скачать книгу бесплатно
ҒАРОЙИБ ҚИШЛОҚНИНГ АЖОЙИБ ОДАМЛАРИ
Турсунбой Адашбоев
Турсунбой Адашбоев
Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари
Катта тарихнинг мухтасар баёни
“Тарих” дейилганда, тасаввуримизда кучли салтанатларнинг, қудратли давлатларнинг ўтмиши гавдаланади. Ҳолбуки, ҳар бир маҳалла, қишлоқ, шаҳарнинг ўз тарихи бор. Гарчи бу тарих мамлакат тарихидан айри бўлмаса-да, шу тарихнинг бир зарраси ҳисобланса-да, бу заррада, таъбир жоиз бўлса, шу бир томчида мингларча одамларнинг тақдирлари, ўтган кунлари акс этади. Афсус шундаки, азал-азалдан одамзод катта тарихлар билангина банд бўлиб келган. “Зафарнома”, “Бобурнома”, “Ҳумоюннома”, “Шайбонийнома”, “Абдулланома” каби асарлар тарих илмининг жавоҳири сифатида қадрланади. Ажабки, “Берунийнома” ёки “Фарғонийнома” деб номланувчи тарих асарлари яратилмаган.
Мозий биз учун ғоят, ўрганиш жуда мушкул вазифа бўлиб туюлади. Ўтмишга зеҳнимиз ожизлик қилса, ўтган асрда ўзимиз гувоҳ бўлган воқеалар бор-ку? Йигирманчи асрда икки марта Жаҳон уруши бўлди, юз миллионларча одамлар қирилди. Қаҳатчилик-очарчилик миллионларча одамларнинг ёстиғини қуритди. Большевикларнинг қирғини-чи? Яна турли-туман табиий ва ижтимоий-сиёсий бало-офатлар-чи? Урушлар… қирғинлар… ҳаммасининг ортида тақдирлар бор. Азоб-уқубатлар бор, шунинг баробарида нур ҳам, умидлар ҳам бор…
Одам умрини турли номлар билан белгилаб қўйганлар: гўдаклик, болалик, ўсмирлик, ёшлик… Ҳар бир даврнинг ўз қувончи, ўз бахти бор. Бу ўзгармас табиат қонунига ўхшаб кўринади. Айниқса, ҳозирги болалар, ўсмирлар, ҳатто ёшлар бахтли ҳаётларини ўзгармас қонуннинг кўриниши сифатида қабул қиладилар. Оқибатда, бу бахтнинг қадрига етмай яшайдилар. Яқин ўтмишда гўдаклик бахтидан, болалик ва ўсмирлик қувончларидан бебаҳра, бир тишлам нонга зор ҳолда улғайган одамлар борлигини тасаввур қилолмайдиган ҳам бор. Уларга бу азобли ўтмишнинг тарихини етказиш керакми? Албатта керак! Бўлмаса, бахтнинг қадрига етмай ўсишади, оқибатда одамлар орасидаги меҳр-муҳаббат, ҳурмат йўқолиб кетиши ҳам мумкин.
Болаларнинг севимли шоири, каминанинг ардоқли акаси Турсунбой Адашбоевнинг янги китобларини ўқиб шу тўхтамга келдим. Китобни алоҳида қизиқиш билан ўқидим. Чунки, ундаги воқеаларнинг айримларини Турсунбой ака суҳбатларида менга ҳикоя қилиб берган эдилар. Мен бу оғзаки ҳикояларнинг китобга кўчишини истаган эдим. Шу сабабли асарни ўқиб қувондим. Менинг тенгдошларим – етмиш ёшни қоралаётганлар ҳам болалик чоғларида озми-кўпми қийинчиликларни кўрганлар. Лекин болалиги уруш даврига тўғри келган авлоднинг тарихи ва тақдири ўзгача. Бу ҳақда бир эмас, ўнлаб китоблар ёзилиши керак. Яланг оёқ бошоқ теришлар, ёрилган товонга пиёздоғ бостириш азоблари… Буларни эшитиш, ўқиш камлик қилади. Ҳис қила олиш керак! Ўзгаларнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик – чин одамийлик фазилатидир. Бу фазилат тарбияси болаликда бошланиб, узлуксиз давом этиши, кундан кун камол топтириб борилиши зарур.
Китобнинг асосий қисмидаги ҳангомалар, гурунглар Ўзбекистон ва Қирғизистондаги кўп ёзувчиларга яхши таниш. Чунки Сафед Булон деган қишлоқнинг таърифи барча қалам аҳлининг диққатини тортган десам, муболаға бўлмайди. Камина Ўзбекистоннинг жуда кўп қишлоқларида бўлганман. Ҳар бир қишлоқ ўзига яраша тароватга эга. Очиғини айтсам, менинг кўнглим шаҳарларга эмас, қишлоқларга боғланган. Шулардан бири Сафед Булон. Дастлаб Турсунбой ака билан борганимда тоққа эрта қор тушгани сабабли қишлоқда ҳаво совуқ эди. Жунжикиб кўчадан кетиб боряпмиз. Йўлда учраганларнинг ҳар бири, ёшидан қатъи назар, Турсунбой акага таниш. Ёшлар салом бериб, кўришиб ўтишади. Турсунбой аканинг тенгдошлари ёки ёши катталар салом-аликдан сўнг ҳазил-ҳузулни бошлаб юборишади. Аския пайровига мени ҳам илиб олаверишади. Олдинига “ҳазилни малол олмадимикин меҳмон”, – деб кўзларимга қарашади. Кейин ҳазил йўсинидаги суҳбат минг йиллик қадрдонлардек давом этаверади. Водийда юравериб бундай оқкўнгил одамларнинг гап-сўзларига ўрганиб қолганман, дейишим камлик қилади: мен бундай одамларнинг самимий ҳазилларини, нозик қочиримларини ҳозиргача соғиниб яшайман.
Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ажиб хотираси бор. У карвонлари билан Туркиянинг Онадўли деб аталмиш Осиё қисмидаги Денизли шаҳрига яқинлашганида шопмўйловли барваста бир одам йўлдан чиқиб, отининг жиловини маҳкам тутади-да, “юр кетдик!” деган ишора қилади. Сайёҳ туркчани, у одам эса арабчани билмайди. Ёнига қилич осган шопмўйловли бу одамни сайёҳ қароқчи деб ўйлаб, қўрқиб кетади. Бу ҳам етмаганидай, беш-ўн дақиқадан сўнг яна бир паҳлавон одам пайдо бўлиб, отнинг чап томонидан жиловини ушлайди. Ўзаро нималарнидир гапириб, бири отни у томонга, иккинчиси бу томонга тортқилайверади. Гап нимада эканини билмаган сайёҳнинг қўрқуви ортаверади. Тортишув сабаби эса оддий эди: аввал келган шопмўйловли паҳлавон айтадики: “Меҳмон – атойи Худо! Биринчи бўлиб уни мен кўрдим. Шунинг учун уни биз меҳмон қиламиз!”. Иккинчи бўлиб жиловни ушлаган паҳлавон эса унга эътироз билдиради: “Биринчи бўлиб кўрганинг тўғри, лекин биродар, бу ерлар бизники-ку ахир! Бизнинг меҳмонимизни сен бошлаб кетсанг бизга уят эмасми! Инсоф қил! Бу меҳмонни Аллоҳ таоло бизга насиб этган. Биз уни едирамиз, ичирамиз, ётоғини тайин қилиб берамиз. Дуосини, савобини ҳам биз олажакмиз!”.
Бу воқеа ҳозирги ёшлар учун эртакдай туюлса керак. Лекин сайёҳ Сафед Булондан ўтганида унинг хотиралари янада ҳаяжонли бўларди, деб ўйлайман. Ўтмиш билан танишгач, бугунга назар ташлайлик-чи:
Шаҳарлик зиёлилар қишлоққа сайр қилгани борадилар. Сайр ташаббускори таниши яшайдиган уй эшигини тақиллатади. Бир йигитча эшикни очиб салом беради. “Дадангиз уйдамилар?” деган саволга жавобан “ҳозир”, деб изига қайтади. Сал ўтгач, уй бекаси кўринади, меҳмонларни очиқ чеҳра билан қарши олиб, ичкарига бошлайди. Дарров дастурхон тузалади. “Акамлар қанилар?” деган саволга “ҳозир” деган қисқа жавоб эшитадилар. Меҳмондорчилик уч соат давом этади. Меҳмонлар ошни еб бўлишиб яна уй соҳибини сўрашганда аёл эрининг тўрт ой аввал вафот этганини айтади. Маълум бўлишича, шаҳарликлар бошқа кўчага кириб қолиб, бошқа эшикни тақиллатишган экан. Эшикни очиб, меҳмонларни кўрган аёл “Сизлар излаб келган киши нариги кўчада туради”, демай, уларни очиқ чеҳра билан қаршилашининг сабаби: унинг марҳум эри тириклик чоғида меҳмондўстликни қадрлайдиган киши бўлган экан…
Сафед Булон ана шундай қишлоқ. Бу томонга меҳмонга отланган киши уйига “эртага қайтаман”, деб йўлга чиқса, қишлоқда камида ўн кун қолиб кетади. Қўни-қўшнилар, дўстлар, қариндошлар меҳмонни биринчи марта кўриб турган бўлсалар-да, уйларига олиб бориб, бир чўқимгина ош қилиб бермасалар кўнгиллари ором олмайди. Ўн кун эмас, бир ой қишлоқдаги меҳмондорчиликлардан чарчаган одам кетадиган пайтда “яна пича турсангиз бўларди, сизга тўймай қолдик”, дейишади. Меҳмоннинг касби, обрўйи-шуҳрати улар учун аҳамиятсиз. Ёзувчи бўладими ё ямоқчими – уларга фарқсиз. Улар учун муҳими – бу одам меҳмон!
Сафед Булонга борган айрим саёҳатчилар муқаддас ҳисобланган дарахтларга рўмолча боғлаб кетадилар. Камина бундай бидъатларга қаршиман. Лекин мен бу қишлоқнинг дарахтига эмас, самимий одамларига кўнглимни боғлаб қайтганман. Турсунбой Адашбоевнинг китобини ўқиганимда бу боғлиқлик тугунлари янада кўпайди.
Ушбу китобни нашр этилишига ташаббускор бўлган ҳомий укамизга миннатдорлик билдирамиз. Ҳосил бўладиган савобларни хонадонларидан дуо талаб бўлиб ётганларга бағишлаймиз.
Тоҳир МАЛИК
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
* * *
Қимматли китобхон! Сафед Булон қишлоғининг тарихи анча қадимий. Археологик қазишмалар ва қўлёзмалар Сафед Булон ўрнида Марказий Осиёга ислом кириб келишидан анча асрлар олдин “Дўланашаҳар” деб аталмиш манзил бўлганлигидан шоҳидлик беради. Сафед Булон юртимизда ислом дини тарқалиши ва қарор топишида ўта муҳим ўрин тутган ва асрлар давомида Фарғона водийсининг диний-маърифий марказларидан бири бўлиб келган. Ўнинчи аср охири ва ўн биринчи аср бошларида бунёд этилган ҳамда ЮНЕСКОнинг ислом осори-атиқалари рўйхатига киритилган “Шоҳ Фозил” тарихий-меъморлик ансамбли ҳам фикримизнинг яққол далили.
1842 йили Шералибекнинг Қўқонга хон қилиб кўтариш маросими ҳудудида Пайғамбаримиз авлодлари дафн этилган муқаддас Сафед Булон қишлоғида амалга оширилганлиги бежиз эмас. Ўша йили янги хон Шералихон бошлиқ лашкарларнинг Сафед Булондан бошланган юриши Қўқон хонлигини Амир Насруллодан тортиб олиш билан ниҳоясига етганлиги маълум. Атоқли адиб Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” кўп жилдли асарларидаги баъзи воқеалар ҳам шу ер билан боғлиқ.
Устачилик мазкур қишлоқ аҳлига бобомерос. Дурадгорлик, ганчкорлик Сафед Булонликларнинг асосий касбларидан бири ҳисобланади. Сафед Булонлик усталарни Саҳалинда, Сургутда, Самарада ҳатто Истанбулу Парижларда ҳам учратишингиз мумкин. Қўшимча даромадни деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликдан олишади. Дўппидек қишлоқда енгил машиналар мингдан ортиқ. КаМАЗлар, япон автомобиллари ҳақида гапириш ортиқча.
– Сафед Булонликлар устазода бўлса, мардикор ёллайдими? – деган савол туғилиши мумкин. Албатта, ёллайди, фақат иккинчи даражали ишларга. Қўшни қишлоқлардан келадиган мардикорлар ёзда гувала билан ғишт қуйишади. Кузда олма териб, ғайлони ёришади.
