
Полная версия:
Чернобиль таваллоси
─ Биз билан мушуклар ҳам қайтиб келди. Итлар ҳам. Ватанларига… биргаликда қайтишди. Аскарлар бизни киритишмади. “ОМОН”чилар. Биз оқшом қайтдик… Ўрмондаги партизан сўқмоқлари орқали…
─ Бизга давлатдан ҳеч нарса керак эмас. Ҳаммасини ўзимиз етиштирамиз. Фақат бизга тегмасанглар бўлди! Дўкон ҳам керакмас, автобус ҳам. Нон ва туз учун йигирма километрга пиёда борамиз… Ўзига хон, кўланкаси майдонмиз…
─ Бир тўда бўлиб қайтдик. Учта оила… Бу ерда эса уйимиздан ҳамма нарсани ўмариб кетишган экан: ўчоқларни бузишган, деразаларни, эшикларни қўпориб кетишган. Пол тахтасини ҳам. Чироқлар, чироқ ўчиргичларни ҳам – ҳаммасини ечиб олишган. Ҳеч нарса омон қолмаган. Ҳаммасини мана шу қўлларим билан яна тикладим, шу қўлларим билан. Бошқача бўлармиди!
─ Ёввойи ғозлар ғағиллаяпти – баҳор келди.
Экин экиш палласи. Биз эса бўм-бўш уйлардамиз… Фақат томлар бутун…
─ Милиция бақирарди. Машиналарда келишади, биз ўрмонга қочамиз. Немислардан қочгандек. Бир марта прокурор билан ҳамла қилишди, у эса суд қиламан деб пўписа қилди. “Майли, мени қаманглар, ўтираман ва чиққандан кейин яна шу ерга келаман!” дедим. Уларнинг иши – бақириш, бизнинг ишимиз – жим туриш. Мен илғор комбайнчи сифатида орден олганман, у эса менга ўдағайлайди – ўнинчи модда билан қамаласан… Жиноятчи дея…
─ Тушимга ҳар куни уйим кирарди. Қайтиб келдим: томорқамни ковлайман, гоҳида тўшакларимни йиғиштираман… Ва доим ниманидир топиб оламан: гоҳ туфли, гоҳида жўжалар чиқиб қолади… Ҳаммаси яхшиликка, шодликка. Қайтганимиз учун…
─ Кечаси худога ёлворамиз, кундузи – милиционерларга. Сиз мендан: “Нима учун йиғлаяпсан?”, – деб сўранг. Нега йиғлаётганимни билмайман. Ўз ҳовлимда яшаётганимдан хурсандман.
─ Ҳаммасини бошдан ўтказдик, чидадик…
─ Мен сизга латифа айтиб бераман… Ҳукуматнинг чернобилчиларга имтиёзлар бериш ҳақида фармони… Станциядан йигирма километр узоқликда яшайдиганларнинг исми шарифига “фон” қўшимчаси қўшилсин. Станциядан ўн километр узоқликда яшовчиларга “жаноби нурли” насаби берилсин. Станция атрофида яшаб қолганлар “жаноби чароғон” бўладилар. Мана шундай яшаяпмиз, нурланган жаноблар… Ха-ха…
─ Мен шифокорга бордим: “Жонгинам, оёқларим юролмаяпти. Бўғинларим сирқирайди”, десам, “Сигирингизни топширишингиз керак, хола. Унинг сути заҳарли”, дейди. “Вой, йўқ, – йиғлайман, – оёғим оғрийди, тиззам сирқирайди, лекин сигиримни бермайман. У менинг боқувчим-ку.”
─ Менинг еттита фарзандим бор. Ҳаммаси шаҳарда яшайди. Бу ерда бир ўзимман. Соғинаман, уларнинг суратларига қараб ўтираман… Суратлари билан гаплашаман… Ҳамма юмушни ўзим қиламан. Уйни ўзим бўядим, олтита идишда бўёқ кетди. Мана шундай яшаяпман. Тўрт ўғил ва уч қизни катта қилдим. Эрим эрта ўлиб кетган. Болаларимни бир ўзим вояга етказдим.
─ Мен бўри билан шундай юзма-юз келиб қолдим: иккимиз ҳам бир-биримизга қараб турибмиз. Кейин у бошқа томонга қараб сакради… Югуриб кетди… Қўрққанимдан сочим тикка бўлиб, телпагимни кўтариб тургандек эди.
─ Ҳар қандай ҳайвон инсондан қўрқади. Сен ҳайвонга тегмасанг, у ҳам сени четлаб ўтади. Авваллари ўрмонда бошқа овозни эшитсак, одамлар бор томонга қочардик, энди эса одам одамдан яшириняпти. Ўрмонда одамни учратиб қолишдан Ўзи асрасин!
