banner banner banner
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари

скачать книгу бесплатно

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Алишер Ибодинов

Ибодинов, Алишер

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари

Ушбу китобни Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлайман.

    Муаллиф

Шафқатсиз тоғлар изтироби

Ёзувчи Алишер Ибодиновга мактуб

Алишер, “Шафқатсиз тоғлар” китобингизни сиҳатгоҳда ўқиб чиқдим. Тинимсиз изланаётганингиз, тарихий манбаларни синчиклаб ўрганганингиз “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”да яққол кўзга ташланади. Мавзунинг масъулиятини ҳис этиб, Қўқон хонлиги тарихига доир илмий тадқиқотлар, хотиралар, Аҳмад Заки Валидий, В. Наливкин, Н. Остроумов, Ибрат домла, тошкентлик қози Сатторхон Абдулғаффоров, Мулла Олим Махдум, Мирзаолим Мушриф ва бошқаларнинг китобларидан ўринли фойдаланибсиз. Бу манбаларда Худоёрхоннинг отаси Шералихон 1842 йили мен туғилиб ўсган Сафед Булон қишлоғидаги йиғинда оқ кигизга ўтқазилиб, Қўқон мамлакатининг хони деб эълон қилингани, оқ туя сўйилиб, элга тарқатилгани, шу табаррук жойдан Косонсой, Тўрақўрғон ва Чуст орқали Қўқонга юриш бошлангани айтилади. Мен учун янгилик бўлгани – ҳамқишлоғим, тарихчи олим Эркин Ҳайитбоевдан эшитганларимга қўшимча – рус олими В. Наливкиннинг ХIХ аср охирида рафиқаси билан икки йил Сафед Булондан сал тепароқда – дунёга машҳур Сариқ челак кўлига бораверишда жойлашган Нанай қишлоғида яшагани, маҳаллий аҳолининг турмуши, урф-одатларини ўргангани бўлди. Яна шуни билдимки, Шералихон Қўқон тахтига ўтиргач, унинг саводи чиқмаган, демакки, ёзув-чизувдан бехабар ўғиллари Худоёр ва Сўфибекка нанайлик машҳур мактабдор домла мулла Тошбой деган киши сабоқ берган экан.

Абдулла Қодирий ўтган асрнинг 20-йилларида Қўқонга келиб, Худоёрхоннинг ўша пайтда ҳаёт бўлган хотинларидан бири Розиябегим билан учрашгани илмда бор гап. Ҳабибулла Қодирийнинг отаси ҳақидаги хотираларида хонлар давридаги Қўқоннинг йирик уламоларидан бири, мўътабар диний арбоб Миён Фазл Ваҳҳобнинг фожиали севгиси тилга олинади. Бу табаррук зот Худоёрхонга пир мақомида бўлган экан. Аммо…

Хонликлар тарихига кўз ташласангиз, турли офатлар, эл-улус бошига тушган мислсиз кулфатлар, аёвсиз қатлларнинг сабаблари маълум бўлади. Имон-эътиқоди суст, сотқин, хиёнаткор кишилар ҳукмдорларга яхши кўриниш, бирор мансабга илиниш, ёғли луқмадан четда қолмаслик илинжида ҳарамни бокира ҳурилиқолар билан тўлдиришга ҳаракат қилганлар. Бундай кишилар Худоёрхон ўрдасида ҳам бўлганини асарда ғоят таъсирчан қилиб кўрсатибсиз. Улар хонни Миён Фазл Ваҳҳобнинг ҳуснда тенгиз хотини борлигидан хабардор қиладилар. Ҳирс-ҳавас жазавасига тушган тийиқсиз хоннинг буйруғига биноан, қўшмачилар эшон хонадонига бориб, сулув аёлни кўриб, оғзилари сув очиб қайтади. Бу аёл ўша – Абдулла Қодирий билан суҳбатлашган Розиябегим эди.

Худоёрхон Розиябегимни ўрдада уюштириладиган зиёфатга таклиф эттиради ва уни шу ерда тунаб қолишга мажбур қилади. Тунда меҳмон аёл ётган хонага… хон кириб келади. Ҳарамда икки-уч кун қолиб кетган Розиябегимдан бўлган воқеа тафсилотини эшитган ориятли эшон хотинини уч талоқ қўяди ва уни ўн тўрт арава сеп билан хон ўрдасига қайтариб юборади. Ҳажр азобида куйиб-ёнган эшон шаҳарда тарқаган гап-сўзларга чидамай, Қўқондан бош олиб чиқиб кетади ва Ўш шаҳрига туташ тоғдаги ғорда садоқатли шогирдларидан бири билан дарвешона ҳаёт кечира бошлайди. Аммо орадан қирқ кун ўтар-ўтмас чўпдай озиб, шамдай куйиб адойи тамом бўлади. Ўлими олдидан шогирдига: “Мулла Абдулбоқи, менга яқинроқ келиб, оғзимни ҳидланг-чи, ниманинг ҳиди келаяпти?” дейди. – “Кабоб ҳиди келяпти, устоз, кабоб” дея жавоб беради шогирди. Миён Фазл Ваҳҳобнинг жигари ҳажр оловида қоврилиб кетган экан…

Тақдир бундай номусли зотни хўрлаган Худоёрга умри сўнггида бундан-да оғир жазо – ватангадоликни ҳозирлаб қўйганини кўринг…

Бугун ижодкорлар орасида тарихий мавзуда қалам тебратаётганлар кўп. Бу – яхши, албатта. Тарихини билган ва уни идрок этган халқ йўлидан адашмайди. Аммо… билган ҳам, билмаган ҳам тарихнавислик қилса, бир асардаги тўқима образ бошқа бир асарга тарихий шахс бўлиб кирса, бадиий тўқима меъёридан ошса, таниқли шахслар тўғрисидаги “қўлбола” талқинларнинг чеги-чегараси бўлмаса, бунга бефарқ бўлмаслигимиз керак. “Қиз Жибек” бадиий фильми билан боғлиқ “асрга татигулик” янглишув, афсуски, бошқа соҳаларда, жумладан, бадиий адабиётда ҳам кузатилмоқда. Ён-атрофларимизда чоп этилаётган мактаб дарсликларида у ёки бу миллатнинг алоҳидалиги, улуғлиги ва беҳад қадимийлиги даъвоси қучайиб бораётгани, одоб билан айтганда, ажаб-ланарлидир.

Олис ўтмиш воқелигини тўғри идрок этиш, моҳиятини бугунги ўқувчига бузмай, камитмай, бошқа либосга ўрамай, ортиқча бўрттирмай етказиш ўтамасъулиятли, ҳам илмий, ҳам ижодий ҳалолликни талаб этадиган иш. Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов бу вазифани қуйидагича ифодалайди: “Тарих ўтмиш экан, унга нисбатан тарихчи ўз мақсадлари, қарашлари орқали кириб боради. Яъни, тарихни тарихнинг ўзидан холи тадқиқ қила олмайди… Ўтмишни билишда тарихий маълумотларнинг аслияти қанчалик ҳаққонийлиги ёки сохталиги масаласи (тарихнависнинг) диққат марказида турмоғи лозим. Кўп ҳолларда муайян вазият тақозоси билан воқеанинг тафсилоти сохталаштирилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда манбалар, агар уларнинг вариантлари бўлса, қиёсий ўрганилиши зарур бўлади…”

Шу қисқа иқтибосда кўп масала нарса кундек равшан бўлиб турибди: мозийшунос ўз ишига қандай мақсадда ёндашаётгани, унинг шахсий қарашлари қандайлиги, билими, имон-эътиқоди, хулоса қилиш масъулияти жуда муҳим. Воқеа-ҳодисалар тафсилотининг сохталаштирилишига эса Парижнинг Версал саройи залларидан бирини безаб турган “Наполеоннинг тож кийиши” сурати мисол бўла олади. Рассом бу асарни реал воқеа асосида ёзган, аммо буюк фотиҳнинг эътирози туфайли, муаллиф унга тузатиш киритиб, сохталикка йўл қўйган.

Қўқон хони Худоёрнинг шахсиятига турли манбаларда турлича ёндашилади. Адабиёт газетасида хоннинг онаси ўлимига ёзган таъсирчан марсиясини эълон қилганмиз. Тарихчи олима Л. Троицкаянинг “Қўқон хонлиги тарихи” китобида бир молиявий ҳужжатга дуч келдим: Қўқонга – хон ҳазратларининг оналари ҳузурига Тошкентдан меҳмон аёллар келишгани муносабати билан, хазинадан бир кулча совун, бир думалоқ кўк чой, бир думалоқ қора чой ажратиш тўғрисида… расмий фатво имзоланган бўлиб, хазинабон “бердим” деб, олувчи “олдим” деб имзо чекишган экан. Бошқа бир факт: Фон Кауфманнинг “тузоқ” маслаҳатига кўра, Петербургга меҳмонга отланган Худоёрхон сафар олдидан яқин таниши бўлмиш мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Алишер Навоий, Мирзо Бедил ва бошқа улуғларимиз қаламига мансуб нодир китобларни омонат сақлаш учун қолдиради. Бундай китоблар хонлик кутубхонасида кўп бўлган экан. Худоёрхон Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома”нинг жаҳонда ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига совға қилади, вақти келиб, бу китобдан элимиз баҳраманд бўлишидан умидворман, дейди. Шундай бўлади ҳам.

