banner banner banner
ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР
ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР

скачать книгу бесплатно

ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР
Амир Тўраев

Амир Тўраев

Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари

Мамлакатимизда қадимий манзиллар анчагина. Ана шундай табаррук гўшалардан бири Қашқадарё вилоят Косон туманидаги Пўлати қишлоғи бўлади.

Йигирма мингдан ошиқ кишилар яшайдиган бу қишлоқ аҳли аксарият кўпчилигининг аждод-авлодлари араб миллатига мансуб, турмуш тарзи, уй-жойлари, ҳовли-боғлари, урф-одатлари Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада яшовчи араблардан тарқаган мусулмонларникига монанд.

Яқин Шарқ, дарвоқе, Пўлатидан уч минг чақиримча нарида бўлса-да, бу манзил-маконга араб миллати вакиллари қачон ва қандай келиб қолган, қуёш ботмас диёр – Қарши чўли қоқ марказида, Ўртачўл дашти соҳиллари бўйлаб қай тариқа ватан тутган деган саволлар туғилиши табиий.

Қадимшунослар берган маълумотларга қараганда, Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сида ёзилишича, 1384 йил баҳорида Соҳибқирон Амир Темур Амударё устида муҳташам кўприк қурдирган экан. Ўйлаб қоласан, қайдам, пўлатиликларнинг аждод-авлодлари ана шу кўприкдан қўй-қўзиларини ҳайдаб ўтмаганмикан?

Пўлатиликлар ушбу манзил-маконда ўтроқ, шод-хуррам яшаб келмоқда. Айрим тушунча ва жумлаларида, умуман, шевасида арабий калималар ва лаҳжалар унсурлари учраб турса-да, ўзбекчани «она тилим», зуваласи нур, офтоб ва эзгулик билан йўғрилган Ўзбекистонни «ота юртим» деб эъзозлайдилар, айни маҳалда ўз урф-одатларига ҳам қатъий риоя қиладилар, араб миллий маданияти унсурларини сақлаб қолиб, қадриятларни асраб-авайлаб яшамоқдалар.

Жаҳон тарихига назар ташлайдиган бўлсак, милодий 610–632 йилларда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қурайший ал-Арабий, яъни Муҳаммад пайғамбаримиз Исломни дунёнинг янги дини деб эълон ва таъсис этган, Арабистон яриморолидан Сурияга, Суриядан Ироққа, Ироқ орқали эса Эрон империяси сарҳадларига, ниҳоят, Ўрта Осиёга – Туркистон заминига кириб келган, хуллас, мусулмонлик таълимоти ва тамаддуни Каспий денгизи шимолий соҳилларига қадар етиб борган эди.

Азамат вилоятларимиздан бири Қашқадарёда яшовчи арабларнинг аждодлари Ислом дини тарғиботчилари сафида келган бўлса ҳам ажаб эмас.

XIV аср охирида Амир Темур араб мамлакатларидан Ироқ ва Сурияга қўшинлар киритган ва маълум муддат забт этган, Дамашқни қамалда сақлаган ва бўйсундирган, асир тушган арабларни, хусусан, Дамашқ ва Басра атрофларидан Мовароуннаҳрга жўнатган экан.

Умуман олганда, Қашқадарёда яшовчи араб миллатига мансуб эл-элат Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий ва Саъид ал-Хароший ал-Баттол ал-Қурайший қўшинлари сафида келган бўлса, айримлари Соҳибқирон Амир Темур қўшинлари ҳайдаб келган асирлардан бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Одамлар орасида сақланиб қолган ривоятлар ҳам шунга ишора этади. Шевада эса Саъид Баттолнинг лақаби шўх ва серғайрат болакайларга нисбатан «баттолча», «баттоллик қилмагай» тарзида янграб келмоқда.

Кўпчилик тадқиқотларда, хусусан, В.Бартольд, Жаъфар Наршахий, С.Қораев, Б.Кармишева, А.Васильев, Т.Нафасов, Х.Дониёров, В.Массон, В.Ромодин, Б.Аҳмедов ўз илмий изланишларида Туркистонга келиб турғун яшаб қолган араблар аждодлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришган. Ана шу олимларнинг талқинларида ҳам аниқ маълумотлар учрамайди, улар тахминларга ишонган ва таянган, холос.

