Читать книгу Чернобиль таваллоси (Светлана Александровна Алексиевич) онлайн бесплатно на Bookz (2-ая страница книги)
bannerbanner
Чернобиль таваллоси
Чернобиль таваллоси
Оценить:
Чернобиль таваллоси

5

Полная версия:

Чернобиль таваллоси

─ Ҳозир кундузими ёки оқшомми?

─ Кечки тўққиз.

─ Деразани оч! Салют бошланади!

Деразани очдим. Саккизинчи қават, бутун шаҳар кўз ўнгимизда намоён бўлди! Осмонда бир даста оловли гулдаста чақнайди.

─ Вой, қойил!

─ Сенга Москвани кўрсатаман, дегандим. Бир умр байрамларда сенга гул совға қиламан, деб ваъда бергандим…

Ўгирилдим – у ёстиғининг остидан уч дона чиннигул олди. Ҳамшира қизга пул берган экан, у сотиб олиб келибди.

Югуриб бориб уни ўпиб қўйдим:

─ Ягонам! Севгим менинг!

У койиб қўяди:

─ Сенга шифокорлар нима деган? Мени қучоқлаш мумкин эмас! Ўпиш мумкин эмас!

Менга уни қучишни ман этишган. Силашни ҳам… Лекин мен… Уни кўтариб, каравотга ўтқиздим. Чойшабини қайта тўшадим, ҳарорат ўлчагични қўйдим, тувак тутиб, уни тўкиб келдим… Артиб, тозаладим… Тун бўйи ёнидаман. Унинг ҳар бир ҳаракатини қўриқладим. Нафасини пойладим.

Яхшиямки, бу ҳол палатада эмас, йўлакда юз берди… Бошим айланиб кетди, дераза токчасини уш лаб қолдим… Ёнимдан ўтиб кетаётган шифокор қўлларимдан тутиб қолди. Ва кутилмаганда:

─ Ҳомиладормисиз? – деди.

─ Йўқ-йўқ! – буни бошқа биров эшитиб қолишидан шунчалик қўрқдимки…

─ Алдаманг, – уҳ тортди у.

Мен ўзимни шу қадар йўқотиб қўйдимки, ундан бирор нима илтимос ҳам қила олмадим. Эртаси куни мени бўлим бошлиғи ҳузурига чақиришди:

─ Нега мени алдадингиз? – қатъий сўради у.

─ Бошқа чорам йўқ эди. Ростини айтсам, уйимга жўнатардингиз. Бу хайрли иш учун айтилган ёлғон!

─ Нима қилиб қўйдингиз?!

─ Бироқ мен унинг ёнидаман…

─ Жонгинам менинг! Азизам…

Мен Ангелина Васильевна Гуськовадан умрбод миннатдорман. Умрбод!

Бошқа аёллар ҳам келишди, бироқ уларни киритишмади. Мен билан уларнинг оналари бирга эди: оналарга рухсат беришганди… Володя Правикнинг онаси тинмай “Яхшиси, менинг жонимни ол” деб худога илтижо қиларди.

Америкалик профессор, доктор Гейл… Илик кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳликни у бажарди… Ва мени овутди: умид бор, кичкина бўлса ҳам, умид бор. Шундай кучли вужуд, бақувват йигит! Унинг ҳамма қариндошларини чақиришди. Опаси ва синглиси Беларусдан келишди, акаси Ленинграддан (ўша ерда хизмат қиларди). Кичкина Наташанинг ёши ўн тўртда эди, жуда қўрқар ва йиғларди. Лекин унинг илиги ҳамманикидан ҳам мосроқ экан… (Жимиб қолади.) Энди бу ҳақда айтсам бўлади… Аввал айтолмасдим. Ўн йил жим ўтирдим… Ўн йил… (Жим бўлиб қолди.)

Иликни кичкина синглисидан кўчириб ўтказишларини билганида, у қатъий рад этди: “Бундан кўра ўлганим яхши. Унга тегманглар, у ҳали гўдак”. Опаси Люда йигирма саккиз ёшда эди, ўзи ҳамшира, нимага рози бўлаётганини тушуниб турарди. “Фақат укам яшаса бўлди”, – деди у. Жарроҳлик амалиётини ўзим кўрдим. Улар столларда ёнма-ён ётишарди…

