Читать книгу Жаллод аёл (Наби Джалолиддин) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
Жаллод аёл
Жаллод аёл
Оценить:
Жаллод аёл

5

Полная версия:

Жаллод аёл

– Менга ҳозирги қўшиқнинг куйини ўргат. – Жела торларга қўшилиб кетгудай ҳаракат қилди. – Тезроқ, сўзларини ўзим биламан.

Бино томонда Настя кўринди. У аввалига ниманидир қидираётгандай меровсираб пайдо бўлди-ю, уларни кўргач, шу тарафга чопди.

– Лёня, Жела, қайларда қолдингиз? – дея нафасини ростлашга уринди у. – Мен сизларни қидириб юрибман.

– Нега? – Лёнянинг бу саволида «ўзинг қаерда эдинг», «нега шу пайтгача кўринмадинг» каби маънолар, нигоҳида эса, «хайрият, келдинг» қабилидаги таскинли соғинч мужассам эди.

– Ие, Жела гитара чаляптими?

– Чалгани йўқ, ўрганяпти. – Лёня дунёни унутиб, фақат торлар оғушида чийралаётган синглисига яна бир нималарни тушунтирди. Лекин кўзларини Настядан узолмасди.

Қиз Желанинг ёнбошига ўтирмоқчи бўлганди, у қўл ишораси билан тўхтатди.

– Сен шуларни ўрганиб тургин, – деди Настяга кўзини қисиб. – Биз тез қайтиб келамиз.

Жела ҳеч нарсани кўрмасди, фақат торлар билан овора эди. Гитарани қучволиб тинғирлатарди холос.

– Майли-майли, – деди-ю, лекин сўзларининг маъносини шууридан ўтказмаётгандек эди. – Фақат тезроқ қайтинглар. – Бармоқлари торларни эски танишлардек чертарди.

Жела қайсар, ўзига яраша романтик: кўп китоб ўқишини-ку, қўйинг, бирор шеър ёқиб қолса, дарров ёдлаб олади. Бунинг учун кўпам чиранавермас, ҳаммаси ўз ҳолича табиий кечади. Хотираси шунақа ишлайди-да. Қизиғи шундаки, унинг юз-кўзида меҳр-муҳаббат яққол балқиб турар, биров ёқимли шеър ёки қўшиқ айтса, китоб ўқиса, айниқса, совға қилса, дунёдаги энг яхши одам туюлиб, унга боғланади қолади.

Аввал ҳечам гитара чалмаганди, ҳатто ҳаракат ҳам қилиб кўрмаганди. Акасининг тинғирлатишларини, қўшиқларини эшитиб, жимгина ўтираверарди. Бугунги куй ҳам, айтим ҳам қалбини бошқача чертиб, туйғуларини қўзғатиб юборди. «Об-бо Лёня-ей, тузуккина шоир, бастакор бўп қопсан-у», дея хаёлидан ўтказди-ю, соз чалишни ўрганмаса бўлмаслигини ҳис этди…

Шу ўтиришида кечки овқатни ҳам унутди. Акаси билан Настя эса қайтишмади. Балки бирор панароқ жойдан уни кузатиб, маза қилиб кулишгандир, уринишлари жиддийлигини кўриб, халақит бергилари келмагандир. Ким билсин! Лекин тўғри қилишганини кейинроқ англашди.

Жела «Қизил бурчак» (Шўро даврида тарғибот-ташвиқот, коммунизмни улуғлаш учун шунақа жойлар ташкил этиларди. Уларда керакли китоб ва анжомлар териб қўйиларди) хонасига кириб келганида, кўзлари дунёни ўт олдиргудай ёнарди. Унинг қорни очлигини акаси билан Настя ўйлашарди-ю, аммо ўзи буткул унутганди.

– Жела тамадди қилиб ол, – дея Настя икки бўлак нон ва усти ёпиқ косани, тарғибот анжомларини жилдирмасликка уриниб, столнинг бор четига қўйди.

Жела унга эътибор бермади-да, гитарани бағрига босди.

– Эшитасанми, Лёня? – деди рад этиб бўлмас оҳангда, типирчилагудай.

Акаси билан Настя бир-бирларига маъноли қараб олишди.

– Қани-қани, шогирд, бир ҳунарингни кўрсат-чи, – дея Лёня жиддий ҳакамдек стулга ястаниб, қўлларини кўксида қовуштирди.

– Ҳа-ҳа, Жела, айт-айт, – деб Настя унинг ёнига ўтирди.

Жела фақат гитара ва қўшиқ билан овора эди, кўзлари савдойиларча боқарди.

