banner banner banner
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Худоёрхоннинг сўнгги кунлари
Оценить:
Рейтинг: 0

Полная версия:

Худоёрхоннинг сўнгги кунлари

скачать книгу бесплатно

Ҳожи ўйлана-ўйлана “суюкли ўғил вафотини отадан сир тутмоқ ножоиз ишдир” деган хулосага келди-да, бир куни ётиғи билан хонни ушбу мусибатдан воқиф этди. Худоёрхон кўзларини катта очиб анча муддат қаршисида гуноҳкордек бош солинтириб турган ҳожига тикилиб қолди. Кейин аста ҳужра деворига тиралган болишга суянди. Юзлари қорайиб кетди. Сўнг кўзларини юмиб фотиҳа тортди. Юмуқ кўзлар орасидан қалин ёш сизиб чиқиб бетларини юварди…

– Аниқми? – деди ниҳоят хон унинг аҳволига қараб йиғлаётган ҳожига.

– Дафн маросимида қатнашган одам айтди, бу кўргулик хусусида, тақсир, – деди ҳожи ёшли кўзларини белбоғи билан артар экан.

– Дафн маросими шаҳзоданинг обрўсига муносиб тарзда ўтказилибди. Оғоча ойим, қолган ойимлар, келинларингиз, Тошкентнинг эътиборли зотлари хонадонларга мансуб баъзи бир бошқа аёллар ҳам қора кийиниб азадор бўлишган. Ўғилларингиз, хон хонадонига алоқадор барча ҳурматли кишилар аза ва фотиҳахонлик кунлари ўша хонадонда бошдан-оёқ туришибди…

Дарҳақиқат, ўша давр матбуоти ва тарихий асарлар шоҳидлигига кўра, Ўрмонбекнинг ўлими Тошкент ва Фарғона аҳлини тўлқинлантириб юборган. Шаҳзоданинг жанозасига минглаб одамлар келиб, ҳовли ва атроф кўчалар таъзиядорлар билан лиқ тўлган. Халқ ўзи ёқтирган ҳамда келажагига катта умидлар боғлаган навқирон подшоҳзода вафотига чин дилдан қайғурган. Ўрмонбекнинг дунёдан ўтиши билан ҳали минглаб туркистонликлар қалбида сўнмай турган озодлик, истиқлолга интилиш, рус истибдодига хотима бериш ниятлари устига ҳам парда тортилган.

Ўрмонбекнинг ўлимига бағишлаб Фурқат, Зорий ва Туркистоннинг бошқа ўнлаб шоирлари марсия шеърлари битдилар. Фарғона ва Тошкент, Самарқанд ва Сайрамнинг машҳур ҳофизлари уларнинг ғамгин сатрларини куйга солиб, қўшиқ қилиб айтдилар. Бу ғарибона, ўксик руҳдаги битикларни дастлаб йиғиб, сўнгра китобча ҳолида чоп этган таниқли рус шарқшуноси Н. Остроумов уларда шаҳзоданинг вафотига аллақандай сирли кучлар сабаб бўлганлигига шама мавжудлигини таъкидлаган эди…

Эртаси куни Каррухда хонақа аҳли учун маърака ўтказилди. Маърака боисини сўраганларга “Фарғоналик ҳожининг ўғли юртида оламдан ўтибди” деб қўяқолишди. Ҳонақада Юсуф афандидан ташқари Худоёрхоннинг асли кимлигини ҳеч ким билмасди. Бир-икки кун фотиҳахонлик бўлди. Ўша кунлардан бошлаб Худоёр яна баттар индамас, тунд кайфият асирлигига тушди. Иштаҳаси йўқолиб, кам таом бўлиб қолди. Кўп ўтмай елкасида бир яра пайдо бўлиб шиша бошлади. Ўқтин-ўқтин собиқ хонни иситма ўз исканжасига оларди. Дард азобини чекаётган хон эртаю кеч ҳужрада инқиллаб ётар, ташқарига фақат ювиниш, таҳорат ҳожати учунгина чиқарди, холос. Илгари деярли ҳар куни бир-икки марта Нурмуҳаммад шарбатдорни “келдимикан” дея суриштириб турган одам энди бу ҳолга ҳам бефарқ бўлиб қолди. Хўжа билан камдан-кам бўладиган суҳбатларда эса қазойи қадар, дунёнинг фонийлиги хусусида кўп сўйлар эди. Бир куни хўжага у ўз ота-боболари тарихини ҳикоя қилди.

…Албатта Қўқон хонлари ўз аждодларининг Соҳибқирон Темур уруғига мансублиги билан доимо фахрланиб келишган ва бу хусусидаги “Олтин бешик” афсонаси ҳукмрон табақалар, халқ орасида машҳур эди. Ажабланарлиси шуки, водий хонларининг келиб чиқишларини, уларнинг Қўқон тахтига даъволарини асослаб берадиган бу ҳикоят кейинроқ – Олимхон ва Умархон даврларида юзага келган бўлиб, тарих илми зукколари “Олтин бешик” воқеа-ларига улкан шубҳа билан ёндашардилар. Лекин тарихчилар иккинчи бир тарихий ҳақиқат – Қўқон хонларининг ўзларини Темур авлоди дея ҳисоблаган Шаҳрисабз беклари қизи – Ойжон ойим ва Фарғонадаги Минг уруғи раҳнамоларидан Абдураҳмонбек ўртасидаги никоҳдан дунёга келганликлари хусусидаги тарихий далилни ҳам ҳисобга оладилар. Худоёрхон Юсуф ҳожига ўз уруғлари тарихи ҳусусида бир оз бошқачароқ хабар бергувчи маълумотларни ҳам ошкор этди.