Жарроҳлик хонасида катта дераза бор эди. Жарроҳлик икки соат давом этди…

Ҳаммаси тугаганида, Люда укасидан ҳам ёмонроқ аҳволга тушди, унинг кўкрагидан ўн саккизта тешик очилганди, наркоз таъсиридан чиқиши қийин бўлди. Ҳозир ҳам касал, ногиронлик нафақасида… Чиройли, бақувват қиз эди. Оила қурмади… Ўшанда мен у хонадан бу хонага, эримнинг олдидан Люданинг олдига чопардим. У энди одатдаги хонада эмас, шаффоф парда ортидаги махсус барокамера ичида эди, у ерга киришга рухсат беришмасди. Камерада махсус ускуналар бўлиб, ичкарига кирмасдан томирга дори юбориш, махсус найча қўйиш мумкин эди… Ҳаммаси ёпишқоқ тасмалар, қулфчалар билан ёпилганди, мен улардан фойдаланишни ўрганиб олдим… Қулфчани қандай суришни… Ва унинг ёнига боришни… Ўриндиғи ёнида кичкина курсича турарди… Унинг аҳволи шу қадар оғирлашдики, бир дақиқа ҳам олдидан кетолмай қолдим. Доим мени чақирарди: “Люся, қайдасан? Люсяжон!” Чақирар ва яна чорларди… Йигитларимиз ётган бошқа барокамераларга аскар болалар қарашар, чунки санитарлар бу ерда ишлашни рад этган, махсус ҳимоя кийимларини талаб қилишганди. Аскарлар тувакларни олиб чиқишарди. Хонани артишар, чойшабларни алмаштиришарди… Ҳамма хизматни қилишарди. Бу ерга аскарлар қаердан келган? Сўрамагандим… Фақат у… У… Ҳар куни эшитганим шу: ўлди, ўлди… Тишура ўлибди. Титенокнинг жони узилди. Вафот этди… Худди бошингга болға билан ургандай…

Унинг ичи кунига йигирма беш-ўттиз марта келди. Қон ва йиринг аралаш. Қўл ва оёқларининг териси ёрила бошлади… Бутун баданини пўрсилдоқ қоплади. У бошини у ён-бу ёнга бурганида, ёстиқда сочлари тўкилиб қоларди… Ва буларнинг ҳаммаси юрагингга яқин, қадрдон… Ҳазиллашишга уринардим: “Шуниси қулай. Тароқ олиб юриш шарт эмас”. Кейин ҳаммаларининг сочини қиртишлашди. Унинг сочини ўзим олдим. Унинг ҳамма юмушини ўзим бажаргим келарди. Агар жисмонан қурбим етса, йигирма тўрт соат унинг олдидан нари кетмасдим. Менга ҳар бир сония қадрли эди… Бир дақиқа ҳам ғанимат… (Юзини кафтлари билан ёпади ва жим қолади.)

Акам кўргани келди ва қўрқиб кетганидан: “Сени бу ерда қолдирмайман!” деди. Отам эса акамни шаштидан қайтарди: “Буни қолдирмай бўладими? Эшикни ёпсанг, деразадан киради! Ўт ўчириш нарвонидан чиқиб боради!”

Бироз ташқарига чиқдим… Қайтиб кирсам, столида апельсин турибди… Каттагина, сариқ эмас, гулобранг. Кулади: “Мени меҳмон қилишди. Сен ўзингга ол”. Парда ортида турган ҳамшира эса бу мевани ейишинг мумкин эмас, дея ишора қилади. Унинг ёнида бироз вақт турган ниманидир ейиш тугул, тегиниш ҳам даҳшатли. “Қани, олиб егин, – ўтинади у. – Ахир, апельсинни яхши кўрасан-ку!” Апельсинни қўлга оламан. Шу пайт у кўзларини юмади ва ухлаб қолади. Унга доим ухлатадиган дори юборишарди. Гиёҳванд моддалар. Ҳамшира важоҳат билан менга қарайди… Мен-чи? Эрим ўлим ҳақида ўйламаслиги учун ҳамма нарсага тайёрман… Касали оғир экани ва ундан қўрқишимни ўйламасин…

Хотирамда… Қандайдир суҳбатнинг узуқ-юлуқ парчалари… Кимдир насиҳат қилади: “Унутмаслигингиз керак: қаршингизда турган эрингиз ёки сев гилингиз эмас, у энди зарарланиш зичлиги юқори даражада бўлган радиоактив объект. Ахир ўз жонига қасд қилувчи қотил эмассиз-ку! Ўзингизни қўлга олинг”. Мен эса худди ақлдан озгандай: “Мен уни севаман! Уни севаман!” дейман.

У ухлаб ётарди, “Сени яхши кўраман!” дея шивирлардим. Касалхона ҳовлисидан ўтиб борардим: “Сени севаман!” Тувагини таширдим: “Сени яхши кўраман!” Аввал қандай яшаганимизни эсладим… Ётоқхонамизда… У тунда фақат қўлларимни ушлагандан кейингина ухларди. Одати шунақа эди: уйқусида қўлимдан тутиб ётарди. Бутун оқшом.

Касалхонада энди мен унинг қўлини ушлайман ва қўйиб юбормайман…

Тун. Сукунат. Ёлғизмиз. Менга узоқ вақт диққат билан термилиб турди-да, бехос гап бошлади:

– Боламизни бир кўришни шундай хоҳлайманки… У қанақа?