– Эшитинглар, – деди мусиқани авжли бошлаб ва берилиб куйлашга киришди:

– Учиб кетар турналар ахир,Биз қоламиз маҳзун, кўзда ёш.Соча бошлар аёзлар қаҳр,Узоқлашар бизлардан қуёш.

У кўзларини юмганча, торларни аёвсиз урар, бутун борлиғи билан оҳангга қўшилиб кетгандек эди.

– Қайда бадар ота-онамиз?

Биз оҳлари самолардамиз!

Настя юм-юм йиғлар, Лёня эса анграйиб қолган, нигоҳи ҳайрат, фахр, меҳр ва мунг қоришиқ йилтирарди.

Қўшиқ тинди. Настя энтикиб чапак чалиб юборди.

– Қалай? – деди Жела акасига боқиб, дил-дилидан унинг ҳукмини кутаркан.

Лёня бирпас жим турди-да, – Сени қара-ю, – дея мот бўлган киши алпозида қўл силтади. – Шунча талантинг бор экан, яшириб юрибсанми ҳали! Мен бу қўшиқни неча кунда тайёрлаганимни биласанми!..

– Вой, хайрият-ей! – Жела бутун танасини бўшаштириб, ҳузур ила нафас чиқарди. Кейин эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай ўрнидан турди. – Шуям иш бўпти-ю… – дея ўнг кафтини қорнига босди. – Бирам қорним очди-ки!..

Унинг ҳаракатларидан ҳам ҳайратланиб, ҳам завқланиб ўтирган Настя бир нарса эсига тушгандай сапчиди.

– Ҳа-я, – деди негадир ҳаммаёғини пайпаслаб. – Мана, овқатланиб ол. Ол-ол, гитарачи!..

5

Нонуштага киришаётганда эшик олдида Ринат турган экан. Бунақа одати йўқ эди. У болаларни қўй санаётгандай ўтказаркан, нигоҳи Желага тушганда чақнаб кетди: қизни кутгандек, соғингандек эди. Желанинг юраги жиз этди – бу хавотирли туюлди-ю, аммо хуш ёқди. Ўша келишган қомат, ўтли йилтираган мовий кўзлар.

– Жела, нонуштадан кейин хонамга киргин, – деди у.

Барчадан алоҳида кўриб, ўзгача чорлагани қизни эритди.

– Нега? – деб юборди беихтиёр, болалар орасида туртиниб-суртиниб ўтиб бораркан.

Ринат фақат унга тикиларди.

– Завхоз (хўжалик мудири) айтди. – Бу гап хаёлига келганидан у қувониб кетди.

Жела ўртоғини қўлтиқларкан, қиқирлади:

– Завхознинг бизда нима иши бўлиши мумкин-а, Настя?! – Аммо Ринатнинг боқишлари кўз олдида қолди.

Овқатланиб чиқишгач, Жела ўртоғини Ринатнинг хонаси сари бошлади, лекин у кўнмади.

– Нима иши боракан билайлик, юрақо-ол, – дея ялингудай бўлди.

– Йўқ, бормайман, ҳозир дарс бошланади, – деди Настя кетишга шайланиб.

Желанинг хаёлидан Ринатнинг ёқимли, меҳрибон чеҳраси кетмасди.

– Нега унақа қиляпсан, Настя? Аразли овози ҳам ўртоғига таъсир қилмади.

– Чунки уни ёқтирмайман! – деди у гапни кесиб.

– Кимни?

– Ринатни.

– Нега-а?

– Чунки уни Лёня ёқтирмайди.

– Акамми? Акам ўзи шунақа…

Настя гўё унинг сўзларини эшитмагандай шартта қайрилди-ю, жўнаворди.

Жела ҳамиша бир чин меҳрибон қидиради. Ота-онаси ким – билмаса! Ҳатто чақалоқлигида у бегона қўлдан бу бегона қўлга ўтиб юрганини ўйласа, хўрлиги келиб кетади. Ахир ўшанда унга буюм, балки шунчаки кунлик иш анжоми сифатида қарашган-ку! Демак, чинакам, самимий меҳрни ҳис этишга унинг ҳам ҳаққи бор. Шунданми, кишиларнинг кўзу сўзларидан доимо самимият, илиқлик қидиради. Тополса, тамом, ўша одамга ғиппа боғланади.

