
Полная версия:
Буюк Гэтсби

Фрэнсис Скотт Фицжеральд
Буюк Гетсби
I БОБ
Инсон ёшлик йилларида жуда таъсирчан бўлади. Отамдан узоқ вақт хотирамда тамғаланиб қолган бир маслаҳатни сира унута олмайман.
– Мабодо, сен тўсатдан кимнингдир устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсанг, – деган эди отам, – бошқа инсонларда бўладиган фазилат сенда бўлмаслиги мумкинлигини ёдингда тут.
Отам ортиқча сўз айтмас, аммо бир-биримизни бир қарашдаёқ тушуниб олардик. Отамнинг гаплари заминида бошқа маънолар ҳам борлигини мен яхши билардим. Ана шундан буён менда босиқлик билан фикр юритиш одат тусига кириб қолган. Отам ичимдагини топ одамлар қалбига йўл топишда менга катта мактаб бўлган эса-да, худобезори кимсалар қилиғи қурбони бўлишимга ҳам сабабчи бўларди. Агар бу босиқлик оддий, росмана одамда мужассам бўлса, уни ҳар қандай думбул одам ҳам дарҳол англаб олади ва унга чиппа ёпишиб олишга ошиқади; коллежда ўқиб юрган кезларим ўртоқларим мени ичидан пишган деб аташар, бировларга аралашвермайдиган одамови ва бўлар-бўлмасга валдирайвермаганим сабабли улар юракларидаги сирларини менга ишониб айтардилар. Дўстларимнинг менга ишониб айтган сирларига шерик бўлишни истамасдим, чунки бировлар сирини сақлай оламанми-йўқми, билмайман, ҳатто уларнинг гапини эшитиб, эснаб ўтирган пайтларим ҳам бўлган. Ўзимни китоб ўқиётганга ёки пинакка кетгандай қилиб ўтирардим; ахир ёшларнинг ботиний сирларини миридан-сиригача эшитишни ҳар қанча истасам-да, улар сирларини охиригача айтишмас эди. Босиқлик билан фикр юритиш катта фазилат. Муҳим маънавий қадриятларни сезиш қобилияти барчага ҳам бирдай берилмаганлигини ёддан чиқарсам, бирон нарсани унутиб қўйдиммикан, деб хавотирга тушаман.
Ўзимнинг сабр-тоқатли эканлигимни қанчалик яхши билсам-да, бунинг чегараси борлигини унутмаслигим керак. Турли тоифадаги инсонларнинг хулқ-атвори турлича бўлади – баъзилариники ўта қаттиқ, ўта мураккаб, баъзилариники ўта юмшоқ. Баъзан уларнинг хулқ-атвори остида нимадир яширингани мени қизиқтирмай ҳам қўяди. Ўтган йили куз фаслида Нью-Йоркдан қайтгач, инсон феъл-атворининг нақадар мураккаблигини тушундим. Ўз манфаатлари учун кишилар ёвузликдан ҳам тоймасликларини билиб олдим. Шу-шу мен инсонларнинг ботиний сирларини билиш учун ўзгалар қалбига қўл солишни истамай қолдим. Фақат номи шу китобга битилган Гэтсби исмли инсонгина бундан мустасно эди. Гэтсби мен нафратланадиган ва хуш кўрмайдиган барча нарсани ўзида мужассам этган инсон каби туюларди, наздимда. Ҳар бир кимса қобилиятига қараб баҳоланадиган бўлса, бу инсон мутлақо жумбоқ эди. Ҳаёти сир-синоатга тўла. Бу инсонда ҳаётда барча икир-чикирларига нисбатан ажабтовур бир сезгирлик мужассам эдики, гўё у ўн минг миль нарида содир бўлган ер ости силкинишларини қайд этувчи мураккаб асбобга ўхшаб кетарди. Унда ҳозиржавоблик, дарҳол бошқача қиёфага кириб олиш, сўзамоллик хислати устун эди. Бу табиатнинг унга берган ноёб инъоми эди. Унинг қалбида жўш урган ғайратни ҳеч кимда учратмаганман ва бундан кейин ҳам учратмасам керак. Йўқ, Гэтсби пировард-натижада ўзини кўрсата билди; унинг фикрларини чулғаб олган ва уни эзиб турган заҳарли қурум тез барҳам топувчи инсон изтироблари ва хурсандчиликларига бўлган қизиқишни вақтинча сўндирган эди.