Чуст шаҳрида ҳожагон сулоласи намояндалари бўлмиш Мавлоно Лутфулла Чустий истиқомат қиларди. Сирдарёнинг сўл соҳилида яшовчи чорвадор минг уруғи раҳнамоларидан бири – Чанишбий исмли киши ҳазратнинг муридларидан эди. Одатда шу кишини Худоёрхон уруғ бобокалони деб ҳисоблашади.

– Чуст ва Қўқондаги жуда кўп кишилардан Чанишбий хусусида маълумотлар олдим, – деб ёзади рус тарихчиси А.Валидов. – Лекин бу кишининг Мавлоно Чустий билан танишлиги шубҳа остида. Мавлоно Лутфулла Чустий милодий 1572 йилда вафот этган. Демак, бу ерда ҳар ҳолда Чанишбийнинг Мавлоно Чустий билан яқинлиги бироз шубҳали. Шундай бўлса-да, Қўқон хонлари ҳар йили ёзда бир карра Чанишбий қабрини зиёрат қилишлари айни ҳақиқат. Унинг мозори Қўқондан етти чақирим наридаги Чанишбий номли қишлоқдадир. Хонларнинг Чанишбий қабрини узлуксиз зиёрат қилишлари айни ҳақиқат. Бундай зиёратлар ҳамиша шоҳона, катта маросим тарзида ўтказилган. Чанишбий Қўқон хонларининг бобокалонлари ҳисобланган. Татар тарихчиси М.Чўқаев ўзининг “Худоёрнинг охирги куни” сарлавҳали мақоласида Худоёрхонни Чанишбийнинг авлоди деб ёзган.

Сирдарёнинг сўл соҳилида яшовчи чорвадор Минг уруғи раҳномоларидан бири, айрим манбаларда асл исми Лутфулла деб кўрсатилган, лекин тарихларда Шоҳмастбий лақаби билан машҳур киши эшоннинг муриди эди. Эшон нечукдир Шоҳмастбий хонадонида ўзига хос усулда тайёрланадиган қатиқни хуш кўрар ва ҳар тонг намоздан сўнг шу қатиқни ичиш билан кунни бошларди. Мурид эса эрта саҳарда сопол тоғорага солиниб, халтага жойланган ажо-йиб таъмли қатиқни кўтарганича Сирга келар, чуқур ва кенг дарёни … бир қўллаб сузиб ўтаркан! Чунки, Шоҳмастбий ўнг қўлидаги қатиқ солинган халтани лойқа сувдан муҳофаза этиб, асов наҳр тўлқинлари узра кўтариб оларкан! Ҳар тонг у шу тариқа дарё сувининг паст-баланд, оз-кўплиги, лойқа ёки тиниқлигига қарамай, эшон истеъмолига аталган ноёб қатиқни албатта сув ва гард текизмай унинг ҳузурига етказиб келаркан. Шу тариқа садоқатли мурид эшон кўнглини олади.

Кунлардан бир куни эшон билан овга чиққан юрт раҳнамоларидан бири овда урган ўлжасини чангалзор орасидан излаб топиб келган бу одамга миннатдорчилик билдиради. Ҳамда эшон маслаҳати билан атроф қишлоқлардан бирини Шоҳмастбийга ҳадя этади. Қишлоқни эгаллагач, бу уруғ ҳаракатдан тўхтаб қолмайди, аксинча юрт ҳукмфармоларига янада яқинлашади. Ўзларининг уддабуронлик ила олиб борган ишлари боис уларнинг бойлиги кўпаяди, атроф қишлоқларни ўз қамровларига олишади. Тўп-ланган бойлик, обрў-эътибор боис ўзлари мансуб бўлган Минг қабиласи раҳнамосига айланишади.

Милодий ХVII аср бошларида, бу қабила саркори Шоҳрухбий ибн Ашурмуҳаммад Қашқар ҳукмронлари бўлмиш хожагон сулоласи йўлбошчиларидан бирининг қизига уйланади. Ва бу туташув Минг қабиласи учун катта ҳарбий-сиёсий имкониятлар яратади. Зеро, ўша маҳаллари Марказий Осиё бошқарувида ўзига хос бошбошдоқлик юзага келган, Бухоро ва Хоразм хонликлари Эрон билан олиб борилаётган тўхтовсиз урушларда мағлубият аламини чекишарди. Марказий Осиёнинг анъанавий пойтахтларидан четда қолган Фарғона водийси эса бу пайтларга келиб Қашқар юртини бошқараётган Махдуми Аъзам Аҳмад ибн Жалолиддин хожагон Косоний авлодлари таъсир доирасига тушиб қолган эди. Саййид Махдуми Аъзам авлодлари форсча “Хожа” деб улуғланар, бу сўз маъноси эса “улуғ”, “Ҳукмдор”, “Малик” маъноларини англатиши ҳам бежиз эмас. Хожа, яъни халқ тилида хўжа деб юритиладиган авлод, нафақат Қашқар, балки бутун Фарғона водийсини ҳам ўз қўлларида ушлаб турганлар. Хожалар куёви саналмиш Шоҳрухбий водийда тегишли куч тўплаб, маълум даражада сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий мавқени қўлга киритади. Кўп ўтмай у Фарғонада сиёсий ҳокимиятни ҳам хожагон сулоласи қўлидан куч билан тортиб олади. Шоҳрухбийнинг қўрқмас, дадил, узоқни кўзлайдиган баркамол инсон бўлганлиги хусусида кўп ахборотлар тарих китобларида сақланиб қолган. Айтайлик, юқорида келтирилган йўлбарс билан тўқнашув ҳамда бийнинг қудратли, ўта чаққон йўлбарсни яланғоч қўл билан бўғиб ўлдирганлиги воқеаси ҳам бу инсоннинг қандай жасоратли шахс бўлганлигидан дарак беради. Қўқон тарихи шу тариқа бошланади.