Хонликда солиқ тизими анча адолатли бўлгани тўғрисида фатво-ҳужжатлар мавжуд. Бу маълумотларни ўқиганингда пайдо бўлган тасаввурни ўз пирининг шаръий аёлига зўрлик билан уйланиб олиш воқеаси чилпарчин қилиб юборади.

“Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”ни ўқир эканман, устоз Шариф Юсуповнинг Қўқон хонлиги тарихига оид туркум мақолалари ёдимга тушди. Уларда яқин ўтмишимизнинг аччиқ ҳақиқатлари, Амир Насруллонинг Қўқондаги хунрезликлари, Туронзаминнинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши сабаблари, Худоёрхоннинг сўнгги кунлари, унинг аянчли тақдири сизнинг талқинингиздан бир оз фарқ қилса-да, моҳиятан бир-бирини тўлдиради. Домла Юсупов ўқувчи эътиборини Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларининг ҳукмфармолари ўзаро аҳил бўлмагани, узоқни ўйламай калтабин сиёсат юритганлари, бунинг оқибатида халқ бошига мислсиз кулфатлар тушганига қаратади. “Чор Россияси ҳукмрон доиралари,– деб ёзади устоз,– бу хонликларга савдогар, сайёҳ ниқобида кетма-кет жосуслар йўллаб, хонлик-лардаги ҳақиқий аҳволдан пухта хабардор бўлгач, уларнинг босқинчилик режаларида алдам-қалдам дипломатияси тобора кўпроқ ўрин эгаллай бошлайди. Бунда улар, бир томондан, Қўқон, Бухоро ва Хивадан Россияга юборилган элчилардан ўз ёвуз мақсадларини яшириб, хонликларга яқин ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуриш, дарё портларини келажакдаги ҳужумлари учун мувофиқлаштириш каби номатлуб ишларини гўё хонликлар манфаати йўлида қилинаётган ишлар сифатида кўрсатмоқчи бўладилар. Иккинчи томондан, Туронзаминга босқин онлари яқинлашгани сари бу ердаги хонлар орасидаги низони атайлаб кучайтиришга қаратилган манфур дипломатияни император ва унинг энг яқин аъёнлари иштирокида амалга оширишга эришадилар”

Алишер, сиз ҳам шу фикрдасиз. Шариф Юсупов, Хива хонлари тарихини ўрганган Эркин Самандаров, Комил Аваз, Оллоқулихон даврини ўрганиб, илм қилган Омонулла Муталов, бошқа кўплаб тадқиқотчилар ҳам шу фикрда. Яқин ўтмишнинг адолатсиз, ақл-идрок билан англаб бўлмайдиган хунрезликлари тўғрисидаги куюнчак мулоҳазаларингизга қўшиламан. Сабоқларимда талабаларга Шарқни неча асрлар давомида қонга ботириб келган, юртни вайрон, халқни бенаво қилган уч мудҳиш қусур ҳақида сўзлаб бераман. Билсангиз, бу жуда оғир иш. Улар – кўпхотинлик, бойликка, айш-ишратга берилишдир. Шу уч қусур эмасми не-не салтанатларни инқироз кўчасига бурган, тагига сув қуйган, шулар эмасми отани болага, болани отага қарши қўйиб, мамлакатни, саройларни қонга ботирган?! Ҳали соҳибқирон Амир Темурнинг муборак жасади тупроққа қўйилмай туриб, тахт атрофида қонли можаролар бошланиб кетгани хусусида ёзар экансиз, “Агар Темурнинг ворислари, саркардалари унинг васиятига сўзсиз амал қилиб, жон диллари билан Пирмуҳаммадга бўйсунганида, уни батамом қўллаб-қувватлаб, чин садоқат билан хизмат қилишганида қандай тарихий вазият вужудга келарди?” деган фикрни ўртага ташлайсиз.

Шу жойда ич-ичимдан ўкинчли бир изтироб келади: омонат, қон ҳиди анқиб турган тахт учун курашларда миллатнинг қанчадан-қанча бўлғувси сардорлари, донишманд даҳоларининг ҳам бошлари кесилиб кетган бўлиши мумкин-ку? Бу хунрезлик илм-маърифат бобида олис юлдузлар қадар баландликка кўтарилган бобомиз Мирзо Улуғбек пайтида ҳам давом этганини қандай изоҳлаш мумкин? Амир Темур ва темурий шаҳзодалар, Бобур ва бобурийзодалар саройларида, кейинчалик хонликларда юз берган жиноятлардан чиқарган хулосангиз ғоят ўринли: “Ҳақиқий тахт эгасини хиёнат йўли билан ўлдириб, унинг мамлакатини қонунсиз эгаллаб олиш қонуний ҳол, нақд бўлмаса миллий анъанага айлангани, аслида, давлатчилигимиз асосларини емиргани, буюк бир миллатни мустамлака занжиридаги ғариб ва хокисор халққа айлантириб, дунё сиёсати тўридан остонага улоқтиргани ҳақиқат”. Бу хусусда асарда келтирилган факт ва рақамларнинг ўзи ўқувчини ларзага солади. Биргина Қўқон хонлигини олайлик: милодий 1740 йилдан то 1875 йилгача, яъни 135 йил ичида тахтга қонуний тарзда ўтирган хонлардан ўн беш нафардан ортиғи ёлланган қотиллар, фитначи унсурлар, қиличи қонсираган жаллодлар қўлида жон беради. Абдураимбий, Сулаймонбий, Олимхон, Муҳаммадалихон, Султон Маҳмудхон, Шералихон, Султон Муродхон, Маллахон, Султон Саидхон, Шоҳмуродбек ва бошқалар тахтга ўтирганларидан кейин ўлдирилган, сўйилган хонлардир. Ҳатто амир Умархондай маърифатли подшоҳ ҳам ўз акаси Олимхоннинг жасади устидан юриб ҳукмронликка эришган. Алишер, “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”дан аввал хивалик оқсоқол ёзувчи Қўзи Давлатнинг Хива хонлари тарихига оид учта романини ўқиган эдим, бу ерда ҳам шу ҳолат, шу фитна, шу манфур фожиа, сўйди-сўйдилар.

Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов инсоният тарихидаги қонли одамкушликлар ҳақида ёзар экан, “Урушнинг даҳшати шуки, бу қирғинбаротларнибошлаган фотиҳлар, саркардаларнинг номи тарихда қолади, аммо бегуноҳ қурбон бўлган миллион-миллион кишилардан ном-нишон ҳам қолмайди” дейди. Мана шуниси алам қилади.

Китобингизда француз адиби Монтеннинг “Францияда ўлимга ҳукм қилинган киши, ўз хос ҳарамида ўнлаб соқчилар муҳофазасида айш қилаётган Эрон шоҳидан ҳам эркинроқдир. Зеро, ўлимга маҳкум французнинг бир жиҳатдан кўнгли тўқ – қонун уни сўнгги дамгача муҳофаза этади. У афв этилиш эҳтимолига умид боғлайди. Бироқ сокин ҳарамда ишрат билан машғул Эрон шоҳи эса кутилмаганда шу ҳарамнинг ўзида қотил ханжари зарбидан жон таслим қилиши мумкин”, деган фикри келтирилади. Бу фикрни “ўлдириш мисоли миллий анъанага айланиб кетгандай эди”, деган хулосангизга қўшса, ғаройиб бир манзара кўз олдимизда гавдаланади. Гап шундаки, тахт учун кураш, бу йўлдаги тирик “ғов”ларни пичоқ, ойболта тиғи билан даф қилиш бугун дунёга маърифатдан, инсоф-диёнатдан сабоқ бермоқчи бўлаётган Ғарбда бундан икки ярим аср аввал анъанага айланиб улгурган эди. Менга, Алишер, ўлим жазосига ҳукм қилинган Шотландия қироличаси Мария Стюарт, Англия қироли Карл I, Франция қироли Людовик ХVI ва унинг беваси қиролича Мария Антуанетта бошларини жаллод кундасига қўйишдан олдин мириқиб ухлаганлари, ювиниб, энг яхши кийимларини кийишгани, сочларини силлиқ қилиб тарашгани, қонли қатл содир бўлганида майдонга йиғилган оломон “Оҳ” дейиш ўрнига “Яшасин республика” дея қичқиргани таъсир қилади. Тасаввур қиласизми, жаллод ҳукмдорнинг бошини узган пайти, оломон шундай деб турса-я. Улар ҳар қандай гуноҳкор, у қиролми, каззоб ўғрими, давлат сирини душманга сотган хоинми, шундай жазоланиши керак, деб ўйлашган, қатл майдонига ўзларининг фуқаролик бурчларини адо этгани келишган. Камдан-кам киши бу қон тўкиш, аслида, саройдаги фитна-фасод натижаси, тожу тахт, бойлик учун кураш эканлигини билган, аммо овоз чиқармаган. Қатлнинг миллий анъанага айланиши шу эмасми?! Шарқда эса, ҳар гал, саройда фитна уюштирилиб, кимнингдир боши кесилганида, яна бир муттаҳамдан, фирибгардан, сотқиндан, туллакдан қутулдик, энди бу ёғига хотиржам яшаймиз, деб ўйлашган. Тожу тахт бор экан, бу биродаркушлик ҳеч қачон барҳам топмаслиги тўғрисида ўйлашган ҳам эмас. Ухлаб ётган Мўмин Мирзони ширакайф бобосининг фатвосига биноан қатл этиш учун қўлига кишан солиб олиб кетишаётганида, у мулозимларга “Мени қаёққа олиб кетаяпсизлар, нима қилмоқчисизлар ўзи?” деб эмас, “Мен шаҳзодаман, бобомнинг суюкли набирасиман, шунга яраша ҳурмат қилишингизни талаб қиламан”, дейди. Жаллодлар унга: “Шаҳзодам, хотиржам бўлинг, қўлингизга авомнинг қўлига солинадиган темир эмас, тоза кумушдан ясалган кишан солдик, бу ҳурмат эмасми?” деб жавоб беришади.