─ Библияда ёзиб қўйилган гапларнинг ҳаммаси воқеликка айланяпти. У ерда бизнинг колхозни ҳам ёзишган… Горбачёв ҳақида ҳам ёзилган… Пешонасида тамғаси бор раҳбар келади ва буюк салтанат қулайди, деб ёзилган. Кейин қиёмат куни келади… Шаҳарларда ҳамма ўлади, ёлғиз қишлоқларда одам қолади. Инсон инсоннинг изини кўрганидан суюнади! Инсонга эмас, унинг изига зор бўлади…
─ Бизнинг чироғимиз – фонус. Керосин чироғи.
Ҳм-м… Кампирлар сизга айтиб бергандир. Тўнғизни ўлдирсак, ертўлага олиб тушамиз ёки ерга кўмамиз. Гўшт ер остида уч кун ётади. Қўлбола ароғимиз ўзимизнинг маҳсулотдан чиқади. Мураббодан олинади.
─ Икки қоп тузим бор… Давлатсиз ҳам йўқ бўлиб кетмаймиз! Ўтин мўл – атрофимиз ўрмон. Уйимиз иссиқ. Чироқ ёнади. Яхши! Эчким, улоғим бор, учта чўчқа, ўн тўртта товуқ боқаман. Ер етарли, емиш мўл. Қудуқда сув бор. Эркинлик! Бизда жуда яхши! Бизда энди колхоз эмас, бу – коммуна. Коммунизм! Агар яна битта от сотиб олсак эди. Кейин бизга ҳеч ким керак эмас. Битта отимиз бўлса…
─ Битта мухбир келиб ҳайрон бўлганидек, биз уйга қайтмадик, балки юз йил орқага қайтдик. Ўроқ билан ўрамиз, чалғи билан кесамиз. Донни тўқмоқ билан асфальтнинг ўзида янчамиз. Чолим саватча тўқийди. Мен қиши билан жундан кийим тўқийман. Тикаман.
─ Урушда қариндош-уруғларимдан ўн етти киши ўлди. Иккита акамни ўлдиришди… Онам йиғлагани-йиғлаган. Бир кампир қишлоқларни айланиб тиланчилик қилиб юрарди. “Ғамга ботдингми? – деди онамга. – Қайғурма. Биров учун жонини берган одам жаннати одамдир.” Мен ҳам Ватан учун ҳамма нарсага тайёрман… Фақат одам ўлдира олмайман… Мен – муаллимаман, одамларни севинг, ардоқланг деб ўргатганман. Эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қилади, деганман. Болалар – мурғак гўдакларнинг қалби тоза…
─ Чернобиль… Урушлардан ҳам оғир уруш. Инсон ундан қутула олмайди: на ерда, на сувда, на кўкда.
─ Радиони дарҳол ўчиришди. Ҳеч қандай янгиликдан хабаримиз йўқ, лекин қулоғимиз тинч яшаймиз. Кайфиятимиз бузилмайди. Келган одамлар айтиб беришади: ҳамма ёқда уруш эмиш. Социализм тугаганмиш, капитализмда яшарканмиз. Шоҳ қайтиб келаркан. Шу ростми?!
─ Ўрмондан келиб, гоҳ тўнғиз, гоҳ буғу боғимизга оралайди… Одамлар камдан-кам келади. Фақат милиционерлар…
─ Менинг уйимга ҳам киринг.
─ Меникига ҳам. Уйимга биров кирмаганига, эҳ-ҳе, қанча замон бўлди.
─ Чўқинаман, ибодат қиламан… Худойим! Милиция икки марта печкамни бузиб ташлади… Тракторга ортиб кетишди… Мен эса қайтиб келдим! Агар рухсат берганларида одамлар эмаклаб бўлса-да, уйга қайтарди. Бизнинг дардимизни дунёга сочишди. Фақат ўлганларга қайтишга рухсат беришади. Олиб келиб, кўмишади. Тириклар эса тунда қайтади. Ўрмон оралаб…
─ Радоница9 пайти ҳамма бу ёққа ўзини уради.
Ҳамма. Ҳар ким ўзиникиларни хотирлашни истайди. Милиция рўйхат билан киритади, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга мумкин эмас. Келиб, бир зум ўзи нинг уйи ёнида турганига ҳам хурсанд… Боғидаги олма дарахтининг ёнида… Аввал қабристонда йиғлашади, кейин ҳовлиларига тарқалишади. У ерда ҳам илтижо қилишади ва юм-юм йиғлашади. Арвоҳлар хотирасига шам ёқишади. Қабр панжарасига суянгандек, уйларининг деворига суянишади. Уйларининг ёнига гулчамбар осиб қўйганлари ҳам бор. Кўча эшигига тўқилган сочиқ илиб қўйганлар ҳам бор… Руҳоний отахон дуо қилади: “Ака-укалар ва опа-сингиллар! Сабрли бўлинглар!”