… Қўқон ҳукмдори Абдукаримбийнинг (Қўқон шу кишидан хиёл илгариги даврида, пойтахт этиб белгиланган. Унгача эса мамлакат маркази гоҳ Хўжандда, гоҳ Андижонда бўлиб турган. Ҳатто ҳозирги Фарғона шаҳри биқинидаги Ёрмозор қишлоғи ҳамда Бешариқ туманидаги Деҳқонтўда қишлоғи ҳам вақтинча пойтахт мақомини ўтаган даврлар маълум.) ўғли Абдураҳмонбек отаси вафотидан сўнг тахтни эгаллай олмади. Чунки ҳаётининг охирги йиллари касалванд бўлиб қолган Абдукаримбий Хўжандда вафот этади. Тахт вориси Абдураҳмонбек Қўқонда ҳукуматни олиб улгурмай Абдукаримбийнинг жияни Эрдонабий уч-тўрт обрўли кишилар ёрдамида ўзини ҳукмдор дея эълон қилиб юборади. Натижада валиаҳд Абдураҳмонбек Исфара шаҳрига қочиб кетиб, ўша ерда яшай бошлайди. Албатта, Қўқон тахтига эгалик иштиёқи боис у билан Эрдонабий ўртасида ёвлик ўз кучини йўқотмаган эди. Гоҳи-гоҳида ҳар иккисининг лашкарлари мамлакатининг турли депараларида тўқнашиб ҳам туришарди. Халқ оғзидаги бир қозонга икки қўчқор бошининг сиғмаслиги ҳақидаги мақол асл ҳақиқат экан. Зеро, ягона мамлакатда икки нафар тахт даъвогари ўзаро ёвлашиб турса, бу энг аввало ўша юрт фуқароларининг шўри. Охир-оқибат бу талашув-тортишувлардан безган беку бийлар ҳам икковидан бирини йўқотиш пайига тушадилар. Улар тузган режа кўп ўтмай амалга ошади. Эрдонабий ҳузурида катта обрў эгаси бўлган Эрназар итбош деган бир мингбоши Абдураҳмонбек ҳузурига бориб, уни Эрдона билан ярашишга кўндиради. Итбошнинг макрига учган Абдураҳмонбек Қўқонга келади. Аввалига шаҳзодани муносиб кутиб олиб, унга ҳурмат кўрсатган Эрдонабий кўп ўтмай яширинча ҳақиқий ворисни қатл эттиради. Абдураҳмонбекдан уч ўғил – Норбўтабий, Шоҳрухбий ва Ҳожибийлар қолишади. Норбўтабий таг зоти Шаҳри-сабз беклари қизи бўлмиш Ойжон ойимдан кўрилган фарзанд бўлиб, юқорида айтилганидек, Ойжон ойим-нинг аждодлари улуғ Темур зурриётларига тақалиши ҳам бор гап эди. Шоҳрухбий билан Ҳожибий эса Абдураҳмонбекнинг бошқа хотинидан туғилган ўғиллари эди.

Турмуш ўртоғининг ўлимидан сўнг, ўғли тақдиридан хавотирланган Ойжон ойим фарзандини олиб Шаҳрисабзга – қариндошлари ҳузурига кетиб юборади. Норбўтабий ўша ерда улғайиб камол топади. Милодий 1778 йилга келиб Эрдонабий оламдан ўтади. Бу бийдан сўнг беш нафар қиз қолиб, унинг ўғил фарзанди йўқ эди. Натижада Қўқон зодагонлари бийлар авлодидан бўлмиш Сулаймон исмли кишини шоша-пиша тахтга ўтқазишади. Аммо бу бечора бий бор-йўғи уч ойгина юрт сўрайди, холос. Қўқон шаҳри атрофидаги беҳиштмисол боғда ғуломлар ва канизалар ила айш-ишрат қилиб ётган Сулаймонбийни ярим тунда кимдир сўйиб кетади… Шу орада тарафдорлари Норбўтабийни зудлик билан Шаҳрисабздан келтириб, Қўқон ҳукмдори этиб тайинлайдилар. Албатта, бунда Норбўтабийнинг насл-насаби улуғлигига алоҳида эътибор қаратилади. Ўша пайтда Фарғонада яшаб турган Шоҳрухбий ва Ҳожибийларга эса тахт насб этмайди. Аммо ҳар икки аламзада бий буни кўнгилларига тугиб қўйишган эди…

Таҳсинга сазоворки, тарихчилар тан олганларидек, Норбўтабий ўгай укаларига бағрикенглик кўрсатди, меҳр-шафқат, саховатини аямади. Ҳар иккисига ҳам катта амалу унвонлар тақдим этди. Таъкидлаш лозимки, Норбўтабий даврида Қўқон мамлакати кенгайди, ҳарбий ва сиёсий, иқтисодий жиҳатданмустаҳкамланди.

