banner banner banner
ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР
ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

ПЎЛАТИ ВА ПЎЛАТИЛИКЛАР

скачать книгу бесплатно


Ҳарбий таълимдан Ширинов деган устоз ўқитар, у киши кўп яхши инсон, аммо урушнинг таъсири анча сезилар эди, бизларга милтиқ отишни ўргатар эди.

Урушдан кейинги йиллардаги очарчилик, йўқчилик одамларнинг тинка-мадорини қуритиб бўлган, халқ хўжалигини тиклаш учун Совет давлати аҳоли турмуш тарзини ижобий томонга буролган эмас, бундай шароитда мактабда ўқувчиларни мукаммал ўқитиш имкони чегараланган эди.

Ўқувчилар мактабдан кейин ота-онасига ёрдам қилиши керак, мол боқиш, ўт териш ва бошқа кундалик ишларни бажаришга тўғри келарди.

Пахта йиғим-теримида барча ўқувчилар учун ялпи сафарбарлик гўё қиёмат қойимни эслатар эди.

Кундузи пахта териб, кечқурун кўсак чувир эдик.

Пахта йиғим-теримига «ёрдам» сифатида 200–250 километр олисдаги Сурхондарё вилоятига ўқувчиларни жўнатишар эди, ғўзани яганалаш, чопиқ қилиш, бегона ўтлардан тозалаш ҳам мактаб ўқувчилари зиммасида эди.

Қишлоқдаги ёшларнинг кўпчилиги катталар билан баробар меҳнат қилар, бозорга, тўю томошага улар билан бирга қатнашар эди.

Мактабда озми-кўпми билимдон ўқитувчилар ҳам бўлган. Химия фанидан дарс берувчи Шукур Авазов домла бизни ўзининг шиддаткорлиги билан қўрқитар, дарсни ҳамма тинглар, савол-жавоблар бўлиб турар, саволларга аниқ жавоб берар эди.

Абдинаби Ширнаев ҳам роса билимдон, жиддий инсон эди.

Абдинаби домла ҳам химиядан яхши дарс берар эди.

Биринчи синфда Бойматов домла ўқитган эди, ўта камтарин, ширин муомалали инсон бизга ҳарф ўргатган.

Муаллимлар ҳаммаси бу дунёдан ўтиб кетди, ётган жойлари жаннатдан бўлсин.

Ҳали-ҳануз ёдимда, 5-синфда ўқир эдик.

Дониёров Ҳайит деган синфдошимизга Эргашев деган ўта самимий ва роса билимдон меҳрибон домулла Карл Маркснинг суратини кўрсатиб: «Бу улуғ одам ким?» – деди. «Бу киши Жуманазар бобо», – деб жавоб берди, ҳамма кулиб юборди, лекин Эргашев домла сир бой бермай, дарсни давом эттирди.

Мактабни иситиш учун чўян печка бўлар, унга кўмир, ўтин, баъзида бўлар, гоҳида у ҳам йўқ. Қаҳратон қишда қалин чопон кийиб, партада ўтирар эдик, муаллимларимиз ҳам чопонсиз мактабга келмас эди.

«Керзовой» этиклардан, оёққа ўралган пайтавалардан ҳам нам ўтиб кетар эди.

Баҳор, ёз ва куз ойларида ўқувчилар, озгина бўлса-да, латта ботинка ва калишлардан кийиб ҳузур қилар эди.

Пўлатиликлар эккан дов-дарахтлар улғайиб, осмондек жамол кўрсатиб туради, катта тут тагида, тупроқ супада кексалар куз ва қиш қандай келишини таҳлил қилади, ёшларнинг бебошлиги-ю кексаларнинг эътиборсизлиги ҳақида сўзлашади.

Бир кун оч қолган кишидан қирқ кун ақл қочади, дейдилар ўша очарчилик, қаҳатчилик ва об-ҳаво қурғоқчилиги, бир томонда вабою ўлат изғиган йиллар ҳақида, ўтиб кетган аждод-авлодлари тўғрисида ўз фикрларини ўртага ташлайдилар.