Бу келтирилганлар адолатсизлик, қонхўрлик, биродаркушлик узоқ давом этса, инсоннинг қон-қонига сингиб кетиши мумкинлигидан далолат беради. Тахт бор экан, адолатсизлик бўлади, деган гап рост. Иброҳим Адҳамга нисбат берилган ривоятдаги туякашни эслайлик. У подшонинг томига чиқиб, кеча чўлда йўқотган туяларини излаб юрган бўлади. Подшонинг: “Чўлда йўқотган туяларингни менинг томимдан ахтаришингда не маъно бор?” деган саволига у бамайлихотир: “Сизнинг тахтда ўтириб, Аллоҳни излашингизда не маъно бор?” деб жавоб қайтаради.

Яқинда Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотиҳи тарихи” асарини Назарбек Раҳим таржимасида ўқиб чиқдим. Бу асар Марказий Осиё ва Эрон, Мўғулистон ва Хитойнинг ХIII асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихини акс эттирган эътиборга молик манбалардан бири ҳисобланар экан. Муаллиф бу даврни “ҳур кишилар озиқсиз, йигитлар сургунда, ҳисоблилар ҳисобидан адашган, ақллилар фалокат ҳудудига тушиб қолган, тадқиқотчилар ўз мавзуларининг асири бўлиб қолган, билимдонлар жоҳилнинг хизматига кирган, етук баркамол кишилар разиллик касалига дучор бўлган, мақом соҳиблари ғафлатда қолиб, залолат йўлига кирган, яхшини ёмондан фарқлай оладиган кишилар виждонсиз, разиллар қўлига асир бўлиб тушган давр эди”, дея тарифлайди. Китобда ҳикоя қилинган баъзи воқеаларни ўз кўзи билан кўрганини, баъзиларини гап-сўзлари ишончли бўлган кишилардан эшитганини, яна бир қисмини эса эътиборга молик манбалардан олганини айтади. Мирзо Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Қазвиний 1916 йили ўзи нашр эттирган “Тарихи Жаҳонгушо”нинг иккинчи жилдига ёзган махсус муқаддимасида Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг боболари, отаси Баҳоуддин ва акаси вазир Шамсиддин обрўли, илмли давлат кишилари бўлганини, Алоуддин ўн беш йил муддат мўғуллар томонидан Эрон волийлигига тайинланган амир Арғун ёнида бўлиб, котиблик, дафтардорлик ва элчилик вазифаларида ишлаганини уқтиради, Қазвиний яна “Ҳеч бир тарих китобида “Жаҳонгушо” қадар воқеа-ҳодисаларнинг ичига кириб борилган ва гўзал натижага эришилганини учратмаймиз” дейди. Жувайнийнинг ўзи бу китоб мўғул ҳукмдорларининг талаби (буйруғи) билан уларнинг ишларини тарих саҳифаларига муҳрлаш учун ёзилганини ўқувчига аста шипшитиб қўядики, бу эслатма муаллифнинг имон-эътиқодли, инсоф-диё-натли кишилигидан далолат беради. Ҳукмдор бу-юртма бердими, уни бажариш керак, воқеа-ҳодисалар тафсилотини буюртмачига маъқул келадиган қилиб ёзмоқ зарур. Бошқа йўл йўқ. Жувайний асосан шу йўлдан боради. Буни китобда келтирилган, тўғрилиги, аниқлиги хусусида бир тўхтамга келиш анча мушкул бўлган кўплаб ривоятлар, ҳамду саноларда кўриш мумкин. Мана, улардан бири: “Чингизхоннинг халққа ер бўлиб бериб, деҳқончиликни тарғиб қилиши туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайди, ичимликлари Жайҳун ирмоғи мисоли оқа бошлади… Бозорлари ва савдо расталарида жавоҳир ва газламалар шу даражада арзонлашдики… Мўғуллар торлик ва қашшоқликдан мўл-кўлчилик ва роҳат-фароғатга эришдилар”, яна бири: “Ўқтой хоқон даврида унинг даргоҳи олимлар учун бошпана ва ҳузур-ҳаловатли жойга айланди, тўғрилик тонгининг нури оқшом қоронғилигини тарқатиб юборди, мамлакат ҳудудлари Чин ва Мочиндан Сурияга қадар узайиб, неъматлар одамларнинг устига (ёмғирдай) ёғди. Улуғ хоқоннинг сахийлиги боис, машҳур Ҳотами Тоийнинг номи унутилди, Ўқтойнинг бош-қаруви пайтида дунё ҳузур-ҳаловатга тўлди, ҳатто фалак яратган машаққатлар (азоб-уқубатлар) ҳам йўқ бўлиб кетди” (215-бет).

Жувайний шундай йўл тутишга мажбур бўлгандир, аммо у бошқа кўплаб тарих ёзарларга ўхшаб, ўзи эътироф этганидай, “буюртма асирига айланмай”, бу давр ҳукмдорлари томонидан амалга оширилган мислсиз қатли омлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғинбарот жанглар, талончилик, вайронкорлик ва бошқа адолатсизликларни четлаб ўтмайди, уларга рамзий, шеърий ва нақлий ишоралар орқали муносабат билдирадики, бу ҳол асарнинг тарихий манба сифатидаги қимматини оширади.

Қуйидаги икки иқтибосга эътибор беринг: “Чингизхон аскарлари Самарқандда қалъа атрофини ҳалқа тарзида ўраб, тош ва ўқлар ёрдамида ички қалъанинг девор ва минораларидан тешиклар очадилар, икки намоз орасида дарвозаларни синдириб, ичкарига кирадилар. Жасур йигитлардан ташкил топган минг кишилик гуруҳ (маҳаллий халқ) катта масжид ичига кириб, ташқарига ўтли шишалар отиб, ўзларини ҳимоя қиладилар. Босқинчилар масжидни ёқиб юборишади. Масжид ва унинг ичидаги одамлар дунё оловида ёниб, охират сувида ювинадилар… 1221 йилнинг апрель ойида юз берган тўқнашувлар пайтида Самарқанд шаҳри батамом йўқ бўлиш нуқтасига келади (162–163-бетлар). Бу икки баҳо орасида ер ва осмон оралиғича фарқ бор.

Фитрат “Шарқ сиёсати” асарида шундай ёзади: “Маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидаларидан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдик, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук… Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмак учун халқни бир-бири билан уруштирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар… Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсулликнинг энг теран чуқуриға тушди”.

Тарихий далил ва исботларга қатъий асосланган бундай фикрни Алихонтўра Соғуний асарларида ҳам кўриш мумкин: “Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби – динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар… Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиши бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.

Рад этиб бўлмайдиган бу муҳим хулосани маърифатпарвар олим Исмоилбек Гаспринский қаламига мансуб “Дорур-роҳат мусулмонлари” асари мисолида янада кучайтириш мумкин. Унда Исломнинг Ғарб маданияти ва умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси кўрсатиб берилади. Муаллифнинг ёзишича, Андалузияда мусулмонлар томонидан олиб борилган оқилона ва одилона сиёсат натижасида ушбу ўлка Оврупо ва Осиё давлатларига анча йиллар намуна бўлиб турган, илм-фан, қурилиш беқиёс тараққий топган, 800 дан ортиқ мадрасаларда олим ва донишмандларнинг анжуманлари муттасил ўтказиб турилган. Биргина шаҳар ҳокимининг шахсий кутубхонасида 600 мингдан ортиқ китоблар бўлган. Мамлакатдаги етмишдан ортиқ кутубхоналарда сақланаётган китоблардан аҳоли, талабалар абонемент орқали фойдаланишган. “Оврупо мамлакатларидан фаранглар Андалузга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва ҳунар ўрганганлар, – деб ёзади Исмоилбек. – Шу сабабли, Андалуз мусулмонлари Оврупонинг маданияти ва жадидаси (янги маданияти) юксалишига асосий сабабчи бўлганлар. Улар Оврупонинг муаллим ва устозлари ҳисоб этилсалар жоиз…”.

Америкалик олим Драбер ўзининг “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобида: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, деб ёзган экан. Гаспринский бу фикрни давом эттириб, “Юнон маданияти Овруподан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини камайтириб, Оврупога топширдилар” дейди. Жуда адолатли гап.

“Дорур-роҳат мусулмонлари”дан баъзи маълумотлар: Абу Жаъфар Юнон ҳукмдори билан иноқ бўлиб, Афинадан беадоқ китоблар олдиради. Маъмун даврида Яҳё ибн Холид Бармакий Птоломейнинг “Мажистий” асарини таржима қилади. Санад бин Али ва Холид бин Абдумалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритадилар. Ер шарининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилади. Аббос бин Саййид Жўшарий каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга оид асарларидаги кўплаб хатоликларни аниқлайдилар, қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думли юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қиладилар. Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий бешинчи аср бошида тузган “Аз-зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди… Афсуски, ХI асрдан бошлаб замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан ғазнавий, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан Чингиз истилоси, учинчи томондан Қуддуси шариф учун бошланиб кетган “салб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполиклар эса юз йиллик салб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, бу ерларда илм-фан бениҳоя ривож топди. Муаллиф ушбу маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди, “илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир” дейди.