Норбўтабий оламдан ўтгач, отаси ҳокимиятини олган Олимбий ҳукмронликни тахт пойини ўз қариндошлари қони билан бўяшдан бошлади. Унинг буйруғига мувофиқ амакилари Шоҳрухбий ва Ҳожибийлар қатл этилади. Афтидан бу бийлар хаёлида мамлакатга эгалик хусусида ножоиз мақсадлар борлиги ҳақида кимлардир ёш Олимбийни ишонтиришга муваффақ бўлган чоғи…

Ҳожибийдан уч фарзанд – Улуғбек, Шерали ва Бекболабеклар қолишади. Улуғбек билан Шер-али бир онадан бўлиб, уларнинг волидалари Чотқол қирғизларидан эди. Оталарини Олимбий ўлдиргач, қирғиз бека ўғиллари Улуғбек ва Шералини олиб Чотқолга, уруғдошлари ёнига кетади. Кунлардан бир куни эски, болохонали уйда дарс қилиб ўтирган Улуғбекни тўсатдан том босиб, ўспирин шаҳзода ҳалок бўлади… Албатта бу аввало қисмат, унинг сирлари эса ёлғиз Оллоҳга аён… Энди якка қолган Шер-али тақдиридан хавотирланган она ва қариндошлар шаҳзодани асраш мақсадида яна ҳам узоққа – ҳозирги Қозоғистон чегарасидаги Талас томонларга кўчиб кетишади. Шерали ана шу юртларда ўсиб-улғаяди,вояга етади. Ўша ерда у икки хотинга уйланади. Катта рўзғорбошига айланади.

Қўқон мамлакатининг энг олис ва хилват манзилларидан бири ҳисобланган бу ерлар Қуёнтўқай тоғлари деб юритиларди. Шералихон Қуёнтўқай тоғларининг раҳнамоси – Жонпўлатбий отлиғ катта сурувлар, отлар ва мол подалари эгаси бўлмиш қирғиз чорвадор мулкдорига қарашли овулларда ўсиб-улғаяди. Жонпўлатбий албатта Шералининг насл-насабидан яхши хабардор эди. У хонзоданинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйган ва айрим маълумотларга қараганда Шералини ўзига куёв қилиб олган. Шаҳзоданинг дастлабки рафиқаси Сўнаойим шу кишининг қизи бўлгани эҳтимол. Аммо хонзода бу аёл билан турмушининг илк йиллари фарзанд кўрмайди. Маълум вақт ўтиб, Шерали шу уруғнинг яна бир вакили – бой ва йирик чорвадор Тўхтаназарбий Дўноннинг қизи Ёрқинойимга уйланади. (Кейинчалик бу аёл манбаларда Ҳокимойим деб юритилган). Лекин иккинчи хотин ҳам анча муддат ҳомиладор бўлмайди. Қирғиз удумларига мувофиқ Шерали бегона гўдакни оилага фарзандликка олади. Асрандини Умур дея атайдилар. Дарҳақиқат, Умурнинг қадами қутлуғ келади ва кўп ўтмай Сўнаойим ҳомиладор бўлади. Шералининг тўнғич ўғли Маллабек милодий 1828 йилда туғилади. Шундан сўнг Сўнаойим Сўфибек исмли ўғил ҳамда Офтобхон ва Моҳлар-ойим исмли қизлар туғади. Ёрқинойим ҳам кейинчалик кундошидан ортда қолмайди. Маллабек дунёга келгач, кўп ўтмай у ҳам ўғил кўради. Тарихий манбаларда Абдураҳмонбек ёки Саримсоқбек номи билан қайд қилинган бу шаҳзодадан сўнг Худоёр таваллуд топади. Султонмуродбек ва Норчучук ойим Шер-али ва Ёрқинойларнинг кейинги фарзандларидир. Айрим тарихий асарларда Қўқон тахтидаги хонлар ва бошқа эътиборли аъёнлар Шерали ҳаётидан бохабар бўлишгани, совға-саломлар билан бу хон авлодини дам-бадам йўқлаб туришгани ҳикоя қилинади. Муҳаммадалихон ҳатто Шерали фарзандларини ўқитиш, тарбиялаш учун махсус домла юборгани хусусида ҳам маълумотлар учрайди. Аммо кейинчалик Шералининг тахтни эгаллаши арафасида унинг болалари саводини чиқариши учун шошилинч равишда муаллим қидирганлари ҳакида ҳам гувоҳликлар бор…

Шералининг бу икки хотини ўртасидаги муносабатлар ўта совуқ, рақибалар бир-бирларини еб қў-йишга тайёр бўлганлари маълум. Орадаги ёвлик шу даражага етганки, бу аёллар болаларини кундош хавфидан доимо ва жуда пухта асрашган. Айтайлик, давр тарихчиларининг гувоҳлик беришларича, Ёр-қинойим ҳатто овқат пишираётган маҳали ҳам Саримсоқбек ва Худоёрни икки ёнида ушлаб турар, кичиги Султонмуродни эса елкасига кўтариб, бойлаб олар экан! Шерали авлодлари тарихи битилган асарларда кўпроқ Ҳокимойим – Ёрқинойим тилга олинади. Ойимнинг ўғли Худоёр бошқа ака-укаларига нисбатан кўпроқ муддат тахтда ўтиргани боисдир бу ҳолат… Ҳар ҳолда Ҳокимойимнинг Худоёрга таъсир кучи катта бўлганлиги, ҳатто унинг давлат ишларига анча-мунча аралашгани бор гап. Ярим умри тоғларда, кўчманчилик шароитида ўтган Ҳокимойим улкан мамлакат маликаси бўлганидан сўнг ҳам дабдаба-асъасага кўникмайди. Кўчманчилик одатларини ташламайди. Масалан, Худоёрнинг ўрдасида ўнлаб ҳашаматли, ёзда салқин, қишда иссиқ хоналар борлигига қарамай, Ҳокимойим қишин-ёзин Ўрда ичидаги ялангликка тикилган ўтов ичида яшашни афзал кўрган!

