда ушланиб қолдим. Имтиҳондан кўнгилдагидек ўтолмаган даъвогар талабаларнинг баҳолари учун курашиб, журналларни тўлдириб, кейин қишлоққа қайтдим.
Шу кунлар ичида лабимнинг пастки қисмидан бўйнимгача оқариб кетди. Буни қандай яширишнинг йўлини тополмай, ақлдан озишимга оз қолди.
Энди мен кечаю кундуз ўзимни, тақдиримни, бутун дунёни қарғардим, ўзимга ўзим ўлим сўраб Парвардигорга илтижо қилардим: “Эй худо, дердим, аввало, мени яратмасанг нетарди? Баски, яратибсан, мурғаклигимда омонатингни олсанг бўлмасмиди? Ҳеч қурса, шу бугун, шу дақиқада осон ўлим бериб, жон қушимни озод қилсангу мен ҳаммадан, ҳамма мендан қутула қолса, тез эсларидан чиқаришса… шу сенга қийинми? Мендан ҳазар қилмайдиган дадажонимнинг ҳузурларига борсам, юзтубан тушиб оёқларини ўпсам, айтсамки, жон дадажон, сиздан бошқа ҳеч ким мени яхши кўрмас экан…”
Кўзларимдан сел-селоб ёш тўкардим-да, яна бечора онаизорим ёдимга тушиб, тавбалар қилардим…
Таътил тугади. Мен ўқишга бормадим, тўғрироғи, боролмадим. Аввал курсдош дугоналарим, гуруҳ раҳбаримиз, кейин деканимиз ва шаҳардаги қиёматлик опам ҳаммалари телефон қилиб чақиришди, лекин зинҳор-базинҳор оёғим тортмади.
Деканимиз уйимизни излаб топиб келди. Аҳволимни кўриб кўзёшини тия олмади, охири тақдирга тан бериш керак, пешонада шу савдо бор экан-да, ўзингни тут, деб маслаҳат берди, сабр тилади, ўқишга ундади…
Аммаю холалар бирин-кетин кўришга, ҳол сўрашга келишди…
Беморни кўрганда ҳамма табиб, беморга кўринган ҳар ким табиб, деганларидай, ҳар бири минг хил маслаҳат берди, бу жонкуярликлар, бу дардкашликлар жонимни ҳиқилдоғимга кўтарди.
Бир пайт ҳуснимни кўролмай куйканаклик қиладиган опалариму холаларим келишди, негадир уларнинг кўзлари туб-тубида “йилт” этган қувонч, оғизларининг четида кулги кўргандай бўлдим. Ўйладимки, бу дард мени худбинлаштириб, тубанлаштириб боряпти шекилли, ҳамма нарсада ёмонлик кўрадиган, қидириб топадиган бўлиб қолдим.
Қўшнимиз Гулфом хола “Эй қизжоним, бу сенга худонинг марҳамати, юзларингни, маҳрам жойларингни ёпиб юр, рўмол ўра, бетингни ёп дегани, демакки, сендан ибодату зуҳд сўрал япти”, деб тақвога чорлади. Шундоқ ҳам мен бомдод намозини имкон қадар канда қилмасдим, раҳматли бобомнинг художўй навараси эдиму, бироқ кутилмаган бу шўриш эсимдан жудо қилиб… астағфируллоҳ, астағфируллоҳ… худойимдан ҳам ҳафсалам пир бўлганди…
* * *3 декабрь
Туман тери касалликлари шифохонасида ётиб чиқдим.
Бу ҳам мен учун ўта оғир ҳақорат бўлди. Оти хунук бу масканда аксарият енгилоёқлик оқибатида таносил касаллигига чалинган ахлоқи бузуқлар ётарди.
Кўргани келган Шоира опам зудлик билан шаҳарга олиб келди, пулнинг зўри билан таниш-билиш топиб, энг донғил дўхтирларга қаратди.
Шу тариқа қиш чиқди.
Муолажалардан фойда бўлмади…
Ҳеч нима ўзгармади…
* * *Бошқа ёзолмаяпман, акажон…
Кейинроқ ёзарман…
* * *7 декабрь
…Бечора онамнинг қистови билан эскича ирим-сирим қилиб, номи чиққанки мулла-бахши-парихонларга ихлос қилиб, эшикларида ҳафталаб ётиб юрдик.