Сафед Булонликлар эътиқоди мустаҳкам, аҳил, уддабурон, гапга чечан. Аскияга ўч, санъат ва адабиётнинг ашаддий мухлиси.
Ҳамқишлоқларимнинг ғурурлари баланд. Отдан тушса ҳам узангидан оёғини узгуси келмайди. Сафед Булонликларнинг арзимаган айби ҳам бор, гоҳида пиёда юриш ўрнига оғизларида юриб қўйишади…
Қўлингиздаги китобга шу ажабтовур қишлоқ одамларининг ғаройиб ҳангомаларидан баъзиларини жамлашга ҳаракат қилдик. Ҳиссиёт устун келиб, айрим ўринларда қуюшқондан чиқиб кетган бўлсак узр сўраймиз.
Муаллиф.
Отам гул тергани кетган эди…
Ҳар кимга ўзи туғилиб ўсган гўшаси, овули азиз. Жумладан, камина учун ҳам киндик қоним тўкилган қишлоғим Сафед Булон қадрли ва мукаррам. Отамнинг оталарини Шокир аттор дейишган. Дадам ёлғиз ўғил бўлганлари сабабли, ирим қилиб, Адашбой деб исм қўйишган. Камина ҳам шу боисдан Турсунбой деб аталганман. Онамнинг исмлари Зубайдахон бўлиб, оталари Мулла Абдумажид Асқаров 1940 йилдан 1956 йилга қадар Каравон ва Олабуқа туманларида ягона ҳисобланган масжидда имом-хатиб хизматини ўтаган. Бобомнинг укаларини Обиджон ота дейишарди. Ҳар икковлари қишлоғимизнинг сувоқчи усталари бўлиб, оилани ана шу касб эвазидан тебратишган.
1944 йилнинг январь ойларида отам ичтерлама касалига чалиниб қолди. Бу оғир дарднинг ташвиши бизни анча эсанкиратди. Келбатли, шоп мўйловли отам озиб-тўзди. Март ойининг бошлари, бойчечаклар яксар гуллаган палла. Ниҳоят отам бироз соғайиб ўрнидан турди. Мен у кишини етаклаб Яроқтепага қараб юрдик. Аббосхон тоғам ортимиздан кўрпача кўтариб етиб келди. Отам оҳиста чўкиб, Қирғин масжид тарафга юзланиб фотиҳа ўқиди. Шу маҳал сўқмоқ йўлдан бизга қараб тўрт киши дастурхон кўтариб кела бошлади. Дадам қалин мўйловларини силаб, зимдан кулди. Бизни йўқлаб келганлар Азивой бува Воҳидов, Қурвонбой Эшматов, Мамадали қассоб Муллажонов, Баҳодирхўжа Омонов дадамнинг қадрдонлари эди. Кўп ўтмай Содиқжон дўстимнинг отаси Қирғизвой бува бир қумғон чой кўтариб чиқди. Дастурхон ёзилди. Уларнинг суҳбати ҳазил-мутойиба билан давом этарди. Дадам завқланиб куларди. Мен эса кўп сўзларга тушунмай, уни жиддий қабул қилардим. Худо раҳмат қилгур Азивой бува ўта хушчақчақ кишийди. “Ука, бир гапим бор, фақат қулоғингга айтаман” дердилар-у бутун маҳалла бемалол эшитадиган даражада сўзлашларига одамлар кўникиб кетганди. Ўша куни, Яроқтепадаги дастурхонга дуо ўқилгач, Азивой бува жиддий оҳангда: – Адашвой ука, Сизни йўқлаб уйга кирсак, ҳеч ким йўқ. Жойингизда бир бегона киши ётибди, уйғотгани чўчидик… Гузардан суриштирсак, келин нон ёпгани қўшниларникига чиққан экан, сизларни шу тарафга ўтди дейишди, – деди. Дадам қотиб-қотиб кулди ва: – Қани юринглар-чи, ким экан, деб ўрнидан қўзғалди. Узун-қисқа бўлиб ҳовлимизга кирдик. Меҳмонларнинг қуршовида отам деразадан ичкарига қараб яна қотиб-қотиб кулди. Уларнинг пинжидан ўтиб мен ҳам дадам ётган ўринга кўз югуртирдим. Ажабо, бош ўрнига қўйилган ошқовоққа шоҳи белбоғ боғланиб, иккита таёққа дадамнинг эски ағдарма этиклари кийдирилиб, устига кўрпа ёпилганди… Кулги яна авжига чиқди. Бу орада онам бир сават зоғора нонни кўтариб кириб келдилар. Олмурутнинг остига якандоз солиб, дастурхон тузалди. Мен эса севимли машғулотим – эски газетадан варрак ясаб, қамишни сиранчлаш-елимлаш билан овораман. Пешинга азон айтилган паллада меҳмонлар қўзғалишди. Шу маҳал нимадир даранглаб ерга тушди. Азивой бува чўчиб, сакраб кетди ва Қурбонбой акани бўралаб сўка бошлади. Яна кулги кўтарилди… Кейин маълум бўлишича, даврадошлар бувага ҳазил қилиш учун эски патнисни олмурутнинг шохлари орасига қистириб қўйишган экан…
1946 йилнинг апрель ойида отам яна бетобланди. Ичтерлама ўз ҳукмини ўтказарди. Қўшнимиз Ҳусанбой акамнинг дадалари ферма мудири ва табиб Йўлдошвой бува отамнинг томирини ушлаб, онамга ниманидир шивирлади-ю ташқарига йўналди. Тушдан кейин дадам мени чақириб, олдидаги ёғоч шокосада масжиддаги ҳовуздан сув олиб келишимни ўтиниб, кигизни аста қайирди ва ерга туфлаб “Қани, ўғлим, шу туфугим қуримасдан олиб келсангиз, мен Сизга Намангандан карнайни овози билан извошни изидан олиб келаман” деди. Мен ғизиллаб чопиб, ярим-ёрти сувни чолпитиб изимга қайтдим. Дадам кулиб косадаги муздай сувни симириб бўлгач: – Раҳмат, ўғлим, мана ишга ҳам яраб қолдингиз, энди абангизни чақиринг, – деди. Тандирдан нон узаётган онамлар саватни даҳлизда қолдириб ичкарига ошиқди. Мен бобомларнинг уйига қараб зинғилладим… Авжи бойчечак очилган кунлар эди. Отамнинг жўралари “Дадангиз гул тергани кетган, яқин орада қайтади” дейишса чиппа-чин ишониб кўпга қадар отамнинг йўлини пойлаганман…
Овулдошлар меҳри билан
Ўсиб-униб, кўкарганман.