─ Қабристонга тухум, ёпилган нон олиб келишади… Кўплари ноннинг ўрнига қуймоқ олиб келади. Ҳар ким топганини келтиради… Кейин қариндошининг қабри олдида ўтиради. “Опажон, сени кўргани келдик. Чиқ, бирга тушлик қиламиз”, деб чақиради. Ёки: “Онажонимиз… Отажонимиз… Холажонимиз…” Самодан руҳларни чорлашади… Яқинларидан кимдир шу йил ўлган бўлса, келганлар йиғлайди, кимидир олдинроқ ўлганлар йиғламайди. Гаплашишади, хотирлашади. Ҳамма ибодат қилади. Билмаганлар ҳам ибодат қилаверади.
– Ўлганлар учун кечаси йиғлаш мумкин эмас. Қуёш ботганидан кейин йиғини тўхтатиш керак. Худойим, уларнинг руҳини тинчлантир. Жойлари жаннатда бўлсин!
─ Йўрғаламаган йиғлайди, дейдилар… Хохол аёл бозорда чиройли, катта-катта олма сотяпти. У харидор чақиради: “Олма олинглар! Катта-катта, Чернобилники!” Кимдир унга: “Ундай дема, холажон, Чернобилники дема. Заҳарланган деб олишмайди”, дея маслаҳат беради. “Унақа деманг! Олишяпти! – дейди аёл. – Кимдир қайнанасига оляпти, кимдир – бошлиғига!”
─ Биттаси қамоқхонадан афв этилиб, чиқиб келди. Ҳеч кими йўқ. Қўшни қишлоқда яшарди. Онаси ўлган, уйларини кўмиб ташлашган. Бизникига келди. “Холажон, бир парча нон ва пўстдумба беринглар. Ўтинларингни ёриб бераман”, деди. Тиланчилик қилиб юради.
─ Мамлакатда тартибсизлик – одамлар шу ёққа қочиб келяпти. Одамлардан қочиб келишмоқда. Қонундан қочишяпти. Бир ўзлари яшашади. Бегона одамлар… Баджаҳл, кўзида хайрихоҳлик йўқ. Ичиб олади, ўт қўйиб юборади. Кечаси ўринжойимиз остида болталар, паншахалар билан ётамиз. Ошхона эшиги олдида – болға.
─ Баҳорда қутурган тулки чопқиллаб юрарди, тулкининг қутургани жуда ёқимтой бўлади. Фақат сувга қарай олмайди. Ҳовлига бир челак сув қўй – қўрқмасанг ҳам бўлади! Кетади.
─ Келишади… Биз ҳақимизда фильм олишади, лекин уларни ҳеч қачон кўрмаймиз. Бизда телевизор ҳам, электр ҳам йўқ. Фақат деразадан қараймиз. Ва, албатта, тавалло қиламиз. Аввал Худонинг ўрнига коммунистлар бор эди, энди фақат Худо қолди.
─ Биз – хизмат қилиб қўйган одамлармиз. Мен партизанман, бир йил партизанликда бўлганман. Бизникилар немисларни улоқтирганда, жанггоҳга тушдим. Рейхстагга ўз фамилиямни ёзганман: Артюшенко. Ҳарбий кийимни ечдим-у, коммунизм қуришга тушиб кетдим. Қани ўша коммунизм?
─ Шу ерда, бизда коммунизм. Яшаяпмиз – биродарлар, ака-сингиллар.
─ Уруш бошлангандаёқ, ўша йили ўрмонда на қўзиқорин, на мева бўлди. Ишонасизми? Замин фалокатни сезгандай эди… Қирқ биринчи йил… Вой, эсимда! Мен урушни унутмадим. Бизнинг асирларни олиб келишибди, ким ўзининг эрини таниса, олиб кетиши мумкин, деган миш-миш тарқалди. Хотинлар дарров қўзғалиб, етиб боришди! Кечқурун кимдир ўзиникини, кимдир қутқариш учун бегонани олиб келди. Битта аблаҳ ҳам топилди… Биттаси бор эди, ҳамма қатори, оилали, иккита боласи билан яшарди. Комендатурага бориб, бизникилар украиналикларни ҳам олиб кетганини айтибди. Васько, Сашко… Эртасига немислар мотоциклларда етиб келишди… Илтижо қилдик, тиз чўкдик… Улар эса йигитларни қишлоқдан олиб чиқишди ва автоматда отиб ташлашди. Тўққизта одам. Ёш-ёш ўктам йигитлар! Васько, Сашко…
─ Фақат уруш бўлмасин. Урушдан жуда қўрқаман!