Ринатнинг хонаси аслида омбор: емак-ичмакнинг хоми борки шу ерда сақланади. Ортиқча ёки эски идиш-аёқлар, стол-стуллар ҳам. Икки бўлмали. Кираверишдаги бўлманинг ўнг тарафидаги ёғоч токчаларга нонлар терилган. Ёнида нон кесадиган анжом қўйилган кенг, сўлда эса деворга тиралган ихчам стол. Унда Ринатнинг ҳисоб-китоб дафтари, иш қоғозлари туради. Хонадан турли нарсаларнинг қоришиқ ҳиди анқиса-да, бағоят озода.

Ринат Желани узоқдан кузатиб турганидан, ўзи томонга қайрилганини кўрибоқ хонасига югурди. Стулга ўтириб, гўё зарур иш билан банддай қоғозларини титкиларкан, жиддий қиёфага кириб олди.

Жела кенг эшикнинг бир тавақасини қия очиб, мўралади.

Ринат буни сезса-да, эътибор бермай, ишга шўнғиган одамдай ўтираверди.

Жела дарсга кеч қолган ўқувчи каби ичкари кириб, беихтиёр атрофга аланглаб, нарсаларга ҳайрон тикиларкан, ўзи истамаган ҳолда томоқ қириб юборди.

– Ие, Жела?.. – Ринат унга «ярқ» этиб боқаркан, гўё энди кўриб тургандай деди: – Қачон келдинг?

Желанинг борлиғи тугилиб, ғунчага айланди: у бағоят гўзал эди. Тим қора сочу қош ва киприклар, тиниқ оқиш юз, икки тилим қулупнайдай лаблари, энг асосийси, беғубор ўсмирлик таровати балқиб турибди.

– Келганимга анча бўлди, – деди у болаларча иддао билан. – Сиз эса қарамайсиз. Менда нима ишингиз бор эди?

Ринат ирғиб ўрнидан туриб, шошиб қолган кишидай типирчилади. Сўнг қизнинг елкаларидан оҳиста тутиб, нон кесадиган стол ёнидаги стулга ўтқазди. Қиз ҳатто кийими устидан ҳам унинг кафтларидаги оташни ҳис этди, шунинг асносида нигоҳига боқди – ундаги олов бунисидан кам эмасди: юраги «жиз» этди, вужудини ёқимли ҳис сийпалади.

Жела нон ҳидини жуда-жуда яхши кўрарди. Бу уруш йилларидаги танқисликдан қолганми ёки бунда ҳам ўзи кутган меҳрни туярмиди, емаклар шоҳи бўйидан тез сармаст бўларди. Ҳозир иккига бўлинди гўё: бу ёқда азиз хуш ифор, нарида эса меҳрибон чеҳра.

– Сен шу ерда ўтириб тур, мен ҳозир, – дея Ринат ташқарига чиқиб кетди.

Бу шундай давр эдики, кечагина тўрт йиллик даҳшатли урушдан чиққан халқ эндигина эркин нафас ола бошлаганди ва бу учун, энг аввало, мамлакат раҳбари Сталинга ташаккурлар айтишдан толмасди. Янаки, одамлар мислсиз меҳнат, йўқчилигу айрилиқлардан димиқиб, эзилган, бирор яқинининг тезроқ қайтишини кутаётган, эркаклар озайиб, ўсмирлар ҳали улғаймаган, фақат ва фақат яхшиликка умидворлик нажот бўлган бир пайт эди. Барча эртага, албатта, ёруғ кунлар, эзгуликлар келишига умид қиларди.

Ейиладиган нарсаларнинг бир жойда жам бўлиши ва уни кўз билан бирваракай кўриш мўъжиза эди. Айни дамда Жела шу бахт оғушида турфа емиш, айниқса, нон ҳидидан сархуш турарди.

Ринат қайтди. Қўлида қиз-аёллар орасида русум бўлган сочма қизил гулли оқ рўмол.

– Бу сенга, – деди қизга узатиб, – сочингга ярашади! – Рўмолни бераётганда бармоғи унинг қўлига тегиб кетди. Шартта икки панжасидан тутди-да, кўзларига ютоқиб тикилди. – Бунча қўлларинг чиройли, а?! Жела энтикиб кетди.

– Бор-бор, – деди Ринат унинг елкасидан итариб. – Бўлақол энди, дарсга кечикасан!

Жела рўмолни чангаллаганча, нима бўлаётганини англамай, бирпас у ён-бу ён тебранди-да, чопқиллаб чиқиб кетди.

Ринат ғолибона бир силтанди.

– Қалай, Турди ака, айтганим бўлдими? – деди кўкрагини сийпалаб.

Иккинчи бўлмадан буғдойранг, кийинишидан зиёлинамо, беркиниб ўтирганини шундоққина намойиш этиб, завхоз чиқиб келди.

– Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Аммо барибир чиройли, мочағар!

– Таълим даргоҳида ишлайсиз, ака, – дея муғомбирона кўз сузди Ринат. – Оғзингиздан чиққан гапдан ҳожатхонанинг ҳиди келади-я! У бу билан бир ўқда икки қуённи урди: Турди шунақа оғзи шалоқроқ, қолаверса, қитмирона аския қилишни яхши кўрарди.

– Лаънати урушдан қолган-да. – Завхоз Ринатдан икки ёш катта, ундан сал пастроқ бўйли эса-да, юзи ўзбекона тусли, айтиш мумкинки, тузуккина келишган йигит эди. Лекин яна ўз феълини қўймади: қитмир ҳазил қилиб, оғзини катта очиб, шарақлаб кулди.

– Барибир оборасиз-а, ака, – деди Ринат хиёл қизариб, шу билан бирга, бу жоҳил одамга тенглашишдан сақланаётгани ҳам сезилди. – Майли, мен ўчоқбоши(кухня)га ўтай. Бугун балиқ олиб келасиз-а, унутманг! – Остонада тўхтаб, ортига қайрилди. – Манави гапларга эҳтиёт бўлинг, а!.. – дея бармоқлари билан оғзини тўсди-да, чиқиб кетди.

– Бўпти-бўпти! – деди Турди «насиҳатингни катта холангга қил» қабилида.

6

Биринчи дарс адабиёт эди. Ўқитувчи синф журналини тўлдиргач, бир неча ўқувчилардан ўтилган дарсни сўради. Яхшики, Желага қарамади, кўпинча сўроқни ундан бошларди-да. Мабодо турғизса, бирор сўз айтолмай, шарманда бўлиши аниқ. Чунки унинг юз-кўзи, бутун вужуди оташда эди: бармоқлари лов-лов ёнарди. Хаёлида эса Ринатнинг ўт чақнаган кўзлари, келишган қадди-басти, «Қўлларинг, бунча чиройли», деган титроқ овози. Чўнтагини пайпаслади: «Менга рўмол совға қилди-я?! Қиммат бўлса керак? Яхши кўради, шекилли-да! Барибир келишган йигит! Амаки эмиш!.. Хиҳ!..»

Ўқитувчи янги дарсни ўтарди: Михаил Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» романининг «Бэлла» боби. Қўрқмас ва гўзал тоғ қизининг беғубор севгиси, мисли булоқлардек қиқирлашлари… Буларнинг бари бағоят жонли ва эҳтиросли ҳикоя қилинар, гўё Бэлла синфхонада бирга ўтиргандек туюларди. Ниҳоят, рашк!.. Аммо Жела бу гапни тушунмади: у йигит севса, буниси севса, бунинг нимаси ёмон?! Шунчаки бир-бирларига барини айтиш билан ҳаммасини ҳал этса бўлади-ку! Рашк ёмон нарса экан. Ринат эса, фақат уни яхши кўрса керак. Акс ҳолда, ҳалигидай совғалар, муомалалар, боқишлар бўлмасди. У қизни чиндан ҳам яхши кўради. Ўзи-чи, ўзи, севги нималигини биладими? Лекин рашкни шундаям тушунолмади: у буни, бу уни яхши кўрса, бошқа нарсаларнинг нима аҳамияти бор?!.. Шуниси сирлигича қолди, чунки Казбек Бэллани ўлдирди. Рашк туфайли эмиш, қизғонган эмиш! Жела унсиз йиғлаб юборди: ўқитувчи нотўғри айтди! Эҳтимол асар ҳақида тўла гапирмаётгандир?.. Демак, «Замонамиз қаҳрамони»ни, албатта, ўқиши керак. Кутубхонада йўқ экан. Тавба, шундай катта «детдом»да айнан шу китоб топилмаса-я! Кимдир олиб, қайтариб бермаганмиш. Барибир ўқиши керак. Балки… Ҳа-ҳа, Ринатга айтади, у, албатта, топиб беради. Албатта, топиб беради. Чунки у… олдидаги дарсликнинг муқовасини силаркан, беихтиёр варақлади. Мана, Михаил Лермонтовнинг сурати. Чиройли йигит экан. Демак, муаллим тинмай таърифлаётган Печорин ҳам шунақа бўлса керак. Унда Казбек-чи? Китобни ёпиб, жилмайди. У айни дамда дарсхонада эмасди, ўзга бир оламда учиб юрарди. Ринатга айтаман, топиб беради.