Ўтмишини билмаган кишининг сўқирдан фарқи бўлмайди, бундай кимсалар келажакни ҳам кўра олмайди.

Тарих роса олис, чек-чегарасиз бир дунё. Ўтганларимиз – улуғ аждодларимиз ҳаёти ва қаҳрамонликларини англаш учун қанча фурсат, қанча меҳнат керак бўлади? Тарих ўзи бировнинг мадади-ю кўрсатмасига муҳтож бўлмаган, дунёдаги ҳеч бир эзгуликка осонлик билан эришилган эмас, барча-барчаси азоб ва машаққат, қон ва жон эвазига дунёга келган.

Тарих барча сохтакорликлардан сарбаланд, адолат ва тўғрилик дунёси доимий ҳаракатда ва ўзгаришда, тўхташ ва тин олиш нималигини билмас тарих ўз бошида асрлар залвори, мамлакатлар ва халқлар тақдирини кўтариб юради, унинг юзи ҳамиша ёруғ, оқни – оққа, қорани эса қорага ажратишда ҳеч маҳал алдамчилик, риёкорлик, мунофиқлик ва қаллоблик қилмайди.

Ўтган авлод-аждодлари ва халқ қаҳрамонлари тарихини билиш ҳам маърифат ва маданият нишонаси.

Илмий изланувчилар ва олимларимиз олдида залворли вазифалар турибди, пўлатиликлар бўй-бастини халқимизга аниқ ва ишончли далиллар билан очиб бериши лозим. Бинобарин, нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақасида аждодлари ислом фотиҳлари, Пайғамбар, халифалар авлодларига бориб тақалувчи кишиларнинг авлодлари йирик-йирик қишлоқлар бўлиб яшайдиган аҳоли манзиллари ҳам анчагина. Улар ўзини шунчаки «араб», «саййид», «махдум», «хожа» деб атайдилар, «мулла», «эшон» ва бошқа маҳаллий тиллардан чиққан терминлар билан аталувчи тоифалар қаторида Минтақа ислом цивилизацияси, маънавияти ва маданияти шаклланиши ва мавжуд бўлиб туришида иштирок этадилар. Ўзбекистон вилоятларидаги «Араб», «Арабхона», «Арабсарой», «Арабҳо», «Арабон», «Махдумон», «Саййидон», «Хожа» сингари бевосита топонимлардан ташқари, дейлик, бизнинг «Пўлати» сингари билвосита арабча топонимларга ҳам ишора этувчи жой номлари мавжудлиги тарих меваси ва минтақа кечмишлари ҳақиқатидир. Ўзбекистон араблари, асосан, Бухоро ва Қашқадарё араблари она тили – араб тилини сақлаб қолган араблар, шу билан бирга ўзбек, тожик ва ҳатто туркман тилини она тили деб билувчи – араб тилида сўзлашмайдиган арабларга бўлинади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам араб тили бутунлай истеъмолдан чиқиб кетмаган, негаки у ибодат – сажжода ва масжид тилидир, яъники ал-Қуръон ал-Азим уш-Шаън тилидир.

«Совет энциклопедияси»нинг эллигинчи жилдида Ўрта Осиё халқлари ва миллатлари тўғрисида маълумотлар берилган, уларнинг нуфуси – аҳоли сони тўғрисида қисман ёзилган, ҳатто 350 кишигина сўзлашадиган чуван тили тўғрисида ҳам мақола, маълумотлар ва шарҳ тузилган экан. Бунда қомус тузувчилар «араб», «араб тили» ва бошқа тушунчаларга таърифу талқин берганда фақат Совет Иттифоқидан ташқаридаги араб мамлакатлари ва маданиятини назарда тутган, холос.

Қизил империя даврида бирорта адабиётда «маҳаллий араблар», «бухоро араблари», улар тарихи тўғрисида бир жўяли сўз айтилган эмас, мустақиллик шарофати билан, шукурки, мамлакатимиздаги араб манзиллари мукаммал ўрганилмоқда. Совет давридаги яккам-дуккам тадқиқотлар сафига янгидан-янги изланишлар келиб қўшилмоқда. Ўзбекистонда, асосан Ўртачўл минтақасида Араб миллий маркази ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Пўлати қишлоғи пайдо бўлганидан бери қарийб 10–12 аср ўтган бўлса-да, унинг тарихи тўғрисида илмий ишлар ёзишга фақат энди-энди киришилмоқда, умидвормизки, бу жараёнда, албатта, пўлатиликлар ҳам фаол иштирок этади.

