
Полная версия:
Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг…
Шахсий жавобгарлик одамнинг шахсий эркинлиги барқарор бўлишини таъминлайди. Айтайлик, мен бир қарор қабул қилдим ва унинг натижаси мен кутгандай чиқмади. Агар мен бу хато қарор учун жавобгарликни кимгадир юкласам – мен ана шу одамга менинг ҳаётимга таъсир қилиш ҳукмини берган бўламан. Тўғри-да – кимдир сизнинг ҳаётингизда нотўғри қарор қабул қилинишига масъул бўлса, демак унинг сизнинг шахсиятингиз устидан қудрати бор.
Хатолари учун ҳам жавобгарликни ўзига ола билган шахс ҳар қандай ташқи таъсирдан ҳоли. Унинг хатолари ва шу хатолар натижаси ҳам фақат унинг измида. Шахсиятингизни бўлак-бўлак қилиб, ҳар кимга тарқатгандан кўра, уни бус бутунлигича ўз қўлингизда тутинг.
Унутманг – ҳар қандай тур эркинлик шахсий эркинликдан келиб чиқувчи иккиламчи ҳолатдир. Шахсий эркинликка эришмай туриб сиз моддий-молиявий эркинликка ҳам, психологик эркинликка ҳам эришмайсиз. Миллионлаб пули бўла туриб ҳам ўз шахсияти устидан ҳукми йўқ инсонлар бор – уларнинг миллионлари устидан ҳам ҳукми йўқлиги тайин. Ўнта китобга сиғмайдиган билимларга эга истеъдод эгаси бўла туриб, ўз ақли қолипларидан ташқарига чиқа олмайдиган шахслар бор.
Ўз шахсий кучига ишонган ишбилармон бизнес оламида номи чиқади. Ўз танаси имкониятларини омма тан олган чегаралар орқали баҳоламай, бунга кенгроқ ёндашган спортчи янги жаҳон рекордларини ўрнатади. Ўз шахсиятига эркин қараган одам ҳар қандай мақсадига эришади.
Юқорида айтилганлардан шахсий эркинлик ҳақидаги фикрларни қуйидагича умумлаштириш мумкин. Шахсий эркинлик – ижтимоий андозалар, нисбий ҳақиқатлар, қўрқув ва комплекслар таъсиридан ҳоли мустақил қарорлар қабул қила олиш ва шу қарорлар натижасини тўла жавобгарлик орқали назорат қилиш кўникмасидир.
Шахсий эркинлик – бизни олдимизга қўйган ҳар қандай мақсадимизга олиб борадиган энг қисқа йўлдир. Албатта, бошқа йўллар ҳам бор. Аммо улар йўналиши бизнинг измимизда эмас. Шахсий эркинлик очиб берган йўл – фақат бизники. Омма танлайдиган тирбанд йўллардан бориб, манзилингизга кечикиб боргандан кўра – кучли шахсиятингиз сиз учун очиб берган эркин йўлдан хотиржам ва вақтида манзилган етган афзал.
Шахсий эркинлик бизга яна бир нарса тақдим этади: унинг ёрдамида биз аслида ким эканимизни англаб етамиз. Айнан шахсий эркинлик расм дафтар вароғига гўзал суратлар чизишни, нуқсонли чизилган суратларга зарур тузатишлар киритишни, чизган суратларимиз учун жавобгарликни ҳис қилишни ўргатади. Шахсий эркинлик митти одамчаларни болакайга яқинроқ қилади.
Қулупнай ёмғири меники
Бизнинг ҳаётда ким эканимиз кўп жиҳатдан биз олдимизга қўяётган мақсадларга боғлиқ. Чунки мақсадларимиз йўлида биз турли қарорлар қабул қиламиз ва ана шу қарорларимиз бизнинг ҳаёт ва одамлар билан муносабатимизни белгилайди. Биз айнан ана шу мақсадлар йўлида қандайдир шахс бўлишни танлаймиз.
Бизнинг ҳар қандай мақсадимиз оддий илдизга эга. Ҳар қандай мақсаднинг манзили – бахтли бўлиш. Яъни ҳар қандай мақсаднинг якуни кўнгил хотиржамлиги.
Лекин жуда кўп ҳолларда одам кўзлаган мақсадига эришиб ҳам ўзини бахтли ҳис этмайди. Мақсадга эришгунча у катта умидлар қилади, лекин асл натижа кўп умидларни оқламайди.