– Исмини нима қўямиз?

– Энди буни ўзинг топиб қўярсан…

– Нега ўзим, ахир икки кишимиз-ку?

– Ўшанда, агар ўғил бола туғилса, Вася бўлсин, агар қиз бўлса – Наташка.

– Нега Вася? Мени битта Васям бор. Сен! Менга бошқаси керак эмас.

Мен ҳали уни қанчалар севишимни билмасдим! У… Фақат у… Сўқирдай эдим! Ҳатто юрагим остидаги боланинг турткиларини ҳам сезмасдим… Ҳолбуки, у олти ойлик бўлганди… Жажжигинам ичкарида, ҳимояланган, деб ўйлардим. Менинг миттигинам…

Тунни унинг олдида, барокамерада ўтказишимни шифокорларнинг бирортаси билмасди. Хаёлига ҳам келтирмасди. Мени ҳамширалар киритишарди. Бошида улар ҳам: “Сен – навниҳолсан, ёшгинасан. Нималарни хаёл қилдинг? Эринг энди одам эмас, ядро реактори. Биргаликда ёниб кетасан”, – деб кирмасликка кўндирмоқчи бўлди. Мен эса худди ит каби уларнинг ортидан эргашдим… Эшик тагида соатлаб турдим. Ялиндим, ёлвордим. Ва шунда улар: “Жин урсин сени! Ақлдан озибсан!” – дейишди-ю, ичкарига қўйишди. Эрталаб соат саккиз бўлгунича – шифокорлар текшируви бошлангунига қадар қолардим, ҳамширалар парда орқали имо қилишарди: “Қоч!” Бир соатга меҳмонхонага бориб келардим. Эрталабки тўққиздан кечки соат тўққизгача эса рухсатномам бор. Оёқларим тиззамгача кўкариб кетган, шишган, шу қадар чарчаганман. Қалбим вужудимдан кучлироқ эди… Менинг муҳаббатим…

Унинг ёнида бўлган пайтим… Бундай қилишмади… Аммо кетганимдан кейин уни суратга олишди… Ҳеч бир кийимсиз. Қип-яланғоч. Устига енгилгина чойшаб ташланганди. Бу чойшабни ҳар куни алмаштирардим, оқшомгача у қип-қизил қон бўларди. Уни кўтарсам, қўлларимга терисининг парчалари ёпишиб қоларди. Ўтинардим: “Жонгинам! Менга ёрдам бер! Иложи борича қўлингга, тирсагингга таяниб тургин, чойшабингни текислаб қўяй, чокларини, бурмаларини пастга тушириб юборай”. Ҳар қандай чок, бўртган жой унинг баданини яралайди. Тирноқларимни унга озор бермасин, юлмасин деб, остигача олиб ташлайман. Бирорта ҳамшира касалга яқин келмас, тегинишга юраги дов бермасди, нимадир керак бўлса, мени чақиришарди. Ва улар… Уни суратга олишибди… Илм учун керак эмиш. Агар ўша ерда бўлсам, уларни ҳайдаб солардим! Бақирардим, урардим! Қандай журъат этишади! Агар уларни ҳайдаб юбора олганимда, киритмаганимда эди… Агар…

Хонадан ташқарига, йўлакка чиқаман… Деворга, диванга қараб юраман, кўзларим ҳеч нарсани кўрмайди. Навбатчи ҳамширани тўхтатаман:

– У ўляпти.

У менга жавоб беради:

– Нимани хоҳлагандинг? У бир минг олти юз рентген олган, инсоннинг ўлиши учун тўрт юз рентген кифоя.

У ҳам ачинади, фақат бошқачароқ, бегоналарча. Бу туйғу буткул ўзимники. Ҳаммаси севимли…

Уларнинг бари вафот этгач, касалхонани таъмирлашди… Деворларни қириб тозалашди, паркетни қўпориб, олиб кетишди… Дурадгорлик устахонасига.

Кейин – охири… Узуқ-юлуқ эслайман… ҳаммаси сузиб кетади, йўқолади…

Тун бўйи унинг ёнидаги курсичада ўтирдим… Соат саккизда: “Васенька, мен борай. Озгина дам оламан”, – дедим. Кўзини бир очиб юмди – рухсат берди. Меҳмонхонага, ўз хонамга етишим билан ерга чўзилдим, ўринжойда ёта олмасдим, ҳамма ерим оғрирди. Бирдан санитар қиз чақирди: “Тур! Унинг олдига чоп! Тинмай чақиряпти!”

Ўша тонгда Таня Кибенок мени чақирган, “Юр, бирга қабристонга борайлик. Сенсиз бора олмайман”, деб илтижо қилганди. Шу куни саҳар Витя Кибенок ва Володя Правикни дафн этишганди. Эрим Витя билан дўст эди, оилавий дўст тутингандик. Портлашдан олдинги куни бизникида, ётоқхонада бирга суратга тушгандик. Эрларимиз бу суратда шунчалар ўктамки! Қувноқ! Ўша ҳаётимизнинг охирги куни… Чернобилгача ҳаёт… Шунчалар бахтиёр эдик!