* * *

Милодий 1842 йили Бухоро Амири Насрулло Қўқонга бостириб келиб шаҳарни ғарот қилади. Норбўтабий авлодлари – Қўқон хони Муҳаммад Алихон, унинг укаси Султон Маҳмудбек, Мадалихоннинг ўғли Мадаминбек ҳамда хоннинг онаси, шоира ва давлат арбоби Нодира – Моҳларбегимни қатл эттиради.

Бироқ амир Насруллонинг Қўқонни ўз мамлакати тасарруфига ўтказиши узоқ кечмайди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас босқинчиларнинг талончилик сиёсатидан беҳад норози бўлган Қўқон аҳли Бухоро амалдорларига қарши исён кўтариб, уларни Фарғонадан қувиб юборади. Насрулло Қўқонга ноиб этиб қолдирган Иброҳим хаёл исмли амалдор шаҳардан паранжига ўралиб қочишга мажбур бўлади. Аммо яна мустақилликни қўлга киритган Қўқон тахтига муносиб, таг-тугли даъвогар йўқ эди. Шунда Юсуф мингбоши деган киши эсига подшозода Ҳожибийнинг Таласда юрган ўғли Шерали тушади… Шерали ўша пайтларда эллик ёшга етган эди. Куч-қувватга тўла, ақл-заковати мукаммал одам эди. Қўқон хонлигини қабул қилиш ҳақидаги таклиф боргач, Шерали сира иккиланмай рози бўлади. Чунки бу Ҳожибий авлодларининг қарийб юз йиллик орзуси эди… Ҳа, шу тариқа абадий музликлар, мусаффо ҳаво, гўзал тоғ яйловлари, кўм-кўк арчазорлар, шифобахш булоқлар қўйнида ўсаётган Худоёр ҳам отаси билан Қўқонга қараб юради. Олдинда ўзини бетўхтов ва қонли урушлар, хилма-хил таҳликалар, тахт можаролари, бахт ва бахтсизлик, омад ва кулфат, ҳукмронликнинг юксак чўққиларию гадодек хорлик онлари, фитна-ғавғоларга тўла ўта мураккаб ҳаёт йўли кутиб турганини кийикдек эркин тоғ боласи – ёш шаҳзода қаерлардан ҳам билар эди дейсиз?..

Милодий 1842 йилнинг айни ёзида Шерали ўз атрофига минглаб қирғиз, қипчоқ ва ўзбеклардан қўшин йиғиб водийга, ҳозирги Қорасув шаҳри атроф-ларига келади. Кичик бу шаҳарча тепасидаги кўм-кўк ўт-ўланлар қалин ўсган, уфқларга чўзилган сайҳонликда ўнлаб қора уй-ўтовлар тикилади. Ўчоқлар ковланиб, юз кило гуруч дамланадиган катта дош-қозонларда ҳар куни палов пишириларди. Қисқа фурсатда Андижон, Наманган, Чуст, Тўрақўрғон, Марғилон, Шаҳрихон, қўйингки, водийнинг барча шаҳарлари ва йирик қишлоқлардан Шерали ҳузурига эътиборли беклар ва саркардалар, бийлар ва уруғлар раҳнамолари, ҳоким ва оқсоқоллар етиб келишди. Уларнинг ҳар бири камида йигирма-ўттиз нафар жангчи сарбоз билан бирга эдилар. Лашкарнинг озиқ-овқатини катта бой ва амалдор, бадавлат кишилар таъминлашарди. Сайҳонликда ҳар куни жанг тайёргарлиги, шовқин-сурон ҳукмрон… бир ярим қулоч узунликдаги жазоил, пилта милтиқлар мойланади, отиб кўрилади. Темирчилар янги қуроллар ясаш, эски қилич ва ханжарларни қайраш, ўткирлаш билан овора…

Баъзи тарихий маълумотларга кўра, ёш шаҳзодаларни саводини чиқариш масаласи юзага келади ва аъёнлар зудлик билан Нанай қишлоғидан муллаТошбой исмли машҳур мактабдор домлани олиб келишади. Мазкур домла Худоёр ва Сўфибекка алифбодан сабоқ бера бошлайди. Кўп ўтмай Худоёр “алиф, бе, те, се” дан ҳижжалашга тушди. МуллаТошбой дарҳақиқат билимли, бола онгига сабоқни тез ва пухта сингдиришга қобил домла эди. Рус олими В. Наливкин рафиқаси билан ХIХ аср охирларида икки йил ҳозирги Наманган вилоятининг Нанай қиш-лоғида яшаган. Эр-хотин ўзбек халқи маиший турмуши, урф-одатларини ўрганиш бўйича маълумотлар тўплашган. Ана шу йиллари у мулла Тошбойни кўриб суҳбатлашган, хоннинг болалиги ҳақида айрим маълумотларни ушбу домладан олган кўринади. Чунки, В. Наливкин ўзининг “Краткая история Какандского ханство” асарида “мулла Тошбой 1886 йиллари ҳам ҳаёт эди” дея бежиз кўрсатиб ўтмаган.