Мен ҳурмат-эътиборга лойиқ боёнлар оиласиданман. Мазкур оиланинг учинчи авлодига мансубман. Авлод-аждодимиз Ўрта Ғарбий шаҳарда таниқли насаблардан эди. Коррауэй катта бир уруғ-аймоқ бўлиб, оилавий келиб чиқишига кўра, у Бэклу герцогларининг ворислари ҳисобланар, очиғи, бувамнинг акаси бу шажарага асос солган десак, тўғри бўлур эди. У 1851 йили бу ерга кўчиб келгач, федерал армиясида хизматни ўташ учун бир кишини ўз ўрнига ёллаган эди. Ўзи эса бу ерда майда-чуйда темиртерсакларнинг улгуржи савдосини йўлга қўйиб юборди. Эндиликда бу ишлар билан менинг отам шуғулланмоқда.
Бобокалонимни кўрган эмасман, лекин айтишларича, мен унга жуда ўхшаб кетарканман. Отамнинг идорасида сурати деворда осиғлиқ бадқовоқ бувамни ҳамиша менга ўхшатишади. Мен Иель университетини тугатдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, Жаҳон урушида қатнашдим. Урушдан қутулиб уйга кайтганимда ҳафсалам роса пир бўлди. Ўрта Ғарб энди кўзимга ҳаёти оғир гўша эмас, балки ўта зерикарли бир ер бўлиб кўринмоқда. Шарққа кўчиб кетдим ва у ерда кредит ишини ўрганишга аҳд қилдим. Барча таниш-билишларим кредит ишлар билан шуғулланишади; наҳотки мендек бир инсонга шу соҳада иш топилмаса? Барча оила аъзолари жамулжам бўлдик, масала мен кирадиган ўқув юртини танлаш ҳақида эди; аммаларим ва амакиларим пешоналарини тириштириб, узоқ маслаҳатлашгач, ниҳоят, қатъиятсизлик билан “хўш” деб қўйдилар, холос. Отам менга бир йил молиявий ёрдам беришга розилик билдирди. Ниҳоят, 1922 йилнинг баҳорида мен НьюЙоркка келдим. Бу ердан ўзимга маъқул уй-жой қидирдим. Ёз мавсуми бошланаётган эди. Мен шаҳардаги кўм-кўк ястаниб ётган ўтларга ва дарахтлар соя ташлаб, сўлимлик бахш этган ерларга ошуфта эдим. Дабдурустдан бирга ишлайдиган ходимимиз менга шаҳар чеккасидан ижарага уй олиб, бирга яшаш истагини билдириб қолди. У уй қидиришга тушиб кетди. Мўъжазгина уйни ойига саксон доллар тўлаш шарти билан олдик. Энди кўчай деб турганимизда шеригимни қандайдир иш билан Вашингтонга хизмат сафарига жўнатиб қолдилар, шу сабабли кулбага ёлғиз ўзим кўчиб келишимга тўғри келди. Мен ёлғиз яшамаслигим учун бир кучукчани ўзим билан олиб келдим, бир неча кун ўтмай кучукча уйдан қочиб кетди. Шундан сўнг хизматкор аёл ёлладим, у эрталаб ўрнимни йиғиб, уйларни ораста қилгач, фин тилида хиргойи қилганича менга нонушта тайёрлайди.
Аввалига ўзимни ёлғиз ҳис эта бошладим, орадан уч-тўрт кун ўтгач, вокзал яқинида эндигина поезддан тушган бир кимса мени тўхтатди.
– Кечирасиз, Уэст-Эгга қандай борса бўлади? – сўради у саросимага тушиб.
Мен унга йўлни тушунтирдим-да, йўлимда давом этдим, шунда мени ёлғизлик ҳисси тарк этганини сездим. Бу ерга биринчилар қаторида кўчиб келиб жойлашганим сабабли янги келганларга йўл кўрсата бошлайдиган бўлдим. Бу учрашувлар менинг одамларга қўшилишимга катта ёрдам берди.