Қабристондан қайтдим, тезда ҳамширага қўнғироқ қилдим:

– Унинг аҳволи қандай?

– Ўн беш дақиқа олдин ўлди.

Қандай қилиб?! Тун бўйи олдида эдим. Уч соатгагина нари кетдим! Дераза олдида турганча бақира бошладим: “Нима учун? Нега?!..” Осмонга қараб додлардим… Бутун меҳмонхона эшитди… Менга яқинлашишга қўрқишарди… Ҳушимни йиғдим: сўнгги марта кўриб қолишим керак! Кўраман! Зинадан ағанаб тушдим… У барокамерада ётарди, олиб кетишмабди ҳали. Унинг охирги сўзлари “Люся! Люсягинам!” бўлган. “Ҳозиргина кетди. Тезда келади”, – тинчлантирибди ҳамшира. У хўрсиниб, жим бўлиб қолган.

Энди мен ундан нари кетмасдим… Тобутигача бордим… Гарчи тобутни эслай олмасам-да, катта полиэтилен қоп эсимда… Бу қоп… Ўликхонада менга “Хоҳласангиз, уни қандай кийинтиришимизни кўрсатамиз”, деб айтишди. Хоҳлайман! Тантанали кийимини кийдиришди, кўкрагининг устига фуражкасини қўйишди. Пойабзал кийдиролмадилар, чунки оёғи шишиб кетганди. Бомбадай шишиб кетган оёқлар. Тантанали кийимни ҳам кесиб кийгизишди, тортиб кийдиришолмасди, чунки унинг баданида бутун ери қолмаганди. Ҳамма жойи қонли яра эди. Касалхонада охирги икки кун… Қўлларини кўтарсам, суяклари лиқиллайди, шақир-шуқур қилади, баданининг тўқималари суякдан ажралган. Ўпкасининг парчалари, жигарининг бўлакчалари узилиб оғзидан чиқиб келарди… Ўзининг ичак-чавоқларини ютолмай, тиқиларди… Қўлимга бинтни ўраб, бармоғимни оғзига тиқаман ва бу лахталарни сидириб оламан… Буни ҳикоя қилиб бўлмайди! Буни ёзишнинг иложи йўқ! Чидаб ҳам бўлмайди… Ва буларнинг бари менга азиз… Шундай… Оёғига пойабзал кийдириб бўлмади… Тобутга ялангоёқ қўйишди…

Кўз ўнгимда… тантанавор кийим-бошда уни елимхалтага солишди ва қопнинг оғзини беркитишди. Кейин қопни ёғоч тобутга солишди… Тобутнинг устидан яна битта қоп кийдиришди… Шаффоф цел лофан қоп, қалин, аммо шаффоф… Буларнинг барчасини рухдан қуйилган метал тобутга тиқишди, зўрға сиғдиришди. Устига фақат фуражка қўйилди.

Ҳамма етиб келди… Унинг ота-онаси, менинг отаонам… Москвада қора рўмоллар сотиб олишди… Бизни фавқулодда ҳайъат қабул қилди. Ҳаммаси бир хил гапни айтди, эрингиз, фарзандларингиз мурдасини бера олмаймиз, мурдалар жуда радиоактив ва Москвадаги қабристонга ўзига хос тарзда кўмилади. Қалайланган рух тобутларда, ясси бетон плиталар остига қўйилади. Ва бу ҳужжатга қўл қўйишингиз керак… Сизнинг рухсатингиз лозим… Агар кимдир норозилик билдириб, тобутни ота юртига олиб кетмоқчи бўлса… Ишонтиришди: улар қаҳрамонлар эмиш ва энди оилага тегишли эмасмиш. Улар энди давлат одамлари… Давлатга тегишли одамлар.

Тобут ортилган машинага ўтирдик… Қариндошлар ва қандайдир ҳарбий кишилар, рация тутган полковник… Рация орқали маълум қилишади: “Буйруқни кутинглар! Кутиб туринг!” Икки ёки уч соат ҳалқа йўли бўйлаб Москвани айландик. Яна Москвага қайтдик… Рациядан “Қабристонга киришга рухсат бера олмаймиз. Қабристонга хорижлик мухбирлар ёпириляпти. Яна бироз кутинглар”, деган овоз келади. Ота-оналар жим… Онамнинг рўмоли қора… Ҳушимдан кетаётганимни сездим. Талвасага тушдим: “Нега эримни яшириш керак? У ким? Қотилми? Жиноятчими? Каллакесарми? Биз кимни кўмяпмиз?” Онам: “Жим, тинчлан, қизим”, – дейди. Бошимни силайди, қўлларимдан тутади. Полковник хабар беради: “Қабристонга йўл олишга рухсат беринг. Беваси жазавага тушяпти”.