Пўлати қишлоғи жойлашиши ҳақида икки оғиз сўз: «Худойибоши» маҳалласи Пўлати қишлоғининг остонаси («Ариқ ёқаси» ҳам, «Калтатой» маҳалласи ҳам қўшилган), кейинчалик пайдо бўлган «Марказ» маҳалласи, «Мерганча» маҳалласига янги тузилган «МТС»га кўчиб келганлар ҳам қўшилган, «Кўтарма» маҳалласи, «Қорабўйин» маҳалласи (бундай маҳалла ёки қишлоқлар Ўзбекистон вилоятларида ҳам мавжуд, яъни «Қорабўйин» арабча «Қорийатун» (Қишлоқ манзили) деган сўздан келиб чиққан, «Чуқурқишлоқ» маҳалласи, «Бешқўтон» маҳалласи, «Фозил» маҳалласи мавжуд бўлиб, кўпларининг ўтмишдаги номи сақланиб қолган.

Эскидан Пўлати қишлоғида яшовчилар орасида бир яхши одат бўлган: улар остона ҳатлаб, уйдан чиқиши биланоқ тулпорига минмайди, отини аста-аста етаклаб хонадонидан йироқлашади, холисроққа бориб эгарга қўнади.

Бу фурсатда қиладиган ишларини режалаштиради, олдидаги мақсадларини ақл тарозусида ўлчаб-чамалаб кўради, борган жойида гапириш керакми ёки тилни тийиб туриш лозимми, яхшиси, доно сўз бўлса, гапириш зарур, деб обдон ўйлаб олади. Дарвоқе, айтилмай қолган сўз роса алам қилади, танимаган одам бир ёпиқ қозон, қозонни очмасанг, нима пишаётганлигини билмайсан, ўчоқ ва қозондан бошқа нарса қоронғу. Кўриб турибсизки, бу одамни ўрганиш учун анча вақт талаб қилади.

Арабларнинг бу одати бошқа халқларга ва мамлакатларга ҳам тарқалиб, ўзига хос умуминсоний чавандозлик одатига айланиб кетгани ҳам рост.

Пўлати қишлоғимни ва элдошларимни кўргали, ҳатто қум ва тупроғини кўзларимга сурмайи Сулаймон қилиб сургали келаман, меҳрибон ҳамқишлоқларимни соғиниб келаман, мен туғилиб, ўсиб-улғайган ва болалигим кечган гўшани қўмсаганимдан келаман.

Қишлоғимни бир умр тасаввуримда севимли Отамга ўхшатаман, доимо шу қишлоғимда яшашни истайман. Ёшим бир жойга борганда, қишлоғимга қайтишга, шу манзилда яшаш менга завқ бағишлайди, ўз элим тупроғини, ота-боболарим ётган мозоримиз ғуборини кўзимга суртмоқ учун келаман.

Пўлати қишлоғим, унинг аҳлини кўп севадиган, ҳурмат қиладиган инсонга айланиш ҳам ўзи катта бахт.

Мен деҳқонман, осмонда ҳаракатланаётган булутларга доим қараб юраман, йироқ-йироқлардан келаётган қушлар учишини узоқ кузатаман ва чуғурлашини роса мириқиб тинглайман, ер ҳайдаш, экин экиш, соғлом кўчат олиш, боғу бўстонлар яратиш ҳақида ўйлайман.

Экинзорлар оралаб хаёллар сураман.

Ҳосилни йиғиб-териб олгандаги деҳқоннинг қанча заҳматлари, умидлари, қувончлари кўз олдимдан кетмайди, деҳқончилигимни олтину зарларга қиёс қилмайман, улар шодлик ва қувончим, машаққатли меҳнатим, оддий кетмончининг кундалик ташвишлари, меҳнатдаги шон-шуҳрати, орзу-ниятлари тўғрисида ўйлаганимда кўз ўнгимда меҳнаткаш пўлатиликлар, уларнинг раҳнамоси Отам Тўра Орзиқулов намоён бўлади, қишлоқдошларимнинг порлоқ эртаси тўғрисида ўйлайман.