Ниҳоят мамлакат пойтахтига юриш учун барча шароитлар тайёр бўлгач, Шералини хон қилиб кўрсатиш маросими бўлиб ўтади. Ҳозирги Наманган вилояти ҳудудига чегарадош Сафед Булон мавзейида Шералини оқ кигизга ўтказиб, Қўқон мамлакати хони дея эълон қилишади. Шу ўринда бир ҳодисани эслаб қўйиш жоиз. Машҳур қирғиз адиби Т. Қосим-алиевнинг “Синган қилич” романи ўзбек тилида ҳам нашр этилган. Ушбу романда Шералининг хон этиб кўтарилиши маросимида қурбонликка одам – бақувват бир йигит сўйилганлиги хусусида лавҳа мавжуд. Аммо ишончли тарихий манбаларда биз бу воқеа хусусида бирон далил-исбот топа олмадик. Зеро, манбаларда маросим пайтида хон ўтқазилган оқ кигиз пойига бир оқ туя ва бир оқ от сўйилгани айтилади, холос. Одам қурбон қилиш эпизоди роман муаллифи фантазияси маҳсули бўлса керак.

Кўп ўтмай Шералихон катта тантана билан пойтахтга кириб келади. Ва “Жаҳонаро” саройидагитахтга ўтиради. Шуни таъкидлаш керакки, Қўқондаги ҳозирги Ўрда ўрнида Саййид Муҳаммад Умархон қурдирган “Заррин сарой” дея номланган хонлар қароргоҳи савлат тўкиб турган. Аммо 1842 йилги Қўқон – Бухоро урушида бу Ўрда батамом вайрон этилган. Натижада “Жаҳонаро” саройи хон қароргоҳи этиб белгиланган.

Бу орада Қўқоннинг яна қўлдан чиққани хабарини эшитиб ғазаб отига минган Насрулло катта қўшин билан Фарғона сарҳадлари сари қайта юриш бошлайди. Шерали ҳам ўз навбатида мамлакат мудофаасига пухта ҳозирлик кўради. Айрим тарихчиларнинг маълумотларига кўра ўша маҳалгача ҳам Қўқон шаҳри атрофи ҳар тарафлама мукаммал мудофаа девори билан тўлиқ ўралмаган экан. Тўғри, Абдулкаримбий даврида шаҳарни қалин ва мустаҳкам девор билан ўрашга киришилганди. Бироқ шу орада Қўқонга қалмоқ қабилалари ҳужум қилишган ҳамда девор қурилиши тўхтаган эди. Қалмоқлар ҳатто мавжуд деворларни ҳам ер билан битта қилишган. Шуниси ажаб-ланарлики, бу воқеадан сўнг ҳам бу соҳага бирорта хон эътибор қаратмади. Қўқон ҳукмдорлари орасида энг узоқ вақт ҳукм сурган пишиқ-пухта, иқтидорли саркарда Норбўтабий ҳам, унинг издошлари – Қўқон хонлиги чегараларини олис шимолга кенгайтирган Олимхон ҳам, маърифатпарвар Умархон ҳам, унинг ўғли шаҳид Муҳаммад Алихон даврларида ҳам шаҳарни мудофаа деворлари билан ўраб олишга киришмадилар. Бухоро қўшини ҳужуми маҳали айнан девор йўқлиги боис шаҳарнинг тез забт этилиши янги ҳукмдор ва унинг аъёнлари кўзини очди. Жаҳонгирмирзо, Юсуфмингбоши, Отабек ноиб каби кўпни кўрган тажрибали аъёнлар маслаҳати билан халққа бегор, яъни ҳашар эълон қилинди. Бегорда мавжуд муҳитнинг етти ёшдан етмиш ёшгача барча яроқли кишилари ва ҳатто аёллар ҳам қатнашуви шарт эди. Бегор иштирокчиларига ҳақ тўланмас, лекин озиқ-овқатларини ҳукумат кўтарарди. Кечагина Насрулло ҳужумини бошидан кечирган, унинг даҳшатли оқибатларини кўрган Қўқон аҳли ўзини аямасдан девор қуришга жон-жаҳди билан киришди. Таъкидлаш керакки, қалъа девори қурилиши ниҳоятда шиддат ва қаттиққўллик билан олиб борилди. Халқнинг бу ишга қанчалик қаттиқ киришганлиги шундайки, тарихчилар ҳомиладор бир аёлнинг деворга лой узатаётиб, туғиб юборганлигини ҳикоя қиладилар. Умумий узунлиги ҳозирги мезонларда деярли ўн саккиз чақирим бўлган баланд ва эни кенг девор жуда қисқа фурсатларда қуриб битказилди.

Шералихон шаҳарнинг марказий қисмини ўраб олиш билан чекланмади. Бўлгуси девор шаҳар аҳолиси сонининг ўсиб боришини кўзлаб барпо этилиши, унда шунингдек, агар душман шаҳарни узоқ муддат қамал қилгудек бўлса, шаҳар аҳли озиқ-овқатни таъминлаш учун экин ерлари қолдириш ва ҳатто чорва моллари учун… яйловлар ўрнини белгилаш ҳам назардан қочмаган эди! Янги девор бўйлаб шаҳарнинг ўн иккита дарвозаси қурилиши, Чорсудан барча дарвозаларга олиб борадиган йўллар барпо этилиши, аҳоли уй-жойлари эса ана шу йўллар ёқаларида қад ростлаши лозим эди. Ўша давр мезонлари ва ажратилган фурсат юзасидан бу жуда улкан қурилиш ҳисобланарди. Шу боис ҳам кейинчалик Қўқон шаҳри нафақат ҳашаматли мадраса-мачитлари, балки кенг кўламли янги боғ-роғ, экинзорларга бой далалари билан ҳам шуҳрат топган эди.