Қишлоғимнинг тупроғини
Бошим узра кўтаргайман.
Қабристонга кўмилган хазина
Шундай қилиб, бобомнинг тарбиясига ўтдим. У киши ўта талабчан, ички интизомга қатъий амал қиладиган одамлар сирасига кирарди. Набираларининг орасида фақат мен эркароқ эдим. Урмасдан, сўкмасдан, фақат тагдор гаплар билан интизомга чақирарди. Масжиддаги юмушлардан бўшаган кезларида беш-ўн яшик асаларига қарар, чорбоғдаги меваларни парвариш қиларди. Шанба ва якшанба кунлари Подшоота, Саноч тарафлардан келган қирғиз оғайниларига калимаи шаҳодатни ўргатарди. Кунларнинг бирида бобомнинг дўсти Қутмон оқсоқолнинг қизи, Асқар Қутмоновнинг синглиси Халича чертмак – қўбизда “Ҳой булбул” куйини ижро этганди. 1946 йилнинг қиш кунлари бобом бозиллаган сандал атрофида бизга Алиф Лайло ҳақидаги эртакни ўқиб бераётган пайтларида кимдир ташқаридан чақириб қолди. Бобомнинг қара-чи, деган ишорасига биноан, ташқарига чиқсам, хўжалигимиз раиси Абдуллажон Шайитов, “Бувангиз борми?” деди. Дарҳол ичкарига кириб, бувамга раис йўқлаб келганлигини айтдим. Ярим соатлар орасида бобом уйга қайтиб кириб, “Меҳмонхонага сандал қурамиз”, деб қолдилар. Шолча ва кигизларни қорга олиб чиқиб қоқдик. Авазхон тоғам бобом белги қўйган ерни, меҳмонхонанинг ўртасини кетмонда ўйди, биз қумғон ва челакдаги иссиқ сувни пешма-пеш ташидик. Бобом ганжинадаги китобларини икки қаватдан иборат учхонали токчаларнинг тепадаги қисмига яхшилаб териб чиқди ва токчаларни бўғишга ишлатиладиган махсус нафис ғиштларни суюқ лой билан қиррасидан ўрнатиб, уларнинг оғзини ёпди. Бироз нафас ростлагач, тоғам тайёрлаган лойларни андава билан шу қадар силлиқладики, ҳатто ғиштларнинг чоклари ҳам кўринмай қолди. Биз набиралар нима учун сандал қуриш зарур бўлиб қолганлигини тушунмай ҳайрон эдик. Кейин сандал учун қазилган жой тозаланиб, чор тарафи сувалди. Ташқарига гулхан ёқилиб, ўрик ўтинларнинг чўғини меҳмонхонадаги сандал учун ҳозирланган ерга пайдар-пай ташиб алмаштириб турдик. Тоғам қайдандир бироз оҳак топиб келди. Қолган юмушни бобом поёнига етказди. Туни билан хандақдан чўғни узмадик. Кейин эл ётган маҳалда шолчага ўралган китобларни тоғам орқалаб, тошфонар кўтарган бувамнинг ортидан қабристонга йўл олдик. Менинг қўлимда курак. Бубулоннинг ортидаги очиқ мозорга китобларни тушириб, устига хашакларни суриб қўйдик. Ўша куни тонгга қадар қор ёғиб, излар босилди. Эртасига пешиндан сўнг меҳмонхонага эски сандални ўрнатиб, кигиз ва якандозларни солиб жиҳозладик. Китоб яширилган токчалар ҳам деворлар билан бир тусга кирган эди.
Орадан уч кун ўтгач, Абдуллажон раис билан бирга икки киши келиб, меҳмонхонада кўпга қадар гурунглашди. Ўша даврга хос бўлган тансиқ овқатлардан бири атала билан меҳмонларни кузатдик. Бобомнинг гапига қараганда, чақирилмаган меҳмонлар НКВДнинг вакиллари экан…
1947 йилнинг кўкламида мактабдан қайтсам, бобом қабристонга кўмилган китобларнинг баҳорги намгарчиликда ҳилвираб кетган варақларини ажратиб ўтирган эканлар. Уларни биргалашиб болахонанинг кўздан четроқ офтобшувоқ тарафига эски кигизни ёзиб, кўкариб, муқовалари ажралиб кетган варақларни алоҳида-алоҳида териб чиқдик. Тушлик чоғида мактабимизда бўлган янгиликни айтмоқчи бўлиб турганимда: – Эшитдим, қироатни пухтароқ қилинг, Тўхтахон айтди, – деб қолдилар.
Биз биринчи синфга ўқишга борган пайтда лотин ёзувидаги имло истеъмолдан чиқиб кирилл алифбосига ўтилган бўлишига қарамай, асосий дарсликлар лотин имлосида эди. Дафтар танқис, газетанинг четларига “Лола, ош, ол” каби сўзларни ёзиб машқ қилардик. Авлиёхўжа тоғамлар дафтарнинг биринчи саҳифасига ҳар икки алифбодаги бош ҳарфларни дона-дона, ёнма-ён ёзиб берганлари учун тезда ўзлаштириб, китобларни шариллатиб ўқирдим. Ўша бобом қабристонга кўмган хазиналарини очган кунлари мактабимиз директори Қосимбой Назиров “Сенга яраша хизмат бор” деб мени хўжалигимиз раиси Абдуллажон Шайитовнинг идорасига бошлаб борди. Хонада достон ўқиш борасида овулдошларимизнинг эътиборини қозонган оғаларим Эрмамат Ваҳобов билан Давронбой Шобдоновлар ўтирган экан.
Раис сариқ муқовали менга таниш китобни варақлаб, орасига хат чўп қистириб: – Сизни имтиҳон қилгани тўпландик. Равшанхоннинг қалпоқ бозоридаги ҳангомаларидан ўқиб беринг, – деб қолдилар. Ҳаётимда биринчи марта бундай синовга дуч келишим. Бироз эсанкираб достондан парчани ўқий бошладим. Тўрт саҳифадан иборат қалпоқ бозорига дахлдор қисмини бир нави ўқиб бердим.