Қаҳатчилик кезларида очликдан жон берган болаларни, хотин-қизларни, Сибирга сургун қилиниб элга қайтмаган юртдошларини эслайди.

Эл учун жонини фидо қилган, Иккинчи жаҳон урушида изсиз кетган ҳамқишлоқларини хотирлайди.

Афсус-надоматлар билан урушдан кейинги ҳаёт машаққатларини эслайди.

Тошни тиш билан чайнаш афсона эканлиги ҳақида суҳбатлашади, ҳамма ўтганларини ойболта кўтариб келган тақдирга юклайди.

Дунёнинг томи жуда баланд, бу менинг қалбимдаги армонлардан ҳам юксак, мен ҳамиша пўлатиликларнинг ғуломи эканлигимни унутмадим.

Кўп сарсон-саргардон бўлганимда ҳам ўзимни уларнинг қулидек тутдим, баланд-паст қирлардан ҳам, улуғ ва мағрур чўққилардан ҳам баланд деб билдим.

Оқаётган дарёлардан ҳам шиддатли бир нарса борки, у ҳам бўлса Отанинг пойи ҳисобланади.

Отам ва элдошларим кўз ўнгимда гавдаланади.

Қалбимда уларга ҳайкал қўйганман.

Пўлатилик деҳқонлар ўз чайласида сизга бир тилим «варқоний» қовунини сўйиб беради, нон билан есангиз – бу дунёда мавжуд экансиз, шираси асло томоғингиздан кетмайди. «Варқоний» қовун нави Темур бобомиздан ёдгор қолган мерос десак адашмаган бўламиз. Бу нав қовунларнинг ҳидию мазаси ўша даврлардаги аждодларимиздан ёдгорлик бўлиб келмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1494 йилда қайд қилганидек, «Сайхун дарёси қўрғонининг ерларида қовуни яхши бўлар, бир нав қовундирким, «Мир Темурий» дерлар, андоқ қовун, маълум эмаским, оламда бўлгай».

Қайдам, «Варқоний» қовун нави – «Мир Темурий» қовун навининг бобокалонларидандир.

Ўзбек халқи мангу халқ, ризқ-рўзи ҳалол, улардан тарқалган авлодлар ҳам ота-боболари удумларини давом эттиради, эрта баҳорда учиб келган беозор лайлаклар беозор ерларда ин қуради, уларни «она лайлаклар» деб аташади.

Лайлаклар бир манзил-макондан келиши, келган манзилу маконга файзу барака, тинчлик ва осойишталик, бахту иқболнинг келишидан дарак беради.

Парвардигор Ойни яратди, Қуёшни яратди, Тонг билан Тунни яратди, йўқса, одамзоднинг ҳоли не кечар эди?

Шунинг учун ҳам инсонларнинг кундузги ҳаёти эрта тонгдан бошланади. Саҳар туриш, тонгни қаршилаш қишлоғимизда азал-азалдан хайрли саналган, шунинг учун ҳам пўлатиликлар эрта тонгдан онажоним деб Ватанга мурожаат қилади, табиат эса ўзи яратган борлиқни ҳамиша сақлайди, элим, юртим деб яшаётган сарбонимизга абадият қадар шарафлар ёғдиради.

Алломаларнинг фикрича, дунё яралганда биринчи Табиат пайдо бўлган, кейин – инсон. Дунёга келган инсоннинг бутун ҳаёти табиат билан алоқасига боғлиқ, у Табиат қонунларидан ташқарида яшай олмайди, ер, сув, ўсимлик, фойдали қазилмалар, шамол ва бошқалардан ўз эҳтиёжлари учун, талабларини қондириш мақсадида фойдаланади.

Табиат билан Инсон ўртасидаги алоқа ва мулоқот узлуксиз кенгайиб боради.