* * *

Қўқонни қамал қилган Насрулло қанча пишқириб, юзлаб одам қурбон бериб уринмасин уни ололмади. Аксинча, Шералихон Насруллога қақшатқич зарба беради. Ўша давр манбаларининг хабарига кўра, шаҳар ташқарисидаги жанглар маҳали Шер-алининг ўзи майдонда от суриб душманга шердек ҳамла қилади. Хоннинг шахсий жасоратидан руҳланган йигитлар Бухоро аскарларига ташланиб, уларни тум-тарақай қилиб юборишади. Айтишларича, Насрулло сарбозлари Бешариққача тўхтамай қочиб борганлар. Халқ янги хоннинг шижоатига тан беради. “Хонимиз ўз номига муносиб, асл шер экан” деган овоза Фарғона водийсининг шаҳар-қишлоқлари, дашту далалари бўйлаб таралади. Ёв мамлакат ҳудудидан қувиб чиқарилгач, энди Қўқондаги хон ўрдасида Шералининг шоҳона ҳаёти бошланди. Аммо юртга душман бостириб кирганда шердек мард, қўрқмас Шерали, тинч шароитда мамлакатни идора қилишга лаёқатсиз бўлиб чиқди. Зеро, бутун онгли ҳаёти, ёшлигини мусаффо тоғ яйловларида, содда, мард, муғамбирлик нималигини билмайдиган одамлар орасида ўтказган Шералихон пойтахтдаги фитна-ғавғолар, турли алдов, макр-ҳийлалар билан тўла ҳаётни тушунмасди. Дала-даштлар, жанг майдонида ўзини эркин сезган бу одам сарой ҳушомадгўйларининг ҳамду санолари, хон сифатида шахсига тегишли ҳуқуқ ва афзалликлардан ўзини йўқотди. Бунинг устига ўрданинг иш кўрган, ғаразгўй, туллак мулозимлари орасида содда хонни айшу ишратга, ичкилик базмларига ундовчилар кўп эди. Бундай нафс бандалари хонга ёқиш учун ҳарамни янги-янги, бири-биридан соҳибжамол канизаклар билан тўлдиришга тушдилар. Бетиним айшу ишрат асл тоғ йигитини тезда бузди. Янги хон теварагида теран фикрли, доно ва жасур кишилардан кўра хонга ёқиш йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган ғаламислар кўпая бошлади. Шералихоннинг яна бир заиф жойи унинг ўта кўнгилчанлиги эди. Янги хон жиноятчи ва сотқинларни қаттиқ жазолаш керак бўлса-да, ўлимга ҳукм этиб юбораверишга ботинмасди. Масалан, асл раҳмдил бу одам Қўқон–Бухоро урушида Амир Насруллога сотилиб, юртга хиёнат қилган Машариф оталиқ ва Абдулла Али қўлга тушганда, уларни зиндонга солиш билан кифояланади. Ҳолбуки, асли Шералини хон қилган Юсуф мингбоши “Сотқинлар қатл этилиши даркор, чунки бу қолганларга сабоқ. Иккинчидан бу хиёнаткорлар эртага зиндондан қочиб, янги фитна, уруш бошламаслигига яна ким кафолат беради?!” дея қаттиқ турса-да, хон бу маслаҳатга кирмади. Кўп ўтмай Олимхоннинг тирик қолган ўғли Оталиқхон исён кўтаради. Шералихон бу тахтталаб шаҳзоданинг исёнини бостириб, ўзини асир олади-ю, бироқ амакиваччасини ўлдирмайди. Ҳолбуки, ўша давр муҳитида қаттиққўл бўлмаган подшо аъёнлар назарида бўш-баёв ҳисобланарди. Бундай хонни беку бийлар чин дилдан ҳурмат қилишмас эдилар. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Орадан бир йил ҳам ўтмай Қўқон корчалонлари суҳбатларида беклар орасида “хон бўш экан,” “шер эмас, атала-ку бу!” “Шер-али – шавла,” “Шерали пўстак” каби ҳақоратомуз беписанд иборалар ишлатила бошланди.

Куни кеча ўнлаб амалдору уламоларни қатл этиб юборган шафқатсиз, телба-тезик Мадалихон устидан амир Насруллога шикоят қилиб борган кишилар бугун юмшоқ табиатли хонни ёқтирмай қолишди. Лекин бу ёқтирмасликнинг сиёсий сабаблари ҳам мавжуд эди. Чунки тахтда юмшоқкўнгил, иродаси бўш одам ўтирса, мамлакатда парокандалик, ўзбошимчалик авж олиши, мулк талашиб бир бутун юртни парчалашга уринадиган кишиларнинг пайдо бўлишини тарих неча бор кўрсатган. Мамлакатни парчалашга тайёр бекларга сероб Қўқон эса ҳақиқатан ҳам қаттиққўл, тадбиркор, сиёсатчи ҳукмдорга муҳтож эди. Шералихон ўрдаси атрофида исён ва фитна биқсий бошлади. Бироқ умри пурвиқор тоғлар қўйнида ўтиб, томдан тушгандай бирдан айшу ишрат, базмлар ўртасида пайдо бўлган Шерали бу ҳолга бепарво эди. Куну тунларини ўйин-кулги, базм ва ишрат оғушида ўтказиш хонга одат бўлиб қолди. Ҳолбуки, унинг боши узра қора булутлар аллақачон қуюқлашганди. Бир неча тахтталаблар бурчак-бурчакларда, тоғлар оралиқларида Қўқон тахтини эгаллаш мақсадида жиддий ҳаракатларини бошлаб юборишди. Бунинг устига Қўқон ўрдасида ўзбек ва қирғиз бекларнинг мавқеи ошиб кетганлигидан норози бўлган қипчоқлар ҳам қўзғалиб қолишди. Қипчоқлар сардори Мусулмонқул чўлоқ исён оловини ёқишга тушди. Мусулмонқул аслида қипчоқларнинг қулон уруғи вакили бўлиб, унинг қайнотаси Ирисқулбий Қўқон мамлакатидаги анча кўзга кўринган шахс эди. Мусулмонқул ўзига қарашли сарбозлар дастаси билан қайнотаси ҳомийлигида Муҳаммадалихон хизматида бўлган. Амир Насрулло бу ақлли ва жасур саркардани Қўқон уруши тугагач, юртнинг юқори мартабали амалдорлари қатори Бухорога олиб кетиши бежиз эмас. Аммо Шерали Амир Насруллога қарши дадил бош кўтаргач, ўз дастаси билан янги хон тарафига ўтган Мусулмонқул Насруллони енгишга ҳисса қўшган. Қўқон ҳимоясида унинг аскарлар дастаси бухороликларга қарши самарали жанглар ўтказгани маълум. Шералихоннинг тахтга кўтарилишида ҳақиқий ҳомийлик кўрсатган Юсуф мингбошининг Шоди шум ғаламислиги, фитнаси туфайли қатл этилганлиги Мусулмонқулнинг хонга қарши қўзғалишига туртки бўлган. Ҳолбуки, Юсуф мингбоши асл қирғиз бўлиб, Шералихонга садоқати кучли эди.