– Дуруст! Шошилмай қироат билан ўқишни машқ қилинг. Давронбой акангиздан ибрат олинг. Бу китобни эҳтиёт қилиб, Шарифхон улоқчига бериб қўярсиз.
Абдуллажон тоға берган “Равшанхон” достони Шарифхон Ворисовга тегишли бўлиб, ундан айрим парчаларни поччамнинг меҳмонхонасида улоқчи дўстларига ўқиб берардим. Шундай қилиб, бобом ва қишлоғимиз раиси сабаб бўлиб китоблар оламига шўнғиб кетдим. Урушдан кейинги ўта оғир дамлар. Бошоқ теришга ҳам, ўсмирликка хос шўхликларга ҳам улгурардик. Бобомларнинг чорбоғидаги шафтолилар авжи пишган кунларда бир нечта дўстларим билан девордан ошиб қўйин-қўнжимизни тўлдирдик. Бироқ, бу ножўя ишимиз бурнимиздан чиқди. Шафтолининг туклари баданимизни шу қадар қичиштирдики, асло иложи йўқ. Барча воқеаларни билиб, кузатиб юрган бобом: – Ҳа, ўғлим қўтирга йўлиқдингизми?.. Маккажўхорининг мардаги билан қашланг, – деб тагдор сўзларни айтиб, зимдан кулиб қўйдилар. Дастлабки шеърларимдан бири “Шафтоли” ана шу саргузаштларнинг илк ҳосили бўлган. Авжи саратон пайтида бобом Абдуллажон раиснинг илтимоси билан Обиджон укаларини ёнларига олиб, сушилка қуришни бошлаб юборишди. Сабаби, у кезларда буғдойдан ташқари асосий экин пахта ҳисобланарди. Қиш эрта тушарди, иккинчи терим тугамай ғўзаларни қор босарди. Шу сабабдан қиш ичи кўсак чувиш урфга айланиб кетганди. Кўмир қаёқда дейсиз? Пахталарни сушилкада қуритгани ўтин керак. Бунинг учун қишлоғимиздаги ошиқча боғ-роғларни ўтинликка ишлатишга тўғри келарди. Бу ҳукуматнинг топшириғи, бажармасликнинг иложи йўқ.
Шўх-шан ёшликнинг қувонч ва изтиробларга тўлган ёз ойини бошоқ териш, куз ва қишда кўсак чувиш каби юмушлар билан ўтказардик. Икки мавсум давомида Давронбой оғам билан биргаликда қишлоғимизнинг клуб ҳамда чойхонасида овулдошларимизга “Гўрўғли” туркумига кирган халқ достонларини, кейинроқ “Кунтуғмиш”ни ўқиб бердик. 1950 йилнинг май ойида ҳамқишлоқ дўстим, урушдан кейинги қийинчилик туфайли Наманганга кўчиб кетишган Эркин Жабборов икки қоп китобни Валижон тоға Холматовнинг аравасида келтириб берди. Унинг тенг ярми рус тилидаги асарлар экан. Бу мен учун қиёси йўқ бойлик эди. “Бошсиз чавандоз”, “Том тоғанинг кулбаси” сингари китобларни бир неча мартадан ҳижжалаб ўқиб чиқишимга тўғри келди. Шундай қилиб адабий китобларни ўқиш асосий машғулотимга айланди. Абдуллажон Шайитов раислик қилган кезларда қўшни қишлоқларга қараганда бизнинг овулдошларимиз анча яхши яшади. Тўғри, уруш даврида ва ундан кейин ҳам озиқ-овқат масаласи тахчил бўлган. Қоратариқ, сули, бурчоқ, ҳатто сиранчни истеъмол қилишимизга тўғри келган. Айрим хонадонларда ўрик қоқини еб, данагини тегирмонда тортиб, унидан кўмоч қилишган. Қуйма резина калишларга, дермантиндан тайёрланган пойабзалларга патак ўрнида буғдой похоллар ишлатилган.
Тенгдошларим қатори ана шу даврнинг қийинчиликларини бошимдан кечирдим. Қишлоғимиздаги кўплаб хонадонларда мардикорлик қилганман. Бошоқ теришда Жамол, Камол Шамшиев ва Меҳмонали Акбаров, Ҳасанхон Тўхтабоевлар, мардикорликда эса марҳум Жаъфарали Акбаров, дўстим Раҳимжон Бозорбоев, Ғани Косоновлар билан ҳамкор бўлганмиз. Арчамозор тоғининг бағридаги Силлиқтош маҳалламиздаги тенгдошларим Турсунбой Бўрибоев, Иминхўжа Тўрахўжаев, Турсунбой Икромов каминага ўхшаган етимлар учун асосий пакка ҳисобланган. Зоғорами, ўрик қоқими неки бўлса, ўша ерга чиқиб баҳам кўриб, қишлоғимизни томоша қилиш баҳонасида дардимизни, ҳасратимизни Силлиқтошга айтиб, тангрига илтижолар қилганмиз. Шунинг учун ҳар гал қишлоққа борганимда Силлиқтошдан, худо раҳмат қилгур дарвеш оғам Мўксимбой Исмонов юрган сўқмоқлардан дўстларимнинг изларини, болалигимни қидираман…
Айниқса, 1945 йилдан буёғида юз берган воқеа ва ҳодисалар хотирамга михланиб қолган. Масалан, муаззин Муллавой буванинг заркентликларни ҳам уйғотган бомдод тонгидаги жарангдор товуши, подачи Сатторов Қирғизвой отанинг “Ҳай-да-аа” деган дўрилдоқ товуши ўзларига хос эди. Подачи бобонинг овозидан келиб чиқиб, Қирғизвой “Йўғон” дейишган. Алпомиш келбатли бўлгани учун оёғига пойабзал тўғри келмай, ҳўкизнинг бошлиғидан ўзига чориқ тиктирган. Қўлида йўғон дўлана гаврон, елкада ўн олтита тўғоч солинган саноч. Маҳалламизда қайсарлиги ва ўз сўзига собит туришда тенги йўқ Қаюм тоғанинг чақноқ кўзлари, Жўравой буванинг етимларга нисбатан меҳрибонлиги, Ҳамрохўжа амакининг ҳазил-мутойибаси, Убайдулла қори буванинг ширин сўзлари, Мусахон, Эргашвой тоғаларнинг ялангтўшлиги, шоир табиат Мирзаакбар бобонинг қочиримлари, Шарифхон улоқчининг валломатлиги ҳамон кўз ўнгимда. Исроил қорининг қувликларини, Дадажон ва Баҳром буваларнинг ўзларига хос юриш-туришларини, Абдужалил ота билан нонвойчилик касбини бир муддат қовун экишга сарфлаган Абдураззоқ тоғанинг ўжарликларини унутиб бўлармиди?..