Гап шундаки, бизнинг баъзи мақсадларимиз пуч бўлиши мумкин. Пуч мақсад – инсонни бахтли қилишдан бошқа нарсага қаратилган мақсаддир. Муҳимликка хизмат қиладиган мақсадларнинг ҳаммаси пуч.
«Мен кўп пул топиб, бадавлат бўлмоқчиман» – «Нега?» – «Мени камситганларни кўзини очиб қўйиш учун…» Бу – пуч мақсад.
«Мен кўп пул топиб, бадавлат бўлмоқчиман» – «Нега?» – «Ўзим ва яқинларимнинг ҳаётини фаровон қилиш учун…» Мана бу энди бут мақсад.
Биринчи ҳолатда одам ўз олдига қўйган мақсади унинг шахсий муҳимлик туйғусига хизмат қилади. У кимгадир ниманидир исботламоқчи. Шошманг – балки у айнан кимгадир ниманидир исботласа, ўзини бахтли ҳис қилар? Демак, бу мақсад ҳам бут эканда?
Афсуски, ундай эмас. Бу одам ўз кўзлаган ниятига эришганда ўзини мағрур, ғолиб, кучли, муҳим ёки яна қанақадир ҳис қилиши мумкин, аммо у сира ҳам ўзини бахтли ҳис қилмайди.
Бундай мақсадга эришишдан олинган завқ узоққа бормайди. Унга эришиш улкан меҳнат талаб қилади-ю, лекин мукофот бунга арзимайди. Яъни сиз пуч мақсад учун кўп ҳақ тўлаб, кам нарса оласиз.
Пуч мақсаднинг илдизи шахсий муҳимлик туйғусида бўлиши мумкин. Ғурурга («мен ўзимдан кўнглим тўлиши керак»), фахрга («яқинларим мендан фахрланиши керак»), буюкликка («мен тарихда из қолдиришим керак») ва шунга ўхшаш натижаларга қаратилган мақсадлар ўз-ўзидан пуч.
Кўп ҳолларда пуч мақсадлар ташқи муҳимлик туйғусига асосланган бўлади. Ҳақпарастликка («мен ҳақиқатни қарор топтиришим керак»), бекамликка («мен хатога йўл қўймаслигим керак»), қасосга («мен албатта ўчимни олишим керак»), тақлидга («мен фалончига ўхшашим керак») хизмат қиладиган мақсадлар ана шулар жумласидан.
Табиийки, кемтикларимиз ҳам бизни пуч мақсадлар ортидан қувишга турткилайди. Айбдорлик туйғусидан («мен гуноҳларимни ювишим керак»), бурч ҳиссидан («менга билдирилган ишончни оқлашим керак»), курашчи комплексидан («мен ҳаммага ким эканимни кўрсатиб қўйишим керак») келиб чиққан мақсадлар бунга яққол мисол.
Балки буни таъкидлаш ортиқчадир, аммо пуч мақсадларнинг зарари катта. Энг аввало улар инсон умрининг беҳуда сарфланишига сабаб бўлади. Бизга ниятларимизни амалга ошириш учун чекланган ҳаётий қувват ва ўлчанган муддат берилган. Шундай ҳолатда пуч мақсадлар ташвишида яшаш – камида ношукрлик.
Хўш, одам ўз олдига бут мақсадларни қандай қўйиши мумкин? Бунинг сири бизнинг қалбимизда: олдимизга бут мақсад қўйганимизда, дилимиз яйраб, кўзларимиз чақнаб кетади. Қалб том маънода рақсга туша бошлайди. Бу шунчаки чиройли гаплар эмас.
Она қизчасидан сўради: «Асалим, нима қиляпсан?» – «Қўғирчоғимга алла айтяпман. У нимагадир ҳафа» – «Кел, уни хурсанд қиламиз» – «Қандай қилиб?» – «Унга янги кўйлакча тикиб берамиз» – «Яшасин! Менга ўргатасизми кўйлак тикишни? Кейин мен қўғирчоғимга чиройли кўйлак тикиб бераман…»
Қизчанинг қалби завққа тўлган. У бут мақсад қиляпти. Жонсиз ўйинчоққа унга нима кийдиришлари аҳамиятсиз. Лекин қизалоқ учун меҳр изҳор қилиш, қўғирчоғини хурсанд қилиш – энг катта бахт. У шунинг учун кўйлак тикишни ўрганишни мақсад қилди.