Мулоҳаза қиламиз. Миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осойишталик, раиятнинг адолатли бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш ва яна изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, ҳамжиҳатлик зарур. Борди-ю бу “занжир”нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади.

Тарих саҳифаларида гўзал хотира бўлиб қолиб кетган Андалузияга қайтамиз. Бу ерда юз берган таназзулнинг сабаби нимада эди? Исмоилбек бу саволга ғоят аниқ жавоб беради: “Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талафотимизга сабаб бўлган оғу ва заҳар ҳам, жони саодатимизга сабаб бўладиган қуввайи маънавия ҳам вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик – барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қай бири ғолиб келса, жамияти башария ана шунга мувофиқ тартиби маишат қилади… Инсонлар ҳусн ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб, тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек, бир-бир тўкилиб, инқирозга юз тутади… Уч юз йил камоли шуҳрат ва ном ила салтанат қилиб, Андалуз давлати охир-оқибат бошқа йўлга юз тутди. Афкорлар, одатлар ва ҳиссиётлар ўзгара бошлади. Туғён, танбаллик, қайғусизлик, кибр, тафриқа (бўлиниш, парчаланиш) илон оғуси каби, вужуди давлат ва миллатни чирита бошлади. “Ҳолсизланмиш дарахтда соғ мева бўлмас” деганларидай, адолатсиз қозилар, порахўр волийлар, ақли ноқис ва ғайратсиз ҳукмдорлар келиб, фитнабозлар – уламога, ширин ёлғон сўйловчилар – содиқ бандаларга, нафсоният ва манфаати шахсия – фавоиди умидияга, риёбозлик ва намо-йиш учун ўқилган номозлар амали хайрияга ва миллатпарварликка ғолиб келди. Бу заҳар икки юз йил Андалузнинг вужудини кемириб хароб қилди. Бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, бир-бирларига иддао билан уруш йўлига ўтдилар… Мусулмонлар орасида пайдо бўлган иттифоқсизлик ва фасоддан фойдаланиб, ўша пайтга қадар мағлуб ва ночор бўлиб келган Кастилия насронийларининг ҳукмдори Фердинанд Андалузиянинг ички ишларига аралашиб, ўлка инқирозини тезлаштириб юборди…”.

Бу ва бошқа кўплаб тарихий воқеалар замирида аччиқ бир ҳақиқат бор: илмсизлик, тарқоқлик, ички низо, фитна, огоҳлик кўзларининг юмилиши барча офатларнинг доясидир. Хонликларнинг осонгина босиб олинишида ҳам, Чингиз қўшинларининг маҳаллий ҳимоячилар устидан ғолиб келишида ва ҳатто олис Андалузия фожиасида ҳам озодликнинг қўлдан кетишига сотқинлик, хоинлик, мунофиқлик сабаб бўлган. Бу иллат тарихда қолиб кетган эмас, АҚШ аскарлари Ироққа бостириб қирганларида юз берган сотқинлик мамлакатни улкан вайронага айлантирди.

Алишер, ижодкор зиёли сифатида мана шу аччиқ ҳақиқат хусусида кўпроқ ўйлашимиз зарур, деб ўйлайман. Сиз бугун, мен ва кўпчилик мухлисларингизнинг фикрича, ижод умрингизнинг баланд чўққисидасиз. Тарихимизнинг чигал, рост-ёлғон, ҳақиқат ва уйдирма аралашиб кетган мураккаб саҳифаларини варақлаб, унинг шафқатсиз тоғларидан ошиб ўтиб, ҳаёт адолатининг ўзи кун тартибига қўяётган бош МАВЗУга етиб келдингиз. Бошқа фаол ёзувчиларимиз ҳам шу нуқтада турибдилар. Орқага қайтишнинг, шу маррада тўхташнинг, майда сўқмоқларга, чалғитувчи латофат дўконларига бурилишнинг иложи йўқ энди. Вақт шиддат билан ўтиб бормоқда. Истеъдод имкониятларини Қаҳҳор домла айтганларидек, ўтин ёришга сарфламайлик. Биз сиздан “Шафқатсиз тоғлар” каби янги-янги баркамол асарлар, муҳим тадқиқотлар кутишга ҳақлимиз.

    Эҳтиром билан: Аҳмаджон Мелибоев

* * *

Шавкатли ва жафокаш Афғонистон марказидаги Сафедкўҳ тоғ тизмаларидан бошланадиган Херируд дарёси Ҳирот шаҳридан оқиб ўтади. Херируд! Болалигимиздан юрагимизга ўрнашган дарё! Уни ҳеч қачон кўрмаган, соҳилларида юрмаган эсак-да, худди Сир, Аму, Зарафшон, Сўх каби хаёлларимиз тўридан доимий жой эгаллаган бу афсонавий гўзал наҳр! Зеро, бу саркаш оқим қирғоқларида ҳазрат Навоий сайр қилганлар, сувнинг тўлқинланишига қараб кўнгилларидаги шеър дарёси ҳам оқаверган…

Ҳиротдан Зармаст довони тарафга юрилса, ўттиз-қирқ чақирим масофадан сўнг Каррух қишлоғига кириб борилади. Каррух пакана, гуваладан қурилган каталак уйлари-ю, кўримсиз, мўъжаз бозорча, афғоннинг ҳар бир қишлоғидаги одатий мачит, катта ва кўҳна қабристондан иборат макон. Каррух узумзорлари билан машҳур, қишлоқда пича пахта ҳам етиштирилади. Бу қишлоқдан довон орқали ўтган тор, паст-баланд тоғ йўли Қалъаи Нав қўрғонига олиб боради. Сўнгра эса йўл Маймана шаҳрига қараб бурилади. Майманадан кейин эса чексиз Қорақум саҳроси… Онда-сонда учрайдиган туркман овуллари… Агар Майманадан шарқ тарафга қараб юрилса, бу йўл Шибирғон, Андхўй каби ўзбеклар зич яшайдиган шаҳарларга ва Амударё соҳилларига олиб чиқади.

Ёз ойлари қишлоқнинг атрофини гувала деворлар ўраган, илон изидек эгри-бугри, тор кўчаларига Херируд томондан саррин еллар эсади. Қишлоққа одатда Рус Туркистонидан Маккага ҳажга бориб келаётган ҳожилар ўтиш ва қайтишда қўнишади.ХIХ аср ўрталарида афғонларнинг инглизларга қарши ғазотида фаол қатнашган йўлбошчилардан бири, жангларда мардона ҳалок бўлган Мавлоно Ислом Шайх (у кишини халқ орасида Эшони шаҳид деб юритишади) Каррухдан чиққан энг машҳур одам. Каррухликларнинг аксарияти Эшони шаҳид тириклигида унга қўл бериб мурид бўлишган. Эшони шаҳиднинг қишлоқдаги мақбараси ёнига унинг муридларидан бири – Халифа Доруламон деган киши савобгарчилик учун ўртамиёна бир хонақоҳ солган. Ҳонақанинг йигирмага яқин ҳужрасида дарвеш-қаландарлар, ҳожилар ёки оддий мусофирлар қўнишарди.

Ўша кунларда ҳонақа ҳужраларидан бирида оғир касал ётган мусофир умрининг сўнгги дамларини кечирмоқда эди. У шериги билан ўтган йил охирларида бу ерга Ҳиндистондан келиб, вақтинча макон тутган. Паҳлавон келбат, қуюқ, қоп-қора соқолли, ўсиқ қошлари остига чуқур жойлашган кўм-кўк кўзларида доимо бесаранжом, учқундек чарсиллаган сабрсиз руҳ балқиб турган бирови ўрта бўй, соч-соқоли оқарган, юзларини чуқур ажинлар тилиб ташлаган, кўринишидан тақдирнинг ҳазилакам зарбаларига дучор келмаган иккинчисининг хизматида эди. Икковлари ҳам ҳонақа эгаларига ўзларини хаждан қайтаётган фарғоналик муҳожирлар деб таништиришди ва чоғроқ ҳужра олиб яшай бошлашди. Ўзини Нурмуҳаммад деб атаган қора соқол кундузлари бозорга чиқиб ўтин, егулик келтирар, ҳужрани супуриб-сидирарди. Иккинчиси ҳужрадан кам чиқарди. Иккаласи ҳам жамоага аралашиб номоз ўқишса-да, на келиб-кетиб турган мусофирларга, на дарвешларга яқинлашишарди.

Шу орада Кобулдан яна бир катта карвон келиб бу ерга қўнди. Одатдагидек, бу карвон аҳли ҳам бир кеча Халифа Дориламон хонақасида тунади-ю, эрта саҳар сафарни давом эттирди. Нурмуҳаммад бозордан қайтгач, карвондаги бир мусофирнинг тоби айниб хонақада ётиб қолганини эшитди. Даргоҳ мутасаддисининг айтишича, бу киши асли туркиялик бўлиб, илгари икки карра ҳаж сафарини адо этган экан. Бу галги ҳаждан қайтишида муҳим важ билан Бомбей кемасига ўтириб Ҳиндистонга келган, сафари итмомига етгач, нечукдир Афғонистон ва Форсистон орқали ватанига қайтишни режалаштирган.