Дунё безаги тоғлар, дов-дарахтлар, қор ва ёмғир, ой ва юлдузлар, буюк қуёш ва экин-тикинлар, қисқаси, Оллоҳим яратган Табиат ҳамма нарсадан улуғвордир.

Табиатнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди, тўғрисини айтсам, инсондаги яхши фазилатлар, раҳм ва шафқат, самимий муҳаббат, ғурур ва ифтихор, ғам-ситам, чинакам ватанпарварлик деган хислатлар бор, бу улуғ туйғулар Табиат қўйнида яшаб умргузаронлик қилган инсонларда шаклланади. Дунёда Табиатни севмайдиган одамзоднинг ўзи йўқ, ҳар бир инсон қалбига Табиат шавқ-завқ солади, инсон уйида ҳам, хизмат жойида ҳам, уловларда кетаётганда ҳам Табиат билан сўзлашади, сирлашади ва ич-ичидан дардлашади.

Инсон табиатга зўравонлик ўтказа олмайди.

Бир ўйлаб кўринг, саратонда қор ёғдирмоқ инсоннинг қўлидан келмайди-ку, ёки икки вагон қор олиб келиб қиш қаҳратонини пайдо қила олмайди-ку?

Тулпорлар кишнаб туёқларини ерга уриб олмос кўзлари билан Табиатга боқишини ҳамма ҳам тушуна олмайди-ку?

Турналар, лайлаклар ноласини ким ҳам фаҳмлай олади, буларнинг ҳамма-ҳаммаси англаб бўлмайдиган мураккаб жумбоқ, холос.

Табиатни қанчалик таъриф қилмайлик, барибир, уни жиловлаб, ўзи учун тирикчилик манбаига айлантириш учун барча жонивор ва инсонлар курашадилар. Қадим замонларда Месопатамияда, Грецияда, Кичик Осиёда ва бошқа жойларда ғалла экиш ва ҳайдов ерларини очиш учун инсонлар ўрмонларни қўпориб ташлаганлар, кейинчалик бу ерлар харобазорга, очиғи, даштга айланган.

Модомики шундай экан, чувалчанглар лой ютиб бўлса-да, яшашга ҳаракат қилади, ҳайвонлар ва жонзотлар олами, инсонлар бир-бирига кушандага айланади. Бу борада онгли инсон ўзини яратган Оллоҳдан қўрқиб, инсоф ва адолат билан иш тутади. Одамзод боласи Табиат бағрида дунёга келади, сутдан тўйиб эмаклайди, секин-аста қадам босиб тилга киради, ўсади ва улғаяди, онги тўлишади, ёмонлик ва яхшилик унинг истагига айланади. Дунёга келган чақалоқнинг дастлабки даврида сўзлашидек улуғ неъмат бўлмайди, кейинчалик яхши-ёмон сўзларни айта бошлайди.

Ота ҳурмати ва меҳрини қўзғатиш кераклигини ўрганади. Худди отасидек бўлиб етишишни ўйлаб улуғлай бошлайди. Отасининг отини ҳам, эгарини ҳам, қамчисини ҳам, ҳатто ўткир пичоғини ҳам «Отамдики» дейди.

Оллоҳим ҳамма бандасига бош бериб, Табиатни бошқариш, уни улуғлаб ардоқлаш, экинларни парваришлаб, юқори ҳосил олиш учун яратади, қарангки, бир хил бош беради, лекин бири Табиатни севади, иккинчиси қуритади. Қодир Оллоҳим, қани энди ҳамма бандасининг миясига Алишер Навоийнинг тафаккурини жойлаганда, дунёда озор деган нарсанинг ўзи бўлмас эди.