Пуч мақсад сизда ҳеч қачон ана шундай сурур уйғотмайди. Ёки сиз синфидаги бошқа қизлардан ажралиб қолмаслик учун тикишни ўрганишни мақсад қилганидан кўзлари чақнаб кетган қизни кўрганмисиз? Мен ҳам севган қизининг эътиборини қозониш учун олийгоҳда ўқишни ёки катта корхонада ишлашни мақсад қилиб, ич-ичидан қувонган йигитни кўрмаганман.
Бут мақсадларнинг яна бир ажойиб хислати бор: уларга талпиниш ҳеч қачон сизга малол келмайди. Бут мақсадга интилишда сиз эриниш, иккиланиш, шубҳаланиш нималигини билмайсиз. Агар қайсики ниятингиз йўлида қадам ташлаш сизга малол келаётган бўлса – бу мақсадингиз пуч. Ёки сиз унга ҳеч қачон эришмайсиз – ёки катта йўқотишлар эвазига эришиб, кутилган натижани олмайсиз.
Баъзида инсон аслида унга керак бўлмаган истаклар ортидан эргашади. Бу – ёт мақсадлар. Айтайлик, ёш йигит шифокор бўлмоқчи, нега деб сўраса, отаси шифокор эканини ва у ўз ишини ўғлига қолдирмоқчи эканини айтади. Бу йигитнинг шифокор бўлиши унга эмас – отасига керак.
Менинг бир яқин дўстим тил бўйича республика олимпиадасида ғолиб чиққан. Имтихонсиз ўқишга кириши мумкин бўлган кўплаб йўналишлар орасида у айнан филологияни танлаган. Чунки буни унинг устози истаган – сен ҳам филолог бўлиб, менинг ишимни давом эттирасан деган. Дўстим ёт мақсадни кўзлаб иш тутган. Ким билсин, у ўшанда ўз мақсадига эргашганда, ундан ажойиб журналист ёки педагог чиқармиди?
Алтруизм (бошқалар ташвишини қилиш) – жуда яхши одат. Бу инсонийликнинг аломати. Аммо бошқалар ташвишини қилиш билан бошқалар мақсадига интилиб яшаш ўртасида кескин фарқ бор. Ўғил ўз мақсадига интилиб, кучли ҳуқуқшунос бўлиб ҳам шифокор отасини хурсанд қилиши мумкин. Шогирд қалами ўткир журналист бўлиб ҳам филолог устозини номини улуғлаши, унга кўп раҳмат олиб бериши мумкин.
Ёт мақсадларни инсонга оила, жамият, ғоя беради. Гитлернинг ғоясига эргашганлар ёт мақсадга интилган. Ахир, айтайлик, Мюнҳенлик оддий немис кишига яҳудийларни қирғин қилиш ёки немисларни ҳукмрон ирқ даражасига кўтариш нимага керак бўлиши мумкин? Бу оилали ва содда немисга эмас – Гитлер ва унинг партиясига керак бўлган. Умуман, урушлар-у инқилоблар жуда кўп одам улар учун бегона мақсадларнинг ортидан юрганида келиб чиқади. Тарих буни кўп бора исботлаган.
Инсонни ёт мақсадлардан тежаб қолувчи одат – албатта, сергаклик. Биз у ёки бу интилишларимиз аслида кимга керак эканини фақат сергак назар билан пайқай биламиз.
Мақсад – ҳудди фарзанддек. У фақат бахт ато этади, ҳаётингизни мазмунга тўлдиради. Уни ҳам қувонч билан кутиб олиш, тарбиялаш ва қадрлаш керак. Ёт мақсадларга эргашиш ҳудди ўз болангизни қаровсиз қолдириб, бошқалар боласига ғамхўрлик қилишдек гап.
Ўз мақсадларингизни сергаклик элагидан ўтказиб кўринг: уларнинг қайсилари пуч ёки ёт эканини билиб оласиз. Сизнинг мақсадларингиз – ҳаётда ким эканингизни кўп жиҳатдан белгилаб беради. Шундай экан, пуч ёки ёт мақсадларга эргашиш – ўзлигини йўқотиш билан баробар.