Қабристонда ҳам бизни аскарлар ўраб олишди. Уҳалмарсноиқнчгилқауррўшроабв ибдоар, ишкудзиа.тҲуевчидкиа мюнир дхиайкр. лТаошбиуштнгиа қўйишмади… Фақат қариндошлар… Дарҳол кўмишди. “Тезроқ! Тез бўлинглар!” – буюрарди офицер. Ҳатто тобутни қучишга ҳам қўйишмади.

Ва дарҳол автобусга чиқаришди…

Тезда қайтиш билетларини сотиб олиб беришди… Кейинги кунга… Бизни ҳамма вақт фуқаро кийимида бўлса-да, кўринишидан ҳарбий бир одам кузатиб юрди, ҳатто хонамиздан чиқиб, сафар учун егулик сотиб олишимизга ҳам имкон бермади. Худо кўрсатмасин, биров билан сўзлашиб қолсак, нима бўлар экан, айниқса, мени кузатишарди. Худди мен ўшанда гапира оладигандай, ўзи ҳатто йиғлай олмасдим. Кетаётганимизда, навбатчи ҳамма сочиқлар, чойшабларни санаб чиқди… Уларни шу ернинг ўзида елим қопларга жойлади. Ёқиб юборган бўлишса керак… Меҳмонхона учун ўзимиз пул тўладик. Ўн тўрт кунга…

Нурланиш касалликлари клиникаси – ўн тўрт кун… Инсон ўн тўрт кунда тамом бўлади…

Уйда мен уйқуга кетдим. Уйга кирдим ва ўзимни ўринга ташладим. Уч кеча-кундуз ухладим… Мени турғиза олмадилар… “Тез ёрдам” келди. “Йўқ, – деди шифокор, – у ўлмаган. У ҳали уйғонади. Бу шунақа даҳшатли уйқу.”

Мен йигирма уч ёшда эдим…

Тушимни эслайман… Ўлган бувим олдимга келди, унинг устида кўмган пайтимиздаги кийими бор эди. У арчани безатарди.

– Бувижон, арча нимага керак? Ахир ҳозир ёз бўлса?

– Шундай қилиш керак. Яқинда сенинг Васеньканг олдимга келади.

У ўрмонда вояга етганди. Эсимда… Иккинчи тушим… Вася оқ кийимда келади ва Наташани чақиради. Ҳали туғилмаган қизимизни… Наташка катта гина бўлиб қолган ва ҳайрон бўламан: у қачон шунча улғайибди? У қизчасини юқорига отиб, тутиб олади ва иккаласи кулади… Уларга қарайман ва ўйлайман, мана бахт – шу оддий нарса. Жуда оддий! Кейин яна туш кўрдим… У билан сув кечиб юрибмиз. Узоқ-узоқ юрибмиз… У мендан, эҳтимол, йиғламаслигимни сўрагандир. У ёқдан белги берган. Юқоридан… (Узоқ жим қолади.)

Икки ой ўтгач, Москвага келдим. Вокзалдан қабристонга. Унинг олдига! Ўша ерда, қабристонда мени тўлғоқ тутди. У билан энди гаплаша бошлагандим… “Тез ёрдам” чақиришди. Мен манзилни айтдим. Ўша ерда туғдим… Ўша Ангелина Васильевна Гуськованинг ёнида… У мени ўшандаёқ “Туғиш учун бизга кел”, деб огоҳлантирганди. Бошқа қаерга ҳам борардим? Муддатидан икки ҳафта олдин кўзим ёриди…

Менга кўрсатишди… Қизалоқ… “Наташенка, – чақирдим мен. – Отанг сенга Наташенка деб исм қўйган.” Кўринишидан соғлом бола. Қўлчалари, оёқчалари… Аммо жигарида цирроз бор… Жигарида – йигирма саккиз рентген… Туғма юрак етишмовчилиги… Тўрт соатдан сўнг бола ўлганини айтишди. Яна ўша гап: уни сизга беролмаймиз! Қанақасига беролмайсиз?! Мен уни сизларга бермайман! Уни фан учун тортиб олмоқчисиз, мен эса ўша илм-фанингиздан нафратланаман! Нафратланаман! У аввал эримни олди, энди яна кутяпти… Бермайман! Уни ўзим кўмаман. Эримнинг ёнига кўмаман… (Шивирлашга ўтади.)