Бойсун ва Шерободга кетадиган йўл ёқасидаги азиз-авлиёлар ёнида ўсган икки туп чинорга ҳавасим келади. Бу улкан дарахтлар остида қанчадан-қанча инсонлар, қаландарлар паноҳ излаб яшаб ўтиб кетдилар. Ҳатто унинг танасини йўниб олиб, қизил шўролар ишхона қилдилар. Йўл ёқасида бўлганлиги учун қанча шоҳлар, султонлар, саркардалар қўшинлари соялади. Буни айтсам адоғи йўқ, бу буюк савобталаб чинорни ким эккан деб тарихчилар ҳам, фолбинлар ҳам бир фикр айта олмай ўтмоқда.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда Адабиёт ўқитувчим мени ўрнимдан турғазиб: «Айт-чи, «ҳақиқат» деган сўзнинг маъносини деб савол берди, яна қўшимча қилиб: «Ҳақиқат» деган сўз нимани англатади?» – деб туриб олди; ўқитувчининг саволи менга мутлақо ёқмади, лекин ўқитувчим менга қараб: «Саволга жавоб бер», – деб тепамга келиб турди, мен эса: «Ўқитувчини ўқитувчи дейиш, тут дарахтини тут дарахти дейиш, олма дарахтини олма дарахти дейиш, ўзи ҳақиқат» дедим, Ўқитувчим эса менга: «Саводсиз» деб тўнғиллади, мен ўқитувчига: «Саводсиз деб тўғри урушаяпсизми? Сиз қабристонни боғу гулзор дея айтсангиз, тўғри бўладими? Йўлни жар десангиз, қанақа бўлади? Табиатни табиат, бўрини бўри деб ўрганганман!» дегандим, жаҳли чиққан ўқитувчим мени дарсдан чиқариб юборди.

Ўша қаттол замонда битта-иккита меҳрибон раҳбарлар бўлар эди. Улар меҳнат қилган инсонларни эъзозлар эди.

Собиқ Ульянов, ҳозирги Касби тумани қишлоқ хўжалиги бошқармасида бошлиқ бўлиб ишлар эдим, райком котиби Муродилла Саидов билан республика пахтакорлар кенгашида қатнашдик. Қишлоқ хўжалиги вазири Эркин Шайхов билан учрашдик. Эркин Турдиевич ўта синчков инсон экан.

– Иккалангиз ҳам озиб кетибсиз, Ульяновга қайтмасдан тезда Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасидаги Урумчи деган жойга борасиз. У ерда машҳур «Дунган» деган табиб бор. Сизларни Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари кутиб олиб, ўзлари табибга олиб бориб келади, – дедилар ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирига телефон қилдик.

Кечқурун самолётда биз Фрунзега, ҳозирги Бишкекка учиб кетдик. Қирғизистон ҳукумати меҳмонхонасидан жой қилиб беришди. Эрталаб «Дунган» табиб жойлашган давлат хўжалиги раҳбари ҳамроҳлигида чамаси 3 соат йўл юриб, тоғ қўйнига етиб бордик.

Касалванд одамлар сони жуда кўп. Табиб ҳаммасига ўз хўжалиги ишларини бўлиб ташлаган. Сигир, от, қўй, қўзилар, ҳатто паррандалар, санасанг, адоғи йўқ. Собиқ СССРнинг ҳамма бурчагидан беморлар етарли. Даволангани келганларга парҳез ва кундалик овқат пишириб берар экан. Тоғ ҳавоси, ундаги ўт-ўланларни кўриб, Табиат инсонларга шундай манзилларни инъом қилганини изоҳлашга сўзнинг мадори етмайди. Оқаётган дарё ва жилғаларнинг таърифи йўқ. Дастурхонга қўйилган қимиз, қумрон, сут, қатиқ, бринзанинг мазаси тилни кесади.