─ Бошлиқлар келади, бақиради-чақиради, биз кар ва гунгмиз. Ҳаммасини кўрдик, чидадик…
─ Мен ҳам ўз ҳикоямни айтай… Ўзимникилар ҳақида ўйлайман, ўйлайвераман… Қабр устида… Кимдир овоз чиқариб, жарангдор гапиради, кимдир сассизгина ўтиради. Бошқалар гоҳида: “Сариқ саҳро, очил, сариқ қум. Очила қол, қаро тун”, дейди. Ўрмондан кутиш мумкин, аммо қумдан биров чиқиб келмайди. Мен эса ёлвораман: “Иван… Иван, энди қандай яшай?” У эса менга жавоб бермайди, яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам айтмайди.
─ Мен эса… Мен ҳеч кимдан қўрқмайман: на ўликдан, на ҳайвонлардан, ҳеч кимдан. Шаҳардан ўғлим келади ва: “Нега ўзинг ўтирибсан? Биров бўғиб, ўлдириб кетмасин!” деб койийди. Мени ўлдириб, нимамни олади? Фақат бошим тагидаги ёстиғим бор, холос… Одмигина уйда бор матоҳим – ёстиқлар. Агар босқинчи кирса, у ахир деразадан бошини тиқади, мен болта билан кесиб отаман. Ўзимизнинг усулда, секеркачасига…10 Эҳтимол, Худо йўқдир, бироқ у ерда, юксакликда бошқа кимдир бор… Ва мен яшаяпман.
─ Қишда бир чол ҳовлига сўйилган бузоқни осиб қўйганди. Чет элликларни олиб келиб қолишди. “Бобой, нима қилдинг, бу шафқатсизлик нечун?” деб сўрашса, у: “Э, ҳа-а, радиацияни ҳайдаяпман!” дермиш.
─ Бўлган воқеа… Одамлар сўзлаб беришганди… Эр ўлган хотинини кўмган, қўлида кичкина болачаси қолганди. Эркак ёлғиз… Аламидан ичиб оларди… Боласининг ҳўл бўлган кийимларини ечиб, ёстиқ остига қўярди. Хотини эса – балки ўзидир, балки унинг арвоҳи – кечаси келиб, кирларни ювиб, қуритиб, бир ерга тахлаб қўяркан. Бир марта у хотинини кўриб қолибди… Чақирган экан, эриб кетибди… Ҳавога айланибди… Кейин қўшнилар унга маслаҳат беришган, сояси пайдо бўлган заҳоти эшикни қулфлаб ол, эҳтимол, шунда қоча олмас деб. Хотин эса келмай қўйибди. У ерда нима бўлган? Келган ким эди?
Ишонмаяпсизми? Унда айтинг, эртакларимиз қаердан пайдо бўлган? Ахир улар қачондир ҳақиқат бўлгандир? Эҳ, сиз, саводлилар…
─ Чернобиль нимадан вайрон бўлди? Бировлар айтади – олимлар айбдор. Худонинг соқолидан тортиб кўришади, у эса қиқирлаб кулади. Бизга эса сабр қилишни буюришади!..
Биз ҳеч қачон яхши яшамаганмиз. Тинч яшамаганмиз. Урушдан олдин ҳам одамларни олиб кетишарди… Гумдон қилувчилар бўларди… Бизда учта эркакни… қора машиналарда келиб, даланинг ўзидан олиб кетишди ва улар ҳалигача қайтишмади. Ҳаммамиз қўрқиб яшардик.
─ Мен йиғлашни ёмон кўраман… Янги латифаларни эшитишни яхши кўраман… Чернобиль худудида тамаки ўстиришибди. Фабрикада бу тамакидан сигарет тайёрлашибди. Ҳар бир қутисида ёзув бор эмиш: “Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бор огоҳлантиради – чекиш соғлиққа зарар”. Ха-ха-ха… Чолларимиз эса чеккани-чеккан…
─ Битта, фақат битта сигирим бор. Агар уруш бўлмаса, уни ҳам топшириб юборардим. Урушдан қўрқаман!
─ Какку куккулайди, зағизғон шақиллайди. Буғулар юрибди. Улар кейин ҳам бўладими, йўқми, ҳеч ким бир нарса демаяпти. Эрталаб боққа кирсам – тўнғизлар ҳамма ёқни ковлаб ташлабди. Ёввойилар. Одамларни кўчириб кетиш мумкин, буғу ва тўнғиз кўчиб кетмайди. Сув ҳам чегарани билмайди, ердан йўл топиб оқаверади, ер тагида ҳам оқади…
Уй инсонсиз бўлмайди. Ҳайвонга ҳам одам керак. Ҳамма одамни ахтармоқда. Лайлак учиб келди… Қўнғизлар ер тагидан чиқди. Ҳаммасига хурсанд жониворлар.