Қуйидаги назарингизга ҳавола этилаётган хотираларни Пўлати қишлоғи, элнинг мушкул кезлардаги раҳнамоси Тўра Орзиқулов ва жонажон Ўзбек мамлакати, киндик қоним тўкилган юртимдан чиққан азиз одамлар ҳақида деҳқоннинг ёзмишлари, ёзувчилик, ҳатто жайдари қаламкашликка даъво қилмайдиган Фарзанд дил изҳорлари ўрнида кўргайсиз дея умид қиламан.

Ниҳоят, мен ҳам тулпоримни остонамдан йироқлатиб, катта йўлга, Сиз билан мулоқот сари отландим.

Нопок ва ноҳалол йўлларга кирган ҳар бир инсонни яхши йўлга солиш, эзгу амаллар, пок хислатларга бошлашни Оллоҳим хуш кўради, ҳар бир яхши фазилатнинг Арши Аълода ҳисоби бор дейдилар-да.

Пўлатиликлар ўта ор-номусли ва бир сўзли кишилар.

Ўз йўлини ҳамиша порлоқ фикрлари билан ёритган эл; улар қизларини турмушга узатаётганда фарзанд розилигини сўрамайдилар, фақат ўз қарорини айтадилар, ҳатто ўғилнинг ҳам розилигини сўраб ўтирмайдилар. Ота-онанинг уйига келган меҳмон ва беморларнинг хизматидан бўйин товламайдилар.

Отам ақлимни таниганимдан бошлаб: – Бир умр инсон бандасига ёмонлик қилма, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаргин. Ёмонларни Оллоҳ ҳукмига ҳавола қил. Қаерда ишласанг ва яшасанг, ўз йўлингни поклаб юр, сенга ситам қилган кишини кечиргин. Сенга ёмонлик қилган кишини қоралашдан тийилгин. Бегона киши бир нима ҳақида сўраса, одоб билан жавоб бер. Халқ учун фақат фойдали иш қил. Белбоғи бўлгани билан ҳар ким ҳам эркак бўлавермайди! – деган сўзларни кўп маротаба такрорлар эди.

Ақлимни танигандан бери рақибларим билан очиқчасига курашдим, бу эски жароҳат ҳануз қалбимни ўртайди. Бу курашлардан қишлоқдошларим турли-турли тўқима ҳангомалар ўйлаб топишган. Бу тортишувлар ҳақида гапдонларимиз ҳикоятлар айтган. Элда қаҳрамонликларга хос эртак бўлиб кетган.

Пўлатида рақиблар тўқнашуви ҳеч қачон унутилмайди: ким ҳақ, ким ноҳақ – бу Оллоҳга аён. Бу тортишувлар ҳаводаги булутга ўхшайди, баъзида тўлиб-тўлиб ёмғир ёғган, баъзида осмон гулдираб, момақалдироқ бўлиб-бўлмай ўтиб кетган, холос.

Ўша бесамар тортишувларни кўпиртирувчилар ҳам бўлган, албатта.

Буларнинг бариси, кўз ёшидан қолган юздаги шабнамдан бўлак нарса эмас.

Ҳозир ҳам ҳамқишлоқларим даврасида ўша ўтган ишлар бош мавзу бўлиб қолган.

Нима ҳам дердим?

Хонадонимиз тўрида отамнинг сурати туради. Бир қарашдан сезилади ундаги қароғ қанчалик синчков эканлиги. Унинг қудрати кўзида эди, қариган чоғида раҳматли Отам тортишувларни мутлақо тўхтатиш, рақиблар билан дўст ва қариндош бўлишни истади, ёлғонлар, мишмишлар, туҳматларга чек қўйишни ихтиёр айлади. Бундан кейин ёлғон мишмишлар даврон сурмайди, деган қатъий тўхтамда оёқ илди.