Қуёш нури ерни тобора қиздириб бормоқда. Киши кўз ўнгида баҳор фасли бошланиб, куртаклар аста-секин яшил барг ёзмоқда. Табиатнинг қайта уйғонаётганидан қалбим нурафшон бўлиб борарди. Мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим. Мазза қилиб китоб мутолаасига берилишинг ҳам мумкин. Мен иш соҳамга хос ва мос китобларни сотиб олдим. Улар ҳисоб-китоб, кредитга ва қурилишга оид дарсликлар эди. Барчасини жавонга териб қўйдим, китобларнинг ялтироқ муқовалари жавонда қуёш нуридан товланиб, менга фақат Мидас, Морган ва Метценатга маълум бўлган сирларни ўргатмоқчи бўлгандек саф тортиб тизилиб турарди. Лекин мен фақат шу дарсликларни ўқиш билан чегараланиб қолмоқчи эмасдим. Коллежда ўқиб юрганимда менда дабдурустдан адабиётга бўлган қизиқиш кучайиб кетди, ўша пайтларда “Жарчи” газетасига бир қатор чуқур мазмунли ва ишонарли мақолалар ёзиб бергандим, шундан сўнг менда ёзишга иштиёқ кучайди. Бу шунчаки қизиқиш эмасди, ташқарида рўй бераётган воқеаларни қизиқиб назорат қилиш менда одат тусига кириб қолди.
Ҳаётимда бир тасодиф сабабли, мен шимолий Американинг ўзига хос жойларидан бирида истиқомат қила бошладим. НьюЙоркнинг шарқида табиати ниҳоятда сўлим ерлар жуда кўп. У ерда катта орол бўлиб, тепалик ва кўрфазлар бисёр. Шаҳардан йигирма мил узоқликда, ЛонгАйленд кўрфазининг орқа томонида унча катта бўлмаган кўрфаз билан деярли ёнма-ён иккита тепалик ястаниб ётарди. Тепалик тухумсимон думалоқ шаклда эди. Улар шу даражада бир-бирларига ўхшаб кетардики, нафақат одамзод, балки орол устида чарх уриб учиб юрган чағалайлар, барча мавжудотлар ҳам бундан ҳайратда эдилар. Энг ажабланарлиси, бу иккала тепалик бир-бирига жуда ўхшаса-да, нимаси биландир бирбиридан фарқ ҳам қиларди.
Мен Уэст-Эггда яшай бошладим. Кулбам қирғоқдан эллик чақирим нарида, табиати ниҳоятда гўзал орол ёнгинасида жойлашган. У иккита вилланинг оралиғида эди.
Бу жойларга бир мавсумда 12-15 доллар тўлаб яшайдилар. Айниқса, ўнг тарафда жойлашган вилла жуда ҳашаматли эди. У Нормандиядаги ажойиб Ноtel dе villeсига ўхшаб кетарди. Унинг яқинда терилган ғиштлари орасидаги тирқишдан чўмилиш ҳавзаси ва қирқ аркдан иборат боғ кўзга ташланарди. Бу Гэтсби исмли кимсанинг ҳовли-жойи эканлигини яхши билардим. Аниқроғи, бу вилла Гэтсби исм-шарифли кимсага тегишли эди. Яшаётган уйим бу ҳашамдор уйлар орасида кўзга чиққан тирсакдай яққол кўзга ташланиб турарди. Лекин буни ҳеч ким илғамасди. Шунинг учун мен нафақат оролни, балки баҳаво боғларни ҳам мириқиб томоша қилиш имкониятига эга эдим. Ижара ҳақим саксон доллар. Кўрфазнинг нариги тарафида ҳашаматли Ист-Эгг оқ саройининг акси сув юзасида қалқиб туради.
Бу ёз мавсумининг тарихи “ дож” русумли машинамга ўтириб, нариги қирғоқда истиқомат қилувчи Бьюкененларникига борган кечадан бошланди. Дэзи Бьюкенен – менга узоқ қариндош, унинг эри Томни эса университетда ўқиган давримдан буён танийман. Урушдан кейин уларникида – Чикагода икки кун меҳмон бўлган эдим.
Том жисмонан бақувват эди. Нью-Хейвен футбол ишқибозлари ундан кучлироқ чап қанотда ўйновчи бошқа ўйинчини тан олмас эдилар. У ўзига тўқ оиладан. Йигирма бир ёшга етгунига қадар анча-мунча ютуқларни қўлга киритган. Ота-онаси ўта бадавлат одамлардан саналарди. Университетда ўқиб юрган давридаёқ пулни аямай совурар, бу қилмиши учун унга танбеҳ беришарди. У Чикагодан Шарқ томонларга кўчиб ўтишни ният қилди, чавгон ўйини учун бир отхонага сиғадиган пони отларини ЛейкФорестдан олиб келтирди. Бу кимсанинг кўнглига келган ишни қилишга етадиган пули борлигига ишониш қийин.