─ Оғрияпти, кампирлар… Вой, жоним оғрияпти-я! Жим ўтириш керак… Тобутни жим олиб кетишяпти… Эҳтиёт бўлиб… Эшикни ё ўринжойни чертиш мумкин эмас, ҳеч нарсага тегиш ё чертиш мумкинмас. Фалокат юз беради – иккинчи ўликни кутавер. Худойим, уларнинг руҳларини шод эт! Жойлари жаннатлардан бўлсин! Қаерга кўмишса, ўша ерда дуо қилишади. Бу ерда ҳамма жой қабр. Тўрт томон қабрларга тўла… Самосваллар тариллайди. Бульдозерлар ер суради. Уйлар йиқилади… Кўмувчилар ишлагани-ишлаган… Мактабни, қишлоқ кенгашини, ҳаммомни кўмиб юборишди… Дунё ўша-ўша, фақат одамлар бошқача. Бир нарсага ақлим етмайди, инсонда руҳ борми? У қанақа ўзи? Нариги дунёда улар қаерга жойлашади?
Чолим икки кун жон берди, печка ортига яшириниб, қоровуллик қиламан: жони қаеридан чиқиб кетаркин? Сигирни соғишга бордим… Чопиб уйга кирдим… Чақирдим… Кўзлари очиқ ётибди… Жони учиб чиқибди… Ёки ҳеч нарса бўлмаганми? У ёқда қандай кўришамиз?
─ Руҳоний отахоннинг ишонтиришича, ҳаммамиз абадиймиз. Илтижо қиламиз. Худойим, бизга ҳаётимизнинг мусибатларига чидаш учун куч бергин…
Ёмғир чувалчангини топсанг, товуғинг қувониши ҳақида монолог. Чўян қумғонда қайнаётган сув ҳам мангу эмас
Илк қўрқув…
Илк қўрқув осмондан тушган… Сувларда оққан… Айрим одамлар, кўплар тош каби босиқ эдилар. Хоч билан онт ичаман! Ёши каттароқ эркаклар ичиб оладилар: “Биз Берлингача борганмиз ва ғалаба қозонганмиз”. Душманни деворга қандай “ёпиштириш” кераклигини айтиб беришади… Ғолиблар! Медаллари бор.
Илк қўрқув шундай эди… Эрталаб уйғониб, биз боғда ва томорқада ўлиб ётган кўрсичқонларни кўрдик. Ким уларни ўлдирган? Одатда улар кун ёруғида уяларидан ташқарига чиқмайди, ер тагида ётади. Уларни нимадир юқорига ҳайдаган. Хоч билан қасам ичаман!
Ўғлим Гомелдан телефон қилади:
– Май қўнғизлари учяптими?
– Қўнғизлар йўқ, ҳатто қуртчаси ҳам кўринмайди. Яшириниб олган.
– Ёмғир чувалчанглари борми?
– Чувалчангни топиб олса, товуқлар хурсанд бўлади. Улар ҳам йўқ.
– Май қўнғизлари ва ёмғир чувалчанглари йўқми, демак, ўша ерда радиация кучли, бу биринчи белгиси.
– Радиация нима?
– Она, бу шунақа бир ўлим. Отамни у ердан кетишга кўндиринглар. Бизникида яшайсизлар.
– Ие, ҳали томорқага экин ҳам экмадик…
Агар ҳамма ақлли бўлса, ким аҳмоқ бўларди, кимни алдашарди? Ёнса, ёнибди-да. Ёнғин – вақтинчалик нарса, у пайтда ҳали ҳеч ким қўрқмасди. Атомни билишмасди. Худо ҳаққи! Атом станциясининг биқинида яшардик, Тўғри юрсанг – ўттиз километр, катта йўлдан борсанг – қирқ километрли масофа. Ҳамма мамнун эди. Чипта оласан ва борасан. Уларда таъминот москвачасига – арзон колбаса, дўконларида доимо гўшт бор. Танлаганингни оласан. Зўр замонлар эди!