Мусулмонқул ва яна бир эътиборли саркарда Каримқул хонга қарши очиқдан-очиқ бош кўтариб чиқдилар. Қўзғолончилар Тўрақўрғон шаҳри ва атроф қишлоқларни эгаллаб олдилар. Уларнинг исёндаги бош шиори хоннинг энг яқин кишисига айланган, аслида Ўрдани бошқариб турган Шоди Шум ва бир қанча аъёнларнинг истеъфога чиқишини талаб қилиш эди.

* * *

1845 йили саратон ойида Шералихон 16 ёшли ўғли Худоёрбекни илк марта саркарда сифатида жангга юборди. Худоёрбек номига қўшин бошлиғи ҳисобланса-да, аслида лашкарга Шоди шум раҳбарлик қиларди. Ўспирин Худоёр ўша даврда Наманган шаҳри ҳокими вазифасини ўтар, қўл остидаги вилоятни бошқаришда ёш шаҳзодага обрўли дин арбоби Азизхўжа эшон кўмак берар ҳамда унга устозлик қиларди. Азизхўжа эшон аслида аҳли шеърият вакилларидан бўлиб, ғазаллар ва рубоийлар битар, айни пайтда шогирди Худоёрга ҳазрат Навоий, Фузулий китобларини ўқитар, буюк форс шоирлари ижоди билан таништирарди.15–20 ёшларида Худоёр кўнг-лида ҳам шеъриятга муҳаббат уйғонганди. Ҳатто у қўлига қалам олиб, гўзал сатрлар битишга уринарди.

Худоёрнинг яқинларидан яна бири машҳур шоир Муҳий эди. Асли исми Ҳожимуҳиддин бўлган бу шоир таги ҳиротлик, тақдир тақозоси ила Бухоро мадрасаларида ўқиб, сўнгра Қўқон хонлиги ҳудудига келиб қолган эди. Худоёрхон кейинчалик катта ўғли Насриддиннинг тарбиясини бежиз шу киши қўлига топширмаган. Зеро, у кўп шоирлар каби базм, кайф-сафога ружу қўйган эмас, аксинча ўзини буткул шеърият, диний билимларга бағишлаган. У умрини аҳли аёлсиз, бола-чақасиз, ўта фақир тарзда кечирган, ҳалол бир инсон эди.

Ўша пайтлари ҳозирги Чуст шаҳри ва Тўрақўрғон орасида кенг дашт бор эди. Сирдарёнинг чап қирғоғидаги бу дашт ерларда одатда баҳор ойлари лолақизғалдоқ, шувоқ ва шўралар кўпаярди. Саратонда эса бу даштлар жазирама қуёш тиғида яйдоқ ва қайноқ тош-шағалли сувсиз дашт маконга айланарди. Илк бора саркарда сифатида жангга кираётган ёш шаҳзоданинг юраги фахр-ғурурга тўла. У тагидаги учқур қорабайирни гижинглатиб, гоҳ лашкар илғори томон чопарди, гоҳ Шоди шум ёнига шошарди. Сувсиз даштдаги от дупури чўчитган юмронқозиқ, товушқонлар бир зум инларидан бош чиқариб Худоёрга қарашарди. Сўнг яна қаёққадир ғойиб бўлишарди.

Тошкентлик қози Сатторхон Абдулғаффоровнинг 1800 йиллар охирларида рус тилида эълон қилинган “Қўқон хонлигининг руслар томонидан босиб олиниши арафасидаги ички аҳволи хусусида қисқача очерклар” китобида Туркистон хонлари жанг таомиллари анча батафсил тасвирланади. Уларда айтилишича, ўша даврдаги жанг таомилларига кўра душман устига қўққисдан бостириб бориш, разведка уюштириш каби ҳарбий усталиклар қўлланилмасди. Бостириб келаётган қўшин ҳам, муҳофазадаги қўшин ҳам бир-бирининг аскарлари сони-ю, уруш муддатигача аниқ билар, ҳатто жанг майдонлари олдиндан белгилаб қўйиларди. Шаҳарлар ва қишлоқлардаги тинч аҳолига зиён-заҳмат етказмаслик учун қўшинлар бундай жойларга киритилмас, жанг учун эса уйжой, экин-тикиндан холи бўм-бўш майдонлар танланарди.


Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги
(всего 10 форматов)