Томнинг оила аъзолари Шарқ тарафларга кўчиб келишига нима сабаб бўлганлиги менга номаълум. Улар Францияда бир йил истиқомат қилибдилар, сўнгра таниш боёнлар йиғилиб, чавгон ўйнаб, бойликларини совуриш мақсадида Европанинг турли бурчакларини саёҳат қилиб чиқибдилар. Дэзининг менга айтишича, энди улар бир жойда муқим яшашга қарор қилибдилар. Дэзи бу гапни тўғри айтдими ёки йўқми, бу менга қоронғу, назаримда Том худди футболчилардек у юртдан бу юртга кезиб юришни хуш кўрарди.
Илиқ шабада эсиб турган оқшомда икки дўстимни кўргани йўл олдим. Дэзи билан Том яшайдиган жой мен тахмин қилгандан ҳам ҳашамдор экан. Фусункор уйнинг олд томони бўғоз тарафга қаратиб қурилган. Ям-яшил майсазор сув ёқасидан бошланиб, чорак мил узунлиқда майдаланган ғишт бўлаклари териб қўйилган гулзор ва йўлакчалар бўйлаб чўзилиб борарди. Уйнинг олд қисми у бошидан-бу бошигача икки табақали деразалардан иборат; улар ланг очиқ эди. Илиқ шабада деразадан ичкарига урилар, ойналарда қуёшнинг олтин нурлари жилваланарди. Эшик олдида оёқларини керганча, чавандоз кийимида Том Бьюкенен гердайиб турарди.
У Нью-Хейвенда кўрган пайтимдагига қараганда жуда ўзгариб кетганди. Кенг яғринли, ўттиз ёшлар чамасидаги оқ-сариқдан келган димоғдор бу йигит энди ўзини анча тутиб олганди. Одамга қараганда унинг кўзлари тешиб юборай дер, ҳайбатидан от ҳуркарди. Чавандозлик либоси аёлларникидай нафис кўринса-да, унинг жисмоний кучқувватини яшира олмасди; афтидан, кулранг қўнжли этиги болдирларининг бақувватлигидан худди ёрилиб, чокчокидан сўкилиб кетаётгандай кўринарди. Елкаси кенг, билаклари мушакдор эди. Бақувват кўринишидан енгилмас кимсага ўхшаб кўринарди.
Овози бўғиқ бўлса-да, чўрт кесиб гапиришни ёқтирарди, сўзлари оҳангидан феъл-атворининг оғирлиги шундоққина сезилиб турарди. У ёқтирадиган одамлар билан суҳбатлашган пайтда ҳам ўзини улардан устун тутаётганлиги билиниб турар, жуда қайсар ва манман киши эди. Ана шунинг учун ҳам Нью-Хейвенда уни кўпчилик ёқтирмасди. Наздимда у: “Мен сизларга қараганда кучлироқман, сизлар менинг тенгим эмассизлар,” деяётгандай тутарди ўзини. Лекин бошқаларнинг фикрини инобатга оларди. Юқори курсда ўқиб юрган пайтимизда биз талабалар жамиятига аъзо бўлган эдик, гарчи орамизда ҳеч қандай дўстлик риштаси бўлмаса-да, у мени ўзига яқин олар, дўстона фикр алмашиб, маслаҳатлар сўрарди.
Биз эшик олдида учрашдик. Қуёш ботиб бормоқда эди.
– Хўш, уй-жойим ёмон эмас-а, – деди Том ҳовлисига кўз ташларкан. У бир қўлини елкамга қўйиб, иккинчи қўли билан кенг қулоч ёзганча, итальян русумидаги боғини, ярим акр келадиган майдондаги атрофга муаттар бўй таратиб турган гулзорини ҳамда тўлқинда чайқалиб турган моторли яхтасини кўз-кўз қилди.
– Бу қўрғонни нефтчи Демэйндан сотиб олдим.
– У қўлларини елкамдан олиб, мени ҳовлиси томон етаклади.
– Қани, юр ичкарига!
Биз кенг холлдан ўтиб, деворлари ойнаванд, пуштиранг хонага кириб бордик. Деразалар очиқ турар, уй ранги билан уйғунлашиб кетган ям-яшил ранг ойналарда жилваланарди. Ичкарига урилаётган шамол дераза пардаларини гоҳ тепага, гоҳ ён-атрофга ҳилпиратиб ўйнарди.
Хонада жойидан қўзғалмайдиган катта ё ғоч каравот устида иккита ёш аёл суҳбатлашиб ўтирардилар. Улар оқ ҳарир кўйлак кийиб олишган бўлиб, бу кўйлаклар деразадан кираётган шабадада тинмай ҳилпирарди. Мен, назаримда, бир неча дақиқа хона деразаларига осиғлиқ пардалару хона деворидаги шабададан силкиниб турган суратга маҳлиё бўлганча қотиб қолдим. Нимадир тарақлаб кетди. Том Бьюкенен деразаларни ёпди. Ташқаридан кираётган шамол таққа тўхтади. Дарпардалар ҳилпирамай қўйди.
Ёғоч каравотда ўтирган аёллардан ёшроғи менга нотаниш эди. У узала тушиб ётар, энгагига нимадир боғланган эди. У мени кўрмаганга солди. Мен уларнинг оромини бузганимдан кечирим сўрадим.
Иккинчи аёл Дэзи эди. У ўрнидан қузғалди-да, истиқболимга юриб кела бошлади. У жарангдор ва мафтункор овозда гапириб, кулиб келарди. Мен ҳам юзимда табассум, унга пешвоз чиқдим. Хурсандлигимдан турган жойимда қотиб қолган эдим.
Дэзи, худди кулгили сўз айтгандек, яна хандон отиб кулиб юборди. Қачондан бери мени кўришга муштоқдек, қўлимни қаттиқ сиқиб кўришди ва мафтункор кўзларини менга тикди. Дэзи каравотда узала тушиб ётган нотаниш аёлни Бейкер деб таништирди.
Бейкер хоним беихтиёр нималарнидир шивирлаб, бошини аста тебратиб қўйди, энгаги остидаги нарсанинг тушиб кетишидан қўрқиб, бошини оҳиста орқага ташлади. Ўзимни ноқулай ҳис этдим. Яна кечирим сўрадим.
Қариндошим Дэзи ингичка овозда ҳаяжонланиб мени саволларга кўмиб ташлади. Унинг гаплари гўё ёқимли мусиқадек эшитиларди. Дэзи жуда гўзал эди, лекин чеҳрасига қандайдир ғам соя ташлаб турганлиги аниқ сезилиб турарди, кўзлари чақнар, ғунчадек лаблари кишига жон бағишларди. Унга қанча йигитлар ошиқ бўлмаган дейсиз, қўнғироқдек майин овози барчани мафтун этиб, “менга қулоқ беринглар”, деган оҳангда жарангларди.
Мен Дэзига Нью-Йоркдан қайтишимда Чикагода бир кеча қолганимни, унга кунлаб дўстлар салом айтиб юборишганини айтдим.
– Демак, менсиз у ерда зерикишаётган экан-да? – деди Дэзи қувончи ичига сиғмай.
Ҳа, бутун шаҳар мотамда. Барча машиналарнинг чап ғилдираклари қорага бўялган, мотамсаро.
Танобий хона, даҳлиздан йиғи ва “оҳ-воҳ” овозлари эшитилмоқда, кечалари – дедим ҳазиллашиб.
– Шундай дегин, қандай яхши! Том, ортимизга қайтамизми? Эртагаёқ! – ва шу заҳотиёқ шоша-пиша қўшиб қўйди:
– Бизнинг кичкинтойимизни кўришса нима дейишаркан-а!
– Кичкинтойингизни жуда кўргим келяпти.
– Кечирасан, у ҳозир ухлаяпти. Энди уч ёшга тўлди. Сен ҳали кичкинтойимизни кўрмагансан-а?
– Йўқ, кўрмаганман.
– Уни кўрсанг борми… Қизимиз…
Том Бьюкенен хонанинг у бошидан-бу бошига юраркан, тўхтаб қўлини елкамга қўйиб:
– Ник, қандай ишлар билан бандсан? – деб сўради.
– Кредит муомалалари билан шуғулланяпман.
– Кимда?
Мен исми-шарифини айтдим.
– Ундай одамнинг номини эшитмаган эканман, – ўзини мағрур тутиб деди Том.
Негадир аччиғим чиқди.
– Эшитасан, – дедим гапни қисқа қилиб.
– Шарқни қўлга киритганингда, албатта, бу номни эслайсан.