Энди эса фақат қўрқув… Қурбақалар ва чивинлар тирик қоларкан, одамлар ўлиб кетармиш, деб сафсата сотадилар. Ҳаёт одамларсиз қолармиш. Бўлмағур гапларни қўшиб-чатиб айтишади. Тентаклар-да булар, ким буларни яхши кўради! Лекин чўпчакда ҳам ҳақиқат бор – шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди… Эҳ, бу кўҳна қўшиқ…
Радиони ёқаман. Радиация билан қўрқитишганиқўрқитишган. Биз эса радиация билан яхши яшай бошладик. Хоч ҳаққи! Бир қарагин: апельсинлар олиб келишяпти, колбасанинг уч хили бор, марҳамат… Қишлоқда-я! Невараларим дунёнинг ярмини айланиб чиқишди. Кичик қизимиз Франциядан келди, ахир қачондир Наполеон бизни босиб олиш учун ўша ердан йўлга чиққан… “Бувижон, мен ананасни кўрдим!” Бу иккинчи набирамизнинг гапи… Унинг укасини даволаниш учун Берлинга юборишди… Гитлер дегани ўша ердан юриш қилган… танклар билан… Энди янги дунё… Ҳаммаси бошқача… Бунга радиация айбдорми ёки бошқа бировми? Унинг ўзи қанақа? Балки қаердадир… кинода кўрсатишгандир? Сиз кўрдингизми? У оқми ёки бошқачами? Ранги қанақа? Бировлар уни ранги ва ҳиди йўқ, дейишади, бошқалар қора дейди. Худди ер каби! Агар ранги бўлмаса, Худога ўхшаркан. Худо ҳамма ерда ҳозир, аммо уни ҳеч ким кўрмайди. Қўрқитиб юборишди! Боғда олмалар, дарахтларида барглар осилиб турибди, далада картошка… Ўйлашимча, ҳеч қанақа Чернобиль ҳалокати йўқ, тўқиб чиқаришган… Одамларни алдашган…
Синглим эри билан кетди… Бу ердан узоқ эмас, йигирма километр нарида туради. У ерда икки ой яшаганларидан кейин қўшниси югуриб чиқиб: “Сигирингиздан менинг сигирларимга радиация ўтибди. Сигирим ётиб қолди”, дебди. “Қандай қилиб ўтади?” дейишса, “Ҳаводан ўтади, чангдай учиб юради. Учар радиация”, деганмиш. Афсона бари! Кулгили эртаклар…
Буниси эса бўлган воқеа… Бобомнинг беш қути асалариси бор. Улар уясидан уч кун ташқарига чиқмади, бирортаси ҳам. Уясида биқиниб ўтиришди. Кутишди. Бобом ҳовлининг у ёғидан бу ёғига югуради: бу нима офат бўлди? Қандай фалокат? Табиатга бир бало бўлган. Кейин, анча вақт ўтгач, бизга муаллим бир қўшнимиз тушунтирди, ариларнинг сезгиси бизникидан кучлироқ ва оқилроқ, улар радиацияни дарҳол пайқашган. Радио, газеталар ҳали жим турган пайтда, асаларилар бундан хабар топган. Тўртинчи кунгина инларидан чиқишди. Оддий сариқ арилар… Том пешайвонида арилар уяси бор эди, уларга ҳеч ким тегмаган, ўша тонг улар йўқ бўлиб қолишди, тириги ҳам, ўлиги ҳам йўқ. Олти йилдан кейин қайтиб келишди. Радиация… У одамларни ҳам қўрқитди, жониворларни ҳам… Қушларни ҳам… Ҳатто дарахт ҳам қўрқади, фақат тили йўқ. Айтолмайди. Зараркунанда колорадо қўнғизлари эса аввалгидай судралиб юрибди, экинларимизни ейди, баргигача кемиради, улар заҳарга ўрганган. Худди биздай.
Лекин ўйлаб қарасам – ҳар бир хонадонда кимдир ўлган… Нариги кўчами, дарёнинг нариги қир ғоғидами… У ердаги ҳамма хотинлар энди эрсиз, эркаклари йўқ, уларнинг ҳаммаси ўлиб кетди. Бизнинг кўчамизда бобом ҳаёт ва нарироқда яна бир эркак қолди. Худо эркакларни эртароқ олиб кетади. Нима сабабдан? Бизга ҳеч ким тушунтира олмайди, бу сирни бирор банда билмайди. Ўйлаб қарасанг: фақат эркаклар қолса, яна хотинсиз – бу ҳам ёмон. Ичишади, жонгинам, ичишади. Аламдан ичишади, ғамдан ичишади. Кимнинг ўлгиси келади? Инсон ўлса, бу шундай қайғулики! Тасалли беришнинг иложи йўқ. Ҳеч ким ва ҳеч нарса таскин бўлолмайди. Ичишади ва суҳбатлашишади… Муҳокама қилишади… Ичади, қиқирлаб кулади ва тамом! Йўқ. Ҳамма осон ўлимни орзу қилади. Унга қандай эришиш мумкин? Жон – ягона тирик хилқат. Менинг азизам… Ҳамма хотинларимиз бепушт, ҳар учтадан бирининг бачадони тикилган. Ёши ҳам, қариси ҳам… Уларнинг ҳаммаси ҳам туғиб улгурмаган… Ўйлаб кўрсам… гўё бари ҳеч нима содир бўлмагандек ўтиб кетди…