СЕШАНБА – Муҳимлик
Борсакелмас
«Борсам-у, аттор Саттор уйида бўлса-ю,
доруси бўлмаса-чи?..»
(«Тошкентга саёҳат» спектакльидан)
Навбатдаги эртакни эшитишга тайёрмисиз?
Қадим-қадим замонда Юнонистон томонда бир бадавлат одам бўлган экан. Унинг якка-ю ягона ўғли бўлиб, унга бор меҳрини бериб катта қилар экан.
Ўғил ҳар нарсада комил экан-у фақат бир камчилиги бор экан: у ҳар доим ҳар ишда иккиланаверар экан. Шу одати туфайли у йигирма ёшга тўлгунча ҳам ҳеч бир касбнинг бошини тутмабди. Чунки шу пайтгача ҳеч бир касбни танлай билмабди.
Ташвишга тушган отаси уни уйлантириш йўли билан тартибга солмоқчи бўлибди. Зора шундан сўнг у қарор қабул қилишни ўрганса деб умид қилибди. Ота-она ўғилларига шаҳардаги энг гўзал икки қизни таклиф қилишибди. Ўғил иккисини ҳам ёқтирибди. Ва унинг доимий одати яна ўз сўзини айтибди.
Беш йил ўтибди ҳамки, йигит ҳеч бир қарорга кела олмабди. Лекин шунча пайт икки қизни ҳам умидвор қилиб юраверибди. Аммо бир куни қизларнинг тоқати тоқ бўлибди. Улар гўзаллик маъбудаси ҳузурига бориб, иккисини ҳам алдаб юрган йигит устидан шикоят қилишибди.
Икки гўзал қизнинг ҳусни-жамолини қадрсизлантиргани учун бу йигитдан гўзаллик маъбудаси қаттиқ ғазабланибди. Олифта йигитнинг қилмиши боис беш йил умрини йўқотган икки қизга ўша беш йилни қайтариб бериб, уларни беш ёшга ёшартириб қўйибди. Беқарор йигитни эса қаёоққа боришини билмай иккиланаётгандек у ёқдан бу ёққа тебраниб юрадиган қўлсиз-оёқсиз маҳлуққа айлантириб қўйибди.
Илонлар ана шундай пайдо бўлган экан…
Бу, албатта, бир афсона. Аммо ундаги ўгит жуда қимматли.
Ҳеч бирор одамнинг иккиланишини кузатганмисиз? Жуда асабга тегадиган ҳолат – иккиланаётган у-ку, ҳудди сизнинг ҳаётий қувватингиз совурилаётгандек. Беқарорлик – жуда зарарли одат. Бугун унинг асорати бўлган иккиланиш ҳақида гаплашамиз.
Иккиланиш ҳаммамизга таниш ҳолат. У одамнинг ҳаётий қувват заҳирасига жиддий зарар етказиши билан хавфли. Иккиланиш – айниқса у кучли ва давомий бўлса – одамни қанчалик силласини қурутишини кўпчилик билади. Лекин бу ички кураш ҳолатининг илдизи қаердалиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Иккиланиш – шубҳанинг боласи. Биз қабул қилишимиз керак бўлган қарорнинг натижаси айнан биз кутгандай бўлишига шубҳа қилганимиздан иккиланамиз. Ўзи қабул қилиши керак бўлган қарорларнинг аҳамиятини ўта катта деб биладиган одамлар иккиланишга ҳаммадан кўра кўпроқ мойил бўлишади.
Одам беқарор бўлишига турли хил сабаб бўлиши мумкин. Энг кўзга ташланадигани – ортиқча муҳимлик. Яъни одам ўз қарорларига ҳаддан ортиқ баҳо бериши. Ҳудди нотўғри қарор қабул қилиб қўйса, сайёра айланишдан тўхтаб қоладигандек.
Баъзида иккиланишнинг илдизи нуқсонлилик комплексида бўлиши мумкин. Ўзини унинг наздида муҳим бўлган қарорларни қабул қилишга нольойиқ ҳис қилган одам ҳам кўп иккиланади. Бунда муаммо у ёки бу қарорни танлай билмасликда эмас – ҳеч бир қарорни қабул қилишга ҳадди сиғмасликда.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера:
Полная версия книги