– Ҳа-я, бу томондан кўнглинг тўқ бўлсин, – деди Том Дэзига қараб қўяркан, сўнг дарҳол кўзини менга тикди-ю, жавобни шартта айтди-қўйди:
Мен жаннатдай бу жойларни ташлаб кетадиган аҳмоқ эмасман. Шу ондаёқ мисс Бейкер: – Ҳа, шунақа! – деди. Кутилмаган бу товушдан чўчиб тушдим. Бу – шу пайтгача унинг айтган биринчи сўзи эди. Менинг юқоридаги сўзим унга шундай таъсир қилган эдики, кутилмаганда бир-икки одим ташларкан:
– Мана, мен қишлоқойим бўлиб ўтирибман, – дея ҳасрат қилди Дэзи, – қачонгача бу жаннатий жойда ўтроқ ҳолда яшайман-а?
– Илтимос, менга бундай қарама, – чўрткесарлик билан деди Дэзи Томга қараб. – Эрталабдан бери сени Нью-Йоркка олиб кетгим келяпти.
– Раҳмат, овора бўладилар, – деди Бейкер хоним стол устида турган тўртта финжондаги коктейлдан бирига қўл узатар экан.
Уй эгаси унга ишончсизлик билан қараб қўйди.
– Тавбангдан кетай! – деди-ю, Том финжондаги коктейлни бир кўтаришдаёқ ичиб юборди.
– Буни қандай уддасидан чиқар эканман?
Мен у ниманинг “уддасидан чиқиши кераклигига” ҳайрон бўлиб, Бейкер хонимга қараб қўйдим. Унга қараш завқли эди. Унинг қадди-қомати ниҳоятда келишган, сийналари унча катта бўлмасада, қоматини тик тутиб турарди. Мовий кўзлари мен томон қадалганди. Юзлари оппоқ, ёқимтой. Мен уни аввал ҳам қаердадир кўргандек эдим. Суратини кўрган бўлсам, эҳтимол.
– Сиз Уэст-Эггда яшайсизми? – овозини чўзиб сўради у.
– У ерда танишларим бор.
– Узр, ҳали у ердагилар билан танишиб улгурмадим.
Наҳотки, Гэтсбини танимасангиз?
– Гэтсби дейсизми? – сўради Дэзи.
– Қайси Гэтсби?
Гэтсби ён қўшним эканлигини энди айтмоқчи бўлиб тургандим, дабдурустдан овқатга чақириб қолишди. Том Бьюкенен бақувват қўли билан тирсагимдан тутиб, гўё шахмат донасини бир катақдан иккинчи катакка сургандек хонадан олиб чиқиб кетди. Кунботар томонга жойлашган айвонга чиқдик. Икки ёш хизматкор биздан олдинда аста қадам ташлаб борарди. Стол устига пуштиранг дастурхон ёзилган, тўртта шам ёқиғлиқ турар, ел алангани енгилгина пирпираб ўйнарди.
– Шамларнинг нима кераги бор, – деди Дэзи қовоғини уйиб, сўнг шамларни бирин-кетин ўчира кетди.
– Икки ҳафтадан сўнг йилнинг энг узун куни бошланади, – у табассум билан бизга кўз югуртирди.
– Қачонлардир сиз бундай узоқ кунни кутиб, у бир зумда ўтиб кетганини сезганмисиз? Мен буни интиқлик билан кутаман.
– Келинглар, бирон нарса ўйлаб топайлик, – эснади Бейкер хоним ўриндиққа жойлашиб ўтирар экан.
– Келинглар, шундай қилайлик, – деди Дэзи.
– И-я, ҳозирми? – у саросимага тушиб менга қаради.
– Нимани ўйлаб топиш мумкин?
Жавобни кутиб ўтирмаёқ, у тўсатдан ваҳима билан жимжилоғига қаради.
– Қаранглар! – хитоб қилди у. – Менинг бармоғим шикастланибди.
Ҳаммамиз унинг бармоғига қарадик. Жимжилоғи кўкариб, шишиб кетганди.
Бунга сен айбдорсан, Том, – деди Дэзи ранжиб.
– Биламан, атайлаб қилмагансан, барибир сенинг ишинг бу. Менга бу ҳам кам. Чунки мен сендек баҳайбат, бесўнақай, дароз кимсага эрга текканман-да.
– Шу сўзни ўлгудек ёмон кўраман, – хотинининг гапини бўлди Том.
– Мени ҳазиллашиб бўлса-да, дароз, нотавон деб аташларини жиним суймайди.
– Ҳа, дароз, нотавонсан, – ўчакишиб деди Дэзи.