Туркистонга машҳур Муҳаммаджон табибни қидириб бориб, товламачиларнинг қўлига тушиб, бор-будимиздан айрилдик.
Устюрт этагидаги Оқмозор бувага ит азобида етиб бориб, оқ қўй сўйиб, қонини баданга суриб, эҳсон қилиб келдик.
Зангиота бувам хилхонасида чилёсин ўқилди, бир отинчанинг жазавасидан юрагимиз тушиб, обдон қамчисини едик…
Бу гапларни кўпликда ёзаётганимни тушунаётгандирсиз, сафарларда онажоним мен билан баравар заҳмат чекиб, мендан кўпроқ умидвор бўлди. Лекин… бу расм-русумлар, ҳаракату харажатлар алалоқибат бефойда бўлиб чиқди.
Яна уйга қайтиб, узлатга берилдим.
* * *8 декабрь
Яна Гулфом хола маслаҳатгўй бўлди, эмишки, Қизилқумнинг одамтопмас бир ерида Хожа Уббон деган авлиёнинг мозори бор экан – ўша даргоҳда қирқ кун чилла ўтириб, муолажасини олган киши қирқ йиллик дарду ғуборидан фориғ бўларкан.
Негадир холанинг бу таклифи менга нажот йўли бўлиб кўринди. Қирқ кунда тузалиб келаман, деб қатъий ишондим, бу сафар ҳам онам ҳамроҳ бўлди. Бир ҳожатбарор ҳайдовчини топиб, мени ўша манзилга олиб борди.
* * *Бу мўъжизакор макон чўли биёбоннинг нақд ўртасида воқеъ бўлиб, масжидга ўхшаб қурилган хонақолар, катта-катта, кенг ва узун айвонлардан иборат эди.
Шифоталаблар ниҳоятда кўп: чоллар, кампирлар, эркаклар, аёллар, йигитлар, қизлар, ёш болалар – ҳамма тоифа бор… Бировига қараб англадимки, менинг дардим ҳолва, бошқасига боқиб, ўз ҳолимга раҳмим келди…
Онам мен билан уч кун ўтирди. Иссиққа юраклари дош бермади, акам келиб олиб кетди.
Биз битта ҳужрада етти киши яшардик, биримиз Андижондан, бошқамиз Чимкентдан, Ўшу Исфарадан ҳам бор…
Бировнинг биров билан иши йўқ, ҳамма ўз дарди-дунёси билан овора, умиди узилганлар ва узиладиганлар… шуларга кўникиб яшай бошладим…
Қиладиган ишимиз – нонуштадан кейин чўлга чиқиб кетамиз, эрталаб соат еттидан чошгоҳгача жазирама қуёш тиғида онадан туғилгандек белибос тобланиб ётамиз. Ҳужрада ҳар кун бир одам навбатчиликка қолади. У хонадошлар қайтиб келгунга қадар супуриб-сидириб, идиш-товоқларни ювиб, овқат тайёрлаб қўйиши керак.
Онам уйга кетганидан кейинги кун мен навбатчиликка тушдим. Ҳамма ишларни саранжом қилиб, сув олиб келгани қудуққа бордим.
Қудуқни хосиятли дейишар, унинг ёнига савобталаблар ун, гуруч, мой, туз каби заруратларни ташлаб кетишар, биров у инсонларни кўрса ҳам кўрмаганга олиши урф экан.
Жума кунлари қудуқ тубида ой ва юлдуз ёрқин кўринар, ким бунга гувоҳ бўлиб ниятини айтса, орзуси ушалади деган гапни ҳам эшитгандим. Шундан бери қудуққа ихлос уйғониб, бор илинжим шунга боғланган, жума бўлмасаям, қудуққа бош суқиб тилак айтардим. Мўъжиза рўй бериб сиҳат топсаму одамзод яшамайдиган бирор овлоққа тушиб, умримнинг охиригача ўша ерда яшаб қолишни чин дилдан истардим. Искандарнинг сартароши қудуққа сирини айтса, мен истак-орзуларимни унга тўкардим. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади-ку, тўғрими?