Ушбу турк фуқаросига бир эътибор қилгин, – деди Нурмуҳаммаднинг хўжайини. – Дори-дармонидан, овқатидан хабар ол, асли ким эканлигини суриштир…

Нурмуҳаммад эртаси тонгда мусофирни зиёрат қилди. Чой-пойига қарашди. Кўринишидан очиқ чеҳрали, диёнатли, ҳалол-пок турк ҳожиси фарғоналикларнинг дидига ўтирди. Орадан хиёл вақт ўтиб туркиялик меҳмоннинг ахволи яхшиланди. У бомдод намозидан кейин хонақоҳ атрофлари, Каррух қишлоғи кўринишларини томоша қилиб кела бошлади. Хўжайини маслаҳати билан бир куни Нурмуҳаммад туркиялик кишини ҳужрага – фарғонача паловга таклиф қилди. Кейинги гал турк кишиси ҳожиларни ўз ҳужрасида палов билан сийлади. Хуллас, икки ўртада муносабат пайдо бўлди.

Бир кеч Каррухдан ўтадиган карвонларни суриштириб, сўнгра ҳужрасида дам олаётган туркияликнинг олдига Нурмуҳаммад кирди.

– Тақсир, – деди у ҳаяжонланиб, – сиз Каррухга келганингиздан буён кўрдик-билдикки, чинакам исломпарвар, комил диёнат соҳиби бир инсон экансиз. Шул боис, махфий бир воқеани сизга очиш, бутун Фарғона ва балки жафокаш Туркистон ўлкаси учун табаррук ҳисобланадиган, Соҳибқирон Темур авлодларидан бўлмиш улуғ бир зотни сизга ишониб, вақтинча қўш қилишга изн бўлди.

– Хўш? – деди қизиқсиниб ҳожи.

– Тақсир, энди орамиздаги махфийлик ечилади, яъни билингки, менинг хўжайиним – сиз билан неча кундан буён ҳамсуҳбат бўлиб келаётган одам аслида Қўқон мамлакатининг сўнгги подшоси Саййид Муҳаммад Худоёрхон бўладилар!

– Ҳай! Ҳай! – ҳожи ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди.

– Ҳа, тақсир, – дея давом этди Нурмуҳаммад. – Бундан саккиз йил илгари асад ойида кофир истилоси туфайли ватандан мосуво бўлган хонимиз анча муддат муҳожирлик азобини чекдилар. Аслида ўша йилнинг ўзида рус императори Худоёрхоннинг Оренбургда яшаб туришига фармон чиқарганди. Мен эса Қўқонни тарк этганимиздан бери у кишининг хизматидаман. Аслан Қўқон ҳукуматида камина шарбатдор вазифасида эдим. Нафсиламрини айтганда, икки ярим йил Оренбургда тутқун каби яшадик. Тўғри маишатимиз ёмон эмасди. Зеро, Оренбург шаҳрида қўқонлик, тошкент-бухоролик савдогарлар жуда кўп. Ҳатто юртимиздан оиласи билан кўчиб бориб яшаётганлар ҳам бу шаҳарда сероб. Бунинг устига мусулмончиликка дохил тарафлари ҳам йўқ эмас. Яъни, шаҳарда мачитлар, мадрасалар бор.

Баъзан хонимиз ов қилмоқ учун атрофдаги чўл-биёбонларга ҳам чиқардилар. Чунки бунга рухсат бор эди. Ов баҳонасида бепоён чўлларда бир ҳафта-ўн кун от чоптириб, дам олиб қайтардик. Оренбургда орқамиздан доимо пойлаб юрадиган рус жосуслари бу кезлари “Худоёрхон ов қилиб юрибди” дея хотиржам ҳолда шаҳарда ўтиришаверарди. Лекин вақт ўтган сари хонимиз мусофирчиликда, ўрис тазйиқи остида бирмунча сиқилиб қолдилар. Ниятлари Маккани тавоф этиш эди. Бир-икки бор рус ҳукуматидан ҳажга боришга рухсат сўраганларида ижозат беришмади. Бепоён чўлларда ўтказилган ов маҳаллари бу чўлдаги изсиз сўқмоқлар, уларнинг қай юртларга олиб боришини яхши ўзлаштирган йўл билгич қозоқ овчиси билан танишдик. Бу овчи уч юз сўм эвазига бизни Эрон ҳудудига ўтказиб юборишга ваъда берди.

Россиядан қочишнинг бирламчи сабаби шул эдики, ҳали биз Қўқон тахтидан умид узмагандик. “Ислом мамлакатларидан паноҳ топсам, мени қўллаб-қувватлашар” деган эзгу ният сабаб бўлиб, хонимиз Русиядан чиқиб кетишга қарор қилдилар. Оренбургдан “Овга кетяпмиз” дея тегишли одамларни огоҳлантириб чўлга йўл олдик. Поёнсиз чўллар бағрида бизни кутиб турган қозоқлар шиддат билан ҳаракатланишди. Иккаламиз бир ҳафта ичида Эрон ҳудудига ўтиб кетдик. Худоёрхон Эрон шоҳи Нас-риддинга мавжуд аҳволни баён қилиб мактуб ёзди. Аммо ўша пайтда инглизлар Афғонистонда уруш олиб боришар, бу бадкорлар Қандаҳор билан Жалолободни ҳам эгаллаб, Ҳиротга хавф солиб турган пайт эди, Афғондан сўнг, “инглизлар Эронни ҳам олади” деган миш-мишлар ўрлаган, “энди навбат бизга ҳам келиб қолади” дея қўрқиб турган Эрон шоҳи Россиядан мадад кутаётганди. Бундай вазиятда Эрон тахтидаги одам рус тутқунидан қочиб келган мусулмон подшосини қабул қилиб, ёрдам беришга журъат этолмасди, албатта. Насриддин шоҳ бизни қабул қилмагач, катта умид билан Афғонистонга юз бурдик. Не ажабки, Афғон ҳукмрони Амир Абдураҳмон ҳам Худоёрхонга рўйхуш бермади. Аксинча, тезда Афғон тупроғини тарк этишини сўради. Албатта бу ҳолнинг ҳам сиёсий сабаблари бор эди.

Абдураҳмонхон машҳур афғон амири Дўстму-ҳаммадхоннинг невараси эди. Дўстмуҳаммадхон-нинг ўлимидан сўнг унинг ўғиллари орасида бош-ланган тахт учун кураш можароларида ўша ўғилларидан бири – Шермуҳаммадхон ғолиб чиқди ва тахт-га ўтирди. Бу орада ҳукмдорнинг биродарларидан бири Муҳаммад Афзалхон тўсатдан вафот этади ва унинг ўғли – амакисидан чўчиган Абдураҳмонхон Туркистонга қочиб келади. У пайтлари Туркистон деярли тўлиқ Россия тасарруфига ўтган, фақат Қўқон хонлиги ўз мустақиллигини бирмунча сақлаб қолган эди. Абдураҳмонхон Хива хони ва Бухоро амири томонидан ҳам илиқ қабул қилинади. Аммо қочоқ шаҳзода эндиликда ўйинчоқ ҳукмронларга айланган кишиларга ишонмади. Зеро, илгари ҳам турли можаролар боис Туркистон заминига қочиб келган афғон амирларига бу ҳукмдорлар тарафидан дўстлик ва садоқат кўрсатилмаганлигини у яхши биларди. Шу боис шаҳзода рус мустамлакачи амалдорлари ёрдамига ишонарди, холос. Руслар ҳам келажакни ўйлаган ҳолда Абдураҳмондан ёрдамларини аямадилар. Дарҳақиқат, Туркистондаги рус ҳукумати Абдураҳмонга Самарқанд шаҳридан турар жой ва каттагина боғ ҳамда экин майдонлари ажратиб берди. Шаҳарнинг Қаландархона маҳалласида илгари Бухоро амирига тегишли каттагина боғча, уч тўрт хонадан иборат иморатлар бор эди. Чор ҳукумати қувғиндаги шаҳзоданинг яшаш харажатларини ўз зиммасига олди. Туркистон генерал-губернатори, генерал-адъютант, инженер-генерал Константин Петрович фон-Кауфман қочқиндаги шаҳзода – афғон тахти даъвогарларидан бирига доимо кўз-қулоқ бўлиб турарди. У Абдураҳмонхонни ора-сира ўлка пойтахти Тошкентга таклиф қилар, турли байрам ва тантаналарда, қабул маросимларида қатнашувига изн берарди. Кауфманнинг таклифига биноан Абдураҳмонхон тарих илмидан хабардор мирза ёрдамида “Сардор Абдураҳмонхон томонидан баён этилган “Афғонис-тон тарихи” номли китоб ҳам ёзди. Бу китоб тантана билан генерал-губернаторга тақдим этилди.