Сизга бошқа нарсаларни айтяпман… Бошқача… Инсультдан сўнг менга бақириш мумкин эмас. Йиғлашим ҳам мумкинмас. Лекин истайман… Билишларини истайман… Ҳали ҳеч кимга айтмагандим… Уларга жажжигина қизчамни бермаган пайтим… Бизнинг қизчамизни… Олдимга ёғоч қутичани келтиришди: “У шунинг ичида”. Қарадим: боламни йўргаклашибди. У йўргакланган ҳолда ётарди. Шунда йиғлаб юбордим. “Эримнинг оёғи олдига кўминглар, – дедим. – Бу бизнинг Наташкамиз эканини айтинглар.”

У ерда, қабрида Наташа Игнатенко деб ёзилмаган… Фақат эримнинг исми-шарифи бор… Унинг исми йўқ эди, ҳеч нарсаси йўқ эди… Фақат руҳи… Руҳини ҳам ерга кўмганман…

У ерга доим иккита гулдаста олиб бораман: биттаси – унга, иккинчисини бурчакка, қизим учун қўяман. Қабр олдида чўккалайман… Доимо тиззамда чўккалайман… (Пала-партиш сўзлайди.) Уни мен ўлдирганман… Мен… У эса… Мени қутқарди… Қизчам мени қутқарди, ҳамма радиозарбни ўзига олди, гўё бу зарбани қабул қилувчига айланди. Миттигинам. Ушоққинам. (Нафаси бўғилади.) У мени асради… Лекин мен уларнинг иккаласини ҳам севардим… Ахир… Ахир муҳаббат билан ўлдириш мумкинми? Шунақа, муҳаббат билан!!! Нега улар ёнма-ён? Муҳаббат ва ўлим. Улар доимо бирга. Ким менга тушунтиради? Ким айтиб беради? Қабр узра тиз чўкканча судраламан… (Узоқ жимиб қолади.)

…Киевда менга уй беришди. Атом станциясидан кетганларнинг барчаси айни пайтда шу каттакон уйда яшайди. Ҳаммаси танишларимиз. Хонадонимиз катта, икки хонали, оҳ, Вася иккимиз буни қанчалар орзулагандик. Мен эса бу уйда ақлдан озаёздим! Қаёққа қарамай, ҳар бир бурчагида – ҳамма ерда уни кўраман… Унинг кўзлари… Жим ўтирмаслик, мусибатни унутиш учун таъмирлашни бошладим. Икки йил тинмадим… Туш кўрдим… Иккимиз кетяпмиз, у эса ялангоёқ боряпти. “Нега оёқялангсан?” – сўрайман. “Чунки ҳеч нарсам йўқ”, – дейди у.

Черковга бордим… Руҳоний ота: “Катта бичимдаги бошмоқ олиб, кимнингдир тобутига қўйиш керак. Бу бошмоқ унга экани ёзилган қоғоз қистириб қўйиш лозим”, – деб ўргатди. Шундай қилдим… Москвага келдим ва дарҳол черковга бордим. Москвада унга яқинроқман… У шу ерда, Митинск қабристонида… Черков хизматчисига бор гапни, унга бошмоқни бериб юборишим кераклигини айтдим. “Буни қандай қилишни биласанми?” – сўради у. Яна бир марта тушунтирдим… Худди шу пайтда кекса бир отахонни дафн қилишга олиб келишди. Тобут яқинига келдим, ёпқичини кўтариб, ичига бошмоқларни қўйдим.

– Хат ёзиб қўйдингми?

– Ҳа, ёздим, лекин қайси қабристонда ётганини ёзмадим.

– У ёқда ҳаммалари битта дунёда. Уни топиб олишади.

Яшашга ҳеч бир иштиёқим қолмади. Кечқурун дераза тагида турганча самога тикиламан: “Васенька, нима қилай? Сенсиз яшашни истамайман”. Кундузи болалар боғчаси ёнидан ўтаман, тўхтаб қоламан… Қарай олсам, болаларга қарайман… Мен ақлдан оздим! Кечалари ёлвора бошладим: “Васенька, фарзанд кўраман. Энди ёлғиз қолишдан қўрқяпман. Бошқа чидай олмайман. Васенька!!!” Бошқа гал бундай ялинаман: “Васенька, менга эркак керакмас. Мен учун сендан яхшиси йўқ. Фақат болали бўлишни хоҳлайман”.

Ёшим йигирма бешда эди…

Бир эркак билан танишдим… Барини унга айтиб бердим… Бор ҳақиқатни гапирдим: менинг битта муҳаббатим бор, ҳаётимнинг охиригача у биланман. Борини очиқ айтдим… Биз учрашдик, аммо уни ҳеч қачон уйимга чақирмадим, уйга чақиролмасдим. У ерда Вася…

Қандолатчи бўлиб ишлардим. Торт тайёрлайман, кўзимдан ёш думалайверади. Йиғламайман, лекин ёш оқаверади. Ишдаги қизлардан фақат бир нарсани сўрайман: “Менга ачинманглар. Ачинсанглар, кетаман”. Ҳамма қатори бўлишни истардим. Менга ачиниш керакмас… Мен қачондир жуда бахтли бўлганман…