Отамга 90 ёшида ёпишган дард Оллоҳ даргоҳига олиб кетди, отам тириклигида мабодо хато қилган бўлсам, кечикиб эса-да, қабрига бориб йиғлаб узр сўрадим, йўл қўйган хатоларимни (агар хато қилган бўлсам) руҳи поки кечириши учун тавоф қилдим.

Элим, қишлоқдошларим ва болаларим деб яшаган Отам рақибларига ҳеч қачон омонлик бермаган, уларни иши билан, сўзи билан, меҳри билан эритган, қаҳри ҳам посангида доим тўғри тортилган эди.

Кечалари чироқни ўчиришим биланоқ Отам деразам олдида намоён бўлади.

Отамнинг руҳи мени тонг отгунча қўриқлаб чиқади, сен беморсан, узоқларга бориб даволангин дегандай бўлади, отам бизларни тириклигида қўйнига жойлаб балою қазолардан сақлаганди-да.

Отам тушларимга кириб: – Болам, жанжал – фалокат. Мени рақибларим қанчалаб ноҳақ яралади. Миқ этганим йўқ. Қара, гавдамда тешилмаган жой борми? Кўксимга ўқ отганлар Худодан топди. Чида, Худога сол. Мен элим, ўз йигитлик орим учун рақибларим ёқасидан тутдим. Улар билан курашганим рост, энди, жоним болам, тортишувга ҳожат йўқ. Элимизнинг тинчлигини Оллоҳдан сўрагин, қўлингдан келса, уларга раҳнамо бўлгин.

Отам тоза сўзли инсон эди: у ҳаловат билмади, фақат меҳнат қилди. Унинг кўнглига маишат сиғмаган.

«Болам, ўйлайман, ўжар фикримда туриб, балки ишларимиз хатодан хатодир, деб фикр ҳам қиламан. Лекин элим ризқига хиёнат қилмадим. Кимларнидир ноҳақ хафа қилгандирман, аммо мен ҳақ эдим. Ҳақлигимча омонатимни Эгасига топширдим», деб тонггача менга тикилиб тургандай, тасалли ва таскин улашгандай туюлади.

Отам олдида нима ҳам дер эдим.

Отамнинг сўнгги сўзларини бажаришим шарт.

Бу менинг мақсадим бўлиши керак.

Рақибларимдан узр сўрашимнинг эса ҳеч имкони йўқ.

Ўзлари бу дунёни тарк этган, лекин рақибларимнинг гуноҳ ишларини хотирамдан ўчира олмайман.

Фақат Отамдан тиз чўкиб узр сўрашим керак, Отам мени кечиради, сўнгги насиҳатлари мен учун ҳаёт ва катта йўл эди.

Отам бошимни ўз қўллари билан силаб қўйган.

У мени чин дилдан яхши кўрган, бу айни ҳақиқат.

Тўғрисини айтсам, отамсиз бу дунё офтоб нури тушмаган ғорга ўхшайди.

Шуни тан олишим керакки, отасиз ғариб ва бахтсиз кишилар бир умр падарига талпинади, уларнинг ҳаёти баргсиз дарахтга ўхшайди.

Отам рақиблари билан кураша олди. Тўғри келса, муроса ҳам қила билди. Ҳаммасига ҳалоллик ва покизалик билан эришди.

Отам – ҳамиша бедор.

Отам Тўра Орзиқуловнинг бедор арвоҳи жонажон Ватаним, мустақил Ўзбекистонимни, кечаси ҳам, кундузи ҳам ўз халқи, фарзандларини ўйлайди, баркамол вужуди тўлиб-тошиб нафас олаяпти, яшаяпти, қадам боссангиз, ўғлим, ҳа, сенмисан дегандек бўлади, бирданига руҳингизни ҳаяжон чулғайди.

Отада ғурур бор, шаън-шавкат бор, ифтихор бор. Унинг қалбида элу юртининг орзу-мақсадлари муқаддас тимсолларга айланган, шундай порлоқ кунларга етишгунча қанча жафоларни, не-не ранжу аламларни кўрмади, дейсиз. Отам тирик чоғида болаларим, қариндош-авлодларим, халқим ва элим деган эътиқод билан яшади.

Ўзини савобли ишларга бахшида этди, чунки отам ўткир ақл соҳиби эди.