– Топиб беради! – деб юборди овоз чиқариб.

Настя уни зимдан кузатиб ўтирар, юз, қўл ҳаракатларидан, гоҳ жилмайиб, гоҳ ҳатто йиғлаганидан ҳайратланиб ўтирарди. Унга нима бўлди, дея ўйларди ўзича, ана ўқитувчи ҳам бир-икки қараб қўйди. Унинг ҳолатини пайқади шекилли-да. Чиндан ҳам Жела ўзгариб қолди, буни сезиб юрибди. Лёняга айтганди, «Э-э, у ўзи шунақароқ», деди холос. Бу «шунақароқ»нинг дарсда бунақа ўтириши нимаси энди?!

Настя елкаси билан Желани оҳиста туртди.

– Сенга нима бўлди, эй-й? – деди шивирлаб. – Ўқитувчи қараяпти!..

Жела уйқудан чўчиб уйғонгандай боқди…

Дарс тугаши ҳамоно ошхона сари чопди. Лекин Ринат йўқ эди – қайгадир чиқибди. Қайтаркан, Турдига йўлиқди. У жилмайиб сузилди.

– Ҳмм, Желахон, қорнинг очдими? – деди тамшаниб. Урушнинг азоб-уқубатларидан, очарчиликдан энди-энди йироқлашаётган йиллар эмасми, одамлар гап-сўзларда кўпроқ емак-ичмакга урғу беришарди ва буни табиий қабул қилишарди.

Жела Турдининг башарасидаги маънони тушунармиди.

– Йў-ўқ, қорним тўқ, – деди бесаранжом типирчилаб. – Ринат амаки… а йўқ, Ринат қаерда?..

Турди унга ҳирс ила тикилди.

– Ринатни нима қиласан, мен турибман-ку! – деди ютиниб.

Қизнинг кўзлари уники билан тўқнашиб, эти сесканиб кетди.

– Йў-ўқ, – дея эсанкираб, каловланди-да, – ҳа, майли, кейин келарман! – деганча дарсхона томон чопди.

Турди иршайганча қолди…

Навбатдаги фан қайси эди ёдида йўқ, аммо Жела боягина кечган кўйини одатдагидек ҳозирданоқ тез унутди. Барча кўниккан феъли боис тушгача борки саволларга, нигоҳларга аниқ-тиниқ жавоб берди. Настя бундан икки ҳисса ҳайратда ўтирарди. Чунки ҳалигина жиннидек туюлган жон ўртоғи, ўқитувчиларнинг сўроқларига митти қизалоқнинг ўз қўғирчоғи билан пинҳона гаплашаётгандаги ҳолатида жавоб қайтарарди. Ҳеч нарсага чалғимасди, ангорида паришонликдан асар ҳам йўқ эди. Настя енгил тортди: Лёня билиб айтган экан, Жела нафақат «шунақароқ», ҳатто бошқачароқ қиз!..

Асрда одатда кўплар орқа боғ-ҳовлида дайдишни бошлашади. Дарслардан сўнг ўқитувчи ва тарбиячилар болаларни озод қўйишади. Ўзларини уйдагидек ҳис этишсин дейишади-да. Ҳар кимнинг ўз қадрдон дарахти бор. Желанинг одам бўйи қисмидан айриланиб, уч қулочча тепада тарвақайлаб кетган ўриги бор. Ғадир-будир танаси қўнғир-қора. Ёшини аниқлаш мушкул. Аслида у кўпам меваларнинг фарқига боравермайди. Эҳтимол ўзбекмаслигидандир. Сўрай деса, «детдом»да ўзбек болалар йўқ ҳисоби. Билган-билмаган катталар у дейди, бу дейди, аммо ҳануз меваларнинг фарқига боролмайди. Унинг ўйлашича, ўрик ғирт ўзбекона дарахт. Биринчидан, туси, сўнг ҳайбати – катта-да! Энг асосийси, жуда чидамлига ўхшайди. Чунки иссиқда ҳам, совуқда ҳам, барги тўкилганини айтмаса, мутлақо ўзгармайди. Билганлар унга ортиқча парваришнинг ҳожати йўқ, дейишганини кўп эшитган. Аммо меваси жуда ширин. У миллат деганларини унча англамайди-ю, ўзича ўзбеклар ўрикка ўхшаса керак, деб қўяди. Чунки суйган дарахти жуда меҳрибон-да! Шунақа пайтда, қанийди, бирорта ўзбек ўртоғим бўлса, дея ўйлагани ҳам рост. Булар-ку, кўчага кам чиқишади – тартиб шунақа. Мабодо бу бахт насиб этса ҳам то қайтгунларича одамларнинг эътиборидан толиқишади. Қаерга борсалар, айниқса, бозорда, уларга айрича боқишади: раҳмлари келаётгани-ку, шундоққина билиниб туради, энг оғири, шафқат балққан нигоҳларининг «Ҳа, етимчагиналар!» деётгандек туюлишидир. Шунинг ортидан ҳимматлари тутиб, бир нималарни инъом қилишга тушишади. Чин юракдан эканини болалар ҳис қилишади, бироқ… (Уруш йилларида жанглар бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга жуда кўплаб болалар олиб келинган. Уларнинг аксарияти ота-оналаридан айрилган эдилар. Шунинг учун халқимиз бу норасидаларга бағоят меҳр-шафқат билан боққан. Шунданми, ўзбеклар «детдом» деганда етимлар яшайдиган жойни тушунишган (аслида ҳам шундай бўлган). Шунинг учун бизда ўз боласини «детдом»га бериш ор саналган. (Ҳозирги «Меҳрибонлик уйи» деб аталувчи жойлардаги болаларнинг асосий қисми эса ўзбеклардир. Йиллар оша, мана, нимани бой бердик.) Нозик кўнгилроқ болалар, мўл-кўл ҳадяларни бағирларига босиб, ҳар сафар кўчадан ўксиниб қайтишади. Бунга парво қилмайдиганлари ҳам оз эмас, албатта.