Бизни табиб қароргоҳига олиб боришди. 80 ёшлардан ошган, ўта бақувват, юзидан нур ёғилиб турган, қирғизча чакмон, бош кийим кийиб олган, соқоли ҳам ўзига ярашган табиб ҳузурига олиб киришди. «Кел», деб менга жой кўрсатди. «Ўлтириб туринг» деб алоҳида курсини кўрсатди Муродилла Саидовга. Дафтарига арабча имлода менинг исми-шарифимни ёзиб олди, қўл томиримни икки дақиқача ушлаб туриб: «Бўтам, қонинг тоза, сен сариқ касал кечиргансан. Гиёҳлар бераман, мол ёғини тановул қилма, ичиш ва чакишдан узоқ бўл, кўп узоқ яшайсан. Ҳар йили бағрингни даволатиб тургин. Асабни жиловла. Мен сенга дори сув бераман, фақат овқатдан кейин бир пиёла ичгин», деб кўздан кечиришни тугатди.

Навбат Муродилла Саидовга келди. «Дунган» табиб: «Сиз форсийлармисиз?» деганди Саидов: «Бизлар араб миллатига мансубмиз», деди.

«Дунган» табибнинг чеҳраси ёришди.

Муродилла Саидовнинг қўл томирини озгина ушлаб турди, кўзларига қаради, панжалари билан сочларини кўрди, икки елкасига қўли билан босим ўтказди: «Қисқаси, ўт пуфагингизда қурт бор. Ҳазм тизимингизда яралар бор. Асабни чарчатгансиз. Ўзингизни пичоққа берманг. Ҳар йили икки марта гиёҳлардан даво олинг», – деб кўрикни тугатди.

Муродилла Саидов билан табиб араб тилида гаплаша бошлади, бизлар табиб ҳузурида кўп туриб қолдик. Ўз бисотидаги инсонни ҳамма дардларидан фориғ қиладиган 200 грамм иккита қоғозга ўралган қотирилган гиёҳ берди, фақат ётишдан олдин истеъмол қилишимизни тавсия қилди.

Мен дадил табибдан сўрадим. «Сизни нега «Дунган» табиб деб аташади деганимда, бир зум ўйга толиб: «Бўтам, – деб гап бошлади, – менинг бобом Сўғди Арабистоний Қашқардаги Ғулжа шаҳрига келган. Шу жойда дунган миллатига мансуб аёлга уйланиб, яккаю ягона отам дунёга келган. Мени онам ҳам дунган бўлган. Мен Қозоқ ва Қирғиз чегарасидаги Урумчи деган шу жойда чўпон бўлиб кўп йиллар ишладим. Табиблик бобомдан ўтган, отам ҳам табиб бўлган. Ўт-ўлан, гиёҳларни яхши фарқлайман. Кўп юртлардан дардманд беморлар келади, Оллоҳим иродаси билан мен уларни гиёҳлар билан даволайман. Мен белгилаган тадбирни бузмаса, Оллоҳим уларнинг кунини калта қилмаган бўлса, албатта, тузалиб кетади. 85 ёшга кирдим, 5 марта уйландим, Худо менга фарзанд насиб қилмаган экан. Урумчидаги ота-онасиз қолган кўп инсонларни фарзандликка олиб тарбияладим, сизларни олиб келган раҳбар ҳам менга тутинган ўғил бўлади. То кўзим очиқ экан, эл-халққа, касал беморларга ақлим етганча ёрдам бериб даволайман. Менинг даволарим ҳаммаси бепул, фақат гиёҳлар учун беморлар пул ташлаб кетади. Мен уларни гиёҳ терадиган ишчиларга бераман», деб сўзини якунлади. «Энди меҳмондорчиликка келинглар, Қаршида Хонобод деган жой бор, унда осмонга учадиган самолёт ҳайдовчилари қишда киядиган яхши тикилган «чопон» бор. Шундан бир дона олиб келинглар, ақчасини бериб юбораман», деди, бизлар кулишдик. «Уни «бушлат» дейди, чолвори ҳам, пинжаги ҳам иссиқ тутади», деб тушунтирдик. «Шунинг учун ҳам мен сизлардан илтимос қилдим. Чўпонлик давримда оёқ панжаларимни совуқ олган. Қариганимда ўз кучини кўрсатаяпти», деб бир лаҳза жим қолди.

«Дунган» табиб дардининг оғирлигини яхши билганга ўхшайди.

Биз иккита идишда гиёҳ сувини олиб изимизга қайтдик.

Йулда ҳар қадамда қишлоқ аҳолиси идишларга солинган «Дунган» табиб гиёҳи деб табибга етиб боролмаган беморларга сотар экан, Муродилла Саидов кулиб: «Исрамбой, бозор чаққон-ку, беморлар алданиб қолмайдими?» – деди.

Исрам, «меҳмон», деб мурожат қилиб: «Бу яқин атрофдаги одамларнинг шу иш тирикчилиги, лекин ҳеч ким ҳақиқий гиёҳ суюқлиги деб кафолат бермайди», – деди.

Биз қайтиб келиб гиёҳ суюқлигини табиб айтгандек қилиб ичдик, озми-кўпми, дўстларимизга бердик, айниқса, қотирилган гиёҳ кўп дардларни енгил қилиб тузатди.

Олти ойдан кейин яна Урумчига табиб айтган кийимни олиб бордик, қай кўз билан кўрайликки, «Дунган» табиб лампалик сварка қиладиган ускуна билан қуриган оёқ панжаларини куйдириб турган экан, ранглари учган, хаёли паришон, олиб борган совға учун раҳматлар айтиб, яна кўришиш насиб қилган экан, тақдирдан қочиб бўлмайди, бизнинг саломатлигимиз билан қизиқиб, яна қўшимча гиёҳлар бериб, меҳмон қилиб кузатиб қўйди.

Инсон деган улуғ хилқатни бемор бўлмасдан соғ-саломат яшаши учун Табиатнинг ўзи дармон. Улуғ ватанимизда ўсадиган ҳар бир гиёҳ, дарахтлар, мевалар, сабзавотлар инсоннинг малҳами.

Одатда, осмонда учувчи қушлару паррандалар бирор юртга таклиф билан келмайди. Улар ўзлари яшаш учун қулай иқлим ва табиатни излайди. Оққушлар, турналар ва лайлаклар, ҳатто булбуллар ўз масканларини ўзлари танлайди.

Сибирдаги нозикмижоз оқ турналар ҳам ўзига мос маконларда қўним топади, урчийди, кўпаяди. Барча жонзотларда ватан соғинчи деган сўз билан ифодаланмайдиган туйғу бор. Бу туйғу ҳатто қушларда ҳам мавжуд. Тоғу тошларда, тиканли бута ва дарахтлар устидан учиб юрган қушларни қафасга солганда, кечаю кундуз фақат «она ватан» деган сўзни такрорлар экан. Қушни қафасда ушлаган киши унинг ватани нима экан, қаерда экан, балки Оллоҳим томонидан яратилган Жаннат қушларимикан, деб қафасдан уни озод қилади, қуш бир оз учиб бута ва дарахтлар шохига қўнади, чунки қушнинг уяси шу жойда экан, қушлар ватани она табиат, булбул ўз уясида сайрайди, бу бор ҳақиқат.

Қуёш жумла мавжудотга бирдай ўз нурини сочади, табиат қўйнида дарахтлар неча бор баргини тўкади, бу оламда қанча баҳор келиб кетгани бу Эгасига аён.

Инсон табиатнинг ҳар бир кароматига боқиб чарчайди ва ором олади, гулзор ва майсазорларга фақат ҳайрат билан қарайсан, бу олам, она тупроқ чексиздир, баҳорни ҳамиша соғиниб, севиб яшаймиз.

Биз дунёда тўртламчи даврда яшаётган бўлсак, келажакда бизни қай бир шодлик ва балолар кутаётганини тасаввур қилиш анча мушкул. Дунё захирасидаги ичимлик ва суғориш сувлари чегараланган, кейинги 25–30 йил ичида кўз ўнгимизда мовий Орол денгизи йўқолди, бунда бир оддий чашма эмас, катта денгиз ҳалокатга йўлиқди, бунга сабабчи ким?

Янги ерларни ўзлаштириш оқибатими, ёки сувдан бетартиб фойдаланиш ҳисобиданми? Тўғриси, ҳар иккаласи ҳам.

Агарда янги ерлар ўзлаштирилмаганда аҳолини уй-жой, экин экадиган майдонлар билан таъминлаш иложи топилмас эди. Масаланинг икки томони ҳам баб-баравар аҳамиятга эга, ҳозирги даврда сувдан, ер ости бойликларидан фойдаланишнинг чегараси мавжуд.

Африкада кейинги 50–100 йил ичида давлатларнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Чунки озиқ-овқат таъминоти етишмовчилиги оқибатида давлатларнинг йўқолиши табиий ҳол. Бу давлатларда инсонлар ичимлик суви табиий захирасига, аниқроғи, бир қултум сувга зор. Табиат қонунларини тан олмаслик, ундан имкониятдан ортиқ нарсани олишга интилиш оқибати кўп хуник натижаларга олиб келмоқда.

Амударёни хомталаш қилиш ўтган асрнинг 50–60-йилларида Туркманистонда 1000 километрлик улкан Қорақум каналини қуриш, унда оқаётган сувнинг қарийб ярми қумга сингиб йўқолиб кетиши билан бошланган катта фожиа бўлди. Сизга битта Амударё сувидан самарасиз фойдаланиш оқибатида қумга сингиб, ҳавога парланиб йўқотиладиган сув ҳисобининг ўзи ҳам кифоя қилади.

Сувсиз инсониятнинг бир дақиқа ҳам куни ўтмаса-да, ундан самарасиз фойдаланишга ўрганиб қолганмиз.

Буларнинг барчаси тузатиб бўлмайдиган муаммоларга олиб келади.

Сув бўлмаса гуллаган водийлар, чаманзорлар, мўл ҳосил берадиган ерлар, боғ-роғлар, ҳамма-ҳаммаси қурийди.

Ҳаёт йўқолади, айниқса, ҳаво ҳарорати баланд бўлган водийлар ва воҳалар саҳрога айланади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 0,5–2 см қалинликдаги унумдор тупроқ қатлами ҳосил бўлиши учун 100 йил керак. Ана шу қатлам сув, шамол эрозияси оқибатида яроқсиз ҳолга келади. Ҳозирги даврда Ер шарида юзага келган чўлланиш ва қурғоқчилик жараёнлари кучайиб бормоқда. Дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатида бундай жараёнлар озми-кўпми давом этмоқда, яъни 40 % майдонни қамраб олган. Ер тирикчилик манбаи, инсоният ҳаётига ҳозирги кунда қилич кўтариб турган ядро тўқнашуви, ёппасига тарқалган касалликлар ва экологик муаммолар эътиборга олинса, энг хавфлиси – экологик муаммо ҳисобланади.

Бугунги кунда Ер шарида турли ёқилғиларнинг ёниши оқибатида ҳар йили ҳисобсиз кислород сарф бўлмоқда. Қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиш имконияти бор ерларнинг 70 %и, чучук сув захирасининг 20 %и мутлақо ўзлаштириб бўлинди, ўрмонлар йилдан-йилга камайиб, чўл зонасига айланмоқда. Ҳаво ҳарорати ошиб бормоқда, боз устига, дунё аҳолиси шиддат билан кўпаймоқда. Табиат захиралари ўзлаштирилиши туфайли камайиб кетмоқда, инсон ўзи яшаш жараёнида атроф табиий муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Буларнинг барчаси Табиатни ҳалокатга олиб келмаслигига ким кафолат беради?!.

Табиат билан тиллашиш ҳеч кимга ёмонлик олиб келмайди, фақатгина инсонни бадавлат қилади, дилини табиатга боғламаганлар мисоли бир жонсиз тош.