Отам узоқ соғинган Истиқлол миллион-миллион ўғил-қизларимиз иқболи ва истиқболидир, уларга эркин яшаш, меҳнат қилиш бахтини инъом айлади.

Таъбир жоиз бўлса, туғилган қишлоғим, табаррук Ватаним-да, ота-онам, мактабда ўқитган муаллим, устозлар сингари бизни тарбиялади, таълим берди.

Пўлатиликлар ҳар қадамда эзгуликдан сўйлайдилар, сени қишлоқда кўриб қолгудек бўлишса, фақат яхшиликларга чорлашади ва ўзлари ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Уларнинг донолиги, меҳрибонлиги, ҳар бир меҳмонни ҳаяжонга солади.

Пўлатиликлар инсон боласининг қўлидан фаришталар қўлидан келадиган ишлар келишини жуда яхши билади.

Дарҳақиқат, ҳаёт қанчалик мураккаб бўлмасин, нур ва зулмат, адолат ва разолат, эрк ва зулм, гул ёнида зоғ, барча-барчаси ёнма-ён, улар одамзод умрининг иқболими ёки заволи-ми – бу жумбоқ.

Яхшилик осонлик билан вожиб бўлмайди, эркинлик ва эзгулик дарҳол қарор топа олмайди.

Инсонга меҳр кўрсатиш – киши умрининг гултожи ҳам зийнати.

Пўлатида меҳмондўст ва дастурхони очиқ инсонлар яшайди.

Кўп юртларда эшикларда шундай сўзлар ёзилган экан: «Йўловчи, уйимга кирмасдан ўтсанг, менда айб йўқ, бунинг гуноҳи сенда. Эй меҳмон, уйимдан хафаҳол кетсанг, сенда айб йўқ, бунинг гуноҳи менда. Эшик зулфинини уриб тақиллатма, менинг уйим очиқ, кириб бир пиёла чойимни ич».

Кўриб турибсизки, бир инсоннинг кулбасига кириб, бир пиёла чой ичиш хонадон эгасига қанчалик шодлик олиб келади экан.

Келган меҳмонни кутиб олмайман деган фикр пўлатиликларда ҳеч қачон бўлмайди, бундай қилса тили танглайига ёпишади, келган меҳмонни ёқтирмаса, бундай хонадондан хайр-барака йўқолади, шундан-да, улар меҳмонга катта эътибор, ҳурмат билан қарайди. Топганини дастурхонига қўяди, қўйлар сўйиб шўрва, кабоблар билан меҳмонни сийлайди, саховат араблар кўрки эканини билади.

Пўлатига келган меҳмон қайси уйга киришини билмай турганда, тандирда ёпилаётган нон, қўй гўштидан тайёрланган қайнатма шўрва ҳиди келган уйда меҳмон бўлишни хуш кўради.

Пўлатиликлар ўз меҳмонини ўта дид ва тўкинчилик билан кутиб олади, уларнинг эшиклари беҳишт дарвозасидай очиқ.

Улар келгувчи меҳмонни ҳам, гадони ҳам соғиниб кутади, остона ҳатлаган меҳмон кўнглида не амри бор, пўлатиликлар учун унча катта аҳамиятга эга эмас, эшикдан келган ҳар бир меҳмонни отасини соғингандек кутиб олади.

Меҳмондўстлик – қишлоқдошларимнинг энг яхши инсоний фазилатларидан энг юксаги.

Улар ўзининг олижаноб меҳмондўстлиги билан қадимдан ном чиқарган, бу хислатлари бобокалонларидан мерос бўлиб, бардавом одатга айланган. Таклиф қилинган, кутилаётган меҳмон ҳам, кутилмаган, тасодифан келиб қолган меҳмон ҳам иззат-эҳтиром билан қарши олинади, ҳурмати жойига қўйилади.

Аслини олганда, меҳмон сизнинг ош-нонингизни деб эмас, ўзингизни деб, сизнинг яхши фазилатларингизни қўмсаб, соғиниб келади.

Пўлатиликларнинг олти минг хонадондан, Райимсўфи, Мўлали, Қаниали, Оққудуқ, Андабозор, Хўжақудуқ, Алачабоб қишлоқларида, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида, Сурхондарё, Қарши чўлида қарор топган шахобчаларидан ташқари тағин неча-неча минг мўриси, қозон ўчоғи бор.

