Читать книгу Жаллод аёл (Наби Джалолиддин) онлайн бесплатно на Bookz (3-ая страница книги)
bannerbanner
Жаллод аёл
Жаллод аёл
Оценить:
Жаллод аёл

5

Полная версия:

Жаллод аёл

Унинг гапиям, муомаласиям менга ёқди. Дафтаримни стол четига қўйиб, ҳар нарсага қодир инсон қиёфасида дедим:

– Хўш, нима буюрадилар, холажон?

– Мана бу бошқа гап, ўртоқ жентельмен. Ахир сиз журналистсиз-ку! – У юзига нур сочгудай табассум қилди.

Табиатан кулгупарастроқ эмасманми, аёл ҳар гапига юмор қўшаётгани тилимнинг жиловини ечиб, дадиллик бахш этди. Шу шаштимда ҳам унинг нимадир демоқчилигини сезиб, саволчан боқдим.

– Мен мутлақо кўчада овқатланмайман, – деди у жиддий тортиб. – Шунга ўрганганман. Шунинг учун менга озроқ музқаймоқ ва олмали шарбат буюринг. Ўзингиз эса бемалол тамадди қилишингиз мумкин. Фақат барининг пулини мен тўлайман.

Бу гап менга эриш туюлиб, ҳатто иззат-нафсимга тегди: сиз ўзбек йигитини ким деб ўйлаяпсиз, дедим ичимда, лекин ташимда ўзимни босдим! Бир томони, журналистларнинг камхаржроқ бўлишларини шу хотин ҳам биларкан-да, дея хаёлимдан ўтказганим-да рост.

– Хафа қиляпсиз, холажон!

Унинг нигоҳида маҳзун ўйчанлик балқди.

– Менинг пулим кўп, ўғлим, – деди «олифтагарчиликни бас қиласанми-йўқми» қабилида. – Бола-чақам бўлмагач, уларни гўримга олиб кетаманми? Сиз эса ёшсиз, ҳали ҳаммасига улгурасиз!

Шу жойда қаламкашлигим асқотди – мен уни тушундим.

– Хўп бўлади, холажон, – дедим-да, хизматчини чақириб, айтганларини обкелтирдим.

Жела хола митти қошиқчада анча вақтгача музқаймоқни ковлаб ўтирди. Дарди оғирлигини ҳис этиб турардим. Халақит бергим келмади-ю, лекин тезроқ ёрилишини истаб, тоқатсизланардим.

У тура-тура ҳозирги кўйига мутлақо тескари, кутилмаган гапни айтдики, бу уни янада сирли қилиб юборди:

– Мабодо рус тилида сўзлашишга қийналсангиз, бемалол ўзбекча гапираверинг, тушунавераман.

– Ҳар иккисидаям тузукман, – дея ҳазиллашган бўлдим.

Тағин жим қолдик. У шарбатдан ҳўплади. Нигоҳи баттар маҳзунлашди.

– Биласизми, бу юкни бир умр кўтариб келяпман, – деди ниҳоят тилга кириб. – Аксига олиб, шу ёшимда ҳам ҳали ўлимдан дарак йўқ. Лекин оғир, жуда оғир! Уни охиригача торта олишга кучим етадику-я. Аммо бу сирни одамлар билиши керак деб ўйлай бошладим. – Аёлнинг овози бағоят сокин эди.

Мен унинг самимиятидан дадилланиб, ўзимча суҳбатга қалов ташладим:

– У қанақа юку не сир бўлди, холажон?

Жилмайишимнинг маънисини аввалига ғолибликка йўйдим. Кейин эса, аёлнинг табассуми остидан қоронғилашиб чиқиб келган юз туси, қараши журъатимни зирқиратди. Йўқ, бу ёмонликни қон-қонига сингдирган, боринг, ана, ваҳший ва ҳатто ҳайвонменгиз одамнинг кўзлари эмасди, балки буларнинг барини кўрган, ҳис этган, охир-оқибат инсон зотининг турфа қисматларини англаган, айтиш мумкинки, уларни бошидан ўтказган кимсанинг нафратни сева бошлаган нигоҳи эди. Мен бу ҳолатга тайёрмаслигимни тушуниб, унга узрнамо боқдим.

– Эскичасига айтганда, мен жаллодман! – деди аёл даб-дурустдан ва юз-кўзидаги ёқимсиз соя чекина бошлади.

Уни ҳазиллашяпти деб ўйладим, шууримдаги юморли қитмирлик овозланди:

– Нима?! Балки қассобдирсиз? Қассоб аёлларни учратганман (аслида бу гапим ёлғон эди)!

Кампиршо бирдан янада хотиржам қиёфага кирди.

– Турмада одам отганман! – деди жўнгина қилиб.

Билмадим, ростдан ҳам нимадир тарақладими, лекин юрагим бир силтаниб, гурсиллаб кетгани аниқ. Агар рўпарамда, майли, важоҳатли бўлмасин, оддийгина эркак ўтирганида ҳам «ҳазиллашманг», деб юборардим. Бироқ манави миттигина беозор кампирнинг, ҳақиқатини қўйинг-ку, шу гапни айта олганининг ўзи даҳшатли эди. Ҳар нарсага тайёр бўлсам-да, бунақасини кутмагандим.

Кўзларим беўхшовроқ олайиб кетди шекилли, Жела холанинг туси кескин ўзгарди.

– Яхши йигит, – деди ҳарбийча буйруқ бераётгандай, – ё ўзингизни тезроқ ўнглаб олинг, ёки суҳбатни бас қилганимиз маъқул!

Дунё турфа, ҳар ким ўзича ўйлайди. Бу ҳаётда нималар бўлмайди ва кимлар яшамаган! Бирхилликдан зериккансан-ку, дейман ўзимга ўзим. Сендан бошқачароқ одамга йўлиққанингдан хурсанд бўлмайсанми, эй эл қатори журналист!.. Хижолат тортдим: ахир бу учрашув бўлакча кечишини билгандим ва кутгандим-ку!

– Узр, холажон! – дедим дам дафтаримга, дам чўнтакларимга қўлим югуриб. – Мен ҳалиги… Бил… билмай, рости… – Ручкам дафтар қатида экан. Бу менга енгиллик бахш этиб, мақсадимни ойдинлаштирди. – Суҳбатимизни ёзволсам майлими?

Ҳалитдан буён ҳар бир ҳаракатимни диққат билан кузатиб ўтирган аёлнинг юзи бирдан яна хотиржам тортди.

– Бемалол, – деди ўша сокин товушда, – ахир мен сизни нима учун таклиф этдим, ўртоқ жентельмен!

Яна-да дадиллашдим:

– Кечиринг, Жела хола, – дея у ён-бу ён тебранарканман, қорним қаттиқ очқаганини ҳис этдим, аммо уни чалғитишни мутлақо истамасдим, – аслида бунақа одам эмасман. Сизни жон қулоғим билан эшитишга тайёрман.

У мийиғида кулди-да, ҳикоясини бошлади…

Ота-онасини билмаслиги-ю, «детдом» хотиралари, Настянинг латта қўғирчоғи ва уруш… Сталиннинг ўлими, Левитаннинг кўчадаги радиокарнайдан эшитилган мотамсаро овози. Бэлла. Ва ниҳоят, Ринат…

Жела хола у кун тафсилотларини бағоят пардалаб айтди, лекин ҳаяжонланганини ва нафратданми, негадир овози хириллаб кетганини, ҳатто мендан уялганини аниқ ҳис этдим.

«Энди нима бўлади, деганимда..,» – дея нигоҳини қайларгадир бурди. – Кечиринг мени, ўғлим!..

Ишонсангиз, унинг узри мени қаттиқ изза торттирди, лекин шу баҳона ўзимни буткул ўнглаб олдим. Дафтарга нималарнидир ёзган бўлдим-у:

– Сиз мени кечиринг… Яъни… ҳалиги… Бемалол гапираверинг, Жела хола! – дея олдим холос. Чунки бу шахсият қаршисида ожизу лол эдим.

«Ахир мен сени севаман-ку! Ҳаммаси яхши бўлади!» – деганида бутун вужудим эриб, мислсиз ором оғушида қолганимни, ҳамма нарсани унутганимни таърифлашга тилим ожиз. Мени севар экан-ку! Демак, қолгани аҳамиятсиз! Биз, албатта, бахтли бўламиз! Шунча кўрган-кечирганларим, ота-онасиз, ҳатто уларнинг кимлигини ҳам билолмай, ўз уйим бўлишини истаб, бўзлаганларим… Энди ҳамма-ҳаммаси унутилади, чунки мени ҳам севгувчи, авайлагувчи инсон бор! Ўша кунлари юрагим ҳаприқиб, осмони фалакларда учиб юрдим. Дарслару атрофимдаги одамлар, умуман, бу дунё – бари мен учун фарқсиз эди. Акам бирор нимани сезармиди, кўришдик дегунча тинмай ғадаблар, ҳатто ўғил болачасига сўкарди. Аммо мен парвойимга ҳам олмасдим. Бўш бўлдимми, Ринат томон ошиқардим. Унинг боқишларидан, қучиб эркалашларидан эриб кетардим. Мен севганимдан, севилганимдан бахтиёр эдим, келажагимни Ринатсиз тасаввур қилолмасдим. Кўзгу қаршисида узоқ-узоқ ўзимга тикилиб ўтирардим, сочларимни тинмай тарайверардим, қош-кўзимни бўяйверардим.