Баъзан Дэзи билан Бейкер хоним бараварига вайсаб кетардилар. Уларнинг бу бемаъни гаплари ниҳоятда кулгили эди. Ҳозир эса дастурхон атрофида мен билан Том ўтирганимиз сабабли улар одоб сақлардилар. Вақт тушликка яқинлашиб қолганди.
– Дэзи, ёнингда ўзимнинг маданиятли одам эканлигимни унутиб қўяман-да, – дедим мен майнинг иккинчи қадаҳини ичганимдан сўнг.
– Кел, мен ҳам тушунадиган биронта мавзуда сўзлашайлик, масалан, ҳосил ҳақида.
– Маданият тобора йўқ бўлиб бормоқда, – деярли қичқириб деди Том.
– Кундан-кунга тушкунликка тушиб боряпман. Сен Годдартнинг “Рангин империяларнинг юксалиши” китобини ўқиганмисан?
– Йўқ, ўқимаганман, – дедим унинг гапидан ажабланиб.
– Ажойиб китоб, уни ҳамма ўқиши шарт. У китобда, агар биз эҳтиёт бўлмасак, оқ ирқ… хуллас, бир сўз билан айтганда, бошқа ирқлар ютиб юборадилар, деган ғоя бор. Бу шунчаки гап эмас.
Барчаси илмий жиҳатдан исботлаб берилган.
Том борган сари чуқур фикрлайдиган бўлиб боряпти, – деди Дэзи. – У оқилона фикрлар баён этилган хилма-хил китобларни ўқимоқда.
– Шунчаки оддий китобларни эмас, илмий асарларни, – хотинининг гапига зарда билан эътироз билдирди Том.
– Годдарт ўз фикрларини аниқ-равшан баён этган. Биз – юқори ирқ вакилларидан бошқа ирқлар устувор бўлиб кетишларига йўл қўймаслик ҳақида ёзилган у китобда.
– Биз уларни эзиб ташлашимиз керак, – шивирлади Том кўзини қисганча уфққа бош қўяётган қуёш томон қараркан.
– Агарда сизлар Калифорнияда истиқомат қилганингизда борми…
– гап бошлади Бейкер хоним, лекин шу ондаёқ Том унинг гапини бўлди. У ўтирган курси ғичирлаб кетди.
Гап шундаки, биз юқори ирқ вакилларимиз, мен ҳам, сен ҳам ва…
– Том бош ирғаб Дэзини кўрсатди. Дэзи шу заҳотиёқ менга қараб кўзини қисиб қўйди.
– Инсоният томонидан яратилган маданиятнинг барчаси, яъни илм-фан, санъат ва қолганлари ҳам бизнинг ирқимизга мансуб бўлганлар томонидан яратилган. Тушунтира олдимми?
Шу топ телефон жиринглаб қолди, уй хизматчиси гўшакни кўтарди. Дэзи ҳамма ўзи билан овора бўлган пайтдан фойдаланиб, мен томон эгилди-да:
– Мен сенга бир сирни очмоқчиман, – деди шивирлаб. – Хизматкоримиз ҳақида гапирмоқчиман. У ҳақидаги ғалати гапни сенга айтиб берайми?
– Гапингни эшитиш учун ҳам бу ерга келдим-да, – дедим.
Бўлмаса қулоқ сол: аввало у оддий хизматкор бўлиб ишламаган. У Нью-Йорқдаги бир хонадонда ишлаган, унинг ошхонасида икки юз персонлик кумуш идиш бор эди, у фақат шу кумуш идиш билан фахрланарди. Эртадан кечгача уни тозалаганитозалаганди, ана шундан кейин негадир акса урадиган бўлиб қолган…
– Жуда ёмон қийналган эди-да ўзиям, – гапга қўшилди Бейкер хоним.
– Тўғри. Жуда ёмон қийналди. Ҳатто иш жойидан кетишга ҳам рози бўлиб қолди.
Ботиб бораётган қуёш нурлари Дэзининг нимпушти чеҳрасига туша бошлади; мен унинг шивирлаётган гапини жон қулоғим билан эшитардим, нафасимиз нафасимизга уриларди, ниҳоят, қуёшнинг заррин нурлари унинг чеҳрасини тарк этди. Атрофни қоронғулик чулғагач, мен ҳам бу гўшани тарк этиб, уйга кетишга чоғланган ҳам эдимки, хизматкор келиб Томнинг қулоғига ниманидир шивирлади. Том қовоғини уйиб, ўтирган жойидан турди-да, чурқ этмай бошқа хонага чиқиб кетди. Дэзи жим бўлиб қолди, эри чиқиб кетгач, мен томон энгашиб, мулойим овозда сўз қотди:
– Эҳ, Ник, билсанг эди, бизни йўқлаб келганингдан ниҳоятда бошим осмонга етди. Сен худди… жуда ёқимтойсан-да. Тўғрими? – деб Бейкер хонимга савол назари билан қаради Дэзи. – У ўз фикрига эга эркак.