Жела суюкли ўригига меҳрли боқиб, дағал танасини бирпас силади. Сўнг унга суяниб, ажриққа ўтирди. Андармонлик истади, лекин на қўлида, на хаёлида бир нарса бор. Беихтиёр ҳар тарафдаги ўтирган, турган, юрган, чопган, кулаётган болаларга тикилди. Уларнинг ҳеч бири бахтсиз туюлмасди. Унинг кўнглида эврилиш рўй берди: Лёня билан Настя қаердайкин? Ёнида бўлишса, гитара чалиб, сал чалғирмиди? Улар бир-бирларига жуда мос. Настяга жуда-жуда ҳаваси келиб кетди, акаси чиндан ҳам яхши йигит – ҳалол, мард. Настя эса… Желанинг хаёли бўлиниб, бирдан сергак тортди: рўпарасида Ринат шошиб у томон келарди. Қиз кафтидаги рўмолни қаттиқроқ тутамлаб, бағрига босди. Кўзлари чақнаб, пастки лабини тишлади. Бу пайтда тик турар, бутун вужуди титрарди.

– Қаерларда юрибсан-а, сен қиз? – дея Ринат аввалига унинг бурнини беозор чимчилаб, ортидан юзини силади. – Қачондан бери излайман.

– Нега?! – деди Жела унга жовдираб тикиларкан, киприклари пирпираб. У оташда жуда чиройли бўлиб кетганди.

– Мени сўраганмидинг, ахир?! – Йигит қизнинг тим қора сочларини эркалаб тўзғитди. – Ҳей, қисиқ кўзим! – Унинг кўзларидаги олов эсанкиратувчи эди.

– Нега сизни сўрабман? – Жела ҳамон ўзига келолмасди.

– Мени излаб ошхонага бордингми, ахир?

– Ким айтди? – деб юборди қиз беихтиёр.

– Бу нима деганинг? Турди айтди. – Ринатнинг нигоҳи «алданмадимми мабодо», дегандай жиддийлашди. – Ё бормаганмидинг?

Кўз олдида Турдининг масхараомуз башараси намоён бўлгач, Жела бир қалқиб, сергак тортди.

– Ҳа, уми? – дея у ёқ-бу ёққа аланглаб, сочларини тўғрилашга уринди. – Китобга борувдим.

– Китоб? – Ринат қизнинг кўйидан муддаосига ета бошлаганини англади. – Қанақа китоб?!

– Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» китоби. – Шундай деди-ю, кўз олдида қонга беланган Бэлла пайдо бўлди. – Адабиёт ўқитувчимиз вазифа берганди, – дея ўзини оқлагандай минғирлади қиз.

– Қанақа китоб дединг? – Ринат кутгани учун имкони туғилганидан кучланди.

– «Замонамиз қаҳрамони».

– Бунақа гаплар менинг эсимда қолмайди. Қаламинг борми?

– Йўқ, – дея довдиради Жела.

– Юр, хонада ёзиб берасан.

– Хўп. – Жела отасидан ҳадя кутган қизалоқдай чопқиллаб унга эргашди. Омборнинг эшигидан кираётганда Турдининг афти кўз олдига келди-да, таққа тўхтади.

Столига яқинлашган Ринат унинг қилиғини кўриб, росмана асабийлашди. Чунки айни дамда қизнинг истагини бажаришдан ўзга хаёли йўқ эди.

– Тағин нима бўлди? – деди бўғилиб. – Сал одамга ўхшаб гаплашгин, Жела.

Қиз бўшашиб ичкари кирди.

– Турди амаки йўқми? – дея шивирлади ўзига ўзи гапираётгандай.

– Ким? Турди? Турдини нима қиласан, сен қиз? – Ринатнинг кўнглида ёмон ниятдан асар ҳам йўқдек эди. – Мана қалам, мана қоғоз, ёз! – деди-да, ўзини четга олди.

Жела иккилана-иккилана столга яқинлашиб, энкайди. Қаламни бармоқлаб, ёзди: «Михаил Лермонтов», «Замонамиз қаҳрамони». Сўнг Ринатга мўлтираб, шивирлагудай деди:

– Алдамайсиз-а? – Бу сўзни у ўзича айтди, йигит эса ўзича тушунди.

Қоғозни қўлга олиб ўқиркан, Ринат кескин ҳаракат билан қизни қаттиқ қучди-да, ўпиб олди.

Жела сесканиб кетди: бу лаҳзаларнинг давом этишини истади, аммо аксил ҳаракат қилди.

– Бўларкан-ку, – деди Ринат қоғозни чўнтагига солиб. – Нима балолар дейсан!.. Бор, ишингни қил!

Қиз бўшашиб хонани тарк этаркан, Ринатга меҳри ортгандан ортди: у ёмон одам эмас…

7

1953 йил. Баҳор. Сталин вафот этди. Бу хабар кўчадаги радиокарнайда қайта-қайта такрорланганда болалар «детдом» ҳовлисида саф тортиб турардилар. Уларнинг, айниқса, олисдан келганларнинг нигоҳларида яна фашист босиб келаётгандай қўрқув-даҳшат қотиб қолган. Ўқитувчилардан тортиб айрим аксарият ўсмирларгача ошкора йиғлашмоқда. Ахир доҳий ўлди-я! Кўплар яна уруш бўлади, Сталинсиз фашистларни енга олмасдик, деб ўйлашарди.

Бутун шўро халқи уч кундан буён мотамда, юм-юм йиғлайди. Энди нима бўлади – барчанинг хаёлида шу хавотирли савол.

Жела эса бир йилдан бери «Замонамиз қаҳрамони» таъсирида яшарди. Ринат Печориндан кам эмас, ҳатто ундан ортиқ. Яхшики, буларнинг Казбеги йўқ. Ринат уни Печориндан ортиқ севади. Ахир ҳамиша эркалайди, айтган нарсасини муҳайё қилади, қучади… Хиҳ… Агар у «Замонамиз қаҳрамони»ни топиб бермаса, Печориннинг тақдири чала қоларди… Балки уни яхши кўрар?! Фақат ёши катта-да?! Умуман, севги нима ўзи?!.. Севгими?!.. Бу овоз унинг ичида ҳайқирди. Тунов куни Настя йиғлади-ку: ҳўнграб-ҳўнграб. Лёня ёнида, аммо ёзғириб-ёзғириб йиғлади. Кўз олдига фашистлар келдими: онасини, акасини ўлдирган?! У ёнида Лёня тургани учун ҳам шу кўйга тушди, эмин-эркин, кўнгли эриб-эриб кўз ёши тўкди. Бошқа бировнинг олдида ҳеч қачон ўзини бунақа тутмасди. Шунақа – ўйланиб-нетмай, иккиланмай, малолсиз дил ёра оладиган кишинг бўлгани қандай яхши! Дарров енгил тортасан, хотиржам юрасан. Мана шу севги бўлса керак. Шунинг учун ҳам Настя бахтиёр, кундан-кун улғайиб, очилиб бормоқда.

Ўзи-чи, ўзи, бахтлими? Ринатга Настя худди акасига суянгандай суяна оладими? Дардини тўкиб солишда иккиланмайдими?.. Бу саволлари ҳамиша жавобсиз қолади. Лекин Ринат қучоқлаганида, ўпганида бирам хуш ёқадики!.. Кўнгли ярим, доимо меҳрга ташна яшамаганми, ошпаз йигит энг яқин кишисига айланиб борарди – буни аниқ-тиниқ ҳис этарди. Шу севгимикин?! Балки!.. Ринат уни яхши кўради, акс ҳолда, бунчалар эркаламасди, қучоқламасди, совғалар бермасди. Нима бўлганда ҳам энди у ўзи учун азиз, қадрли. Акаси эса уни ёқтирмайди, буни яшириб-да ўтирмайди. Доим «Эҳтиёт бўл, бу татар сени алдайди, ташлаб кетади», дегани-деган, танбеҳ бергани-берган. Жела унинг гапларига ишонмайди, Ринат унақа одам эмас, дейди ўзича.

Бутун мамлакат мотамда бўлганидан дарслар ҳам тузук-қуруқ ўтилмасди. Ўқитувчию тарбиячилар хавотирда бесаранжом ғимирлайдилар. Уларнинг аҳволини кўриб, айрим болалар ваҳимада олазарак боқишади. Жела ҳам ўшалар қатори.

Тушдан кейин Ринатнинг ётоғига йўл олди – шунга келишишганди. Бир кўнгли, акасининг гитарасини сўрамоқчи бўлди, чунки бош ошпаз қўшиқни яхши кўради, айниқса, у куйласа. Лекин ҳамма қайғуга ботган бир пайтда ашула айтиб ўтирганини биров эшитса, ҳар бало бўлиши мумкинлигини ўйлаб, шаштидан қайтди.

Борса, Ринат ҳали хонага келмаган экан. Ўйланиб ўтирмай, йигит ҳар эҳтимолга қарши берган калитда эшикни очиб, ичкари кирди. Димоғига таниш ҳид урилиб, завқи ошди. Ихчам хона бағоят батартиб эди, ҳатто симкаравотдаги кўрпа-чойшаб, ёстиқлар ҳам теп-текис турарди. Қиз столдаги нарсаларни – чойнак-пиёла, сувли графин, стакан, устига сочиқ ёпилган ярим буханка нонни шошилмай завқ билан томоша қилди-да, ликобчадаги конфетдан битта оғзига солиб, қувнаб каравотга ўтирди. Кўп ўтмай, кўзлари сузилиб, оҳиста ёстиққа ёнбошлади…

Ринат шитоб кириб келганида, чўчиб уйғонди-ю, турмади, эркаланиб ётаверди.

– Келибсан-у, миттивой, – дея йигит энкайиб, унинг юзидан ўпди. – Бунча чиройлисан-а!

Қизнинг димоғига ароқ ҳиди урилди: одатдагидек тушликдан олдин ичгандир-да. Аммо Жела парво қилмади, аксинча, ҳузурла тамшанди.

– Тушликда қорнинг тўйдими? – сўради Ринат костюмини ечиб, илгакка иларкан.

– Жудаям! – деди қиз эркаланиб ва туриб ўтирди.

– Ётавер-ётавер! – Йигит негадир эшикни ичкаридан қулфлади. – Бирга ётамиз.

– Нима? – кўзлари пирпиради қизнинг.

– Ҳа, нима? Ё-ётамиз!.. – Кайфда Ринатнинг кўзлари ёқимли боқарди.

Жела ўрнидан турди. Йигит унинг белидан қучиб, кўзларига ҳирс ила тикилди. Қизнинг қужудида олов ёнди, томирлари чўғланди…

…Ринат кийинаётганда, Жела қорнини қучоқлаб ғужанак бўлиб ётарди. Сочлари тўзғиган, юзлари лов-лов ёнади.

– Энди нима бўлади? – деди ўзига Жела ўзи гапираётгандай ўйчан қиёфада.

– Ҳаммаси яхши бўлади! – Ринат унинг юзини силади – Ахир мен сени севаман-ку!

Желанинг кўзлари чақнади.

– Ростданми?! – дея сакраб туриб, уни маҳкам қучоқлаб олди…

8

Жела хола айтилган қаҳвахонага келишилган вақтда етиб келди. Жилмайиб саломлашди. Унинг оқ юзи, қисиқ кўзлари яна-да файзиёблашгандек туюлди. Калта оппоқ сочлари ўзига жудаям ярашган.

Четроқдаги жойга ўтирдик. Мен нима қилишимни билмай, тараддудландим: шу пайтгача ўзбек бўлмаган аёллар, айниқса, кампирлар билан ҳеч мулоқот қилмагандим-да.

– Менга қаранг, йигитча, – деди Жела хола маъноли боқаркан, мулойим, аммо қатъий овозда, – аввало мен ўн саккиз ёшли ойимча эмасман. Онангизми, бувингизми қатори кампиршоман. Шунинг учун ўзингизни сал эркинроқ тутинг.

bannerbanner