– Кундан-кун очилиб кетяпсан, – дерди гоҳо Настя. – Сенга нимадир бўляпти!

У даврнинг одамлари бошқача эди, менинг ёш дўстларим кўраётганларидан, умуман, воқеалардан тез таъсирланишарди. Наздимда, улар учун юрак биринчи ўринда эди. Бир-бирлари билан гаплашиб тўйишмасди. Ҳозир эса… фақат қочишади! Майли, чалғимайлик… Настянинг сўзлари бахтимга бахт қўшарди гўё, чиройимга баттарроқ маҳлиё бўлардим.

Жела холанинг кўзларида ёш қалқди. Диққат билан боқиб, англадимки, бу унинг учун жуда ҳузурли ҳолат эди. Шунданми, сизғичларни артишга чоғланмади.

– Энди сиз бирор нарса еб олинг, – деди яна ўша ёқимли табассумини ҳадя этиб. Шарбат ҳўпларкан, қўшиб қўйди: – Ва, албатта, бир чойнак чой айтинг!

Унинг гапидан сўнг очқаганимни, овқат емасам бўлмаслигини баттарроқ ҳис қилдим. Хизматчини чақириб, «биқин шўрва» ва нон олиб келишини сўрадим.

– Битта кўк чой ҳам, – дедим. Беихтиёр Жела холага боқиб, миннатдорона жилмайдим. Чунки у чойни эслатиши билан ўзбеклар чой ичмаса туролмасликларини билишини англатганди.

Аёл овқатни еб бўлгунимча бир сўз демади (Аслида ўзим ҳам шуни истагандим). Юзимда қорни тўйган одамнинг «мана энди гаплашсак ҳам бўлади», дегандай кепатасини кўрди шекилли, ёш боланинг қилиғидан завқлангандай қаради. Музқаймоқни четга суриб, шарбатдан ҳўплади.

– Бир йилча шу тақлид, – дея гап бошлади у яна ўша сокин овозда, – яъни бахтиёр яшадим. Севгидан сармаст эдим, ўтирсам ҳам, турсам ҳам Ринатни ўйлардим. Шунақасиям бўларкан-да, ўртоқ журналист. Ёш эдик-да!.. Бир куни… – деди-ю, кўз ёшини-ку қўйинг, бирдан нигоҳида тоқат қилиб бўлмас мунг, алам пайдо бўлди. – Бир куни Ринатни ётоғида одатдагидек интиқ кутиб ўтирсам, эшик тарақлаб очилди. Чўчиб кетдим. Остонада иршайиб турган Турдини кўриб, қўрққанимдан ўрнимдан сапчидим. Девор сари қисилиб, танимда титроқ турди: ахир бу хонага мен борлигимда Ринатдан бошқа ҳеч ким кирмасди-ку?!.. Турдининг хотиржамлиги, ўзини эркин тутиши, ичволган шекилли (Ахир энди бунинг фарқига борардим), кўзларининг ёқимсиз йилтираши юрагимга баттар ваҳм солди. Менинг тасаввуримда, у ёқимсиз одам эди ва ҳамиша ундан қўрққанман, ўзимни олиб қочганман. Ҳозир эса пешанамда ҳар балога қодир йиртқичдай турарди. Мен даҳшат ичра қолдим.

– Ҳозир Ринат келса!.. – дея олдим-у, тағин биқиндим.

У ҳар бир ҳаракатини олдиндан ҳисоб-китоб қилган ва ҳеч ким қарши туролмаслигига ишонган одам алпозида эди (Буни мен йиллар оша тушундим, албатта). Дир-дир титрардим-у, мана ҳозир Ринат кириб келади-да, ҳаммасига барҳам беради, деб ўйлардим. Чунки у мени севади-ку ахир!.. Унда нега манави сассиқ «завхоз» бу қадар тасқараларча турибди? Нега ишонч билан яқинлашаяпти?.. Фикру ўйим Ринатда эди: ҳозир кириб келади-ю, барига барҳам беради! Турдини ташқарига улоқтириб ташлайди. Шу хаёл ва далда билан ўзим тушиб қолган тушунарсиз дунёдаги охирги кучимни тўплаб, чийилладим:

– Ҳозир Ринат келади ва!..

Турди эшикни ичкаридан қулфлади.

– Ринат келмайди! – деди уст кийимларини ечаркан, аммо нигоҳи, билмадим… ҳайвонникига ўхшарди, чоғи. – У сени менга сотди, нима десанг бажаради деб айтди.

– Ким?! – деб юбордим қўрқув ичра ғужанак бўлиб, бироқ саволимнинг маъносини идрок этмадим.

– Ринат! – Турдининг қўллари танамни пайпаслаганида худди ўргимчак ўрмалагандай, йўқ-йўқ, илон сирпангандай туюлди. – Агар қаршилик қилсанг, бутун мактаб…

Менинг хаёлимда эса биргина савол: нега сотади? Пулга сотдимикин? Ахир у мени севади-ку?! Мен ҳам уни яхши кўраман-ку!.. Бутун вужудим салқиб, юрагим қуйига оқа бошлади…

…Кейин неча кунгача ўзимга келолмадим. Кундузлари хаёлим паришон: дарсда ҳам, сўзда ҳам, юрган-турганда ҳам фақат тентирайман, довдирайман. Тунда эса кўзимни юмдим, Ринатнинг қоп-қора башараси кўз олдимга келарди, юрагимни ваҳм қамраб, унинг турқи остидан бошқа одамларнинг афти кўрина бошларди. Мен уларга олдинига қўрқув, сўнг нафрат ила, ўзим истамасам-да, боқаверардим. Ишонинг, ўртоқ журналист, ўша кунлари эркак зотини мутлақо (Балки бутунлайдир, тилингизда қандай ифодаланади, билмайман) ёмон кўриб қолдим. Эр кишини кўрдим, кўз олдимга Ринат билан Турди келарди: шу қадар жирканч!..

Ошхонадан пичоқ ўғирладим. Энди ўзимга ҳеч кимни яқинлаштирмасликка аҳд қилдим. Бунинг учун албатта ҳимояланишим керак, акс ҳолда, қалтис пайтда ожиз қолишим мумкин. Пичоқни туни билан тошга ишқаб чиқдим, сувлаб-сувлаб қайрадим. Ишонсангиз, бирор марта уйқу тортиб кўзларим юмилмади. Аксинча, вужудим тетиклашиб, қалбу шууримда қатъият пайдо бўлиб борди. Тонгга яқин қўлимдаги оддий ошпичоқнинг тиғи шу қадар ўткирлашдики, билагимга шунчаки сирпасам тукларимни қира олди. Бош бармоғимни текизгандим, тилишига оз қолди. Чироқ нурида йилтираганида, юрагимда олов ёнгандай бўлиб, дастасини маҳкам чангалладим.

«Мана энди мендан кўрасанлар!» дедим тишларим орасидан ириллагандай.

Шу-шу пичоқни латтага ўраб, ёнимда олиб юришни одат қилдим.

Турдининг қилмишидан уч кун ўтиб, Ринат рўпара келди. Ҳеч нарса бўлмагандай иршаяди денг.

– Намунча кўринмай кетдинг, миттигинам? – деди кўзларини сузиб.

Унга пастдан қаттиқ тикилдим.

– Ҳа, нима бўлди? – сўради гўё ўтган ишлардан буткул бехабардай. – Бошқачасан?

Нигоҳимдаги нафрат зиёдалашди. Бундан Ринат хиёл эсанкиради.

– Ҳа, уми?.. – дея кўзларини яширишга уриниб, талмовсиради. – Ҳеч нарса қилмайди-ку, жиннивой! Турдиям сени яхши кўради. Қолаверса… – Нигоҳимга тўқнаш келиб, бўшашди.

Мен унга ҳамон шунақаям тикилардимки, шу ернинг ўзида ғажиб ташлашга тайёр эдим.

– Кечир, – деди у ерга қараб, – маст эдим, билмай қолдим!

Демак, баридан олдиндан хабардор.

Пичоқнинг тиғини очиб, атрофдагилар кўрмаслиги учун унга яқинроқ келдим-да, қорнига тирадим. Тавба, шундай забардаст йигитнинг ранги дув оқариб кетди, чамаси, кўзларимдаги ғазаб ва нафратдан ўзини йўқотди.

– Менга қара, ит! – дедим йиртқич ириллашида. – Бундан буён ёнимга яқин йўласанг, ўлдираман! Тушундингми? – дея пичоқни нуқдим.

У «их» деб силтаниб, ўзини нари тортди. Пичоқ этига ботган экан, лаҳзада кўйлагида қон туси кўринди.

– Энди эса йўқол! – дедим-да, ортимга қайрилдим…

Шунчалик журъат топа олганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим, ичимга сиғмасдим, вужудимни мислсиз ҳузур сийпаларди. Ринатнинг сўнгги кепатасини эсласам завқим келаверарди. Бундан кучимга куч қўшиларди. Демак, энди навбат Турдига!..

Узоқ пойламадим: бир куни кечга томон омборга кираётганини кўрдим-у, ортидан югурдим. Ичкарилаб, эшикни ҳалқаладим. Турди мени кўриб, айниқса, ҳаракатларимни ўзича тушуниб, завқланди шекилли, ошкора суюлди:

– Ҳмм, ёқиб қолдими? – дея яқинлашди. – Дарров қайтарамиз-да. – Нафрат тўла нигоҳимга кўзи тушиб, таққа тўхтади. – Нима истайсан? – сўради овози хиёл титраб.

Мен олдингидек жим тикилиб туравердим.

– Агар бирор бемаза ишни мўлжаллаган бўлсанг, ўзингга қийин бўлади, мишиқи! – деди кўзлари олайиб, лекин хавотирлана бошлагани аниқ эди.

Ундан ғазаб ва нафрат тўла нигоҳимни узмасдим.

– Менга қара, мараз! – дедим тишларим орасидан. – Сени урушда қатнашган, одам бўлса керак, деб ўйлардим. Афсуски, ҳайвон экансан!

– Ҳай-ҳай, оғзингга қараб гапир! – дея қаддини ростлади. – Ҳозир сени!..

Пичоқни чиқариб, ўқталдим.

– Агар менга яна бирор марта яқинлашсанг, ўлдираман! – деб пичоқни сермадим.

– Ҳей, ўзингни бос! – деб ўнг қўлини чўзганди, пичоқ солдим. Билагининг орқасини кўндалангига бир неча энли жойини тилиб юборди. Шариллаб қон оқди. Даҳшатдан кўзлари олайиб кетди. – Эйй, нима қиляпсан?! – дея жароҳатини чангаллади.

– Агар ғиринг деб овоз чиқарсанг, – дерканман, важоҳат билан унга яқинлашавердим, – каллангни оламан! – Пичоқни силтагандим, ортига тисланди. – Ё директорга айтиб, шармандангни чиқараман! Энди менга барибир!

– Ундай қилма, Жела! – У бирдан суст кетиб, ёлворишга тушди – Бола-чақам бор!.. Мени кечир!.. Энди сенга озор бермайман, ишон!

Бошимни мағрур кўтариб, унга ғолибона боқдим.

– Ифлос! – дедим нафрат билан. – Тфу!.. – ортимга қайрилиб, эшикни очдим. Бир нарса эсимга тушгандай тағин унга ўгирилиб, Ринат совға қилган рўмолни ирғитдим – Боғлавол! Жароҳатидан тўхтовсиз қон оқарди.

Ташқарига чиқиб, енгил нафас олдим. Мен буткул ғалаба қилгандим. Аммо шу-шу эркак зотини ёмон кўриб қолдим…

9

Мен ўзгаргандим, лекин буни тўла тушунмасдим, англамасдим. Юрагим гўё тош қотиб борарди-ю, ўзимга ишончим ортаётгандек эди. Яшашни истардим ва яшашим кераклигини ҳис этардим, бироқ тутгулик (таянч) нуқтани тополмасдим. Аҳдим, қасдим аён эди, ўз тақдиримга ҳукмни ҳам чиқариб бўлгандим, аммо қандай ижро этишга ақлим етмасди. Нима бўлганда ҳам энди мен ютқазишни истамасдим. Чунки жимит бошим бир бор бўлса-да, ғалабани туйиб улгурди. Буёғига ортга йўл йўқ! Шу қадар совуққон бўлиб борардимки, гоҳо ақлим шошиб қоларди: дарсларни нуқтасидан нуқтасигача аниқ-тиниқ бажарар, тенг-тўшларимни қўйинг, ҳатто муаллимларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб, зимдан назорат қилардим. Дунёга, ҳаётга, ўзимга талабим шу қадар ортиб борарди. Мен мисоли борлиқ билан курашга чоғлангандим…

«Детдом»га давлат хавфсизлик хизматидан, ички ишлардан, ҳарбий идоралардан меҳмонлар келиб туришарди. Улар гоҳо ҳамма билан бирваракай, гоҳо якка-якка суҳбатлар қилишарди. Қайси касбларни хоҳлашимизни сўрашар, орада ўзларининг соҳаларига яхши кадрлар жуда-жуда кераклигини (Балки ростдан ҳам шундайдир) беозоргина тиқиштириб ҳам ўтишарди. Энди ўйласам, бизни қизиқтиришган экан-да. Чунки ўсмирлар одатда осмонларда учиб юришар, албатта, ҳаммадан зўр, айниқса, етимлар, бахтли ва тўкис бўлишни исташади-ку. Улар шуни ҳисобга олишган дейман-да. У даврларда давлатнинг махфий хизматларига асосан ота-онасиз, қариндош-уруғлари йўқ ёки уларни билмайдиган ёшларни олишган. Махфийлик – бу миясида узвийлик йўқ одам дегани. Бундай шуурга ҳар қандай маълумотни жойлаш ёки вақтида олиб ташлаш мумкин. Буни йиллар оша тушуниб етганман, албатта. Лекин унда…

Бир куни улар яна келишди. Умумий ва алоҳида суҳбатлар бўлди. Эл қатори кийимдаги, наздимда, Ринат тенги бирови (Аниқки, ўзбек эмасди, улар ўзбекларга ишонишмасди) мен билан ҳам гаплашди. Олдинига ўзича меҳрибонлик қилган бўлиб, ҳол-аҳволимни сўради.

– Ўқишларинг яхшими?

– Яхши, – дея унинг устидан кулган бўлиб у ён-бу ён тебрандим.

– Баҳоларинг қалай? – У аслида менинг қандай ўқишимни яхши билган ёки кейин билиб олгани аниқ эди.

– Фақат «беш»!

– Ким бўлишни истайсан?

– Сизга ўхшашни! – дедим кўзларига чақчайиб ва бу гапим чин эди.

– Нима?! – деб юборди у хиёл қўзғалиб. Назаримда, бунақа жавобни кутмаганди шекилли.

Унинг кўзига тик боқдим-да, дедим:

– Сизга ўхшаб одамларни саралашни ва ҳукм чиқаришни истайман!

(Йиллар оша ўйлайман: ўша ходим менинг журъатим ва қатъиятимдан ҳайратга тушганмиди ёки ўзларига муносиб кадр топилганданми? Бу, балки инсон тақдири инсон учун бир пуллигидандир.)

Бир муддат ўзини ўнглашга уринганини сездим. Ниҳоят:

– Ўйлайманки, ниятингга, албатта, етасан, – деди-да, дафтарини ёпиб, ўрнидан турди.

У алдамаган экан. 1955 йилнинг баҳорида, «детдом»имиз раҳбарияти шахсий ҳужжатларимни Украинанинг Харьков шаҳридаги Олий милиция мактабига жўнатди. Ёзда у ёқдан қоғоз келди: ўқишга имтиёзли қабул қилинибман, сентябрда дарслар бошланар экан. Мен на хурсанд бўлдим, на хафа, ҳаммаси шундай кечиши керакдек бепарво эдим. Аммо директоримиз бош барча ходимлар ўқувчиларни сафга тизиб, олий ўқув юртига битирувчилар орасида биринчи бўлиб, яна-тағин имтиёзли кирганим билан мени тантанали равишда табриклашди, гуллар, совғалар беришди. Бу аҳдим сари ташланган илк қадамларим эди, шунинг учун юрагимда совуқ бир ғалаба нашидаси ғимирлаганини сездим, лекин ташимга чиқармадим.

Қизиғи кейин бўлди. Ринат билан Турди мени кўрганда хавфсираб, ҳатто қўрқиб қарайдиган, гоҳо ўзларини олиб қочадиган одат чиқаришди. Бу менга куч бағишларди, борлиғим ловуллаб, жимит бошим осмонларга етгудай юксаларди. Мен яна ғолиб бўлгандим. Демак, эркак зоти ожиз ва нотавон бир мавжудот экан, уни ер билан яксон қилиш, ҳар нафасини тарозидан ўтказиш, охир-оқибат мажақлаб ташлаш мумкин! Ҳа, мен уларни йўқ қиламан! Шундай йўқ қиламанки!.. Ўша пайтларда қалбимда кечган ҳузурни, қасос оловини сиз тасаввур ҳам этолмайсиз!..

Август охири кечаларининг бирида акам ва Настя учаламиз жам бўлдик. Тун бўйи шеърлар ўқидик, гитара чалиб, қўшиқ айтдик, болалик, келажак ҳақида гаплашдик. Ўзимизда йўқ бахтиёр эдик. Лёня билан Настя бир-бирларини қаттиқ севишларидан таъсирландим, хурсанд бўлдим. Аммо мен акамдан бошқа барча эркакларни ёмон кўриб қолгандим. Тавба, тонг отгунча ухламабмиз-а!.. Эртасига темир йўл вокзалига чиқдик. Иккиси мени кўз ёшлар ила кузатиб қолишди. Лекин бу ҳеч нарсасиз кишиларнинг нималаргадир эришганидаги тонгдай соф севинч ва соғинчнинг илгарилаган ёшлари эди.

10

Харьковда ҳаёт осуда эди. Асосан оппоқ кийинган одамлар турмуш ташвишлари билан елиб-югурсалар-да, юз-кўзларида бахтиёрлик. Уруш тугаганига ўн йил бўлган, аммо асоратлари мудом сезилади: бомбаларда портлаган, нураган бинолар, ўпирилган деворлар, ҳарбийлар ёки қўлсиз, оёқсиз кишилар юракларни бир силтаб қўяр, одамлар барини унутишга уринаётганини пайқаш мумкин. Чунки бу ерда фашистлар билан қақшатқич жанглар кечган, қанча-қанча бегуноҳлар қирилган… Сиз буларни мендан яхшироқ биласиз, ўғлим, фикримча…

Бизга бир хил кийим, ётоқхона беришди. Курсимизда икки қиз эдик: шеригим Катя (Екатерина) асли харьковлик. Ота-онасию яқинларини худди Настяники каби фашистлар ўлдиришган экан. Унинг қолиши ҳам ғаройиб – суюкли эчкисини айлантириб юриб, четроқдаги катта дарахт тагида ухлаб қолганмиш. Шу сабаб немислар уни кўришмаганмиш. Бу гапни Катянинг ўзи тўқиганми, дейман-да, ахир унда кичкина бўлган-ку. Балки биров айтиб бергандир, тағин ким билади.

Катя иккимиз бир хонага жойлашдик. У очиққина, чиройлигина эди. Аввалига менинг феъл-атворимни унча тушунмади, балки парво қилмадими. Кейин эса… Иккимиз ҳам бир-биримиздан ҳуснли қизлар бўлсак, шунча йигит гап отмай ёки мундайроқ айтганда, тегажоғлик қилмай қўядими! Бу Катяга ёқарди шекилли, уларнинг қилиқларини кўпам оғир олмас, ҳатто ўзларига яраша жавоб қайтариб, апоқ-чапоқлашиб, кулиб кетаверарди. Мен эса бошқача эдим. Йигитлар буни қаёқданам билишсин, қолаверса, ёшлик ҳамиша ўз ишини қилади-ку: бир-иккиси бирин-сирин менга ҳам гап ташлаб кўришди. Эркак зотининг муносабатини қўйинг, турқини кўришга ҳам тоқатим етмасди. Уларни шунақаям итариб ташладимки, бунақа муомалани кутиш тугул, важоҳатимни кўриб, ҳайратдан ёқа тутишгандир. Айниқса, нигоҳимдаги маъно… Баъзан ойна олдида кўзларимга боқиб, ўзимнинг ҳам юрагим орқага тортиб кетарди. Шу-шу кўпчилик мендан нари юрадиган бўлди.

Шаҳар менга ёқди. Дастлаб ўқув юртидан ташқарига чиқишга жуда кам рухсат бериларди. Биринчи курсдаёқ одамовилигим янада ортди. Барча менга ғалатироқ қарарди, англардим, бироқ парво қилмасдим. Ичимдаги ўтни, кучни ва ўша аҳдимни кимга ҳам айтай ёки ким ҳам унга бардош бера олади?! Совуққонлигимдан гоҳо ўзим ҳам қўрқиб кетардим, бошқаларнинг аҳволини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Сабоқлар қатъий интизомда ва тартибли олиб бориларди – шуниси менинг жону дилим эди. Барча фанларни, ҳеч бир қийинчиликсиз, гўё ош-нон егандай ўзлаштирардим. Ҳарбий эмасмизми, менга шу қўл келарди: барчаси бошқарув асосида – буйруқ берилди, бажардинг, тегишли саволга жавоб қайтардинг, тамом. Шу муҳим эмасми, ахир! Муаллимларимизнинг кўпчилиги уруш қатнашчилари. Уларнинг ҳаракатларида ҳаётга ташналик сезилса-да, аёллар ва умуман турмуш маъносида, ортиқча гап-сўз қилишмайди, жиддий ва самимий муносабатда бўлишади. Ишонинг, у пайтларда одоб-ахлоқ деганлари доим амалда эди ва бу одамларнинг оддийгина ҳаёт тарзига айланганди.

Катя билан эл қатори яшаб юрдик. Лекин бир куни қўққисдан хонага кириб келди-да, шартта елкаларимдан тутиб, бирпас кўзларимга қаттиқ тикилди. Сўнг стулга ўтқазиб, ўзи ҳам рўпарамга чўкди. Анчагача овоз чиқармади. Мен-ку ҳамиша гум-гурсман, дилдошу сирдошларим – акам билан Настя ёнимда бўлмагач, кимга ҳам ёрилай?! Индамаслигим қулай туюлар ва бундан қалбим ҳаловат топарди.

– Менга қара, Жела, – деди ниҳоят Катя мулойим овозда. Унинг кўзлари намли эди. – Ота-онасиз қолган биргина сенми? Ахир ҳозир Совет Иттифоқидаги болаларнинг ярмидан кўпи етим-ку?! Нега бунақасан?!

– Қанақа? – сўрадим ундан-да, озорсиз боқиб. Айни дамда уни қучоқлаб, бағримга босгим, йиғлаб, дардимни тўкиб солгим келарди. Афсуски, унда ожизлашиб, қатъиятимга путур етади, барча қатори одамга айланаман.

Товушимдаги босиқлик аксил таъсир қилди шекилли, у энди бўғриқди:

– Бу нима деганинг?!

Мени тушунолмаслигини сезсам-да, негадир очиғини айтдим:

– Катя, биз хизматдошмиз, ўртоқмиз! Хафа бўлмагин-у… Масалан, сен одам ўлдира оласанми?!..

У сапчиб кетди.

– Нима?!.. – Туси дув оқарди. Ахир бу жиноятчилар, бандитлар билан қаттиқ кураш кетаётган ва «партия»нинг янги даври бошланаётган пайт эди-да. Катя бошқача – бахтли ҳаётга яқинлашаётган ва уни қўлдан чиқаришни истамаётган инсон алпозида ўзини йўқотди шекилли.

Менинг хотиржамлигим янада ортди:

– Нега ҳайрон бўласан?!.. Одам ўлдириш қўлингдан келадими-йўқми?!

– Мен фашист эмасман! – дея у шу қадар жиддийлашиб, тумтайдики, бу ростликмиди, ўзимни қандай тутишни билолмай қолдим. Эсанкирамадим, йўқ, фақат шундайин беғубор қизнинг кўнглига озор бериб қўйишдан, уни гардлашдан қўрқдим, шекилли. Ахир у мени ҳеч қачон тушунмаган-ку ва бундан буёғига ҳам тушунолмаса керак.

– Мен ҳам, – дедим-у, бирдан Настянинг латта қўғирчоғи кўз олдимга келди. – Қўғирчоғинг борми?

– Нима? – деб юборди ҳамон аразидан айрилолмаётган Катя ҳайратдан кўзлари олайиб. Шунинг ортидан «мабодо жинни-пиннимасмисан» дегандай бақрайди.

– Тошкентда ўртоғим бор эди, – дедим «Кел, бирпас ўтирайлик» маъносида, – ўзи Россия томонлардан. Бизга эвакуация қилинганди. Ғирт етимча. Унинг латта қўғирчоғи бўларди, жуда-жуда яхши кўрарди. Ҳозир шу эсимга тушиб кетди.

Катянинг қиёфаси бутунлай ўзгариб, «хайрият-ей» дегандай нафас чиқарди.

– Ўртоғинг ҳозир қаерда? – сўради эски қадрдондай самимий овозда.

– Ким? – дея ўсмоқчиладим ва бу билан уни ўз ҳолига қайтариб, ўзимга яқинлаштирмоқчи бўлдим.

– Ўша ўртоғинг-да! – У мени хаёли чалғиди деб ўйлади.

– Ҳа, Настями?

– Исми Настями?

– Ҳмм.

– Хўш, у ҳозир қаерда?

– Тошкентда.

– Қўғирчоғи-чи?

– Уям Тошкентда, – дедим-да, жилмайдим.

Катя ҳазилимни тушунди шекилли, тиржайиб елкамга туртди.

bannerbanner