Менга Васянинг орденини келтиришди… Алвонранг… Унга узоқ тикилиб туролмадим. Кўзимдан ёш думалайди…

…Ўғил туғдим. Андрей… Андрейка… дугоналарим сенга туғиш мумкин эмас деб тўхтатмоқчи бўлди, шифокорлар ҳам “Вужудингиз тўлғоқни кўтара олмайди”, деб огоҳлантирганди. Кейин… Кейин болангиз қўлсиз бўлади, дейишди… Ўнг қўли йўқ… Аппарат шуни кўрсатаётганини айтишди. “Майли, нима қилибди? – ўйладим мен. – Унга чап қўлда ёзишни ўргатаман.” Туппа-тузуккина… ёқимтой бола туғилди… Аллақачон мактабда ўқияпти, фақат “беш” баҳо олади. Энди кимимдир бор, у учун нафас оламан ва яшайман. Ҳаётимнинг нури. У ҳаммасини яхши тушунади: “Ойижон, агар икки кунга бувимникига кетсам, яшай оласанми?” дейди. Яшай олмайман! Ундан бир кунга ажралишгаям қўрқаман.

Кўчада кетаётгандик… Ҳушимни йўқотаётганимни сездим… Ўшанда мени биринчи инсульт йиқитганди… Кўчада…

– Ойижон, сенга сув беришим керак.

– Йўқ, ёнимда тур. Ҳеч қаёққа кетма!

Унинг қўлидан маҳкам тутиб олдим. Кейин нима бўлганини эслай олмайман… Кўзларимни касалхонада очдим… Уни шундай қаттиқ ушлабманки, бармоқларимни фақат шифокорлар зўрға ажратиб олишибди. Боламнинг қўллари узоқ вақт кўкариб юрди. Энди кўчага чиқсак: “Ойижон, фақат қўлимдан ушлаб олмагин. Мен сендан узоққа кетмайман”, – дейди. У ҳам касал: икки ҳафта мактабга борса, икки ҳафта уйда, шифокор билан бирга қолади. Шундай яшаяпмиз. Бир-биримиздан таҳликадамиз. Ҳар бир бурчакда эса Вася… Унинг суратлари… тунда у билан тинмай гаплашаман… Гоҳида тушимда мендан “Боламизни кўрсатгин”, деб сўрайди. Мен Андрейка билан келаман… У эса қизчамизнинг қўлидан тутиб олган бўлади. Доимо қизимиз билан… Фақат у билан бирга ўйнайди…

Мана шундай яшаяпман… Бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаққоний ва ҳам хаёлий дунёда. Қай ер менга яхшилигини билмайман… (Туради. Дераза олдига келади.) Бу ерда бизникилар жуда кўпчилик. Бутун кўча, кўчани ҳам шундай – чернобилликлар кўчаси, дейишади. Бу одамлар бир умр станцияда ишлаган. Кўплари ҳозир ҳам посбонликка боради, энди станцияда навбатчилик асосида хизмат қилади. У ерда энди ҳеч ким яшамайди ва ҳеч қачон яшай олмайди. Уларнинг барчаси оғир касал, ногиронлиги бор, бироқ ишларини ташламайди, бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқади. Реакторсиз уларнинг ҳаёти йўқ, реактор – улар учун ҳаёт. Бошқа бир ерда улар кимга ҳам керак? Кўпинча ўлиб қолишади. Дафъатан ўлишади. Юрган йўлида вафот этади – қадам ташлаётиб, бирдан йиқилади, ухлайди ва қайтиб турмайди. Ҳамшира қизга гул кўтариб борганида юраклари тўхтаб қолади. Бекатда автобус кутиб турганида… улар ўлади ва уларни ҳеч ким астойдил сўроққа тутмайди. Нимани бошдан кечирганимиз ҳақида… Нималарни кўрганимиз тўғрисида… Одамлар ўлим ҳақида эшитишни хоҳлашмайди. Даҳшатли нарсаларни ҳам…

Лекин мен сизга муҳаббат ҳақида сўзладим… Қанчалар севганим ҳақида…

Людмила Игнатенко, марҳум ўт ўчирувчи Василий Игнатенконинг рафиқаси

Муаллифнинг ўзи билан суҳбати

Ўтказиб юборилган тарих ва нега Чернобиль дунёмиз манзарасини шубҳа остига қўйиши ҳақида