Сув олаётсам, бир қиз челак кўтариб келди. Саломлашдик, танишдик. У менга бошдан оёқ бир қараб чиқиб:
– Биринчи йил келишингизми? – деб сўради.
Мен тасдиқ ишорасини бериб, сиз-чи, десам, у:
– Ҳа-а, мен эски песларданман, ўн икки йилдан бери қатнайман, – деди бамайлихотир.
Чаён чаққандай турган жойимда бир сакраб тушдим.
– Нима?! Ўн икки йил?! – қулоқларимга ишонмай, қайтиб сўрадим.
Аҳволимни кўриб елкамга уриб қўйдию:
– Ҳа, хафа бўлманг, ҳали кўникиб кетасиз, – деди маҳзун жилмайиб.
Сув тўла челагим қудуққа тушиб кетди, суҳбатдошим менга ёрдамлашиб, кейин ўзининг челакларини ҳам тўлдириб, жўнади.
Унинг гаплари миямда қовоғаридек бетиним ғўнғилларди: “эски песлардан…” “ўн икки йил…”
Гангиб, ўтириб қолдим. Қанча қолиб кетганимни билмайман… Хаёлимда биргина савол: мени ҳам пес деб аташадими энди?
Шу чоққача бу касалликни дард деб юраверибман-у, идрок этмаган эканман. Атрофимдагилар ҳам бу сўзни товуш чиқариб айтишмаган экан.
Номининг ўзи дарддан кўра даҳшатлироқ… Ҳайҳот!
Англаган ҳақиқатим – пес бўлган эканим ва бу дард тузалмас, бедаволиги… Дунёдан мутлақо узилиб қолганим, ҳаётим ҳайратланарли даражада арзимаслиги, ночорлигим, бечоралигим…
Саволлар юрак-бағримни тилка-пора қиларди.
Ҳужрага қайтиб, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман, хонадошлар келишсаки, овқат йўқ. Ҳаммаси хафа бўлишди, кейин эркалигимга, янгилигимга йўйишди. Ўзлари шавла пишириб, мени дастурхонга чақиришди, ўрнимдан турмадим. Қаеримга ейман овқатни, нима учун, қайси куним учун?
Тушдан кейин бир аёлдан ўрнимга навбатчилик қилишини сўрадим ва ўзим чиқиб кетдим, узо-оқ-узоқларга, ҳеч кими йўқ жойларга…
Кечга қадар шу аҳволда бесару сомон юрдим. Ҳужрага қайтишга оёғим тортмади…
* * *9 декабрь
Ассалому алайкум. Узр, акажон, кўзимнинг босими азоб беряпти, ёза олмаяпман. Озгина дам берай, кейин ёзаман…
* * *15 декабрь
Оқшом саргардонликдан қайтгач, мозор ёнига келиб ўтирдим…
Гаплашдим, дардлашдим…
Йиғлаб-йиғлаб қабрга бош қўйиб ухлаб қолибман.
Бир маҳал кимдир туртгандай бўлди, кўзимни очиб қарасам, бир мўйсафид чол:
– Жинмисан, шайтонмисан, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ! – деб юзимга қўлчироқ тутиб турибди. Хижолатдан сўз тополмай қолдим.
– Йиғлабсанми, йиғлабсан-а? – деди у энгашиб. Индамадим. – Қўрқмаяпсанми бир ўзинг бу ерда? Вақт алламаҳал…
– Кимдан қўрқай? Бу ерда қўрқадиган одам йўқ-ку, – дедим аламли йиғи аралаш.
– Нима, бу ерларда янгимисан? – сўради қизиқиб. Яна индамадим. – Ҳа, биринчи йил келишинг! Дастлаб шунақа бўлади, хафа бўлма, кўникиб кетасан. Ҳали бу ерга меҳринг уйғониб, кетгинг ҳам келмай қолади. Ҳа, болам-а, бу ердақа тинч жойни топиш амримаҳол. Ҳеч ким сенга тегмайди, озор бермайди, паст назар билан қарамайди, дастурхонидан ажратиб қўймайди. Бу ернинг асл хосияти ана шунда. Бунда ёмон одам йўқ, ҳаммасининг юраги яримта, озурда одамлар. Кеча-кундуз кўнглингга қараб гапиради, чунки булар дил оғриғини жуда яхши билишади. Хафа бўлма, шукур қил, сабрнинг таги раҳмон, – деб ўзи ҳам этаги билан қабоқларини артди.
– Яна қанча сабр керак? – деб баралла йиғлаб юбордим…
Чол ёнимга беҳол чўкди-да:
– Мана, мен, қирқ беш йилдан бери шу ердаман, – деб ўзи ҳақида гапира кетди… Қачонлардир бахтиёр яшагани, шакардан ширин фарзандлари даврасида шодумон кун кечиргани… ва худо қарғаган бир куни ишдан келса, хотини бегона эркак билан шармисор ўтиргани, ҳар икки бузуқни калтаклаб ерпарчин қилиб, уйдан чиқиб кетгани… бугун уч фарзанди уни тан олмаслигини айтиб, “Уйландиму, рўзғор топмадим, фарзанд кўрдим, ота бўлмадим, кўзим кўрди, қўлим тутмади, саксондан ошдиму, яшаганим йўқ”, деганлари мен бўлсам керак, – деб қўшимча қилди. – Лекин навмид эмасман, Аллоҳнинг висолидан умидим бор, кўп қатори қудуқ ёнига сочилган ризқдан баҳрамандман, бировдан тамам йўқ, талашадиган нарсам йўқ, беғаразман, тўрт мучам соғ, дилимда қаноат ва сабр ҳоким… ҳа, болам-а, бу оламда минг йил Фиръавндек давр суриб яшасанг ҳам қаноатинг бўлмаса, бадбахтлигингча қулоғингни ушлаб кетаверасан…
“Бу ким бўлди? Хизрга учрадимми? Қушқўнмас бир манзилда қароғлари умид шамчироғини ёқиб турган бу зот ким бўлса экан?”
– Мен бугун Хожа Уббон мақбараси жорубкаши – супурувчисиман, – деди чол фикримни ўқиётгандай, – жаннатмакон Навоий ҳазратлари “Пири Ҳирот” – Хожа Абдулла Ансорий мозорига жорубкаш ўлсайдим деб сўрагани тарихдан баён… Мен ул малик-уш шуаро, амир-ул умаро қошида ким бўпман? Аммо… мен ҳам дунё ташвишини супуриб, Хожамнинг жорубкаши мақомини тутганимдан хушбахтман.
Ўзини авлиёман, дунёга устунман деб билиб-билдириб, бандага қайишмай, элга бакор келмай юрган бебурд қанча… Менинг авлиёмнинг жонсиз тани, лойсувоқ мақбараси қанча-қанча дили куюкка эм бўляпти, умид беряпти, кўзини очяпти… Агар менга ўн қайта умр берилса, қўлимдаги супургимни зинҳор ташламаган бўлардим.
Мана, эгали қуш каби қорним тўқ, қайғум йўқ, тилим дуода, дилим худода… Мендан бахтли борми?
Мен аввалбош мўйсафиднинг юз-кўзига қараб тааллуқли касаллик изини тополмай, балки кўзкўрмас жойларидадир, либоси ортида пинҳондир, деган ўйда эдим. Воажаб, шу фикр миямда қайта уйғонган пайт чол кўзларимга мулойим қараб яна гап бошлади:
– Ҳа, болам, менда тери асорати йўқ, вале мен ҳам аёлим туфайли эл ичра юролмай, халқ ичра туролмай қолганман. Ҳамма мени масхара қилар, кўрсаткич бармоғини тўппонча қилиб ўқталар, турмуш нелигини билмаган такаббур ўспиринлар жирканиб юз бурар, дўстларим аро тили қисиқ бир банда бўлдим. Кўп кентларни, қишлоғу овулларни кездим, водариғ, қайда бўлмай маломат тоши ортимдан етиб келиб бурнимни қонатаверди. Гўё гуноҳ қилган хотин эмас, мен, уч фарзанднинг шаънини ўйламай ўйнаш қидирган у эмас, мен, Яратганнинг нигоҳидан қўрқмай шайтоннинг қўйнига кирган осий анави эмас, мендек… – Шундан кейин чол қулочини ёйиб, зиёратгоҳни кўрсатди-да, сўзида давом этди, – ниҳоят, мана шу авлиёнинг паноҳига қочиб келдим, минг шукурки, шу ерда қирқ беш йилдан бери кўнглим ҳузур-ҳаловатда… Баъзан ўйлаб қоламан, эҳтимол, ростдан ҳам айб мендадир. Бирламчи, хотинга хиёнат учун имкон яратиб берганим, иккиламчи, маломатни ўзимга олганим… ҳолбуки, бундан бешбаттар шармандалар ҳеч нарса бўлмагандай ўйнаб-кулиб ўз уйида яшаб юрибди. Биров кулса, кўрмаганга, гап қилса эшитмаганга олиб…
Яна, ошкор бўлмаган шармандалар қанча!