Баҳорнинг кўтаринки ва яшнаган дов-дарахтлари, кузнинг барги хазонлари инсон учун доимий жараён.

Одамзод дунёга келганидан буён Табиат бағрида яшайди. Табиатнинг бағри жонзотлар учун очиқ. Шунга қарамасдан, одамзод табиатга даҳшатли азобларни раво кўради. Булар тўғрисида ўйлар экансан, хаёл беихтиёр тарих томон етаклайди.

Ўтган замонларда инсонлар дарахтларга саждалар қилган, агарда бирорта дарахт қуриса, катта фожиа, ҳатто дарахтнинг шохини синдириш ҳам улкан гуноҳ ҳисобланган.

Дарахтлар шарафига маросимлар ўтказилган.

Мусо пайғамбар Худонинг васлига етмоқ учун узоқ излаб, уни табиат бағридан топади. Ёнаётган бир дарахт «Худо менман» деган овоз чиқарган экан.

Кўриб турибсизки, табиат қанчалик илоҳий, шунинг учун ҳам дунёда бирорта диёнатли одам топилса, ҳеч қачон Қиёмат бўлмайди деб бекорга айтилмаган.

Мамлакатимизда 68 хил ўрмон дарахти, 320 хил бута, 134 хил яримбута ва 2953 хил гиёҳ турлари мавжуд. Дунё миқёсида 4 миллиард 126 минг гектар ўрмон майдони мавжуд ёки қуруқликнинг қарийб 30%ини ташкил этади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бир гектар 10–15 йиллик яшил дарахтзор бир йилда 50 тонна чангни ютиб фильтрлайди, 30 тонна кислород, шу билан биргаликда 3,5 тоннагача карбонат ангидрид газини ютади.

Бир туп бўлиқ дарахт бир йилда 3 кишига етадиган кислород чиқаради, бир киши бир кунда 25 кг тоза кислород ҳазм қилади.

Бир реактив ҳаво лайнери Америкадан Европагача 8 соат учиб 75 тонна кислородни йўқотади, буни 8 соат ичида 50 гектар дарахтзор ишлаб чиқарган ҳавони қайта кислород билан таъминлайди.

Турли ўсимликлар атмосферага 350 миллиард тонна соф кислород чиқаради.

Канадада бир кишига 24,0 гектар, Финляндияда 5,0 га, Россияда 5,0 га, Украина ва Швецияда 3,0 га, АҚШда 1,5 га, Ўзбекистонда 0,12 га ўрмон тўғри келар экан.

Республикамиз шаҳарларида нормал яшаш учун ҳар бир кишига 30 м. кв. яшил дарахтзор тўғри келиши керак. Бу кўрсаткич 10 м. кв.ни ташкил этади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 га ўрмонзор дарахтидан 280 кг целлюлоза, 160 кг сунъий ипак, 170 кг сунъий жун, 2 дона автомобиль шинаси, 100 жуфт резина пойабзал, 400 жуфт ипак пайпоқ, 600 дона трикотаж спорт кийими, 90 литр спирт олиш мумкин экан.

Тоғлар Ер юзи қуруқлик қисмининг 43 %ини ташкил этади. Республикамизда тоғлар 96 минг кв. км.ни, яъни 21,3 % майдонни эгаллаган. 1987 йилги маълумотларга қараганда, 2 миллион аҳоли тоғлиқ туманларда яшайди.

Дарҳақиқат, табиат Оллоҳ томонидан ато қилинган буюк неъмат. Табиат ва инсонни бир-биридан ажратиб бўлмайди.

Табиат гўзалликларини асраш, табиатни пайҳон этмаслик ҳақида бугунги кунда ташвиш билан гапирамиз.

Ёзнинг жазирама саратон ойида барча экинлар сувталаб бўлиб, бутун экинзордаги ўсимликлар дошқозонда қайнайди.