Қаттол уруш туфайли Парпихўжа, Мадаминхўжа, Марайимхўжа каби учта ўғлидан жудо бўлган Қурвонби хола дарду аламини ичига ютиб, қишлоғимиздаги хотин-қизлар шўъбасини бошқаргани, Ачақиз амманинг каминага ўхшаб шўхлик туфайли қўл ва оёғи шикастланган болаларнинг дардларига малҳам бўлгани, Азиби ача, Тўтиби амма, Кўкиби ва Иқлим холаларнинг дала шароитида мавсумий болалар боғчасини бошқаргани алоҳида таърифга лойиқ. Айни кунларда ёшлари тўқсонга яқинлашган Эшонхон бобо айтиб берган ўтмиш тарихимиз билан боғлиқ ғаройиб ҳикояларни тинглаб, дилинг равшан тортади. Сабаби, Сафед Булоннинг табаррук инсонларидан бири Зокир халфанинг қишлоғимизга қарашли экин ерларни қўшни овуллардан ажратиб олиш ва чегараларга аниқлик киритиш масаласида Қўқон хонлигига бориб, масалани ҳал қилиб, ёрлиқ олиб келишининг ўзи таҳсинга лойиқдир.
Абдуллажон Шайитов ўта тадбиркор киши эди. Кичик ҳайит 1948 йилнинг қаҳратон кунларига тўғри келди. Арафа куни ярим кечаси ер даҳшатли даражада қимирлади. Қор тиззадан. Онам раҳматли ачамларникига тунагани чиққандилар. Мен тоғам билан биргайдим. Дарҳол кигиз ва шолчаларни ташқарига, олмурутнинг остига ташиб бир нави чайла тикиб тонгни оттирдик. Тонгда қўни-қўшнилар ҳолимиздан хабар олишди. Кейинроқ Каравон, Кетмонтепа ва Афлотун томонлар зилзиладан катта талофат кўрганлиги маълум бўлди. Тангрига шукрким, қишлоғимизда ўлим-етим бўлмади. Уйлари, молхоналари бузилган хонадонларга кўмак кўрсатилди. Ҳайит намозидан сўнг қишлоғимиз раиси Абдуллажон тоға бир неча оқсоқоллар етагида уйма-уй кириб, ҳар бир хонадон эгаларидан ҳол-аҳвол сўраб чиқишди. Ўшанда раис ҳукумат томонидан бериладиган кредитни олмасликларини жиддий уқтирган бўлишига қарамай, иложи йўқлигидан давлатдан қарз олишга мажбур бўлган айрим кишилар қарзини вақтида тўлай олмай Арқит ва Итоқар томонларга кўчиб кетишга мажбур бўлган. Ўша йили баҳорга қадар чодирларда яшадик. Урушдан, меҳнат фронтидан омон қайтганлардан ертўла қуришни ўргандик. Жиққа ҳўл дов-дарахтлар худди керосин қуйгандек ёнарди. Қаҳратон қишнинг шашти пасайса ҳам кигиз ва шолчаларимиз остидаги оппоқ қорлар негадир эримасди. Бир нави март ойини қаршиладик. Далага қўш чиқди. Толиббой тоға, Мирзолим амакилар бошқарган ХТЗ тракторлари Тўдатошга, Қоронқўлга йўл олди. Икки кундан кейин Туманбой ака уйимизга бир арава почадаранг билан бурганни ўтинликка ташлаб кетди. Онам сулидан тракторчиларга нон ёпиш ҳаракатига тушди. Тандирга ўт ёқиш менга юкланди. Бир ҳафталик хизматимиз учун олтита нон бизга қоларди. Онам бечора отларнинг еми ҳисобланган сули унини бир неча марта элакдан ўтказган бўлишига қарамай, нозик қипиқ ва қилтириқлар ўтиб кетарди. Уни еган пайтимизда қиличдай кескир қилтириқларнинг оғриғидан беихтиёр бўйнимизни чўзиб ютунишга мажбур бўлардик… Минг қатла шукрким, қаттиққўл, уддабурон раҳбарларнинг ишчанлиги туфайли тут пишиғига етдик, арпа ва буғдойлар думбул бўлди.
Талпинаман, қишлоғим,
Сени жондан соғиниб.
Кўргим келар далангда
Барака бошоғини.
Адабиётга таъзим
Олтинчи синфни битиргач, яна бошоқ теришга чиқдик. Даладан кўтариб келганим тўрт боғлам бошоқ билан бир дўппи бурчоқни эски шолчанинг устига яйратиб, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўздавнашр” тамғаси қўйилган ҳикоялар тўпламини ўқиётиб пинакка кетибман. Бир маҳал товонимга биров бигиз санчгандай бўлди. Сапчиб ўрнимдан қўзғалай десам, елкамдан кимдир ерга босиб турарди. Товонларим жазиллаб ачишарди. Гўё тушимда босинқирагандай. Ўгирилсам, Аббосхон тоғам икки елкамдан босгани ҳолда онам ҳандалакдай ёрилиб кетган товонларимга индов ёғини доғлаб пиёздоқ босарди. Ҳар тугул кўп ўтмай жоним ором топиб яна ухлаб қолибман. Қўшнимиз, синфдошим Абдурайимжоннинг: – Ошна, туринг Заркентга кино кўргани борамиз, – деган овозидан кейин уйғондим. Даладаги чўгаллар туфайли тарамушга айланиб кетган оёқларим ипакдай мулойим бўлиб қолибди. Онам қовуриб берган бурчоқни Абдурайимжон билан баҳам кўриб, уларнинг уйига чиқиб, қатиқ ичдик. Кейин Олимжон, Исмонжон оғаларим етакчилигида оқшом Дўнгошардан ўтиб, Заркентда “Степан Разин” деган кинофильмни томоша қилиб қайтдик. Ўшанда маҳалладошимиз Очил ака Исмоновга Степан тахаллусини бергандик.