Дэзи ўйланиб қолди. Афтидан, эрига кўнгли йўққа ўхшайди. Дэзи баъзан дилидагини тилига чиқарадиганлар тоифасидан эди. Унинг иссиқ нафасини ҳис этиб турардим. У баногоҳ қўлидаги сочиқчасини стол устига ирғитди-ю, биздан кечирим сўраб, хонадан чиқиб кетди.
Бейкер хоним иккимиз бир-биримизга лоқайд қараб қўйдик. Мен энди гап бошламоқчи бўлган эдим, у қаддини ростлаб “жиминг” дегандек бармоғини лабига қўйди. Нариги хонадан Томнинг ҳаяжонли бўғиқ овози эшитиларди. Бейкер хоним ҳеч тортинмай овоз келган томонга қулоқ сола бошлади. Аввалига Томнинг овози бемалол эшитилиб турди, сўнг у шивирлаб гаплаша кетди, кейин овоз бизга эшитилмай қолди.
– Сиз боя тилга олган жаноб Гэтсби қўшним бўлади, – гап бошладим мен.
– Узр, гапирмай туринг. Ичкарида нима гап эканлигини эшитмоқчиман.
– У ерда нимадир бўляптими? – соддалик билан сўрадим.
– Ие, ҳеч нарсадан хабарингиз йўқми? – ҳайратланиб сўради Бейкер хоним.
– Тавба, мен ҳамма билади, деб ўйлабман.
– Йўқ, ҳеч нарсадан хабарим йўқ.
– Умуман… – деди Бейкер хоним чайналиб.
– Нью-Йорқда Томнинг бир хонимчаси бор.
– Қанақа хонимча? – довдираб сўрадим.
Бейкер хоним “ҳа, шундай”, дегандай бош ирғаб, тасдиқлади.
– Ўша қийшанғининг озгина виждони бўлганда, овқат пайтида Томга қўнғироқ қилмасди, тўғрими?
Мен эшитган гапимни ҳали ҳазм қилмаган ҳам эдимки, эшик очилиб, остонада уй эгалари кўриндилар.
– Узр, зарур иш чиқиб қолди, – деди шодон қичқирганча Дэзи.
У ўз жойига бориб ўтирди-да, Бейкер хонимга синовчан назар ташлади, сўнг менга қараб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек гап бошлади:
– Мен бир дақиқага ташқарига чиқиб, боғни кузатдим, атроф шундай гўзалки… Боғда қушлар хониш қиляпти, менимча, булбул бўлса керак. У ҳойнаҳой бу ерга денгиз оша учиб келган. Кишини маст қилар даражада сайраяпти…
– Дэзи берилиб гапираётганида худди куйлаётгандай эшитиларди сўзлари.
– Том, атроф шундай гўзалки… мафтун бўласан киши…
– Ҳа, ҳамма ёқ мафтункор, – деди Том ва ноқулай аҳволдан қутулмоқчи бўлгандек менга юзланди:
– Овқатдан сўнг сени отларни кўрсатгани олиб бораман.
Телефон яна жиринглаб қолди; Дэзи Томга қаради-ю, ранги оқариб кетди, сўнг бош чайқаб қўйди, отлар ҳақидаги суҳбат ўзўзидан тўхтаб қолди. Сўнгги беш дақиқа оғир бир сукутда ўтди. Шамлар липиллаб ёнарди. Негадир уларни ҳозир қайтадан ёққан эдилар. Стол атрофидагиларни кузатиб ўтириш мен учун мароқли эди. Дэзи билан Томнинг хаёлидан нима кечаётганини билмадиму, лекин Бейкер хоним бундай ҳолларга ўрганиб кетган кўринади.
Орамизда бешинчи одамнинг хиралик билан телефон қилиши барчамизга малол келди. Бу ҳолат барчамизга одобсизликдек бўлиб кўринсада, менда “унинг адабини бериб қуйиш керак”, деган фикр уйғонди.