Мен – Чернобилнинг шоҳидиман… Гарчанд бу аср даҳшатли урушлар ва инқилоблар билан хотирада қолган бўлса-да, мен йигирманчи асрнинг энг асосий ҳодисасига гувоҳман. Ҳалокатдан сўнг йигирма йил ўтди, аммо мени ҳануз бир савол қийнайди – нимадан гувоҳлик бераман: ўтмишданми ёки келажак ҳақида? Жўнлик томон тойиб кетиш жуда осон… Ваҳшат жўнлиги томон… Бироқ мен Чернобилга янги бир тарихнинг бошланиши сифатида қарайман, у нафақат билим, балки билимдан ҳам аввалги нарсадир, чунки инсон ўзи ва дунё тўғрисидаги олдинги тасаввурлари билан баҳсга киришди. Биз ўтмиш ёки келажак ҳақида сўзлар эканмиз, бу сўзларга замон ҳақидаги тасаввурларимизни юклаймиз, аммо Чернобиль – энг аввало, замон ҳалокатидир. Заминимизга сочиб ташланган радионуклидлар эллик, юз, икки юз минг йиллар яшайди… Ва ундан ҳам кўпроқ… Инсон ҳаёти нуқтаи назаридан улар боқийдир. Бундан нимани англай оламиз? Бизга нотаниш бу даҳшат ичра бирор маънони топиш ва англашга кучимиз етадими?

Бу китоб нима ҳақида? Уни нега ёздим?

– Бу китоб Чернобиль ҳақида эмас, у Чернобиль дунёси ҳақидадир. Ҳодисанинг ўзи ҳақида минглаб саҳифалар ёзилди ва у юз минглаб метрли кинотасмаларга муҳрланди. Мен эса ўтказиб юборилган тарих деб атаса бўладиган нарсалар, бизнинг шу заминдаги ва шу замондаги ҳаётимизнинг изсиз излари билан шуғулланаман. Кундалик ҳис-туйғулар, фикрлар, сўзларни ёзаман ва жамлайман. Қалб ҳаётини тутишга уринаман. Оддий одамларнинг одатий кунларини. Бу ерда ҳаммаси ноодатий: вазиятлар ҳам, одамлар ҳам, янги маконда яшай бошлаганларида турмуш шароити одамларни шундай бўлишга мажбурлаган, ундаган. Чернобиль улар учун метафора ва рамз эмас, у – уларнинг хонадони. Санъат неча бора қиёматни, кунпаякунни машқ қилди, охиратнинг турли технологик тахминларини татиб кўрди, аммо биз энди аниқ биламиз, ҳаёт бундан-да даҳшатли фантастикадир. Ҳалокатдан сўнг бир йил ўтгач, кимдир мендан: “Ҳамма ёзяпти. Сиз шу ерда яшайсиз, лекин нега ёзмаяпсиз?” – деб сўради. Мен эса бу ҳақда қандай ёзишни, қандай қурол билан ва қайси томонидан ёзишни билмасдим. Агар авваллари, китоб ёзганимда бошқаларнинг азоб-уқубатларига ташқаридан қараган бўлсам, энди менинг ҳаётим ҳам шу ҳодисанинг бир қисмига айланди. Ҳаётим у билан узоқлашолмайдиган даражада бирлашиб кетди. Мўъжаз ва Европа бағрида ғарибгина, дунё у ҳақида аввал деярли ҳеч нарса билмаган мамлакатимнинг номи энди барча тилларда жаранглади, у иблиссифат Чернобиль лабораториясига айланди, биз – белоруслар эса, Чернобиль халқига айландик. Энди қаерда пайдо бўлсам, ҳамма қизиқиш билан менга ўгирилади: “Ҳа-я, сиз ўша жойданмисиз? У ерда аҳвол қандай?” Албатта, тезда китоб ёзиб ташласа бўларди, бунақа китоблар бирин-кетин пайдо бўлди – ўша кеча станцияда нима юз берган, ким айбдор, ҳалокатни дунёдан ва ўз халқимиздан қандай яширишди, саркофаг – ўлим нафасини пуркаб турган реактор устига тошқопқоқни барпо этиш учун қанча тонна қум ва бетон ишлатилди… Лекин мени нимадир ушлаб турарди. Қўлимни қўйиб юбормасди. Нима? Сир сезгиси. Тўсатдан ичимизга жойлашиб олган бу ҳис ўшанда ҳамма нарса: гап-сўзларимиз, хаттиҳаракатларимиз, қўрқувларимизни қамраб олди ва воқеалар ортидан эргашарди. Ваҳшатли ҳодиса ортидан… Ҳаммада “сирли бир ҳодисага дахлдор бўлиб қолдик” деган айтилган ва ифодаланмаган туйғу пайдо бўлди. Чернобиль – биз ҳали очишимиз керак бўлган сир. Ўқиб бўлинмаган ишорат, белги. Эҳтимол, йигирма биринчи аср учун жумбоқдир. Янги аср учун даъватдир. Аён бўлди: биз яшаётган ва кун кўраётган коммунистик, миллий ва янги диний чақириқлар, даъватларга қўшимча қаршимизда янги, шафқатсиз ва ялпи, аммо ҳозирча кўздан панада бўлган офатлар кутмоқда. Чернобилдан сўнг нимадир очила бошлади…

bannerbanner