Одамнинг оласи ичида, дегандай, инсон деган умумий ном остида умр суриб ўтаётганларнинг ҳисоби бормикан? Э-э, улар билан энди ишим йўқ, ҳар кимнинг дори-сиртмоғи алоҳида, ҳар ким ўз қилмишига ўзи одил Пошшо олдида жавобини бераверади. Сен эса, қизим, таслим бўлма, ҳаётдан, бахтдан умидингни узма! Ҳали ёшсан, ҳаммаси олдинда…
Йўқолган нарса қайта топилса, қадр-қиймати аниқ билинади. Сен ҳам ўзингни йўқот, ўзингни йўқ деб ишон, тасаввур қил, ана шунда вақти соати етиб кимлигингни англайсану қадрингни ҳам, қимматингни ҳам билиб оласан.
Энди тур, ҳужрангга бор, ўзингни чалғит, одамнинг тафтини одам олади, шерикларинг билан дилдош бўл…
Мен бобомни қайта топгандай, йўқ, Ҳувайдо бобонинг ўзини кўргандай бўлдим.
* * *16 декабрь
Эртаси тонг саҳар қайтиб келиб яна Бобога салом бердим. У Хожа Уббон ҳикоятини сўзлаб берди.
Бу худонинг дўсти кофирларга қарши жиҳод эълон қилган, қанчадан-қанча ғайридинларни иймон қопқасидан ичкари тортган комил зот эди. Душмандан чиққан дўстлару дўстдан чиққан душманлар ҳар қанча ҳийла қўлламасин, найранг қилмасин, авлиёнинг бир тукига ҳам зарар етказа олмас, билъакс, уларнинг касофати ўзларига уриб, кўру шол, кару лол бўлиб, Арш Эгаси қаҳрига гирифтор бўларди.
Авлиёга фақат бир вазиятда – жойнамоз устидалигида – руҳи Маккатуллоҳда намоз ўқигани кетиб, жисми ҳимоясиз қолгандагина шикаст етказиш мумкин экан. Бу сирдан хабардор хотини ғанимга бир тизим садаф маржон эвазига бошпаноҳини сотибди.
Душманлари намоз вақтини пойлаб, бостириб кириб, саждага кетган қутлуғ бошга қилич сермашибди.
Қибла томонга думалаб бораётган бошдан қаёққа кетяпсан, деб сўрашса, “Каъбатуллоҳга, дўстимнинг уйига кетяпман”, деб жавоб бераркан.
Бетавфиқ хотин бўйнига таққан маржон бирдан илондай чирмаб, исканжага олибдию бўғиб-бўшатиб азоб бераверибди.
Авлиёнинг бошсиз танасини олиб келиб шу жойга дафн этмоқчи бўлишганида эргашиб келган оқ тулпори манави қудуқ ўрнида бош эгиб, кўзёш тўкаверибди-тўкаверибди. Шу зайл қудуқ бино бўлган экан.
Гумроҳ хотин бўйнидаги оқ занжирдан халос этишини сўраб эрининг қабрига бошларини уриб ёлбораркан, эмишки, тун ва тонг оралиғида бу бечораҳол афтода аёлни кўрганлар ҳам, оҳу фарёдини эшитганлар ҳам бормиш.