Нимани қўшимча қилишим мумкин? Яшаш керак… Бошқа гап йўқ…
Яна… аввал ёғ, қаймоқни ўзимиз олардик, пишлоқ, сузма тайёрлардик. Сутни ўзимиз пишириб, ёғини олардик. Бунақа нарсаларни шаҳарда ейишадими? Ун устига сув қуйиб, аралаштирасан, парча-парча хамир бўлаклари бўлади, кейин уни қизиб турган қозонга солиб қайнатасан. Сут қуйиб, бирга пиширасан. Буни онамиз ўргатган: “Болаларим, ўрганиб олинглар. Мен ҳам онамдан ўрганганман”, дерди. Оқ қайин ва заранг дарахтлари шарбатини ичганмиз ─ қайинсув ва зарангсув. Ловияни қобиғи билан катта чўян қозонларда, улкан ўчоқларда буғлардик. Клюквадан бўтқа пиширардик… Уруш пайти қичитқи, олабута ва бошқа ўтларни териб келардик. Очликдан шишдик, лекин ўлмадик. Ўрмонда мевалар тердик, қўзиқоринлар… Энди ҳаёт шунақаки, буларнинг бари пароканда бўлди. Биз улар абадий, ҳамиша шундай бўлади, чўян қозонда қайнаётган нарса ҳам абадий деб ўйлардик. Агар бошқача бўлади, дейишса, асло ишонмаган бўлардим. Аммо ҳаммаси ўзгарди… Сут – мумкин эмас, ловия – мумкин эмас. Қўзиқоринлар, меваларни тақиқлашяпти… Гўштни уч соат сувга солиб, кейин ишлатишни тавсия қиладилар. Картошка қайнатсанг, икки марта қайнатиб, сувини тўкасан, учинчи мартасида истеъмол қиласан. Худонинг амрига қарши боролмайсан… Яшаш керак…
Сувимизни ҳам ичиб бўлмайди, деб қўрқитишади. Лекин сувсиз яшаб бўладими? Ҳар кимнинг ичида сув бор. Сувсиз инсон йўқ. Ҳатто тошда ҳам сув топилади. Хўш, унда сув, эҳтимол, абадийдир? У ҳаёт асосику… Кимдан сўраймиз? Ҳеч ким айтолмайди. Худога эса сажда қиламиз, ундан сўраб ололмаймиз. Яшаш керак…
Мана, буғдой униб чиқди… Ҳосил яхши…
Анна Петровна Бадаева, қишлоқликСўзсиз қўшиқ ҳақида монолог
Оёғингизга эгилиб илтижо қиламан. Илтимос қиламан…
Бизга Анна Сушкони топиб беринг… У қишлоғимизда яшарди… Кожушки қишлоғида… Фамилияси – Анна Сушко… Ҳамма белгиларини айтаман, сиз босиб чиқаринг. Унинг елкаси дўнг, болалигидан гунг… Ёлғиз яшарди… Олтмиш ёшда эди… Кўчириш пайтида уни “Тез ёрдам” машинасида олиб кетишди ва номаълум томонга жўнатишди. Саводи йўқ эди, шунинг учун ундан ҳеч қанақа хат олмадик. Ёлғизлар ва бемор ларни етимхоналарга жойлаштиришди. Беркитишди. Ҳеч ким манзилини билмайди… Чоп этинглар буни…
Бутун қишлоқ унга раҳм қиларди, ачинарди. Кичик гўдакдай парваришлардик. Кимдир ўтинини ёрарди, биров сут келтирарди. Яна биров кечқурун уйида ёнида ўтирарди… Печкасини ёқиб берарди… Икки йил бўлди, бегона жойлардан безиб, она қишлоғимизга қайтдик. Унга ҳам уйи бутун турганини етказинг. Томи бор, деразалари бор. Синган, синдирилган буюмларини бирга тиклаймиз. У қаерда яшаётган бўлса, манзилини беринг, борамиз ва олиб келамиз. Ортга қайтарамиз. Бечора соғинчдан ўлиб қолмасин… Оёғингизга йиқилиб, илтижо қиламан… Бир бегуноҳ жон бегона оламда азобланмасин…
Яна битта белгиси бор… Ёдимдан кўтарилибди… Унинг бирор ери оғриса, у қўшиқни чўзиб айтади. Сўзсиз. Фақат овозда. Гапира олмайди… Оғриса, овозини чўзади: а-а-а… Зорланади…
А…а…а…
Мария Волчок, қўшни аёлҚадимий қўрқув ҳақида уч монолог ва яна аёллар гапирганда, нега эркак жим ўтиргани ҳақида
К-влар оиласи. Она ва қизи. Бир сўз демаган эркак (қизнинг эри).