Унумдор ва серҳосил бўз тупроқли ерлари бор.

Пўлатиликларнинг табиий газга муҳтожлиги йўқ, ғўзапоя, қўй қийи ёқади, овқати ва кўк чойи роса мазали бўлади.

Бир замонда пўлатилик Олий Совет депутати Нормат Ҳасанов Москвага борганда ўша улкан шаҳарда овқат тайёрлаш учун уйида ўт ёқишмаганлигини, бирорта уйда мўри йўқлигини, уйларда тарнов йўқлигини кўриб ҳайратга тушганлигини, кўчаларида бирорта ҳайвонни кўрмаганлигини, меҳмонни сийлаш учун гўштни қаердан олар экан деб, бечора чўпоннинг боши қотганлигини, бундаги ҳаётга қойил қолмаганлиги, ўзининг Пўлати, Раимсўфи, Андабозор, Алачабоб қишлоқлари ҳаммасидан обод эканлиги тўғрисида Отамга сўзлаб берган экан.

Содда чўпон Москвадаги ҳаётни ўз билганича таҳлил қилган-да.

Бу инсон ўз Пўлатисини Москвадаги ҳаётдан устун қўйган, ўз Пўлатисини ҳаддан зиёд яхши кўрган одам эди, ўз қишлоғини ҳар қандай пойтахтдан афзал кўрган зот ҳозир бу дунёдан ўтган.

Тўғриси, мен ҳам бу дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, гўзал чеҳраларни кўрдим, кошона ва эҳромларда кездим, бир-биридан жозибадор бўлса-да, ўзим туғилиб ўсган қишлоғимни севаман, дунёнинг чек-чегараси йўқ, кўз ўнгимдан қишлоғимдаги инсонлар бирма-бир ўтиб туради.

Дубайда қурилган «Буруж ал-Араб», 824 метрлик, дунёдаги баланд кошона ҳам, Қизил денгиз, Ўртаер денгизи ва Ўлик денгиз ҳам, жонларга дармон бўлган Карло-Вари суви ҳам, Ҳиндистондаги гўзал Тожмаҳал ҳам, Буюк Хитой девори ҳам, ҳамма-ҳаммаси, мени кечирсинлар, Каъбам Ўзбекистон, 6 минг хонадон яшайдиган ўзимнинг Пўлатим ва унинг заҳматкаш оддий халқи барча-барчасидан устун.

Қишлоғим барча гўзал шаҳарлардан-да гўзал, бир даста янтоқ чопган ҳамқишлоғим дунёдаги забардаст паҳлавонлардан сарбаланд, унинг баҳори, кузи, ёз ва қиши бир-биридан сафоли, лой тупроқ, хуллас, Пўлатининг йўллари жаннатга борадиган йўлларга ўхшайди.

Пўлатининг кузи ҳам сафолик, кўз ўнгимизда сим-сим ёғаётган ёмғир, эсаётган сокин шамол, дарахт остига тушиб ётган барги хазонлар, доно чолдай турган дарахтлар, ғамгин ва ярадор қорақоплондек беғубор зим-зиё тун, қанчалик узоқ бўлса-да, барибир ёқимли.

Эрта тонгда ўз жамолини кўрсатган қуёш нурининг куз фаслидаги нурафшонлигию меҳрибонлигини таърифлашга сўз ила қалам ожиз.

Болалик ва ўқувчилик йилларига қайтаман.

Косон туманида иккита ўн йиллик мактаб бўлар эди: биттаси туман марказида, иккинчиси Пўлати қишлоғида – Михаил Ломоносов номли мактаб.

Пўлатидаги мактабда туман ярим аҳолисининг болалари 8–10-синфларда, шароити йўқ, яшашга мослашмаган ётоқхоналарда яшаб ўқир эди, бозор кунлари 8–15 километр пиёда йўл босиб уйларига бориб келар эди.

Мактабда Бекмуродов, Суяров, Авазов, Омонов домлалар раҳбарлик қилган эди.

Ўқитишдан кўра мафкуравий тарбия қаттиқ олиб борилар эди.