Бошоқ териш мавсуми охирлаб қолганди. Давронбой акамнинг укаси ошнам Абдуназар: – Сени Омонов домла сўрадилар, – деб қолди. Дарҳол уйларига бордим. Мохоркани бурқситиб ўтирган эканлар:– Бормисан, Назар айтдими? Қани, ўтир. Мана бу газетадаги мақолани бирга ўқиймиз. Домла “Қизил Ўзбекистон” газетасининг охирги саҳифасидаги Ҳоди Зариф имзоси билан босилган мақолани ошиқмай ўқиб бўлгач, газетани қўлимга тутқазди.
– Бу иш сенинг қўлингдан келади. Қишлоғимиздаги тўйларга келиб юрадиган достончи Олим бахши Пешқўрғон қишлоғида туради. Уни қўшниларинг Эргашвой акадан суриштириб ол, – деб тайинлади.
Уйга келиб, ўша мақолани яна бир сидра ўқиб чиқдим. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти фольклор сектори мудирининг мухтасар мақоласида халқ оғзаки ижодини тўплаш, бахшилардан достонларни ёзиб олиш долзарб вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилганди. Демак, Олим бахши Сойиббоевдан “Ёзи билан Зебо” достонини ёзиб олишим шарт. Фикр ва мулоҳазаларимни қоғозга тушириб вожатийимиз Сотимбой Ҳатамовнинг уйларига бориб, Тошкентга Ҳоди Зарифовнинг номига мактуб битиб, Заркент орқали хатни жўнатдим. Орадан ўн икки кун ўтганда жавоб мактубини олдик. Устоз Ҳ.Зарифов жавоб хатида ёзиб олинажак асар бахши томонидан қай тарзда айтилган бўлса, ўша ҳолатда қўшиб-нетмай қоғозга туширилиши ва айтиш усули, тахаллуси ва манзили аниқ бўлишини илтимос қилганди.
Олим бахшининг манзилини сўраб, ўн бешта дафтар, бешта қаламни сафархалтамга жойлаб, Янгиқўрғонга амал-тақал қилиб етиб олдим. У ёғига бир муддат пиёда юрдим. Чортоққа дон топшириб қайтаётган аравада Пешқўрғондан бахши бобонинг уйларини топдим. Нима мақсадда келганимни Хайринисо холага айтдим. Хола дуо қилиб, дастурхонга зоғора билан бир товоқ ўрик қўйгач: – Бахши бувангиз Сизлар тарафда, Арқит деган овулда икки ҳафтадан буён пахсакашлик қилаяпти, – деб гапнинг индаллосини айтди. Тамадди қилгач изимга қайтдим. Хайринисо буви чит дуррага ўрик ва зоғорани тугиб, кузатиб қўйди. Қишлоққа қайтиб, икки кундан сўнг Каравонга равона бўлдим. Бу ерда дадамнинг қадрдон дўсти, асли қирғизқўрғонлик Қаюм қора Ҳусанов деган бағрикенг инсон чойхонани бошқарарди. Қаюм тоға мақсадимни тушуниб, уловини қўмлаб, мени йўлга солиб қўйди. Арқит билан Каравоннинг ораси йигирма чақирим. Марказдаги дўкончадан пешқўрғонлик пахсакашларни сўрадим. Улар Қапчиғай деган қўқти-жилға орқали сўқмоқ йўлдан юришимни уқтиришди. Қўқийбелим довонидан ўтишим билан менга таниш, қишлоғимиздаги тўй-тўркинларда эшитиб юрганим “Ёзи билан Зебо” достонидаги қуйидаги мисралар тоғларга қўшилиб акс-садо бера бошлади:
Қовун экиб Тошбулоқнинг тошига,
Суғорганман кўзларимнинг ёшига.
Ўкчи баланд ковушингдан Зебижон,
Менга қилган ровушингдан Зебижон.
Мен Қапчиғайга етиб келганимда тушлик тугаб, қимизхўрлик авжида экан. Фотиҳадан кейин, ўзимни таништириб, газетадаги мақолани, Тошкентдан келган хатни Олим бахшига ўқиб бердим. У киши ўз навбатида Сафед Булондаги Муталлиб улоқчини, хешлари Эргашвой, Йўлдошвой амакиларнинг саломатлигини сўради. Кейин, достонни қай тарзда ёзиб олишни келишиб олдик. Отанинг икки шогирдлари билан ёнма-ён лой пишитишда кўмаклашиб, дам олиш чоғида, оқшом пайтларида “Ёзи билан Зебо”ни дафтарга тушира бошладим. Тўрт печдан иборат пахса деворли қўрғон ўн икки кун деганда қад ростлади. Мен ҳам шу орада ўн икки варақдан иборат ўнта дафтарга достонни ёзиб бўлдим. Олим бахшига юртдошлари бекорга “Ҳакка” лақабини беришмаган экан. Сабаби, ўта чаққонлик билан лойхонадан печга, печдан лойхонага сакраб чиқиб, сакраб тушиб ишни маромига етказарди. Кўнглим тоғдек кўтарилиб, қишлоққа қайтдим. Бир ҳафта давомида достонни умумий дафтарга кўчириб Тошкентга жўнатдим. Юқорида баён этганимдек, А.Қаҳҳорнинг ҳикояларини яна бир сидра ўқиб, устоз адибга шеърий мактуб ёздим. Чунки мазкур китобга наманганликлар ҳаётидан олиб ёзилган “Тешик дастурхон” деб номланган ҳикояси нега кирмай қолганлигини сўрагандим. Кейинроқ, Ғафур Ғулом табдилида А.Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини ўқиб, бўлар-бўлмас саволларим билан у кишининг ҳам бошини қотирганман. Улуғ устозлардан олган жавобларим мактабимиз миқёсида анча шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Бу орада китобхонликда бизга ўрнак бўлган уста Исроил Эшматов бошчилигида домламиз Юсуфжон Низомовнинг уйини икки ҳафта давомида сувадик. Эшонхон ака Зокировнинг ўн минг дона гуваласини қуйиб бердим. Хўжалигимиз етакчиси Эгамберди Ўрмонов билан фирқа бошлиғи Эргаш ака Қосимовнинг илтимосларига биноан ҳовлимизда пишиб етилган олмурут ва шафтолиларни хирмонда ишлаётганлар билан бартер қилдим. Хуллас, оиламизни моддий жиҳатдан бироз тиклаб олдик.