Абдураҳмоннинг Туркистонда яшашига ўн йил тўлган бир даврда Кауфман унга Афғонистонга қайтиши учун рухсат беради. Бу энди инглизларнинг иккинчи афғон-инглиз урушини бошлаганликлари, Афғонистондаги ўта қалтис сиёсий вазият тақозоси туфайли эди. Ўша пайтдаги Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги вице-қироли барон Эдуард Роберт Литтоннинг Афғонистонни буткул босиб олиб, бу юртни тўлиғича инглизлар қўли остидаги ерларга қўшиш орзуси боис бошланган бу қонли можаро жафокаш афғон халқи бошига озмунча кулфат келтирмаётганди. Мана шундай вазиятда фон-Кауфман аввало Абдураҳмонни Самарқанддан Тошкентга, ўз қўлтиғи остига кўчиртириб келтиради. Айни пайтда Афғонистондаги воқеаларни ўз каналлари ёрдамида синчиклаб кузатишда давом этади. Воқеалар ривожи руслар кўзда тутган нуқтага етгач, Кауфман Абдураҳмонни Афғонистон ҳудудига қайтишига рухсат беради. Айни пайтда айёр Кауфман шаҳзодани рус армиясида пайдо бўлган замонавий қурол – “Бердан” милтиқлари билан таъминлайди. Шаҳзоданинг атиги 300 кишидан иборат кичик армиясининг бошқа қурол-яроғлар, керакли жиҳоз, ҳарбий анжомларга эга бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, шаҳзодага эллик минг сўмга яқин рус пуллари ҳам берилган эди. Шуниси қизиқки, расмий доираларда Абдураҳмоннинг Афғонистонга қайтиши “Туркистондан берухсат қочиб кетиш” дея эълон қилинади. Ҳатто қочқинни ушлаш учун чегара қўшинларига тегишли сохта буйруқлар берилади.

Абдураҳмон Тошкентдан Фарғона водийсига, у ердан эса Бухоро амирлиги ҳудудига ўтган маҳалда бу ерда унга ҳеч қандай ҳурмат-эътибор кўрсатилмайди. Расмий хабарларга кўра Қўқон хони уни қабул қилишдан бош тортади. Бу, албатта, Афғонис-тонда иккинчи бор мамлакатни эгаллаш учун қаттиқ жанглар олиб бораётган Англия ҳукумати кўзини бўяш учун ўтказилган тадбир эди, холос. Абдураҳмон Афғонистонни тўлиқ эгаллагандан сўнг қочқин Худоёрни қабул қилмаслиги тагида ана шундай чуқур сиёсий сабаблар ётарди. Лекин тан олиш керак, Кауфман ёрдами билан Абдураҳмон Афғонистонни бирлаштирди. Унинг шаҳаншоҳига айланиб, кейинги йигирма йил давомида бу диёрни бошқаришга эришди…

…Оқибат кичик бир бош поёнсиз ер куррасига сиғмай қолди. Ноилож “энди ҳажга борамиз” деб Пешоворга кетдик. Не машаққатлар тортиб, у ерга ҳам етиб бордик. Пешоворда фарғоналик савдогар юртдошлар бор экан, улар хоннинг бу аҳволига зор-зор йиғлашди, сўнг кўплашиб ўзлари пул тўлаб, хон иккимизни Бомбейда кемага ўтқазиб, Жиддага жўнатиб юборишга бош-қош бўлдилар. (Айрим тарихий маълумотларга кўра, Худоёрхон аввал Хива хонлиги ҳудудига бориб туркманлар орасида бир муддат яшириниб юради. Сўнг Афғонистонга, Ҳирот шаҳри атрофларига келади. Кейин эса Эрон орқали Маккаи Мукаррамага йўл олади. Яна Худога аён).

Жиддадаги туркистонликларни Фарғона хони бораётганлигидан хабардор қилишган экан, ҳайтовур улар бизни иззат билан кутиб олишди. Уч кун Жидда шаҳрида бўлдик. Ҳажга борган юртдошларимиз хон зиёратига тўп-тўп бўлиб келишарди. Кейин ажала туяларда Маккаи Мукаррамага сафар қилдик. Макка зиёратини адо этгач, ўша ерда муқим бўлиб қолдик. Наманганлик Хўжа Калон эшон Сафо Марво юртлари орасида бир иморат қурдириб, ўғиллари Юсуфжон тўра, Амон халифа ҳамда аҳлу аёллари билан яшарди. Биз ҳам Хўжа Калон эшоннинг хонадонида умргузаронлик қилишга киришдик. Иккимиз ҳам шир яланғоч, ҳеч қаердан даромадимиз йўқ, Хўжа Калонга боқиманда эдик.

Бу орада Фарғонадан келган ҳожилар юрт нотинчлигини, ўрис зулми ҳаддан ошганлигини ҳикоя қилардилар. Улар орқали водийда қолган ҳамфикрларимиз, Олой қирғизлари билан алоқа боғладик. Мусофирлик менинг ҳам жонимдан ўтган эди. Хонимизга “юртга кайтайлик, бир бошга бир ўлим, ғурбатда ғариб бўлиб, юртдан олисда, боз устига мусофирлик ва қарамликда ўлиш сиздек Темур авлодига ярашмас. Агар йўлини қилиб Фарғонага етиб борсак, бизни қўлловчилар топилар” дея таклиф қилдим.

Зеро, хоннинг ўғиллари Муҳаммад Аминбек, Сайид Умарбек, Ўрмонбек, Фансуруллобеклар ҳозир Тошкентда генерал-губернатор тарбиясида эдилар.

Катта ўғли Насриддинхон эса отасидан сўнг Қўқонда хон бўлиб, уч ой муддат тахтда ўтирганидан хабарингиз бор. Кейин ярамас фирибгар Пўлатхон исён кўтариб унга ҳамла қилгач, Насриддинхон ҳам Тошкентга қочди. Хозир у киши Оренбургда яшаяпти деб эшитамиз.

Нафсиламрини айтганда Туркистон ҳозирда ҳам тўлиқ рус ҳукмронлигини бўйнига олгани йўқ. Шаҳару қишлоқлар, Олой тоғларида Худоёрхон учун, мустақил юрт учун жон беришга тайёр одамларни ҳар қадамда учратасиз. Марвда эса туркманлар рус армияси билан жанг қилишни тўхтатгани йўқ. Бу ёқда афғонлар ҳам Кушка атрофидаги ерларни талашиб, Рус устига от солишга тайёр. Фарғонада бош кўтарсак, Қашқарда Ёқуббек авлодлари ҳам қараб турмас… Хуллас, “Фарғона учун жанг қилиш вақти ҳали ўтмаган”, дея хонга ёлбордим. Олисларда Фарғона дея кўзларимиз чашми чош бўлди ахир…

Хон ҳам шу кайфиятда экан. У киши “Майли, ўлсам ҳам кофирга қарши ўқ узиб ўлайин, шаҳид кетайин, токи авлодлар хотирасида юртни ташлаб қочган шоҳ эмас, балки охирги томчи қони қолгунча ўз она тупроғи учун курашиб шаҳид бўлган эрксевар ҳукмдор сифатида эсланай”, – деди.

Ха, тақсир, бугунги Худоёрхон бундан саккиз-тўққиз йил аввал осонликча Кауфманнинг макрига учиб, тахтни қўлдан чиқарган содда хон эмас. Энди у дунё кўрган, мусофирликда, ғарибликда ўтган йиллари илгариги ҳаёти хусусида узоқ мушоҳада юритиб, қилган хатоларига пушаймон бўлган, ўз айби билан кофир олдида тиз чўккан, лекин юрти учун қасос олишга шайланган инсон!

Нурмуҳаммад ҳожи пиёласидаги чойни ҳўплаб тин олди. Турк ҳожиси соқолини силади-да:

– Маккадан қачон чиққандиларинг? – дея сўради.

– Маккадан кетишимизга эшон Хўжа Калон кўп қаршилик қилдилар. “Қолган умрини ҳарами муҳтарамада ўтказиб, насиб этса пайғамбаримиз қадамлари муборак этган тупроққа қўйилиш улуғ саодат. Энди шу тилак бирла бўлинг”, дея хонни қайтаришга уринди. Хонимиз кўнглидаги ватан ишқи барибир ғолиб чиқди…

– Яна кемада Бомбейга келиб, у ердан афғон туп-роғи сари йўналдик, – Нурмуҳаммад ҳожи бир муддат тин олди. Сўнг овозини сал пасайтириб давом этди, – энди гап бундай. Маслаҳатга кўра, хон ҳозирча шу ерда қоладиган бўлдилар. Мен эса Фарғонага бориб келаман. У ердаги содиқ кишиларимиз, тарафдорларимиз билан келишиб, хоннинг боришига ҳозирлик кўриб турадиган одамларимизни огоҳлантириб, иш пишгач, орқага қайтаман. Бу масалаларни ечишга уч-тўрт ой, борингки, ярим йил фурсат кетади. Илтимосимиз шулки, сиз дини ислом фидойиси, кофирнинг ёви сифатида бир ишга қўл урсангиз. Яъни, шу вақт ичида хон билан бирга бўлсангиз… ўзи ёлғиз қолмасин. Дини Ислом йўлида, мазлум ватан озодлиги ниятида жон фидо қилишга шайланган қасоскор хон хизматида бўлиш чин мусулмон кишининг бурчи ахир… Мана, суҳбатдош бўлганимизга ҳам бир-икки ҳафта ўтди. Хонимиз сизга катта умид ва ишонч билан қараяптилар. Рўйирост айтганида, рус истибдодидан халос бўлишнинг ягона йўли улуғ турк давлати, бутун ислом оламининг халифаи замонаси – турк султони билан мустаҳкам алоқа боғлашдир. (Ўша даврларда деярли барча араб давлатлари, хусусан, муборак Маккаи Мукаррама ҳамда Мадинаи Мунаввара ҳам турк султони қўли остида эди.) Албатта хонимиз савдо ишларини яхши англайдилар. Шу боис агар рози бўлсангиз, барча харажатларингизни беш баробардан ортиқ тарзда қоплайдилар. Агар Оллоҳ бизни қўллаб, ниятимизга эришсак, сиз Фарғонанинг энг эътиборли улуғ зотлари сафидан ўрин олишингиз муқаррар. Оллоҳ сизни ёрлақагай!

Турк ҳожиси озгина тараддудланди.

– Йўқ десангиз ҳам хафа бўлмаймиз. Аммо бу гап шу ерда қолсин.

– Асло! Чин мусулмон киши бундай таклифдан юз ўгирса, гуноҳи кабира бўлишини яхши тушунаман! – деди қатъият билан ҳожи, – мени хон ҳузурига бошланг!

Ҳужра тўридаги қалин тўшалган бўз кўрпача устида хаёлга чўмган Худоёрхон маъюс бир аҳволда ёнбошлаб ётарди. Ичкарига кириб келган Нурмуҳаммад билан Юсуф афандини кўриб, улар истиқболига ўрнидан қўзғалди.

– Безовта бўлмасинлар, тақсир! – Юсуф афанди хон пойига тиз чўкиб қуллуқ қилди…

Туркиялик ҳожи шу тариқа собиқ хон хузурида қолди ва то хон вафот этгунга қадар Худоёр хизматида бўлди. Кейинчалик Туркияга қайтиб Худоёрхон ва унинг охирги кунлари ҳақида китоб ёзиб нашр эттирди.

…Эртаси тонгда Нурмуҳаммад шарбатдор довон орқали Майманага йўл олган савдо карвонига қўшилиб Қалъаи Нав тарафга, кейин эса туркман саҳролари оралаб Чоржўйга жўнаб кетди.

Ўшандан буён ҳам орадан уч ойдан зиёд вақт ўтди. Шарбатдордан ҳеч қандай дарак келмади. Аммо Юсуф афанди доимо хон хизматида бўлди. Хоннинг кўнглини олиш учун қўлидан келган ишини аямади. Суҳбатларда Худоёрхон Туркия давлат тизими тўғрисида суриштирар, Арабистонда ўзи юрган кезлари кўрган-кечирганлари орқали бирмунча тасаввурга эга эса-да, яна кўп нарсаларга қизиқарди. Юсуф афанди билан мулоқотларда у дунё сиёсати, Туркиянинг жаҳондаги ўрни ва келажаги хусусида қимматли маълумотларга эга бўлди. Қрим урушида Россияни бурчакка тиқиб қўйган қудратли давлатнинг кофирлар Марказий Осиёни зўрлик билан босиб олаётганларида нега жим турганликлари сабаблари билан қизиқди. Юсуф афанди ўзини гарчи сиёсатдан узоқ одам сифатида таништирса-да, булар хусусида собиқ ҳукмдорга тўлароқ маълумотлар берди.

Каррух атрофида устини ям-яшил ўт-майсалар, наъматак ва чакандазорлар қоплаган тоғлар бор. Нурмуҳаммадни ватанга юборгач, хоннинг хийла кўнгли кўтарилиб, ўша тоғларга овга чиқиш истагини билдирди.

Юсуф афанди Ҳиротга бориб иккита пилта милтиқ, бир йўлбошловчи ҳазора одамни олиб келди. Ҳазора эски овчи экан. Бу ерлар тарихидан ҳам оз-моз хабари бор бу киши Каррух тоғларига қадимда Ҳирот султонлари тез-тез овга чиқишлари ҳикоятларини гапириб берди. Хусусан, султон Ҳусайн Бойқаро ўз беклари, жумладан, амир Низомиддин Алишер Навоий билан Каррухнинг кўм-кўк ўтлоқларида чодир тикиб, ҳафталаб ов қилганлигини сўйлар экан, хоннинг кўзлари ёниб кетди. Бу тоғларда кўпроқ кийик, қирғовул овланарди. Худоёрхон ҳам аслида ов деса ўзини унутадиган одам. Тахтда муқим ўтирган кезлари у Сирдарё бўйларидаги қалин тўқайзорларга, Сўх, Олой тоғларига овга чиқарди. Табиатан қўрқмас, шерюрак бу одамнинг ов пайти бошдан кечирганлари ҳақида кўп ёзмалар ҳам сақланиб қолган.

Бир гал Қўқондан Сирдарё томонга юрилганда қўниладиган Олтиқуш қишлоғи атрофларидаги тўқайда хон ва унинг одамлари қирғовул овлаб юришганди. Улар тўсатдан ёввойи тўнғиз подасига дуч келиб қолишди. Туядек катта, айри тишларининг ҳар бири қиличдек узун ва ўткир серка тўнғиз пишқириб овчиларга ҳамла қилди. Шиддат билан елиб келган қаҳрли тўнғиз хон ёнидаги ясовулнинг отига ташланиб, асов айғирнинг қорнини ёриб юборди. От кишнаганича ерга қулади, ичак-чавоғи ағдарилди. Ясовул эса от тагида қолиб бетиним додларди. Атрофдагилар тўнғизга пала-партиш ўқ узишар, аммо тегиза олмасдилар. Овнинг тиғиз лаҳзалари нашъаси вужудини жунбишга келтирган Худоёр шунда бирдан қиличини суғуриб бемисл ҳайқириқ ила тўнғиз устига от қўйди. Кўз ўнгиларида рўй бераётган воқеадан даҳшатга тушган хон ҳамроҳлари милтиқ отишни тўхтатдилар. Улкан тўнғиз тисланиб, олдинги оёқлари билан ер титкилади. Жунлари тиккайди. Сўнг бирдан камондан отилган ўқдай хонга сапчиди. Шу лаҳзада хон от бошини кескин буриб ўзини чапга олишга улгурди. Айни пайтда михдай қаттиқ жунлари от ёнбошини тирнаб ўтган тўнғиз бошига зарб билан қилич солди! Тўнғиз чинқирганича ўз йўналиши бўйлаб хиёл чопиб борди-да, ортга қайрилиб яна хон тарафга югурди. Хон тагидаги арғумоқ эгасининг сал жилов силташи билан яна ўзини илкис четга олди. Хоннинг бу сафар туширган қилич зарби шу қадар кучли эдики, тиғ улкан тўнғиз умровига бир қаричдан ортиқроқ кирди. Учинчи зарбадан сўнг эса тўнғиз йиқилди. Хон эса ҳайқирганича кетма-кет қилич солар, уни қиймаларди… (Бу воқеани Қўқон мамлакати тарихини ёзган барча тарихчи олимлар, жумладан, В. Наливкин, Н Остроумов, Ибрат ва бошқалар ўз китобларида акс эттиришган.)

Хон ушбу воқеани сўйлаб бераркан, ҳамроҳлари таҳсин билдиришди. Аммо нимадир ҳар икковининг ҳам кўнглидан ўтди, шекилли, негадир сукутга чўкишди. Худоёрхон ҳамроҳлари юзига разм солиб:

– Шунчалик шерюрак, жасур подшоҳ нега энди кофирлардан қочди экан, дея хаёл қилдиларинг шекилли, – дея кулди.

– Йўқ, йўқ, маъзур тутадилар тақсир.

– Ҳа… – узун сўлиш олди хон, – кейинги саккиз йил ичида ўзим ҳам кеча-кундуз шу хусусида ўйлайман.

Хон ҳамроҳларини хижолат қилганлигини сезиб, мавзуни яна овга бурди.

– Биз ўзи авлод-аждодларимиз билан овга ўч уруғмиз. Айтишларича, бобокалонимиз Шоҳрухбий Наманганда Ирисқулбий исён кўтарган маҳали ўша ёққа қўшин тортиб боради. Наманган остонасидаги Тўрақўрғон шаҳрида қўр тўкиб, лашкарга ҳордиқ беришади. Шу аснода, иттифоқо, бий ов ихтиёр қиладилар. Дарёи Сирнинг ўнг қирғоғи одам ўтиб бўлмайдиган беҳад қалин тўқай, тўранғизор…

Шикоргоҳда тўнғиз қувиб, Шоҳрухбий тўқай ичига жуда ичкарилаб кетадилар, шиддат шундайки, мулозимлар у кишига базўр етиб улгурадилар. Шу аснода қамишзор орасидан баҳайбат нар йўлбарс отилиб чиқиб, бийга ҳамла қилади. Афтидан шу ерда мода йўлбарс болалаган бўлиб, нари уни муҳофаза этган… шоён таҳсинки, Шоҳрухбий ўзини йўқотмайдилар. У киши ҳам от устидан тўғри ўзига ташланган йўлбарс устига сапчийди. Одам ва йўлбарс бир-бирларига човут солганларича қамишлар устига ағанашади! Шоҳрухбийнинг мулозимлари ҳам олишувга аралаша олмайдилар. Бий ўша ирғиганда йўлбарснинг томоғидан бўғиб олган экан. У темирдек чангал билан йиртқич бўғзини шундай кучли сиқадики, йўлбарс ўзига кела олмай, бўғилиб ўлади. Мулозимлар йўлбарснинг тамом бўлганини сезиб бийга “Ҳазратим, қўяверсинлар, йўлбарс адо бўлди. Оллоҳ қудратингизни бундан-да улуғ этсин” дейишса ҳам у киши ҳайвон бўғзини анчагача бўшатмаганлар…

Турк ҳожиси билан ҳазора бир-бирларига маъноли қараб олишди. Худоёрхон айтиб берган бу воқеа тарихчиларнинг шоҳидлик беришича, Қўқон ҳукмдори Шоҳрухбий милодий 1740 йилларда Наманганга қўшин тортиб борган кезлари рўй берган. Бу ҳақда тарихчи Ҳакимхон тўранинг “Мунтаҳабут-таворих”, В. Наливкиннинг “Краткая история Какандского ханство” китоблари, бошқа тарихчилар асарларида ҳам ҳикоя қилинади. Кези келганда шуни айтиш керакки, Фарғона водийсида, ХХ асрнинг йигирманчи йилларига қадар ҳам йўлбарслар учрар эди. Руслар истилосидан илгариги даврларда эса Сирдарё атрофидаги бепоён тўқайзорларда юзлаб машҳур Турон йўлбарслари яшаган. Қуён, тулки, тўнғиз ва бошқа жонзотларни еб юрган бу йиртқичларни одамлар тўқайзор подшоси деб аташарди. Қўқон хонлари кўпинча йўлбарс ови ташкил қилишар, бу кучли жонзотни овлаган одам катта шарафга муяссар этиларди. Хонлардан, айниқса, Амир Умархоннинг йўлбарс овига жуда ишқибоз бўлгани маълум. Оддий овчилар эса йўлбарсни ёғи ва териси учун овлашган. Чунки йўлбарс ёғини шифобахш дори ҳисоблашар, бой-бадавлат одамлар эса йўлбарс терисини эгарга ёки этик-маҳси ичига қоплатардилар.

Шу куни ов унча бароридан келмаса ҳам Худоёрхон хушнуд бир кайфиятда ҳонақага қайтди. Ҳазорага инъом бериб, бу ердаги одам ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни тайинлаб, уйига жўнатишди. Овланган илвасин гўштини Юсуф афанди ошга босди. Хон иккиси ярим тунгача суҳбатлашиб ўтиришди.

Бироқ эрталаб хон ҳужрасига саломга кирган ҳожи Худоёрхоннинг нохушроқ ҳолатини сезибажабланди.

– Ёмон туш кўрибман, ҳожи, – деди хон унга юзланиб, – ёмон туш…

– Тақсир, яхшиликка йўйсинлар…

– Тушимда энг суюкли ўғлим Ўрмонбек бўйнида сиртмоқ, ортимдан чопиб келаётган эмиш. Кимсасиз саҳро, мен отга қамчи уриб кетяпман. “Ҳазратим, тўхтанг! Бизга раҳм қилинг, воз кечманг” дея фарёд уради шаҳзода, – чуқур хўрсинди Худоёрхон, – “бизни кофир қўлида қолдирманг” дейди… Мен эса жадал кетавердим. Ўрмонбек қайноқ қумларга йиқилганича бўзлаб қолди…

– Бу энди яқинда дийдор кўришишга ишорат бўлса ажаб эмас, – дея таъбир айтишга тушди ҳожи. – Зеро, шаҳзода сизнинг, сиз эса у кишининг дийдорига муштоқсизлар. Иншооллоҳ, учрашув муяссар бўлғай…

– Иншооллоҳ, ҳожи афандим, айтганингиз келсин, – дея синиқ товуш билан сўзлади Худоёрхон, – аммо шаҳзоданинг бўйнидаги сиртмоқ нимани билдиради? Шу ҳолдан кўнгил жуда ғаш бўлди. Сизга айтувдим-ку, ўғилларим орасида энг қобилиятлиси, ақл-ҳушли, тахтга муносиби ҳам айнан шу шаҳзода. Ўрмонбекни жонимдан ортиқ кўраман. Уни валиаҳд этиб тайинламоқчийдим…

Юсуф афанди хонга яна бир-икки оғиз таскин берди-да, чойга уннади. Дархақиқат, Худоёрхон ўзининг бу суюкли фарзандини тахт вориси этиб эълон қилишга шайланган эди. Айтишларича, Ўрмонбекнинг онаси тоғлар ўлкаси – Дарвоз бегининг қизи бўлиб, жуда хушсурат ва ақлли аёл эди. Лекин Ўрмонбекни туққач, қирқ кундан сўнг малика кўп қон йўқотиш оқибатида вафот этган. Ўрмонбекни Худоёрхоннинг суюкли хотинларидан бири, ҳарамда энг эътиборли ҳисобланган Оғочабегим ўз тарбиясига олган. 1875 йили тахтдан мосуво бўлган Худоёр Оренбургга кетаётган пайтларида Оғочабегим билан Ўрмонбекни Туркистон шаҳрида ўзига содиқ одамлар тарбиясида қолдиради. 1879 йили эса Оғочабегим Ўрмонбекни олиб Туркистондан Тошкентга келади ва Бешёғоч даҳасида катта уй-жой харид қилиб, шу ерда муқим яшайди. (Ўрмонбекни ўз ўғлидай чин дилдан парваришлаб, тарбиялагани боисми, кўп ўтмай Оллоҳ Оғочабегимнинг ўзига ҳам фарзанд ато этганди.) Тақдир тақозоси боис Фансуруллобек исмли бу шаҳзода отаси тарбиясини тўлиқ ола билмади. Лекин Оғочабегимнинг парваришида ҳар томонлама оқил, ўқимишли, билимдон бўлиб вояга етган хон фарзанди улғайиб, машҳур генерал Жўрабекнинг куёви бўлди. Туркистонда жадидчилик ҳаракатиасосчиларидан бирига айланди. Фурқатнинг энг яқин дўстларидан бири ҳисобланган бу киши дастлабки ўзбек газеталаридан “Хуршид”ни нашр қилишда бош-қош бўлди. Етук журналист, ҳассос шоир вапублицист Фансуруллобек шўро қатағонининг қурбони бўлди. У 1931 йили Тошкент турмасида вафот этган. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, хон Петербургга сафарга жўнаган чоғида унинг ўн бир фарзанди – олти ўғил ва беш қиз Туркистонда қолганди. Ўғилларининг деярли барчаси – Насриддинбек, Ўрмонбек, Фансуруллобек, ибн Яминбек, Муҳаммад Умархон, Муҳаммад Аминбеклар эл-юртда таниқли одамлар бўлиб етишдилар. Шаҳзодахон, Тўрапошшо, Хонпошшо, Моҳизадахон ва Озодахон исмли қизлари ҳам шу юртда яшаб оилали, бола-чақали бўлиб кетдилар…

Албатта, собиқ хоннинг суюкли ўғлини олис Туркистондан Марказий Осиё марказига кўчириб келтириш рус ҳукумати ихтиёрисиз амалга оширилмагани маълум. Зеро, Худоёр айнан шу ўғлини валиаҳд этиб тайинлашни дилига туккани чор маъмурларига ҳам, Худоёрнинг бошқа ўғиллари, қариндош-уруғларига ҳам аён эди. Ўрмонбек улғайган сари ёш, жасур ва ақлли шаҳзода теварагида қора булутлар қуюқлашаверди. Баъзи бир сиёсий кучлар, хусусан, мус-тамлака маъмурияти шаҳзоданинг омон юришидан манфаатдор эмас эди. 1883 йили декабрь ойи охирларида Ўрмонбек ўз уйида тўсатдан вафот этади. Ваҳоланки, ўша пайтлари у 19 ёшга кирган навқирон ва бақувват йигит эди. Хонликнинг расман тугатилганига ҳали ўн йил ҳам тўлмаган, мустақил давлатни тиклаш орзуси халқнинг кўп табақалари онгида ҳамон тирик, бу қутлуғ йўлда жонини фидо этишга тайёр ватанпарварлар бисёр эди. Шундай шароитларда халққа бош бўлишга қобил тахт ворисининг улғайиши, тирик юриши биринчи галда мустамлака маъмурлари кайфиятига рахна солиши аниқ эди. Ва шу боис халқ орасида турли гап-сўзлар ўрмалади… Ҳар ҳолда унинг ўлими сабаблари сирлигича қолган. Бунинг устига Худоёр ўз фарзандлари ва қавму қариндошлари ичида бор-йўғи икки кишига – укаси Султонмуродбекка ва ўғли Ўрмонбекка ихлос қўйганлигини ҳам жуда кўпчилик билар эди. Тақдирни қарангки, Марғилон ҳокими бўлиб турган Султонмуродбекни 1875 йили исёнчи сохта Пўлатхон сўйдириб юборади. Шоир Усмонхўжа Зорий шу даврларда ёзган шеърида Худоёрхон тилидан бежиз бундай демаган:

Худоёрхон демишлар, Шаҳри Фарғонамдан айрилдим,
Ки тахту бахту қасру тожу шоҳонимдан айрилдим.
Жигарбандим, иним бек султонимдан айрилдим,
У Насриддин ўзимга жонишин хонимдан айрилдим,
Хусусан, нури дийдам, жоним Ўрмонимдан айрилдим,
Шаҳид шаҳзодалар – кокил паришонимдан айрилдим…

Хон тушида безовта бўлган кундан бошлаб яна тушкун кайфиятга қайтди. Орадан икки-уч ойлар чамаси вақт ўтгач эса Фарғонадан Маккаи Мукаррамага йўл олган ҳажталаблар орқали оғизма-оғиз Ўрмонбекнинг вафот топгани ҳақидаги қайғули хабар Каррухга ҳам етиб келди. Юсуф афанди бу мусибат муждасини хонга қандай етказиш йўлини билмай ўйга толди. Кейин секин ҳисоблаб чиқса, худди ўша хон ёмон туш кўрган куни шаҳзода оламдан кўз юмган экан! “Во дариғ, во ҳайрато! Оллоҳнингқудратига шак-шубҳа йўқ! – дея ичида истиғфор ўқиди ҳожи, – қарангки, ўғил жон бераётган лаҳзаларда Оллоҳим ундан минглаб чақирим олисдаги отага башорат берган! ”