Қиз:
– Мен дастлабки пайтлар кундузи ҳам, кечаси ҳам фақат йиғлардим. Йиғлашни ва сўзлашни истардим… Биз Тожикистондан, Душанбеданмиз. У ерда – уруш…
Бу ҳақда гапиришим мумкин эмас… Мен бола кутяпман, ҳомиладорман. Лекин сизга айтаман… Куппа-кундузи автобусга паспорт текшириш учун чиқишади… Оддий одамлар, фақат автоматлари бор. Ҳужжатларни кўришади ва автобусдан эркакларни ҳайдаб, пастга туширишади… Кейин шу ернинг ўзида, эшикнинг ортида… отиб ташлашади. Ҳатто четроққа ҳам олиб ўтишмайди… Биров айтса, ҳеч қачон ишонмасдим. Бунга эса ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим… Кўрдим, икки эркакни олиб чиқишди, бири жуда ёш, ўктам йигит, уларга нимадир деб қичқирди. Тожикча, русча гапирди… Хотини яқинда туққанини, уйда учта гўдаги борлигини айтиб бақирди. Улар эса фақат кулишди, улар ҳам ёш йигитлар эди, жуда ёш. Оддий одамлар, фақат автомат ушлаб олган. У йиқилди… Уларнинг пойабзалини ўпди… Ҳамма жим, бутун автобус. Автобус юрар-юрмас: та-та-та… Ортга ўгирилиб қарашга ҳам қўрқдим… (Йиғлайди.)
Бу ҳақда гапиришим мумкин эмас… Бола кутяпман… Лекин сизга айтиб бераман… Фақат бир нарсани ўтинаман: фамилиямни айтманг, исмим – Светлана. У ерда қариндошларимиз қолган… Уларни ўлдиришади…
Аввал бизда ҳеч қачон уруш бўлмайди деб ўйлардим. Мамлакатимиз улкан, уни жондан севамиз. Энг кучли мамлакат! Аввал бизга совет мамлакатида қашшоқ яшаймиз, камтарона, чунки катта урушни бошдан ўтказдик, халқ азоб чекди, енгиб чиқдик, энди армиямиз қудратли, энди ҳеч ким бизга тега олмайди, дейишарди. Енга олмайди! Ўзимиз бир-биримизни ота бошладик… Ҳозирги уруш аввалгидай эмас. У урушни бобомиз эсларди, у Германиягача жанг қилиб борган… Берлингача… Ҳозир қўшни қўшнисини отмоқда, бир мактабда бирга ўқиган болалар энди душман бўлиб бир-бирини ўлдиряпти, мактаб партасида бирга ўтирган қизларни зўрлашмоқда. Ҳамма ақлдан озган…
Эрларимиз жим. Эркаклар сукутда, улар сизга ҳеч нарсани айтиб бермайди. Уларнинг ортидан бақиришди, аёлдай қочяпсизлар, дейишди. Қўрқоқлар! Ватанфурушлар. Уларнинг айби нима? Бировни ота олмаса, буни хоҳламаса, бу уларнинг айбими? Менинг эрим – тожик, у урушга бориши ва ўлдириши керак эди. У эса: “Кетамиз, кетдик. Мен уришишни хоҳламайман. Менга автомат керакмас”, деди. Дурадгорлик қилишни, отларга қарашни ёқтиради. Ўқ отишни истамайди. Унинг қалби шунақа, раҳмли… Ҳатто овни ҳам ёқтирмайди… У ёқда унинг ери, унинг тилида гапиришади, у эса барини ташлаб кетди. Чунки ўзига ўхшаган бошқа бир тожикни ўлдиришни истамайди. Таниш бўлган, бирор марта хафа қилмаган одамни… У ерда ҳатто телевизор кўрмасди… Қулоғини ёпиб оларди… Бироқ бу ерда ҳам зерикади, ёлғиз, у томонда акалари жанг қиляпти, биттасини аллақачон ўлдиришибди. У ёқда онаси яшайди. Опа-сингиллари. Биз бу ёққа Душанбе поездида келдик, ойналари синган, изиллаган совуқ, вагонлар иситилмайди, ўқ отишга-ку, отишмади, лекин йўлда тош отишарди, деразаларни синдиришарди: “Ўрислар, йўқолинглар! Босқинчилар! Етар бизни шунча талаганларинг!” Эрим тожик-ку, бу гапларнинг барини эшитди. Болаларимиз ҳам. Қизимиз биринчи синфда ўқирди, синфдош болани ёқтириб қолган. Тожикни. Мактабдан келганида сўрарди: “Онажон, мен кимман – тожикманми ё русманми?” Унга тушунтириб бўлмайди…