Еттинчи синфда ўқий бошлаган кунларимда Тошкентдан мен учун ўта қадрли бўлган фольклоршунос олимадан қуйидаги мактубни олдим. “Қимматли Турсунбой Адашбоев! Олим бахшидан ёзиб олинган “Ёзи билан Зебо” достонини каталокка киритиб, рўйхатдан ўтказдик. Яқин кунларда бахшига ва Сизга маълум миқдорда қалам ҳақи жўнатамиз. Ҳурмат билан Музайяна Алавия”. Бу менинг учун навбатдаги кутилмаган рағбат эди. Изтироб ва қувонч ғолиб келган паллада тилингизни учида турган сўзлар шеърий мисраларга айланиб, дафтарга тўкилади. Ўзим билан ўзим якка гаплашадиган дамлар бошланди. Бобомнинг боғидан ўғирланган шафтолиларнинг озорини, онамнинг ёрилган товонларимга пиёздоқ сурганларини дастлабки машқларимда акс эттиришга ҳаракат қилдим. Имкон топишим билан Силлиқтошга чопаман. Машқларимни овоз чиқариб ўқийман. Шу тарзда адабиёт оламига шўнғиб кетдим. Икки овулга хизмат қиладиган Подаклик почтачи Тўхтаназар ака одатдагидек яна қувончли хабар олиб келди. Олим бахшидан ёзиб олган достон учун 130 сўм ақчага имзо чекдим. Бу ўша даврнинг нуқтаи-назаридан қараганда катта пул эди. Дарҳол онамга суюнчиладим, пешонамдан ўпиб, дуо қилдилар.
Ўқишни Оққўрғондаги ўрта мактабда давом эттирдим. Бахтимга Қирғизбой Нурқулов, Ҳайдарали Бозоралиев ва Дадахон Қозоқов сингари бағрикенг, тажрибали муаллимлар сабоқ бера бошлади. Ўрта мактабда ўқигани қўшни қишлоқлардан қирғиз, тожик ва чечен миллатига мансуб болалар келишди. Улар билан бирга яшаб, бирга билим олдик. Оқибатда қардош тилларни маълум даражада ўрганишимизга тўғри келди. Қирғиз фарзанди Асқар Рисмамбетов, тожик ўғлони Рафиқжон Жўраев, Орифжон ҳожи Ҳусанов, чечен йигит Ризвон Дилхаевлар билан дўст тутундик. Ёзган машқларим, мақолаларим, “Колхоз турмуши”, “Жалалабад жанғириғи” каби газеталарда чиқиб турди. Бу борада М.Бекмуротов, У.Султонов, Н.Атамқулов, ака-ука Бекболот ҳамда Орзимат Ўсканбоевлар менга далда бўлишди.
Тўққизинчи синфни битириш арафасида, имтиҳонларга тайёргарлик кўрилаётган кезларда кутилмаган воқеа юз берди. Математика фанидан консультация соат иккига белгиланган эди. Ётоқхонада егулик нарса қолмаганлиги учун эрталаб соат ўнларда синфдошларим Н.Азибоев, Ш.Жаҳонгиров, Ҳ.Ғаффоров, А.Жўраев ва камина балиқ овига бордик. Овимиз бароридан келди, икки челак ўлжани кўтариб йўлга тушдик. Аммо консультациядан ярим соат кечиккандик. Ўқитувчимиз Юсуфжон Мамажонов машғулотни йўлнинг четидаги хонага кўчириб, бизни деразадан кузатиб турган экан. Домла пешвоз чиқиб барчамизни досканинг олдига сафга териб, икки челакдаги балиқлар тугагунга қадар башарамизга уриб, “Сафед Булонлик каллахўрлар” деб таҳқирлай бошлади. Мен бундай хўрликка бардош беролмай, хонадан дарҳол чиқиб, ётоққа келиб, халта-хуржунимни кўтариб, қишлоққа йўл олдим. Айб ўзимизда эди, машғулотга кечиккандик… Онам раҳматли билан маслаҳатлашиб бисотимиздаги маккажўхорини тегирмондан чиқариб, уйдаги ками-кўстни бутлаб, Шаҳанд туманидаги Қирғизқўрғон қишлоғига жўнадим. Чунки, бу ерда дадамнинг қаҳатчилик йилларида орттирган қадрдон дўстлари Чоривой бобо Раҳмонов, Турғунбой мироб Мирзабоев ва адабиёт ўқитувчиси Йигитали Усмоновлар истиқомат қилишарди. Бўлган воқеани уларга айтдим. Ўринбой тоға битта ҳужрасини менинг учун созлаб берди. Улар дастлаб бодиринг, ҳандалак ва қовун чопишнинг сирларини ўргатишди. Девор урдим, сувоқчилик қилдим. Шоли ўташнинг ҳадисини олдим. Ҳатто тўйларда гўлахиликни ҳам эпладим. Вақти-вақти билан топган-тутганимни яширин тарзда қишлоққа етказиб турдим. Шоли ўримидан тортиб, уч ой дарё бўйидаги сувжувозда шоли оқладим, қўшни қишлоқлардаги кутубхоналардан тилхат эвазига китоб олиб мутолаа қилдим. Шундай қилиб, бир йилдан сўнг, оиламизга яраша даромад билан Сафед Булонга қайтиб, ўқишни қолган жойидан бошладим. Меҳрибон устозларнинг рағбати менга қанот бағишлади. 1957 йилнинг январь ойидан республика пойтахтида ўзбек тилида “Қирғизистон ҳақиқати” номли газета чиқа бошлади. Кейинги тақдирим ана шу матбуот билан билвосита кечди. Бишкекда, Ўшда, Тошкентда ишлашимга тўғри келди. Тангри ёрлақаб, қадримни ўрнига қўядиган қайлиқ билан турмуш қурдим, бири-биридан диёнатли фарзандлар, набиралар кўрдим. Ўзбек ва қирғиз тилларида бир талай китобларим босилиб чиқди. Ҳар икки тилдаги дарсликларга, Анталогияларга асарларим киритилди. Икки республиканинг давлат мукофотларига сазовор бўлдим. Кўп дўстлар орттирдим, минг афсуски, айримларини йўқотдим…
Вы ознакомились с фрагментом книги.
Для бесплатного чтения открыта только часть текста.
Приобретайте полный текст книги у нашего партнера: